Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 08:32

Янгийўл, Когон ва Чортоқни бузиб-қуришга Жаҳон банкидан $100млн қарз олинди


31 июль куни президент Шавкат Мирзиëевнинг “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган қарори эълон қилинди.

Унда ëзилишича¸ 2018 йил 18 декабрида Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан ушбу лойиҳа учун Ўзбекистон ҳукуматига Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг( ХТТБ) 100 миллион АҚШ доллар қарз бериш маъқулланган.

Бу маблағ эса тажриба-синов тариқасида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ (Наманган вилояти) шаҳарларини “комплекс ривожлантириш”га сарфланади.

2019-2021 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган бу уч шаҳардаги бузиш-қуриш лойиҳасини ижро қилувчи жисмоний ва юридик шахслар¸ президент қарорига кўра¸ олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситалари, жиҳозлар, технологиялар ва материаллар – божхона тўловларидан, шунингдек, автотранспорт йиғимларидан ва даромад солиғидан озод қилинган.

Қарорда бундай имтиëз берилган ижрочи ширкатлар номи кўрсатилмаган. Ҳозирга қадар бундай имтиëз олган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳокимият олий бўғинидаги амалдорларга алоқадор шахс ва компаниялар экани айтилади.

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир 1-ўринбосари Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари Элëр Ғаниев ва президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломовга топширилган.

Жаҳон банки берган қарз беш йиллик имтиëзли давр билан қўшиб ҳисоблаганда 30 йил ичида қайтарилиши лозим.

Жаҳон банкига аъзо 189 давлат берадиган маблағдан ташкил топган Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки камбағал давлатларга қашшоқликни камайтириш ва жамиятнинг қуйи қатламларига ҳам фаровонлик олиб киришга қаратилган лойиҳалар учун қарз бериш билан шуғулланади.

Мирзиëев ҳукуматининг мамлакатда узоқ муддатли иш ўринлари яратиш¸ ишлаб чиқаришни ривожлантириш ўрнига ички ва ташқи маблағларни бузиш ва қуришларга ажратаëтгани ўзбекистонликлар орасида норозилик уйғотмоқда.

Айниқса¸ бу жараëнда¸ асосан¸ ҳокимият вакиллари томонидан амалга оширилаëтган кенг кўламли коррупция ва унинг ҳуқуқ тизимлари томонидан эътиборсиз қолаëтгани¸ Озодликка келаëтган мурожаатларга кўра¸ оддий аҳолининг мазкур лойиҳаларга нисбатан эътирозини кучайтирмоқда.

Озодлик билан суҳбатда 90-йилларда Тошкентда қурилган икки бино – Тошкент шаҳар ҳокимлиги (ҳозирда эски -таҳр.) ва Олий Мажлис биноси қурилиши ҳақида гапирган Ўзбекистон собиқ вице-президенти¸ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими (ҳозирда марҳум) Шукрулло Мирсаидов¸ қурилишлар ортида суперкоррупция ëтганини тушунтириб берган эди.

“Ўзбекистон бюджети¸ демакки халқига ярим миллиард долларга тушган бу икки бинога ажратилган маблағнинг камида ярми унинг тепасида турганлар томонидан ўғирланди”¸ деган эди Озодлик билан суҳбат Мирсаидов.

Озодлик архивида сақланган бу суҳбатда Мирсаидов¸ ҳукумат амалдорларининг ноишлаб чиқариш қурилишларига зўр бериши ортида камида 50/50 нисбатидаги откат ва ўғирликлар мавжудлигини айтган эди.

Ўзбекистонда бугунга келиб мисли кўрилмаган кўлам касб этган ноишлаб чиқариш қурилиш лойиҳалари ижроси давомида уйи ва бизнес объектлари бузилаëтган юз минглаб ўзбекистонликларнинг қонунда кўзда тутилган компенсация ва бошқа тўловларсиз мол-мулкидан ажраëтгани уларни кескин чораларга қўл уришга ундаëтгани кузатилмоқда.

Яккабоғлик тадбиркорнинг кредитга янги қурилган дўконини қонуний асос ва компенсациясиз бузиш учун келган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб ëқиб юбориши¸ Урганчда уйи бузилиб¸ ëз жазирамасида чўлдаги палаткага ҳайдалган 400 оиланинг катта магистраль йўлни тўсгани бундай лойиҳалар ижросидаги қонунсизликнинг мамлакатда ижтимоий портлаш учун туртки бўлиш эҳтимолини кўрсатди.

XS
SM
MD
LG