Линклар

Шошилинч хабар
11 август 2020, Тошкент вақти: 00:17

Ўзбекистон хабарлари

Олмаотада ўлдирилган ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади ватанига юборилди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Уйғур тумани Шўнжи қишлоғида 27 июль куни юртдоши томонидан ўлдирилган ўзбекистонлик муҳожир М.К. нинг жасади марҳумнинг қариндошлари ҳамроҳлигида ватанига жўнатилган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси маълумотига таянган ҳолда маълум қилади.

Хабарномада қайд этилишича, М.К.нинг ўлимида гумонланган ўзбекистонлик У.С. қўлга олинган ва ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Бош консулхона вазиятни назоратда ушлаб тургани айтилган.

Кун янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Лукашенкони президентликка сайлангани билан тўртинчи бўлиб табриклади

Лукашенкони Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган “ишончли ғалабаси билан қутлади”. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 10 августда хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини ва бирдамлигини, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этганини қайд этди”, -дейилади хабарда.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Шавкат Мирзиёев жаҳон давлатлари президентлари орасида Лукашенкони табриклаган тўртинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи президент бўлди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

ОАВ: Масжидлар 15 августдан бошлаб ишлай бошлаши мумкин

Йиғилишда айтилишича, масжидлар учун 150 миллиард сўм ажратилган.

“15 августдан бошлаб юртимизда масжидлар босқичма босқич яна фаолият кўрсата бошлайди”, -деб хабар берди 10 август куни “Azon.uz” ўз манбаларига таянган ҳолда.

Хабарда таъкидланишича, айни соатларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча имом ва ноиблар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофир Аҳмедов иштирокида видео селектор шаклида йиғилиш ўтказмоқда.

“Йиғилишда пандемия вақтидаги имом хатиблар фаолиятини янада самарадорлик қилиш, давлатимиз томонидан имомларга эътибор қаратилиб, 150 миллиард сўм ажратилгани, ёшларимизнинг тарбиясида имомларнинг ўрни ва таъсири бўлиши зарурлиги каби мавзулар муҳокама қилиняпти”, - дейилади хабарда.

Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати ва коронавирусга қарши кураш бўйича Республика сайти бу хабар юзасидан муносабат билдирмади.

Расман: Фарғона пандемия иккинчи тўлқинига тайёрланмоқда

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қўқонда кислород концентраторлари ишлаб чиқарилишини айтди.

Фарғона вилояти COVID-19 инфекциясининг навбатдаги эҳтимолий тўлқинига тайёргарлик ишларини бошлаб юборди ва 12 мингдан ортиқ захира ўринларини ҳозирлаб қўйди. Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мана шундай хабар тарқатди.

Расмий хабарда айтилишича, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган 500 дона кислород концентратори ҳамда 5 мингта пульс оксиметрлари олиб келинди. Ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ захира ўринлари ҳозирлаб қўйилди.

“Тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти. Уч ойлик дори-дармон захираси учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб уч миллиард сўм маблағ эвазига Хитойдан кислород концентраторлари ва пульс оксиметрлари олиб келинганлиги ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир. Мазкур тиббий жиҳозлар захира жой учун тайёрлаб қўйилган масканларга топширилди”,- дейилади расмий маълумотда.

Аввалроқ Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу каби жиҳозларни ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилишини эълон қилгани ҳақидаги видеони ҳам тарқатган.

Видеода Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида кислород концентраторларини ўрнатиш жараёнини билан танишгани акс этган.

-Вилоятимизда тайёрланган захира ўринларига бу кислород концентраторлари ва пульс оксиметрларининг биринчи қисми етказилмоқда. Шунингдек, бу каби зарур жиҳозлар билан барча тиббиёт масканларимизни таъминлаш тадбирларини кўрганмиз. Бундан ташқари, яқин кунларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида худди шундай тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарадиган йирик корхона ишга туширилади. Вилоятимиздаги барча шифокорлар ва тиббиёт ходимлари бепул пульс оксиметрлари ва бошқа керак тиббий жиҳозлар билан таъминланади, -деб айтган видеода вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бир дона кислород концентратор нархи барча ҳаражатлари билан 4 милион 200 сўм, бир дона пульс оксиметри эса 150 минг сўмга тушди.

ЎМИ муфтий алмашганига оид иддаолар ёлғон эканини билдирди

Диний идора маълумотига кўра, Усмонхон Алимов Ўзбекистон муфтийси лавозимида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов фаолиятини давом эттирмоқда. Бу баёнотни диний идора матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда муфтий алмашгани ҳақида тарқалган маълумотларнинг асоссизлигини қайд этиш учун берган.

ЎМИ вакилларига кўра, “8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”.

Қайд этилишича, мазкур асоссиз маълумот тарқалиши биланоқ Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилган.

Доллар ва евронинг расмий курси яна кўтарилди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 10 августидан валюталарнинг сўмга нисбатан нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, душанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 21 сўм 85 тийинга қимматлаб, 10 минг 231 сўм 71 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 2 сўм 17 тийинга қимматлаб, 10 минг 209 сўм 86 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 38 сўмга ошиб, 12 минг 59 сўм 9 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 125 сўм 5 тийинга кўтарилиб, 12 минг 21 сўм 9 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Коронавирусдан ўлганлар сони 196 кишига етди. 1764 беморнинг аҳволи оғир

Беморлардан 22 042 нафари соғайди, касалхоналарда 8 582 нафар бемор даволанмоқда.

Тошкентда сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинган беморлардан яна икки нафари вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони камида 196 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10 августда билдиришича, Қибрай туманида яшаган 44 ёшли А.А. (эркак) ҳамда Шайхонтоҳур туманида яшаган 68 ёшли У.М. (аёл) вафот этган. 9 августда эса коронавирусга чалинган 6 киши вафот этгани хабар қилинганди.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 10 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 30 820 кишига етганини ҳам маълум қилди. Бу 9 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 211 нафарга кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 176 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 33 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 143 нафари эса Ўртасарой карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида), 24 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 11 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади расмий маълумотда.

Беморлардан 22 042 нафари соғайди, касалхоналарда 8 582 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 1 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Қирғизистон МХҚ: Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинди

Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) 10 август куни ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда қўлга олиниши юзасидан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, журналист 8 август куни Оилавий ва жиной ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги 1993 йилги Минск конвенциясига асосан Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган.

Бобомурод Абдуллаев қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани ҳам баёнотда таъкидланган. Лекин журналист қандай жиноятларда гумонланаётгани ёки айбланаётгани айтилмаган.

Айни пайтда Бобомурод Абдуллаев МХҚ ҳибсхонасида сақланмоқда. Бош прокуратура уни Ўзбекистонга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда. 10 август куни Абдуллаевга эҳтиёт чорасини белгилаш масаласи Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Озодлик якшанба куни Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги кафелардан бирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Маълумотларга кўра, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани важидан у ўқишини давом эттириш учун Европага учиб кетолмай қолган.

Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг у 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумон қилиниб, судланган.

Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган, бироқ ўзи ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган.

Шу билан бирга, судда журналистга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани қайд этилган.

Прокурор Б.Абдуллаевга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Бироқ 2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкамада журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланган ҳамда суд залидан озод қилинган.

Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод қилинишини қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили, Amnesty International , CPJ ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишлаган.

Самара ва Оренбургдан олиб келинган ўзбекистонликлар карантин зонасига жойлаштирилди

Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди.

Россиядан қайтарилган 918 нафар ўзбекистонлик Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Ҳокимликнинг билдиришича, “Самара—Бузулук—Тошкент—Поп” йўналиши бўйича Россиядан олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик 9 августда Поп темир йўл вокзалида кутиб олинган.

Улар шу жойнинг ўзида Поп тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекциядан ўтказилди.

“Келтирилган фуқаролар республикамизнинг турли вилоятларидан бўлиб, улар Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилади ва 10 кун давомида кузатувда бўлади”, -дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтолмай Оренбург ва Самара вилоятларида тўпланиб қолган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш жараёни бошлангани ҳақида билдирганди.

7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиққани хабар қилинган эди. 7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келиниши билдирилган.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинди.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.

Таниқли адабиётшунос олим Санжар Содиқов вафот этди

Филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов 6 август куни 80 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар 9 август куни хабар берди.

1940 йил 21 июль куни Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган Санжар Содиқов кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини тамомлаган. Сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олган.

1965 йилдан то умрининг сўнгига қадар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида ёшларга таълим берган.

Санжар Содиқов адабиётшуносликка оид ўндан ортиқ асарларнинг муаллифидир. Унинг кўпчилик асарлари, жумладан, «Роман ва танқид» (2008), «Радиожурналистика асослари» (2010), «Мамлакатшунослик асослари» (2012), «Янгича талқин мевалари» (2013), «Жадид адабиётининг қалдирғочлари» (2013), «Янги ўзбек адабиёти тарихи» (2019) каби асарларидан олий ўқув юртларида дарслик сифатида фойдаланилади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Санжар Содиқов ёзувчи Борис Пастернакнинг «Доктор Живаго» (2018), Иван Буниннинг «Арсенев ҳаёти» (2020) номли романларини ўзбек тилига таржима қилган.

Хоразмда спорт мактаблари коронавирус марказларига айлантирилмоқда

Хоразм вилоятида шу кунгача 421 кишида коронавирус аниқланган.

Хоразм вилоятида спорт мактаблари коронавирусга чалинганларни даволаш учун махсус тиббиёт марказларига айлантирилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 9 августда хабар берди.

Расмий хабарда айтилишича, шу кунга қадар Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг 4 та спорт залида 718 ўринли, Хива шаҳридаги Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг кураш залида 132 ўринли марказ ташкил этилган.

Мазкур марказларда касалларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш мақсадида ташхислаш ва саралаш тақсимот ишлари олиб борилади.

Хоразм вилоятида шу кунгача 421 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 367 нафари соғайган, 1 бемор вафот этган.

Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтнинг тўртта туман ҳокимини жазолади, улар орасида шаҳарнинг собиқ ҳокими ҳам бор

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 8 август куни имзолаган қарорига кўра, шаҳарнинг Мирзо Улуғбек (Ш. Иргашев), Учтепа (Ф. Абдуллаев), Чилонзор (С. Маҳаметов), Яшнобод (Х. Тиллашайхов) туманлари ҳокимларига "ҳайфсан" интизомий жазосини берган.

Бу ҳақда хабар қилган Хабар.уз сайтига кўра, Ортиқхўжаев ҳокимларни пандемия даврида аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилаётгани ҳамда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйгани учун жазога тортган.

Интизомий жазога тортилганлар орасида пойтахтнинг собиқ ҳокими, ҳозирда Юнусобод тумани ҳокими бўлиб ишлаётган Р. Усмонов ҳам бор.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 30197 кишига етди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 9 август соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони расман 30 197 кишига етган. Сўнгги 11 соат ичида 279 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган.

ССВга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 142 таси Тошкент шаҳрида, 133 таси Тошкент вилоятида ва 4 таси Қорақалпоғистонда қайд этилган.

"Шу билан бирга, Шайхонтоҳур туманида яшаган 84 ёшли Қ.Я. (эркак) ҳамда Зангиота туманида яшаган 62 ёшли С.Т. (эркак), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди", — дейилади ССВ ахборотида; шу тариқаси, ССВ ҳисоби бўйича Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 190 нафарга етди.

9 август соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 21 316 киши (жами касалланганларнинг 71 фоизи) соғайган. Айни вақтда 8 691 бемор даволанишни давом эттирмоқда — 1248 нафар беморнинг аҳволи оғир, шундан 274 нафарининг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Сўх туманига авиақатнов йўлга қўйилади

Фарғона вилоятининг эксклав Сўх тумани

Ўзбекистонни Қирғизистон ҳудудидаги эксклави Фарғона вилоят, Сўх туманига авиақатновлар йўлга қўйилади.

Бу ҳақда хабар берган Кун.уз сайтига кўра, президент қарори билан бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдонини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон президенти "2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари" тўғрисидагиқарорида Транспорт вазирлигига Қирғизистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласи тўлиқ ҳал этилгандан кейин бир ҳафта муддатда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновлар йўлга қўйилишини таъминлаши ҳақида ёзилган эди.

Молия вазирлиги Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлайди.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

Талабанинг контракт тўлови миқдори ўзгармайди

8 август куни АОКАда бўлиб ўтган йиғилишда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов 2020-2021 ўқув йилида талабаларнинг контракт тўлови ўзгаришсиз қолишини билдирди:

“2020-2021-ўқув йилида контракт тўлови миқдори ўзгаришсиз қолади, оширилмайди, камайтирилмайди. Қўшимча қилиш керакки, пандемия шароитида иккинчи ва ундан юқори курслар сентябрдан бошлаб масофадан таҳсил олишни бошлайдилар. Кириш имтиҳонлари сентябрда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, биринчи курс талабалари учун ўқув машғулотлари октябрдан бошланади".

Бундан аввал юзлаб ўзбекистонлик талабалар Телеграм ижтимоий тармоғидаги "Талабалар ҳаракати" саҳифасида контракт тўловлари қимматлиги ва уни камайтиришни сўраб Олий таълим вазирлигига мурожаат қилган эди.

Вазирлик пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқлиги ҳақида изоҳ берган.

Ўзбекистонликларни Россиядан олиб келиш учун махсус поезд йўлга чиқди

Россия-Қозоғистон чегарасида қулбола чодирлар тикиб, ва оғир шароитда кун кечираётган ўзбек мигарнтлари ҳаётлари Россия, Қозоғистондаги қатор етакчи интернет нашрлари томонидан ёритилганди.

"Ўзбекистон темир йўллари" ўзининг навбатдаги йўловчи поезди ўзбекистонликларни Россиянинг Ростов вилоятидан олиб келишга Тошкентдан жўнаб кетганини маълум қилди.

Россия-Қозоғистон чегарасида қўлбола чодирлар тикиб, ва оғир шароитда кун кечираётган ўзбек мигрантлари ҳаётлари Россия, Қозоғистондаги қатор етакчи интернет нашрлари томонидан ёритилганди.

"Ўзбекистон темир йўллари" маълумотига кўра, Гниловская – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан 10 август куни йўлга чиқади. Ушбу йўловчи поездида оғир касалланганлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун махсус жойлар ажратилган.

Мазкур рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун сотилмоқда. Йўналишдаги чипта нархи 2.079.700 сўм (14.855 рубль)ни ташкил этади. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Қайд этилишича, ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинларидан уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликлар сўралган.

Бош вазир моддий ёрдам пулларини тарқатишдаги камчиликлар учун маҳалла раисларини танқид қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга давлат бюджетидан ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини тарқатишда "сусткашликка йўл қўйган" айрим маҳаллалар раисларини кескин танқид қилди.

8 август куни ўтказилган ҳукумат селектор мажлисида бош вазир "буни ҳеч қайси мезон билан оқлаб" бўлмайди деб айтган.

Ўзбекистонда 4 август куни ҳукумат мажлисида пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини тўғри ва ҳаққоний шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тарқатилиши ҳақида айтилганди.

Ўз навбатида, Бош прокуратура ҳам рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пули тарқатилиши жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётганига оид ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга муносабат билдирди.

Унда ёрдам пули ажратилишидаги қонунбузилишлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш сўралди.

Шу ҳафта бошида Ўзбекистоннинг бир қанча туман ва маҳаллаларида ҳукумат ваъда қилган ёрдамлар берилмаётгани норозиликка сабаб бўлганди.

Фарғона вилоятида ўнлаб одам вилоят ҳокимлиги олдида тўплангани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ҳимоячилари учун кўкрак нишони таъсис этилмоқда

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисида”ги қарори лойиҳасини эълон қилди.

Қарор лойиҳасида айтилишича, кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилиши қарор лойиҳасида кўзда тутилган.

Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда фуқаролар ҳар йили 1 сентябрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш юзасидан таклифларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари тақдим этилади.

Қарор лойиҳасида тўлиқ тақдим қилинмаган ҳужжатлар кўриб чиқилмаслиги айтилган.

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш юзасидан Марказ директори томонидан комиссия ташкил этилади.

Комиссия таркибига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари киритилиши айтилган.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, 10 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Марказ директори (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилиши қарор лойиҳасида тилга олинган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъқиб этилиши, мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари рўйхатга олинмагани халқаро ташкилотлар тарафидан танқид қилиб келинади.

Ўзбекистонликларни олиб келадиган баъзи чартер рейсларнинг вақти ўзгарди

Ўзбекистон фуқароларини ватанига олиб келиш учун 2 августдан 16 август кунлари давомида амалга оширилиши белгиланган чартер рейсларининг парвоз йўналишига қисман ўзгартириш киритилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра:

  • 7 август куни Тошкент – Ростов-Дон – Наманган;
  • 8 август Тошкент – Санкт-Петербург – Наманган;
  • 9 августга белгиланган Тошкент – Москва – Наманган авиақатновлари Тошкент шаҳрига амалга оширилади.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Россия Федерациясининг Оренбург ва Самара вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш учун 2 та поезд қатнови ташкил этилди.

Мазкур поездларнинг биринчиси 9 август куни Наманган шаҳрига, иккинчиси эса 9 август куни Самарқанд шаҳрига кириб боради. Поездларда олиб келинган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда карантинга жойлаштирилади.

"Россия Федерациясининг Ростов-Дон вилоятидаги фуқароларни олиб келиш мақсадида учинчи поезд қатнови ҳам ташкил этилди. Ушбу поезд 13 август куни Тошкент шаҳрига кириб келади", дейилган Транспорт вазирлиги билдирувида.

Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю чипталарни ҳарид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда, вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг (71) 299-94-50 ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраб қолган.

ССВ коронавирусга чалинганларни шифохонадан ташқарида даволаганлар жазоланишидан огоҳлантирди

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш ва шифокор буюрган муолажаларни амалга ошириш тақиқланди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 6 август куни қабул қилинган “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғида батафсил баён қилинган, дея маълум қилди вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

ССВ буйруғига кўра, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олинади. Вазирликнинг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси мазкур тартибга амал қилинишини назоратга олади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбарларига ҳам ушбу қоидага амал қилиш тавсия этилган.

Мазкур тартибга риоя қилмаган ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 5 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига ва “COVID-19” билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсияларга зид ҳаракат қилган деб топилиб, жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди”, дейилади ССВ хабарномасида.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 7 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 29057 нафарни ташкил этган. Беморлардан 20059 нафари соғайиб кетган, 8817 нафар бемор даволанишда давом этмоқда. Қурбонлар сони эса 177 нафарга етган.

ОТМга тест синовлари 2 сентябрдан бошланади, COVID-19 га чалинганлар тестга қўйилмайди

Олий таълим муассасаларига 2020/2021 ўқув йили учун тест синовлари жорий йил 2 сентябридан бошланади. Бу ҳақда 7 август куни АОКА залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилган.

Мулозимга кўра, тест синовлари 14 кун мобайнида топширилади.

Аввалроқ Озодлик 6 август куни президент раислигида ўтказилган мажлисда имтиҳонлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилиши билдирилгани ҳақида хабар қилганди.

АОКА залида бўлиб ўтган бугунги брифингда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев тест синовлари учун 155 стадиондан 40 га яқин стадион жалб этилиши режалаштирилганини билдирган.

Анжуманда коронавирус аниқланган абитуриентлар бу йилги тест синовларига қўйилмаслиги ҳам қайд этилган.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабовга кўра, коронавирусга чалингани туфайли тест имтиҳонларида иштирок эта олмаган абитуриентларнинг имтиҳон учун тўлаган пулларини қайтариш чоралари кўрилмоқда.

“Аэрофлот” Ўзбекистонга мунтазам парвозларни тикламай туришга қарор қилди

"Аэрофлот" авиаширкати учоғи.

Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати халқаро йўналишлар бўйича мунтазам қатновларнинг бир қисмини 31 августгача бекор қилишга мажбур эканини эълон қилди. Парвоз бекор қилинган йўналишлар орасида Ўзбекистон шаҳарлари ҳам бор.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, Европа, Осиё ва Америка қитъаларидаги қарийб 90 шаҳарга рейсларни бекор қилишга оид қарор парвоз қилинажак мамлакатлардаги эпидемиологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Жумладан, шу йил 31 августигача Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги Атирау, Ақтау, Ақтўбе, Бишкек, Бухоро, Нур-Султон, Олмаота, Тошкент, Чимкент, Ўш, Қарағанда, Қизилўрда ва Қўстанай шаҳарларига рейслар амалга оширилмайди.

Сотиб олинган чипталарни ваучерга алмаштириш ёки пулни қайтиб олиш мумкинлиги айтилмоқда.

Россия 1 августдан Буюк Британия, Туркия ва Танзания билан авиаалоқани тиклагани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Биринчи курсдан бошқа курслар ўқишни онлайн тарзда бошлайди

Жорий йилнинг сентябрь ойидан 2, 3 ва 4-курс талабалари учун ўқиш онлайн тарзда бошланади. Бу ҳақда Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов ЎзА агентлигига маълум қилган.

Мулозим янги ўқув йилига тайёргарлик масаласи жуда мураккаб бўлиб турганини эътироф этган.

Март ойидан буён биз онлайн тизимида дарсларни ўтказяпмиз, лекин хоҳлаймизми, хоҳламаймизми – онлайн тизими одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди. Ҳозирча сентябрь ойидан бошлаб 2, 3 ва 4-курс талабаларига ўқишни онлайн тарзда бошлаймиз, октябрь ойида 1-курсларни ҳам қабул қилиб олганимиздан кейин пандемия сал юмшаса, унда балки анъанавий тизимга яна қайтармиз”, деган Ўктам Умурзоқов.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилажак тест синовлари санаси ҳали аниқ эмас. 6 август куни президент раислигида ўтказилган мажлисда имтиҳонлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилиши, кунига 2 сменада уюштириладиган тест синовлари 12-14 кунда якунланиши мумкинлиги билдирилган.

Сенат ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун маъқулланди

Сенат мажлислар зали (архив сурати).

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 7 август куни видеоконференцалоқа тарзида бошланган олтинчи ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада “Таълим тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилингани ва таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермай қўйгани урғуланган.

Қонуннинг янги таҳрири билан таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилаётгани айтилган.

Қайд этилишича, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ўзбекистонликларнинг олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларига ечим топишга қийналаётган масалаларга ҳуқуқий ойдинлик киритилгани билан аҳамиятли бўлишини таъкидлаганлар ва мазкур қонунни маъқуллаганлар.

ОАВ: Элёр Ғаниев транспорт вазири лавозимидан озод этилди

Элёр Ғаниев 1997 йилдан бери ҳукумат таркибида ишлаб келган.

Элёр Ғаниев бошқа ишга ўтиши муносабати билан транспорт вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар тарқатди.

Gazeta.uz ва Kun.uz нашрлари ҳукуматдаги манбаларига таянган ҳолда Элёр Ғаниев президентнинг 5 августдаги фармони билан озод этилганини маълум қилдилар.

Бироқ президент фармони ҳозирча расман эълон қилинмаган. Шунингдек, Ғаниев қайси ишга ўтгани ҳам ҳозирча номаълум.

Элёр Ғаниев 1997—2002 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар вазири, 2005—2006 йилларда ташқи ишлар вазири, 2006—2010 ва 2012—2017 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири сифатида ишлаган.

2010—2012 ва 2019—2020 йилларда бош вазир ўринбосари бўлган. Элёр Ғаниев 2020 йил январида Очилбой Раматов ўрнига транспорт вазири этиб тайинланган эди.

Транспорт вазирлиги 2019 йил февралида автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспорти, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалиги соҳасидаги давлат бошқаруви органи сифатида ташкил этилган эди.

Коронавирусдан ўлганлар сони камида 179 нафарга етди

Коронавирусга чалинганларнинг 19 587 нафари соғайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 7 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 28 809 нафарни ташкил этди. Беморлар сони 6 август соат 23:30 кўрсаткичдан яна 274 нафарга кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 136 нафари Тошкент шаҳрида, 130 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 8 нафари Қорақалпоғистон Республикасида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

6 август куни Олмазор туманида яшаган 39 ёшли Б.С. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 68 ёшли Л.К. (аёл), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 179 кишига етди.

Коронавирусга чалинганларнинг 19 587 нафари соғайди. 9 043 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 728 нафари оғир, 217 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG