Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 21:15

Халқаро янгиликлар

АҚШнинг иккита шаҳрида содир этилган отишмада 29 одам ҳалок бўлди

Эл-Пасо шаҳри аҳолиси мотам тутмоқда.

АҚШнинг Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳрида 4 август куни 24 ёшли шахс ўқотар қуролдан тўққиз кишини отиб ўлдирди, 16 кишини яралади.

Полиция ҳозирча мазкур жиноят мотивлари номаълум эканини билдирди.Дейтон мэри Нэн Уэйли:

-Бир дақиқага етмаган муддатда Дейтон полицияси ўқ отган шахсни жисмонан йўқ қилди. Бу шаҳримиз учун даҳшатли кун бўлди. Мен полиция тезкор ҳаракат қилиб, юзлаб одамлар ҳаётини қутқариб қолганидан мамнунман,-деб айтди.

3 август куни Техас шатининг Эл-Пасо шаҳридаги "Walmart" дўкони олдида ирқчи экани айтилаётган 21 ёшли Патрик Крузиус Калашников автоматидан ўқ узиб йигрма одамни ўлдирган эди. Бу воқеа террор ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп бу воқеаларни шарҳлар экан “мамлакатимизда нафрат учун имкон яратилмаслиги лозим”, деб айтди. Айни пайтда Демократик партия Трампнинг мухожирларга қарши сиёсати бу қонли воқеаларга асос яратиб берди, деб айбламоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қонли воқеалар ортидан президент Трамп ва АҚШ халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Кун янгиликлари

Глобал савдо танглиги - G7 саммити иккинчи куни бош мавзуси бўлиши мумкин

“Катта еттилик”ка (G7) кирувчи етакчи саноатлашган мамлакатлар раҳбарларининг Францияда бўлиб ўтаётган уч кунлик саммити иккинчи кунида жаҳон савдосидаги юзага келган танглик муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Саммитнинг расмий амалий мажлислари 25 августда Франциянинг Биарриц соҳилбўйи шаҳрида бошланиши режалаштирилган, улар кун тартибига демократияни ҳимоя қилиш, тенгсизлик, иқлим ўзгариши ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш масалалари ҳам киритилган.

Саммит биринчи кунининг асосий қисми АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган Россияни илгари G8 сифатида машҳур бўлган гуруҳга қайтариш муҳокамасига бағишланди.

Россия гуруҳдан 2014 йилда Қримни аннексия қилгани, кейинчалик Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчиларни қўллаб-қувватлагани учун чиқариб юборилган эди.

2014 апрелидан буён ўша можарода 13 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

24 августда Европа Кенгаши президенти Доналд Туск Трампнинг Россияни гуруҳга қайтариш ҳақидаги таклифини рад этди. Унинг фикрича, Россияни гуруҳга қайтармаслик сабаблари олдингидан кўра ҳозир кўпроқдир.

Саммит иккинчи кунининг асосий воқеалари икки томонлама учрашувлар бўлиши кутилмоқда.

Британиядаги Россия элчиси "доимий равишдаги алмашув" боис миссиясини тугатди

Россиянинг Лондондаги элчиси Александр Яковенко

Россиянинг Лондондаги элчиси Александр Яковенко Британиядаги элчилик миссиясини тугатди.

Элчихона 24 августда тарқатган хабарга кўра, Яковенко “хизмат вазифасини якунлади”, айни дамда маслаҳатчи бўлиб хизмат қилаётган Иван Володин муваққат ишлар вакили бўлиб туради.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Яковенконинг элчиликдан кетишини “дипломатик миссия раҳбарларининг доимий равишда алмашуви”, деб изоҳлади ва бу "Москва билан Лондон ўртасидаги муносабатлар яқинда ёмонлашганига боғлиқ эмас", деб айтди.

“Коммерсант” газетаси билдиришича, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Европа билан ҳамкорлик департаменти директори Андрей Келин янги элчи этиб тайинланиши мумкин. Газетага кўра, Яковенкони Дипломатия академиясига бошлиқ этиб тайинлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

2 та дрон “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги таянч масканига зарба берди, Ливан Исроилни айбламоқда

"Ҳизбуллоҳ" жангчилари, апрель, 2017 йил

Ливан ҳарбийлари Исроилнинг иккита учувчисиз учоғи “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрут жанубидаги таянч масканига зарба бергани, айни чоқда Эрон қўллаб-қувватлаётган Шиалар ҳаракати учоқлардан бири унинг медиа марказига шикаст етказганини айтди.

Иккита учоқ эрта тонгда Ливан пойтахтининг жанубидаги ҳаво ҳудудини бузиб кирди, дейилади армия 25 августда тарқатган баёнотда. Қўшимча қилинишича, “биринчи учоқ қулаб тушган, аммо иккинчиси ҳавода портлаб, моддий зарар етказган”.

“Ҳизбуллоҳ” воизи Муҳаммад Афиф айтишича, дронлардан бири портловчи моддалар билан жиҳозланган бўлиб, “портлаши оқибатида медиа марказга катта зиён етган”.

Исроил ҳукумати вакиллари ушбу нохуш воқеа бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Фақат ундан бир неча соат олдин расмий Тел-Авив “қотил дронлардан фойдаланиб” қилинадиган ҳужумнинг олдини олиш учун қўшни Суриядаги Эрон кучларига зарба берганини очиқлаган эди.

Исроил ҳарбийларининг 24 августда маълум қилишича, зарбалар Эроннинг Дамашқ жануби-шарқида жойлашган сара “Қудс” қўшинларига берилган. Аммо Ислом инқилобий қўриқчилари корпуси эронликларга зарба берилганини инкор қилди.

Исроил ўз талқинида Суриядаги “Эрон нишонлари” ва иттифоқчи жангарилар, деб атаётган кучлар, жумладан, “Ҳизбуллоҳ”га қарши юзлаб ҳаво ҳужумларини уюштирди.

Трамп Америка ширкатларига Хитойни тарк этишга кўрсатма берганини билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка ширкатларига Хитойни тарк этиш ва унинг ўрнига бошқа бозор топишга кўрсатма берганини билдирди.

Reuters хабарига кўра, Вашингтоннинг бу қадами Пекин Американинг 75 миллиард долларлик молига бож жорий қилгани билан боғлиқ.

Президент Трамп Twitter саҳифасида Қўшма Штатлар Хитойда триллионлаб долларларини йўқотгани ҳақда ёзди.

"Бизга Хитой керак эмас ва уларсиз анча яхши бўлади", - деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

Жума куни Хитой АҚШнинг 75 миллиард долларлик маҳсулотларига бож жорий этгани маълум бўлди.

5078 номдаги маҳсулотларга нисбатан бож 1 сентябрь ва 15 декабрдан кучга киради.

Бундан ташқари, Пекин Америка автомобиллари ва эҳтиёт қисмларига 25 ва 5 фоизлик қўшимча божларни қайтадан жорий этишини маълум қилган.

Россия билан Украина бир-бировига 33 нафардан фуқаросини топширади

Россия қўлга олган украиналик денгизчилар устидан суд мажлиси ўтмоқда. 2019, 16 август.

Россия Украинага 33 украиналикни, Украина эса Россияга 33 россияликни топшириш тўғрисида томонлар келишиб олди.

РБК нашрининг бу хабарини Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлар экан, Москва билан Киев ҳар икки томонда ҳибсда ушлаб турилган кишиларни айирбошлашга оид масалалар муҳокама қилинаётганини билдирди.

РБК нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, маҳбусларни айирбошлаш масаласини шахсан президент Зеленский назорат қилмоқда. Украина президенти учун ўтган йилнинг ноябрида Қрим ярим ороли соҳилида Россия томонидан қўлга олинган украиналик денгизчилар масаласи муҳим эканлиги айтилди.

Россияда ушлаб турилган украиналикларни ватанга қайтариш мавзуси Владимир Зеленскийнинг сайловолди дастуридаги энг муҳим пунктлардан бири эди.

Қозоғистонда Суриядан олиб келинган аёл беш йилга озодликдан маҳрум қилинди

Ақмарал Алмагамбетова суд залида. Ақтўбе, 2019, 22 август.

Ақтўбе шаҳар суди 22 август кунги мажлисида Суриядан олиб келинган 32 яшар Ақмарал Алмагамбетовани ватанида терроризмни тарғиб қилиш ва нифоқ қўзғашда айбдор деб топди, ҳамда уни беш йил муддатга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди.

Қозоғистон махсус хизматларининг амалиёти доирасида Яқин Шарқдан эвакуация қилинган Алмагамбетова 2014 йили ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланди.

Тергов ва айбловчиларнинг маълум қилишича, Алмагамбетова 2013 йил августида Қирғизистонда, у ердан эса Туркияга, сўнг Сурияга йўл олган. У болаларини эри Мирболат Жаманқуловга топширган, у Қозоғистонни тарк этишидан бир неча ой аввал эридан “шариат бўйича” талоқ олган.

2014 йилда Алмагамбетова оиласи билан алоқага чиққан ва Яқин Шарқдаги можаролар юз бераётган минтақада эканлигини маълум қилган. Жиноий иш материалларига кўра, у Жаманкуловга бир нечта аудио- ва видеохабарлар юборган, бу хабарларга “Ислом давлати” экстремистик гуруҳининг “ғоялари тарғибот”қилинган.

Алмагамбетова Қозоғистонга Сурияда туғилган икки нафар ёш боласи билан бирга олиб келинди. Ҳар икки болани давлат васийликка олди. Адвокат Назгуль Дуйсенбекованинг айтишича, ҳукм ўқилаётганида унинг қариндошларидан ҳеч ким иштирок этмади. Ҳукм ҳозирча кучга кирмади.

«Жусан» амалиёти доирасида Яқин Шарқдан 516 киши, жумландан 360 бола Қозоғистонга олиб келинди.

Apple, Google ва Mozilla Қозоғистоннинг Qaznet иловасини блоклашини билдирди

Иллюстратив сурат.

Apple, Google ва Mozilla Қозоғистон ҳукумати топшириғи билан ишлаб чиқилган Qaznet иловасини блоклаш учун чоралар кўради. Бу ҳақда мазкур гигант ширкатлар 21 август куни ўз баёнотларини тарқатдилар.

Qaznet иловасига қарши бўлаётганларнинг фикрича, мазкур илова воситасида ҳукумат фойдаланувчиларнинг барча қадамларини назорат қилишга муваффақ бўлади. Мазкур иловани Қозоғистондаги ҳар бир фойдаланувчи юклаб олишга мажбурдир.

Июль ойидан бошлаб қозоғистонлик интернет фойдаланувчиларга алоқа операторлари томонидан Qaznet иловасини смартфонлар, компьютерлар ва бошқа ускуналарга юклаб олиш тўғрисидаги огоҳлантирувлар келмоқда.

Apple, Google ва Mozilla Qaznet иловасига қарши “техник чоралар” қўллаганликларини маълум қилдилар. Жумладан, Google ва Mozilla ўзларининг Chrome ва Firefox қидирув тизимлари Qaznet иловасини блок қилишини билдирди.

Apple ўзининг Safari браузеридан фойдаланаётганларни ҳам Qaznetдан ҳимоя қилиш чораларини кўраётганини маълум қилди.

Россия ўзининг биринчи гуманоид роботини коинотга учирди

Фёдор роботи синовдан ўтказилаётган пайт.

Россия 22 август куни коинотга биринчи марта гуманоид роботни учирди. Фёдор деб номланувчи робот учувчисиз бошқариладиган “Союз” фазо кемасида Қозоғистоннинг Бойқўнғир космодромидан учирилди.

Робот шу куниёқ коинотдан туриб ўзининг биринчи твитини ёзди. Ўз твитида робот Парвозларни бошқариш марказига ракета тизимларининг фаолияти ва бошқа техник маълумотларни жўнатган.

Фёдор учган фазо кемаси 24 август куни Халқаро коинот станциясига уланади. Мазкур станцияда робот 7 сентябргача қатор тажрибаларни ўтказади ва ерга қайтади.

Гуманоид роботнинг бўйи 1,8 метр, оғирлиги 160 кило. Робот учун Инстаграм ва Твиттерда махсус аккаунтлар очилди.

Польша ва Словакияда яшин уриши оқибатида камида беш одам ўлди

Яшин урганларни қутқариш амалиёти.

Польша ва Словакия чегарасидаги Татра тоғида яшин уриши оқибатида камида беш киши, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлди.

22 августда тарқатилган расмий маълумотда айтилишича, қурбонларнинг асосий қисми польшаликлардир. Улар Гевонт чўққисига урилган яшиндан ўлганлар. Словакия томонида эса бир одам ҳалок бўлган.

Яшин уриши оқибатида юздан ортиқ одам жароҳат олгани айтилмоқда. Мазкур тоғ ҳудуди сайёҳларнинг севимли масканларидан биридир.

Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи ўта оғирлигини айтмоқда.

Германияда одам ўлдирган суриялик қочқин судланди

Германияликнинг ўлдирилиши ортидан Хемницда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойиши ўтказилган эди.

Германиянинг Дрезден шаҳрида Хемниц вилоят суди маҳаллий аҳолига ҳужум қилганликда айбланган суриялик қочқинга нисбатан ҳукм ўқиди.

-Айбланувчи олдиндан режалаштирилмаган қотилликда ва оғир тан жароҳатларини етказишда айбдор, деб топилди. Шунинг учун у тўққиз йил олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди,- деб билдирди суд расмий вакили Петра Кюршнер.

2018 йилнинг 26 август куни 35 ёшли германиялик эркакнинг ўлдирилиши ортидан Хемницда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойиши ўтказилган эди.

Германия фуқаросини ўлдирганликда айбланиб Ироқ ва Суриядан келган икки қочқин қўлга олинган.

2018 йил 27 август куни ўтказилган намойишда иштирок этган миллатчилар Германиядан хорижликларни депортация қилишни талаб қилганлар.

Намойиш пайтида норозилар юз кўринишидан осиёлик қочқинларга ўхшаган одамларни калтаклаганлар ва полиция билан тўқнашганлар. Бир неча одам жароҳатлангани хабар қилинди.

Германия канцлери Ангела Меркель Хемниц шаҳрида миллатчилар томонидан мигрантларга қарши ўтказилган намойишларни қоралади.

Эрон янги ракета комплексини намойиш қилди

Bavar-373 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими

Эрон узоқ масофали ракета ҳужумидан мудофааланишга имкон берувчи янги тизимини ишга туширди. Bavar-373 деб номланувчи мудофаа тизими 22 август куни Эрон миллий мудофаа саноати куни муносабати билан Теҳронда намойиш қилинди. Тадбирга қатнашган президент Ҳасан Руҳоний Эронга отилган ракеталар уриб туширилади, деб баёнот берди.

- Ракета учирадиган жаноб, агар қўлингдан келса, тугмани бос ва ракетанинг осмонда ўзини йўқ қилиши учун йўл оч, - деди Руҳоний.

Эрон янги комплексини Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтда намойиш қилди.

Трамп 2015 йилда Вашингтон Теҳроннинг ядровий дастури бўйича Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Санкциялар туфайли Эрон иқтисоди жиддий муаммоларга дучор бўлди. Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини изҳор қилган, аммо Теҳрон музокара бошлашдан аввал санкциялар бекор қилинишини талаб қилиб келади.

Қирғизистон собиқ бош прокурорига айблов эълон қилинди

Собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева

Собиқ бош прокурор Индира Жолдубаевага криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод қилиниши юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида айблов эълон қилинди. ИИВ матбуот хизматига кўра, Жолдубаева Жиноят кодексининг "Коррупция" моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди Жолдубаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини белгилади.

Индира Жолдубаева 2015 йил январидан 2018 йил апрелига қадар бош прокурор лавозимини эгаллаган. Унга қадар 2011 йилдан ҚР президенти аппаратининг суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими мудири лавозимида ишлаган.

2013 йилнинг 9 апрелида Норин шаҳар суди шифокорларнинг Азиз Батукаев “бедаво касалликдан азият чекаётгани” тўғрисидаги хулосасига кўра, жиноий авторитетни муддатдан аввал озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

2019 йил бошида унинг ноқонуний озод қилиниши юзасидан тергов ишлари бошланди, ҳамда юқори лавозимли собиқ амалдорлар - собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, Норин вилояти прокурорининг собиқ ўринбосари Майрамбек Акматалиев, Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Шамиль Атаханов, собиқ бош прокурор Аида Саляновалар ҳибсга олинди.

Айни дамда амалдорларнинг ҳаммаси уй қамоғида. Мудофаа кенгашининг собиқ котиби Бусурманкул Табалдиевга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан қўйилган айбловлар орасида Азиз Батукаевнинг иши ҳам бор.

Трамп Гренландияни сотмаслигини билдирган Данияга расмий ташрифини бекор қилди

Гренландия манзараси.

Дания Бош вазири Метте Фредериксен АҚШ президенти Дональд Трамп сентябрда бу мамлакатга қиладиган расмий ташрифини бекор қилганидан афсус билдирди.

Трамп Твиттер саҳифасида Дания АҚШга Гренландияни сотмаслигини билдиргани ортидан мана шундай қарор қабул қилгани ҳақида ёзди.

-Гренландияни сотиш имкониятлари бўйича баҳслар пайдо бўлди. Гренландия Бош вазири Ким Кильсен бу таклифни кескин рад этди ва бу позицияни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Аммо бу масала АҚШ билан муносабатларимизга таъсир кўрсатмаслиги лозим,- деди Метте Фредериксен.

Аввалроқ матбуотда Трамп ўз маслаҳатчилари ва Оқ Уй расмийлари билан Гренландияни сотиб олиш истиқболларига қизиқаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормаган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.

Германия ва Британия Россияни "Катта еттилик" саммитига чақирилишига қарши

"Катта еттилик" йиғилишларидан бирида олинган сурат.

Германия ва Британия 2020 йилда Россияни “Катта еттилик” саммитига чақириш таклифини рад этди.Мазкур таклиф Франция ва АҚШ ҳукуматлари томонидан киритилган эди.

-Солсбери ва Уильтширда бўлиб ўтган воқеалар, яъни Британия ерида Россия томонидан кимёвий қурол ишлатилгани, Украинада Россия айби билан беқарорлик давом этаётганидан келиб чиқсак, мен Германия канцлери Ангела Меркель фикрига тўлиқ қўшиламан. Россия “Катта етилликка” қайтиши учун ҳали жуда кўп ишларни қилиши керак,-деди Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Аввалроқ Франция ва АҚШ Россияни 2020 йилда Нью-Йоркда ўтадиган “Катта еттилик” саммитига таклиф қилишга келишиб олгани хабар қилинганди. Айниқса президент Трамп Россияни бу каби анжуманларда кўришни кўпроқ истамоқда.

Президент Владимир Путин аввалроқ “Катта саккизлик” мулоқоти бугунги кунда мавжуд эмаслигини ва шунинг учун Россияни бу мулоқот доирасига қайтариш самарасиз ҳаракат эканини айтган.

“Катта саккизлик” 2014 йилда АҚШ, Британия, Франция, Италия, Канада, Германия ва Япония Сочидаги саммитга келишдан бош тортгани оқибатида тарқалиб кетган эди. Мазкур давлатлар “Катта еттилик”ка асос солганлар.

Жорий йилда “Катта еттилик” саммити 24-26 август кунлари Францияда ўтказилади.

Дональд Трамп Россиянинг G7 га қайтиши "ўринли" бўлади деб ҳисоблашини билдирди

Владимир Путин Жорж Буш билан G8 саммитида. Санкт-Петербург, 2006, 19 июль.

АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Россиянинг "Катта еттилик"ка (G7)ка қайтиши "ўринли" бўлур эди деб баёнот берди.

“Катта еттилик”ка АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япония киради.

АҚШ маъмурияти вакилига таянган ҳолда CNN телеканалининг маълум қилишича, Трамп ва Франция президенти Эммануэль Макрон телефон орқали суҳбатларида Россия 2020 йилда бўлиб ўтадиган “еттилик” саммитида иштирок этишга таклиф қилиниши кераклигини айтишган. Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувда Макрон, агар Украина инқирозини барқарорлаштириш бўйича керакли қадамларни ташлагудек бўлса Россияни музокаралар столида кутишини айтган эди.

Шу кунларда Францияда G7нинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади, бу тадбирга Россия таклиф қилинмаган. Россиянинг гуруҳга (у вақтда "Катта саккизлик" деб аталарди) аъзолиги Қрим аннексияси туфайли 2014 йилда тўхтатилган эди.

"Менинг фикримча, бу катта саккизлик бўлиши керак, чунки биз муҳокама қиладиган кўп масалаларнинг Россияга алоқаси бор”, – деди президент Трамп.

Бу Россиянинг бу ташкилотга қайтарилиши лозимлиги борасидаги Трампнинг биринчи фикрлари эмас. 2018 йилнинг июнь ойида Трамп Москвага мурожаат қилиб, G7 нинг Канадада бўлиб ўтадиган саммитида иштирок этишга чақирган эди. Ўшанда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковбаёнот бериб, Россия бошқа форматларга мойиллик билдиришини айтган эди. Аммо орадан икки кун ўтиб президент Владимир Путин баёнот берар экан, Россия гуруҳ аъзоларини Москвада қабул қилишдан хурсанд бўлишини таъкидлаган эди. Трампнинг таклифи таниқли америкалик сиёсатчилар томонидан танқид билан кутиб олинди.

Жаҳонда иқтисодий ва молиявий улуши катта бўлмаслигига қарамай Россия G7 га 1997 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон ва Буюк Британия бош вазири Тони Блэр таклифи билан қабул қилинган эди. Бу гуруҳга Россиянинг аъзолиги демократик Россияга нисбатан дўстона муносабат сифатида кўрилган ва унинг бозор иқтисодиёти ва демократик институтларининг бундан кейинги ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва имкониятларини тан олиш сифатида кўрилган эди. Унинг G8 аъзолигининг тўхтатилиши ва санкциялар жорий қилиниши Россиянинг Қримни аннексия қилишига нисбатан биринчи жавоб сифатида кўрилган эди.

Афғонистонда тўйга қилинган ҳужум қурбонлари сони 80 нафардан ортди

17 август куни ҳужум қилинган тўйхонада олинган сурат. Кобул, 2019, 18 август.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Насрат Раҳимий худкуш ҳужумидан ҳалок бўлганлар сони 80 нафардан ортганини маълум қилди.

17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.

Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.

Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.

Камерунда ўғирланган денгизчиларнинг тирик экани маълум бўлди

"Мармалайта" юк ташувчи кемаси.

Камерун қирғоқларида номаълум одамлар томонидан ўғирланган “Мармалайта” кемаси экипажи соғ-саломат. Бу ҳақда кема хўжайини билан алоқа ўрнатган қароқчилар гуруҳи маълум қилди.

Россия денгизчилар касаба уюшмасининг билдиришича, "Мармалайта" кемасига ўтган ҳафтада ҳужум қилинган.

Қароқчилар томонидан гаровга олинган 8 денгизчидан уч нафари Россия, тўрт нафари Филиппин ва бир нафари Украина фуқаросидир.

ТАССнинг хабар беришича, қароқчилар гаровга олинганларни озод қилиш учун товон пули миқдорини ҳозирча эълон қилмаганлар. Камерун расмийлари қароқчилар алоқага чиққани тўғрисидаги маълумотни ҳали тасдиқлаганлари йўқ.

Новости агентлиги ўғирланган денгизчилар Нигерияда сақланаётган бўлиши эҳтимолини билдирди.

"Мармалайта" юк ташувчи кемасига 15 август куни Дуала порти яқинида ҳужум қилинган эди. Мазкур кема Германия ширкатига қарашли. У Антигуа ва Барбуди байроғи остида сузган.

Дональд Трамп Кашмир масаласида воситачи бўлишга тайёрлигини билдирди

Кашмир чегарасидаги ҳарбийлар.

АҚШ президенти Дональд Трамп Кашмирдаги “портловчи вазият”нинг олдини олиш мақсадида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида воситачилик қилишга тайёр. Трамп бу ҳақда 20 август куни эълон қилди.

Трампнинг билдиришича, у бу масалани Францияда ўтадиган "Катта йигирматалик" саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан муҳокама қилади.

Ҳиндистон 5 август куни Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида минтақанинг мухторият мақомини бекор қилганидан сўнг вазият кескинлашган эди.

20 август куни Ҳиндистон Кашмирда Покистон ҳарбийлари бир ҳинд аскарини отиб ўлдиргани, тўрт нафарини яралаганини билдирган. Покистон ҳам Ҳиндистон ҳарбийларини аҳолига ўқ узганликда айбламоқда.

-Ҳиндистондан олинаётган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, Покистон доимо сергак бўлиши керак, мудофаага тайёргарликни тезлатиш лозим. Ҳиндистон Озод Кашмирни (Кашмирнинг Покистонга қарашли қисми-муҳаррир) тинимсиз ўққа тутмоқда. Мендаги маълумотга қараганда маҳаллий аҳолидан 35 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам яраланди,-деб баёнот берди 20 август куни Кашмирнинг Покистонга қарашли қисми раҳбари Сардор Маъсуд Хон.

Путинни ҳақорат қилган грузин журналисти ишдан бўшатилди

"Рустави-2" телеканалининг эндиликда собиқ журналисти Георгий Габуния.

Россия президенти Владимир Путинни жонли эфир пайтида ҳақорат қилган Грузиянинг "Рустави-2" телеканали журналисти Георгий Габуния ишдан бўшатилди. Бу ҳақда телеканалнинг янги раҳбари Паати Сали Тбилисида ўтган брифингда маълум қилди.

Бундан ташқари телеканал янгиликлар хизмати раҳбари Нодар Меладзе ва унинг қўл остидаги қатор ходимлар ҳам ишдан бўшатилган. Телеканал уларни рекламаларни иш берувчи манфаатларига зид равишда бўлиштирганликда айбламоқда.

Грузиянинг мухолифатчи «Рустави-2» телеканали мухбири Георгий Габуния 7 июлда жонли эфирда Россия президенти Владимир Путин ва унинг ота-онасини ҳақорат қилган эди. Шу куни юзлаб одам телеканал олдига тўпланиб, норозилик намойиши ўтказган. Журналист икки ойга эфирдан четлаштирилган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили, Тбилиси мэри Кахи Каладзе, Бош вазир Мамука Бахтадзе журналист Габуниянинг чиқишини “фитна” сифатида баҳоладилар.

Ҳонконг ҳокими норозиларни муросага келишга чақирди

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм.

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм норозиларни муросага келиш учун музокаралар ўтказишга чақирди.

-Бизнинг мақсадимиз ўзаро келишмовчиликлар ва конфликтларни ҳал этиш устида жонкуярлик билан ишлашдир. Биз ўзаро мулоқот орқали бир-биримизни тушуниб, юзага келган ижтимоий тупикдан биргаликда чиқишимиз лозим,-деди Лэм 20 август куни қилган чиқишида.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши намойишлар 9 июнда бошланган ва шу кунгача тўхтамаяпти.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Пекиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Facebook ва Twitter Ҳонгконг намойишларини дискредитация қилган Хитой акаунтларини ўчирди

Facebook асосчиси ва бошқарувчиси Марк Цукерберг.

Twitter ижтимоий тармоғи маъмурияти¸ ўтказилган ички суриштирув хулосасига кўра¸ 936 та акаунтни ўчиришга қарор қилганини эълон қилди.

Айтилишича¸ Хитой ҳукуматига бориб тақалган бу акаунтлар Ҳонгконгдаги норозилик намойишлари ва уларда қўйилган талабларнинг қонунийлигини шубҳа остига олиш орқали Ҳонгконгдаги сиëсий можарони мувофиқлаштирилган ҳолда кучайтириш билан шуғулланган.

Хусусан¸ давлат кўмагида ишлаган бу акаунтлар Ҳонгконгдаги намойиш қатнашчиларини зўравонлик ва вандализмда айблаш орқали¸ уларни дискредитация қилишга уринган.

Айни пайтда¸ Facebook тармоғи ҳам айни шундай асосда бешта акаунт¸ етти саҳифа ва учта гуруҳни ўчирди. Бундай саҳифалардан биттасида¸ 15 мингдан ошиқ фоловери бўлгани айтилмоқда.

Ҳонгконг ўз фуқароларини Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилгани ортидан бошланган норозилик намойишлари бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Намойишчилар¸ бу қонун ҳонгконглик диссидентларни Хитой қўлига топширишга асос яратишига норозилик билдирмоқда.

Миллионлаб одам қатнашаëтган бу намойишлар ортидан Ҳонгконг раҳбарияти қонунни кучга киритишни кечиктирди¸ аммо ундан ҳозирча расман воз кечганича йўқ.

Бишкек суди собиқ президент Атамбаевни 26 октябрга қадар ҳибсда сақлашга қарор қилди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни ҳибсда сақлаш муддати 26 октябрга қадaр узайтирилди.

Бишкек шаҳар Биринчи Май район суди 20 август куни терговчиларнинг ҳибс муддатини узайтириш сўровини қондирди. Дастлабки суд Атамбаевни 26 августгача судга қадар ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган эди.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев¸ ҳибс муддати узайтирилгани устидан юқори инстанцияга шикоят киритажагини билдирди.

Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилган ва Атамбаев¸ икки кунлик қаршиликдан сўнг¸ 8 август куни полицияга таслим бўлган эди.

Атамбаев¸ 2011-2017 йиллардаги президентлиги пайтида давлат ваколатини суистеъмол қилиш билан боғлиқ бешта жиноятда айбланмоқда.

Қозоғистонда куйдирги аниқланган қишлоқ карантин қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Акмўла вилоятидаги Ольгинка қишлоғида куйдирги касаллиги аниқлангани муносабати билан мазкур ҳудудда карантин эълон қилди. Қишлоққа кириш-чиқиш йўлларига тўсиқлар қўйилиб, бу ерга келиш ва кетиш тақиқланди.

Август ойининг бошларида қишлоқда яшовчилардан тўрт нафари мол сўяётганда куйдиргига чалингани аниқланган эди.

Қишлоқ ҳўжалик вазирлиги айни пайтда Ольгино қишлоғида куйдиргига чалинган чорва моллари йўқ эканини билдирмоқда.

Ольгинка қишлоғи пойтахт Нурсултондан 80 километр олисликда жойлашган. Ижтимоий тармоқларда ҳукумат тузилмалари куйдирги билан боғлиқ сўнгги вазият тўғрисида маълумот бермаётгани қозоғистонликлар томонидан танқид қилинмоқда.

Қозоғистонда чорва моллари орқали одамларнинг куйдиргига чалиниши ҳолатлари йил сайин такрорланиб туради.

АҚШ Россия билан шартномадан чиққанидан сўнг биринчи марта қанотли ракета синовини ўтказди

Сан-Николас оролида синовдан ўтказилган ракета.

Қўшма Штатлар Россия билан бундан ўттиз йил олдин имзоланган ракеталарни тарқатмаслик шартномасидан чиққанидан бери биринчи марта ер усти қанотли ракетасини синовдан ўтказди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, синов 18 август куни Калифорния штатидаги Сан-Николас оролида ўтказилган.

“Синалаётган ракета ўзининг ер усти мобил ускунасидан учиб чиқди ва 500 километр олисликдаги нишонга аниқ бориб урилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

АҚШ 1987 йилда имзоланган Ўртача масофага учувчи ядровий ракеталарни тарқатмаслик шартномасидан расман 2 август куни чиққанини билдирган эди. Мазкур шартномага асосан 500 километрдан 5500 километргача учувчи қанотли ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш тақиқланганди.

Президент Трамп 1 февраль куни Россияни шартномага амал қилмаётганликда айблаган ва АҚШ шартномадан чиқишини билдирганди.

АҚШнинг билдиришича, Россия тақиққа қарамай, SSC-8 деган ном билан танилган 9М729 ракетасини синовдан ўткизганини билдирган. Аммо Москва бу айбловларни инкор қилган.

Исроил ва Украина раҳбарлари оммавий қатлиом жойи бўлган Бабий Ярни зиёрат қилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украина президенти Володимир Зеленский билан Киевда 19 августда учрашди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украинага ташрифи доирасида президент Володимир Зеленский билан бирга Бабий Яр мемориалини зиёрат қилди.

Бу ерда Нетаняҳу "Бабий Яр фожиаси қайта такрорланмаслиги учун жаҳон ҳамжамияти қўлидан келган барча ишни амалга ошириши лозим", деб айтди. Зеленский ўз навтабида:

-Биз халқаро ҳамжамиятни кучларни бирлаштиришга ҳамда антисемитизм, ирқий ва миллий асосдаги нафрат кўринишларига йўл қўймасликка чақирамиз,-деб билдирди.

Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Киев немис фашистлари томонидан босиб олинган 1941-1943 йилларда Бабий Яр нацистлар томонидан яҳудийлар ва ромалар, ҳарбий асирлар, Сирецк концлагери асирлари, украин миллатчи ташкилотлари аъзоларини оммавий равишда қатл қилиш жойига айланган эди.

Биргина 1941 йилнинг 29 ва 30 сентябрь кунлари бу ерда 34 мингга яқин яҳудий отиб ташланган. Икки йил давомида Бабий Ярда 150 мингга яқин одам қатл қилинган.

Зеленский 19 август куни Нетаняҳу билан Киевда ўтган музокаралар чоғида Исроилни Ҳлодоморни украин халқини йўқ қилиш учун уюштирилган геноцид деб тан олишга чақирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG