Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 18:08

Халқаро янгиликлар

Трамп нафрат асосида жиноят содир этганларга ўлим жазоси беришни таклиф қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Чикаго, Эл-Пасо ва Дейтон шаҳарларида одамларга қарата автоматлардан ўқ узилгани ортидан нафрат асосида содир этилган жиноятлар учун ўлим жазоси белгилашни таклиф қилди:

-Бугун, 5 август куни мен Адлия вазирлигига нафрат асосида жиноятларни ва оммавий қотилликларни содир этганларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга буйруқ бердим. Бу ўлим жазоси кўп йилларга чўзилмай, зудликда ва қатъий равишда амалга оширилиши лозим, - деди Трамп телевидение орқали халққа қилган мурожаатида.

Дональд Трамп аввалроқ бу воқеаларга муносабат билдирар экан, “мамлакатимизда нафрат учун имкон яратилмаслиги лозим”, деб айтганди. Айни пайтда Демократик партия Трампнинг мухожирларга қарши сиёсати бу қонли воқеаларга асос яратиб берди, деб айбламоқда.

Якшанба куни Чикагодаги касалхоналарга 3 соат ичида турли отишмалар оқибатида яраланган 18 киши олиб келинган, улардан бири ҳалок бўлди.

АҚШнинг Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳрида 4 август куни 24 ёшли шахс ўқотар қуролдан тўққиз кишини отиб ўлдирди, 16 кишини яралади.

3 август куни Техас штатининг Эл-Пасо шаҳридаги "Walmart" дўкони олдида ирқчи экани айтилаётган 21 ёшли Патрик Крузиус Калашников автоматидан ўқ узиб йигирма одамни ўлдирган, 26 одамни яралаган эди. Бу воқеа террор ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Кун янгиликлари

Йўловчи учоғини жўҳоризорга қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди

"Уральские авиалинии" ширкатининг Москвадан Симферополга учаётган Airbus A321 самолёти ғилдираклари чиқарилмаган ва моторлари ўчирилган ҳолатда Москва вилоятидаги маккажўҳори экилган далага қўндирган учувчиларга "Россия қаҳрамони" унвони берилди.

Бу ҳақдаги фармонни Россия президенти Владимир Путин 17 август куни имзолади.

15 август куни учоқнинг маккажўҳори даласига фавқулодда қўнишига қушлар галаси билан тўқнашгани сабаб бўлган.

Самолётда экипажнинг 7 аъзосини қўшиб ҳисоблаганда 233 киши бўлган. 23 киши, шу жумладан 5 бола лат еб жабрланди.

Жабрланганларнинг ҳаммаси врачлар кўригидан ўтказилгани, касалхонага ётқизилмаганини Москва вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги рўли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофтини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Америкалик актёр Питер Фонда 79 ёшида Лос Анжелес шаҳрида оламдан ўтди.

Reuters хабарига кўра, сўнгги йилларда актёр ўпка саратони касаллигидан даволанаётган бўлган.

Питер Фонда ўзбек томошабинига "Хавфсиз чавандоз" филмидаги роли билан таниш. У ўзининг актёрлик фаолияти давомида икки марта "Олтин глобус" мукофтини олган ва икки марта "Оскар" мукофотига номзод бўлган.

Петер таниқли Холливуд юлдузи Ҳенри Фонданинг ўғлидир.

ОАВ: Трамп Даниядан Гренландияни сотиб олиш имкониятига қизиқмоқда

Гренландия ороли яқинидаги айсберг

The Wall Street Journal газетасининг Оқ уйдаги манбасига таяниб ёзишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчилари билан Қўшма Штатларнинг Гренландияни сотиб олиш имкониятларини бир неча бор муҳокама қилган.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

The Wall Street Journal манбаларининг сўзларига қараганда, расмий учрашув ва яқинлари билан бўлиб ўтадиган суҳбатларда Трамп маслаҳатчиларидан АҚШ қонунан Гренландияни олиши мумкинми деб сўраган, жавобларни қизиқиш билан тинглаган ҳамда Шимолий Атлантика ва Шимолий Муз океани ўртасида жойлашган Дания ҳудудининг катта табиий ресурсларига ва геосиёсий аҳамиятига эътибор қаратган. Президент ҳатто Оқ уй юристларига мурожаат қилиб эҳтимолий битимнинг хуқуқий асосларини ўрганиб чиқишларини илтимос қилган.

Сентябрь ойи бошларида Трампнинг Данияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бироқ, The Wall Street Journalнинг ёзишича, кун тартибига Гренландия масаласини муҳокама қилиш киритилмаган.

The Wall Street Journalнинг таъкидлашича, президент Копенгагенда ўзининг мухтор ҳудудларини бир йилда 591 миллион долларлик молия билан таъминлашда мураккабликлар пайдо бўлгани ҳақида хабар топганидан кейин, Трампнинг Гренландияга қизиқиши пайдо бўлган.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ, Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.

Швецияда терактга алоқадорликда гумон қилинган яна бир ўзбек қўлга олинди

2017 йилнинг 7 апрелида Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини қасддан одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди

Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинаси билан бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга олинди.

Бу ҳақда таҳририяти Швецияда жойлашган eltuz.com сайти маҳаллий “Афтонбладет” (Aftonbladet) нашрига таяниб хабар қилди.

Айтилишича, 32 яшар ўзбек ўзининг шахсий ширкатига расмийлаштирилган “Volvo” автомобилида кўчанинг гавжум қисмида одамларни бостиришга ҳаракат қилган.

Ekot швед радиоси бу шахснинг ўзбекистонлик эканини очиқлади. У эндиликда қотиллик режасига тайёргарликда айбланиб, полицияга топширилган.

Швед нашрлари, шунингдек, воқеа гувоҳлари шубҳали ҳаракатлар қилаётган ҳайдовчи ҳақида хабар беришгани, полиция машина бетон бордюрга бориб урилганидан кейин бу шахсни қўлга олишга муваффақ бўлгани, унинг ёнидан тергов версиясига алоқадор далиллар чиққанини ёзмоқда.

“Элтуз” нашрининг ўз манбалари орқали ўрганишича, қўлга олинган шахс Швециянинг Ямтленд вилояти Фолинг (Föllinge) шаҳрида яшовчи 1983 йил туғилган Дилшод Усмоновдир.

Швед нашрларининг мамлакат хавфсизлик хизмати (SÄPO) дан иқтибос қилиб билдиришларича, полицияда Усмоновни террор актига алоқадорлигини тасдиқловчи жиддий далиллар бор.

Бироқ ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан иш бошлаган швед полицияси ва хавфсизлик хизмати терговга ва гумонланувчининг шахсига оид маълумотларни очиқламаяпти.

Шу йилнинг январида швед суди “Исломий давлат” (ИШИД террор ташкилоти)ни молиялаш ва терактлар тайёрлашда айбланган олти нафар ўзбек – Акромжон Эргашев, Ғулом Тожиев , Фарҳод Тошмуҳаммедов, Шоаҳмад Маҳмудов, Бахтиёр Умаров, қирғизистонлик Отабек Абдуллаев устидан ҳукм чиқарган эди.

Уларнинг икки нафари айни Усмонов яшаётган Швециянинг Ocтерсунд шаҳридан эканини “Элтуз” нашри очиқлаганди.

Жумладан, ўзбекистонликлар Стокгольм суди қарори билан «Исломий давлат»ни молиялаш ва Европа давлатларида кенг миқёсда террор актларига тайёргарлик кўришда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Швед нашрларининг хавфсизлик хизматларидан иқтибос келтириб билдиришича, Усмоновнинг бошқа бир ўзбекистонлик террорчи Раҳмат Оқилов билан ҳам алоқалари бўлган.

2017 йилнинг 7 апрел куни Раҳмат Оқилов юк машинасида Стокгольм марказий кўчаси Дроттнинггатанда бир неча одамни босиб, теракт содир этган. Тўрт киши, жумладан, 11 яшар қизалоқ ҳалок бўлган, 15 одам жароҳатланган эди.

Ҳибсдаги собиқ президент Атамбаевнинг хотини устидан жиноят иши очилди

Раиса Атамбаева

Қирғизистон президенти аппаратининг Суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими собиқ мудири Манас Арабаевнинг иши доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг турмуш ўртоғи Раиса Атамбаевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу хақда Атамбаеванинг ўзи журналистларга маълум қилди.

"Ҳозиргина Арабаевнинг иши доирасида бугундан бошлаб менга нисбатан жиноят иши очилаётганини билдим. Шуни айтаманки, мен ҳеч қачон судьялар ишига аралашмаганман, мен сиёсат ифлос иш эканлигини биламан, шу сабабли ҳам унга аралашмасликка ҳаракат қилганман. Мен ҳатто бирорта судьяни ҳам танимайман" деди Атамбаева.

Бу маълумотни Қирғизистон бош прокуратураси тасдиқлади.

Раиса Атамбаеванинг фикрича, оиласи ва собиқ президентнинг тарафдорларига нисбатан «оммавий таъқиблар олиб борилмоқда». Бу ҳақда у журналистларга Алмазбек Атамбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш мақсадида кўчма суд мажлиси ўтаётган МХДҚ биноси олдида баёнот берди.

«Алмазбек Шаршеновичнинг катта ўғли- Сейитбек Атамбаев шафқатсизларча калтакланди. У гипс ва ҳассада бўлишига қарамай ҳар куни сўроқ учун МХДҚга олиб борилмоқда. Атамбаевнинг жиянига нисбатан иккита жиноят иши очилди. Катта ўғли қайнотасининг уйида тинтув ўтказилди, милиционерлар бирор бир огоҳлантиришсиз уйга бостириб киришди ва уйнинг ағдар-тўнтар қилиб ташлашди» деди Раиса Атамбаева.

Собиқ биринчи хоним президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат қилиб, оиласини таъқиб қилиниши тўхтатилишини сўради, ҳамда “аввалги ҳукмдорлар ўзларининг рақибларининг хотинлари ва болаларини таъқиб қилмаганини” таъкидлаб ўтди.

Манас Арабаев 2 июнь куни ушланган, унга нисбатан «Коррупция» моддаси бўйича жиноят иши очилган. МХДҚ маълумотига кўра, у айрим жиноий гуруҳлар манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда, хорижий инвесторларга тегишли обьектларни зўравонлик билан эгаллаб олишда гумонланмоқда.

Исроил АҚШ Конгрессининг икки мусулмон аъзосини мамлакатга киритмаслигини билдирди

Рашида Тлаиб (ўнгда) ва Илхан Ўмар (чапда)

Исроил АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг аъзолари бўлган Рашида Тлаиб ва Илхан Ўмарни мамлакатга киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бу икки демократ АҚШ вакиллар палатасига биринчи марта сайланган мусулмон аёллардир.

Тлаиб ва Ўмар президент Трампнинг ва Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатини мунтазам танқид қилиб келган.

Улар Исроилга қарши “Бойкот, инвестиция ва санкциялардан воз кечиш” ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлар. Мазкур ҳаракат аъзоларига эса Исроилга кириш тақиқланади.

Конгрессдаги демократлар лидери Нэнси Пелоси Исроилнинг қароридан афсусда эканини билдирди. Сенатдаги демократик озчилик лидери Чак Шумер эса Исроилни мазкур қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Илхан Ўмар ўзининг Исроилга кириши тақиқланганини ҳақорат деб қабул қилишини айтди. Рашида Тлаиб эса мазкур қарорни Исроил ҳукуматининг ожизлиги сифатида шарҳлади.

Москва суди норозилик намойишида қўлга олинганларни қамоқдан бўшатиш талабини қондирмади

Кирилл Жуков 27 июль кунги норозилик намойиши пайтида қўлга олинган эди.

Москва шаҳар суди 27 июль кунги норозилик намойиши пайтида қўлга олинган Кирилл Жуков, Даниил Конон ва Алексей Миняйлони ҳибсдан озод қилиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирмади.

Адвокатларнинг ва жамоатчиликнинг бу уч ёш йигитни уй қамоғига чиқариш тўғрисидаги илтимослари эътиборга олинмади.

Кирил Жуков учун 6 одам, Данил Конон учун 150 одам кафолат берган эди. Мухолифатчи Навальний асос солган коррупцияга қарши кураш фонди эса 2 миллион рубль гаров пули таклиф қилган.

-Москвада ва умуман мамлакатда нима бўлаётганини кўриб турган ҳолда ишонч билан айтиш мумкинки - Россия эркинлик сари дадил қадам ташламоқда. Мен озод бўламанми ёки йўқми-билмайман, бироқ Россия аниқ озод бўлади, - деди Кирилл Жуков судда сўзлаган нутқида.

Москвада 27 июль куни ўтган норозилик намойиши пайтида қўлга олинган 14 одам тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда.

Бироқ адвокатлар ва жамоатчилик бундай айбловга қарши чиқмоқда. Улар фикрича, намойишда тартибсизлик бўлмаган, чунки намойиш пайтида норозилар томонидан ҳеч қандай зўравонликлар қилинмаган.

Қўлга олинганларга нисбатан жиноят ишини тўхтатиш талабномасига 130 мингдан кўпроқ одам қўл қўйди.

Кашмирнинг Покистон қисмида Ҳиндистонга қарши "Қора кун" тадбири ўтказилди

Кашмирдаги "Қора кун" тадбири иштирокчилари.

Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмида 15 август куни Ҳиндистон мустақиллиги куни муносабати билан “Қора кун” тадбири ўтказилди.

Кашмир маркази Музаффарободда “Ҳуррият посбонлари” ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирда минтақанинг Ҳиндистонга қарашли ҳудудидан мухторият мақоми олиб ташланганига норозилик билдирилди.

-15 август куни эрталаб ҳинд самолётлари мустақиллик куни муносабати билан осмонга парвоз қилар экан, биз уларга қарши қора шарлар ва қора байроқларни ҳавога учирамиз. Негаки, бу қора кундир. Одамлар Ҳиндистон байроқларига “Озодлик” деган сўзларни ёзиб ҳавога учирмоқда. Одамлар Кашмирда Ҳиндистон қилаётган зўравонликлардан норози,-деб билдирди “Ҳуррият посбонлари” ташкилоти раиси Узайр Аҳмад Ғазалий.

5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Покистон Ҳиндистон билан муносабатлар даражасини пасайтирган, савдо-сотиқ ва транспорт қатновини чеклаган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Airbus A321 самолёти Москва вилоятида жўxоризорга қўнди. 23 киши жароҳатланди (ВИДЕО)

"Уральские авиалинии" ширкатининг Москвадан Симферополга учаётган Airbus A321 самолёти ғилдираклари чиқарилмаган ва моторлари ўчирилган ҳолатда Москва вилоятидаги маккажўҳори экилган далага қўнишга мажбур бўлди.

Самолётда экипажнинг 7 аъзосини қўшиб ҳисоблаганда 233 киши бўлган. 23 киши, шу жумладан 5 бола лат еб жабрланди. Жабрланганларнинг ҳаммаси врачлар кўригидан ўтказилгани, касалхонага ётқизилмаганини Москва вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

"Уральские авиалинии" ширкатига кўра, самолёт моторига қушлар галаси кириб кетгани оқибатида бир моторда ёнғин чиққан ва самолёт далага қўнишга мажбур бўлган.

Facebook фойдаланувчиларнинг овозларини ширкатларга тақдим этганини тан олди

Facebook фойдаланувчиларнинг овозли ёзишмаларини учинчи ширкатларга тақдим этганини тан олди. Bloomberg нашри бу ҳақда Facebook ширкатидан олинган расмий мактубга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Facebook Messenger фойдаланувчиларидан фақат айримларининг овозли ёзишмалари бошқа ширкатларга тақдим этилган. Facebook бундан мақсад диктовка функциясини мукаммаллаштириш бўлганини иддао қилмоқда.

Бироқ овозли ёзишмалар бошқаларга тақдим этилиши тўғрисида Facebook Messenger фойдаланувчилари огоҳлантирилмаган. Facebook овозларни расшифровка қилиш автоматик тарзда амалга оширилганини билдирди.

The Verge журналининг ёзишича, Google, Amazon, Microsoft ва Apple ширкатлари фойдаланувчиларнинг овозларини бошқа ширкатларга тақдим этгани юзасидан гумонлар пайдо бўлгани ортидан Facebook ҳам мана шундай амалиётда шубҳа қилина бошланган эди.

Apple мазкур амалиётни тўхтатганини расман эълон қилди. Amazon фойдаланувчиларга ўз овозларини бошқа ширкатларга бермаслик ҳақида ширкатни огоҳлантиришни тавсия қилди. Google эса бу сифатни яхшилашга қаратилган оддий амалиётдир, деган нуқтаи-назарда эканини билдирмоқда.

Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини етарли даражада ҳимоя қила олмаётгани учун бир неча марта кескин танқидларга учраган эди. 2019 йилнинг мартида ширкат асосчиси Марк Цукерберг Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни кучайтириш йўналишида иш олиб боришини ваъда қилганди.

Гибралтарда қўлга олинган Эрон кемаси бугун озод этилиши мумкин

Буюк Британия Ҳарбий-денгиз флотига қарашли патруль кемаси Гибралтарнинг сув ҳудудида Эроннинг Grace 1 улкан нефть ташувчи кемасини ҳибсга олмоқда.

Британия 15 август куни Гибралтар бўғозида июль ойида қўлга олинган Эрон нефть танкерини ҳибсдан озод қилади, деб ёзди Sun газетаси.

Гибралтар ҳукумати Эрон нефть танкери 4 июлда Британия Қироллик денгиз аскарлари томонидан ҳибсга олинганини билдирган эди. Бунга кема Европа Иттифоқи санкцияларига зид равишда Сурияга нефть олиб кетаётгани сабаб бўлган.

Эрон эса танкер Сурияга нефть ташиганини инкор этиб келмоқда. Эрон мудофаа вазири Амир Ҳатамий Эрон нефть танкерининг Британия томонидан ҳибсга олинганини “таҳдид” ва “ножўя” ҳаракат, деб баёнот берганди.

Покистон Бош вазири мустақилликка бағишланган нутқини Кашмирда сўзлади

Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Покистон Бош вазири Имрон Хон мамлакат мустақиллиги муносабати билан Кашмир маркази Музаффарободда сўзлаган нутқида Ҳиндистон Кашмирнинг ўзига қарашли қисмидан мухторият мақомини олиб ташлаганини танқид қилди:

-Мен Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди стратегик хатога йўл қўйди, деб ҳисоблайман. У ўзининг сўнгги картасини ўйнаб бўлди. Мен ўйлайманки, бу воқеа Нарендра Моди ва унинг партияси учун оғир оқибатларни келтириб чиқаради,-деди Имрон Хон Кашмир парламентида қилган чиқишида.

Айни пайтда Бош вазир Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмини ҳимоя қилиш учун армия қудрати етарли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

5 август куни Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида мухторият мақомини бекор қилган эди. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг ташвишига сабаб бўлган.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери ядровий қуролга эга бўлган икки давлат- Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Тожикистон расмийлари 13 йил олдин қочиб кетган Хўжа командир Дубайда ушланганини билдирди

Хўжа Каримов

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Дубайда (Бирлашган араб амирликлари) Хўжа командир лақаби билан танилган, Тожикистондаги фуқаролар урушида Халқ фронтининг собиқ дала қўмондони бўлган Хўжа Каримовнинг ушланганини маълум қилди.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомалининг 14 август куни Озоди радиосига айтишича, айни дамда Каримовни Тожикистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Собиқ қўмондон тожик томонининг сўровига биноан Интерпол томонидан ушланган.

13 йил муқаддам Тожикистондан қочиб кетган Хўжа Каримов 2000 йилдан бери халқаро қидирувда эди, унинг иши Интерполга топширилган. Каримов 1992 йилдан 1997 йилга қадар бўлган даврда бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Каримовга нисбатан 2005 йил 20 сентябрь куни очилган жиноят ишида таъкидланишича, собиқ дала қўмондони қотиллик, ўғирлик, гаровга олиш ҳамда миллий ва халқаро характердаги бошқа жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тожикистондан қочиб кетгунга қадар Хўжа Каримов Мудофаа вазирлигининг махсус бригадаси қўмондонининг биринчи ўринбосари ва Тожикистон Футбол Федерацияси раиси бўлган.

Трамп Хитой маҳсулотларига бож қўллашни ортга сурди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларига бож қўллашни кейинроққа қолдириш тўғрисидаги баёноти ортидан сешанба куни Америка молия бозоридаги компанияларнинг 80 фоиз акциялари кўтарилиб кетди.

Трамп сешанба куни баёнот бериб, Хитойнинг кенг истеъмол маҳсулотларига қўшимча божлар киритишни кечиктиришга қарор қилганини маълум қилди. Унинг фикрича, бу мамлакатлар ўртасидаги савдо уруши ва унинг оқибатлари жаҳон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатишидан ташвишга тушаётган инвесторларни хотиржам қилади. Август ойи бошларида бозор индекслари икки ҳафта аввалги чўққидан деярли 10 фоиз тушиб кетди. Тушиш Трамп маъмурияти Хитой ўз валютасини манипуляция қилаётгани тўғрисида баёнот берганидан кейин кучайиб кетди.

​Экспертларнинг таъкидлашларича, тарифланадиган маҳсулотлар рўйхатига асосан қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотлари кирган. Тарифланадиган маҳсулотлар рўйхатига истеъмол моллари: маиший электроника ва кундалик эҳтиёж моллари деярли киритилмаган.

Янги тарифларнинг кейинга қолдирилишини айрим иқтисодчилар Трамп ўзининг савдо сиёсатида фонд бозоридаги сигналларга жиддий эътибор қаратаётганига аҳамият беришмоқда. Уларнинг фикрича, Трамп молиявий бозорлар Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо қарама-қаршилигига мос келмаслигидан хавотир олаётган бўлиши ҳам мумкин экан. Бу инвесторларнинг охир оқибат Трамп ишни бозорнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлувчи савдо урушигача олиб бормаслигига ишонч ҳосил қилмоқда.

Ўтган йили Трамп администрацияси Хитойда ишлаб чиқарилган кўплаб турдаги маҳсулотларга 10-фоизлик солиқ жорий қилган эди. Бироқ, рўйхат шундай тузилган эдики, солиқлар истеъмол молларига эмас, балки корхоналарга сотиладиган маҳсулотларга солинган эди. Баҳорда Трамп администрацияси бу тарифни 25 фоизгача оширди, шу билан бирга уни яна 10 фоизга ошириш билан писанда ҳам қилиб қўйди. Янги 10-фоизлик бож 1 сентябрдан кучга кириши керак эди, аммо кеча жорий қилиш камида декабрь ўрталарига қадар кечиктирилиши эълон қилинди.

Аёллар афсонавий қўшиқчи Пласидо Домингони жинсий тажовузда айбламоқдалар

Пласидо Доминго 14 марта “Грэмми” мукофотига сазовор бўлган.

Бир неча аёл афсонавий опера қўшиқчиси Пласидо Домингони жинсий тажовуз қилишга уринишда айбламоқда. Уларга кўра, Доминго ўзининг афсонавий қўшиқчи мақомидан фойдаланган ҳолда, уларни жинсий алоқага ундаган.

«Ассошиэйтед пресс» агентлигининг 13 август куни хабар беришича, бу ҳақда матбуотга саккиз нафар қўшиқчи аёл ва бир нафар раққоса маълум қилди. Улар ҳозирда 78 ёшда бўлган Доминго 1980 йилларда жинсий алоқа қилишга уринганини иддао этмоқдалар.

-Мен бошқа яширолмайман. Мен ўйлайманки, ҳақиқат мен томонда. Бу воқеаларни кўрган гувоҳим ҳам бор. Менинг яширадиган нарсам йўқ. Ўйлайманки, бу билан мен мана шундай ҳолатга дуч келаётган бошқа ёш аёлларга кўмак кўрсатган бўламан,-деди Домингони айблаётганлардан бири, опера қўшиқчиси Патрисия Вульф.

Домингонинг ўзи бу айбловларни инкор этди ва тухмат деб баҳолади. Аммо шунга қарамай, Филаделфия оркестри Доминго билан биргаликда 18 сентябрь куни ўтказилиши лозим бўлган концертни бекор қилди.

Испанияда туғилган ва ўз ижодий ҳаётининг асосий қисмини Лос-Анжелес операси дирижери ҳамда режиссёри сифатида ўтказган Доминго жаҳондаги энг машҳур опера артистларидан бири ҳисобланади.

50 йилдан кўпроқ вақтдан бери саҳнада қолаётган Пласидо Доминго 14 марта “Грэмми” мукофотига сазовор бўлган.

Жаҳонда қизамиқ эпидемияси кенг тарқалишда давом этмоқда

Иллюстратив сурат.

Жаҳон саломатлик ташкилоти (ЖСТ) дунёда қизамиқ эпидемияси кенг тарқалишда давом этаётганидан ташвиш билдирди.

Ташкилотга кўра, шу кунгача қизамиққа чалинганларнинг энг кўпи Украинада қайд этилди.

ЖСТ вакили Кристиан Линдмейер Женевада 13 августда қилган чиқишида 2019 йилнинг шу кунигача қизамиққа чалинган 365 минг одам рўйхатга олинганини маълум қилди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 130 минг одамни ташкил қилган эди.

Август ойларининг бошларида Ўзбекистон матбуотида ҳам Самарқандда қизамиқ эпидемияси кузатилгани тўғрисида ташвишли хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 август куни Самарқанд вилоятида қизамиқ касаллигининг тарқалишига қизамиққа қарши эмланмаган чет эл фуқаролари сабаб бўлгани ҳақида расмий билдирув тарқатди.

Вазирликнинг билдиришича, жорий йил бошидан бери Самарқанд вилоятида 419 одам қизамиққа чалингани гумон қилинган, аммо улардан фақат 29 нафарида мазкур касаллик мавжудлиги тасдиқланган. Қизамиқнинг олдини олиш мақсадида Самарқандда қўшимча равишда 11 мингдан ортиқ одам эмланган. Қизамиқдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Қирғизистонда СССР даврида мамлакатни 25 йил бошқарган Усубалиевнинг хотираси абадийлаштирилади

Турдакун Усубалиевни дафн этиш маросими. 2015 йил, 9 сентябрь.

Таниқли давлат арбоби Турдакун Усубалиевнинг юз йиллигини нишонлаш доирасида Қирғизистондаги тоғ чўққиларидан бирига ва пойтахт Бишкекнинг “Эски майдон”ига унинг номи берилади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти маълум қилди.

Хабарда айтилишича, президент Сўўрўнбай Жээнбеков бу масалада махсус йиғилиш ўтказди ва Турдакун Усубалиевнинг юз йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита аъзоларини қабул қилди.

Турдакун Усубалиев 1919 йилнинг 6 ноябрида Норин вилоятидаги Қўчқор қишлоғида туғилган. У СССР даврида 1961 йилдан 1985 йилгача Қирғизистонга 25 йил давомида раҳбарлик қилди. У 2015 йилда 96 ёшида вафот этган.

У Қирғизистонга раҳбарлик қилган даврда 150дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонаси қурилгани айтилади.

Украинадан жосусликда айбланган Россия дипломати бадарға қилинди

Украина хавфсизлик хизмати рамзи.

Украина хавфсизлик хизмати мамлакатдан Россия дипломати бадарға қилинганини билдирди. 13 августда тарқатилган расмий баёнотда дипломат “Россиянинг Львовдаги бош консулхонаси панасида ишлаган жосус” деб аталди.

Баёнотда таъкидланишича, дипломат 2014 йилда Россия разведкасига ёлланган Украина фуқароси бўлган ҳарбий пенсионердан махфий маълумотларни олиб турган. Бу маълумотлар Украина давлат ва жамоат арбоблари, ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизматлар, қуролли кучлар ҳамда армиядаги хорижий маслаҳатчилар фаолиятига тааллуқли бўлган.

Украина фуқароси давлатга хиёнатда айбланиб қўлга олинган. Россия дипломати “исталмаган шахс” деб эълон қилинди ва Украина ҳудудини тарк этди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча мазкур баёнотга расман муносабат билдирмади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарлиги Ҳонконгдаги воқеалардан ташвиш билдирди

Ҳонконгда полиция билан тўқнашувда жароҳатланганлардан бири.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарлиги Ҳонконгда намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатилганидан ташвиш билдирди

-БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссарлиги Ҳонконг ҳукуматини ўз нуқтаи назарини тинч йўл билан ирод этаётганлар ҳуқуқларини ҳурмат ва ҳимоя қилиш учун босиқликка чақиради. Айни пайтда зўравонлик қилаётганларга полиция тезкор муносабат билдиришини таъминлаш лозим, аммо куч қўллаш халқаро стандартларга мувофиқ тарзда бўлиши ва ҳаддан ташқарига чиқмаслиги зарур,-деди Олий Комиссар матбуот котиби Руперт Колвилл 13 август куни.

13 август куни Ҳонконг аэропортини эгаллаб олган минглаб норозилар полиция билан тўқнашгани хабар қилинди. Дунёдаги энг йирик аэропортлардан бири бўлган Ҳонконг аэропорти икки кундан бери барча парвозларни бекор қилишга мажбур бўлмоқда.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши намойишлар 9 июнда бошланган ва шу кунгача тўхтамаяпти.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Пекиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Путин Москвадаги норозиликларни "ташвишли ҳолат" деб ҳисобламайди

Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия президенти Владимир Путин Москвадаги намойшларни диққат билан кузатиб бормоқда, аммо у бу акцияларни “ўта ташвишли ҳодиса” сифатида қабул қилмайди. Бу ҳақда президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 13 август куни маълум қилди. Унга кўра, минглаб норозиларнинг қўлга олиниши хавфсизликни сақлаш учун зарур бўлган чорадир.

-Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ўз вазифаларини бажараяптилар ва табиийки, ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш, хавфсизликни сақлаш учун қўлларидан келган барча чора-тадбирларни кўрмоқда,-деди Песков.

Москвада июль ойи ўрталаридан бери мухолиф номзодларнинг Москва шаҳар кенгаши депутатлигига сайланишига рухсат берилмаганига қарши "Адолатли сайловлар учун" норозилик тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Намойишларда қатнашган минглаб одамлар ҳибс қилинган.

10 августда ўтказилган сўнгги намойишдан сўнг, 13 август куни Москва суди Сайлов комиссиясининг мухолифатдаги “Яблоко” партияси вакили Сергей Митрохинни депутатликка номзод сифатида рўйхатга олмаслик тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Москва думасига сайлов 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Тожикистонда фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жазо кучайтирилди

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида ўтказилган рейд давомида қўлга тушган аёллар.

Тожикистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартишларга биноан бундан буён фоҳишалик билан шуғулланганларга 1100 дан 1600 сомонийгача (110-165 АҚШ доллар) жарима солиниши мумкин. Иккинчи марта қўлга тушганлар 1650 дан 2750 сомонийгача жаримага тортилади ёки 15 суткага қамалади.

Шу кунгача жарима миқдори 550 дан 1100 сомонийгача бўлган.

2015 йили Тожикистон парламенти фоҳишалик ва қўшмачилик билан шуғулланганларга жазо чораларини кучайтирган эди.

Тожикистон ИИВ маълумотларига қараганда, 2018 йили бу мамлакатда фоҳишалик билан шуғулланувчи қарийб 6 минг нафар, шу жумладан 32 нафар вояга етмаган қиз, ёши 18 дан 30 гача бўлган 1,5 минг аёл аёл қайдга олинган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жазо чоралари кучайтирилганидан буён уларнинг турмуши янада оғирлашган.

Тоғли Бадахшонда Тожикистон ва Хитой ҳарбий бўлинмаларининг қўшма машқлари давом этмоқда

Тожикистон расмийларига кўра, ҳарбий машқлардан кўзланган асосий мақсад иккита қўшни давлат ҳарбий бўлинмаларининг террор хавфларини бартараф этишда қўшма ҳаракатларини ишлаб чиқишдан иборат. Сўнги бор Тожикистон ва Хитой ўртасидаги бу каби машқлар 2016 йил сўнгида ўтказилган эди.

Мамлакат мудофаа вазирлигининг баёнот беришича, ҳарбий машқлар 12 август куни эрта тонгда 3,5 минг метр баландликда жойлашган Шугнан туманининг «Желонди» ҳарбий полигонида бошланди. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машқлар 14 августга қадар давом этади. Машқларга авиация, танклар ва артиллерия, шунингдек мотоўқчи қисм жалб қилинади.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимзоданинг 13 август куни Озоди радиосига айтишича, ўтказилаётган қўшма машқлардан асосий мақсад Тожикистон ва Хитой ҳарбий бўлинмаларининг террор ва экстремистик гуруҳларни бартараф этишда қўшма ҳаракатларини ишлаб чиқишдан, шу каби террор хавфи пайдо бўлгудек бўлса талофатларни камайтиришни режалаштиришдан иборат.

Машқларда ХХР ҳарбий бўлинмалари ҳам иштирок этмоқда, бироқ Хитой томонидан жалб қилинган ҳарбий хизматчилар ва техникалар сони ҳақида маълумот тарқатилмаган. 2016 йилда бўлиб ўтган Тожикистон-Хитой қўшма ҳарбий машқларида 200 нафар хитойлик ҳарбий хизматчи иштирок этган эди. 2016 йил октябрида ТБМВда бўлиб ўтган қўшма машқларда салкам10 мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб қилинганди.

Ориф Нозимзоданинг таъкидлашича, «машқларнинг ўтказилиши мақсадларидан яна бири Афғонистон билан чегарадаги Бадахшонда жойлашган ҳарбий қисмлар шаҳсий таркиби билан биргаликда ҳаракатлар олиб боришдан иборат”. «Желонди полигонида 14 август куни авиация, танклар ва зирхли транспортерлар, артиллерия қурилмалари ва бошқа махсус қурол ва техникалар ҳам ўз ҳаракатларини ишга соладилар», -деди Ориф Нозимзода.

Тожикистон-Хитой қўшма ҳарбий машқлари Афғонистоннинг Бадахшонида нотинч бўлган бир вазиятда бўлиб ўтмоқда. Толиблар гуруҳи бир неча йилдан бери мазкур вилоятдаги бир нечта уездни ўз назоратида ушлаб турибди. Тўғри, ҳозирча бирор марта ҳам Тожикистон худудига киришга уриниш бўлмаган, аммо шунга қарамай минтақа мамлакатлари Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вазиятни хавфли дея кўришади.

Нур-Султонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан намойиш ўтказилди

Нур-Султонда сиёсий маҳбуслар озод этилиши талаби билан ўтказилган намойишлардан бири.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридаги қатор Европа давлатларнинг элчихоналари жойлашган кўп қаватли бино олдида 12 август куни йигирмага яқин эркак ва аёл норозилик намойиши ўтказди.

Улар ҳукуматдан қамоқда сақланаётган сиёсатчилар ва фаолларни озод этилишини талаб қилаётганларини билдирдилар. Норозиларнинг қўлларида “Сиёсий маҳбусларга озодлик” деган плакат бор эди. Улар “Озодлик” деган сўзни ҳайқириб турдилар.

Маълум қилинишича, норозилар Қозоғистон атом саноати агентлигининг собиқ раҳбари Мухтор Жакишевни, диссидент шоир Арон Атабекни, фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати фаоллари Макс Бокаевни, Алмат Жумагуловни ва Кенжабек Абишевни озод этилишини талаб қилаётирлар.

Бундан ташқари, улар ҳукуматни рухсат берилмаган норозилик намойишларида иштирок этишда айбланиб қўлга олинган ва айни пайтда тергов қилинаётган фаолларни ҳам ҳибсдан чиқаришга чақирмоқда.

Росатомнинг синов пайтида ҳалок бўлган ходимлари дафн этилди

Суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва сақлашга ихтисослашган "Серебрянка" теплоходи.

Россиянинг Саров шаҳрида Росатом корпорациясининг Архангельск вилоятида ўтказилган синов пайтида ҳалок бўлган беш нафар ходимини дафн қилиш маросими бўлиб ўтди. Шаҳарда 11-12 август мотам кунлари бўлди. Ҳалок бўлганлар давлат мукофотларига тақдим этилиши айтилди.

Росатом ҳодимлари Оқ денгизда “махсус ускунани синаётган” пайтларида портлаш оқибатида ҳалок бўлган. Росатом расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар бу каби ускуналарни синаш бўйича катта тажрибага эга эдилар.

Архангельск вилоятидаги портлаш ҳақида 8 август куни хабар берилган. Росатомнинг билдиришича, синов пайтида радиоактив изотопий ёнилғисида ишловчи двигателга эга бўлган ракета портлаб кетган.

Ғарб матбуоти Оқ денгизнинг тажриба ўтказилган ҳудудида суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва сақлашга ихтисослашган "Серебрянка" теплоходи кузатилганини ёзмоқдалар. Оқ денгиз ҳудуди кемалар учун икки ойга ёпилди.

Ўтган йили Россия матбуоти Сровдаги ядровий марказ қитъалараро чексиз масофага учувчи “Буревестник” ракетаси устида иш олиб бораётганини билдирган эди.

Матбуотнинг АҚШ разведкасига таянган ҳолда хабар беришича, мазкур ракета синовларидан фақат биттаси муваффақиятли якунланган.

Украина собиқ президенти икки соат мобайнида сўроқ қилинди

Украина собиқ президенти Петро Порошенко.

Украина собиқ президенти Петро Порошенко солиқ тўлашдан бўйин товлаш юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида сўроқ қилинди.

Порошенконинг 12 август куни билдиришича, терговчилар уни икки соат давомида сўроқ қилишган.

-Мен Давлат тергов бюроси ва унинг раҳбариятига ишонмайман. Мен терговчилар ҳолис ва адолатли эканига ишонмайман. Айни пайтда мен “Прямой” телеканали студиясида жонли эфирда ёлғон детекторида текширувдан ўтишга тайёрман. Аммо терговчилар бу таклифимдан мамнун эмаслар, - деди Порошенко.

Давлат тергов бюроси директори Роман Труба аввалроқ Петро Порошенко ёлғон детектори воситасида сўроқ қилинишини билдирган эди.

Трубанинг айтишича, Порошенко “Прямой” телеканалини сотиб олиш пайтида солиқларни яшириш иши бўйича гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG