Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:38

Халқаро хабарлар

Исроил АҚШ Конгрессининг икки мусулмон аъзосини мамлакатга киритмаслигини билдирди

Рашида Тлаиб (ўнгда) ва Илхан Ўмар (чапда)

Исроил АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг аъзолари бўлган Рашида Тлаиб ва Илхан Ўмарни мамлакатга киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Бу икки демократ АҚШ вакиллар палатасига биринчи марта сайланган мусулмон аёллардир.

Тлаиб ва Ўмар президент Трампнинг ва Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатини мунтазам танқид қилиб келган.

Улар Исроилга қарши “Бойкот, инвестиция ва санкциялардан воз кечиш” ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлар. Мазкур ҳаракат аъзоларига эса Исроилга кириш тақиқланади.

Конгрессдаги демократлар лидери Нэнси Пелоси Исроилнинг қароридан афсусда эканини билдирди. Сенатдаги демократик озчилик лидери Чак Шумер эса Исроилни мазкур қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Илхан Ўмар ўзининг Исроилга кириши тақиқланганини ҳақорат деб қабул қилишини айтди. Рашида Тлаиб эса мазкур қарорни Исроил ҳукуматининг ожизлиги сифатида шарҳлади.

Кун янгиликлари

Сурия уруши бўйича янги музокаралар Қозоғистонда ўтказилади

Туркия, Эрон ва Россия делегациялари 10 декабрда икки кун уч томонлама музокаралар ўтказиш учун Нур-Султонга ташриф буюрди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Айбек Смадияров журналистларга хабар қилди.

Учрашувлар Сурияда 8 йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушига доимий ечим топишга қаратилган, яна улар урушдан кейинги конституцияни ишлаб чиқиш, сиёсий ўтиш, хавфсизлик ва қочқинларни жойлаштириш бўйича давом этаётган музокараларни ҳам қамраб олади.

“Остона жараёни” деб номланган илк учрашув 2017 йил январида Туркияда БМТнинг Женевадаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган эди. Бу 14-учрашувдир.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев 5 декабрда Euroactiv медиатармоғига берган интервьюсида учрашувда “асосий эътибор Суриянинг шимолий қисмидаги Идлиб ҳудуди ва Фрот дарёси қирғоқларига тегишли техник масалаларга қаратилиши”ни айтган эди.

− Гап шимоли-шарқ йўналишидаги ҳудуд бўйича олдинги келишувларни кенгайтириши ҳақида кетмоқда. Бу – жуда нозик ҳудуд, чунки у ерда турклар, курдлар ва Ислом давлатининг қолган-қутган террорчилари бор, − деган эди у.

Қозоқ фаоллари мухолиф митинги олдидан қамоққа ташланди

Қозоғистоннинг 3 нафар инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоли пойтахт Нур-Султонда инсон ҳуқуқи ҳимояси бўйича ўтказилиши режалаштирилган митинг олдидан ҳибсга олинди.

Марат Мусабаев, Гулмира Халиқова ва Галия Тамабаева ҳибсга олинди.

Ҳамкасблари ва дўстлари 10 ноябрда Озодлик радиосига улар 16 декабрда ўтказилиши режалаштирилган митингларда “қатнашиши олдини олиш учун” қамоққа ташланганини айтди.

Фаолларга кўра, Нур-Султон суди 9 декабрь куни Халиқова ва Тамабаевани 27 ноябрда Европа Иттифоқи ваколатхонаси олдидаги рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун айбдор деб топди.

Улар бошқа инсон ҳуқуқи ҳимояси фаоллари билан бирга Европа Иттифоқини инсон ва фуқаролик ҳуқуқи масаласида Козоғистон ҳокимият идораларига босим ўтказишга даъват этган эди.

Иккала аёлнинг ҳар бири 10 кунга кесилди. Мусабаев эса интернет орқали 16 декабрдаги рухсат этилмаган митингда қатнашишга одамларни чорлагани учун айбдор деб топилди. Учовлоннинг қамалгани ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Мухолифатдаги “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракатини қочқиндаги олигарх ва мухолиф сиёсатчи Мухтар Аблязов ташкил қилган.

Ҳаракат 16 декабрь – Қозоғистоннинг мустақиллик куни пойтахт Нур-Султон ва бошқа шаҳарларда митинглар ташкил этишини эълон қилган эди.

АҚШ ҳукумати Афғонистондаги уруш масаласида жамоатчиликни чалғитиб келгани маълум бўлди

Генерал Дуглас Луте.

Washington Post газетаси 9 декабрда АҚШ ҳукуматининг махфий архивидаги ҳужжатларга асосланган мақола эълон қилди.

Айтилишича, АҚШнинг 3 та маъмурияти Афғонистондаги 18 йиллик уруш давомида йўл қўйилган хато ва муваффақиятсизликлар борасида тўғри ахборот бермай, жамоатчиликни чалғитиб келган.

Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2300 АҚШ аскари ҳалок бўлган ва қарийб 1 триллион доллар сарфланган урушнинг ҳали ҳам охири кўринмайди.

2000 бетдан ошиқ ҳужжатлардан урушда бевосита қатнашган кишиларнинг шикоятлари, ҳафсаласи пир бўлгани ҳақидаги фикрлари ва иқрорлари ўрин олган.

Ўша ҳужжатларда мавжуд вазиятдан тўлиқ хабардор 400 чоғли киши Вашингтоннинг Афғонистондаги стратегияси тўхтовсиз ўзгараётганини, ҳукуматни Афғонистонда бирор нарсага қодир ҳарбий кучларни ярата олмагани, толибларни тор-мор қила билмагани ва ҳукуматдаги коррупцияни енга олмагани учун танқид қилган.

‒ Биз Афғонистонни тўлиқ тушуна олмадик, нима қилаётганимизни билмадик, ‒ деган эди Буш ва Обама маъмуриятлари даврида Оқ Уйда Афғонистондаги уруш назорати билан шуғулланган уч юлдузли генерал Дуглас Луте 2015 йилда ҳукумат вакилларининг сўровига жавобан.

Питер Ҳандке Нобель мукофотини бойкот ва норозиликлар фонида оладиган бўлди

Ёзувчи Питер Ҳандке.

Туркия жорий йил 10 декабрида 2019 йилги адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти топширилиши маросимини бойкот қилишда Албания ва Косовога қўшлиши ҳақида баёнот берди.

Бунга мукофотга сазовор бўлган ёзувчи Питер Ҳандке Сербиянинг марҳум раҳбари Слободан Милошевични қўллаб-қувватлагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Туркиянинг Швециядаги элчиси Ҳаққи Эмри Юнт 9 декабрда “Hurriyet” телевидениесига бир кундан кейин Стокҳолмда бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимида қатнашмаслигини билдирди.

Ўша ерда Ҳандкега қарши намойиш ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари Туркия ҳукумати Швеция академиясини Ҳандкени мукофотлаш қарорини ўзгартиришга даъват қилган эди.

Косовонинг лавозимидан кетаётган ташқи ишлар вазири Беҳжет Паколли мамлакатнинг Швециядаги элчисига маросимни “бойкот қилиш”га кўрсатма берганини айтди.

Унинг фикрича, “Милошевични ва унинг Босния ва Косоводаги геноцидини қўллаб-қувватлаган ёзувчи Нобель мукофотига муносиб эмас”.

Албания ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Гент Чакай ҳам айни фикрда эканини Твиттердаги “Югославия таназзули вақтидаги уруш ваҳшийликларни оқлаш мукофот билдан тақдирланмаслиги керак” деган изоҳи билан баён қилди.

Стокҳолм марказидаги норозилик тадбирига юзлаб кишилар йиғилиши кутилмоқда. Яна бир намойиш мукофотлаш маросими ўтказиладиган Стокҳолм концерт зали ичкарисида ўтказилади.

Шинжон расмийлари “лагерлар”даги тутқунлар сонига оид маълумотларни рад этди

Шинжон-Уйғур мухтор бўлгаси раиси Шўҳрат Зокир.

Хитойнинг Шинжон вилояти ҳукумати 9 декабрь куни мамлакат шимолий-ғарбидаги “лагерлар”да аксариятини уйғур миллатига мансуб мусулмонлар ташкил қилган икки миллион нафаргача тутқун сақланаётганига оид маълумотларни ёлғон, деб атади.

Хитойлик расмийлар уйғурларга ёмон муносабатда бўлинаётганига оид маълумотларни ҳам рад этмоқда. Ҳуқуқ фаоллари мажбуран ушлаб турилувчилар учун “лагерлар” ўлароқ тавсифлаган муассасаларнинг мавжудлигини расмий Пекин дастлаб инкор қилган, бироқ кейинроқ бунақа муассасалар борлигини эътироф этиб, уларни “террорчилик ва экстремизмга қарши кураш мақсадида очилган касбга ўргатиш марказлари”, деб атаган.

“Ҳозирги пайтда сабоққа қатнашганларнинг барчаси ўқишини битирди”, дея иқтибос келтиради Reuters агентлиги душанба куни Пекинда матбуот анжумани ўтказган Шинжон вилояти губернатори Шўҳрат Зокир сўзларидан.

Ўтган йили БМТ бир миллионга яқин шинжонлик уйғур ва бошқа турк тилли миллатларга мансуб кишилар “экстремизмга қарши кураш марказлари”да жабран тутиб турилгани, миллионлаб одам “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га йўлланганини билдирганди.

Хитой расмийлари бу “лагерлар”га юборилганлар сони бўйича бирор расмий рақам келтирмаяпти. Шўҳрат Зокирга кўра, хориждан берилаётган баҳо “ғирт уйдирма” бўлиб ҳисобланади. У бошқа тафсилотларга тўхталмаган.

Шинжонда Ислом динига эътиқод қилувчи этник озчилик вакиллари оммавий равишда тутиб кетилаётгани ва у ерда “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари” барпо этилаётганига оид маълумотлар 2017 йил ўрталаридан бери келиб турибди.

Ғарб мамлакатлари Хитойнинг миллий озчиликларга нисбатан сиёсатини қоралаб келади. АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси ўтган ҳафта Шинжонда инсон ҳуқуқларини бузилиши ва мусулмон қатағонига жавобан хитойлик юқори лавозимли мулозимларига қарши санкциялар жорий этишга имкон берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган. Лойиҳага “уйғур акти” дея ном берилган.

АҚШ Конгресси томонидан маъқулланган ва Шинжонда “инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузганлик” учун Пекинни танқид остига олган қонун лойиҳаси Шўҳрат Зокир томонидан қораланди. У қонун лойиҳасини “халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузиш ва Хитойнинг ички ишларига қўпол равишда аралашиш”, дея баҳолаган.

Тожикистонда хусусий шахсларга олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошларни қазиб олишга рухсат берилди

Тожикистон ҳукумати хусусий шахсларга рангли ва қимматбаҳо металларни, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олишга рухсат берди.

Бу каби бойликларни қазиб олиш тартиби мамлакат ҳукумати томонидан 27 ноябрь куни тасдиқланган.

Хусусий тартибда олтин, кумуш, платина, қўрғошин, вольфрам, титан каби металлар, қимматбаҳо тошлардан ёқут, сапфир, хризолит, топаз, берилл, нефрит, ақиқ, кварц ва бошқа тошлар, ноёб минерал унсурлардан лопарит, монацит, ксенотим, баснезит кабилар қазиб олинишига рухсат берилди.

Қазиб олувчи хусусий шахсларга қўл жиҳозларидан, 50 от кучига эга двигателли техникадан ҳамда кичик бурғулаш асбобларидан фойдаланишга рухсат берилган. Уларга тупроқни тозалашда кимёвий реагентлардан фойдаланиш тақиқланган.

Қазувчилар ўз ишлари учун маҳаллий молия идораларидан рухсатнома олишлари шарт.

Қазиб олинган қимматбаҳо металл ва тошлар Молия вазирлиги қошидаги Давлат ғазнасига ёки бойликларни қайта ишлаш лицензиясига эга саноат корхоналарига сотилиши керак. Агар давлат ғазнаси ёки корхоналар харид қилишни истамаса, у ҳолда қазиб олган шахс ёзма равишда раддия хати олиши керак ва шундан кейингина бойликларни бошқа жойда сотиш хуқуқига эга бўлади.

Агар хусусий шахс қимматбаҳо тош ёки металлни яширса ёки хавфсизлик техникасини бузгудек бўлса, бу инсонлар ҳалокатига ёки жароҳатига сабаб бўлса, у ҳолда унинг лицензияси олиб қўйилиши мумкин. Агар фойдаланилаётган участка Тожикистон ҳукумати эҳтиёжлари учун керак бўлиб қолса, бу жой олиб қўйилади.

Атамбаевдан суд-психиатрик экспертизадан ўтиш талаб этилмоқда

Алмазбек Атамбаев.

Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғида гаровга олиш ва оммавий тартибсизликлар иши бўйича гумонланувчиларга суд-психиатрик экспертиза белгиланди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, судга қадар тергов доирасида 16 нафар шахс гумонланувчи сифатида кўрилмоқда.

“2019 йил 12 ноябрь куни гумондорлар Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 171-моддаси (Экспертиза тайинлаш учун асос) бўйича оғир ва ўта оғир жиноят содир этганликлари борасида огоҳлантирилганликлари боис 16 нафар гумондорга, жумладан Атамбаев Алмазбек Шаршеновичга суд-психиатрик экспертиза тайинланиши юзасидан қарор қабул қилинди ва ижро этиш учун Республика руҳий саломатлик марказига юборилди”, дейилади вазирлик хабарномасида.

ИИВдан қайд этишларича, қонунчиликка биноан оғир ва ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлар суд-психиатрик экспертизадан ўтишлари лозим.

7-8 август кунлари Қўйтош қишлоғида “собиқ президент Алмазбек Атамбаевни сўроққа мажбуран олиб келиш тадбири” чоғида унинг тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган.

Ҳодиса чоғида тўққиз киши жароҳат олган, махсус топшириқлар бажарувчи гуруҳнинг олти ходими гаровга олинган ва Атамбаевнинг уйида 20 соатдан ортиқ ушлаб турилган. Ўшанда МХДҚ махсус бўлинмасининг ходими Усенбек Ниязбеков ўқотар қуролдан олган жароҳати туфайли ҳалок бўлган, Чуй вилоят ИИББ бошлиғи Самат Қурманқулов бошидан жиддий яраланган.

АҚШ Лавров Вашингтонга сафар қилиши ва 10 декабрда Помпео билан учрашишини тасдиқлади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 декабрда Вашингтонда АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан учрашади. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили 9 декабрда баёнот берди.

Икки давлат бош дипломатлари “кенг қамровли минтақавий ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилади”, дейилади баёнотда. Учрашувдан сўнг қўшма матбуот конференцияси ҳам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

АҚШ ҳукумати расмийларига кўра, вазирлар Украина, Сурия, қурол-яроғ назорати муаммоси ҳамда айни пайтда АҚШ билан Россия ўртасидаги муносабатлар таранглигига сабаб бўлаётган бошқа масалаларни муҳокама қилади.

Лавров сафаридан сўнг Франция, Германия, Украина ва Россия раҳбарлари Украина шарқидаги ҳарбий можарони тўхтатиш мақсадида Париж саммитига йиғилади. 2014 йил апрелидан бери иккала минтақада 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова олдинроқ Лавровнинг 10 декабрдаги “учрашувига тайёргарлик кўрилаётгани”ни айтди, бироқ тафсилотларини очиқламади. Помпео билан Лавров сўнгги йилда бир неча марта учрашди.

Допинг сабаб Россиянинг Олимпиада ва жаҳон биринчилиги мусобақаларида қатнашиши 4 йилга тақиқланди

РУСАДА лабораторияси.

Бутунжаҳон допингга қарши кураш агентлиги (ВАДА) ижроия қўмитасининг 9 декабрдаги мажлисида допинг билан боғлиқ янги можаро сабаб Россияга нисбатан кенг миқёсли санкциялар қабул қилинди.

ВАДА ижроия қўмитаси бир овоздан Россиянинг халқаро спорт мусобақалари¸ хусусан Олимпиада ва жаҳон биринчилиги ўйинларида қатнашишини тўрт йилга тақиқлади.

Допинг можаросига тортилмаган спортчилар мусобақаларда нейтрал байроқ остида қатнашиши мумкин.

Бунга келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари ҳам киради. Бундай қарорга агентликка тақдим этилган лаборатория маълумотларидаги “номувофиқликлар” сабаб бўлгани айтилмоқда.

2014 йил Сочида ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларидан бери Россиянинг допинг билан боғлиқ можаролардан боши чиқмаяпти. Ўша ўйинлар чоғида россиялик спортчилар медалларни кўпроқ олиши учун допингдан фойдаланишига давлат ҳомийлик қилгани фош бўлган эди.

2018 йил ёзида ВАДА Россиянинг РУСАДА допингга қарши кураш агентлиги фаолиятини тўхтатиб туриш хусусидаги қарорини бекор қилди. Уч йил амал қилган қарор бекор қилиниши учун Россия 2012 – 2015 йиллардаги допингга оид маълумотлар ва намуналарни ВАДАга бериши керак эди.

Бироқ ВАДАнинг Қонун-қоидаларга амал қилинишини назорат қилиш қўмитаси 25 ноябрда Россияни Москва жорий йил январида берган айрим маълумотларни сохталаштирганликда айблаган ҳамда РУСАДАга нисбатан 4 йиллик тақиқ жорий этиш ва мамлакатни йирик халқаро мусобақалардан четлатишни таклиф қилган эди.

Минскда юзлаб одам Россия билан “интеграция”га қарши намойиш ўтказмоқда

Минскдаги намойишчилар.

Беларусь пойтахти Минскда 8 декабрь куни юзлаб одам Россия билан “чуқурлашган интеграция”га қарши норозилик намойишига тўпланди. Бунга иккала мамлакат раҳбарининг интеграция масалаларини муҳокама этаётгани сабаб бўлди. Намойишчилар¸ полициянинг ҳибсга олиш мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирди

Путин билан Лукашенко 7 декабрда Сочи шаҳридаги учрашув бўлиб ўтган залдан баëнот бермасдан чиқиб кетди. Ҳукумат вакиллари ушбу масала юзасидан 20 декабрда президентлар яна учрашишини маълум қилди.

“Вясна” (“Баҳор”) инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилоти иддао қилишича, 8 декабрда 600 чоғли киши полиция оммага тарқалиш ҳақида буйруқ беришига қарамай, синхронлаштирилган марш бошлаган.

Тасвирга олинган видеода илк мустақил Беларусь давлатининг тақиқланган қизил чизиқли байроғини ва миллатнинг бошқа рамзларини кўтариб, Россия элчихонаси томон кетаётган намойишчиларнинг ихчам сафи кўзга ташланади.

Беларусь ҳали ҳам диссидентлар ва норозилик намойиши иштирокчилари таъқиб қилинадиган полиция давлати ҳисобланади.

Қирғизистонда йил бошидан бери оиладаги зўравонлик бўйича 5000 дан зиёд ҳолат қайд этилди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 10 ойи ичида Қирғизистонда оиладаги зўравонлик бўйича 5185 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда гендерга оид зўравонликка қарши кампания доирасида ўтказилган тадбирлардан бирида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Алтинай Ўмурбекова маълум қилди.

“Эрта никоҳ, иш жойида жинсий шилқимлик, меҳнат ва сексуал эксплуатация мақсадида аёлларни сотиш ҳолатлари кўпайди. Хафа қиладиган жиҳатлардан яна бири шуки, “қиз ўғирлаш” қонунда жиноят ўлароқ кўрилганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, аҳоли ҳам бу ҳолатга муросасозлик билан ёндашмоқда”, деди мулозима.

“Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси Қирғизистонда 25 ноябрь - Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун кураш куни бошланган бўлиб, 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари кунигача давом этиши кутилмоқда.

Парижда Путин ва Зеленскийнинг илк учрашуви бўлиб ўтади

Украина пойтахтида ўтган митингдан лавҳа, Киев, 2019 йилнинг 8 декабри.

Франция пойтахти Париж шаҳрида 9 декабрь куни Россия ва Украина президентларининг илк учрашуви бўлиб ўтади.

Володимир Зеленский билан Владимир Путин ўртасида муҳокама қилинадиган асосий масала Украина шарқида 2014 йилдан бери 13 минг кишининг ёстиғини қуритган урушни тўхтатиш бўлиши кутилмоқда.

Париждаги музокараларда Франция президенти Макрон ва Германия канцлери Меркель ҳам иштирок этадилар.

Якшанба куни Киевда митинг ўтказган минглаб киши Зеленскийни Париж учрашувида Украина позициясини астойдил ҳимоя қилишга чақирди.

Митингчилар талаблари орасида унитар давлатни сақлаб қолиш, Россия кучлари чиқиб кетмагунича Донбассда сайлов ўтказмаслик, Қрим мақоми бўйича муроса қилмаслик, Россияга нисбатан халқаро судларнинг давом этиши кабилар бор.

Россия 2014 йили Украинага қарашли Қрим яриморолини аннексия қилган. Кўп ўтмай, Донбассда Россия томонидан дастаклаган айирмачилар ва Украина армияси ўртасида қуролли тўқнашув бошланиб, шу кунгача давом этиб келмоқда. Москва бу айирмачиларни дастаклаётганини рад этиб келади.

Ҳонконгдаги намойишга 800 минг одам чиқди

Ҳонконгда 8 декабрь куни сўнгги ярим йилдаги энг оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишда, ташкилотчиларга кўра, 800 минг, полиция ҳисоб-китобига кўра эса, 183 минг киши иштирок этган. Бир кун аввал полиция, Bloomberg нашрининг хабар қилишича, 11 кишини ҳибсга олганди.

“Инсон ҳуқуқлари учун фуқаролик жабҳаси” (Civil Human Rights Front, CHRF) ташкилоти томонидан уюштирилган норозилик тадбири август ойидан бери ўтказилган илк рухсатли акция бўлиб ҳисобланади.

Олти ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари Ҳонконгга Хитой таъсирини озайтириш, кўпроқ демократия ва эркинликлар берилишини талаб қилмоқдалар.

Ўтган вақт мобайнида минглаб намойишчи енгил жароҳатлар олган, 2,5 мингдан зиёд фаол қўлга олинган.

Эрон президенти Россиядан олинажак пулга “қаршилик бюджети”ни очишни таклиф этмоқда

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, 20 ноябрь, 2019 йил

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 8 декабрда парламентга “санкцияларга қарши туриш бюджети”, деб аталган лойиҳани тақдим этди.

Тахмин этишича, Россиядан олинажак кўпмиллиард долларлик кредит бу бюджет учун асосий манба бўлади.

Эронда 2020 йил мартида бошланадиган янги йил бюджети лойиҳаси АҚШнинг санкциялар босими кучаяётган пайтда тайёрланди.

Эронда ўтган ойда ёнилғи сарфини камайтириш ва унга бўлган субсидия қисқартилиши сабаб юзага келган норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилди.

Руҳоний ўзи таклиф этаётган бюджет лойиҳасида “нефтга жуда оз даражада қарам бўлиш” кўзда тутилганини айтди.

‒ Келаси йилги бюджет ҳам ҳозиргисига ўхшаш санкцияларга қаршилик кўрсатиш ва тиришқоқлик бюджети бўлади, ‒ деди Руҳоний давлат радиоси орқали эфирга узатилган чиқишида.

Эрон миллий пул бирлиги ва иқтисодиётига АҚШ санкциялари ва бошқа жазо чоралари қаттиқ таъсир кўрсатди.

Президент Доналд Трамп Вашингтонни Эрон билан дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида 2015 йилда ядро дастури бўйича эришилган битимдан олиб чиққач, ўша санкциялар қайта жорий этилган эди.

Битимга қўл қўйган бошқа мамлакатлар уни қутқаришга ҳаракат қилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, Эрон иқтисодиёти ҳажми жорий йилда 10 фоизча қисқаради. Дастлаб, Эрон президентининг давлат секторида маошлар 15 фоиз оширилишини қандай қоплаши ноаниқлигича қолаётган эди. Лекин у Россиядан 5 миллиард долларлик қарз олмоқчи экани ва музокаралар тугай деб қолганини айтди.

Ўтган ойда Москва Теҳрон энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун 2 миллард долларлик қарз сўрагани ва бу “2015 йилда ваъда берилган 5 миллиард доллар”га етишини айтганди.

Юзлаб беларус Россия билан интеграция кучайишига қарши намойишга чиқди (ВИДЕО)

Минск, 7 декабрь, 2019 йил

7 декабрда юзлаб киши Россия билан интеграцияни кучайтириш режасига қарши норозилик билдириб, намойишга чиқди.

Бу сўнгги пайтлардаги энг йирик рухсат этилмаган митинг, деб аталмоқда.

Намойишчиларнинг кўпчилиги Беларуснинг айни пайтда тақиқланган қизил чизиқли байроғи тасвири туширилган оқ баннерлар, шунингдек, Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб, шаҳар кўчалари бўйлаб юриш қилди.

Демократия тарафдорлари 30 йил олдин Болтиқбўйи мамлакатларининг шунга ўхшаш норозилик митингларидан илҳомланиб, шаҳарнинг марказий кўчаси бўйида қўл ушлашиб, турнақатор бўлиб турди.

Айрим хабарларга қараганда, полицияга намойишчиларни ҳибсга олмаслик буйруғи берилган. Намойишлар Россия билан Беларусь раҳбарлари Москванинг Минскка интеграцияни мустаҳкамлаш борасидаги босими ортидан ўтган ўтказилган учрашув вақтига мос келди.

Россия президенти Владимир Путин билан Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Қора денгиз бўйида жойлашган курорт шаҳар Сочидаги музокаралари ягона давлат барпо қилишга мўлжаллангани тахмин этилаётган 1999 йилги иттифоқ шартномасининг 20 йиллигига тўғри келди.

Минск шўролардан мерос қилган эски иқтисодиёти учун Россиянинг арзон нефти ва 5 миллиард долларга яқин йиллик субсидиясига муҳтож. Иқтисодиётнинг асосий қисми давлатга тегишли, фақат бундан гуллаб-яшнаётган ахборот технологиялари соҳаси мустасно.

Ҳисобот: Саудиялик учувчи бин Ладиндан иқтибос келтирган ва видеоларини кўрган

АҚШнинг Флорида штатидаги ҳарбий-денгиз флоти базасида уч кишини ўлдиришда айбланаётган саудиялик учувчи интернетда Қўшма Штатларни танқид қилган ва ўлдирилган Усама бин Ладин сўзларидан иқтибос келтирган, дейилади терроризмни кузатиб борувчи ташкилот баёнотида.

7 декабрда АҚШ расмий вакили “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигига маълум қилишича, бу учувчи жорий ҳафта бошида зиёфат уюштириб, яна 3 киши билан бирга оммавий ўққа тутиш саҳналари акс этган видеоларни томоша қилган.

6 декабрда саудиялик учувчи Пенсакола ҳарбий-денгиз флоти аэродромидаги машғулотлар хонасида тўппончадан ўт очди. Ҳокимият идоралари қуролланган учувчини шерифнинг ўринбосари отиб ўлдирганини маълум қилди.

АҚШ ҳукуматининг исми ошкор этилишини истамаган икки вакили қуролланган кишининг исми кичик лейтенант Муҳаммад Саид Алшамраний эканини айтди.

Флорида губернатори Рон ДеСантис фикрича, гумонланувчи ҳарбий базада АҚШнинг иттифоқчиларига мўлжалланган ҳарбий-денгиз флоти дастури доирасидаги ўқув машғулотларида қатнашаётган бўлган.

Федерал терговчилар 6 декабрда рўй берган ҳужум сабабини очиқламади. АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер фожиани террорчилик амали, деб аташга тайёр эмаслигини билдирди.

Ҳодисанинг икки давлат ўртасидаги муносабатларга таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Зеро, сунний мусулмонлар истиқомат қиладиган Саудия Арабистони АҚШнинг яқин иттифоқчисидир. Вашингтон эса минтақавий рақиби Теҳронга қарши туришда Риёдга таянади.

Киев сепаратчилар асир олинган аскарларини ўлдирганини кўрсатувчи далилларни халқаро судга юборди

Иловайск-2014. "Донбасс" батальони" фильмидан олинган кадр.

Украина шарқида Россия қўллаб келаётган сепаратчилар асир олинган украин аскарларини ўлдирганини кўрсатувчи далилларни Киев Халқаро жиноят ишлари судига юборди.

Украина Бош прокуратураси 2014 ҳамда 2015 йилларда сепаратчилар асирга олган тўққиз украин аскарини ўлдиргани акс этган фото ва видео далиллар Ҳаагадаги судга юборилганини маълум қилди.

Прокуратура билдирувига кўра, тўпланган далиллар орасида Украина аскарлари қўлга олингани акс этган видео ва суратлардан ташқари, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда асирлар қатл қилинганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам бор.

2015 йил Amnesty International ташкилоти Украина шарқида сепаратчилар асирларни қатл этганини кўрсатувчи далилларни қўлга киритганини хабар қилган эди.

Россия 2014 йилдан бери Украина шарқида Киев кучларига қарши курашаётган россияпараст сепаратчиларни қўллаб келади. Тўқнашувларда бугунга қадар 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлган.

Қирғизистонда икки собиқ бош вазир қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Собиқ бош вазир Сапар Исақов 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бишкек суди собиқ бош вазир Сапар Исақовни коррупцияда айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, Свердлов тумани судьяси Инара Гилязетдинова чиқарган ҳукмга биноан Исақовнинг мулки мусодара қилинади, ҳамда у дипломат мақомидан маҳрум қилинади.

Судда собиқ президент Алмазбек Атамбаевга яқин эканлиги айтилаётган бошқа собиқ расмийларга ҳам ҳукм ўқилди. Хусусан, Гилязетдинова собиқ бош вазир Жанторо Сатибалиевни 7,5, Миллий энергия холдинги собиқ раҳбари Айбек Калиевни 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Яна бир неча расмий 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, айримларига эса жарима солинди.

Бу расмийлар 2013 йилдан бошлаб Бишкек иссиқлик электр марказини қайта таъмирлаш лойиҳаси доирасида Хитой ширкати манфаатларини қўллаб, Қирғизистон ҳукумати ва жамиятига моддий зиён етказишда айбланган эди.

НАТО ҳисоботи: Ижтимоий тармоқ ширкатлари ўз платформаларида манипуляцияга қарши етарлича курашмаяпти

НАТО қошидаги Стратегик коммуникация маркази ижтимоий тармоқларга доир ҳисобот эълон қилди. Унда жаҳондаги энг йирик ижтимоий тармоқ ширкатлари ўз платформаларида маълумот манипуляциясига қарши етарлича курашмаётгани айтилган.

6 декабрь куни эълон қилинган ҳисоботда ижтимоий тармоқлардаги манипуляция сайловларга таъсир ўтказиш, жамоатчилик фикрини қутбларга бўлиш ҳамда легитим сиёсий мунозараларни издан чиқариш йўлида янги қуролга айлангани айтилади.

Ҳисобот АҚШ, Британия ва бошқа бир неча давлат сайловларга тайёрланаётган бир пайтда эълон қилинди. Бундан аввалги сайловларда, хусусан, 2016 йилги АҚШ президенти сайловида ҳамда 2016 йилги Брексит референдуми давомида Россия сайловчилар фикрига ижтимоий тармоқлар орқали таъсир ўтказиш кампанияларини ўтказди.

Тадқиқотчилар тўрт ой давомида Facebook, Instagram, YouTube ва Twitter платформаларида манипуляция хизматларини кўрсатувчи ширкатлар фаолиятини кузатган. Уларнинг хулоса қилишича, бундай ширкатларнинг ғаразли фаолияти кўп ҳолатларда аниқланмайди. Бу эса ўз мақсадига эришиш учун бошқаларга яширин таъсир ўтказувчи гуруҳлар демократик жараёнларга тўсқинлик қилишига йўл очиб беради.

АҚШ Яқин Шарққа бир неча минг қўшимча аскар юбориши мумкин

АҚШ Эроннинг Яқин Шарқдаги ҳаракатларига доир хавотирлар туфайли минтақага бир неча минг қўшимча аскар юбориш масаласини кўриб чиқмоқда.

5 декабрь куни АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Жон Вуд Конгрессда қилган чиқишида Вашингтон Эрон ҳаракатларини “хавотир билан кузатиб келаётганини” айтди.

Руд қанча аскар юборилишини очиқламади, аммо Пентагон минтақага 14 минг аскар жўнатишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Пентагон матбуот котиби Алисса Фараҳ мудофаа вазири Давид Эспер ҳам бу хабарни рад этганини билдирди.

Исми ошкор қилинмаган расмий AFP агентлигига интервью бериб, 5-7 минг аскар юборилиши мумкинлигини айтди. Расмий аскарлар қачон ва айнан қаерга сафар қилишини очиқламади. Унинг сўзларига кўра, кўпроқ аскар юбориш тўғрисида қарор қабул қилинишига Эрон қувватлаётган гуруҳлар АҚШ объектларига ҳужум қилаётгани сабаб бўлган.

АҚШ минтақага жорий йилнинг майидан бери 14 минг аскар юборди.

"Кокаин қироли"нинг укаси буклама телефон чиқарганини эълон қилди

Роберто Эскобар асос солган Escobar Inc. ширкати дисплейи букиладиган Escobar Fold 1 телефонини тақдим этди. Android операцион тизимида ишлайдиган телефоннинг чакана нархи 349 доллар эканлиги хабар қилинди.

Телефон рекламаси Москвада рус моделлар иштирокида олинган

Роберто Эскобар ўзини Apple ширкатининг асосий рақиби деб ҳисоблайди. Эскобар Samsung ширкати эълон қилган Galaxy Fold телефони ўта тез ишдан чиқишини айтиб, ширкат ходимларини “аҳмоқлар” деб атади.

Escobar Inc. ширкатининг директори Олоф Густефссоннинг сўзларига кўра, телефон экрани махсус пластикдан ясалган бўлиб, ўта чидамлидир. Унинг иддао қилишича, телефонни фақат олов билан йўқ қилиш мумкин.

Escobar Fold 1 телефонини Escobar Inc. ширкатининг расмий сайтида харид қилиш мумкин.

Ширкат сайтида Роберто Эскобар компанияга 1984 йилда асос солгани айтилади.

Робертонинг акаси, колумбиялик Пабло Эскобар гиёҳванд моддалар савдосидан бойиб кетган таниқли жиноятчи бўлган. У 1976 йилда Медельин кокаин картелини тузган. 71 ёшдаги Роберто Эскобар эса, картелнинг асосчиларидан бири ҳамда ҳисобчиси бўлган.

1980 йиллар ўртасида ушбу картель жаҳон бўйлаб кокаин савдосининг 80 фоизини назорат қилган. Шу сабаб Пабло Эскобар “Кокаин қироли” лақаби билан танилган.

Тоқаевнинг сўзларидан кейин қозоқ элчиси Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Қозоғистоннинг Киевдаги элчиси Самат Ўрдабаев 5 декабрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Киевлик дипломатлар “Қозоғистоннинг Украина Қрими Россия томонидан ноқонуний аннексия қилинишига нисбатан тутган позицияси”дан жиддий ташвишга тушганларини билдирган.

Украина ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида томонлар икки томонлама муносабатлар истиқболи ва халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилганлар.

Учрашув якунида томонлар мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар бузилмаслигини ҳурмат қилиш позициясига содиқ эканларини билдирганлар.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Қримдаги ҳодисаларни “аннексия” деб ҳисобламаслигини айтганди. Бу мулоҳаза халқаро доираларда шов-шувларга сабаб бўлди.

“Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия, деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз", деганди Тоқаев.

Расмий Киев Тоқаевнинг бу сўзлари юзасидан ташвиш изҳор қилган, Россия томони эса Қозоғистон президентининг сўзларини хуш қарши олган.

Бу орада қозоғистонлик рассом Асхат Ахмедьяров пайшанба куни Нур-Султондаги Украина элчихонаси биноси олдига украин тилида “Вибачте за нього” (“Унинг учун кечиринглар”) сўзлари ёзилган ва эшакники экани тахмин этилмиш бош тасвири туширилган плакат билан келди. Журналистларга интервью берган Ахмедьяров Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қрим борасида айтган сўзлари учун Украина халқидан кечирим сўрашга келганини айтган.

Рассомга элчихона деворлари олдида плакатни ёйишга имкон беришмаган. У ўша заҳоти махсус қўриқчилик хизмати ходимлари томонидан тутилиб, қўлидаги плакати тортиб олинган. Ташқарига чиққан элчихона вакиллари йиғилганларни тарқалишга чақиришган ва ҳодиса юзасидан изоҳ беришмаган.

Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар Ахмедьяровни ушлаб кетишмаган. У ўз машинасига ўтириб, жўнаб кетган. Унга плакат қайтарилмаган. Полиция ҳам бу борада баёнот бермаган.

Ахмедьяров плакатидаги ёзув ва расм Қрим-татар халқи мажлиси раҳбари Рефат Чубаровнинг баёнотига шаъма экани тахмин қилинмоқда. У Тоқаевнинг “аннексия - Қримга нисбатан жуда оғир сўз” жумласи юзасидан изоҳ берар экан, «Dedelerımız söyler edı: eşekten at olmaz...» (Боболаримиз айтарди «Эшак ҳеч қачон от бўлмайди» деб) деганди.

Озарбайжонда парламент сайлови 9 февралга белгиланди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 5 декабрь куни парламентни тарқатиб юбориш ва муддатдан аввалги сайлов кунини белгилашга оид фармонни имзолади. Президент сайтида эълон қилинган фармонга мувофиқ, муддатдан аввалги парламент сайловлари 2020 йилнинг 9 февралига белгиланган.

Бир неча кун аввал озарбайжонлик депутатлар парламент тарқатилиши ва мамлакатда муддатдан аввал сайловлар ўтказилишини сўраб, президент Алиевга мурожаат билан чиққандилар. Ўшанда ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси бу қадам парламент таркибининг “янгиланиши” учун зарурлиги, бошқарувдаги кадрлар ўзгариши эса “халқ томонидан ижобий кутиб олиниши”ни билдирганди.

Демократик кучлар миллий кенгаши (ДКМК) тамсил этган мухолифатчилар эса муддатдан аввалги сайловларга қарши чиққан.

Уларга кўра, муддатдан аввалги сайловлар Алиевлар оиласи ҳукмронлигини янада мустаҳкамлайди.

ДКМК вакиллари фикрича, муддатдан аввалги парламент сайловлари демократик ислоҳотлар ўтказилишига эмас, балки ҳокимиятни битта оила қўлида жамланишига қаратилган қадамдир.

Арманистон собиқ президенти давлат мулкини ўзлаштирганликда айбланмоқда

Арманистонни 10 йил бошқарган Серж Саркисян 2018 йилги халқ инқилоби орқали ҳокимиятдан ҳайдалган эди.

Арманистон Махсус тергов хизмати мамлакат собиқ президенти Серж Саркисяннинг расман коррупцияда айбланаëтганини эълон қилди.

Ўтган йилги “бахмал инқилоби” натижасида ҳокимиятдан ағдарилган Саркисян 1 миллиондан ошиқ давлат маблағини ўзига яқин бизнес компанияси воситасида ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Айтилишича¸ 2013 йили ўғирланган бу маблағ фермерларга субсидияланган дизел ëнилғиси ажратишга мўлжалланган бўлган.

Саркисян бу айбловни рад қилмоқда. Агар бу айблов судда тасдиғини топса¸ собиқ президент 4 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.

Арманистоннинг собиқ ҳукмрон Республикачилар партияси эълон қилган баëнотда¸ партия раҳбарига қўйилган бу айб “сиëсий таъқиб ифодаси” деб баҳоланган.

2008-2018 йилларда Арманистонни бошқарган Серж Саркисян мамлакатни тарк этмаслик ҳақида расмий тилхатга қўл қўйган ва ҳозирча очиқда қолмоқда.

Инқилоб ортидан президентликка келган жорий президент Никол Пашинян ҳокимият тепасидаги коррупцияга қарши кескин кураш эълон қилди.

Айни пайтда Арманистон яна бир собиқ президенти Роберт Кочарян ҳам тергов фигурантига айланган.

Саркисяндан олдин Арманистонни 10 йил бошқарган Кочарян 2008 йил февралида ўтказилган президент сайловлари натижасига қарши чиққан намойишчиларга куч қўллаганликда айбланмоқда. Тўқнашувлар оқибатида 8 нафар намойишчи¸ икки полициячи ўлдирилган эди.

Украина Қозоғистон президентининг Қрим ҳақидаги баëноти хусусида хавотир билдирди

Қозоғистон иккинчи президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Путин билан.

Украина ҳукумати Қозоғистон президентининг Қрим ҳақидаги баëноти хусусида хавотир билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Қримнинг 2014 йил мартида Россия таркибига қўшиб олинишини “аннексия” деб ҳисобламаслигини айтди.

-Украина Қозоғистонни доим ўз шериги ва дўсти сифатида кўриб келган. Украина ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар ўзаро ишонч¸ мустақилликка ҳурмат¸ давлат суверенитети¸ ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлиги принциплари устига қурилган¸ дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баëнотида.

4 декабрь кунги суҳбатда Қозоғистон иккинчи президенти:

- Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз, деди жумладан.

2014 йил март ойида Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан қораланган эди.

Кремлнинг бу ҳаракатига жавобан АҚШ ва Европа давлатлари Россияга нисбатан кескин иқтисодий санкциялар жорий қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG