Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2020, Тошкент вақти: 01:39

Ўзбекистон хабарлари

"Шарқ тароналари" ўн иккинчи фестивали бошланди (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

“Шарқ тароналари”нинг очилиш маросими.

Самарқандда 26 август куни “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни табриклади.

Бу йилги фестивалда 75 та давлатдан 340 нафар вакил қатнашмоқда. Президент Мирзиёев ўз сўзида уларни санъатнинг чинакам фидойилари, тинчлик ва эзгулик элчилари деб атади.

Фестиваль доирасида «Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди.

Кун янгиликлари

Агентлик: Россиядан депортация қилинган ўзбекистонликлар сони тахминан 300 минг нафар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айни пайтда тахминан 300 минг нафар ўзбекистонлик Россиядан депортация қилинганини билдирди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, агентлик раҳбари Бахтиёр Турсунов, журналистларга берган интервьюсида, бу рақам тахминий экани, аниқ рақамни Ташқи ишлар вазирлиги ойдинлаштириши мумкинлигини айтиб ўтган.

"Биздаги маълумотга кўра, ҳозирги кунда Россия ҳудудидан депорт қилинганлар сони 300 минг нафарни ташкил қилади. Депорт қилинганлар сони статик, яъни ўзгарувчан маълумот бўлиб, депорт қилинганларнинг қўшилиши ёки тақиқнинг ечилиши туфайли мазкур кўрсаткич ўзгариб туради", дея иқтибос келтирди мулозимдан ушбу нашр.

Расман маълум қилинишича, шу кунда хорижда юрган ўзбекистонликлар сони салкам 2 миллионни ташкил қилади.

Буларнинг 80 фоизи Россия, 15 фоизи Қозоғистон, 5 фоизи Жанубий Корея, Туркия, БАА, АҚШ ва бошқа давлатларда ишламоқда.

Айни пайтда, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиев ҳозир Россияда бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар аниқ сони номаълум эканини ҳам таъкидлаб ўтган.

Қашқадарёга ҳоким бўлган Зойир Мирзаев илк бор "ариқ воқеаси"га изоҳ берди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллий блогерга берган интервьюсида илк бор "ариқ воқеаси"ни изоҳлади.

Мулозим воқеадан катта хулоса чиқаргани, хатолар учун жавоб бериш кераклигини тушуниб етганини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Aytingchi…» лойиҳасига интервью берди.

Суҳбатда у Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини буғдойни вақтида суғормагани учун жазо тариқаси ариққа туширгани ортидан истеъфога чиқарилгани ҳақида гапирди.

"Ҳеч ким хатодан ҳоли эмас… Келинг, бир нарсани айтай, вақт керак бўлар, балким бир йил ўтар, кўпроқ вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизи нима бўлганини бутун халқимиз билади. Мен, албатта, яна айтаман, бу — менинг хатойим бўлган. Замонни ўзгарганини ҳазм қила олмаганим. Замонга мослаша олмаганим. Сабаби, юқорида айтдимку, очиқлик… Бу нарсани ҳамма ҳам ҳазм қила олмайди", деди Зойир Мирзаев жумладан.

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.

Бунга қадар - 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтида - Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

Президент фармонида Мирзаевнинг ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис ишдан олингани айтилди. Аммо, Бош вазир Абдулла Арипов "ариқ воқеаси"ни шармандали, деб қоралаган эди.

Ноябрда Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланди, 2019 йилнинг октябрида эса Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлди.

ТИВ: Туркиядаги зизилада нобуд бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

Қутқарувчилар зилзиладан кейин вайроналар остида қолиб кетган аёлни олиб чиқмоқда, 25 январь, 2020 йил

Ташқи ишлар вазирилиги (ТИВ) Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркиянинг шарқидаги кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, вазият Анқара шаҳридаги элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона назоратида.

24 январь куни Туркия шарқида 6,8 магнитудали зилзила рўй берди.

Шу кунга қадар нобуд бўлганлар сони 31 кишига етди, вайроналар остида қолиб кетганлар ҳисобига қурбонлар ортиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Жароҳатланганлар сони эса 800дан ортиқ.

Зилзила эпимаркази Туркия шарқидаги Элазиғ ва Малатя вилоятларида бўлди. Ерости силкинишлари қўшни Сурия ва Ироқ, шунингдек, Ливанда ҳам сезилди.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошлардан зарур вазиятда Ўзбекистоннинг Aнқара шаҳридаги элчихонаси (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишни сўрамоқда.

Комилов Хитойда қамалиб қолган ўзбек талабалари ватанига қайтарилишини айтди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитойнинг коронавирус тарқалган Ухан шаҳрида бўлиб турган 30дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ватанга қайтарилишини ваъда қилди.

25 январ куни Тошкентда Халқаро пресс-клуб сессиясида бу ҳақда айтган Комилов аниқ саналарга тўхталмади.

"Ҳозир улар билан бирга ишлаяпмиз. Қайтамиз, дейишса, қолинглар дея олмаймиз-ку, тўғрими? Албатта, уларни олиб келамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга, улар келишлари билан текширувдан ўтказилади", – деди Комилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Ухан шаҳрида 250 нафар атрофида асосан ўзбекистонлик талабалар яшайди.

Уларнинг кўпчилиги семестр якунланганлиги учун янги йил таътилида Ўзбекистонга қайтишганди.

Айни пайтда Хитой 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолган Ухандан ташқари яна 9 шаҳарни ёпиб қўйган.

Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб 1300дан ортиқ одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланган. Ўлганлар сони 40дан ошди.

АҚШ давлат котиби Помпео Ўзбекистонга феврал ойида келиши маълум қилинди

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео 2–3 февраль кунлари Тошкентга келади.

Бу ҳақда 24 январь куни АҚШ Давлат департаменти ахборот хизмати хабар қилди.​

Хабарда айтилишича, ташриф Помпеонинг Буюк Британия, Украина, Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонга саёҳати доирасида амалга оширилади.

АҚШ давлат котиби Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ҳамда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.

Шунингдек, у "Марказий Осиё—АҚШ" ("C5+1") форматидаги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда иштирок этади.

Помпео Қўшма Штатларнинг Марказий Осиё минтақаси янги стратегиясини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган, дейилади хабарда.

Майкл Помпеонинг Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Кипрга ташрифи 3–7 январь кунлари ўтиши режалаштирилганди, аммо Ироқдаги вазиятнинг чигаллашуви, Америка элчихонасига ҳужум туфайли ташриф кечиктирилганди.

Бандлик вазирлиги яна бир хусусий агентлик лицензиясини вақтинча тўхтатди

Жорий йилнинг 17 сентябр куни HUMAN хусусий бандлик агентлигидан пулини ололмаган 70 яқин ўзбек мардикори Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига норозилик намойишига чиқди.

“Recruit consulting work xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди”¸ деб хабар берди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз Telegram каналида.

Бундай қарорга вазирликка “Recruit consulting work xususiy bandlik agentligi” МЧЖ фаолияти устидан фуқаролардан келган шикоят аризалари сабаб бўлган.

Вазирлик қарори билан “Recruit consulting work xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясининг амал қилиши 10 иш куни муддатига тўхтатилган ва агентликдан 10 кун давомида фуқаролар билан тузилган шартнома шартларини бажариш талаб этилган.

Вазирликдан лицензия олган хусусий агентликлар қонунчиликка мувофиқ¸ суд ҳукми билан лицензиядан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистонликларни миллионлаб сўм эвазига хориж¸ хусусан¸ Европа давлатларига яхши ҳақ тўлайдиган ишга жўнатишни ваъда қилиб¸ бу ваъдасини бажармаëтган хусусий бандлик агентликлари сони ошиб бормоқда.

Озодликка келаëтган шикоятлар ортидан¸ бундай агентликларнинг бир қанчаси фаолияти тўхтатилди¸ уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Президент коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган ташкил этишни сўради

2019 йилги халқаро ҳисоботда ҳам Ўзбекистон дунëнинг энг коррупциялашган давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

24 январь кунги парламентдаги йиллик мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистондаги коррупцияни тараққиëтга ғов бўлаëтган “ëвуз бало” сифатида таърифлади.

Мирзиëев таъкидича¸ президент номига келиб тушаëтган¸ матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги шикоятларнинг аксарияти коррупция¸ хусусан¸ ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳалардаги коррупция билан боғлиқ.

- Ушбу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этсам, сизлар нима дейсизлар?! деб хитоб қилган Мирзиëев ўз администрациясига Олий Мажлис билан биргаликда тегишли фармон ҳозирлашни буюрди.

Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг деярли барчасида коррупцияга қарши курашувчи алоҳида бошқармалар мавжуд.

Аксар ўзбекистонликлар фикрича¸ айнан коррупцияга қарши кураш ваколатли берилган мазкур бошқармаларнинг ўзи энг коррупциялашган тизимга айланган.

Президентликка келганидан кўп ўтмай Мирзиëевнинг ўзи ҳам прокуратура ва МХХ тизими¸ хусусан¸ уларнинг коррупцияга қарши курашга масъул собиқ расмийларини “ўғрилар” деб атаган эди.

Ўтган йили Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров билан бирга судланган 12 нафар собиқ амалдорнинг аксарияти Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш департаментини бошқарган шахслардир.

Узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган ака-ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевлар эса¸ МХХнинг айнан коррупцияга қарши фаолиятига масъул бўлган собиқ амалдорлардир.

Дунë мамлакатларидаги коррупция вазиятини кузатиб борадиган нуфузли Transparency International ташкилотининг 2019 йилги Коррупция индексида Ўзбекистон 180 давлат рўйхатида 153 ўрин - энг коррупциялашган давлатлар сафига қўйилди.

2018 йилги рўйхатда Ўзбекистон 158-ўринга қўйилган эди.

Мирзиëев суд қарорлари бўйича прокуратура ваколатини чеклашни буюрди

Олий Мажлис палаталарига қилган йиллик Мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев судлар мустақиллиги муаммосига ҳам тўхталди.

Дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин¸ деган президент адлия тизимидаги ўзгаришлар давом этишини таъкидлади.

Мирзиëев тилга олган бундай ўзгаришлар орасида суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш талаби бор.

Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин”¸ деди ўз мурожаатида Мирзиëев жумладан.

Ўз маърузаси давомида Мирзиëев:

- Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади, деди.

Ўзбекистон Конституциясининг 11-моддасига кўра¸ Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Конституция ва давлат бошқарувининг халқаро стандартларига кўра¸ президент ижро ҳокимиятини бошқаради ва ҳокимиятнинг бу учала тизими бир-биридан мустақилдир.

1995 йилгача Ўзбекистонга келиб муқим яшаëтган 50 минг одамга автоматик фуқаролик берилиши мумкин

Ўзбекистон президенти 24 январь куни парламентда қилган йиллик мурожаатида “фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш” зарурати ҳақида гапирди.

Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман.

Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор.

Бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши лозим”¸ деди ўз мурожаатида Шавкат Мирзиëев.

СССР тарқаганидан сўнг Ўзбекистонга кўчиб келган¸ хусусан¸ Тожикистондаги фуқаролик урушидан қочган ўн минглаб ўзбеклар Ўзбекистонда муқим яшаб келаëтганига қарамай улар ҳозирга қадар “фуқаролиги йўқ шахс” мақомида қолмоқда.

Мирзиëев ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқишни топширди (ВИДЕО)

24 январь куни Ўзбекистон Олий мажлисининг иккала палатаси қўшма мажлисида йиллик Мурожаатини тақдим этган президент Шавкат Мирзиëев¸ ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқиш лозимлигини билдирди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди.

Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади”¸ деди ўз мурожаатида президент.

Мирзиëев шунингдек вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинишини билдирди.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан кўп ўтмай у туман¸ шаҳар ва вилоят ҳокимларини ўзининг жойлардаги конституцион вакили сифатида шахсан ўз ҳимоясида эканини таъкидлаган эди.

- Ҳоким президентнинг Конституциявий вакили. Ҳокимнинг айби бўлса, биринчи менга ёзасан, кейин биз бу ҳокимни жазога тортамиз. Сизлар эса олдин ҳокимни қамаб қўйиб, кейин хат ёзасизлар. Ким шу ишни қилса, бу ишни қилган ташкилотнинг раҳбари жиноий жавобгарликка тортилади.Ана шуни ҳамма билиб олсин, -деган эди 2017 йил декабрида Мирзиёев.

Президент "погонликларга" (асосан прокуратура¸ ДХХ назарда тутилмоқда -таҳр.) ҳокимларнинг айтганини хоҳласа ҳам¸ хоҳламаса ҳам қилиши шартлигини ¸ тергов идораси уларни терговга чақирса¸ уларнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортишидан огоҳлантирганидан сўнг ҳокимлар қонундан ташқаридаги шахсларга айланди.

Ҳокимларнинг истаган қарор билан фермерлар ерини тортиб олиб¸ истаган ҳудудни бузиш ҳақида ҳеч кимга изоҳ ва ҳисоб бермасдан буйруқ чиқариб¸ бу ишларни амалга ошириб келгани ортидан кейинги уч йил ичида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида жиддий норозиликлар кузатилди.

Хусусан¸ Қашқадарëда тадбиркор янги дўконини шахсан ўзи бульдозерга ўтириб бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб ëқиб юборган бўлса¸ Хоразмда аҳоли уйлари бузилишига қарши намойишга чиққан эди.

Россиядаги ички ишлар идораларида сақланаётган ўзбек муҳожирлари сони 3300 нафардан ошган

Россиядаги депортация марказларидан бири (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан 3323 нафари Россия Федерациясидаги ички ишлар органларида сақланмоқда. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Аксарият мигрантлар тил билмасдан, касб билмасдан чет элга боришмоқда ва қийинчиликларда қолишмоқда. Бошқа давлатнинг қонунларини билмасдан, ўзлари билмаган ҳолда қоидабузарликлар қилишмоқда. Бунинг оқибатида эса давлатдан чиқариб юборадиган депортациялар олишмоқда", деган Меҳнат вазирлиги мулозими.

Матбуот анжуманида муҳожирлар ҳаёти, иш шароитларини билиш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича 2019 йили Россияда бешта консуллик идораси ташкил қилингани, улар муҳожирлар аҳволини ўрганиш билан бир қаторда турли хил жиноятлар билан қамоққа тушганларни бир йилда икки-уч марта кўриб, яшаш тарзини ўрганиб келаётгани айтилган.

Мирзиёев кластерларнинг 20 фоизи коррупцияга ўтиб кетаётганини эътироф этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда пахта ва ғалланинг харидидан босқичма-босқич воз кечилажагини урғулади. Президент бу ҳақда Олий Мажлис палаталарининг илк қўшма мажлисида сўзлади.

“Пахта, мева-сабзавот, ғаллачилик, балиқчилик соҳаларида дунёқарашимизга кластер деган сўз кириб келяпти. Бу ҳам ҳозир биринчи қадамларимиз. Жойларда назорат бўлмагани учун, кластерларнинг 20 фоизи ҳам коррупцияга ўтиб кетяпти. Нимага десангиз, улар ҳали банк билан ҳисоб-китоб қилишга ишонмаяпти. “Ўғри бўлсам, битта раҳбарга бориб, 20 фоиз берсам, кечаси тинч ухлайман. Банк билан ишласам, тинч ухламайман”, дейди. Мана бизнинг дунёқарашимиз. Бу билан узоққа бора олмаймиз”, дея иқтибос келтиради Ш.Мирзиёев сўзларидан Кун.уз нашри.

Президент кластер фермерни бой қиладиган тизим бўлиши лозимлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда фермер давлат томонидан ҳеч қачон камситилмаслигига ваъда берган.

Мирзиёев ўз сўзида “мева-сабзавотчиликда экспорт ҳажмини 2025 йилда камида 5 миллиард доллардан ошириш, бунинг учун кооперация ва кластер тизимини жадал жорий этиш; сақлаш, ташиш ва қайта ишлашнинг яхлит ва замонавий инфратузилмасини ташкил этиш ва янада кенгайтириш лозим”лигига эътибор қаратган.

Ўтган йили 19 мингдан зиёд ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди

Иллюстратив сурат.

2019 йили 19,4 минг нафар ўзбекистонлик Россия Федерацияси фуқаросига айланди.

Россия Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, ўтган йили қарийб 498 минг нафар чет эллик Россия паспортига эга бўлган.

Улардан аксариятини украиналиклар (300 минг) ташкил этган. Ундан кейинги ўринларни Қозоғистон (50,5 минг), Тожикистон (19,4 минг), Ўзбекистон (19,4 минг), Қирғизистон (9,3 минг) ва Туркманистон (1,4 минг) фуқаролари эгаллаган.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси бош вазир ўринбосарига айланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг янги кабинетида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бош вазирга ўринбосар ҳам бўлади. Бу тартиб президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Адлия вазирлиги Телеграм-каналида қайд этилишича, ҳужжат билан Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси,лавозимлари киритилган, Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятлари кабилар ташкил этилган.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазири лавозими тугатилиб, ўрнига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилган.

Қарор билан ҳукумат ижро этувчи тузилмасида бир қатор лавозимлар ва котибиятлар тугатилиб, бошқа лавозимлар киритилган ва тегишли котибиятлар ташкил этилган. 22 январь куни тасдиқланган янги тузилма 241 нафар штат бирлигидан иборат бўлади.

ССВ: Коронавирус тарқаган Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган учқич йўловчилари алоҳида назоратга олинди

Айтилишича¸ Ўзбекистонга Хитойдан бир ҳафтада 11 та авиақатнов йўлга қўйилган.

Хитойда бошланиб¸ бошқа давлатларга ҳам тарқай бошлаган коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонда ëйилиши олдини олиш мақсадида «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан Хитойдан келаëтганларни тиббий мониторингдан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Бу ҳақда 23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари маълумот берди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур вазиятга оид ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик мутахассислари Вирусология илмий текшириш институтида коронавирусга чалингани гумонланган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилганини билдирди.

Расмийлар Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган бу коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш мақсадида ҳар бир чегара пунктлари, хусусан 11та аэропорт тепловизорлар билан жиҳозлаб чиқилгани ва ходимларнинг махсус тайёргарликдан ўтказилганини маълум қилди.

Айтилишича¸ Хитойдан Ўзбекистонга келаëтган рейс йўловчилари алоҳида назоратга олинган¸ мамлакат сарҳадларидаги 37 та божхона постига бу вазият бўйича керакли кўрсатмалар берилган.

“Биз нафақат Хитой йўналиши бўйича, балки республикамизга кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатганмиз. Барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминланган”¸ деган жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Айни пайтда Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 23 январь куни юборган маълумотда Хитойда кузатилаётган коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирилганини айтди.

Президент мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунга қўл қўйди

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат¸ айниқса¸ пахта мавсумидаги маъмурий босим ҳақида хориж матбуотида кўплаб материал эълон қилинган.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича¸ 22 январь куни президент Шавкат Мирзиëев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолаган.

10 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритилган янги қонундаги ўзгаришлардан бири “меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик”ни кучайтиришдир.

Президент қўл қўйган янги қонунга мувофиқ¸ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун базавий ҳисоблаш меъëрининг( БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима белгиланди. Ҳозиргача бундай ҳаракат БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдордаги жарима билан жазоланган.

Huquqiy Axborot Telegram каналида берилган изоҳга кўра¸ “вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса¸ базавий ҳисоблаш меъëрининг 25 бараваригача миқдорда жарима¸ ëки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ëки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.

Адлия вазирлиги берган изоҳга кўра¸ қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган¸ айни пайтда¸ айрим моддалар ва бандлар Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Мирзиëев парламентга яна бир Мурожаатномасини тақдим этади

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ янги парламентга тақдим этиладиган президент маърузасини депутат ва сенаторлар билан бирга видеоконференция орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари, шунингдек, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари эшитади.

Президент матбуот хизмати ўз хабарида бу мажлиснинг жонли тарзда миллий телеканалларда намойиш этилиш-этилмаслигига аниқлик киритмаган.

Айни пайтда¸ ўзини Ўзбекистондаги биринчи нодавлат интернет портали деб тақдим этувчи uzreport.news интернет сайти Мурожаатноманинг UzReport TV телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинишини билдирди.

Тошкент-Бишкек учоғи туман туфайли ортга қайтди

Иллюстратив сурат.

HY-779 рейси билан Тошкентдан Бишкекка учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи 23 январь куни ортга қайтишга мажбур бўлди.

“Новости Ташкентского Неба” Telegram-канали маълумотига кўра, учоқнинг Бишкек аэропортига қўнолмаганига об-ҳавонинг ноқулайлиги (туман, кўриш даражасининг ёмонлиги) сабаб бўлган. Шу важдан экипаж ортга қайтишга қарор қилган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой пешқадамликни қўлдан бермаяпти

ХХР Ўзбекистоннинг энг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

2019 йил натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни Хитой (7,6 млрд доллар) эгаллади. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, Хитойнинг ташқи савдо айланмасидаги ҳиссаси 18,1 фоизни ташкил қилган.

Қиёс учун, 2018 йили Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо-сотиғи 6,4 млрд долларга тенг бўлганди. Ўшанда ҳам ХХР Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ичида пешқадам бўлган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринни Россия (6,6 млрд доллар), учинчи ўринни эса Қозоғистон (3,4 млрд доллар) эгаллаган. Улардан кейинги ўринларда Жанубий Корея ($2,75 млрд), Туркия ($2,5 млрд)ва Германия ($980 млн) каби мамлакатлар келади.

Ўзбекистон “демократия индекси” бўйича бир поғона пастга тушди

Британиянинг The Economist нашри эълон қилган Democracy Index 2019 рейтингида Ўзбекистон 165 мустақил давлат ва икки ҳудуд (Ҳонконг ва Фаластин) ичида 2,01 балл билан 157-ўринни эгаллади.

Ўтган йилги рейтингда мамлакат 156-ўринга қўйилганди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган ижобий ўзгаришларга қарамай, халқаро рейтингда эгаллаган мақоми мамлакатнинг демократия кўрсаткичи бўйича дунёдаги энг қуйи ўринлардан бирида қолаётганини кўрсатади.

Бу йилги рейтингда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистон (101-ўрин) ва Қозоғистондан (139-ўрин) пастда қолган бўлса, Тожикистон (160-ўрин) ва Туркманистонни (162-ўрин) ортда қолдирган.

The Economist нашри Democracy Index рейтингини 2006 йилдан бери эълон қилиб келади.

Ўзбекистонликларнинг Россияда 15 кунгача қайдсиз юриши масаласи кўриб чиқилмоқда

Иллюстратив сурат.

Москва ва Тошкент расмийлари ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмай юриши муддатини 15 кунгача узайтириш масаласини кўриб чиқаяптилар. Бу ҳақда Регнум агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Айни пайтда ўзбекистонликлар Россияда 7 кунгача рўйхатдан ўтмай юришлари мумкин.

“Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларига Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг юриш муддатини узайтиришни кўзда тутадиган икки томонлама шартнома ишлаб чиқиш топширилган”, дейди агентлик манбаси.

Мазкур шартнома Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил ёзида Россияга ташрифи чоғида имзоланиши режаланган.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистондан Россияга 2,5 миллион нафаргача меҳнат муҳожири келади.

Тошкентда тузилган янги фонд журналист ва блогерларни ҳимоя қилмоқчи

Иллюстратив сурат..

Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўз фаолиятини бошлади. Мазкур фонд Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти ўлароқ рўйхатга олинган.

“Жамоат фондимизнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир”, дейилади фонднинг Telegram канали орқали тарқатилган хабарномасида.

Фонд “оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш” кабиларни ўзининг устувор вазифалари қаторида санаб ўтган.

Ҳиндистон исловатхонасида ўзбекистонлик аëл ҳибсга олинди

Ҳиндистоннинг Бҳопал минтақасининг Ганди Нагар районида маҳаллий полиция жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келган ноқонуний гуруҳни қўлга олди.

Махсус рейд пайтида тўрт аëл ва уларнинг икки эркак шериги қўлга олинган. Ушланганлар орасида маҳаллий банк бошқарувчисига хизмат кўрсатаëтган ўзбекистонлик аëл ҳам бор.

Бу ҳақда Ҳиндистон нашрлари хабар тарқатди.

Исловатхонада мижозларга жинсий хизмат кўрсатаëтган пайтда ушланган ўзбекистонлик аëл ҳозирда ҳибсда сақланмоқда. Маҳаллий полицияга кўра¸ аëл пойтахт Деҳлида қайддан ўтгани боис¸ ҳозир унинг Ҳиндистонга кириш визаси муддати ўтган-ўтмаганини ўрганилмоқда.

Ўзбекистонлик аëл шахси ва унинг қўлга олингани ҳақида Ўзбекистон элчихонасига хабар берилган-берилмаганига оид маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик аëлларнинг баъзида одам савдоси қурбони сифатида¸ кўп ҳолларда эса¸ ўз хоҳиши билан БАА¸ Туркия ва Ҳиндистон каби давлатларда фоҳишалик билан шуғулланаëтгани ҳақида хориж нашрлари кўпдан ëзиб келмоқда.

АҚШ элчихонаси: Нафосат Оллошукурова Ўзбекистондан чиқиб кетиши олдидан у билан учрашганимиздан мамнунмиз!

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Twitterдаги расмий саҳифасида ўзбекистонлик таниқли блогер Нафосат Оллошукурованинг мамлакатни тарк этганига муносабат билдирди.

Блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни ўз йўли билан тарк этди. АҚШ элчихонаси у билан чиқиб кетиши арафасида учрашганидан бағоят мамнун ва унинг тақдирини яқиндан кузатишда давом этади”¸ дейилади элчихона 21 январь куни эълон қилган твитда.

АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.
АҚШнинг Тошкентдаги шлчихонаси эълон қилган твит.

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этиши арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан учрашган эди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига қадар АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Розенблюм инсон ҳақлари ва демократия ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш билан танилган нуфузли дипломат саналади.

Хоразмлик журналист Маҳмуд Ражабнинг ўтган йил кузидаги норозилик юришини жонли тарзда ëритгани ортидан аввалига маъмурий ҳибсда¸ сўнгра руҳий хасталар касалхонасида сақланган Оллошукурова 18 январь куни Ўзбекистонни тарк этди.

Хорижга чиққанидан сўнг Озодликка берган илк интервьюсида Оллошукурова ўзига нисбатан тўхтамаган таҳдидлар ва қўлланилган қийноқлар ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтди.

Очилбой Раматов Транспорт вазири лавозимини Элëр Ғаниевга бўшатиб берди

Қайта тузилаëтган ҳукуматдаги кадрлар ўзгармади¸ фақат улар ўз ўринларини алмаштирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов янгидан тузиладиган ҳукумат учун номзодларни тақдим этди.

Президент томонидан Бош вазирликка кўрсатилган Арипов 21 январь кунги мажлисда депутатларнинг ялпи овози билан бу лавозимга қайта тасдиқланганидан сўнг янги ҳукумат таркибини тақдим қилмоқда.

Қайта тузилаëтган ҳукуматга ҳозирча янги раҳбарлар тавсия қилингани йўқ¸ бунинг ўрнига эски ҳукуматдаги кадрларнинг ўрин алмашаëтгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ Очилбой Раматов Ўзбекистон Транспорт вазири лавозимидан олиниб¸ бу лавозим Бош вазир ўринбосари – инвестициялар масалалари комплекси раҳбари Элёр Ғаниевга берилди.

Ҳозирча Раматов Бош вазирнинг 1-ўринбосари лавозимини сақлаб қолди.

Раматовнинг Транспорт вазири лавозимидан кетиши ҳақида ўтган ҳафта хабар қилган ҳукуматдаги Озодлик манбалари декабрь ойида Тошкент метросида рўй берган фожиа бундай қарорга қисман сабаб бўлганини айтмоқда.

Шунингдек¸ парламентдаги Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ўрнига Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков тавсия қилинди.

Назарбеков 2017 йилнинг августидан бери Маданият вазири ўринбосари лавозимида ишлаëтган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG