Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 08:27

Халқаро янгиликлар

Volkswagen'ни муваффақиятга олиб келган шахс оламдан ўтди

Фердинанд Пих (чапда) Audi AG ширкати раиси Руперт Стадлер билан. 2007 йил.

Volkswagen ширкати директорлар кенгашининг собиқ раиси ва бош директори Фердинанд Пих 82 ёшида Германиянинг Бавария минтақасидаги Резенхайм шаҳрида 25 август куни вафот этди.

Пих 1993 йилда Volkswagen ширкати бош директори бўлган эди. У иш ўринларини қисқартирмасдан туриб ширкатни дунёнинг энг муваффақиятли автомобилсозлик корхоналаридан бирига айлантиришга муваффақ бўлган.

2002 йилдан бошлаб у ширкат назорат кенгашининг аъзоси бўлган. Орадан ўн йил ўтгач Пих бобоси асос солган Porsche ширкатини сотиб олган.

Пих автомобилсозликни ривожлантириш доирасида бир йил ичида Bentley, Bugatti ва Lamborghini ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг хўжайинига айланганди.

Фердинанд Пих Венада 1937 йилнинг 17 апрелида туғилган. Швейцарияда ўқишни тамомлаган Пих дастлаб Porsche, 1972 йилдан эса Volkswagen ширкатларида ишлаган. У Volkswagen ширкати директорлар кенгаши раислиги лавозимини 2015 йилда тарк этган эди.

Кун янгиликлари

Афғонистондаги террор ҳужумларида яна камида 50 одам ўлди

Зобулдаги ҳужумдан кейин манзара.

19 сентябрь куни Афғонистонда амалга оширилган ҳужумлар оқибатида яна камида 50 одам ўлдирилди.

Кобул расмийларига кўра¸ афғон хавфсизлик кучларининг мамлакат шарқида АҚШ ҳарбийлари ëрдамида уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида тинч аҳолидан 30 дан ошиқ одам ўлган¸ 40 дан кўпроғи жароҳатланган.

“Ислом давлати” террор гуруҳи лагерига уюштирилиши режаланган ҳужум пайтида хатолик туфайли ҳарбийлар деҳқонларни нишонга олган.

Айни куни Зобул вилоятида толибларнинг маҳаллий касалхонага уюштирган ҳужуми оқибатида камида 20 одам ўлди¸ 100 дан ошиғи яраланди.

АҚШ маъмурияти билан Толибон ўртасидаги тинчлик музокаралари барбод бўлиши ортидан толиблар террор хуружларини кучайтирди.

Сешанба куни АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод АҚШ Конгресси аъзоларига тинчлик музокараларининг жорий вазияти ҳақида ҳисоб беради.

Майк Помпео Саудия нефть терминалига қилинган ҳужумни «уруш ҳаракати» деб баҳолади

АҚШ Давлат котиби Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан.

Саудия Арабистони пойтахтига келган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео подшоҳлик нефть терминалига уюштирилган ҳужумни "уруш ҳаракати" деб атади.

Саудия Арабистони эса бу ҳужумларнинг Эрон ҳомийлигида амалга оширилганини тасдиқловчи «инкор этиб бўлмас» далиллари борлигини иддао қилди.

Риëдда ўтказилган матбуот брифингида журналистларга ҳужум уюштирган дрон ва ракеталар қолдиқлари¸ уларнинг Эронда ишлаб чиқарилгани исботи сифатида тақдим этилди. Айни пайтда Риëд ҳукмдорлари Эронни бу ракета ва дронларни бевосита ўз ҳудудидан отганликда айблаганича йўқ.

Якшанба кунги ҳужум учун Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаëтган хутий исëнчилари масъулиятни зиммасига олди.

Бу ҳужумларга алоқаси йўлигини таъкидлаëтган Теҳрон¸ АҚШни ҳарбий ҳужум уюштириш оқибатларидан огоҳлантирди.

Якшанба куни Saudi Aramco ширкати терминалига қилинган ҳужум ортидан подшоҳликда қазиб олинаëтган нефть ҳажми қарийб 50 фоизга қисқарди.

Ҳозирча АҚШ президенти Эронга қарши ҳарбий чора кўришга ошиқмаëтганини айтмоқда. Айни пайтда Трамп Эронга қарши санкциялар кучайтирилишини билдирди.

Тожикистонда қамоқда сақланаётган адвокатга халқаро мукофот топширилди

Адвокат Бузругмеҳр Ёров.

Тожикистонда қамоқда сақланаётган адвокат Бузругмеҳр Ёров демократик институтлар ва фуқаролик ҳуқуқларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Файзинисо Воҳидова номидаги мукофотга сазовор бўлди.

Ўн йиллар давомида диссидентлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган тожикистонлик Файзинисо Воҳидова номи билан аталган мазкур мукофотни Европадаги марказий осиёлик муҳожирлар ассоциацияси таъсис этган. Мукофот маҳкумнинг акаси Жамшид Ёровга 18 сентябрь куни Варшавада ўтаётган ЕХҲТ анжуманида топширилди.

Бузругмеҳр Ёров Тожикистонда ҳукумат томонидан касбий фаолияти учун таъқиб қилинаётган беш адвокатдан биридир.

У Ислом уйғониш партиясининг қамоқда сақланаётган 13 нафар аъзосига адвокатлик қилган. Мазкур партия Тожикистонда 2015 йилда қонундан ташқари деб эълон қилинган эди.

Ёров 2016 йилда ҳокимиятни ағдаришга чақириқ айблови билан 23 йилга қамалганди.

Туркманистонда маҳбуслар бедарак йўқолаётганидан ташвиш билдирилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Варшава анжумани.

Польша пойтахти Варшавада ўтаётган инсон ҳуқуқлари халқаро анжуманида Туркманистон қамоқхоналарида одамларнинг бедарак йўқолиши амалиёти давом этаётганидан ташвиш билдирилди.

Ҳуқуқ фаоллари халқаро ҳамжамиятни Туркманистон ҳукуматига бу борада босим ўтказишга чақирди.

ЕХҲТ томонидан ўтказилаётган мазкур анжуман бошланиши арафасида туркман қамоқларида бедарак кетган жабрдийдаларнинг рўйхати эълон қилинди.

“Ўтган йилларда халқаро жамоатчилик босими, жумладан, ЕХҲТ, БМТ ва Европа Иттифоқи босими остида бу масалада бир оз ижобий силжишлар бўлган эди. Аммо 2018 йилда Туркманистон ҳукумати билан юмшоқ дипломатик мулоқотлар ўтказила бошлангани ортидан бу жараён яна тўхтаб қолди”, дейилади баёнотда.

Анжуманда таъкидланишича, Туркманистон ҳукумати бу борада БМТнинг тегишли қўмиталари билан ҳамкорлик қилишни тўла тўхтатиб қўйган.

Москва метросида полициячи ўз ҳамкасбини отиб ўлдирди

Москва полицияси.

Москва метросида полициячи ўзини қўлга олмоқчи бўлган ҳамкасбларига ўқ отди. “Новости” агентлигининг билдиришича, 18 сентябрь куни бўлиб ўтган мазкур ҳодисада бир полициячи ҳалок бўлди, яна бири яраланди.

Хабарда айтилишича, полициянинг шахсий хавфсизлик хизмати “Рязанский проспект” метро станциясида пора олишда гумонланаётган полициячини қўлга олишга ҳаракат қилган. Полициячи ўзини қўлга олмоқчи бўлган ҳамкасбларини хизмат тўппончасидан отган.

“База” нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу полициячи ҳужжатларни текшириш жараёнида Москвада рўхатдан ўтмай яшаб келаётган фуқародан 2 минг рубль пора талаб қилган.

Яраланган полициячининг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда. Ўқ узган полициячи қамоққа олинди.

АҚШ давлат котибининг сафари арафасида Саудия Форс кўрфазини ҳимоя қилувчи коалицияга қўшилди

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

Саудия Арабистони Форс кўрфази орқали қатнайдиган кемалар хавфсизлигини таъминлайдиган АҚШ етакчилигидаги коалицияга қўшилганини эълон қилди.

Эр-Риёд бундай қарорга 14 сентябрь куни икки нефть заводига дрондан қилинган ҳужум ортидан ва АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Саудияга сафари арафасида келди.

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деганди.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз зиммасига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

АҚШ давлат департаментининг хабар қилишича, Майк Помпео чоршанба куни Жидда шаҳрида Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашиб, нефть заводларига қилинган ҳужумни ҳамда Эроннинг минтақадаги агрессиясига қарши туриш масаласини муҳокама қилади.

Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларини сиёсий партияга бирлаштирмоқчилар

Тожикистон парламентига сайловда сайловчилар овоз бермоқда. 2015, 1 март.

Таниқли тожик ҳуқуқ ҳимоячиси, узоқ йиллардан бери Москвада истиқомат қилаётган Иззат Амон тожик муҳожирларининг “Ўзгариш, ислоҳотлар ва тараққиёт” партияси тузилганини эълон қилди.

Янги сиёсий бирлашманинг мақсади – муҳожирларнинг Тожикистон сиёсий ҳаётидаги, шу жумладан, парламент ва президент сайловида иштирокига эришиш эканлиги айтилди. Партияга хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирлари аъзо бўлиши мумкин: Россияда икки миллионгача тожикистонлик меҳнат муҳожири бор.

Иззат Амон ўз олдига партияни Тожикистон Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказиш, минтақавий бўлинмаларини ҳам Тожикистоннинг ўзида, ҳам унинг ташқарисида очишни мақсад қилиб қўйган.

"Биласизми, орадан ўттиз йил ўтди, жамият эса сиёсий жараёнларда мутлақо иштирок этмаяпти: парламент сайловида ҳам, президент сайловида ҳам. Фуқаролик жамиятининг бу жараёнлардаги аралашуви мутлақо йўқ, – деган журналистларга Иззат Амон. – Бу партияни ташкил этиш орқали биз мана шу вазиятни, қўрқув вазиятини ўзгартирмоқчимиз. Одамлар фуқаровий масъулиятни тушунсин ва ҳис қилсин".

Молдовада Россия журналисти 1 миллиард долларни ўғирлашга алоқадорликда айбланиб қўлга олинди

Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюк.

Молдова коррупцияга қарши кураш хизмати Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги ва радиоси молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюкни бир миллиард долларни ноқонуний равишда ўзлаштириб олишга алоқадорликда гумонлаб қўлга олди.

Бош прокуратура Владимир Новосадюкнинг уйи тинтув қилинганини, унга нисбатан тергов бошланганини билдирди.

“Блокнот” нашрининг исми айтилмаган манбага таяниб хабар беришича, Новосадюкнинг уйидан Молдова ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари пора олаётгани тасвирланган видеоматериаллар ҳам топилган.

2014 йилнинг ноябрида Миллий банк республикадаги учта банк сайловлар оолдидан бир миллиард доллар пул ўтказганини аниқлаган эди. Бу пул Молдова ялпи ички маҳсулотининг 12,5 фоизини ташкил қилади.

Терговнинг билдиришича, бу пулларнинг бир қисми Россияга олиб чиқиб кетилган. 2016 йилда мазкур жиноятга алоқадорликда айбланиб Бош вазир Владимир Филат қамоққа олинган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрда учрашди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрь куни икки давлат ўртасидаги “Қизил Бел” чегара назорат-ўтказиш пунктида учрашди ва 16 сентябрь кунги отишмадан сўнг юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Бош вазирлар Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида келажакда бундай низоларнинг олдини олиш учун чегараларни аниқлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари томонлар чегара масаласида икки давлат ўртасида имзоланган шартномаларга амал қилиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказиш мажбуриятини олдилар.

17 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари бир-бирларига норозилик ноталарини топширган эдилар.

16 сентябрь куни кечқурун Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида икки ярим соат отишма бўлган эди.

Отишма оқибатида Тожикистоннинг уч нафар, Қирғизистоннинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. 12 нафар тожикистонлик ва 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

Майк Пенс: АҚШ ҳарбийлари иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Америка ҳарбийлари “иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр” эканини ва Давлат котиби Майк Помпео нефть конларига қилинган ҳужумга жавоб қайтариш чораларини муҳокама қилиш учун шу ҳафта охирида Саудия Арабистонига боришини маълум қилди.

17 сентябрь куни Вашингтондаги Heritage Foundation таҳлил марказида нутқ сўзлаган Майк Пенсга кўра, АҚШ Саудия нефть конларига қилинган ҳужум ортида Эрон турганлигини исботловчи ҳужжатларни ўрганмоқда.

Эрон ушбу ҳужумга алоқаси борлигини рад этмоқда, аммо Яманнинг Теҳрон қўллаб-қувватлаётган хутий шиа исёнчилари гуруҳи ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

14 сентябрда дронлар воситасида Саудиянинг нефть конларига қилинган ҳужум оқибатида дунёда нефть қазиб олиш ҳажми 5 фоизга қисқарди, жаҳон бозорида нефть нархи эса 19 фоиз ортиб кетди.

АҚШ ва Беларусь элчиларни Минск ва Вашингтонгга қайтаришга келишиб олди

АҚШ дипломатлари Минскни 2008 йилда тарк этган эди.

Қўшма Штатлар ва Беларусь 11 йиллик танаффусдан сўнг Минск ва Беларусдаги дипломатик ваколатхоналарни элчилар даражасида қайта тиклашга келишиб олди.

“Биз муносабатларимизни яхшилаш учун кейинги қадам қаторида элчилар билан алмашинишга тайёрлигимизини билдириш мен учун фахрдир”, деди 17 сентябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

У Беларусь президенти Александр Лукашенка ва ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан Минскда учрашди.

Ўтган ойда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Беларусга ишчи сафар билан келган эди. У сўнгги йигирма йилда Беларусга келган энг юқори мартабали Оқ Уй расмийси бўлди.

2008 йилда АҚШ Беларусда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани ортидан санкциялар жорий этган эди. Бунинг ортидан Беларусь АҚШ элчихонаси ходимлари сонини 35 нафардан 5 нафарга қисқартирган, элчи ўрнига мухтор вакил тақинланган. 2019 йил январида Минск АҚШ дипломатик ваколатхонасига қўйилган чекловлар олиб ташланганини билдирган эди.

Қозоғистон жанубидаги Жамбул вилоятида тўрт одамнинг куйдиргига чалингани аниқланди

Куйдирги вируси одамга асосан уй ҳайвонларидан юқади.

Жамбул вилояти соғлиқни сақлаш идораси расмийларининг 17 сентябрь куни билдиришича¸ бу тўрт бемор билан бевосита контактда бўлган яна 44 одам махсус тиббий кузатув остига олинган.

Расмийларга кўра¸ куйдиргига чалинганлар бу касаллик вирусини бир неча кун олдин сўйилган мол гўштини истеъмол қилиш воситасида юқтирган.

Ўтган ой Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига яқин қишлоқлардан бири аҳолиси орасида куйдирги инфекцияси борлиги аниқланиши ортидан¸ бу қишлоқ карантинга олинган эди.

19 август куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Нур-Султон шаҳридан 100 километр масофада жойлашган Олгинка қишлоғида яшовчилардан тўрттасининг куйдиргига чалингани тасдиқланганини билдирган эди.

2016 йили Қарағанда вилоятида икки одамнинг куйдиргидан ўлгани айтилган эди.

Асосан қорамол ва қўй-эчки каби уй ҳайвонларида учрайдиган куйдирги вируси тупроқ¸ ўсимлик ва сув орқали ҳам одамга юқиши мумкин.

Афғон президенти қатнашган сайловолди тадбиридаги портлашда ўнлаб одам ўлди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани қатнашган сайловолди намойишида юз берган портлаш оқибатида камида 24 одам ўлди¸ 31 нафари яраланди.

Портлаш Кобул шимолидаги Парван вилояти маркази Чорикор шаҳрида юз берди. Айтилишича¸ президент Ғанига зиëн етмаган.

Толибон қўмондонлари халқни 28 сентябрга белгиланган президентлик сайловларида қатнашишдан қайтариш мақсадида Афғонистон ҳукумати ва хориж ҳарбийларига ҳужумларни кучайтиришини эълон қилган.

Сайловда Ашраф Ғани иккинчи муддат президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Айни пайтда¸ сешанба куни пойтахт Кобулда юз берган ҳужум оқибатида камида олти одам ўлди. Бу ҳужум учун ҳам ҳозирча ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмади.

Коррупцияда айбланган Туркманистон собиқ Савдо вазири қамоққа ҳукм қилинди

Коррупцияда айбланиб судланган туркман амалдорлари.

Туркманистон савдо ва ташқи алоқалар вазири Амандурди Ишанов ишдан бўшатилганидан бир неча кун ўтгач коррупцияда айбланиб, суд томонидан қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Туркманистон телеканалларида қўлига кишан солинган бир неча одам, жумладан, Ишановнинг суд залида ўтиргани тўғрисида лавҳа кўрсатилди¸ аммо собиқ вазирнинг неча йилга қамалгани расман айтилмади.

Бош прокурор Батир Атдаев, Ишановнинг 13 сентябрь куни коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлигини омма олдида тан олганини билдирган. Бош прокурорга кўра, Ишанов бу жиноятларни таниқли тадбиркор Чоримуҳаммед Кулов ва қатор ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширган.

Хабарларда суднинг қачон ва қаерда ўтказилгани, ҳукм тафсилотлари айтилмаган.

Туркманистонлик кузатувчилар ўз номларини айтмаслик шарти билан Озодлик радиосига “бу каби оммавий тан олишлар” ҳукумат коррупцияга қарши курашаётганини “намойиш этиш учун уюштирилган спектаклларга ўхшайди”, деб фикр билдирдилар.

Ингушетияда Олий суд қарори билан муфтият тугатилди

Ингушетияда қурилаётган масжидлардан бири.

Россиянинг Ингушетия Республикасида Олий суд қарори билан муфтият тарқатиб юборилди. Республика Адлия вазирлиги муфтиятни тугатиш тўғрисида Олий судга даъво аризаси киритган эди.

"Интерфакс-Юг" агентлиги муфтиятни тугатиш қарори Россия Адлия вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилганини ёзди.

2015 йилда Ингушетия президенти Юнус-Бек Евкуров муфтият фаолиятини кескин танқид қилган ва муфтий Хамхоевга истеъфо беришни, унинг ўрнига янги муфтийни сайлашни таклиф қилганди.

Хамхоев 15 йилдан ортиқ вақт давомида Ингушетия муфтийси бўлган ва 2014 йилда учинчи марта муфтийликка сайланган эди. Жорий йилнинг 17 июлида эса унинг ўрнинга Ингушетия қозиятини 20 йил бошқарган Абдураҳмон Мартазанов сайланган.

Июль ойининг бошида муфтият уламолар кенгаши Россия бош прокурори Юрий Чайкага диний идорада ўтказилган тафтишларнинг нақадар қонунийлигини ўрганиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳрида ўтказилган ЛГБТ паради давомида 17 киши қўлга олинди

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри - Харьковда минглаб ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) вакиллари ва уларни қўлловчилар шаҳар тарихида илк марта ЛГБТ парадидан ўтди.

15 сентябрь куни ўтказилган парад якунига яқин ўнг-қанот намойишчилар полиция билан тўқнашди. Хабарларга кўра, ушбу ҳолат бўйича 17 одам қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг икки нафари полиция ходимига ҳужум қилишда, яна бири эса полициячиларга кўзни ёшлантирувчи газ сепишда айбланмоқда.

2 мингга яқин одам қатнашгани айтилаётган парад Украинада кейинги йилларда ўтказилган энг йирик ЛГБТ тадбирларнинг бири бўлди. Мамлакатда ЛГБТ фаоллар жинсий озчиликлар тан олинишга ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига эришиш учун курашиб келади.

Парад шаҳар мери Ҳеннадий Кернеснинг уюштирувчилар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги таҳдидларига қарамай ўтказилди. Консерватив фаоллар парад уюштириладиган бўлса, зўравонлик билан жавоб беришларини айтиб таҳдид қилган эди.

Amnesty International каби халқаро ташкилотлар Украина расмийларини қатнашувчилар хавфсизлигини таъминлашга чорлади.

Аммо икки соатча давом этган парад хавфсизлик хавотирлари туфайли шаҳар майдонларидан бирида ўтказилди.

1 киши ҳалок бўлди, 3 киши касалхонада - Қозоғистонда поезд автобусни уриб кетди

Воқеа жойидан олинган сурат

15 сентябрь куни кечқурун Олмаота вилоятининг Шамалган станциясида поезд автобус билан тўқнашиб кетди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, автобуснинг уч йўловчиси шифохонага ётқизилди.

16 сентябрга ўтар кечаси Шамалганнинг ўнлаб аҳолиси темир йўлни тўсиб қўйишди ва бу ерга кўприк қуришни талаб қилди.

Расмий идораларнинг хабар қилишича, автобус ҳайдовчиси тақиқлов сигналига қарамай темир йўлдан ўтган ва катта тезликда ҳаракат қилаётган поезд автобусга келиб урилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувларда ўтишдаги тирбандлик, туширилган шлагбаум, семафорнинг қизил сигнали ва йўлда туриб қолган автобус акс этган. Айрим гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳайдовчи автобусни ўрнидан қўзғата олмаган ва шу тариқа йўл бўшатилмаган, чунки автобуснинг олдида автомобиллар бор эди.

Фожиа оқибатида автобус ҳайдовчиси вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, 1979 йилда туғилган ҳайдовчининг исми Бахитжан эди. Расмий маълумотларга кўра, Каскелен шифохонасига бир аёл ва икки бола (2014 ва 2016 йилда туғилган) ётқизилди.

АҚШда General Motors ширкатининг 49 минг ишчиси иш ташлади

General Motors логотипи ва АҚШ байроғи.

АҚШ автомобилчиларининг бирлашган касаба уюшмаси General Motors ширкатининг соатбай ҳақ олувчи 49 минг ишчиси якшанба куни ярим тундан иш ташлашини маълум қилди.

Хабарда ширкат раҳбарияти билан коллектив шартнома бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани айтилади. Reuters агентлигининг билдиришича, General Motors ишчилари сўнгги 12 йилда биринчи марта иш ташламоқда.

Якшанба куни эрталаб дастлаб General Motors ширкатининг 850 ходими иш ташлаганди.

Касаба уюшмаси General Motors ширкатининг Огайо ва Мичиган штатларида автомобиль йиғиш заводларини ёпиш режасига қарши чиқмоқда ва ширкат Шимолий Америкада сўнгги йилларда рекорд даражада даромад олгани ортидан ишчи-ходимлар ойликлари оширилишини талаб қилмоқда.

Ҳонконгда норозилар намойишга АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб чиқди

Ҳонконгда 15 сентябрда намойишга чиққанлар.

Ҳонконгда 15 сентябрь куни норозилар ва полиция ўртасида навбатдаги тўқнашув содир этилди. Полиция ҳукумат биноси олдига йиғилган норозилар «Молотов коктейл»лари отганига жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллашга мажбур бўлди.

Полиция тақиқига қарамай, минглаб одамлар Ҳонконг марказида АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб намойишга чиқди. Улар Ҳонгконг ҳукуматидан демократик ислоҳотларни ўтказишни талаб қилдилар.

Норозилар Британия элчихонаси олдида «Худо, қироличани ўз паноҳингда асра» қўшиғини ижро этдилар. Юзлаб норозилар ҳукумат идораларини тошбўрон қилдилар.

Ҳозирча жабрланганлар ва қўлга олинганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳонконгда намойишлар 14 ҳафта аввал жиноят қилганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошлангани ортидан бошланиб кетган эди.

Миллионлаб одамлар намойишга чиқиши оқибатида Ҳонконг маъмурияти қонун муҳокамасини тўхтатган. Бироқ норозилик намойишлари тўхтамади. Эндиликда норозилар Хитойдан Ҳонконгга кўпроқ эркинликлар ва демократия берилишини талаб қилмоқда.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Туркия С-400 тизими компонентларининг иккинчи партиясини қабул қилиб олди

С-400 зенит-ракета комплекси.

Туркия Россиядан сотиб олинган С-400 зенит-ракета тизими компонентларининг иккинчи партиясини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги 15 сентябрь куни хабар берди.

Россия билан имзоланган шартномага асосан Туркияга зенит-ракета комплексининг тўртта дивизиони етказиб берилиши лозим.

Туркия Қуролли Кучлари бу тизимдан 2020 йилнинг апрель ойидан фойдалана бошлаши режалаштирилган. Бу вақтгача Россия ҳарбийлари турк ҳамкасбларини С-400дан фойдаланишга ўргатади.

Туркияга C-400 тизимини етказиб беришнинг биринчи босқичи июль ойида якунланган эди.

Қўшма Штатлар Туркия Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олгани учун Анқарага F-35 қирувчи учоқлар етказиб беришни тўхтатган эди.

Толибон Халқаро Қизил Ҳоч ташкилотига қўйилган тўсиқни бекор қилди

Халқаро Қизил Ҳоч ва Қизил Ярим Ой ташкилоти логотипи.

Толибон 15 сентябрь куни Афғонистонда Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти фаолиятига ҳаракат томонидан қўйилган тақиқ бекор қилинганини ва гуманитар миссияни амалга ошираётган мазкур ташкилот хавфсизлигига даҳл қилинмаслигини билдирди.

«Ислом амирлиги Халқаро Қизил Ҳоч ташкилотига берилган аввалги хавфсизлик кафолатларини қайта тиклади ва барча мужоҳидларга ташкилот фаолиятига тўсқинлик қилмасликка, ташкилот ходимларининг хавфсизлигини таъминлашга кўрсатма беради”, дейилади Толибон баёнотида.

Халқаро Қизил Ҳоч расмийлари 15 сентябрдан бошлаб Афғонистонда ўз фаолиятини қайта тиклаганини маълум қилди.

Толибон Халқаро Қизил Ҳоч ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фаолиятини апрель ойида тақиқлаган эди. Толибон бунга «мазкур ташкилотлар шубҳали эмлаш фаолияти билан шуғулланаётгани»ни сабаб қилиб кўрсатганди.

Толибон баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳақида гапирилмаган. Мазкур ташкилот Афғонистонда полиомиелитга қарши эмлаш олиб бораётган эди.

Трамп: Саудиядаги нефть конларига қилинган ҳужум учун Вашингтон жавоб қайтаришга тайёр

14 сентябрь куни қилинган дрон ҳужумлари оқибатида ёнаётган нефть конлари.

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрь куни қилинган дрон ҳужумларига Вашингтон жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирди. Мазкур ҳужум оқибатида Саудиядаги нефть конларининг деярли ярми ишламай қолган эди.

“Саудия Арабистони нефть конлари ҳужумга учради. Биз ҳужумни ким уюштирганини биламиз, деб айтиш учун асосга эга эмасмиз. Бироқ биз бу масалада Саудия Арабистонидан уларнинг наздида бу ҳужумни ким уюштирган бўлиши мумкин” ва “қандай шартлар асосида ҳаракат қиламиз” деган саволларга жавоб кутаяпмиз”, деб ёзди Трамп 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Аввалроқ Саудиянинг нефть конларига ўнта дрон билан қилинган ҳужум учун масъулиятни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Хутий шиа исёнчи гуруҳи ўз зиммасига олгани хабар қилинган эди.

Трампнинг катта маслаҳатчиси Келлианн Конуэй 15 сентябрда Fox News телеканалига берган интервьюсида:

-Давлат котиби Майк Помпео аниқ мужда бердики, аҳоли пунктлари ва инфраструктураларга қилинган ҳужум учун Эрон режими масъулдир,-деб айтди.

Саудиянинг Saudi Aramco давлат нефть ширкатининг билдиришича, 14 сентябрдаги ҳужум оқибатида қиролликда нефть қазиб олиш ҳажми икки баробарга қисқарди ва кунига 5 миллион 700 минг баррелни ташкил қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи: Донбассдаги мактабларда украин тили йўқ қилинмоқда

Украина шарқида россияпараст айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудлардаги мактабларда украин тилини ўқитиш деярли йўқ қилинган.

Бу ҳақда Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи билдирди.

Донецклик журналист Дмитро Дурнев ҳисоботига таянган ҳолда гуруҳ украин тилини ўқитиш 2014-2016 йилларда кескин қисқартирилгани ёки бутунлай йўқ қилинганини хабар қилди.

“Бу ошкора руслаштириш дастури”, дейилади гуруҳ баёнотида.

Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қрим яриморолида ҳам айни ҳолат кузатилмоқда. Қримда 2014 йилдан бери украин тилидаги жами 7 мактаб ёпилган. Шунингдек, Кремль бошқарувидаги расмийлар қримтатар тилида таҳсил бериладиган мактаблар сонини ҳам кескин озайтирган.

Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳига кўра, Донбасснинг Киев бошқарувида бўлмаган ҳудудларида ўқувчилар ҳафтасига бир соат украин тилини ўрганади. Рус тили учун эса беш ёки олти соат ажратилган, бошқа фанлар ҳам рус тилида ўқитилади.

Кремль дастаклаб келаётган маҳаллий расмийлар бу ўзгаришларга маҳаллий аҳоли талаблари сабаб бўлганини айтиб келади.

Вашингтон Саудия нефть заводларига қилинган дрон ҳужумларида Эронни айблади

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деб таъкидлади.

Республикачи сенатор Линдси Грэм Эрон “провокацияларни давом эттирса” ёки уранни бойитишни тўхтатмаса, Эрон нефть заводларига ҳужум қилиш ҳақида ўйлаш вақти келганини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусавий эса ҳужумларга Эроннинг алоқаси йўқлигини айтган. Мусавий ушбу ҳолат юзасидан баённома эълон қилиб, унда мазкур айбловлар Эронга қарши бўлғуси ҳужумларга баҳона бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз бўйнига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

Трамп Усома бин Лодиннинг ўғли ўлдирилганини тасдиқлади

Ҳамза бин Лодин - “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли

АҚШ президенти Дональд Трамп “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли - Ҳамза бин Лодин Афғонистон-Покистон чегарасида амалга оширилган ҳарбий амалиёт давомида ўлдирилганини тасдиқлади.

Оқ уй 14 сентябрь куни эълон қилган билдирувда “Ҳамза бин Лодиннинг ўлими “Ал Қоида”гуруҳини муҳим етакчи ва отаси Усама бин Лодин билан рамзий алоқадан айирибгина қолмай, гуруҳнинг минтақадаги фаолиятига ҳам путур етказади”, дейилади.

31 июль куни айрим матбуот нашрлари АҚШ разведкаси расмийларига таянган ҳолда Ҳамза Бин Лодин ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Аммо бу хабарларда бин Лодин қачон, қаерда ўлгани тафсилотлари берилмади.

Ҳамза Бин Лодин Усома Бин Лодиннинг 20 боласи орасида 15-сидир. Ҳамзанинг ўлган пайтида 30 ёшда бўлгани айтилмоқда.

Февраль ойида АҚШ ҳукумати Ҳамза Бин Лодин боши учун 1 миллион доллар мукофот эълон қилган.

Айтилишича, Ҳамза мусулмонларни АҚШ ва бошқа давлатларга қарши ҳужумга чорлаб, аудио ва видео ёзувларни эълон қилган. Хусусан, у ўз мурожаатларида диндошларини отаси 2011 йилда АҚШ томонидан ўлдирилгани учун қасос олишга чорлаган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG