Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Зеленский Украинада сиёсий тажрибаси кам ҳукумат тузди


Украина президенти Володимир Зеленский 29 августда Киевда янги ҳукумат тузганини эълон қилиш учун парламентга мурожаат этди.
Украина президенти Володимир Зеленский 29 августда Киевда янги ҳукумат тузганини эълон қилиш учун парламентга мурожаат этди.

Президент Володимир Зеленский ҳокимиятдаги сиёсий партияси билан бирга Украина мустақил бўлганидан буён энг ёш ва кам тажрибали ҳукуматни тузди.

29 августда ҳукуматнинг ўртача ёши 40 дан паст бўлган 12 эркак ва 6 аёлдан иборат янги таркиби эълон қилинди.

Ҳукумат аъзоларининг айримлари президентнинг дўстлари, собиқ бизнес шериклари ва сафдошлари, шунингдек, технократлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва 2 нафар олдинги маъмурият аъзосидан иборат бўлди.

35 яшар Алексей Гончарук мамлакатнинг энг ёш бош вазири бўлди, у ўтмишдоши Владимир Гройсманга тегишли бўлган рекорддан ҳам ўзиб кетди.

Сиёсатчига айланган комик актёр ва Украинанинг 41 яшар энг ёш президенти Зеленский мамлакат сиёсатидаги “тизимни бутунлай ўзгартириш”га ваъда қилди.

450 нафар парламент аъзосидан 290 депутат Гончарук номзодини ёқлаб овоз берди.

У кўп йиллар ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган, пировардида кўчмас мулк қурилишига ихтисослашган фирманинг етакчи шеригига айланди.

Гончарук 2015 йилда Европа Иттифоқи молиялаштирган ва ислоҳотлар ўтказишга ихтисослашган БРДО нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган ҳамда собиқ президент Петро Поршенко ҳукуматида бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Степан Кубивга маслаҳатчи бўлган эди.

Ушбу ҳукуматга жуда қийин бўлади, ‒ деди у парламентда сўзлаган нутқида.

Гончарук ҳукумат кейинги ҳафталарда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан янги дастур юзасидан музокара бошлашини айтди. Бу мавжуд 3,9 миллиард долларлик захира ёрдами тўғрисидаги битим ўрнини босувчи узоқ муддатли янги битим тузишни англатади.

Мамлакат дуч келаётган ушбу муаммолардан барчангизнинг хабарингиз бор, улар - бизга мерос қолган қарзлар, − дея қўшимча қилди у.

Украинанинг НАТОдаги элчиси бўлиб ишлаган Вадим Пристайко ташқи ишлар вазири бўлди.

У тайинланишидан олдин Украинанинг ЕИ ва НАТО билан интеграциялашув сари йўли ўзгармасдан қолишини айтди.

Президент маъмурияти бошлиғи ўринбосари Руслан Рябошапка бош прокурор этиб тасдиқланди.

33 яшар Андрей Загороднюк янги мудофаа вазири бўлди.

Илгари у давлатга қарашли “Укроборонпром” ҳарбий концерни кузатув кенгаши аъзоси эди.

Зеленскийнинг собиқ бизнес шериги 45 яшар Иван Баканов СБУ хавфсизлик хизмати бошлиғи қилиб тайинланди.

“Халқ хизматкори” партияси раиси Дмитрий Разумков парламент спикери этиб сайланди.

Михаил Фёдоров 28 ёшида рақамли технологияларга ўтишга масъул бош вазир ўринбосари бўлди.

Илгари Европа кенгашида элчи бўлган 38 яшар Дмитрий Кулеба Европа ва Евроатлантика тузилмалари билан интеграция бўйича бош вазирга ўринбосари этиб тайинланди.

Таълим вазири Ҳанна Новосаднинг ёши 29 да, у илгари вазирликнинг стратегик режалаштириш ва Европа интеграцияси бўйича дирекциясини бошқарган.

55 яшар Арсен Аваков ички ишлар вазири ва 42 яшар Оксана Макарова молия вазири лавозимларини сақлаб қолди.

Ўтган ойда бўлиб ўтган парламент сайловида Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси 450 ўринлик парламентда 254 та депутатлик ўрнига эга бўлган эди.

Ушбу мисли кўрилмаган мандат унга апрель ойидаги президент сайлови олди кампанияси вақтида Ураинанинг сиёсий тизимини бутунлай ўзгартириш ҳақидаги ваъдаларини бажариш имконини беради.

Зеленский Олий Радада сўзлаган нутқида ушбу чақириқ депутатлари олдида “мумкин бўлмаган нарсаларга эришиш” ва олдинги парламентлар 28 йилда бажара олмаган нарсаларни бажариш имкони мавжудлигини айтди.

У миллий хавфсизлик ва мудофаа энг устувор вазифа эканини, Украина шарқидаги Россияга суянаётган бўлгинчиларга қарши “урушни тугатиш” ва Қрим ярим оролини Украина бағрига қайтариш кераклигини айтди.

Зеленский яна “рейдерлик” – нотариус ва судьялар қўли билан бошқаларга қарашли компранияларни тортиб олиш амалиётига барҳам бериш, энергетика мустақиллигига эришишни истаётганини ҳам билдирди.

У депутатларни залда муштлашмаслик, мажлисларга келмай қолмаслик ёки кўп марта овоз беришларда қатнашмасликка даъват қилди.

Акс ҳолда “парламент фақат бир йил ишлайди”, деди у.

Президент билан партияси парламентда овоз берилиши учун рўйхатдан ўзтказган 37 та қонун лойиҳасининг биттаси депутатларнинг дахлсизлик иммунитетини бекор қилишга оиддир.

Бунинг учун Конституцияга ўзгартириш киритиш керак. Зеленскийнинг партияси эса бундай кўпчиликка эга эмас.

Ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, дахлсизликни бекор қилиш коррупцияга қарши кураш йўлидаги энг муҳим чоралардан бири бўлади.

Зеленский парламентга коррупцияни фош қилувчилар ва президент импичменти тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ҳам киритди.

XS
SM
MD
LG