Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 21:45

Халқаро янгиликлар

Трамп Усома бин Лодиннинг ўғли ўлдирилганини тасдиқлади

Ҳамза бин Лодин - “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли

АҚШ президенти Дональд Трамп “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли - Ҳамза бин Лодин Афғонистон-Покистон чегарасида амалга оширилган ҳарбий амалиёт давомида ўлдирилганини тасдиқлади.

Оқ уй 14 сентябрь куни эълон қилган билдирувда “Ҳамза бин Лодиннинг ўлими “Ал Қоида”гуруҳини муҳим етакчи ва отаси Усама бин Лодин билан рамзий алоқадан айирибгина қолмай, гуруҳнинг минтақадаги фаолиятига ҳам путур етказади”, дейилади.

31 июль куни айрим матбуот нашрлари АҚШ разведкаси расмийларига таянган ҳолда Ҳамза Бин Лодин ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Аммо бу хабарларда бин Лодин қачон, қаерда ўлгани тафсилотлари берилмади.

Ҳамза Бин Лодин Усома Бин Лодиннинг 20 боласи орасида 15-сидир. Ҳамзанинг ўлган пайтида 30 ёшда бўлгани айтилмоқда.

Февраль ойида АҚШ ҳукумати Ҳамза Бин Лодин боши учун 1 миллион доллар мукофот эълон қилган.

Айтилишича, Ҳамза мусулмонларни АҚШ ва бошқа давлатларга қарши ҳужумга чорлаб, аудио ва видео ёзувларни эълон қилган. Хусусан, у ўз мурожаатларида диндошларини отаси 2011 йилда АҚШ томонидан ўлдирилгани учун қасос олишга чорлаган.

Кун янгиликлари

Туркия ва Россия Сурия бўйича келишувга эришиши ортидан Россия қўшинлари Кобанига етиб борди

Россия Туркия билан эришилган келишувга биноан ҳарбий полицияси Фрот дарёсидан ўтиб, Суриянинг Туркия билан чегарасига яқин жойлашган Кобани шаҳрига етиб борганини маълум қилди.

Россия Туркия билан эришилган келишувга биноан ҳарбий полицияси Фрот дарёсидан ўтиб, Суриянинг Туркия билан чегарасига яқин жойлашган Айн ал-Араб (Кобани) шаҳрига етиб борганини маълум қилди.

23 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган билдирувда “Россия ҳарбий кучлари маҳаллий маъмурият аъзолари билан учрашиб, ҳамкорликни ҳамда олдинга қўйилган миссияни муҳокама қилди”, дейилади.

Куни кеча Москва ва Анқара курд кучларини Сурия-Туркия чегарасидан нарида ушлаб туриш ва назорат қилиш бўйича келишувга эришган эди. Келишув доирасида Россия ва Сурия кучлари курд жангчилари чегарадан 30 км масофагача ҳудудни тарк этишини таъминлайди.
Курд жангчиларини олиб чиқиб кетиш амалиёти 150 соат ичида якунланиши керак.

Келишувга Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан Сочида олиб борган музокаралар ортидан этишилди.

Эрдўғон Сурия билан Туркия чегараси яқинида барпо этилажак “хавфсизлик ҳудуди”га ўз мамлакати ҳудудида бўлган суриялик қочқинларнинг бир қисми жойлаштирилиши мумкинлигини айтиб келади.
Икки ҳафта муқаддам Туркия Сурия шимолида курд қуролли отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган.

Сочида Африка давлатлари етакчилари иштирокида саммит бўлиб ўтмоқда

Икки кунлик саммитни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сиси (чапда) очиб берди.

23 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Африканинг бир неча давлати етакчиси иштирокида саммит бўлиб ўтмоқда. Саммит Россия бошқа қудратли давлатлар қатори қитъада ўз таъсирини оширишга уринаётган бир пайтда уюштирилди.

Икки кунлик саммитни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сиси очиб берди. Сиси Африка Иттифоқининг жорий етакчисидир.

Кремль тарқатган маълумотларга кўра, саммитда 43 давлат етакчиси қатнашади. Путин 13 давлат раҳбари билан икки тарафлама музокара ўтказишни режалаштирмоқда.

Ғарб давлатлари ва Хитой аллақачон Африкада салмоқли таъсирга эга. Эндиликда Россия ва Ҳиндистон каби давлатлар улар сафига қўшилишга ҳаракат қила бошлади.

Совет даврида Москва Африкада муҳим ўйинчи бўлган, аммо СССР парчаланиб кетганидан кейинг, ўз таъсирини йўқотган.
Кейинги 20 йил ичида Хитой қитъага бир неча ўн миллиард сармоя ётқизиб, йирик ўйинчига айланди.

Хитойда Толибон билан музокара ўтказилиши хабар қилинди

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Брюссель шаҳрида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашди.

22 октябрь куни БМТ, Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ қўшма баёнот эълон қилиб, Афғонистонда 18 йилдан бери тинчимаётган урушни тугатиш учун “барқарор тинчлик келишуви имзоланиши” тарафдори эканликларини билдирди.

22 октябрда АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Брюссель шаҳрида Британия, Франция, Германия, Италия, Норвегия, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ вакиллари билан учрашди.

Қўшма билдирувда Афғонистон етакчилари Афғонистонда Толибон билан музокараларга тайёрланишга ҳамда барча тарафлар аъзоларидан иборат миллий музокара гуруҳини тузишга чақирилди.

Халилзоднинг Брюсселга сафари арафасида Толибоннинг етакчи музокрачиси ҳамда гуруҳ асосчиси Мулла Абдул Ғаний Барадар Қатар пойтахти Доҳада Хитой дипломатлари билан учрашди. Учрашув ортидан Толибон матбуот котиби Озодликка жангари гуруҳ делегацияси 28-29 октябрда Пекинда бўлиб ўтадиган музокраларда иштирок этишини маълум қилди.

Пекин бундай музокара ўтказилишини тасдиқлагани йўқ. Афғонистон президенти Ашраф Ғани маъмурияти ҳам ҳали бу хабарни шарҳлагани йўқ.

Донецк айирмачилари Озодлик радиоси украин хизмати ҳамкорини 15 йилга қамади

Журналист Станислав Асеев.

“Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорацияси президенти Жейми Флай ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган “Донецк Халқ республикаси”да украин журналисти Станислав Асеевнинг 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинишини “ножўя”, дея таърифлади. Бу журналист Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилиб келган.

Ҳукмга оид хабар айирмачилар назорат қилаётган Донецк вилояти ҳудудида фаолият юритувчи Донецк янгиликлар агентлиги томонидан ёйинланди. Агентлик маълумотига кўра, Асеевга нисбатан ҳукм айирмачиларнинг Олий суди томонидан август ойидаёқ чиқарилган ва “қонуний кучга кирган”. Журналист жосуслик, экстремизм ва айирмачи республиканинг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган чақириқларда айбланган.

Флайга кўра, Асеев журналист сифатида фаолият юритган ва Украина шарқидаги вазиятни ёритишга уринган, холос. У айирмачилар қарорини журналистнинг “кучли ва мустақил овозини ўчиришга уриниш”, дея баҳолади. Флай фикрича, Асеев зудлик билан озод қилиниши керак.

Асеев Озодлик радиоси украин хизматининг штатсиз мухбири бўлган. 30 ёшли журналист Донецк айирмачилар назоратига ўтганидан кейин ҳам бу ерда ишлашда давом этган оз сонли мухбирлардан бири эди. Асеев айирмачилар томонидан 2017 йили қўлга олинган.

Асеевнинг озод қилинишини халқаро ташкилотлар ва жаҳондаги етакчи ОАВ вакиллари ҳам талаб қилмоқда.

Украина ва халқаро ҳамжамият Донецк ва Луганск вилоятларида айирмачилар томонидан ташкил этилган органлар машруиятини тан олмайди, шундан келиб чиққан ҳолда, бу идоралар чиқарган қарорларни ҳам қонуний, деб билмайди.

“Чегара билмас мухбирлар” қозоқ расмийларини журналист Батирбековни озод қилишга чақирди

Қозоғистонлик журналист Амангельди Батирбеков.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти Қозоғистон расмийларини Амангельди Батирбековга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирди. “Туҳмат” моддаси билан судланган журналист ўтган ой суд ҳукми билан икки йилу уч ойга қамалганди.

RSF томонидан 22 октябрь куни тарқатилган баёнотда Батирбековга чиқарилган ҳукм Қозоғистонда журналистлар “таъқиб этилаётгани”нинг яна бир исботи экани таъкидланади.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бўлими раҳбари Йоханн Бирга кўра, “агар Қозоғистон расмийлари мамлакатда ислоҳотлар ўтказилаётганига оид сўзлари жиддий қабул қилинишини истасалар”, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни декриминализация қилишлари керак бўлади.

“Сариағаш инфо” газетаси муҳаррири Батирбековга нисбатан ҳукм 23 сентябрь куни Сариоғоч шаҳар суди томонидан чиқарилган. Суд уни Facebook’даги ўз саҳифасида маҳаллий таълим амалдорини ҳақорат қилганликда айбдор, деб топган ва етказилган маънавий зарарни қоплаш учун журналистдан 2,1 миллион тенге (5 300 долларга яқин) товон пули ундириш ҳақида ҳукм чиқарган. Батирбеков айбловни тан олмаган ва ҳодисаларга, шу жумладан, ўзига нисбатан очилган ишни кўриб чиқаётган судьяга нисбатан танқидий муносабатда бўлгани учун таъқиб қилинаётгани борасида баёнот берган.

Ўтган ҳафта RSF Батирбековни журналистик фаолияти учун қамалган журналистлар рўйхатига киритганини очиқлаган. Қароргоҳи АҚШда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” (CPJ) ҳам 18 октябрь кунги мурожаатида Қозоғистон расмийларини журналист Амангельди Батирбековни зудлик билан озод қилишга чақирганди.

Тожикистонда террор ташкилоти собиқ раҳбарининг ўғиллари узоқ муддатга қамалди

Тожикистон Олий суди “Жамоати Ансоруллоҳ”нинг собиқ раҳбари, “Домулло Амриддин” номи билан танилган Амриддин Табаровнинг икки ўғлини узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилди.

Табаровларнинг яқинлари ва адвокатларидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Амриддин Табаровнинг икки ўғли ўтган йили Афғонистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган эди. Олий суд вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига 22 октябрь куни маълум қилишича, Домулло Амриддиннинг икки ўғлига нисбатан ҳукм 29 августда чиқарилган, аммо бу маълумот эндигина очиқланмоқда.

Манбага кўра, Абдулфаттоҳ Табаров 23 йил ва Саиджамолиддин Табаров эса 16 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Бошқа бир манбанинг айтишича эса, уларнинг ҳар иккиси жиноий тўда ташкил қилиш, конституцион ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашни очиқчасига тарғиб қилиш, қонунга зид равишда қурол сақлашда айбдор, деб топилган. “Тергов ва судда улар 2009 йилдан бери оталарини кўрмаганларини ва у ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Катта ўғил қурол яширилган махфий жойни кўрсатди”, дейди манба.

Ака-ука Табаровлар ўзларига қўйилган айбловларни тан олган-олмагани маълум эмас.

Тожик жангарилари томонидан ташкил этилган “Жамоати Ансоруллоҳ” террор ташкилоти 1990-йиллар бошларида Покистонда пайдо бўлган ва Амриддин Табаров бошчилигида аста-секин Афғонистонга ўта бошлаган.

Тожикистон Олий суди 2012 йилнинг май ойида гуруҳни террорчилик ташкилоти, деб эълон қилган. 2013 йилдан бошлаб бу гуруҳнинг ўнлаб аъзоси қамалган.

Гуруҳ лидери Амриддин Табаровнинг ўғиллари Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ америкалик ҳарбийлар томонидан 2009 йили қўлга олинган. Экстрадиция қилингунларига қадар улар Баграмдаги қамоқхонада ушлаб турилган. Кобулдан 50 километр наридаги Бағром қамоқхонаси АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқилиши тўғрисидаги шартнома доирасида 2013 йили афғон расмийлари назоратига ўтган.

2016 йили The Washington Post нашри Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ Табаровларнинг қамоқ муддати тугагани, бироқ улар Тожикистонга қайтишдан воз кечаётгани ва Бағромда қолишни афзал кўришаётганликлари борасида маълум қилган эди.

Айрим маълумотларга қараганда, ака-ука Табаровлар Тожикистондан Эронга ўтишган ва у ердаги мадрасалардан бирида диний таълим олишган ҳамда у ердан Афғонистонга қайтишган. Уларнинг Афғонистонга нима мақсадда ўтгани маълум эмас, аммо оталари Тожикистонга “жиҳод” билан қайтиши борасида таҳдид қилган эди.

ИИВ маълумотларига кўра, Амриддин Табаров 2016 йилда Афғонистонда ўтказилган махсус амалиёт вақтида ўлдирилган.

Афғонистон шимолида Толибон ҳужумида 15 нафар полициячи ҳалок бўлди

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида содир бўлган тўқнашувда 15 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят кенгаши аъзоси Ғулом Раббоний Раббоний билдирди.

Унинг сўзларига кўра, полиция ходимлари 22 октябрь куни Алиобод туманида Толибон амалга оширган ҳужум натижасида ҳалок бўлган.

Толибон матбуот котиби ҳужумни гуруҳ амалга оширганини тасдиқлади.

Кейинги ҳафталарда Афғонистон ҳукумати кучлари Қундуз вилоятининг Дашти Арчи ҳамда Имом Соҳиб туманларида Толибон билан тўқнашиб келади.

Хабарларга кўра, Толибон жангарилари Қундуз вилоятининг бир неча туманини қўлга олган. Гуруҳ вилоят пойтахти Қундуз шаҳрини 2015 йилда босиб олиб, икки ҳафта бошқариб турган эди.

Толибон Афғонистон ҳудудининг деярли ярмини қўлга олган бўлиб, жорий йилда мамлакат хавфсизлик кучларига қарши қатор ҳужумларни амалга оширди. Тўқнашувларда юзлаб оддий фуқаро ҳам ҳалок бўлди.

Эрдўғон Путин билан учрашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилади

Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 22 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан Анқара курд жангчиларига қарши амалиёт бошлаган шимолий Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Бугун Вашингтон воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви муддати тугайди.

Туркия Сурия шимолида 120 км масофага чўзилувчи “хавфсизлик зонасини” яратиб, у ерга ҳозир Туркияда қолаётган 2 миллионга яқин қочқинни жойлаштирмоқчи.

21 октябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган форумда Эрдўғон Путин билан учрашув ортидан “керакли чоралар” кўрилишини айтди.

- Ушбу жараённи жаноб Путин билан муҳокама қиламиз, сўнгра тегишли чораларни кўрамиз, - деди Туркия президенти.

Кремль сайтида эълон қилинган баёнотда Путин билан Эрдўғоннинг Россиянинг Сочи шаҳрида учрашиши, учрашув давомида икки етакчи “халқаро террор гуруҳларига қарши кураш ҳамда Сурияда сиёсий ечим топиш” масалаларини муҳокама қилиши айтилади.

Эрдўғоннинг Россияга сафари олдидан Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Суриядан олиб келинган 14 қозоғистонлик терроризм айби бўйича судланмоқда

Суд залидан олинган сурат.

22 октябрь, сешанба куни Нур-Султонда Суриядан Қозоғистонга олиб келинган ва ватанида терроризмда айбланаётган 14 киши устидан суд жараёни бошланди. Суд пойтахтнинг Саноат зонасидаги ЕЦ-166/10 муассасасининг тергов изоляторида бўлиб ўтмоқда.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) бу иш бўйича тергов якунлаганини маълум қилди. Тергов версиясига кўра, Қозоғистон фуқоролари бўлмиш 14 шахс Сурияда “Ислом Давлати”(ИД) экстремистик гуруҳи отряди сафида бўлган. Уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этиш, ёллаш ва терроризм тарғиботи, «шунингдек бошқа оғир жиноятларни содир этиш» айби қўйилди.

Йил бошида Қозоғистон расмийлари Суриядан фуқороларни қайтариш амалиёти якунлагани борасида маълум қилди. Яқин Шарқдан олиб келинган бир неча ўнлаб эркак ва аёлларга нисбатан терроризм билан боғлиқ айблов қўйилди.

17 октябрь куни МХҚ томонидан эълон қилинган хабарга қараганда, «Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400дан ортиқ бола қайтарилган. Қўмитанинг маълум қилишича, бундан аввал ИД фаолиятида иштирок этиш факти бўйича Суриядан олиб келинган 10 нафар эркак ва беш нафар аёл турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

2018 йил июлида МХҚнинг хабарига кўра, Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Сурия ва Ироққа 800 га яқин Қозоғистон фуқароси кетган.

Пентагон раҳбари: АҚШ Сурияда ўз аскарларининг бир қисмини қолдириши мумкин

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Қўшма Штатлар америкалик ҳарбийларнинг бир қисмини жангарилар ҳужумига ҳадаф бўлиши мумкин бўлган нефть конларини қўриқлаш учун Сурияда қолдириш режасини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер маълум қилди.

Вазирга кўра, режа ишлаб чиқиш босқичида бўлиб, ҳали президент Трампга тақдим этилганича йўқ. АҚШ президентининг ўзи душанба куни Суриядан америкалик ҳарбийларнинг ҳаммасини олиб чиқиб кетишни исташини билдирганди. Айни пайтда у “нефть хавфсизлигини таъминлаш зарур”лиги ҳамда Суриянинг бошқа қисмидан АҚШ аскарларини олиб чиқиб кетмаслик хусусида Исроил ва Иордания илтимосига эътибор қаратиш лозимлигини ҳам қўшимча қилган.

АҚШ президенти Дональд Трамп икки ҳафта муқаддам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан сўзлашувдан кейин америкалик ҳарбийларни Сурия шимолидан олиб чиқиб кетиш ҳақида буйруқ берганди. Бу топшириқдан бир кун ўтиб Анқара Суриянинг қуролли курд отрядлари назорати остида бўлган ҳудудида ҳарбий амалиёт бошлаган.

Трампга кўра, у турк армияси ҳужумига ҳадаф бўлиши мумкин мавқеларни эгаллаган америкалик аскарларнинг ҳаётини хавф остига қўйишни истамаган.

АҚШнинг Суриядаги мингга яқин аскарини Ироққа кўчириш қарори олинган. Қайд этилишича, америкалик аскарлар ҳали тўлиғича Суриядан олиб чиқиб кетилган эмас. Айрим маълумотларга кўра, бу эвакуациянинг Сурия жанубида (Исроил билан чегарада) жойлашган америкалик ҳарбийларга дахли бўлмайди.

Япония: Нарухито расман императорлик тахтига ўтирди

Нарухитонинг императорлик тахтига чиқиш маросими, Токио, 2019 йил 22 октябри.

Японияда 22 октябрь куни император Нарухитонинг расман тахтга чиқиш маросими ўтказилди. Маросимда дунёдаги 170 мамлакат лидери иштирок этди.

Оксфордда ўқиган 59 ёшли Нарухито отаси Акихитонинг тахтдан воз кечиш ортидан шу йил май ойида император эълон қилинганди.

Тахтга чиқиш маросимида сўзлаган Нарухито Япония янада тараққий қилиб, халқаро майдонда дўстлик ва тинчликка ўз ҳиссасини қўшишда давом этишига умид билдирди.

Япония бош вазири Синдзо Абэнинг императорга олқиш нутқи ортидан "Банзай" садолари янгради. Бу сўз "Яшасин император" деган маънони англатади.

Япония ўзини 2600 йиллик тарихга эга бўлган дунёдаги энг эски монархия, деб билади.

Тожикистонда чақалоғини ўлдирган аёл 15 йил қамалди

Кўлоб суди олти ойлик чақалоғини ўлдирган 24 ёшли Жамила Каримовани 15 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Хатлон вилоятининг Хамадоний туманида яшовчи бу аёл жорий йил июнида эрининг қариндошлари билан бўлиб ўтган жанжаллардан сўнг ўғли Муҳаммаджонни каналга ташлаб юборган. Чақалоқнинг жасади бир ҳафта ўтиб топилган.

Жамила оилада мунтазам ҳақорат ва зўравонликларга учраб келгани, шу важдан ўзи ва ўғлини ўлдиришга аҳд қилганини айтган.

Аёл судда ўзгалар қўлида қолиб, азият чекмаслиги учун аввалига ўғлини каналга ташлагани, аммо ўз жонига қасд қилишга улгуролмаганини эътироф этган. Жамила қилган ишидан қаттиқ пушаймон эканини айтиб, суддан хукм чиқараётганда ёшлигини ва чин юракдан пушаймонлигини эътиборга олишларини сўраган.

Хатлон вилоят судидаги манбанинг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, Жамила Каримова жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди. Суд хукми октябрь бошларида чиқарилган ва қонуний кучга кирган.

Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев республика биринчи президенти, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайтиришга оид фармон имзолади.

Фармон хукумат амалдорлари ва бошқа раҳбарларни, жумладан, шаҳар ва вилоятлар бошлиқларини тайинлаш, шунингдек, айрим вазирлик ва муассасалар устидан назорат имкониятига тааллуқлидир. Ҳужжат Қозоғистон норматив ҳуқуқий актлар ахборот-хуқуқий тизимига жойлаштирилди. Фармонга кўра, эндиликда Қозоғистон президенти барча вазирларни (ТИВ, ИИВ ва Мудофаа вазиридан ташқари) Назарбоев билан келишганидан кейингина тайинлайди.

Шунингдек, президентга бевосита бўйсунадиган ва унга ҳисоб берадиган идораларнинг раҳбарлари ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишганидан кейингина тайинланади. Булар Президент администрацияси, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Миллий банк, Республика гвардияси, Ташқи разведка хизмати, Президентни қўриқлаш хизмати, Республика бюджети ижроси устидан назорат ҳисоб қўмитаси, Президент ишлари бошқармаси.

Қозоғистон президенти вилоят, республика аҳамиятига молик шаҳарлар, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон раҳбарларини тайинлашда ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишиб олиши керак. Фармон билан Хавфсизлик кенгаши котибини тайинлаш регламентига ҳам ўзгартиш киритилган: эндиликда котиб Назарбоев билан маслаҳатлашилганидан кейингина тайинланади. Авваллари бу лавозимга масъул мулозимни президент ўз администрацияси тавсиясига биноан тайинларди.

79 ёшли Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг 19 март куни Қозоғистон президенти лавозимидан истеъфога чиқди, аммо ўзида мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган.

2019 йил июнида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Қозоғистоннинг янги президенти этиб сенат собиқ спикери Қасим-Жомарт Тоқаев сайланди. Аммо унинг мазкур фармони кадрлар масаласидаги асосий қарор ҳамон Назарбоев томонидан қабул қилинишини кўрсатмоқда. Хавфсизлик кенгаши раислигидан ташқари Назарбоев хукмрон "Нур Ўтан" партияси раислигини ҳам ўзида сақлаб қолган.

Айрим экспертларнинг фикрича, Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамон собиқ президент Нурсултон Назарбоев “таъсири остида” қолмоқда ва мустақил равишда сиёсий қарорлар қабул қила олмаяпти.

Туркманистон президенти ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини хорижга сотиш борасида топшириқ берди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазирнинг савдо масалалари бўйича ўринбосари Чари Гилижовга бозорни ўрганиш, мамлакатда истеъмолчиларнинг талабини таҳлил қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни жорий қилиш ҳамда ички бозорни юқори сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдириш юзасидан топшириқ берди.

Бердимуҳамедов фикрича, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш борасидаги ишларни фаоллаштириш ва ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун хорижда янги каналларни топиш керак, деб ёзади "Хроника Туркменистана" нашри.

Туркманистонда қайси маҳсулотлар мўл-кўллиги ҳақида маълумот берилмаган, бироқ мустақил нашрлар сўнгги йилларда мамлакат бозорларида Туркманистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ун, ёғ, тухум, шакар ва нон етишмаётгани ҳақида муттасил ёзиб келадилар. Бу маҳсулотларни олиш учун эрталабки соат 4 дан бошлаб навбатга турилади, бироқ маҳсулотлар ҳар куни олиб келинмайди.

Молдовада Кишинёв мэри ва маҳаллий кенгаш сайловлари бўлиб ўтди

Молдовадаги сайлов участкасида сайловчилар овоз бермоқда. 2019, 20 октябрь.

20 октябрь куни Молдова пойтахти мэри ҳамда мамлакатдаги бошқа аҳоли пунктлари маъмуриятлари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтди.

Молдова пойтахти Кишинёвда шаҳар мэри сайловида россияпараст Ион Чебан ҳамда Европа Иттифоқи билан интеграция тарафдори Андрей Нэстасе беллашди. Чебан 40,30 фоиз овоз тўплади, Нэстасе эса 31,01 фоиз овоз тўплади. Эндиликда мэр сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади.

Жорий йилнинг ёзида Молдовада ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукумат ғалаба қозонган эди. Бош вазир Майя Санду очиқ ва эркин сайловлар ўтказиш ваъдасидан чиққанини айтар экан, аҳолини “иғвогарлардан” эҳтиёт бўлишга чорлади.

Сайловолди сўровлар Чебан Нэстаседан олдинда эканлигини кўрсатган эди.

2018 йилнинг июнида ўтказилган мэр сайловда Нэстасе Чебан устидан ғалаба қозонган эди, аммо суд сайлов натижаларини бекор қилган.

АҚШ Намояндалар палатаси спикери Пелоси ва мудофаа вазири Эспер Афғонистонга хизмат сафари билан борди

Нэнси Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

20 октябрь куни Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси, АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ҳамда АҚШ Конгрессининг яна бир неча аъзоси Афғонистонга аввал эълон қилинмаган хизмат сафари билан борди.

Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

Бу ташриф июль ойида Пентагон раҳбари этиб тайинланган Эспер учун Афғонистонга илк хизмат сафари бўлди. Эспер ҳам ташрифи давомида Ғани билан учрашган ҳамда мамлакатда қолган 14 мингга яқин Америка ҳарбийси билан кўришган.

Ўтган ойда АҚШ президенти Дональд Трамп Толибон билан бир неча ой давомида олиб борилган музокараларни тўхтатиб қўйди.

Хабарларга кўра, Эспер Вашингтон Афғонистондаги террорга қарши курашга салбий кўрсатмаган ҳолда ҳарбийлари сонини 8600 га озайтириши мумкинлигини айтган.

- Мақсадимиз қачондир тинчлик келишувини имзолаш, айнан шу энг тўғри йўлдир, - деган Эспер.

Умрбод қамалган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқхона раҳбарияти устидан халқаро ташкилотларга арз қилди

Азимжон Асқаров

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг минтақавий вакили, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили, Бишкекдаги ЕХҲТ Марказига очиқ мурожаат йўллади. Асқаровнинг мактубини Voice of Freedom жамоатчилик жамғармаси бошқаруви раиси Абдумўмун Мамараимов тарқатди. Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Асқаров жазони ижро этиш №19 колонияси раҳбари Н.А.Труспековнинг нохақ ҳаракатларидан – учрашувни чеклаши, қонунга зид равишда жарима изоляторига жойлаштириши, қонун бўйича маҳбусларга кафолатланган пенсия тўловлари борасидаги талабни инкор қилиши юзасидан шикоят қилган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, нафақат ўзининг балки бошқа маҳбусларнинг ҳам хуқуқлари бузилмоқда.

«Жаҳон ҳамжамияти Қирғизистон расмийларидан БМТ Инсон хуқуқлари бўйича қўмитасининг қарорини бажариш ва зудлик билан мени озод бўлишимни талаб қилаётган бир вақтда жазони ижро этиш №19 колонияси бошлиғи оила аъзоларим билан учрашишга тўсқинлик қилган ҳолда мени ҳақоратламоқда», - деб ёзган Асқаров.

Унинг таъкидлашича, июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинганлар БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлардан бу иш бўйича судьялар ва адвокатларнинг даражаси белгиланишини ва июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинган маҳбусларга, жумладан А.Асқаровнинг ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани борасидаги шикоятлар мустақил равишда текширилишини кутмоқда.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор Қўрғон туманида истиқомат қилган ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлимида иштирок этиш гумони билан ушланди. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси Қирғизистон хукуматига мурожаат қилиб ҳуқуқ ҳимоячисининг иши қайта кўриб чиқилишини сўради. Қўмита ўз қарорини Азимжон Асқаров оғир шароитларда ушлаб турилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва у қонунга зид равишда ушлаб турилиши билан изоҳлади. Қирғизистон суди янги вазият бўйича ишни қайта кўриб чиқди ва хукмни ўзгартиришсиз қолдирди.

2019 йилнинг 30 июлида унинг иши жиноий қонунчилик ўзгартирилиши муносабати билан қайта кўриб чиқилди - йил бошида Қирғизистонда янги Жиноий ва Жиноий -процессуаль кодекслар кучга кирди. Уларда жазолар юмшатилиши ва жиноий қонунчилик инсонпаварлик бўлиши кўзда тутилади. Асқаровнинг ўзи суд мажлисларида иштирок этмади. Адвокатлар Асқаровнинг айбсизлигини, шунингдек унинг саломатлиги жиддий ёмонлашганини айтишади. Чуй вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячисининг озод бўлишига рухсат бермади.

Ҳиндистон-Покистон чегарасидаги отишмада камида 10 киши ҳалок бўлди

19 октябрь оқшомида Покистон ва Ҳиндистон чегарасида содир бўлган отишма натижасида камида 7 нафар оддий фуқаро, 3 нафар чегарачи ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳар икки тараф тарқатаётган хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин.

Покистон армияси матбуот котиби генерал-майор Асир Ғафур Ҳиндистонни ҳужумни бошлашда ва оддий фуқароларни нишонга олишда айблади.

Покистон армияси тарқатган маълумотларга кўра, баҳсли Кашмирнинг Покистон бошқарувидаги ҳудудида 6 нафар оддий фуқаро ҳамда бир аскар ҳалок бўлган. Ғафур икки аскар ҳамда беш оддий фуқаро жароҳат олганини қўшимча қилди.

Ғафурнинг сўзларига кўра, Покистон тарафи ҳужумга жавобан ўт очган, натижада тўққиз нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.

Аммо Ҳиндистондаги манбалар Покистон иддаоларини рад этди. Ҳиндистон полицияси ва армияси расмийлари Покистон чегарачилари ҳинд чегара пунктига ҳужум қилганини, натижада бир нафар аскар ҳалок бўлганини билдирди.

Ҳонконгликлар яна оммавий норозилик намойишига чиқишди

Икки ҳафта давом этган нисбий осойишталикдан сўнг Ҳонконгда демократик кайфиятдаги фаолларнинг кўп минг кишилик юриши бўлиб ўтди. Associated Press ва Reuters агентликлари хабарига кўра, 20 октябрь куни бўлиб ўтган юришга ўн минглаб одам йиғилган.

Полиция рухсатсиз тадбирга йиғилган норозиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солган. Намойишчиларнинг айримлари полициячиларга қарата ичида ёнувчи суюқлик бўлган шишалар отган, кўчаларни тўсган. Жабрланганлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Ҳонконгда норозилик чиқишлари ҳукумат томонидан жиноятчиликда гумонланганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш таклифи ортидан тўрт ой муқаддам бошланганди. Ўшандан бери Ҳонконг расмийлари бу қонун лойиҳасидан воз кечилганини қайта-қайта эълон қилганига қарамай, маҳаллий аҳоли вакилларининг Ҳонконг суверенитетини муҳофаза қилиш чақириқлари билан норозилик чиқишлари тўхтамаяпти.

Ўтган вақт мобайнида норозилик акциялари чоғида икки киши ўқотар қуролдан яраланган, улардан бири жон таслим қилган. Акциялар пайтида минглаб намойишчи енгил жароҳатлар олган, 2,5 мингдан зиёд фаол қўлга олинган.

Пентагон Суриядаги АҚШ ҳарбийларини Ироққа йўллайди

Сурия шимолидаги америкалик ҳарбийлар.

Вашингтон Сурия шимолий-шарқидан олиб чиқаётган америкалик ҳарбийларни Ироққа йўллашни режаламоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер билдирди.

Вазирга кўра, гап 700 дан зиёд ҳарбий ҳақида кетмоқда. Ироқ ғарбига жойлаштирилажак бу ҳарбийлар "Ислом давлати" террор гуруҳига қарши курашни давом эттиради.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 20 октябрь куни АҚШ машиналари карвони шимолий Ироқдан Сурия ҳудудига киргани, улар Туркия ҳарбий амалиёт ўтказаётган ҳудуддаги Америка базаларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиши ҳақида хабар тарқатди. Агентлик маълумотига кўра, карвонда 100 чоғли юк машинаси бўлиб, уларга ҳарбий қўриқчилар ҳамроҳлик қилмоқда.

Жорий йилнинг 9 октябрида Туркия Сурия шимолидаги қуролли курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Вашингтон эса, аксинча, курд отрядларини “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди.

Ливанда аксилҳукумат намойишлари авж олмоқда

Ливанда якшанба куни минглаган одам коррупцияга ҳамда солиқлар оширилишига қарши намойишга чиқиб, ҳукумат истеъфосини талаб қилди.

Норозилик тадбирлари 16 октябрь куни расмийларнинг WhatsАpp ҳамда бошқа ижтимоий иловалар орқали қўнғироқларга солиқ жорий қилиш қарорига қарши бошланган. Иловалар орқали қўнғироқларга ойига 6 доллар миқдорида солиқ жорий қилишни кўзлаган расмийлар бу қарорни бекор қилганларига қарамай, норозилик чиқишлари давом этмоқда.

Норозилар эндиликда мамлакатда авж олган коррупцияга ҳам қаршилик билдиришиб, сиёсий тизимнинг бошдан-оёқ янгиланишини талаб қилмоқдалар.

Ливан бош вазири Саъд Ҳаририй бошқарувдаги коалицияга бўҳрондан чиқиш бўйича таклиф киритиш учун 72 соат муҳлат берган.

Душанбеда тарихий бинолар бузилаяпти

Тожикистон пойтахтида ўтган асрнинг 20 ва 30-йилларига оид тарихий бинолар бузилиши давом этмоқда. Душанбе тарихи айнан шу бинолар билан бошлангани айтилади.

Шу кунда Душанбенинг биринчи архитектори Петр Ваулин томонидан қурилган уй бузилиши кутилаяпти. Шаҳарда атиги 30 та тарихий бино қолган.

Қадимий уйларни бузиш қарорига қарши чиқувчилар жуда кўп. Улардан бири тарихчи-ўлкашунос Ғафур Шерматовга кўра, Тожикистон пойтахтидаги бинолар бошқа ҳеч қаерда йўқ – айрим уйлар фақат Тожикистон пойтахти учун лойиҳалаштирилган. Энг асосийси меъморий қадрият эмас, балки тарихий қадриятдир.

Айни дамда Душанбеда қурилиш ишлари фаоллик билан олиб борилмоқда, шунга қарамай, турар-жой биноларининг нархи пасаймаяпти. Тожикистон пойтахтида бир квадрат метр ҳозирги кунда ўртача 500 доллар туради – бу қурилиш таннархидан 2,5 баробар кўп ва мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан уч баробар юқоридир.

Назарбоевнинг набираси полицияга қилган ҳужуми учун шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ойсултон Назарбоев.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Буюк Британияда яшаётган набираси - 28 ёшли Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилинди. ВВС хабарига кўра, у жамоат ишларига жалб қилинган.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, дейилади суд қарорида.

Ҳодисадан икки кун муқаддам кичик Назарбоев Лондондаги International Park Plaza Hotel меҳмонхонасининг балконига чиқиб, ўз жонига қасд қилиш билан пўписа қилган. Полиция ундай қилмасликка уни кўндирган. Кейинроқ Қозоғистон собиқ президентининг набираси хонада баланд овозда бақира бошлаган ва қўшнилар полиция чақирган.

Суд ҳукмига кўра, Ойсултон Назарбоев гиёҳванд моддаларга мубталоликдан даволанишда давом этиши ва камида 20 марта шифокор қабулига бориши керак. Шунингдек, унга 18 ойлик синов муддати, 140 соатлик жамоат ишларига жалб этиш, 1 минг фунтлик жарима ва хонага етказилган 5 минг фунтлик зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган. Агар синов муддати даврида Назарбоев қонунни бузгудек бўлса, шартли ҳукм ҳақиқийга айланади.

Британия нашрлари хабарига кўра, Ойсултон Назарбоевни Буюк Британиядан депортация қилиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Ойсултон Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи, Сенат спикери Дариға Назарбоеванинг ўғлидир. У 2017 йили гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганини тан олган ва гиёҳвандликдан уни айнан бобоси “қутқарган”ини урғулаган. Тақиқлаган препаратларга Назарбоевнинг набираси, ўз эътирофича, бобоси академик Мухтор Алиевнинг вафоти ва Австрия қамоқхонасида отаси Роҳат Алиев ўз жонига қасд қилганидан кейин ружу қўйган.

Сурия шимолида курд жангчилари чегарадан чекинишга рози бўлди

Суриялик курд жангчилар қўмондони Туркия курд жангчилари ва оддий фуқаролар жанг майдонини тарк этишига йўл очиб берса, АҚШ етакчилигида Анқара билан эришилган сулҳ шартларига биноан чегарадош ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиқишини билдирди.

Икки кун олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон курд жангчилари ҳудудни тарк этиши учун ўт очишни тўхтатиб туришга рози бўлгани хабар қилинган эди.

Сурия демократик кучлари аъзоси Редур Ҳалил курд қўшинлари Туркия-Сурия чегарасидан 30 км нарига чекланишини айтди. Аммо у бунинг учун Рас ал-Айн ҳамда Тал-Абяд шаҳарларидан ҳарбийлар ва оддий фуқаролар эвакуациясига йўл очиб берилиши кераклигини таъкидлади.

20 октябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли Анқара Сурия шимолида яратишга бел боғлаган “хавфсизлик зонаси”да бирорта курд қолмаслигини исташини айтди.

Туркия шимолий Сурияга юриш бошлаши ортидан ўн минглаб одам ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди.

НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг бу амалиётини халқаро ҳамжамият кескин танқид қилмоқда. Европа давлатлари ҳамда АҚШ Анқаранинг ушбу ҳаракатига жавобан санкция ва бойкот эълон қилди.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Тарихда илк маротаба очиқ фазога фақат аёллар чиқди

Жума куни тарихда биринчи маротаба фақат аёллар очиқ фазога чиқди. Бу ҳақда НАСАга таянган ҳолда Euronews агентлиги хабар қилди.

Америкалик астронавтлар Кристина Кук ва Жессика Меир Халқаро фазо станциясининг ташқи аккумуляторларини алмаштирган. Ушбу аккумуляторлар станция Ернинг соясида бўлган пайтда уни энергия билан таъминлайди.

Астронавтлар станция ташқарисида етти соат вақт ўтказишган.

Бундан олдин аёл фазогирлар очиқ фазога фақат эркаклар билан бирга чиқиб келган. Меир очиқ фазога тўрт марта чиққан. Кук учун эса жума кунги амалиёт илк очиқ фазога чиқиш бўлди.

Бугунга қадар умумий ҳисобда аёллар очиқ фазога 14 маротаба чиққан. Илк маротаба очиқ фазога чиққан аёл совет космонавти Светлана Савицкаядир.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG