Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 23:45

Ўзбекистон

Доллар 15 сўм 67 тийинга, евро 60 сўм 57 тийинга қимматлади

Марказий банк 17 сентябрдан 1 АҚШ долларини 9411.30 сўм этиб белгилади. Бу ўтган ҳафтадаги қийматдан 15.67 сўмга кўпдир.

Евро 9 сентябрдаги кўрсаткичдан 60.57 сўмга қимматлади ва 10421.13 сўмни ташкил этди.

17 сентябрдан Россия рубл 146.51 сўмга тенгдир. Ўсиш +3.55 сўм.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Кун янгиликлари

Надежда Крупская: Бола ўзбекча фикрлаб, тафаккур қилиб, ўзбекча гапириши зарур

"Даракчи" газетаси саҳифаси

21 октябрда Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан Пайариқ туманидаги 20-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Надежда Крупская бундай деди:

– Мен Пайариқ туманида туғилганман, миллатим – рус. Лекин ўттиз йилдан буён боғчада болаларга ўзбек ва рус тилларида сабоқ бераман. Ҳозир кўпчилик ота-оналар фарзандлари бир нечта тилни билишини истайди. Бу яхши албатта. Лекин бола энг аввало, ўзбек тилини, ўз она тилини яхши билиши керак. Ўзбекча фикрлаб, тафаккур қилиб, ўзбекча гапириши зарур.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Надежда Крупскаянинг ўзбек тилида дона-дона қилиб айтган бу сўзлари барчага манзур бўлган. Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 21 октябрь куни 30 йил тўлди. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистоннинг турли жойларида тантанали байрам тадбирлари ўтказилди.

Жорий ой бошида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинганди. Унга мувофиқ, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ва ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Матбуот хизматлари раҳбарлари рейтинги тузилади

Ахборот хизматлари раҳбарларининг фаолият самарадорлиги баҳоланади ва рейтинг тузилади.

Бу чора давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартибида белгилаб қўйилгани тўғрисида norma.uz хабар қилди.

Бунинг учун Агентлик директорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат таркибда махсус комиссия тузилади. Комиссия Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига тасдиқланган мезонлар бўйича тақдим этилган маълумотлар асосида қарор қабул қилади.

Ушбу қарорга асосан ҳар йили 20 январга ва 20 июлга қадар рейтинг тузилади ва 3 кун ичида расмий веб-сайтга жойлаштирилади. Рейтингда тўпланган балларга мувофиқ қуйидаги баҳолаш даражалари акс эттирилади:

55 баллгача – паст даражада;

56 баллдан 71 баллгача – қониқарли даражада;

72 баллдан 85 баллгача – ўрта даражада;

86 баллдан 100 баллгача – юқори даражада.

Комиссия қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 октябрдан кучга кирди.

АОКА сайтлар ва блогерларга қонунга зид шарҳларни ўчириш мажбуриятини юкловчи Низом лойиҳасини муҳокамага қўйди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот маконида шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юборишни тизимли равишда ташкил қилиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу ҳақда Бу ҳақда АОКА матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев ўз телеграм каналида хабар қилди.

АОКА матбуот котиби Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1-моддасига мувофиқ веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер уз веб-ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, шундай ҳолатлар содир бўлганда қонунга зид ахборотларни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган, деб эслатди.

Ҳикматилла Убайдуллаевга кўра, эндиликда, веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ва бошқа ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи шарҳлар жойлаштирилганда, уларни дарҳол ўчириб юбориш учун веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, Агентлик томонидан хабарнома юборилади.

Веб-сайт, ёки мессенжер саҳифалари эгаси, блогер хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Агентликни хабардор қилиши лозим бўлади, деб таъкидлаб ўтган АОКА матбуот котиби.

Блогерлар Рустам Карим ва Тўлқин Астанов иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Рустам Каримов (чапда) ва Тўлқин Астанов.

18 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Рустамбек Каримов (Рустам Карим — 1975 й. т.) ва Тўлқин Астановга (1971) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда gazeta.uz Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидовга таяниб хабар қилди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қиличев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Рустам Карим Ўзбекистон Жиноят кодекси 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазой тайинлаш) 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2019 йил 16 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил колонияларда ўтаттириш белгиланди.

Тўлқин Астанов Жиноят кодекси 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланиши кўрсатилди.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Рустам Карим ва Тўлқин Астанов Facebook орқали жонли эфирга чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига борганини билдиради. «Шайх» Аблулазиз Мансур билан учрашдик! Янги йил бобо билан", деб изоҳ ёзар экан, улар «Ҳалол» сертификати, ҳижоб масаласи, Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси тўғрисидаги 666-сонли қарори бўйича суҳбат олиб борилганини маълум қилади. Шу куннинг ўзида уларнинг ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ҳукумат моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини тасдиқлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ҳукумати 18 октябрдаги 881-сонли қарори билан Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Низомга мувофиқ, балансида давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объекти бўлган юридик шахс ҳар йили 1 ноябрга қадар фойдаланиш таклиф этилаётган объект бўйича Маданий мерос департаментининг ҳудудий бошқармасига таклиф киритади.

Ҳудудий бошқарма ушбу объектни жойига чиқиб ўрганади ҳамда ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.

Доимий ва даврий равишда диний урф-одат ва маросимлар ўтказиб туриладиган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилади.

Объект савдо, эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмлари сотиш, компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматлари кўрсатиш, фото, видео ва экскурсия хизматлари кўрсатиш каби фаолият турлари учун бир йилгача фойдаланишга берилиши мумкин.

Шунингдек, объект 5 йилдан 30 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда Шарда университетининг филиали очилди

Иллюстратив сурат.

Андижон шаҳрида Ҳиндистоннинг Шарда университети филиали очилди. Ўқув даргоҳи, kun.uz хабарига кўра, 19 октябрь куни иш бошлаган “Очиқ Андижон” 1-инвестиция форуми доирасида очилган.

Бундан 10 йил муқаддам ташкил этилган Шарда университети Ҳиндистондаги хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, у мамлакат хусусий университетлари орасида хорижий талабалар сони бўйича биринчи ўринни эгаллайди. Университет ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлайди.

Шарда университетининг Андижондаги филиали 2019 йилдан талабалар қабул қила бошлаган.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида яна бир автобус қатнови йўлга қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридан Тожикистоннинг Шайдон шаҳрига 19 октябрдан бошлаб автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Мазкур қатновнинг йўналиш масофаси 84,5 километрга тенг бўлиб, Шайдон шаҳри томонидан “Рахш-РМ” ширкатига тегишли микроавтобуслар ҳамда Қўқон шаҳридан “Мансур Мирзоҳид” ширкатига қарашли Isuzu автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади. Чипта нархи 23 минг сўм қилиб белгиланган.

Бунгача Ўзбекистон билан Тожикистон шаҳарлари ўртасида бир неча автобус қатнови йўлга қўйилганди. “Тошкент-Хўжанд”, “Фарғона-Хўжанд”, “Термиз-Душанбе”, “Денов-Душанбе”, “Самарқанд- Панжикент” кабилар шулар жумласидандир.

Tashkent City ҳудудида 5 тоннадан юқори бўлган машиналар ҳаракатига вақтинча тақиқ қўйилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахти марказидаги Tashkent City мажмуаси ҳудудида 21 октябрдан бошлаб юк ташиш ҳажми 5 тоннадан юқори бўлган транспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати чеклов "қурилиш ишлари муносабати билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” жорий этилганини билдирган.

Чеклов Ислом Каримов кўчасининг Олмазор ҳамда Фурқат кўчалари билан кесишган қисмлари оралиғида 6 ойга киритилган.

Ҳокимлик 21 октябрь куни Tashkent city ҳудудидаги боғда ҳам санитария ва профилактика ишлари олиб борилишини маълум қилган.

Самарқандда "крыша" бўлиш учун пора сўраган солиқ ходими ҳибсга олинди

Самарқандда солиқ инспекцияси ходими пора олганликда гумонланиб қўлга олинди.

Самарқанд Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ходими А.Б. хусусий тадбиркорга тамаки ва спиртли маҳсулотлар билан ноқонуний савдо қилишида "крыша", яъни раҳнамоликни таклиф этиб, эвазига 300 доллар сўраган.

Тадбиркор таклифга гўёки розилигини билдириб, бу ҳақда дарҳол тегишли органга мурожаат қилган.

18 октябрь куни солиқ ходими келишилган пулни олаётган пайтда қўлга олинган.

Солиқ ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда энди 100 долларгача хорижий валюта харид қилишда паспорт талаб қилинмайди

Ўзбекистон тижорат банкларидан 100 АҚШ долларигача харид қилмоқчи бўлган шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайдиган бўлди.

Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгаришларга Ўзбекистонда валюта бозорини либераллаштириш йўлида қилинаётган ислоҳотлар доирасида қўл урилгани айтилмоқда.

Ҳозирга қадар миқдоридан қатъи назар нақд чет эл валютасини сотишда паспорт талаб қилиб келинган.

Жума маъвизалари "ижтимоий тармоқларнинг хатари"га бағишланди

Ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.

Бу фикр Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатдаги имом хатибларга тавсия қилган, 18 октябрда ўтказиладиган жума намозида қилинадиган маъвиза тезисларида билдирилган.

Бироқ маъвизанинг асосий мақсад "ижтимоий тармоқларнинг хатари"ни кўрсатиб бериш эканлиги тезислар матни сарлавҳасидан кўриниб турибди.

Унда, жумладан мана бундай дейилган:

"Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси​нинг хабар қилишича, келгуси жума маърузаси “йўл қоидасига амал қилиш одоблари” мавзусида бўлади.

Мирзиёев: Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми деган саволга ижобий жавоб йўқ

Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари халқдан узр сўрамоқда (тармоқларда тарқалган видеолардан олинган сурат)

Сурхондарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, республикадан келган мутасаддилар, фаоллар иштирокида Термиз шаҳрида ўтказилган йиғилишда президент Мирзиёев ҳудудлардаги ҳолатга танқидий баҳо бераркан:


- Сиёсатимизнинг мазмуни, мақсади оддий: меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. Давлат шу меҳнатга, эмин-эркин ишлашга шароит яратиб бериши шарт. Шу мақсадда қарорлар қабул қилиняпти, йўналишлар белгилаб бериляпти. Лекин қуйи тизимда уларни бажарадиган савияли раҳбар кам. Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми деган саволга ижобий жавоб йўқ. Соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари «қотиб қолган, - деди.

Президент Сурхондарёда қурилаётган 144 млн долларлик цемент заводини бориб кўрди

Жарқўрғон туманида қурилган «Сурхонцементинвест» хорижий корхонасида Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди. Лойиҳа қиймати қарийб 144 миллион доллар бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланди. Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва 750 минг тонна цемент экспорт қилинади, 1 125 киши иш билан таъминланади.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, президент Мирзиёев 17 октябрда завод иши билан танишган.

- Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ерости бойликлари кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак, - деган Президент.

Давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, ўтган йили Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди.

Қозоғистон ўзбек- қозоқ чегарасидаги "Яллама"га туташ ўтказиш пунктини бир неча ойга ёпмоқда

Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташдир.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий маълумотига кўра, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши муносабати билан, 2019 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктида пиёда равишда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2020 йилнинг 1 ярмига қадар тўхтатилиши билдирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хабар қилди.

Шу муносабат билан Божхона қўмитаси товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёда равишда ҳаракатланувчи жисмоний шахсларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Эслатиб, ўтамиз, Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.

МБ ҳисоботи: Ўзбекистонда доллар курси йил охиригача 9895 сўмгача кўтарилиши мумкин

Ўзбекистонда доллар нархи йил охиригача 9837—9895 сўмгача кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки ўз сўровномасига таянган ҳолда маълумот тарқатган.

МБнинг “2019 йил III чоракдаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари” деб номланган ҳисоботида қайд этилишича, сўров иштирокчиларининг валюта курси бўйича кутилмалари келгуси даврларда миллий валютанинг тебранувчанлик даражасига нисбатан ноаниқлик таъсири остида шаклланган. Шу тариқа, аҳолининг 2019 йил якунига айирбошлаш курси бўйича кутилмалари сентябрда ўртача 1 АҚШ долл. 9 837 сўмга, тадбиркорлар кутилмалари эса ўртача 1 АҚШ долл. 9 895 сўмга тенг бўлган.

Сўровда мамлакат бўйлаб 900 нафар жисмоний шахс ҳамда 375 нафар юридик шахс иштирок этган.

Ноябрдан алкоголли ичимликлар нархи ошиши кутилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бир қатор алкоголли маҳсулотларга энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни ўртача 15 фоизга оширишни таклиф қилмоқда.

“Алкоголь маҳсулотлари учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида” қарор лойиҳаси Regulation.gov.uz сайтида ёйинланган.

Молия вазирлиги ва солиқ қўмитаси алкоголли ичимликларнинг энг кам нархини жорий йилнинг 1 ноябридан оширишни таклиф қилган.

Хусусан, винонинг 1 литри учун энг кам нарх 8600 сўмдан 10200 сўмгача, коньякнинг 1 литри учун энг кам нарх 31000 сўмдан 36000 сўмгача, ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотларнинг 1 литри учун энг кам нарх 22000 сўмдан 26000 сўмгача ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда алкоголли ичимликлар нархи сўнгги бор кескин оширилганди.

Президент мактаблари ортидан Ўзбекистонда Президент университети ҳам очилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Президент университети ташкил этилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар қилади ЎзА ахборот агентлиги.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Президент университетини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, Президент университети — халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан марказига айланади. Шунингдек, Президент университетида таълимга кредит-модули тизими жорий қилинади.

Ўзбекистонда бу йил тўртта Президент мактаби ташкил этилган. Келажакда ҳар бир ҳудудда шундай мактабларни ташкил этиш режаланган.

Шоир ва блогер Маҳмуд Ражаб устидан суднинг иккинчи мажлиси бошлангани хабар қилинди

Маҳмуд Ражаб

17 октябрь, куннинг иккинчи ярмида Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида шоир ва блогер, 56 яшар Маҳмуд Ражаб устидан суд жараёнининг иккинчи мажлиси бошланди.

Суд мажлисида иштирок этаётган икки хоразмликдан олинган бу хабарнинг Озодликда расмий тасдиғи йўқ.

Хабар қилганларнинг айтишича, судга уйидан қатнаётган Маҳмуд Ражаб суд залидаги темир панжара ортида эмас, очиқда ўтирибди.

Шоир ва блогер устидан бошланган суд жараёнининг биринчи мажлиси сўнгги жума, 11 октябрда бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Маҳмуд Ражабга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар контрабандаси) билан айблов илгари сурилган. Бу моддаларда 5-10 йил қамоқ жазоси назарда тутилган.

Маҳмуд Ражаб жорий йилнинг март ойида Истанбулдан мухолифатчи шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида ушланиб, қўлидаги китоблар тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиққан, юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор эди.

“Тошкентга юриш” қилгани учун 10 суткага қамалган 56 яшар шоир Маҳмуд Ражаб жазо муддатини ўтаб, 3 октябрь озод қилинган.

Uzbekistan Airwaysнинг самолёти икки кунда иккинчи марта фавқулодда қўндирилди

Иллюстратив сурат

Тошкентдан Санкт-Петербургга учган Uzbekistan Airways самолёти Қозон шаҳрига шошилинч қўндирилди.

Uzbekistan Airways хабарига кўра, йўловчилардан бирининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли, командир самолётни парвоз давом этаётган жойга энг яқин бўлган Қозон шаҳридаги аэропортга қўндиришга қарор қилган.

Хабарда айтилишича, самолёт Санкт-Петербургга маҳаллий вақт бўйича соат 13:40да етиб бориши кўзда тутилмоқда.

2 кун олдин ҳам худди шунга ўхшаш вазият юз берган эди.

Фарғонадан Москвага парвоз қилаётган учоқ йўловчилардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли 15 октябрь оқшомида Россиянинг Самара шаҳрида фавқулодда қўнган, бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати ўз Telegram-канали орқали хабар қилган эди.

Қаршида "Тез ёрдам"нинг икки врачини беморнинг яқинлари калтаклади

Иллюстратив сурат

16 октябрь оқшомида Қарши шаҳар "Тез ёрдам" станциясининг фельдшери ва врачига ҳужум қилинди. Икки эркак қилган ҳужумдан фельдшер эркак воқеа жойида ҳушидан кетган, врач аёл эса жиддий тан жароҳати олган.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, воқеа "Тез ёрдам" чақирилган уй - Қарши шаҳри, Депо кўчаси 28-уйда содир бўлган.

Вазирликка кўра, "Тез ёрдам" чақирилган манзилга 8 дақиқада етиб борган, бироқ хонадон эгалари врачларни шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олган.

"Врач ва фельдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.

Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С. Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А. Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган" дейилган вазирлик баёнотида.

Билдирувда айтилишича, “Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Мутахассислар кўриги ва стандарт текширувларда фельдшер С.Н.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак, орқа ва бел, бош энса соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши, врач А. Б.га ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши ташхиси қўйилган. Улар айни пайтда РШТЁИМ Қарши филиалининг нейрохирургия бўлимида даволанаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кейинги пайтларда врачларга ҳужумлар кўпайиб бораётгани, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраётганини ёзди.

"Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда" деб хабар қилди вазирлик.

Президент Мирзиёев бугун Сурхондарёда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига жўнаб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, президент Сурхондарёга "ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан бевосита танишиш, саноат корхоналарини кўздан кечириш, янги лойиҳаларни белгилаб бериш мақсадида кетди".

Ҳиндистондан 12 та тўтини ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган ўзбекистонлик Деҳли аэропортида ушланди

Индира Ганди номидаги Деҳли халқаро аэропорти (иллюстратив сурат).

Деҳли халқаро аэропортида 12 та тўтиқушни контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик Анваржон Раҳматжонов қўлга олинди. Бу ҳақда The Indian Express нашри хабар қилади.

Мулозимлар Ўзбекистон ватандошининг Божхона қонунчилиги ҳамда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунни бузганлиги учун ҳибсга олинганини билдирганлар.

Айтилишича, А.Раҳматжоновнинг жомадони сканердан ўтказилаётган пайтда пойабзал қутиларига солинган 12 қуш тасвири уларда шубҳа уйғотган. Ўзбекистонлик қутиларда юмшоқ ўйинчоқлар борлигини таъкидлаганига қарамай, ходимлар уни очишган ва 12 та тўтиқуш топишган.

Раҳматжонов харидоргир бу қушларни Тошкентдаги мижозларига сотиш учун олиб чиқиб кетишга уринганини тан олган. У ўша куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоғи билан Тошкентга учиб кетиши керак эди.

Мулозимлар қуш контрабандасига қўл урган ўзбекистонлик яқин орада судга тортилишини маълум қилганлар.

Фарғона водийси вилоятларида “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 16 октябрь куни мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари ушланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада қанча одам қўлга олинганига аниқлик киритилмаган, бироқ уларнинг аксарияти муқаддам мазкур ташкилотга аъзо бўлганлари учун қамалиб чиққанлари қайд этилган. Тартиб посбонлари қўлга олинганларнинг ўзаро жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Ҳизбут-Таҳрир” ғояларини тарқатганлари ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганларини иддао қилган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб, олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда, дейилади ИИВ хабарномасида.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Ҳизбут-Таҳрир” мамлакатда фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Мирзиёев мева-сабзавот экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон келажакда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш керак. Бу вазифа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланиб, 16 октябрь куни Тошкентда ўтказилган йиғилишда қўйилди.

Мирзиёев жорий йилнинг 9 ойида мева-сабзавот экспорти қарийб 1 миллиард долларга етгани, бироқ бўш ерлардан унумли фойдаланиш, талаб юқори бўлган экин навларини етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган.

Президент мева-сабзавотга ихтисослашган барча 55 та туманда боғдорчилик соҳасида мутлақо янги тизим жорий қилинишини айтган. Унга кўра, хориж бозорларида ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида ушбу туманларда кооперациялар ташкил этилади.

Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳам етарли эмас, деб баҳоланган. Мутасаддиларга 2019-2021 йилларда 300-500 бош чорва боқишга мўлжалланган 270 та бўрдоқичилик комплекси ва 260 та сутчилик корхонасини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш топширилган.

Япон ширкатлари Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизациялаш лойиҳасида иштирок этмоқчи

Иллюстратив сурат.

Япониянинг Itochu Corporation ва Marubeni Corporation ширкатлари Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизациялаш лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш борасида қизиқиш билдирган. Шу муносабат билан ширкат вакиллари ва ўзбекистонлик мулозимлар ўртасида учрашув ташкил этилган.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотда учрашув чоғида ширкат масъуллари икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилаётган “Ўзбекистон Республикаси газ узатиш тизимини модернизация қилиш лойиҳаси” тақдимотини ўтказганлари, Япония компаниялари лойиҳанинг Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган биринчи босқичини амалга ошириш бўйича халқаро тендерда иштирок этиш истагида эканликларини, лойиҳанинг иккинчи босқичида эса Япониянинг имтиёзли молиялаштиришини жалб этиш билан қатнашиш фикрида эканликларини билдирганлари қайд этилади. Шунингдек, учрашувда лойиҳанинг иккинчи босқичини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG