Линклар

Шошилинч хабар
17 феврал 2020, Тошкент вақти: 03:27

Ўзбекистон хабарлари

Ғурумсарой полигонида "Марказ -2019" машғулотлари бошланди

Ўзбекистон ҳарбий техникаси.

“Марказ – 2019” халқаро ҳарбий ўқув машғулотлари доирасида 17 сентябрь куни Наманганнинг Ғурумсарой полигонида ўтказиладиган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бошланди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, бу ерга келган тожик ҳарбийларини тантанали кутиб олиш маросими 16 сентябрда бўлиб ўтган эди.

Ғурумсарой полигонида ўтадиган машғулотда ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади. Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифалар амалда бажарилади.

Бундан ташқари “Марказ – 2019” машғулотлари 16 сентябрдан 21 сентябргача Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилади. Унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.

“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Ўзбекистоннинг юз кишидан иборат аскарлари гуруҳи Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келган эди.

Кун янгиликлари

Мамлакат бўйлаб 3471 лифтни янгилашга оид президент қарори муҳокама қўйилди

Кўп қаватли бинодаги лифт, Тошкент вилояти

2021–2027 йиллар иичида Ўзбекистон бўйлаб 3 минг 471та лифтни янгилаш режалаштирилмоқда.

Президентнинг бу борадаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада айтилишича, республикада умумий 2 минг 483 та юқори қаватли уйларда 5 минг 922 та лифт ускуналари бор, булардан 5000 дан зиёди (85%) Тошкент шахрида ўрнатилган.

Айтилишича, 2019 йилда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарининг носозлиги юзасидан 716 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, Тошкент шаҳридаги 3 минг 270 та (65%) лифт ускуналари белгиланган 25 йил эксплуатация муддатини ўтаб бўлган.

Шу боис, президент қарорида 3 минг 561 та лифтдан 90 тасини капитал таъмирлаш, 3 минг 471 таси янгисига алмаштириш кўзда тутилаётгани айтилган.

Мазкур қарорнинг ижроси назорати эса Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланган.

14 февраль куни жамоатчиликка эълон қилинган лойиҳа муҳокамаси 29 февралда тугайди.

Бош прокурор ўринбосари Андижонда ҳукумат кучлари тинч аҳолини ўққа тутганини тан олди

Андижон 2005 йил 13 май

Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова 2005 йил 13 майда Андижонда ҳукумат қуролли кучлари тинч аҳолига ўқ узганини тан олди.

Ортиқова "Қалампир" нашри мухбири билан суҳбатда аҳолига ўқ узишга масъул деб кўрилган айрим амалдорлар жазога ҳам тортилганини айтди.

Аммо, Ортиқова жазога тортилганлар шахсини очиқламади.

Шу пайтгача ҳукумат расмийлари Андижонда тинч намойишчилар қуролли жангарилар томонидан ўлдирилгани айтиб келишган.

Ортиқованинг таъкидича, аҳолига қарши Андижонда қурол ишлатилиши номутаносиб бўлган.

"Алоқа воситалари шир-шир бўлган, вақтида айтилган жой очилган Қирғизистонга кетишсин улар, деб. Шир-шир радио, алоқа воситалари яхши ишламаган. Вақтида командир у ёки бу топшириқни вақтида англамаган, етмаган, тайёргарлик бўлмаган, сабаблар кўп", деган Светлана Ортиқова.

2005 йил 13 май куни Андижондаги норозиликлар пайти расмий маълумотларга кўра 187 киши ҳалок бўлган.

Воқеа гувоҳлари эса ҳукумат кучлари тинч намойишчиларни ўққа тутиши оқибатида камида беш юз киши ҳалок бўлганини айтишган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 10 та ректор ишдан олинди; уларнинг аксари яна ректорликка тайинланди

Ўзбекистон ОТМларидаги коррупция ҳам жамоатчилик¸ ҳам президент танқидига учраб келмоқда.

14 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган 82-сон қарор билан Ўзбекистондаги ўнта олий таълим муассасаси ректори ишдан олинди.

“Олий таълим муассасалари ректорларини лавозимларга тайинлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори билан ишдан олинганлар ҳақида Адлия вазирлигининг Telegramдаги Huquiy Axborot канали маълум қилди.

Қарорга кўра¸ ректори ўзгартирилган ОТМлар рўйхатида Тошкент давлат педагогика университети¸ Жиззах давлат педагогика институти ¸ Навоий давлат педагогика институти¸ Наманган давлат университети¸ Тошкент кимё-технология институти¸ Тошкент давлат стоматология институти¸ Самарқанд давлат тиббиёт институти¸ Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти¸ Наманган муҳандислик-қурилиш институти¸¸ Қўқон давлат педагогика институти ва Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали директори бор.

Ҳукумат қарори билан эгаллаб турган лавозимидан олинган ректорларнинг кўпи бошқа ОТМга ректор этиб тайинланган¸ ëки бошқа ишга ўтгани айтилган.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори лавозимидан бўшатилган Азамат Шамсиевга эса¸ ҳукумат қарорида¸ бошқа лавозим берилмаган.

Президент Шавкат Мирзиëев сўнгги қатор чиқишларида Ўзбекистон ОТМдаги коррупция ва таълим сифати пастлигини бир неча бор кескин танқид қилган эди.

«Яқинда кўп ректорлар ишдан олинади. Менинг столимда турган маълумотларга кўра, бу ректорлар билими, савияси ва ватанпарварлик даражаси билан ректор бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қоровул бўлишга арзимайди»¸ деган эди жумладан президент 31 январь кунги чиқишида.

Мирзиëевнинг февралга режаланган Москва сафари июнга қолдирилди

Владимир Путин 2018 йили Тошкентга сафар қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов президент Шавкат Мирзиëевнинг Москвага февраль ойида қилиши айтилган ташрифининг июнга қолдирилганини билдирди.

Ўтган йил декабрида Неъматов матбуотга сафарнинг 5 февралга белгиланганини билдирган эди.

14 февраль куни сафар кечиктирилганига изоҳ берган Илҳом Неъматов¸ олий даражали учрашувларни ҳозирлашнинг мураккаб жараëн эканини таъкидлади.

“Биринчидан, кун тартиби ишлаб чиқилади. Унда қайси масалалар муҳокама қилинади? Булар ҳақида ўзаро келишиб олиниши керак. Иккинчидан ташриф давомида қандай ҳужжатлар имзоланади? Бу жуда катта вақт ва жиддий эътиборни талаб этади. Учинчидан, қандай тадбирлар ўтказилади? Шунинг учун ҳам ташриф муддати ўзгартирилди”¸ деб иқтибос келтирди маҳаллий матбуот Илҳом Неъматовдан.

Матбуот ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган тахминларга кўра¸ Мирзиëевнинг Москва сафари давомида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини кучайтириш¸ хусусан¸ Ўзбекистоннинг Кремль етовидаги Евроосиë иқтисоий иттифоқига қўшилиши кутилаëтган эди.

Ижтимоий тармоқларда бундай аъзолик “Ўзбекистон мустақиллигини бой бериш” сифатида жиддий эътирозга учраши ортидан Шавкат Мирзиëев Тошкентнинг бу иттифоққа “кузатувчи мақоми”да киришини маълум қилди.

Москва дипломатик идораси вакили эса¸ тўлақонли аъзоликнинг кузатувчи мақоми билан бошланишини билдирди.

Озодликда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларининг Тошкентни бу иттифоққа қўшиш юзасидан ҳозирликни давом эттираëтганига оид расмий ҳужжатлар мавжуд.

Бош прокуратура: Ўтган уч йилда 1910 та оқлов ҳукми чиқарилди!

14 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда халқаро форум ўтказди.

ЎзА агентлигининг хабар беришича¸ форумда президент Шавкат Мирзиëевнинг Олий Мажлисда қилган мурожаати¸ “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 3 йиллик натижалари ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинган.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараëнида прокуратура органлари фаолиятининг жиддий чеклангани¸ тергов ва одил судлов билан боғлиқ бўлган процессуал нормалар жиддий ўзгарганини тилга олган.

“Ўтган 3 йилда 1 минг 910 та оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, уларнинг 566 таси прокуратура протестлари билан бўлди. Бу жамиятдаги ўзгаришларнинг ёрқин далилидир”¸ деб иқтибос келтиради миллий агентлик Йўлдошевдан.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг прокуратура фаолиятини "жазолаш" тизимига айлангани учун кўп марта кескин танқид қилган.

Ҳинд элчиси Ортиқхўжаевдан Будда ибодатхонаси қуриш учун Тошкентдан ер ажратиб бериш бўйича ёрдам сўради

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Джа Тошкентда Махатма Ганди ҳайкалини ўрнатиш ҳамда ҳинд ҳамжамияти илтимосига кўра Будда ибодатхонаси қуришга пойтахтдан ер ажратиб беришда кўмак сўради. Бу илтимосни элчи жаноблари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан 12 февраль куни бўлиб ўтган учрашуви чоғида арз этган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ортиқхўжаев бу масалаларни ечишда ўз ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини айтган.

Учрашув чоғида Сантош Джа Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш борасидаги таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашган, икки давлат ўртасида авиақатновни такомиллаштириш, хусусан, Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни ташкил қилиш, ҳинд ресторанларини очиш ва бошқа таклифларни билдирган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликка оид мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олганлар.

Хитой агентлиги Тошкентдан Гуанжчоуга 27 мингта ниқоб олиб борган ўзбекистонлик куёвни мақтади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик 28 ёшли Муроджон Кенжабоев 12 февраль куни Тошкентдан Хитойнинг Гуанжчоу шаҳрига уч қоп тиббий ниқоб олиб борган. Бу ҳақда Хитойнинг давлатга қарашли Синьхуа ахборот агентлиги хабар қилади.

“11 кун муқаддам Ўзбекистондан Гуанчжоуга 12 мингта ниқоб олиб келгандим, бу сафар яна 15 мингта ниқоб олиб келдим”, деган М. Кенжабоев агентлик билан суҳбатда.

Хабарда айтилишича, олти йилдан бери Хитойда яшаётган Муроджон ҳозирда Гуандун Хорижий тиллар ва ташқи савдо университетида араб тилини ўрганмоқда.

“Мен Хитой ҳукуматидан стипендия олаяпман ва бу мамлакатни ўзимнинг иккинчи ватаним, деб биламан”, деган ўзбекистонлик йигит.

Хитойдан уйланган Муроджон бу ердаги дўстларининг илтимосига кўра Ўзбекистоннинг Гулистон шаҳридаги дорихоналарнинг барчасини кезиб, 15 мингта тиббий ниқоб йиғиб кетган.

Москва орқали Гуанчжоуга сешанба куни етиб борган М. Кенжабоев хитойлик дўстларига ниқобларни текинга беришга қарор қилган.

Коронавирусга қарши чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари тиббий ниқоб экспортини тақиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилганлар.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистондаги дорихоналарнинг 70 фоизида тиббий ниқоб қолмагани ҳақида хабар қилганди.

ССВ штаби: Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус касаллиги қайд этилгани йўқ

Иллюстратив сурат.

Жорий йил 13 февраль ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби маълумот тарқатди.

Штабнинг маълум қилишича, Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида жорий йилнинг январ ойидан бошлаб 13 феврал кунигача 837 та намунада коронавирус инфекциясининг бор-йўқлиги текширилган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 1380 кишига етган, вирусни юқтириб олганлар сони эса 64 минг нафарга яқинлаган.

МБ: Олтин-валюта захираси бир йилда 2,85 млрд долларга ошди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси ўтган бир йилу бир ой ичида 2 миллиард 855 миллион долларга ошиб, 29 миллиард 936 миллион долларни ташкил этган. Бу рақамлар Ўзбекистон Марказий банки томонидан ёйинланган жадвал-ҳисоботда акс этган.

Олтин-валюта захираси 2019 йил 1 январь ҳолатига 27 миллиард 81 миллион долларни ташкил этганди.

Захиранинг катта қисми олтин шаклида (16 млрд 956 млн 800 минг доллар) сақланмоқда. Хорижий валюта шаклида сақланаётган захира қиймати эса 12 млрд 537 млн 400 минг долларга тенг.

Захирадаги олтин ҳажми ўтган бир йил ичида 354,5 тоннадан 332,8 тоннага (яъни 21,7 тоннага) озайган. Бироқ жаҳон бозорида олтин нархининг ошгани пул нисбатида захира кўпайишига сабаб бўлган.

Бухорода жайрон овлаган 5 кишига нисбатан ҳукм ўқилди

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоятида жайрон овлаган 5 кишининг 4 нафари 3 йилданга, яна бири 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Судланганлар ўтган йил 24 августидан 25 августига ўтар кечаси уч дона ов қуроли ҳамда кучли ёритиш қувватига эга прожекторлардан фойдаланган ҳолда Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан Қизил Китобга киритилган 2 бош жайронни овлаган.

Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳамда чегара ҳарбий қисм аскарлари томонидан тўхтатиб қолинган бу одамларнинг иши кейинчалик судга оширилган.

Қоракўл туман суди ўтган ҳафта қонунбузарларга нисбатан ҳукм чиқарган. Қамоқ жазоси олган қонунбузарлардан табиатга етказилган зарар учун 66 миллион 900 сўм миқдорида жарима ҳам ундирилган.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентдаги ер участкалари нархини белгилади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда)бир пайтнинг ўзида ҳам Сенат¸ ҳам Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши аъзоси¸ айни пайтда Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империяларидан бири мулкдори ҳамдир.

12 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини минимал қийматини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган қарори лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.

Қарор ¸Тошкент шаҳрида ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматини солиқ зоналари кесимида тасдиқлашни назарда тутади.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори лойиҳасига кўра¸ 1-зонадаги 1 гектар ер нархи 18 102 214 700 сўм; 2-зона 14 481 771 800 сўм; 3-зона – 10 861 328 800 сўм; 4-зона – 7 240 885 900 сўм ва 5-зона – 3 620 443 000 сўм қилиб белгиланган.

Минимал нархлар¸ пойтахтдаги беш солиқ ҳудудидан келиб чиқиб белгиланган ва биринчи уч ҳудудга киритилган Олмазор¸ Чилонзор¸ Шайхонтоҳур ва Яккасаройдаги ер участкалари нархи энг қиммат қилиб белгиланган.

Нарх ва солиқ қиймати бўйича тузилган Тошкент харитасида Сергели ва Учтепа туманлари 4 ва 5-зонага киритилган бўлса¸ Бектемир тумани ер нисбатан арзон бўлган 5-зонага қўйилган.

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилган қарори муҳокамасига 27 февралгача вақт берилган.

Кейинги уч йил ичида Тошкент марказида Tashkent City қуриш учун бузилган маҳаллаларнинг аксари¸ ҳоким қарорига кўра¸ Ўзбекистон пойтахтининг энг қиммат зоналарида жойлашган.

Мустақил журналистик суриштирувлар давомида Tashkent Cityдаги 8 та лотдан камида тўрттасининг айнан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига алоқадор ширкатлар экани аниқланди.

Президент чегара хавфсизлиги масаласида йиғилиш ўтказди

ДХХ ва Чегара қўшинлари хизмати раҳбарлари президент билан мажлисда.

"Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди"¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлари қатнашган йиғилишда "чегара хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари белгиланган".

Шу мақсадда йиғилишда "замонавий автоматлаштирилган чегара назорати тизимлари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини профессионал тайёрлаш сифатини ошириш" масалалари муҳокама этилган.

Ўзбекистон аксар ҳудуди Толибон гуруҳи назоратида қолаëтган Афғонистон билан бевосита чегарадош. Қолаверса¸ Ўзбекистоннинг бошқа қўшниси Туркманистоннинг Афғонистон билан 1000 км.дан узунроқ чегарасининг яхши қўриқланмаëтгани йиллардан бери хавотирларга сабаб бўлиб келмоқда.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция "Ислом давлати" террор гуруҳи жангариларининг аксариятини Ироқ ва Суриядан сиқиб чиқариши ортидан¸ бу жангариларнинг ҳам Афғонистон ҳудудида ўринлашгани айтилмоқда.

Хитойдаги коронавирус эпидемиясидан қочиб уйига келган фарғоналик талаба ис газидан ўлди

Ўзбекистон ҳукумати учта чартер рейс билан Хитойдан олиб келган талабалар икки ҳафталик карантинда сақланмоқда.

Хитойда тарқаган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида 31 январь куни Жанубий Корея орқали уйига келган фарғоналик 20 яшар Муҳаммадбобур Абдуқодиров 5 февраль куни вафот этди.

Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёнотида ëзилишича¸

Ўзбекистон туманининг Ҳаётобод қишлоғида яшовчи Муҳаммадбобур Абдуқодиров уйи ҳаммомидан жонсиз ҳолда топилган.

Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасида “дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳум жасадида ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган”.

Муҳаммадбобур Абдуқодиров ўтган йил ноябрида тил ўрганиш учун Хитойга кетган ва коронавирус эпидемияси бошлангани ортидан уйига қайтган.

Қўқон Бош Давлат санитария врачи таъкидича¸ Абдуқодиров уйига қайтган куниëқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган. Ўлим юз берган 5 февралга қадар (икки ҳафталик инкубацион муҳлат тугамаган -таҳр.) унда коронавирус аломатлари аниқланмаган.

Расмий баëнотда ëзилишича ¸ эпидемиологик кўрсатмага асосан олинган намуналар Фарғона вилояти СЭОМ вирусология лабораториясида текширилиб, Абдуқодировда грипп, коронавирус «2019-nCov» ва бошка вирус турлари топилмаган.

Хитойдан қайтган талабанинг кутилмаган ўлими ижтимоий тармоқларда унинг коронавирусдан ўлгани ҳақида фаразлар тарқашига сабаб бўлди.

Озодлик боғланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ўзбекистонда 13 февралга қадар коронавирусга чалинган бирор ҳолат қайд этилмагани¸ бундай ҳолат бўлган тақдирда¸ уни бекитиш давлат манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлади.

Табиий газини Хитой ва Россияга сотиб келаëтган Ўзбекистонда аксар вилоятлар аҳолиси табиий газдан узилганича қолмоқда.

Қишда исиниш учун қўлбола печка ва турли иситиш ускуналаридан фойдаланишга мажбур қолган ўзбекистонликлар орасида ис газидан ўлганлар сони¸ Озодликка маълум бўлган рақамларга қараганда¸ ошиб бормоқда.

Хусусан¸ 2 февраль куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 22 ёшли аёл ва унинг 2 яшар фарзанди ис газидан ўлди.

Ўтган йилнинг 17 ноябрь куни Уйчи тумани «Дўстлик» маҳалласидаги бир уйда тўрт киши газдан заҳарланди ва она икки фарзанди билан ҳаëтдан кўз юмди.

15 ноябрь куни Жиззахнинг Дўстлик тумани Ғофур Ғуломов маҳалласида яшаган бир оиланинг уч аъзоси – эр, хотин ва боласи ис газидан заҳарланди¸ оқибатда ота вафот этди.

Бу ўлимларга қадар Озодлик 2019 йил давомида яна камида 15 одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлгани ҳақида хабар қилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган бўлса¸ ​"Ўзтрансгаз” ширкати¸ 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб ўлгани, 54 одамнинг эса жабрланганини билдирган эди.

Статқўм: Кейинги 12 ой ичида Ўзбекистонга 8.3 миллион хорижлик келди

Мирзиëев ҳукумати аксар Ғарб давлатларига жорий этилган виза режимини бекор қилди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича¸ 2019 йил январидан 2020 йил февралига қадар Ўзбекистонга келиб-кетган хорижийлар сони 8 миллион 300 мингдан ошган.

Улардан 5.3 миллион нафари Ўзбекистонга бизнес мақсадида келган бўлса¸ 2.1 миллиони ўқиш учун келган; 1.04 миллион хорижлик эса дам олишга келган.

Кейинги 12 ой мобайнида Ўзбекистонга 552 000 одам ўз яқинларини кўришга келган¸ 55 000 хорижлик эса¸ даволаниш учун келган.

Президент Шавкат Мирзиëев иқтисодни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонни туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар чиқарган.

Хусусан¸ Шавкат Мирзиëев туризмни рағбатлантириш мақсадида ўнлаб ривожланган давлат фуқароларига визасиз саëҳат имконини яратди.

Энергетика вазирлиги: МАГАТЭ АЭС қурилишида ëрдам беришга тайëр!

Ўзбекистоннинг АЭС қуриш режасига қарши жиддий эътирозлар билдирилмоқда.

10-14 февраль кунлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)нинг Венадаги бош қароргоҳида ядровий хавфсизлик бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирдаги Тошкент делегациясига раҳбарлик қилаëтган Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов агентлик бош директори Марианно Гросси билан учрашди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг матбуотга билдиришича¸ учрашувда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Тошкент ҳукуматига ўз атом энергетикасини ривожлантиришда ҳар томонлама ëрдам беришга тайëрлигини билдирган.

"Учрашувда шунингдек Ўзбекистонда Атом электр станция қуриш лойиҳасини амалга ошириш¸ хусусан¸ унинг жисмоний хавфсизлигини таъминлашда ëрдам беришга ҳозирлик изҳор этилди. 2020 йили Ўзбекистон ядровий инфраструктурасини комплекс кўриб чиқиш учун агентлик миссияси тузилади”¸ дейилади Тошкент идораси баëнотида.

Мирзиëев ҳукумати Россиянинг Росатом агентлиги билан мамлакатда биринчи АЭС қуриш режаси устида иш олиб бормоқда.

Аниқ қиймати очиқланмаган бу улкан лойиҳа¸ атом станциясининг хавфсизлиги¸ унинг атроф-муҳитга етказадиган зиëни билан боғлиқ хавотирлар боис Ўзбекистон жамоатчилиги орасида жиддий эътирозларга учрамоқда.

Британия парламентининг Ўзбекистон бўйича гуруҳига янги раҳбар сайланди

Иллюстратив сурат

11 февраль куни Буюк Британия парламентида Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (АППГ) янги таркибининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди¸ деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайтида.

Хабарга кўра¸ мажлисда Британия парламентининг иккала палатасидан депутатлар¸ шунингдек Лондон ташқи сиёсат идорасининг Америка ва Европа ишлари бўйича давлат вазири Кристофер Пинчер ва Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси Саид Рустамов иштирок этган.

Ўзбекистон элчиси мажлисда қилган чиқишида “кенг кўламли модернизация жараёнлари, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, шунингдек, Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларини ривожлантириш учун янги имкониятлар тўғрисида” гапирган.

“Буюк Британия ТИВ раҳбари ўринбосари Кристофер Пинчер Ўзбекистондаги чуқур ислоҳотлар дастури Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланишини, Британия томонининг икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди”¸ дейилади 13 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида қўйилган хабарда.

2009 йили ташкил этилган Ўзбекистон бўйича Барча партиялар парламент гуруҳи (АППГ)нинг янги раҳбари этиб Консерватив партиянинг Вакиллар палатасидаги депутати Эндрю Брижен сайланган.

Ўзбекистон Россиядан тўртта ҳарбий вертолётни қабул қилиб олди

Ми-35М вертолёти.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россиядан тўртта Ми-35М вертолётини қабул қилиб олди. “Новости Ташкентского Неба” канали маълумотига кўра, мазкур вертолётлар ҳозирда Тошкент халқаро аэропорти тураргоҳида сақланмоқда.

Аввалроқ Россиянинг “Новая газета” нашри ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда 2019 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонга 4 дона, 2020 йилда эса яна 8 дона Ми-35М вертолёти етказиб берилиши тўғрисида хабар қилганди.

Келган вертолётлар илк партия экани эътиборга олинса, россиялик вертолётсозлар берилган ваъдадан бир неча ойга кеч қолгани англашилади.

Тошкент аэропортини пойтахтдан ташқарига кўчириш режаланмоқда

Тошкент халқаро аэропортини келажак 10 йил ичида шаҳардан 30-35 километр нарига кўчириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Халқ сўзи газетаси “Uzbekistan Airport ” раҳбари Равшан Исмоилов сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Исмоиловга кўра, яқин бир ярим-икки йил ичида пойтахт аэропортининг ишлаш даражаси йилига 4,5 миллион йўловчидан 7 миллион йўловчига оширилади.

“Тошкент Шарқ“ янги аэропорти улангандан сўнг эса бу рақам 10 миллиондан ортиб кетади. Шу боис келажакда йилига 50 миллион йўловчига мўлжалланган янги замонавий аэропорт барпо этиш ҳақида ўйлаяпмиз”, деган “Uzbekistan Airport ” раҳбари.

Р. Исмоилов тахминига кўра, янги аэропорт Ангрен ёки Чинозда барпо этилиши мумкин.

Расмийлар Самарқандни келажак 20 йилда уч баробар кенгайтиришни режаламоқда

Иллюстратив сурат.

Самарқанд шаҳри ҳудуди 2040 йилга бориб қарийб уч баробар кенгаяди. Шаҳарга яқин Даҳбед, Жомбой, Тойлоқ, Янгидарғом ва Ургут аҳоли пунктлари Самарқанднинг йўлдош шаҳарларига айланади. Самарқанд аҳолиси 1,1 миллион кишига етади. Бу тахмин Ўзбекистон ҳукуматининг “Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган.

Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада келажак 20 йил ичида Самарқанддаги турар-жой ҳажмини 22 миллион квадрат метрга етказиш режалаштирилган.

Бош режада шаҳарда қўшимча мактаб, касалхона, меҳмонхона, савдо нуқталари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш кўзда тутилган.

Лойиҳада Самарқандни кенгайтиришда ЮНЕСКО тавсияларига амал қилиниши, шаҳарнинг тарихий қиёфасига таъсир қиладиган ўзгартириш киритмаслик ва айрим ўзгариш киритилган ҳолда, олдиндан Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО Умумжаҳон маркази билан меросга бўлган таъсирни баҳолаш ҳисоботи тайёрланиб келишилиши қайд этилган.

Самарқанддан Санкт-Петербургга Тошкент орқали автобус қатнай бошлайди

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳридан пойтахт Тошкент орқали Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетмоқчи бўлганлар яқиндан бошлаб мунтазам қатнайдиган автобуслар хизматидан фойдалана олишлари мумкин.

"Самарқанд-Тошкент-Санкт-Петербург" йўналиши бўйлаб илк қатнов шу йилнинг 25 февралидан бошланади. Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йўналишда йўловчиларга Ўзбекистон томонидан "Uzautotrans service" МЧЖ ва Россия томонидан эса "ТТК ГЛОБУС" МЧЖ хизмат кўрсатади.

Автобус Самарқанд автовокзалидан соат 09:00 да йўлга чиқади, “Тошкент” автовокзалидан эса соат 15:00 да жўнайди. Қатнов масофаси 4436 километрни ташкил этади.

Мазкур йўналиш бўйлаб чипта нархи Самарқанддан 840 минг сўм, Тошкентдан эса 800 минг сўмни ташкил этади.

Аввалроқ Озодлик шу йил 15 февралидан Тошкент-Омск йўналишида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилиши ҳақида хабар қилган эди.

Транспорт вазирлиги 2019 йилнинг 19 декабридан “Тошкент-Москва-Тошкент” йўналишида мунтазам автобус қатновини йўлга қўйганди. Бу йўналишда ҳам Uzautotrans Service корхонаси хизмат кўрсатмоқда. ​Йўналиш бўйича чипта нархи 900 минг сўм.

Айни пайтда Россиянинг Нижний Новгород ва Қозон шаҳарларига ҳам Ўзбекистондан мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилган.

Бу қатновлар 2018 йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганидан сўнг йўлга қўйилди.

Воқеа жамоатчиликда қаттиқ норозилик уйғотган, меҳнат муҳожирларининг ўта оғир шароитда Россияга қатнаётгани танқидларга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг ҳукумат Россияга автобус, поезд ва учоқ орқали қатновни кўпайтириш ҳамда арзонлаштиришга оид қатор қарорларни қабул қилган.

Тошкентдаги мардикор аёллар ўз марказига эга бўлди

Тошкентдаги аëллар мардикор бозорларидан бири.

Пойтахт Тошкентнинг Яшнобод туманида мардикор аёллар учун янги қурилган кунлик ишчилар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 11 февраль куни бўлиб ўтган маросимда, Кун.уз сайти хабарига кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари ҳамда кундалик иш қидирган аёллар иштирок этганлар.

Марказда арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси, асбоб ускуналарни ижарага бериш тизими, меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунча берувчи кўргазмали қуроллар, маданий ҳордиқ чиқариш учун имкониятлар мавжуд.

Марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда аутсорсинг ва аутстаффинг хизматлари йўлга қўйилгани айтилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга кўра, марказдаги ходимлар мардикор аёлларга иш топиб беришда кўмаклашади,JobCafe мобил иловаси ёрдамида икки томонни бир-бирига боғлаб қўяди.

Вазирнинг айтишича, жорий йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида шу каби олтита замонавий кунлик ишчилар маркази очилиши кўзда тутилган. Бунингдек марказларни, эҳтиёж бўлган тақдирда, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам очиш режаланган.

Ишсизлик туфайли Ўзбекистоннинг турли жойларида аёлларнинг стихияли мардикор бозорлари пайдо бўлганига кўп йиллар бўлди. Расмийлар бу каби муаммо мавжудлигини тан олиб, чора кўраётгани илк бора кузатилмоқда.

Мирзиëев ва Путин сўзлашувида иттифоқчилик муносабатлари истиқболи муҳокама қилинди

Шавкат Мирзиëевнинг яқин келажакда Москвага сафар қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича¸ 12 февраль куни Россия ва Ўзбекистон президентларининг телефон сўзлашуви бўлиб ўтган.

«Суҳбатда давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётгани ҳамда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланаётганини катта мамнуният билан қайд этдилар»¸ дейилади расмий хабарда.

Айтилишича¸ суҳбатда Шавкат Мирзиëевнинг Россияга қилиши кутилаëтган ташрифига ҳозирлик масаласи ҳам тилга олинган.

Жорий йили Ўзбекистоннинг Россия етовидаги Евроосиë иқтисодий иттифоқига кириши кутилмоқда.

Мирзиëев ҳукуматининг бу режаси ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон сиëсий мустақиллигини таҳдид остида қолдирадиган ҳаракат» сифатида танқидга учрагани ортидан президент ЕОИИга Ўзбекистоннинг ҳозирча кузатувчи мақомида киришини билдирди.

10 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин Ўзбекистоннинг бу иттифоққа кузатувчи мақомида кириши¸ унга тўлақонли аъзо бўлиш жараëнидаги илк қадам эканини таъкидлади.

Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилади

Янги вазирликнинг ИИВ билан яқин ҳамкорликда ишлаши айтилмоқда.

Ўзбекистонда Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда "Нуроний" жамғармаси ташкилотлари тугатилиб¸ ўрнида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилади.

12 февраль куни маҳалла институтини такомиллаштириш¸ маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича президент Шавкат Мирзиëев ўтказган видеоселектор йиғилишида эълон қилинди.

Йиғилиш ҳақида хабар берган президент матбуот хизматига кўра¸ янги вазирлик маҳалла тизимида ишлаëтган 40 мингдан ошиқ ишчи-хизматчи фаолиятини мувофиқлаштиради.

Шу муносабат билан¸ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосари¸
вилоятлар ва Тошкент шаҳар¸ қолаверса туман ҳокимларининг маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими ташкил этилади.

Янги тузилган вазирликнинг Ички ишлар вазирлиги билан яқин ҳамкорликда ишлаши таъкидланмоқда.

Ўзбекистон ижроия ҳокимиятининг тўхтовсиз кенгайиб бораëтгани мустақил кузатувчилар томонидан дарҳол танқидга учради.

Янги Транспорт вазири: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” каби монополия бошқа бўлмайди!

Савдо вазири бўлиб ишлаб келган Элëр Ғаниев (орқа қатор чапдан иккинчи) ўтган ой тузилган янги ҳукуматда Очилбой Раматов (олд қатор ўртада) ўрнига Транспорт вазири бўлди.

Ўтган ой Ўзбекистон Транспорт вазири этиб тайинланган Элëр Ғаниев мамлакат авиация тизимининг ягона монополисти бўлиб қолаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни танқид қилди.

Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи халқаро авиация форумига бағишланган матбуот анжуманида Ғаниев¸ бундан сўнг ЎТЙ монополиясининг тугатилишини таъкидлади.

Транспорт вазири Ўзбекистонда янги авиакомпаниялар тузиш¸ айни пайтда¸ хориж авиаташувчиларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаëтганини билдирди.

“Биз хориж авиаширкатларини Ўзбекистон резиденти бўлиш шарти билан ўз бозоримизга таклиф этаяпмиз. Ҳозирча тўрт компания билан музокаралар олиб борилаяпти”¸ деди жумладан Ғаниев.

Вазир келаси 2-3 йил ичида Ўзбекистонда камида 5-6 авиаширкат пайдо бўлиши ва йўловчи ташиш кўрсаткичининг 2-3 бараварга ошишини ваъда қилди.

Мамлакатда қатор юк ташиш ҳаблари ҳам яратилишини билдирган Ғаниев¸ хусусан¸ Навоий аэропортини ривожлантириш режаси ҳақида гапирди.

Ўзбекистон аэропортларининг хориж ширкатлари бошқарувига берилишига ҳам тўхталган Ғаниев¸ бу жараëннинг тендер асосида ўтказилишини айтди.

Элëр Ғаниев парламент сайловларидан сўнг 21 январь куни тузилган ҳукуматда Очилбой Раматов ўрнига Транспорт вазири этиб тайинланди.

Президент транспорт соҳасидаги аҳволни кескин танқид қилгани ортидан¸ бу тизимда жиддий текширув ва реструктуризация жараëни бошлангани айтилмоқда.

Европа банки Korzinka.uzнинг 40 миллион долларлик акцияларини сотиб олади

Korzinka.uz дўконларидаги ëзувларнинг фақат рус тилида экани ижтимоий тармоқларда танқидга учраган эди.

Европа тикланиш ва тараққиëт банки Ўзбекистондаги Korzinka.uz дўконлар тармоғига эгалик қилувчи Anglesey Investments PTE компаниясининг 40 миллион долларлик акцияларини сотиб олади.

Бу ҳақда 12 февраль куни ЕТТБ ўз расмий сайтида маълум қилди.

Сингапурда рўйхатга олинган бу компания Ўзбекистонда фаолият юрғизаëтган 50 ка яқин Korzinka.uz дўконларини бошқарувчи Anglesey Food LLC акциялари мукдоридир. Anglesey Food ширкати эгаси эса¸ ўзбекистонликларга яхши таниш иқтисодчи Зафар Ҳошимовдир.

Нуфузли Европа банкининг бу компания миноритар акциялар пакети эгасига айланиши¸ хабарда ëзилишича¸ бу супермаркетлардаги товарлар хилма-хиллигини оширишга хизмат қилади.

"Бу инвестиция туфайли Korzinka.uz магазинлари сони қарийб уч бараварга кўпаяди¸ унда ишловчилар сони икки бараварга ошиб¸ 2023 йилга бориб¸ ҳозирги 5000 ўрнига 10 000 га етади»¸ дейилади ЕТТБ расмий сайтида.

Банк шунингдек¸ Korzinka.uzга киритиладиган инвестицияси корпоратив бошқарув¸ экологик ва ижтимоий стандартлар¸ компаниядаги меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги амалиëтларини ривожлантиришга хизмат қилажагини таъкидлаган.

Айтилишича¸ бу ЕТТБнинг кейинги 10 йил ичида Ўзбекистондаги хусусий компаниянинг акциядорлик капиталига киритаëтган биринчи инвестициясидир.

Ўзбекистондаги хусусий сектор ривожига ëрдам бермоқчи эканини таъкидлаган ЕТТБ ўз хабарида¸ 2019 йили мамлакатдаги 13 лойиҳага ярим миллиард евродан кўпроқ инвестиция киритгани ва шулардан 9 таси хусусий секторга оидлигини қўшимча қилган.

Банк ҳозирга қадар Ўзбекистондаги 79 лойиҳа доирасида 1,85 миллиард евро ëтқизган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG