Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2020, Тошкент вақти: 03:26

Ўзбекистон хабарлари

Мобил телефонларни рўйхатга олиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, мобил қурилмалар:

2019 йил 1 ноябргача – уларни автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда;

2019 йил 1 ноябрдан – жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.

Низомга кўра, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига мурожаат бўйича амалга оширилади.

Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

Кун янгиликлари

Мирзиёев мактаб дарсликлари савиясини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев халқ таълими вазири Ш.Шерматов билан, Тошкент, 2020 йил 29 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари савияси талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ўқув дастурларини илғор хорижий билимлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Тошкент шаҳри Сергели туманининг 5А мавзесида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишиш чоғида 29 май куни билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мактабга ташриф чоғида Ш.Мирзиёев болаларга сифатли таълим бериш, шу билан бирга, 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берган.

“Ўғил-қизлар ҳунар ўрганса, ўзига ишончи ортади, дунёқараши ҳам ўсади, ота-онасининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Кейинчалик ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак. Болаларимизни ватанпарвар, жамиятга керакли инсон қилиб тарбияламасак, келажакка хиёнат қилган бўламиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Сергелида бунёд этилган 329-ўрта таълим мактаби 1680 ўқувчига мўлжалланган. Унга асос солишда 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилган.

Сардоба тошқинидан жабрланганларга Америка халқи номидан ёрдам йўлланди

Инсонпарварлик ёрдамининг топширилиш жараёни, Тошкент, 2020 йил 29 майи.

AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм Сардобадаги фалокат ортидан 29 май куни “Соғлом авлод учун” нодавлат хайрия жамғармасига зарур воситаларни топширди. Ушбу инсонпарварлик ёрдами, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, тошқиндан жабрланган 2000 та оилага етказилади.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали тақдим этган инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зурур нарсалардан (гигиена воситалари, кўрпа-тўшак, чойшаблар, сув тозалаш учун таблеткалар ва б.) ташкил топган. Буларнинг барчасини Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” жамғармаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиб, жабрланган ҳар оила учун алоҳида халталарга жойлаган. Жамғарма мазкур инсонпарварлик ёрдамини сув тошқини юз берган ҳудудларга етказиб беради ҳамда уни Сирдарё вилоятидаги ҳудудий филиали орқали тарқатади.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси Сирдарё вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож кишиларни аниқлаган ва AҚШ ҳукумати кўмаги ўз эгаларига етиб боришини кафолатлайди. Хайриядан мақсад эҳтиёжманд оилаларнинг хавфсизлиги, тинчлиги, санитария ҳимояси ва шахсий гигиенасини дастаклаш экани айтилмоқда.

15 суткага қамалган фарғоналик журналист 2 кунда қўйиб юбориладиган бўлди

Фарғоналик журналист Усмонжон Қодиров.

Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга алмаштирилди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирган.

Икки кун муқаддам У. Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, у Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида ниқоб тақмаганлик ва ИИБ ходимига қаршилик кўрсатганликда айбланган эди.

Газета. uz хабарига мувофиқ, кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини эътироф этган.

Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланган. Журналистга 29 май куни жавоб берилиши кутилмоқда. Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ харажатларидан ҳам озод қилинган.

“Яндекс” Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди

'Яндекс' ширкатининг бош қароргоҳи, Москва, 2017 йил июни.

Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар қаторига “Яндекс” ҳам қўшилди.

Давлат солиқ қўмитасига қарашли tax.uz сайти қайдига кўра, Швейцарияда рўйхатга олинган Yandex Europe AG 28 май куни рўйхатдан ўтган. Европа бозорида ишлаш учун йўналган бу шўъба ширкатини “Яндекс” 2012 йилда тузган.

Аввалроқ Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Booking.com каби йирик ширкатлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинганди.

Ўзбекистонда 2020 йил бошидан жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилганди.

Бу каби ширкатларни рўйхатга олиш учун ДСҚ томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – tax.uz сайти яратилган.

Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонда тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 29 май куни Тошкентда журналистлар учун ўтказилган брифингда билдирган.

Мулозимага кўра, қўмита тузиш режаси Ўзбекистон президентининг “Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган.

Лойиҳага кўра, ушбу қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, шунингдек, ўз фаолиятида президент ва Олий Мажлис палаталарига ҳисоб бериши белгиланган.

Лойиҳада Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида:

– жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

– қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш;

– жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;

– қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;

– қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш назарда тутилган.

Туроператорлар учун фоизсиз ссуда ажратилади

Жорий йил 1 июнидан 31 декабрига қадар бўлган даврда Ўзбекистондаги туроператорлар ва жойлаштириш воситаларига 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 28 май куни имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда билдирилган.

Қайд этилишича, йил охиригача туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг (жорий йил биринчи чорагидаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи - 2,5 млн сўм) 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда, жойлаштириш воситаларига эса ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида (БҲМ шу кунда 223 000 сўмга тенг) фоизсиз ссуда берилади.

Фармонда 2020 йил 1 июнидан 2021 йил 31 декабрига қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилиши ҳам қайд этилган.

Адлия вазирлиги: "Прописка ёпилиши" тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда прописка талаб қилинмайди.

Адлия вазирлиги 28 май куни аҳоли орасида Тошкент шаҳри ва вилоятида “Прописка яқинда яна ёпиларкан, очилгани маълум муддат амал қилинадиган акция экан” қабилидаги миш-мишлар ассосиз эканини маълум қилди.

“Биринчидан, Президент Фармонлари билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслиги белгиланди.

Шунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги шарти бутунлай бекор бўлган”, дейилади расмий хабарда.

Бундан ташқари вазирлик 21 майдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан янги қурилган уй-жой сотиб олишда шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш тартиби бекор бўлганини ҳам эслатган.

Вазирликнинг билдиришича,“Тошкент шаҳрида прописка ёпилиши ёки очилиши” масаласига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Шофирконга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бир оиланинг 7 аъзосида коронавирус топилди

Шофирконда коронавирус 27 май куни аниқланган.

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани “қизил” ҳудуд тоифасига киритилди. Шу муносабат билан туманга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 май куни Шофиркон туманидаги битта оиланинг 7 аъзосида коронавирус аниқлангани тўғрисида хабар берганди. Шу муносабат билан туманга кириб-чиқиш 28 майидан бошлаб тўхтатилган ва коронавирусга қарши кураш тезкор штаби тузилган.

Одамларнинг бемақсад кўчада юриши ва тўпланишининг олдини олиш, жамоат жойларида тиббиёт ниқобида юриш, COVID-19 вирусини юқтириб олишдан сақланиш учун назорат кучайтирилган.

ТИВ чегарадан ўтаётган ўзбекистонликларни "пулли хизмат"дан фойдаланмасликка чақирди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пункти.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси 28 май куни Қозоғистон орқали уйларига қайтаётган мухожирларни пул эвазига чегарадан ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганлар хизматидан фойдаланмасликка чақирди.

“Бош консулхона “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларини маълум тўлов эвазига давлатлараро чегарани кесиб ўтишда кўмаклашишни таклиф қилувчи турли шахсларга мурожаат қилмасликка яна бир бор чақиради”, - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда.

Расмий хабарда айтилишича, Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида карантин режимининг енгиллаштирилганлиги муносабати билан фуқаролар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш мақсадида “Жибек Жоли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктига келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси чегара ва санитар-эпидемиологик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ўзбекистонликлар мамлакат ҳудудига карантин чораларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда.

Вазирлик одатдаги тартибда фаолият кўрсатаётган “Жибек Жоли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктида ҳозирда Олмаотадаги Бош консулхона ходими ишлаётгани ҳамда фуқароларга зарур консуллик-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатаётганини билдирди.

Ички туризмга 1 июндан бошлаб рухсат берилди

Хива манзараси.

Ўзбекистонда “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда 1 июнидан ички туризмга рухсат берилди. Бу борада президент Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилди.

Ҳужжатга кўра, ички туризм белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда йўлга қўйилиши шарт. Бундан ташқари, фармонда Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда ташқи туризмни босқичма-босқич қайта тиклашга доир таклифлар маъқулланди.

Туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади.

2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади. 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Балиқчи ва Избосканда ҳайдовчи юз одамнинг карантинга олинишига сабабчи бўлди

Ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмаган.

Избоскан ва Балиқчи туманида коронавирусда гумонланган юк автомашинаси ҳайдовчиси билан мулоқотда бўлган юзга яқин одам 14 кунлик карантинга олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 май куни хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р., Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ., билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган.

Шу куннинг ўзида ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ., да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.

“Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган. Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган”, - дейилади хабарда.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р., ва Б.Қ., билан мулоқотда бўлган 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

ИИВ: Фарғонада Хизб-ут-Таҳрир гуруҳи қўлга олинди

Расмий хабарда қўлга олинганлар сони айтилмаган.

Ички ишлар вазирлиги Фарғонада Хизб ут- Таҳрир ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари қўлга олинганини билдирди. Вазирликнинг 28 май куни хабар беришича, қўлга олинганлар муқаддам Хизб ут-Таҳрир ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққанлардир.

“Уларга кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан ҳамфикрлари билан жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида Хизб ут-Таҳрир ғояларини ва адабиётларини тарқатиш, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан “таҳрирчилар”ни жиноятга жалб қилиш орқали ташкилот сафини кенгайтиришга қаратилган хатти-ҳаракарларни содир этишган”, - дейилади расмий хабарда.

Ҳибсга олинган шахсларнинг уйларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда холислар иштирокида расмийлаштирилиб олиб қўйилган.

“Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган жиноий алоқаларини аниқлаш ва тергов ҳаракатларига жалб қилишга қаратилган суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда”, - дейилади хабарда

Вазирлик қўлга олинганларнинг сони, ёши ва бошқа тафсилотларни очиқламаган.

Мирзиёев рақобат муҳитини таъминлаш учун мутахассислар етишмаётгани ва стандартлар йўқлигидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналиш бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланиб 28 май куни ўтказилган йиғилишда билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси”ни тасдиқлаш вазифаси белгиланган.

Президент давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари ва комплаенс бўйича ўқитиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қачон рақобатга тайёр бўламиз? Соҳа ва тармоқларимиз тайёр бўлса. Соҳалар қачон тайёр бўлади? Мутахассислар бўлса. Энг заиф жойимиз: малакали мутахассислар етишмайди, технология йўқ, стандартлар йўқ. Шунинг учун бу соҳани деярли бошидан бошлашимиз керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Йиғилишда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, ўқув жараёнига ҳалқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, президент рақобат соҳасига оид низоларнинг малакали кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Тошкент юридик университетида шу йўналиш бўйича судьялар малакаси ошириш, судьяларни ушбу йўналишда ихтисослаштириш ва алоҳида суд коллегиясини ташкил этиш муҳимлиги таъкидлаган.

Айни пайтда у Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этган.

Амир Темурнинг мунозараларга сабаб бўлган Деновдаги ҳайкали реконструкция қилинади

Денов тумани марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали.

Денов тумани марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали қайта реконструкция қилинади. Бу ҳақда Денов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳокимлик ўз расмий муносабатини туман марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали бўйича ижтимоий тармоқларда авж олган баҳс-мунозара ортидан ёйинлаган. Тармоқ фойдаланувчилари ҳайкал қўлидаги буюм чангқоққичга ўхшаб қолганига айниқса кўп эътироз билдирганлар.

Ҳокимлик изоҳига кўра, соҳибқирон қўлида ушлаб турган ҳассадаги уч ҳалқа Темур ва Темурийлар салтанати байроғи, тамғаси ва тангаларида тасвирланганлиги тарихий манбаларда келтириб ўтилган. Шу важдан “қўлида уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳасса тутган Амир Темур ҳайкали унинг шон-шуҳрати, уч иқлимни бирлаштирган енгилмас машҳури замон бўлганлиги рамзидир”, дейилади хабарномада.

ХТВ мактабларда ота-оналардан ёппасига мажбурий пул йиғилмаслиги лозимлигини билдирди

Uzbekistan - school repaired

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида синф хоналарини янги ўқув йилига тайёрлаш учун ота-оналардан кўмак фақат ихтиёрий асосда олиниши лозимлигини урғуламоқда.

Вазирлик қайдича, агар кимдир ўз фарзандини ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса, уни бемалол қилиши мумкин.

“Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади. Лекин ҳаммага бир хил ёндашиб, ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларини олдини олиш керак. Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашни сўраймиз”, дейилади ХТВ хабарномасида.

Вазирлик мактаблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўшимча маблағ топиши мумкинлигини қайд этган. Ҳомийлар турли корхона, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин. Ҳомийлик эса ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим, яъни пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва маблағни сарфланиши бўйича маълумот олиши учун шароит яратилиши керак.

“Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 80 фоизлик давлат улуши Сингапур ширкатига сотилди

Тошкентдаги "Ўзбекистон" меҳмонхонаси, 2018 йил августи.

Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасига 33 миллион долларга харидор чиқмаганидан кейин меҳмонхонанинг 80,1 фоиз давлат улушини Сингапур ширкати сотиб олди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилади.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги "Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, агентлик томонидан "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб, 33 миллион АҚШ долларига танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган.

Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари:

а) 2 йил муддатда 100,0 млрд. сўм инвестиция киритиш;

б) давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш;

в) ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш;

г) меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.

“Юқорида кўрсатилган нархда (33,0 млн. АҚШ долларига) талабгорлардан мурожаат тушмаганлиги сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги "Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ПҚ–2200-сон қарорига асосан, 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. АҚШ доллари нархида танлов савдоларига чиқарилди”, дейилади хабарномада.

Маълум қилинишича, давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилган.

Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6 та компаниянинг таклифлари ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш натижалари асосида "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича Сингапурнинг "Bashan investment group pte ltd" ширкатининг "24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш" таклифи Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланган.

Ушбу қарорга асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Bashan investment group pte ltd" ширкати ўртасида юқорида кўрсатилган шартлар асосида "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиш бўйича шартнома имзоланган.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси 33 миллион долларга сотувга қўйилгани, бу баҳога харидор чиқавермаганидан кейин нарх арзонлатилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчада 1000 ўринли карантин мажмуаси қурилади

Самарқанд кўчаларидан бири, 2020 йил апрели.

Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчадаги 9 гектар майдонда 1000 ўринли карантин комплекси қурилиши бошланди. ЎзА хабарига кўра, ҳозирда бу ерга “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти томонидан контейнерлар келтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мажмуа учун зарур тиббий ускуналар, диагностика ва даволаш жиҳозлари етказиб беряпти.

Айни пайтда мазкур ҳарбий қисмнинг бўш турган 18 гектар ер майдонида шифохона мажмуаси қурилиши бошланган.

100 ўринли шифо маскани турли хасталиклар, жумладан юқумли касалликларга чалинган беморларни даволашга мўлжалланиши, унинг таркибида даволаш ва реанимация бўлимлари ташкил этилиши айтилмоқда. Бу ерда тиббиёт ходимлари учун турар жойлар ҳам қурилади.

Бош пудратчиси “Бунёдкор обод Пастдарғом” давлат унитар корхонаси бўлган мажмуани бир ой давомида қуриб, фойдаланишга топшириш режаланган.

Мазкур тиббий муассасалар келгусида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиши белгиланган.

Uzbekistan Airways икки вертолётини сотувга чиқарди

"Uzbekistan airways" авиаширкатига тегишли вертолётлардан бири.

“Uzbekistan Airways” авиаширкати ўз тасарруфидаги МИ-8МТВ-1 русумли иккита вертолёт ва ўн битта авиация двигателини сотувга қўйди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, вертолётлардан бири 1 224 904 АҚШ долларига, бошқаси эса 1 274 265 АҚШ долларига баҳоланган.

ТВ3-117ВМ русумидаги 8 та авиация двигатели тақрибан 58 минг доллардан 83 долларгача, АИ-9В русумидаги 3 та двигатели эса тақрибан 4,5 минг доллардан 7,4 минг долларгача баҳоланган.

Қайд этилишича, “Uzbekistan Airways” АЖ мазкур савдони самолётлар паркини янада бирлаштириш ва модернизация қилиш лойиҳаси доирасида эксплуатация қилиш мақсадида амалга оширмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 27 кишига кўпайди. Тўрт бемор оғир аҳволда

Шу кунгача 2668 нафар бемор бутунлай соғайган

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3396 нафарни ташкил этмоқда. Бу 27 май соат 23:30даги маълумотда келтирилган кўрсаткичдан 27 киишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 16 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 7 нафар аҳоли орасида, Самарқанд вилоятида 1 нафар аҳоли орасида, Тошкент вилоятида эса 1 нафар аҳоли орасида, 2 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус инфекцияси аниқланган”, дейилади хабарда.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан то шу кунгача 2668 нафар бемор бутунлай соғайганини ҳам маълум қилди.

Расман билдирилишича, ҳозирда коронавирусга чалинган 714 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.

Тошкент вилоятида "яшил", "қизил" ва "сариқ" ҳудудлар рўйхати янгиланди

Ҳудудлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб аниқланади.

Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда тоифалаштирилган туман(шаҳар)лар рўйхати янгиланди.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг 27 майда билдиришича, Бекобод, Янгийўл, Нурафшон шаҳарлари, Қибрай, Оққўрғон, Зангиота, Паркент, Тошкент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл туманлари "қизил" ҳудудларга кирди.

Aнгрен, Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Ўрта Чирчиқ туманлари "сариқ" ҳудудлар сифатида белгиланди.

"Яшил" ҳудудлар – Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Оҳангарон, Бўка, Бўстонлиқ, Пискент туманлари.

Уч ойлик чақалоқни уч хонали квартирага алиштираётганлар қўлга олинди

Уч хонали уйнинг нархи 250 миллион сўм бўлган.

Навоий вилоятида уч ойлик чақалоқни уч хонали уйга алмаштираётган аёл ва чақалоқнинг бобоси қўлга олинди. Бу ҳақда Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси 27 май куни хабар берди.

Расмий маълумотда айтилишича, чақалоқни уч хонали квартирага алмаштираётганлар 23 май куни Навоий вилояти ИИБ ва Кармана туман ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида қўлга олинган.

“1987 йил Навоий вилоятида туғилган, ҳозирда Навоий шаҳрида ижарада вақтинчалик яшаб келаётган фуқаро З.Ў. 2020 йилда туғилган фарзанди Б.Ў.ни тахминий баҳоси 250 миллион сўм бўлган уч хонали уй эвазига сотаётган вақтда қўлга олинган. Аниқланишича, З.Ў. ушбу жиноят ишини отаси — 1951 йил Навоий вилоятида туғилган А.Ў. билан шерикчилик асосида содир этган”, - дейилади хабарда.

25 май куни Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини 15 минг долларга сотаётган аёл қўлга олингани ҳақида маълум қилганди. Бир неча кун олдин эса Хоразмда 2 ёшли фарзандини 7700 долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинган.

Туризмга босқичма-босқич рухсат берилади

Президент туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида. Президент матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон коронавирус пандемияси ортидан 16 мартдан бошлаб ташқи ва ички туристлар учун ёпилгани оқибатида 1500дан ортиқ туроператор, 1 200 меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатди.

27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида бу ҳақда гапирган президент Шавкат Мирзиёев, туризмга босқичма-босқич фаолиятини тиклашга рухсат берилишини маълум қилди.

Президент биринчи босқичда “яшил” ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади. Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

Президент матбуот хизатининг билдиришича, Ўзбекистонда ички ва ташқи туризм тўхтатилгани гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир қилди.

Зангиотада 31 йил олдин содир этилган қотиллик фош этилди

Қотиллик 1989 йилда содир этилган.

Зангиота туманида бундан 31 йил аввал ўзи билан яшаб келган эркакни ўлдирган аёл аниқланди.

“Дарё” нашрининг Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб ёзишича, қотиллик содир этганини тан олган 83 ёшли аёлга нисбатан жиноят иши очилди. У Жиноят кодексининг 97-моддаси билан қасддан одам ўлдирганликда айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, 23 май куни Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Г. яшаш ҳовлисидаги эски омборхонани бузиб, ўрнига ҳожатхона қуриш учун чуқур қазиган вақтда тупроқ орасидан одам скелетига хос бўлган суяклар топилган.

Суриштирув давомида З.Г., уйни 1989 йилда Е.М., исмли аёлдан сотиб олганини айтган. 1937 йилда туғилган Е.М.,1989 йилда ўзи билан бирга яшаб келган Р.Ш.,ни (марҳум аёлдан 20 ёш кичик бўлган) қасддан ўлдириб, мурдани ҳовлига кўмиб юборганини тан олган ва ўз ишидан пушаймон эканини билдирган. Орадан кўп вақт ўтмай у ҳовлини сотган.

“Аёлга қандай жазо берилиши ҳозирча номаълум. Айни вақтда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 500дан кўпроқ бозор хусусийлаштирилади

Тошкентдаги "Олой" бозори.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 1 минг 400 га яқин корхонанинг давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштиришга кўрсатма берди.

27 май куни ўтган туризм ва давлат активлари соҳаларидаги лойиҳалар тақдимотида президент Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурини тасдиқлаш вазифасини берди.

Давлат активларини бошқариш агентлигига тармоқ раҳбарлари билан бирга самарасиз ишлаётган 711 та корхонани тугатиш, 262 та корхонани қайта ташкил этиш, шунингдек, 500 дан зиёд бозорни хусусийлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат ихтиёрида сақлаб қолинадиган корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича янги тизим жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Президент матбуот хизмати тарқатган расмий билдирувда айтилишича, айни пайтда Ўзбекистонда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

Хабарда айтилишича 2020 йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.

Бўкада ўқитувчиларни камситган ҳоким муовини 22 млн сўмдан кўпроқ жаримага тортилди

Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ва Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорликда Бўка тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Хонтўраевни халқ таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашуви, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, меҳнатга мажбурлаш, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилгани учун 22 миллион 300 минг сўмлик жаримага тортди.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, Бўка тумани ҳокимининг ўринбосари томонидан туманда жойлашган таълим муассасалари раҳбарларига ободонлаштириш ҳамда томорқа ишлари бўйича хатлов ўтказиш каби топшириқлар берилган.

Хусусан, А. Хонтўраев жорий йилнинг 19 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарорига зид равишда тумандаги 12-умумтаълим мактабида 53 нафар таълим муассасаси раҳбарлари ва маҳалла фаолларига йиғилиш ўтказиб, 12-мактаб директори М.Хакимованинг ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмаганлиги учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказиб, барчани олдида изза қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳуқуқларини поймол этиб ундан туман ҳокими номига тушунтириш хати ва жорий йилнинг 20 апрель кунидан ишдан бўшаш тўғрисида аризасини олган.

Бундан ташқари, 2020 йил 6-7 май кунлари ҳоким ўринбосари Хонтўраев туманда фаолият юритаётган 15-, 16-, 18-, 24-, 50-умумтаълим мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги “Ёшлар майдони”га директорлар ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини, яъни 25 кишини майдонда ўсган ўтларни ўриш каби мажбурий меҳнатга жалб қилган.

ХТВ бу борада тўпланган ҳужжатларни қонуний баҳо бериш учун 15 май куни Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасига юборган.

Бошқарма Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни ўрганиб чиққанидан сўнг Анвар Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 22,3 млн. сўм жарима жазоси қўлланилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG