Линклар

Шошилинч хабар
20 феврал 2020, Тошкент вақти: 13:10

Халқаро хабарлар

Сенцов: Россия эмас, Путин режимига қарши курашяпман

Олег Сенцов

Украиналик режиссёр Олег Сенцов Россия расмийларини Украинани қул қилиб олишга уринишда айблади. Россиянинг Қримни аннексия қилиб олишига қарши чиққан Сенцов Россияда терроризмда айбдор деб топилиб, 20 йилга қамалган эди. Аммо у жорий ойда Россия ва Украина ўртасида асирлар билан алмашиш келишуви доирасида озод этилди ва Киевга қайтди.

Сенцов Озодликка берган интервьюсида украиналикларни мамлакат шарқидаги можарони тўхтатиш учун курашишга чорлади.

Сенцов ўз курашини Россия ёки россияликларга қарши эмас, балки президент Владимир Путин режимига қарши олиб борганини таъкидлади:

- Кураш дер эканман, бу билан, умуман олганда, биринчи навбатда Украинани қул қилиб олиш истагидаги Путин режимига қарши курашни назарда тутяпман. Бу курашдан мақсад Донбассдаги урушни тугатиш, асирларимизни қайтиб олиш ҳамда Қримни қайтиб олишдир. Бу иш учун курашиш ҳар бир украиналикнинг бурчидир. Бу булан кимдир бирор жойга бориб бир нарсаларни портлатиб юбориши керак, демоқчи эмасман.

Қримда туғилган Сенцов 2014 йилнинг мартида Қрим Россия томонидан аннексия қилинишига қарши курашган. Режиссёр 2014 йилнинг майида Қримда қўлга олинганидан кейин, Россия суди уни 20 йилга кесган эди.

Кун янгиликлари

Жанубий Кореянинг собиқ президенти 17 йилга қамалди

Ли Мён Бак (ўртада).

Сеул апелляция суди Жанубий Кореянинг коррупцияда айбланган собиқ президенти Ли Мён Бакни 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. 78 ёшли сиёсатчи пора олиш ва маблағ ўзлаштиришда айбдор, деб топилган.

Аввалроқ у айни шу иш бўйича 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо саломатлиги ёмонлашгани боис гаров эвазига озод этилганди.

Ли Жанубий Кореяга 2008 йилдан 2013 йилга қадар раҳбарлик қилган. У жиноий жавобгарликка тортилган учинчи президент бўлди. Суд маълумотига кўра, Ли президент лавозимида бўла туриб амалда автомобиллар учун деталь ишлаб чиқарадиган компанияга раҳбарлик қилган ҳамда ўз мақомидан фойдаланган ҳолда акаси номига расмийлаштирилган мазкур компания бизнесини ривожлантиришда иштирок этган.

Прокурор Лига 23 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Сиёсатчи ўзига қўйилган айбловни рад қилган.

Унинг салафи Но Му Хён коррупцияда айбланганидан сўнг истеъфога чиққанидан бир йил ўтиб ўз жонига қасд қилган. Лидан кейинги яна бир президент Пак Кин Хе ҳам коррупция айблови билан қамоққа ҳукм қилинган.

Қозоғистонда миллий низо бўйича 90 га яқин жиноят иши очилди

Масанчи овули. Тўқнашувдан кейинги вазият. 2020, 8 февраль.

Қозоғистон расмийлари 7-8 февраль кунлари Жамбул вилоятида содир бўлган ва 11 одам умрига зомин бўлган миллатлараро низо бўйича 90 га яқин жиноят иши очди.

19 февраль куни Ички ишлар вазири ўринбосари Марат Қожаев юзлаб одам аллақачон сўроқ қилинганини, терговлар икки ой давом этиши кутилаётганини айтди.

- Бошқа гумонланувчилар, жумладан, зўравонликни бошлаган шахслар ҳақида маълумот кейинроқ тергов давомида тарқатилади, — деди Қожаев.

Қожаев полиция уч нафар этник дунган ака-укани ҳибсга олганини тасдиқлади. Қозоғистон прокуратурасига кўра, полиция ходимлари 7 февралда Сўртўбе қишлоғида автомобиль йўлида содир бўлган жанжал ортидан дунган шахс ҳайдаб кетаётган автомобилни тўхтатган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтган ҳужжатлари бўлмагани учун унга полиция участкасига бориш тайинланган. Аммо у қаршилик кўрсатиб, укалари олдига қочган. Уч ака-ука сўнгра полицияга ташланган.

Қозоғистон ҳокимият идоралари олдинроқ йўлдаги қаттиқ муштлашув маҳаллий қозоқлар билан кам сонли дунган этник гуруҳига мансуб Қозоғистон фуқаролари ўртасида катта зўравонликка айланиб кетганини билдирган эди. Дунганлар асли хитой миллатига мансуб мусулмонлардир.

Сўртўбе, Масанчи, Ауқатти ва Булан-Батир қишлоқларида рўй берган тўқнашувлар оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, ўнлаб қишилар, жумладан, полиция ходимлари яраланди.

Эрдўғон: Россия билан Сурия бўйича музокаралар қониқарли ўтмади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия президенти Башар Асад қўшинлари Туркия ҳарбий позицияларидан ортга чекинмаса, Анқара Идлибда ҳарбий амалиёт бошлаши муқаррар эканлигини айтди.

Президентнинг бу билдирувини Москва дарҳол танқид қилди.

Сурия армияси Россия ҳарбийлари кўмаги билан Идлибда бошлаган ҳарбий амалиёт минглаб одамни ўз уйини тарк этишга мажбурлади.

19 февраль куни Эрдўғон AK партияси аъзолари олдида қилган чиқишида Россия билан музокаралар давомида келишувга эришилмаганини айтди. Туркия Асадга қарши исёнчиларни қўллаб келади.

Президент Туркиянинг Идлибни «хавфсиз зонага» айлантириш нияти қатъий эканлигини айтди.

- Туркия Идлибда ўз режасини амалга ошириш учун тайёргарликни якунлади. Очиғини айтсам, Идлибда амалиёт бошлашимиз фақат вақт масаласидир, — деди Эрдўғон.

Президентнинг бу шарҳлари ортидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москва бундай амалиётга қарши эканлигини, Идлибдаги вазият янада кескинлашишига йўл қўймаслик учун Москва Анқара билан мулоқотда эканлигини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Москвада 17-18 февраль кунлари ўтказилган музокараларда бирор келишувга эришилмаганини билдирди.

ЕХҲТ Украина шарқида тарафларни зўравонликни тўхтатишга чақирди

Украина армияси аскари Луганск вилоятидаги фронт чизиғидаги окопда турибди. 2020, февраль.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) расмийлари Украина шарқида зўравонлик кучайганидан хавотир изҳор қилди.

Украина расмийларига кўра, 18 февраль куни содир бўлган отишмада бир нафар Киев аскари ҳалок бўлган, тўрт нафари жароҳат олган.

Луганск айирмачи региони етакчиси Яков Осадчий эса тўрт жангчиси ҳалок бўлганини ва яна тўрт нафари жароҳат олганини билдирди.

ЕХҲТнинг амалдаги раиси Эди Рама ҳамда бош котиб Томас Гремингер ҳалок бўлганлар ҳақидаги хабарлардан қайғуда эканлигини айтиб, тарафларни зўравонликни тўхтатишга чақирди.

Ўтган йилнинг декабрида Парижда россияпараст айирмачилар ва Киев кучлари ўт очишни тўхтатишга келишиб олган эди.

Рама Минск ва Парижда эришилган келишувларда белгиланган шартларга қарамасдан, ҳар куни тўқнашувлар содир бўлаётганини айтди.Расмий кейинги ойларда эришилган ижобий натижалар бекор қилинмаслиги кераклигини қўшимча қилди.

Бу орада айирмачилар билан Киевга содиқ кучлар бир-бирини келишув шартларини бузишда айблади.

Қирғизистон коронавирусга қарши курашаётган Хитойга инсонпарварлик ёрдами йўллади

Қирғиз-хитой чегарасидаги Тўруғарт назорат-ўтказиш маскани.

Қирғизистон коронавирусга қарши курашни дастаклаш мақсадида Хитойга инсонпарварлик ёрдамини юборди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Хитойга Қирғизистондан асосан антисептик ва дезинфикация воситалари, шахсий тиббий ҳимоя воситаларидан иборат бўлган 7 тоннага яқин юк жўнатилган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон ҳам Хитойга инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида хабар қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган вирусдан ўлганлар сони 2000 нафардан ошган.

Коронавирус қурбонлари сони 2000 нафардан ошди

Иллюстратив сурат.

Хитойда янги коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сони 2004 кишига етди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумот тарқатди.

Хабарларга кўра, касалликни юқтириб олганлар сони 74 минг нафардан ошган.

Хасталардан 11 минг 977 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Айни пайтда 14 минг 376 киши соғайгани муносабати билан шифохонадан чиқарилган.

Хитой расмийлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда 10 дан ортиқ шаҳарни ёпиб қўйганлар.

Вирус туфайли қатор мамлакатлар Хитой билан транспорт ва авиақатновлар учун чекловлар жорий қилган.

Bellingcat: Чечен айирмачи қўмондони ўлдирилишида ФСБ қўли бор

Зелимхан Хангошвили.

Bellingcat суриштирув журналистлари гуруҳи собиқ чечен айирмачи қўмондони Зелимхан Хангошвилини Берлинда ўлдиришни Россия Федерал Хавфсизлик хизмати (ФХХ) режалаштириб, амалга оширган, деган хулосага келди.

Иккинчи чечен урушида русларга қарши жанг қилган рота командири Хангошвили ўтган йилнинг августида Берлинда отиб ўлдирилган эди.

Германия расмийлари қўлга киритилган далиллар қатл Россия ҳукумати ёки Чеченистон расмийлари буюртмаси билан амалга оширилганини кўрсатишини маълум қилган. Москва эса бу иддаоларни кескин рад этиб келади.

Қатл ортидан кўп ўтмай ҳужумни амалга оширишда гумонланиб Россия фуқароси қўлга олинди. Айни дамда у Германия қамоқхонасида ушлаб турилибди.

Декабрь ойида Bellingcat гуруҳи гумонланувчи Вадим Красиков эканлигини эълон қилди. Айни шахс 2013 йил Москвада ўлдирилган тадбиркор ўлдирилиши билан боғли ишда гумонланувчидир.

Кузатувчилар Хангошвилининг ўлдирилишини 2018 йилда Лондонда собиқ жосус Сергей Скрипалнинг заҳарланишига қиёслади.

Бир ойга чўзилган суриштирув ортидан Bellingcat Хангошвилини ўлдиришга тайёргарлик ишларини собиқ спецназ зобитлари учун тузилган «Вимпел» хайрия фонди раиси Эдуард Бендерский шахсан назорат қилганини хулоса қилди.

Хаага суди Россияга «ЮКОС» сармоядорларига 50 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини юклади

Михаил Ходорковский

Нидерландия апелляция суди Россия зиммасига собиқ нефть ширкати «ЮКОС» сармоядорларига 50 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини юклади. Суд бу ҳукми билан бундан 4 йил олдинги ҳукмни бекор қилди.

2016 йилда Хаага туман суди мазкур иш Россия имзолаган, аммо ратификация қилмаган энергетика келишувига таянганини, шунинг учун Арбитраж доимий суди чиқарган қарор асоссиз эканлигини айтиб, товон тўлашга доир ҳукмни бекор қилган эди.

Россия Адлия вазирлиги дарҳол суднинг сўнгги қарори устидан шикоят қилишини билдирди.

Хаага аппеляция суди 2016 йилги қарор нотўғри эканлигини, ундан олдин чиқарилган қарор ўз кучида қолишини билдирди.

Арбитраж суди қарорида 2003 йили Москва «ЮКОС»га улкан солиқлар солиб, уни қўлга олгани айтилади: «Ҳукумат “ЮКОС”ни банкрот қилиб, унинг мулкларини эгаллаб олиш учун “ЮКОС” ва унинг эгаларига кенг кўламли ҳужум қилган, айни дамда Жаноб Ходорковскийни сиёсий саҳнадан сиқиб чиқарган»

Россия ҳукуматининг «ЮКОС»га қарши чоралари ширкат директори, президент Владимир Путиннинг ашаддий рақиби Михаил Ходорковскийни йўқ қилишни кўзлагани айтиб келинади.

Ходорковский 2003 йилда қўлга олинган. Россия қамоғида 10 йил ўтказганидан кейин афв этилиб, мамлакатни тарк этган.

Украина Хитойдан фуқароларини эвакуация қилиш учун учоқ юборади

18 февраль куни Украина 49 фуқароси ҳамда 25 нафар бошқа давлат фуқаросини эвакуация қилиш учун Хитойга учоқ юборилишини маълум қилди.

Бунга Хитойда янги коронавирусдан ҳалок бўлганлар ва вирусга чалинганлар сони ошиб бораётгани туртки бўлди.

Сўнгги хабарларга кўра, Хитойда коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 1900 га етди, унга чалинганлар сони эса 72 минг нафардан ошди.

Киевда соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко йўловчилар эпидемия ўчоғи Ухан шаҳридан олиб чиқиб кетилишини айтди.

Ляшко фақат вирус симптомлари йўқ бўлган шахсларгина эвакуация қилинишини билдирди. Шунингдек, вазир йўловчилар Киевда икки ҳафта назорат остида бўлишини қўшимча қилди.

- Саросимага тушишга ўрин йўқ, фақат соғлом шахсларни Украинага олиб келамиз, — деди Ляшко.

Украинанинг Хитойдаги элчихонаси 11 февраль куни мамлакат фуқаролари эвакуация қилинишини эълон қилган эди. Аммо бу режа икки марта кейинга қолдирилди.

Ляшко ҳозирча Япония портида карантинга олинган Diamond Princess круиз кемаси бортидаги 25 нафар украиналикни эвакуация қилиш режаси йўқлигини айтди.

Тожик расмийлари “Хўжа-командир”нинг Дубайдан ватанига экстрадиция қилинганини тасдиқлади

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фуқаролар уруши даврида Халқ фронти дала қўмондони бўлган Хўжа Каримов Бирлашган Араб Амирликларидан экстрадиция қилинганини тасдиқлади.

"Хўжа-командир" ўтган йил июлида Дубайда қўлга олинган, бироқ у экстрадиция иши кўриб чиқилгунгача тилхат асосида уч ҳафтадан сўнг озод қилинган эди.

Вазирлик матбуот марказига кўра, “фуқаро Каримов Хўжа Раҳимович («Хўжа-командир»)… бир қатор жиноятлар: босқинчилик, қотиллик, қийноққа солиш, гаровга олиш ва қонунга зид равишда қурол сақлаганлик жиноятларини содир этганликда гумон қилиниб, расман қидирувда бўлган" ва “Тожикистон ИИВнинг хориждаги субъектлар билан ҳамкорлиги натижасида 2020 йил 16 февраль куни ватанига экстрадиция қилинган”.

Манбаларга кўра, айни дамда Хўжа Каримов сўроқ қилинмоқда.

Тожикистон ва БАА ўртасида Жиноятчиларни топшириш тўғрисида шартнома имзолаган. Бир неча йил муқаддам БАА Тожикистон Халқ фронтининг бошқа бир машҳур дала қўмондони - собиқ генерал Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоевни ҳибсга олган ва Душанбега топширган эди.

“Хўжа-командир” 1999 йилда Тожикистондан қочиб кетганидан кейин Малайзияда яшаган ва бизнес билан шуғулланган. У 2008 йил охирида Интерпол линияси бўйича халқаро қидирувга берилган.

Фуқаролар уруши даври гувоҳларига кўра, Хўжа Каримов бошқа дала қўмондонларидан ўзининг шафқатсизлиги билан ажралиб турган.

"Хўжа-командир” тожик парламентининг икки депутатини ўлдирганликда айбланади. Тергов Сияршо Шоев ва Саидшо Шоевни, шунингдек, судья Тағай Шукуровнинг ўлдирилишида унинг қўли борлигини исботловчи далилларга эга", деганди аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда истеъфодаги полковник Маҳди Собир.

Малайзияга қочиб кетишдан аввал Хўжа Каримов Тожикистон Мудофаа вазирлигининг махсус бригадаси қўмондони биринчи ўринбосари ва Тожикистон Футбол Федерацияси раиси сифатида фаолият кўрсатган.

Трамп Россияни Сурияда "ваҳшийликларни" қўллашни бас қилишга чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

16 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан мулоқот давомида Суриянинг Идлиб шаҳридаги зўравонликлар юзасидан хавотир изҳор қилди.

Бу ҳақда хабар қилган Оқ уй матбуот котиби Жад Дирга кўра, Трамп Россияни Сурия ҳукуматининг зўравонликларини қўллаб-қувватлашни бас қилишга, шунингдек, Суриядаги можарога сиёсий ечим топишга чақирган.

17 февраль куни Сурияда қарама-қарши тарафларни қўллаб келаётган Анқара ва Москва музокара ўтказади.

Россия ҳарбийлари қўллаб келаётган Сурия ҳукумати кучлари 16 февраль куни Ҳалаб вилоятида исёнчилар бошқарувидаги сўнгги ҳудудларни қўлга киритди.

Асад ҳукуматини ағдариш истагидаги исёнчиларни қўллаб келаётган Туркия Россияни Идлибдаги ҳужумларни тўхтатишга чорламоқда. Хусусан, Анқара Сурия кучлари ой охиригача чекинмаса, ҳарбий куч ишлатишини айтиб, таҳдид солмоқда.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари гуруҳи 16 февраль куни кеч Сурия ҳукумати 2012 йилдан бери илк маротаба Ҳалаб атрофидаги барча шаҳар ва қишлоқлар бошқарувини қўлга киритганини билдирди.

Қрим суди Азов денгизида қўлга олинган украиналик балиқчиларни 10 кунга қамади

16 февраль куни Россия бошқарувидаги Қрим суди Азов денгизида қўлга олинган тўрт нафар украиналик балиқчига 10 кунлик қамоқ жазоси тайинлади.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг чегара кучлари балиқчилар Қрим соҳиллари яқинида қўлга олинганини, улар «сувдаги биологик ресурсларни тутиш қоидаларини бузганликда» айбланаётганини билдирди.

Қрим омбудсмени Лариса Опанасюк балиқчилар ёнида ҳужжатлари бўлмаганини ҳамда балиқларни ноқонуний тарзда овлашганини айтди.

2003 йилда Россия ва Украина имзолаган келишув Керчь бўғози ва Азов денгизидан тўсиқсиз фойдаланишни кафолатлайди.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган эди. Денгизчилар ўн ой деганда маҳбус алмашинуви бўйича эришилган келишув ортидан Украинага қайтди.

Россия 2014 йилда Қримга бостириб кириб, уни аннексия қилиб олган.

Европа Иттифоқи: Болқон давлатларининг иттифоққа қўшилиши эҳтимолдан холи эмас

Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.

16 февраль куни Европа Иттифоқи етакчилари Болқон давлатлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш тарафдори эканини изҳор қилди. Ўтган йилда Албания ва Шимолий Македониянинг иттифоққа қўшилиш умидлари барбод бўлган эди.

16-17 февраль кунлари Брюсселда Европа Иттифоқи ҳамда Ғарбий Болқон давлатлари вакиллари ўртасида норасмий йиғин ўтказилмоқда. Учрашувда қатнашаётган Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен:

- Ўйлайманки, Ғарбий Болқон давлатларини Европа Иттифоқига иложи борича яқин ушлаш барчамизнинг умумий геостратегик манфаатларимизга мос келади, - деди.

Европа кенгаши президенти Шарль Мишель олти Болқон давлати етакчилари билан «самимий ва очиқ» музокара олиб боришни интиқиб кутаётганини айтди.

Европа Иттифоқи давлатлари Албания ва собиқ Югославиянинг блокка қўшилмаган аъзоларини Ғарбий Болқон давлатлари деб атайди. Октябрь ойида Албания ва Шимолий Македония амалга оширган ислоҳотларга қарамасдан, уларни блокка қўшиб олиш бўйича музокаралар кейинга қолдирилди.

Кейинги ойларда иттифоқ аъзо давлатларни қўшиб олиш стратегиясини ўзгартирмоқда. Фон дер Ляйен янги методология ҳукумат ислоҳотларига урғу беришини, улар келажакда Болқон давлатларига блокка қўшилиш имконини беришини айтди.

Қозоғистон президенти интернетдаги узилишларни бартараф қилиш ҳақида топшириқ берди

Иллюстратив сурат.

Якшанба, 16 февраль куни Қозоғистонда айрим сайтлар, жумладан, Озодлик қозоқ хизматининг сайти, ижтимоий тармоқлар, Youtube платформаси ва Google сервисида узилишлар кузатилди.

Фойдаланувчилар Интернет тезлигининг пастлигидан шикоят қилмоқда. Бир неча кундан бери Telegram мессенжерига кириш билан боғлиқ муаммо кузатилаяпти. Айни пайтда мессенжер VPN орқали узилмасдан ишламоқда.

Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Уали Facebook’даги ўз саҳифасида айни пайтда Германия сафарида бўлган Қ. Тоқаев “барча ахборот ресурслари ишини тиклаш юзасидан топшириқ бергани” ҳақида ёзди.

Қозоғистонда интернет блокировкаси, хусусан, ижтимоий тармоқлар блокировкаси аввалги йилларда асосан тун пайтида кузатиларди. Қозоқ расмийлари бунга “техник муаммо” дея жавоб бериш билан чекланишар, провайдерлар эса тармоқда носозлик борлигини рад этишарди.

Қозоғистонда кенг кўламли интернет блокировкаси ўтган йилнинг 9 май ва 9 июнь кунлари тинч намойиш иштирокчиларининг оммавий қўлга олиниши қабатида кузатилган.

Қозоғистонда куч ишлатар тузилмалар фавқулодда вазиятлар, жумладан, “ижтимоий” ва техноген характердаги ҳолатлар чоғида Интернет ва алоқа воситаларини зудлик билан блоклаш ҳуқуқига эга.

Коронавирус қурбонлари сони 1800 нафарга яқинлашди

Иллюстратив сурат.

Хитойда тарқалган янги коронавирусдан ўлганлар сони, 16 февраль ҳолатига кўра, 1770 кишига етди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълум қилади.

Қайд этилишича, касалликни юқтириб олганлар сони 70 минг 548 кишини ташкил этган. Сўнгги суткада 2048 киши вирусни юқтириб олгани аниқланган.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари 15 февраль куни президент Си Цзинпиннинг яқиндаги баёнотини ёйинлаганлар. Унда Хитой президенти расмийлар коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни энг бошидан бери назорат қилаётганларини урғулаган. Си Цзинпин янги вирусга қарши кураш бўйича шу йил 7 январидаёқ топшириқ берган, 23 январь куни эса вирус марказига яқин шаҳарларни ёпишни буюрган.

Тожикистонда сим-карталарни қайта рўйхатга олиш муддати икки йилга узайтирилди

Сим-карта учун навбатда турган тожикистонликлар.

Тожикистонда ID паспорти бўйича сим-карталарни қайта рўйхатга олиш муддати 2022 йил февралига қадар узайтирилди. Ҳукуматнинг бу борадаги тегишли фармойиши ўтган ҳафта имзоланган.

Тожикистон хукуматининг “Электр алоқа тармоғига уланиш тартиби ва талаблари ҳамда улар билан боғлиқ хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги қарори мувофиқ, уяли алоқага уланган барча абонентлар ўз сим-карталарини 2014 йилдан берила бошлаган ID-паспорт бўйича 2019 йил 15 августигача қайта рўйхатдан ўтказишлари керак эди. Август ойида мамлакат президенти қайта регистрация муддатини ярим йилга, яъни 2020 йилнинг 15 февралига қадар узайтирган.

Ҳукуматнинг янги намунадаги паспорт бўйича сим-карталарни қайта рўйхатдан ўтказиш қарори сўнгги пайтларда аҳолининг кўп танқиди ва норозилигига сабаб бўлди. Тожикистонликлар бу қарор бюджетни тўлдиришнинг бир йўли эканини иддао қилсалар, ҳукумат буни хавфсизлик чораларини таъминлаш ўлароқ изоҳлаган.

Тожикистонликларнинг ҳали кўпи янги ID-паспорт олишга муваффақ бўлмагани муаммони янада чигаллаштирмоқда.

НАТО Франция ядровий қуролларини альянс стратегияси марказига қўйиш чақириғини рад этди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, 13 февраль, 2020 йил, Брюссель

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Франция президенти Эммануэль Макроннинг Франция ядровий қуролларини Европа мудофаа стратегия марказига қўйиш чақириғини рад этди.

Котибнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Британия қуроллари Европа Иттифоқини етарли даражада хавфсизлик билан таъминлайди.

15 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Столтенберг:

- Европа ядровий муҳофазага эга эканини ёддан чиқармаслигимиз керак. 28 ҳамкор давлат буни таъминлаб келади. Бу шунчаки ваъда эмас, балки ўнлаб йилдан бери мавжуд бўлган стратегиядир, — деди.

Столтенберг Франция ўта муҳим ҳамкор эканини ҳамда мамлакат ядровий қуроллари НАТОнинг умумий хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Макрон Британия Европа Иттифоқини тарк этгани учун иттифоқ хавфсизлиги стратегиясини қайтадан кўриб чиқишга чорламоқда.

"Брексит" ортидан Франция ядровий арсеналга эга ягона Европа Иттифоқи давлатига айланди. Макрон НАТОни қўллашини изҳор қилиб, бир вақтнинг ўзида Вашингтонга бўлган тобеликни озайтиришни исташини айтган.

Ўтган ҳафтада Макрон Европа давлатларини мудофаа харажатларини оширишга чорлади.

Франция НАТО аъзоси бўлса-да, ўз ядровий қуролларини альянс ихтиёрига ўтказмаган. Париж ўз мустақил ядровий дастури борлигидан фахрланади. Германия эса Вашингтон ёрдами етарли эканини айтиб, Франция қуролларига таянишга қарши чиқиб келади.

Босниядаги лагерда қолаётган муҳожирлар полиция билан тўқнашди

Босниядаги лагерда яшаётган муҳожир, 14 февраль, 2020 йил

Босния ва Герцеговинада лагерда ушлаб турилган юзлаб муҳожир полиция билан тўқнашди.

Хабарларга кўра, муҳожирлар лагердаги шароитлар ҳамда қўшни Хорватия полицияси уларга қарши куч ишлатганидан норозилик билдириб, лагерни тарк этишга уринган.

Ҳодиса 15 февраль куни Босния ғарбидаги Мирал муҳожир лагерида содир бўлган. 700 кишига мўлжалланган лагерда айни дамда 1000 нафар одам ушлаб турилибди.

Гувоҳларнинг айтишича, полиция “Озодлик!”, “Пулимизни қайтаринг!”, “Бизни уришни бас қилинг!” дея ҳайқирган муҳожирлар билан тўқнашган, уларнинг айримларини қўлга олган.

Муҳожирлар, шунингдек, лагердан 10 км масофада жойлашган Хорватия полицияси уларни калтаклагани, уст-бош ва телефонларини тортиб олганини айтиб, шикоят қилган.

Хорватия расмийлари чегарадан ўтишга уринган муҳожирларга қарши кескин куч ишлатилганини рад этди.

Босния расмийларининг сўзларига кўра, 2019 йилда асосан Покистон, Афғонистон, Ироқ, Марокко ва Суриядан келган ва ғарбий Европага боришни кўзлаётган 50 мингга яқин муҳожир Босниядан ўтган.

Айни дамда Боснияда 6 мингга яқин муҳожир лагерларда сақлаб турилибди.

Зеленский октябрда Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади

Украина президенти Володимир Зеленский, 15 февраль, 2020, Германия.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида тинчимаётган конфликтга қарамасдан, жорий йилнинг октябрида мамлакат бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади.

15 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Зеленский ғарб давлатларини Киевни Россия дастаклаб келаётган айирмачиларга қарши курашда қўллашда чорлади.

- Биламан, Украинадаги уруш — Европадаги уруш. Қрим аннексияси билан бошланган уруш Иккинчи жаҳон уруши қанча давом этган бўлса, ўшанча пайтдан бери тинчимаяпти. Тасаввур қилинг-а! — деди президент. ​- Бугунги кунда истагимиз Украина ҳудудлари бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганск регионларининг айрим ҳудудларида октябрь ойида маҳаллий сайлов ўтказишдир. Қрим ҳудудида ҳам айни нарсани амалга ошириш ниятимиз бор.

Зеленский Донбасс аҳли “Украина ҳамда бутун дунё легитим деб тан оладиган сайловга муҳтож эканлигини” қўшимча қилди.

Европада коронавирусдан биринчи ўлим қайд этилди

Европада коронавирусдан биринчи ўлим холати қайд этилди. Францияда коронавирусга чалинган хитойлик сайёҳ вафот этган.

Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 80 ёшли аёл коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй вилоятидан 16 январда келган ва 25 январда карантинга олинган бўлган.

Шу пайтгача Хитой ташқарисида коронавирусдан уч киши ҳалок бўлди. Ўлим холатлари Хонг Конг, Филиппин ва Японияда қайд этилди.

Хитойнинг ўзида эса коронавирус 1 ярим мингдан ортиқ одам ёстиғини қуритди.

Дунё бўйлаб 20дан ошиқ давлатда 59 мингдан кўп коронавирусни юқтириш ҳоллари қайд қилинди.

Ўзбекистонда эса, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, коронавирусга чалинган беморлар йўқ.

Россия Сочи Олимпиадасида олган яна бир олтин медалдан маҳрум этилди

Россиялик биатлончи Евгений Устюгов антидопинг қоидаларини бузганликда айбланиб, спортдан икки йилга четлатилди.

Устюгов пешобида допинг аниқлангач 2014 йил Сочи Олимпиадасида у билан бирга эркаклар эстафетаси мусобоқаларида қатнашган Россия терма жамоаси биатлончилари ҳам олтин медалдан маҳрум этилди.

Шундай қилиб, Россия термаси Сочи Олимпиадаси медаллар ҳисобидаги ғолибликни йўқотди.

Спортчи 21 куни ичида халқаро спорт арбитражига қарор юзасидан даъво киритиши мумкин.

Устюгов бу йил 35 ёшга тўлади. Шу билан унинг спортдаги карьераси тугагани ҳақида ёзмоқда Россия матбуоти.

"Манчестер Сити" Европа кубоги ўйинларидан икки йилга четлатилди

УЕФА "Манчестер Сити" футбол клубини икки йилга Европа кубоги ўйинларидан четлатди.

Бундан ташқари, клуб 30 млн евро миқдорида жаримага ҳам тортилди.

"Манчестер Сити" 2012-2016 йилларда ҳомийлардан олган даромадларини ошириб кўрсатиб, лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидаларини жиддий тарзда бузган, дейилади УЕФА баёнотида.

"Манчестер Сити" Британиядаги энг навқирон футбол клублардан саналади.

Клуб Англияда олти марта чемпионликни қўлга киритган.

Помпео “Толибон” билан музокараларда муҳим илгари силжиш борлигини билдирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео

Кейинги кунларда АҚШнинг “Толибон” ҳаракати билан тинчлик музокараларида “муҳим илгари силжиш” рўй берди¸ деб баëнот берди АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

Вашингтон дипломатлари раҳбарига кўра¸ Дональд Трамп Афғонистонда ўн йиллардан бери давом этаëтган урушга барҳам беришни мақсад қилган сўзлашувларни давом эттириш таклифини маъқуллаган.

2001 йилдан бери АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда қолмоқда.

Пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер «Толибон» билан яқин ҳафталарда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш борасида келишувга эришилганини билдирди.

Трамп маъмурияти «Толибон» билан музокараларда жиддий муваффақиятга эришилгани ҳақида бундан олдин ҳам баëнот берган¸ аммо шунга қарамай Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар тўхтамаган.

Айни пайтда¸ «Толибон» вакили жума кунидан бошлаб жанговар амалиëтлар қисқариши¸ аммо ҳозирча уларни бутунлай тўхтатиш ҳақида гап бормаëтганини билдирди.

Қирғизистонга Хитойдан яна 40 талаба қайтди

Хитойдан яна 40 нафар қирғизистонлик қайтди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Улар Қозоғистон томонининг дастаги билан “Пекин-Олмаота” рейсида келишган. Қайтганларнинг ҳаммаси Урумчида таҳсил оладиган талабалардир.

Улар ХХР билан чегаралар ёпилгани ва парвозлар бекор қилингани сабабли аввал харид қилинган чипталар билан келолмаётган эдилар.

ССВ маълумотига кўра, келганларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилган ва барчасининг аҳволи яхши.

“Келган фуқароларнинг ҳаммаси коронавирус инфекцияси бўйича текширувдан ўтказилади. Карантин вақтида келган шахслар билан фақат тиббиёт ходимларигина мулоқотда бўладилар”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Бунгача Қирғизистон Хитойдан 200 дан зиёд фуқаросини олиб чиққан.

Айни дамда Қирғизистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган. Барча назорат-ўтказиш масканлари, Бишкек ва Ўшдаги аэропортларда санитар назорат ўрнатилган. Хитой билан чегарадаги НЎМлар вақтинча ёпилган, ҳаво қатнови тўхтатилган.

Назарбоевнинг набираси оилавий жанжал сабаб Буюк Британиядан бошпана сўраганини билдирди

Нурсултон Назарбоев набиралари Ойсултон (чапда) ва Олтой билан. 1992 йил.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Лондонда яшаëтган набираси Ойсултон Буюк Британиядан бошпана сўради.

Ойсултон Назарбоев ўз Facebook саҳифасида оиласидан бўлаëтган босимлар сабаб шундай қарорга келганини ëзди.

Назарбоев набираси Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги коррупцияга оид маълумотга эгалигини ҳам билдирди.

Унинг айтишича¸ Қозоғистон гази ўртакаш компания орқали Газпромга сувтекинга сотилади ва ўртада ишланган пуллар “Путиннинг ҳамëни” бўлган шахслар билан бўлиб олинади¸ сўнгра бу миллионлар Сингапурдаги банк ҳисобларига ўтказилади.

Ойсултон Назарбоевга кўра¸ бу схемадаги ўртакаш компания Қозоғистонга 700 миллион долларга яқин пул беради ва бу пуллар холасининг эри Тимур Кулибоев ва ўзининг собиқ қайнотаси Кайрат Боранбоев томонидан бўлишиб олинади.

Ойсултоннинг айтишича¸ онаси Дариға Назарбоева ва унинг иккинчи эри Кайрат Шарипбоев бу контрактни ўз қўлига олишга уринмоқда¸ томонларнинг очкўзлиги боис¸ ўзи бу можаро марказига тушиб қолган.

Ўз оиласидаги бойлик талашуви ҳақида Британиянинг Times газетасига интервью берганини айтган Ойсултон Назарбоев¸ бунгача наркотик моддалар истеъмол қилиши ҳақидаги хабарлар билан жамоатчиликка танилган эди.

Хусусан¸ ўтган йил октябрь ойида 28 яшар Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилиниб¸ жамоат ишларига жалб қилинган эди.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, деб ëзилган эди суд қарорида.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG