Линклар

Шошилинч хабар
26 феврал 2020, Тошкент вақти: 13:01

Халқаро хабарлар

Хитойда умрбод қамалган уйғур олими Вацлав Ҳавел мукофотига сазовор бўлди

Ҳавел мукофоти Франциянинг Страсбург шаҳрида топширилди.

Европа Кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) 30 сентябрь куни инсон ҳуқуқлари бўйича 2019 йилги Вацлав Ҳавел мукофотини уйғур ҳуқуқ фаоли Илҳом Тўхтий ва Болқондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича ёшлар ташаббуси – YIHR ташкилотига топширди.

49 ёшли Илҳом Тўхтий "сепаратизм"да айбланиб 2014 йилнинг сентябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

У талабалар олдида Хитой ҳукуматининг расмий сиёсатини танқид қилгани, уйғурлар ва миллий озчиликлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида гапиргани ортидан қамоққа олинган эди.

Жорий йилнинг февралида АҚШ Конгрессининг депутатлар гуруҳи таниқли уйғур иқтисодчи олими Илҳом Тўхтийни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилганди.

YIHR эса Болқонда турли миллат ва мамлакатлардаги ёшларнинг ўзаро алоқаларини кучайтириш орқали ярашиш жараёнига кўмак кўрсатувчи ташкилотдир.

Кун янгиликлари

АҚШ Ҳиндистонга уч миллиард долларлик ҳарбий техника етказиб беради

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ Ҳиндистонга уч миллиард долларлик вертолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар етказиб беради. Бу ҳақда Деҳлида бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди. Унинг айтишича, икки мамлакат хавфсизлик ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради.

Феврал ойи бошларида Россия Ҳиндистон учун С-400 зенит-ракета комплекслари ишлаб чиқара бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Қиймати беш миллиард доллардан кўпроқ бўлган шартнома 2018 йил охирларида имзоланган. Ўшанда Вашингтон Россиядан қурол сотиб олиш Деҳлига санкциялар жорий қилинишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган, аммо чекловлар жорий қилинмаган.

Матбуот анжуманида Трамп Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар йирик савдо битимлари устида иш олиб бораётганини маълум қилди. АҚШ президентига кўра, бунга оид ҳужжатлар келаси йил имзоланиши кутилмоқда.

Тожикистон коронавирус туфайли Ўзбекистон ва Афғонистон чегарадаги назоратни кучайтирмоқда

Эрон-Покистон чегарасидаги назорат-ўтказиш маскани, 2020 йил 25 феврали.

Эрон, Жанубий Корея ва Афғонистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан ташвишга тушган тожик расмийлари Афғонистон ва Ўзбекистон билан чегарада назорат кучайтирилганини билдирдилар.

Эндиликда Афғонистондан келганларнинг ҳаммаси аэропортда санитар назоратидан ўтади – уларнинг тана ҳарорати ўлчанади, шунингдек, яшаш жойларида рўйхатга олинадилар. Бугунги кунга қадар бу каби чоралар фақат Хитойдан келганларга нисбатангина қўлланилган эди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мирхамуддин Камолзода 25 февраль куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда бу каби чоралар Ўзбекистон билан чегарада ҳам жорий қилиниши, чунки Жанубий Кореядан келаётган тожикистонликларнинг кўпи Тошкент орқали келишини маълум қилди. Жанубий Корея айни пайтда коронавирусга чалинган беморлар сони бўйича дунёдаги иккинчи мамлакат бўлиб ҳисобланади.

Тожик расмийларига кўра, бугунги кунда мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ ҳолат қайд этилган эмас. ССВ Хитойдан келган 882 шахс карантинга жойлаштирилгани, улардан 266 нафари шифокорлар назоратида турганини билдирган.

Қозоғистон тергов изоляторида мухолифат фаоли вафот этди

43 яшар Дулат Агадил 24 февраль куни тергов изоляторида шубҳали вазиятда жон берди.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳар тергов изоляторида мухолифат фаоли Дулат Агадил вафот этди. Расмийлар фаолнинг юрак хасталигидан ўлганини иддао қилмоқда.

Полиция билдирувида ëзилишича¸ 43 яшар Агадил душанба куни тергов ҳибсхонасига олиб келинган¸ кўп ўтмай бу ерга чақиртирилган Тез ëрдам унинг ўлганини қайд этган.

Расмийларга кўра¸ мухолифат фаоли танасида ҳеч қандай жароҳат излари йўқ¸ айни пайтда ўлим юзасидан терговга қадар суриштирув олиб борилмоқда.

Дулат Агадил ўлими хабари тарқаши билан унинг ўнлаб тарафдори тергов изолятори олдида тўпланди. Улар 22 февраль куни мамлакатда ҳокимият ўзгариши талаби билан чиққан мухолифатчиларнинг ўзларига кўрсатилишини сўради. Йиғилганлардан бир гуруҳи шаҳар ўликхонаси¸ бошқаси эса¸ ИИВ биносига йўл олди.

Кўп ўтмай¸ норозиликка тўпланганлар полиция махсус кучлари томонидан қўлга олиниб¸ олиб кетилди.

Қозоғистон ҳукуматини ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш¸ фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга чақириб келган Агадил¸ ўлимига қадар бир неча марта маъмурий жавобгарликка тортилган 2019 йили 60 кундан кўпроқ вақтни қамоқда ўтказган.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак вафот этди

Ҳусни Муборак Мисрни қарийб 30 йил бошқарди.

25 февраль куни Миср ахборот агентликларининг билдиришича¸ мамлакат собиқ президенти Ҳусни Муборак 91 ëшида Қоҳира касалхонасида вафот этди.

2011 йил февралида давомли норозилик намойишларидан сўнг амалга оширилган ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятдан четлатилган Ҳусни Муборак Мисрни қарийб 30 йил бошқарди.

2012 йил июнида Муборак суд томонидан намойишчиларни ўлдиришга буйруқ беришда айбдор деб топилиб¸ умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди.

2017 йил март ойида юқори инстанция суди бу ҳукмни бекор қилиб¸ Муборакни озодликка чиқарган эди.

Коррупцияда айбланаëтган Арманистон собиқ президенти устидан суд бошланди

Арманистонни 10 йил бошқарган собиқ президент Серж Саркисян.

25 февраль куни Ереванда Арманистон собиқ президенти Серж Саркисян устидан маҳкама жараëни бошланди.

2018 йилги норозилик намойишлари ортидан ҳокимиятдан ағдарилган Саркисян 1 миллион доллардан ошиқ давлат маблағини ўзига яқин бизнес компанияси воситасида ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Айбловга кўра¸ 2013 йили ўғирланган бу маблағ фермерларга субсидияланган дизель ëнилғиси ажратишга мўлжалланган бўлган.

Арманистонни 10 йил бошқарган собиқ президент ўзига қўйилган айбларни “сиëсий мотивларга асосланган” деган иддао билан рад қилмоқда.

Агар бу айблов судда тасдиғини топса¸ собиқ президент 8 йилгача қамалиши мумкин.

Айни иш доирасида Арманистон собиқ Қишлоқ хўжалик вазири¸ унинг ўринбосари - жами беш собиқ амалдор маҳкамага тортилган.

Арманистон жорий президенти Николь Пашинян ҳокимиятга келгунга қадар ҳам¸ ундан кейин ҳам Саркисян¸ унинг оиласи ва сиëсий шерикларини коррупцияда айблаб келмоқда.

Ҳолливуд продюсери Ҳарви Вайнштейн жинсий тажовузда айбдор деб топилди

Ҳарви Вайнштейн Нью-Йорк судида.

Ҳолливуднинг энг машҳур продюсерларидан бири Ҳарви Вайнштейн Нью-Йорк судининг маслаҳатчилар ҳайъати томонидан жинсий тажовуз¸ хусусан¸ сексуал агрессия ва зўрлашда айбдор деб топилди.

24 февраль куни ҳайъат собиқ продюсерни унга қўйилган беш айбловдан иккитасида айбли деб топди.

Суд ҳукми 11 март куни эълон қилинади. Агар Вайнштейнга қўйилган «агрессив жинсий ҳужум» айби ўз тасдиғини топса¸ у умрбод қамоққа ҳукм этилиши мумкин. Қўйилаëтган айблардан иккитаси 25 йилгача¸ учинчиси эса 4 йилгача қамоқ жазоси берилишини кўзда тутади.

2017 йил октябрида Ҳолливуднинг қатор таниқли актрисалари Вайнштейнни жинсий тажовузда айблагани ортидан¸ қудратли продюсер ўз ширкати бошқаруви¸ шунингдек АҚШ киноакадемияси аъзолигидан ҳайдалган эди.

Ҳозирга қадар Вайнштейнни жинсий тегажоқлик ва тажовузда айблаб чиққан актрисалар сони 80 нафарга етди. Улар орасида бир неча Оскар мукофоти совриндорлари¸ хусусан¸ Гвинет Пэлтроу, Ума Турман, Сальма Ҳайеклар бор.

Вайнштейн тегажоқлигига учраган аëлларнинг чиқиши дунë бўйлаб хотин-қизларнинг жинсий тажовузга қарши #MeToo ("мени ҳам") ҳаракатига туртки бўлди.

Бу ҳаракатга қўшилган аëллар ўзларининг қудратли ва бадавлат эркаклар тажовузига нишон бўлгани ҳақида очиқ гапира бошладилар.

Ҳолливуднинг энг муваффақиятли продюсерларидан саналган Вайнштейн студиясида Оскар мукофотини олган кўплаб фильмлар суратга олинган.

СССРнинг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида вафот этди

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маршал Язовга Россиянинг энг олий орденларидан бирини тақмоқда.4 февраль¸ 2020 йил

СССР Мудофаа вазири¸ совет иттифоқининг сўнгги маршали Дмитрий Язов 96 ëшида Москвада вафот этди.

Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Иккинчи жаҳон урушига кўнгилли аскар бўлиб кетган Язов¸ СССР ҳарбий академиясини тугатганидан сўнг¸ совет иттифоқининг Куба ва Чехословакиядаги ҳарбий амалиëтларида қатнашган.

1987 йили СССР Мудофаа вазири этиб тайинланган Язов¸ совет иттифоқи маршали унвони берилган сўнгги шахсдир.

80-йиллар охирида КПСС томонидан ўз суверенитетини талаб қилган республикалар аҳолисига қарши куч қўллаш ваколати берилган Язов¸ Литва мустақиллигидан сўнг ҳарбий жиноятларда айбланиб¸ сиртдан 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган.

Язов 1991 йил августида Михаил Горбачëвни ҳокимиятдан ағдаришга уринган ГКЧП аъзоси бўлган. Горбачëв билан музокарага борган пайтида ҳибсга олинган Язов¸ кўп ўтмай ундан телевидение орқали узр сўраган.

Аммо кейинчалик ëзган хотираларида бу кечиримни босим остида сўрагани ва 1991 йилги воқеаларни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳоламаслигини айтган.

1994 йилда Язов амнистия қилиниб¸ Россия Мудофаа вазирлигида турли маслаҳатчилик лавозимларида ишлаган. Вафотидан 20 кун аввал Путин томонидан олий даражали ватан олдидаги хизматлари учун Ордени билан тақдирланган.

ЖССТ коронавирус пандемияси хавфидан огоҳлантирди

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Жаҳон ҳамжамияти коронавируснинг эҳтимолий пандемиясига тайёр бўлиши лозим. Бу ҳақда 24 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус билдирди.

ЖССТ дунёнинг турли жойларида, хусусан, Италия, Жанубий Корея, Эрон ва Суданда коронавирус юқтириб олаётганлар сони кескин ошиб бораётганидан қаттиқ ташвишга тушганини билдирган.

Гебрейесус бугунги кунда коронавирус тарқалишига нисбатан “пандемия” сўзи ҳақиқатни акс эттирмаса-да, қўрқинчли тус олиб бораётганини урғулаган.

“Пандемия” сўзи юнонча “пан” (барча) ва “демос”дан (одамлар) ясалган бўлиб, мутахассислар бу сўзни хасталик сайёранинг турли бурчакларида бир вақтнинг ўзида тарқалган пайтда ишлатадилар.

ХХР Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, COVID19 вируси туфайли Хитойда қурбон бўлганлар сони 2663 нафарга етган. Хитойдан ташқарида эса яна 30 киши коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмган. Шу кунгача янги вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг 30 мамлакатида аниқланган.

Қирғизистон Олий суди бугун Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади

Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров.

Қирғизистон Олий суди 25 февраль куни жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқади.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига ҳуқуқ фаолининг адвокати Валерьян Вахитов маълум қилган.

Бу Асқаров учун сўнгги маҳкама эканини урғулаган адвокат суд яхши натижа билан тугашига умид қилаётганини қайд этган.

“Кассация тартибидаги ариза Чуй вилоят судининг 2016 йил 29 январида чиқарган ҳукми юзасидан берилган. Маълумки, 2016 йили Чуй вилоят суди Азимжон Асқаров иши бўйича очилган янги тафсилотларни ўрганиб чиқиб, 2010 йили Бозорқўрғон туман судининг “умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинсин” деган ҳукмини ўз кучида қолдирганди”, деди Валерьян Вахитов.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли ҳодисалардан кейин тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.

Германияда “Мерседес” ҳайдовчиси карнавал иштирокчиларидан 30 кишини жароҳатлади

Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олди.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бироқ жароҳатланганлардан етти нафари оғир аҳволда, улар орасида болалар ҳам бор.

Полиция маълумотига кўра, ҳайдовчи тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган.

Гувоҳларнинг таъкидлашларича, ҳайдовчи автомобилни оломон устига ҳайдар экан, газни босган. Айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзмоқда. Полиция ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.

2016 йил декабрида Берлиндаги Рождество бозори яқинида юк машинаси оломон устига бостириб бориши оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлган, 50 киши жароҳат олган эди. Расмийлар ҳодисани теракт, дея баҳолаган.

Тожикистон Эрон билан авиақатновларни бекор қилди

Эрон Хитойдан ташқарида коронавирус тез тарқаëтган давлатлардан бирига айланди.

Эронда коронавирусга чалинганлар ва бу вирус оқибатида ўлганлар сони ошиб бораëтган бир вазиятда¸ Тожикистон ҳукумати Эрон билан авиақатновларни 24 февралдан бошлаб тўхтатиб қўйди.

Бу ҳақда мамлакат фуқаролик авиацияси агентлиги маълум қилди.

Бу қарор арафасида Тожикистон Эрон билан қуруқлик чегараларини тўлиқ ëпишга қарор қилди.

Эрондаги ярим расмий ILNA агентлиги¸ 24 февралга келиб коронавирус эпидемияси марказига айланган Қум шаҳрида 50 одамнинг вирус оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу хабарни инкор қилган Соғлиқ сақлаш вазири вирусга чалинганлар сонининг 61 та¸ ўлганларнинг эса¸ 12 та эканини билдирди.

Афғонистон ва Форз кўрфазидаги қатор давлатлар яқинда Эрондан қайтган ўз фуқароларида коронавирус аниқланганини маълум қилди.

Шу муносабат билан минтақа давлатлари Эрон билан чегараларини ëпиб¸ ҳаво ва қуруқлик орқали борди-келдини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.

Норозиликлар ортидан Хитойнинг Қирғизистондаги $275 миллионлик лойиҳаси тўхтатилди

От-Боши районида қурилиши режаланган саноат-савдо-логистика маркази лойиҳаси.

Қирғизистон ҳукумати Норин вилоятининг От-Боши районида саноат-савдо-логистика маркази қуриш лойиҳаси тўхтатилганини эълон қилди.

Мазкур лойиҳа инвестори бўлган Хитой унга 275 миллион АҚШ доллари киритиши режалаган эди.

Ҳукумат¸ район аҳолиси лойиҳага қарши норозиликлар намойишлари уюштириши ортидан уни ëпишга мажбур бўлди.

Шу муносабат билан мазкур қурилиш учун 200 гектар ер ажратиш ҳақидаги ҳукумат қарорининг бекор қилиниши ва инвесторга сарфлаган харажатини қоплаш мақсадида 45 миллион сўм қайтариши кутилмоқда.

Хитойлик бизнесмен Лю Ин ва қирғизистонлик тадбиркор Эмилбек Абдикадиров билан тузилган келишувга кўра¸ 200 гектар ер марказ қуриш учун 49 йилга ижарага берилиши¸ бу икки тадбиркор эса¸ давлат гарантияси аралашмаган 275 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя ëтқизиши керак эди.

Аммо бу лойиҳа ернинг хорижликларга ўтиб кетиши ва Қирғизистонда хитойликлар кўпайишидан чўчиган маҳаллий аҳолининг кескин қаршилигига учради.

Норозиликлар ортидан инвесторлар 17 февраль куни марказ қурилишига оид келишувни бекор қилишга мажбур бўлди.

Туркманистон собиқ президентлари парламент юқори палатасининг умрбод аъзоси бўлади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон собиқ президентлари умрининг охирига қадар мамлакат парламентининг Халқ маслаҳати деб номланадиган юқори палатаси аъзоси бўлади.

Туркман конституциясига киритилиши режаланган ўзгартишлардан бири шуни назарда тутади.

24 февраль куни давлатга қарашли матбуот агентлиги эълон қилган ўзгаришлар лойиҳасида собиқ президент ўз ихтиëри билан воз кечмаган тақдирда¸ унинг автоматик тарзда Халқ маслаҳати аъзоси бўлиши кўзда тутилган.

Мамлакатнинг амалдаги конституциясида собиқ президентлар тақдирига оид бирор аниқлама йўқ.

Жорий конституцияда оғир хасталик боис президент ўз ваколатини бажара олмай қолган тақдирда¸ бу ваколатнинг Мажлис раисига ўтиши айтилади.

Янги таҳрирдаги конституцияга кўра¸ Мажлис парламент қуйи палатасига айланади.

Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Борис Немцов номи берилди

Россия элчихонаси биноси.

Прага шаҳар кенгаши қарори билан Чехия пойтахтидаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Кремль ва Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов номи берилди.

Ҳозиргача "Под каштани" деб номланган майдон расман 27 февраль куни қайта номланади. Шу куни таниқли россиялик сиëсатчи Борис Немцовнинг ўлдириб кетилганига 5 йил тўлади.

Прага шаҳар кенгаши депутатларига кўра¸ Россия элчихонаси олдидаги майдонга Немцов номини бериш Россия мухолифати ва инсон ҳақлари ҳимоячилари билан бирдамлик ифодасидир.

Чехиянинг россияпараст президенти Милош Земан Прага шаҳар депутатларининг бу қарорини танқид қилди ва уни “очиқдан-очиқ сиëсий ҳаракат” дея баҳолади.

Ҳозирга қадар дунëнинг бир қатор шаҳарларида Борис Немцов номи берилган кўча¸ майдон ва иншоотлар пайдо бўлди.

Хусусан¸ 2018 йил февралида Вашингтонда Немцов-плаза очилган бўлса¸ Вильнюс ва Киевда Борис Немцов майдони пайдо бўлди.

Путин сиëсатининг кескин танқидчиси бўлган Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Кремль девори қаршисида отиб ўлдирилган эди. Ҳозиргача бу қотиллик ижрочилари сифатида беш киши маҳкама қарори билан жазога тортилди. Аммо тергов қотиллик буюртмачиларини ҳозиргача аниқлаган эмас.

АҚШ президенти Ҳиндистонга келди

"Намасте Трамп" учрашуви.

24 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп расмий сафар билан Ҳиндистонга келди.

Гужарат штати маркази Аҳмадободга қўнган Вашингтон раҳбарини Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кутиб олди.

Трампга сафар давомида унинг рафиқаси¸ ташқи сиëсат бўйича катта маслаҳатчи мақомига эга куëви Жаред Кушнер ва Савдо вазири Уилбур Росс ҳамроҳлик қилмоқда. Бу АҚШ президентининг кейинги 5 йил ичида Ҳиндистонга қилаëтган биринчи ташрифидир.

Трамп ва Моди аэропортдан тўғри шаҳарнинг энг йирик крикет стадионига йўл олди. Бу ерда уюштирилган «Намасте Трамп» деб аталган тадбирда ўн минглаб ҳиндистонлик иштирок этди.

2019 йил сентябрида Ҳиндистон Бош вазирининг АҚШ сафари давомида АҚШдаги ҳиндистонликлар «Намасте Моди» деб номланган учрашув ўтказган эди.

Reuters агентлигининг билдиришича¸ Трамп сафари давомида¸ асосан¸ икки давлат ўртасидаги савдо тортишувлари боис шикаст етган ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш мавзуси муҳокама этилади. Иккала давлат расмийлари¸ ҳамкорликнинг¸ айниқса¸ Хитой иқтисодий экспансияси фонида ўзаро манфаатли эканига алоҳида эътибор қаратмоқдалар¸ деб хабар қилди ўз манбаларига таянган Reuters.

Айни пайтда¸ сафар арафасида Трамп Ҳинндистондан йирик савдо шартномалари билан қайтмаслик эҳтимолини тилга олди. Трамп таъкидича¸ АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида жуда катта келишув лойиҳаси мавжуд¸ аммо бу ҳужжатнинг жорий йил ноябрь ойидаги сайловларга қадар имзоланиши ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ маъмурияти расмийларининг матбуотга билдиришича¸ Трамп сафари давомида Ҳиндистондаги диний эркинлик мавзуси ҳам тилга олинади.

Хитойда коронавирус қурбонлари сони 2600 кишига етди

Иллюстратив сурат.

Хитой Халқ Республикасида янги коронавирусдан ўлганлар сони 2592 нафарга етди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумот тарқатди.

Хабарларга кўра, бу мамлакатда касалликни юқтириб олганлар сони 77 минг нафардан ошган. Айни пайтда хасталикдан соғайганлар сони 24 минг 700 нафардан ошгани айтилмоқда.

Хитойдан ташқари янги коронавирус Эрон (8 киши), Жанубий Корея (7 киши), Япония (4 киши) ва Италия (3 киши) каби мамлакатларда ҳам одамлар умрига зомин бўлган.

Трамп Толибон билан тинчлик битимини имзолашга ҳозирлигини билдирди

Афғонистондаги АҚШ аскарлари (иллюстратив сурат).

АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Афғонистондаги сулҳ иш берадиган бўлса, толиблар билан тинчлик битими имзолашга тайёр эканини билдирди. Бу баёнотни Трамп якшанба куни Ҳиндистонга учиб кетиш олдидан журналистлар билан қилган мулоқоти чоғида берган.

Аввалроқ томонлар “зўравонлик даражасини пасайтириш” ҳафталигини эълон қилганлар. Мазкур тартиб 22 февраль тунидан кучга кирган.

Сулҳ охир-оқибат АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишига замин яратадиган тинчлик битими имзоланиши учун шарт-шароит яратиши керак.

“Сизга маълумки, зўравонликка йўл қўймаслик бўйича муайян муддат белгилаганмиз. Бунинг бир ярим куни ўтди. Бундан буёғига нима бўлади - кўрамиз”, деган Трамп 19 йиллик урушдан кейин АҚШ қўшинлари учун “уйга қайтиш” вақти келганини қўшимча қилди.

Афғонистонда ҳозирда 12 мингга яқин америкалик ҳарбий бор.

Афғонистон оммавий ахборот воситалари ўтган икки кун ичида толиблар чекка ҳудудлардаги назорат-ўтказиш масканларига бир неча кичик ҳужумларни уюштирганлари ҳақида хабар қилганлар.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 21 февраль куни Қўшма Штатлар ва Толибон ҳаракати Афғонистондаги қуролли можарони сиёсий йўл билан изга солишда кўмак кўрсатиш ҳамда минтақада АҚШ ҳозирлигини камайтириш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирганди.

Туркия коронавирус туфайли Эрон билан чегарасини ёпди

Иллюстратив сурат.

Туркия коронавирус хавфи кучаяётган Эрон билан чегарадаги назорат-ўтказиш масканларини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар қилади.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Арманистон ва Покистон ҳам Эрон билан чегараларини вақтинча ёпган. Афғонистон ва Грузия эса бу мамлакат билан авиақатновларни тўхтатишга қарор қилган.

Қайд этилишича, коронавирус туфайли Эронда шу пайтгача 8 киши нобуд бўлган, вирус юқтириб олганлар сони эса 43 кишига етган.

Қозоғистондаги митингларда юзлаб одам қўлга олинди

Олмаотадаги митингдан лавҳа, 2020 йил 22 феврали.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари 22 февраль куни мамлакатнинг турли шаҳарларида ўтган митинглар чоғида 300 дан зиёд киши тутиб кетилганини айтмоқда.

Қўлга олинганларнинг кўпи озод қилинган, айримлар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Олмаотада бўлиб ўтган митингда икки киши тан жароҳати олган.

Қозоғистон ИИВ қўлга олинганлар сони бўйича ҳали маълумот берганича йўқ.

Шанба куни бўлиб ўтган митингда биргина Олмаотада 100 дан ортиқ митингчи қўлга олинган.

Норозилик акциясига чиқишга одамларни Қозоғистон расмийлари танқидчиси, собиқ банкир Мухтор Аблязов чақирган. У тузган “Қозоғистон демократик танлови” (ҚДТ) ҳаракати мамлакатда экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти тақиқланган. Европарламентнинг ўтган йилги резолюциясида ҚДТ “тинч мухолифат ҳаракати” дея таърифланган.

Эронда коронавирусдан вафот этганлар сони 8 тага етди 

Эрон расмийлари коронавирусдан яна икки нафар киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Бу билан Эронда янги COVID-19 вирусидан ҳалок бўлганлар сони 8 тага етди.

23 февраль куни миллий телеканалда сўзлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Киануш Жаҳонпур мамлакат бўйлаб вирусни юқтирганлар сони 15 тага кўпайганини айтди. Бу билан Эронда вирусга чалинганларнинг умумий сони 43 га етди.

Эрон коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони энг юқори бўлган иккинчи давлатга айланди. 22 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат бўйлаб 785 одам вирусни юқтиришда гумонланаётганини билдирди.

Вирус янада кенг тарқалиши олдини олиш учун расмийлари чекловларни жорий қилди. Хусусан, қўшни Ироққа диний зиёратлар тўхтатилди.

Шунингдек, бир неча шаҳарда мактаб, университет ва кинотеатрлар ёпилди. Режалаштирилган профессионал спорт ўйинлари эса томошабинсиз ўтказиладиган бўлди.

21 февраль куни Соғлиқни сақлаш расмийси Мину Муҳраз вирус Қомда қуёш энергияси заводини қураётган хитойлик ишчилардан тарқалган бўлиши мумкинлигини айтди.

Ҳафта бошида Ироқ, Кувайт ва Саудия Арабистони Эронга муҳим рейсларни бекор қилди.

Вирус ўчоғи Хитойда бугунга қадар 2300 дан ошиқ одам ёстиғи қуриди.

Трамп маслаҳатчиси: Россия Трамп сайлов кампаниясига кўмаклашаётгани йўқ

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт Чарльз О’Брайен

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт Чарльз О’Брайен Россия Трампнинг сайлов кампаниясига кўмаклашаётганини кўрсатувчи далилларни кўрмаганини айтди.

Кейинги кунларда бир неча АҚШ матбуот нашри АҚШ разведка расмийлари Конгресс аъзоларига Москва Трамп ҳамда Демократик партия номзоди Берни Сандерс кампаниясини қўллаётгани тўғрисида баёнот берганини хабар қилган эди.

Трамп бу хабарларни демократларнинг навбатдаги «дезинформацияси» дея кескин қоралади.

Сандерс эса бу хабарлар ортидан Россия президенти Владимир Путинни «босқинчи» дея таърифлаб, уни АҚШ сайловларига аралашмасликка чорлади.

- Очиғи, Путин ким президент бўлишини хоҳлаши мени қизиқтирмайди. Путинга айтмоқчи бўлган гапим эса аниқ: Америка сайловларига аралашма, — деди Сандерс.

О’Брайен миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўлароқ АҚШ разведкаси маълумотларини эркин кўра олишини айтиб,
- Россия Трамп қайта сайланишига эришиш учун бирор чора кўраётганидан дарак берувчи ҳеч қандай маълумотни кўрмадим, — деди.

Болгария украиналик фаолга кислота сепганликда гумонланган шахсни экстрадиция қилаяпти

Катерина Ҳандзюк.

Болгария суди Украина ватандоши Олексий Москаленкони Украинага экстрадиция қилиш қарорини чиқарди.

Украина расмийлари Москаленкони украиналик фаол Катерина Ҳандзюкга кислота билан қилинган ҳужум тергови доирасида халқаро қидирувга берган эди.

2018 йилнинг июлида ҳужумга учраган фаол Ҳандзюк ўша йилнинг ноябрида вафот этди.

42 ёшдаги Москаленко 24 январь куни Қора денгиз бўйидаги Бургас шаҳрида қўлга олинган.

Болгария прокурорлари расмий Киев гумонланувчини Украинага экстрадиция қилиш бўйича расмий сўров жўнатганини билдирган эди.

Болгария полицияси маълумотларига кўра, Москаленко 2018 йилда Руминиядан Болгарияга пиёда ўтган.

У Болгарияда украиналик аёлдан ижарага олган квартирада яшаётган бўлган.

2018 йилнинг 31 июлида Херсон шаҳрида номаълум шахс Ҳандзюк устига кислота сепиб юборган эди.

Ҳужум ортидан фаол танасининг 30 фоизи куйган, уч ой ўтиб у олган жароҳатларидан жон берган.

Херсон мэри маслаҳатчиси ўлароқ ишлаган Ҳандзюк шаҳардаги оммавий коррупцияни фош қилишга курашиб келган.

Ўтган йилнинг августида 5 нафар шахс Ҳандзюкка қилинган ҳужумда айбдор деб топилиб, қамалган эди.

БМТ: Ўтган йили Афғонистонда 3404 нафар тинч аҳоли уруш қурбони бўлди

БМТнинг Афғонистондаги миссияси ўтган йил давомида мамлакат бўйлаб 3404 нафар оддий фуқаро зўравонликлар қурбони бўлганини, 6989 шахс эса жароҳат олганини маълум қилди.

22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда ёрдам миссияси (UNAMA) эълон қилган ҳисоботда, 2019 йил зўравонлик туфайли 10 мингдан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлган ёки жароҳат олган 6-йил бўлгани айтилади.

Шундай бўлса-да, 2019 йилда ўлимлар ва ҳалок бўлганлар сони 2018 йилга солиштирганда 5 фоизга озайган.

UNAMA директори Тадамичи Ямомото барча тарафни зўравонликни тўхтатишга чорлади.

- Оддий фуқаролар ҳаёти ҳимояланиши ҳамда тинчлик ўрнатиш уринишлари йўлга қўйилиши керак, — деди у.

Ҳафта бошида Афғонистон кучлари ва Толибон 22 февралдан бошлаб бир ҳафта давомида зўравонликни озайтиришга келишиб олган эди.

Македонияда юк машинасига яширинган 47 муҳожир топилди

Шимолий Македония полицияси Болгария ва Греция чегарасига яқин ҳудудда ташлаб кетилган юк машинасида 47 нафар муҳожирни топди.

22 февраль куни полиция юк машинаси бир кун аввал топилганини, муҳожирлар Афғонистон, Покистон ва Ироқдан эканлигини билдирди.

Полиция етиб боргунича юк машинаси ҳайдовчиси ғойиб бўлган.

Бундан атиги бир ҳафта олдин Шимолий Македония расмийлари бошқа бир юк машинаси бортида 53 нафар муҳожир топилганини эълон қилган эди.

Машинанинг 43 ёшдаги ҳайдовчиси қўлга олинган. У одам савдосида қатнашишда гумонланмоқда.

Грециядан Ғарбий Европага элтувчи йўл 2015 йилдан бери ёпиқ бўлса-да, минглаб одам контрабандачилар кўмаги билан ушбу йўл билан манзилига етиб олишга уринмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилда жаҳон бўйлаб 71 миллион одам уруш ёки зўравонлик туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Бу 2017 йилги кўрсаткичдан 2 миллион кишига кўпдир.

«Мажбурий муҳожират»га отланганларнинг аксари Сурия (6,7 миллион) ва Афғонистон (2,7 миллион) фуқароларидир.

Кейинги пайтда Македонияда юк машиналари орқали муҳожирларни олиб ўтиш уринишлари кўпайди.

АҚШ Эрон ракета ҳужумида яраланганларга оид рақамларни янгилади

Пентагон ўтган ойда Эрон Ироқдаги ҳарбий базаларга қилган ҳужум туфайли жароҳат олган АҚШ аскарлари сонини оширди.

Хусусан, АҚШ ҳарбийлари 7-8 январь кунлари Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужумда умумий ҳисобда 110 нафар АҚШ аскари бош мияси чайқалганини маълум қилди.

Бошида президент Дональд Трамп ҳужумларда бирорта ҳам америкалик зиён кўрмади, дея таъкидлаган эди.

Эрон расмийлари «Айн ал-Асад» ҳамда «Ҳарир» ҳаво базаларига ракета билан қилинган ҳужум Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганига жавобан амалга оширилганини билдирган.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Пентагон ҳужумда жароҳат олганларнинг барчаси енгил бош чайқалишига йўлиққанини, уларнинг 77 нафари хизматга қайтганини билдирди.

АҚШ ҳарбийлари сўзларига кўра, 35 аскар қўшимча кўриклар учун Германияга юборилган, уларнинг 25 нафари Германиядан АҚШга олиб кетилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG