Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Когондаги мактаб директори ўқувчилар пахтага олиб чиқилганини рад қилди


Бухоро вилоятининг Когон туманидаги 15-сон ўрта мактаб директори Жамол Саидов ўқувчилар пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабарларни рад қилди.

2 октябр куни Repost.uz нашри Когондаги 15-сон мактабнинг 5инчи ва ундан катта синф ўқувчилари дам олиш ва байрам кунлари тумандаги "Алиноз Шергирон" ва "Барно Бахром" жамоа хўжаликларида пахта теришга жалб этилгани ҳақда хабар қилган эди.

Нашр болалар пахта тераётгани акс этган суратларни ҳам эълон қилганди.

Когондаги 15-сон мактабнинг директори Жамол Саидов 5 октябр куни Озодлик билан суҳбатда бу хабарни "уйдирма" деб атади.

- Бизнинг болалар пахтага чиқмаган ва чиқмайди. Биз бу хабарни ўрганиб, ота-оналар ва шу айтилган фермер хўжалиги раҳбарларини тўплаб мажлис қилдик. Бу хабарлар уйдирма, ёлғон бўлиб чиқди. Расмлардаги болаларни бирортасини танимаймиз, бизнинг мактабни ўқувчилари эмас, - деди Саидов.

Repost.uz нашри таҳририяти ходимларидан бири Озодликка Когонда мактаб ўқувчилари пахтага чиқарилгани ҳақдаги хабар ишончли манбалардан олинганини айтди.

Хабарда айтилишича, болалар туман ҳокими Йўлдош Жумаевнинг буйруғи асосида туман Халқ таълими бўлими раҳбарининг кўрсатмаси билан чиқарилган.

Когон тумани ҳокимиятидан бу хабар юзасидан Озодлик изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG