Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 06:21

Халқаро янгиликлар

АҚШ разведкачиси махфий маълумотларни ошкор этганликда айбланиб қўлга олинди

АҚШ Адлия вазирлиги биноси.

АҚШда Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси ходими Генри Фриз махфий маълумотларни журналистларга етказиб турганликда айбланиб қўлга олинди.

Терговнинг билдиришича, Генри Фриз 2018-2019 йилларда журналистларга миллий хавфсизликка оид махфий маълумотларни берган. Жумладан, номи кўрсатилмаган хориж давлатининг қуроллар тизими тўғрисидаги маълумотнинг ўзи саккизта ахборот сайтида эълон қилинган.

Фриз ўзи маълумотларни етказиб турган икки журналистдан бири билан романтик муносабатларда бўлган.

Адлия вазирлиги журналистларнинг исмлари, махфий маълумотлар чоп этилган нашрларнинг номлари ошкор этилмаслигини билдирди.

Мудофаа вазирлиги разведка бошқармасининг контртеррор бўлимида таҳлилчи бўлиб ишлаган Фриз 9 октябрь куни иш жойида қўлга олинган. У 20 йилгача қамалиши мумкин.

АҚШ прокуратурасининг билдиришича, сўнгги икки йил ичида Адлия вазирлиги махфий маълумотларни ошкор этган олти нафар одамга нисбатан айблов эълон қилган.

Кун янгиликлари

Имрон Хон воситачи бўлиш учун Эрон ва Саудия Арабистонига сафар қилмоқчи

Покистон Бош вазири Имрон Хон Яқин Шарқ минтақасидаги кескин азалий рақибларни яраштириш учун 13 октябрда Теҳронга, сўнгра Саудия Арабистонига боради, дея хабар тарқатди Покистон Ташқи ишлар вазирлиги.

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонининг нефть иншоотларига 14 сентябрда уюштирилган ва кўп зарар етказган ҳужумдан сўнг Хондан иккита мусулмон мамлакати ўртасидаги тангликни юмшатишда воситачи бўлишни илтимос қилган эди.

Вашингтон, Риёд, шунингдек, араб давлатларининг бошқа ҳукуматлари Эронни ҳужум қилганликда айбламоқда, Теҳрон эса буни рад этмоқда.

Саудия Арабистони – стратегик ҳамкоримиз, Эрон эса – дўстимиз ва қўшнимиз, ‒ деган эди Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший жорий ҳафта бошида. ‒ Биз икки мусулмон мамлакати ўртасидаги тушунмовчиликларни музокаралар орқали бартараф этишга интиляпмиз.

У минтақада урушга йўл қўйиш керак эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили қайд этишича, Хоннинг ташаббуси “Покистон Бош вазирининг минтақада тинчликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларидир”.

Покистон Бош вазирининг сафари Эроннинг нефть танкерига ракета ҳужуми уюштирилгани ва буни расмий Теҳрон “қўрқоқларча ҳужум” деб атаганидан сўнг амалга ошмоқда.

Эрон ахборот воситалари хабарига кўра, “Собитий” танкерига 11 октябрда Қизил денгизда, Саудия Арабистони ҳудудидан ташқарида ҳужум қилинган. Ҳали мустақил равишда тасдиқланиши шарт бўлган нохуш ҳодиса Қизил денгиз ва Форс кўрфазида танкерларга қарши ҳужумларнинг сўнггисидир.

Бунинг Ямандаги урушда билвосита қатнашаётган минтақадаги рақиб мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириб юбориши тахмин қилинмоқда.

Яман Қизил денгизнинг жанубий соҳилида жойлашган.

АҚШ собиқ мудофаа вазири Трамп қарори боис ИД “қайта бош кўтариши”дан огоҳлантирди

АҚШ президенти билан келиша олмагани сабабли истеъфога чиққан собиқ мудофаа вазири Жим Мэттис огоҳлантиришича, Ислом давлати (ИД) экстремистик ташкилоти Доналд Трампнинг Сурия шимоли-шарқидан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарори ортидан “қайта бош кўтариши” мумкин.

Биз ИД қайта бош кўтармаслиги учун босим ўтказишни давом эттиришимиз керак, − деди Мэттис 12 октябрда NBC News телеканалига берган интервьюсидан берилган парчада. Интервью тўлиқ ҳолда 13 октябрда эфирга узатилади.

Биз уруш тугашини исташимиз, ҳатто уни тугади, деб эълон қилишимиз ҳам мумкин, − деди Мэттис интервьюда. – Сиз президент Барак Обама қўшинларни Ироқдан қийинчилик билан олиб чиққандай, олиб чиқишингиз мумкин. Лекин биз ҳарбийларнинг тили билан айтганда, шундан сўнг “душманда овоз бериш ҳақи пайдо бўлади”. Айни ҳолатда биз босим ўтказиб турмасак, ИШИД қайта туғилади. Уларнинг қайтиши кундай равшан.

Трамп ИДга қарши курашиш учун курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари (SDF) билан зикр этилган жойда ҳамкорлик қилган АҚШ қўшинларини олиб чиқа бошлагани учун танқидга учради.

ИД қўшинлари Ироқ ва Сурия устидан тўлиқ назорат ўрнатилгандан сўнг ўзаро саъй-ҳаракатлар билан тор-мор этилган эди.

Танқидчилар Трампни иттифоқчи курд жангчиларига хиёнат қилганликда айблади. Ҳозир Туркия ҳарбийлари Сурия шимолида уларга ҳужум қилмоқда. Анқара курд жангчиларини террорчилар деб ҳисоблайди ва уларни минтақадан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилган эди.

Ҳам республикачи, ҳам демократ қонун чиқарувчилар Трампнинг қарори ИД қайта тикланишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бугунги кунда курд қўшинлари 10 мингга яқин маҳбусларни ушлаб турибди. Экспертлар курд ва турк қўшинлари жангга кирган пайт ҳибс жойларидан қочиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Назарбоев икки ҳокимиятчилик даъвосини рад этди, тартибсизлик учун “сотқинлар”ни айблади

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев давлат телевидениесига 11 октябрда интервью берди ҳамда икки ҳокимиятчиликка оид даъволарни рад этди.

Совет авторитаризми маҳсули бўлган 79 яшар Назарбоев жорий йил мартида собиқ бош вазир ва дипломат Қасим-Жомарт Тоқаевга президентлигини топширган.

Аммо, у ҳамон “элбоши” унвонига эга бўлиб, имтиёзлардан фойдаланмоқда: у суд таъқибидан холи, кучли ваколатларга эга Хавфсизлик кенгаши ва анча вақтдан бери ҳокимиятдаги “Нур-отан” партиясига раислик қилмоқда.

У давлатга қарашли Khabar TV га берган интервьюсида Тоқаевнинг ўзидан “маслаҳам сўраб туриши”ни Қозоғистонда “икки ҳокимиятчилик” мавжуд деган гапларга “асос бўла олмайди”, деб айтди.

Назарбоевга кўра, “бундай миш-мишларни Қозоғистонда барқарорлик бўлишини истамаган кишилар тарқатади”. Унинг қўшимча қилишича, “Қозоғистон президент бошқарув тизимига асосланган унитар давлатдир”.

Янги сайланган президент 66 яшар Тоқаевнинг инаугурацияси июнда мамлакатда сайлов ноқонуний ўтганидан норози бўлган кишиларнинг “қама-қама”си давом этаётган пайтда бўлиб ўтган, чет эллик кузатувчилари “сайлов кенг тарқалган қонунбузарликлар” билан ўтганини айтган эди.

Қозоғистонда сўнгги ойларда мамлакатдаги сиёсий турғунлик ва Хитойнинг тахмин қилинган таъсирига қарши кўплаб рухсат этилмаган намойишлар бўлиб ўтди.

Бу ҳол намойиш қатнашчиларининг ҳибсга олиниши ва шусиз ҳам қаттиқ хавфсизлик чораларининг янада кучайтирилишига сабаб бўлди.

Сўнгги баъзи митингларни фаолияти тақиқланган, раҳбари Мухтар Аблязов Францияда қочқинликда яшаётган “Демократик танлов” партияси уюштирди.

Танқидчилар Назарбоев полиция давлатига раҳбарлик қилгани, сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаб тургани ёки бошқа йўсинда таъқиб этгани, ахборот воситаларини назорат қилгани, жисмоний ва юридик шахсларга сиёсий содиқлигига қараб, муносабатда бўлганини айтиб келади.

Туркия армияси Сурия шимолидаги Рас-эл-Айн шаҳрини ишғол этди

Қуруқлик амалиёти олдидан турк авиацияси шаҳарни бомбалади.

Туркия армияси шанба куни Сурия мухолиф кучлари отрядлари билан бирга Сурия шимол-шарқидаги Рас-эл-Айн шаҳрини ишғол этди.

Қуруқлик амалиёти олдидан турк авиацияси шаҳарни бомбалади.

Минтақадаги АҚШ кучлари позициялари ҳам ҳаво зарбаларига учраган.

Аммо, Туркия АҚШ позицияларини нишонга олмаганини билдирди.

Туркия армияси тўртинчи кундирки Сурияда ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда.

Анқара ҳарбий амалиётлардан мақсад Туркия жанубидаги Сурия билан чегарасида 30 километрлик хавфсиз ҳудуд барпо этиш эканини айтиб келади.

Ғарб давлатлари Туркия ҳаракатларини қораламоқда.

АҚШ Туркияга нисбатан санкция тайёрлаётганини маълум қилди.

Туркия президенти Европа Иттифоқи ҳам санкцияга қўл урса уч миллионлик суриялик қочқинлар учун эшикларини очиб Европага ўтказиб юбориш билан пўписа қилди.

АҚШ прокуратураси Доналд Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулианига нисбатан суриштирув бошлади

АҚШ матбуотига кўра, икки тадбиркор аэропортда қўлга олинишидан сал олдин Вашингтондаги Trump International меҳмонхонасида Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулиани билан учрашганлар.

АҚШ прокуратураси президент Доналд Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулианига нисбатан суриштирув ишларини бошлади.

Бу ҳақда The New York Times нашри хабар қилди.

Нашрга кўра, Жулиани лоббичилик ҳақидаги қонунни бузганликда гумонланмоқда.

Тергов "Украинагэйт" номи билан танилган иш доирасида олиб борилмоқда.

Чоршанба куни АҚШ махсус хизматлари пост-совет ўлкаларидан бўлган тадбиркорлар Игор Фруман ва Лев Парнасларни Вашингтоннинг Даллес аэропортида ҳибсга олганди.

Терговчиларни бу икки тадбиркор АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасидаги музокараларни ташкиллаштиришда қандай рол ўйнагани қизиқтирмоқда.

АҚШ матбуотига кўра, икки тадбиркор аэропортда қўлга олинишидан сал олдин Вашингтондаги Trump International меҳмонхонасида Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулиани билан учрашганлар.

Аввалроқ демократлар Трампни ўзининг шахсий сиёсий мақсадларида Украина раҳбариятига сайловдаги эхтимолий рақиби Жо Байденнинг ўғли иши юзасидан босим ўтказишда гумон қилиб, унга қарши импичмент жараёнини бошлашганди.

Байден Демократлар партиясидан 2020 йилги президент сайловида республикачи Трампга рақиб бўлишга интилаётган номзодлардан биридир.

“The Wall Street Journal” 20 сентябрда хабар қилишича, Трамп ўша қўнғироғи вақтида Зеленскийдан 8 марта Байденнинг Украинадаги фаолиятини кўриб чиқишни сўраган. Бу эса Конгрессдаги демократлар ўртасида Трампнинг хатти-ҳаракатларини мажбурлашга тенг деб баҳоласа бўладими-йўқми масала кўтарилишига сабаб бўлди.

Бироқ Трамп айби борлигини рад этмоқда.

Туркиянинг Суриядаги амалиёти туфайли 70 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди

Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиётини давом эттирар экан, ҳалок бўлганлар ва ўз уйини тарк этишга мажбур бўлаётганлар сони ошиб бормоқда.

Хабарларга кўра, 11 октябрь куни Туркия қўшинлари Сурия ҳудудига янада чуқурроқ кириб борган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган "Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси" гуруҳи Туркия қўшинлари Рас Ал-Айн ҳамда Тел-Абяд шаҳарлари яқинида етти қишлоқни эгаллаб олганини хабар қилди.

Гуруҳ маълумотларига кўра, 9 октябрь куни бошланган амалиёт туфайли ҳозирга қадар камида 10 нафар оддий фуқаро ҳамда курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларининг 29 жангчиси ҳалок бўлган.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси, шунингдек, 17 нафар Туркияни қўлловчи жангчи ҳам ҳалок бўлганини хабар қилди.

Туркия эса бир аскари ҳалок бўлганини, уч нафар ҳарбий жароҳат олганини билдирди.

Дунё етакчилари Туркияни ўз амалиётини тўхтатишга чорлар экан, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Туркия юриши туфайли 70 мингдан ошиқ одам қочишга мажбур бўлганини билдирди.

Эрон нефть танкерларидан бирига ҳужум қилинганини маълум қилди

Эрон нефть ташувчи кемасига зарба берилгани айтилаётган жой.

Эрон миллий нефть ширкати (NIOC) Саудия Арабистони соҳилида ўз нефть танкерига ракета билан ҳужум қилинганини, натижада Қизил денгизга нефть оқиб кетганини маълум қилди.

11 октябрь куни NIOC Жидда шаҳридан 100 км масофада “Сабити” нефть танкери бортида икки портлаш юз берганини хабар қилди. Ширкат баёнотида портлашлар “ракета ҳужумлари натижасида содир бўлгани” эҳтимоли борлиги айтилади.

Эрон давлат телеканаллари эса кемага икки ракета билан ҳужум қилинганини хабар қилди.

Саудия Арабистони расмийлари ҳали ушбу ҳодисани изоҳлагани йўқ.

Эрон миллий нефть ширкати кема экипажи соғ-омон эканлигини, кема эса барқарор эканлигини маълум қилди.

IRNA агентлиги эса танкердан нефть оқиши тўхтатиб қолингани ва вазият назорат остида эканлигини хабар қилди.

Кейинги ойларда минтақадаги денгиз йўлларида вазият танг бўлиб қолмоқда. Май ойида Бирлашган Араб Амирликлари соҳиллари яқинида тўрт нефть танкерига ҳужум уюштирилган, АҚШ ва унинг ҳамкорлари ҳужумларда Эронни айблаган эди. Июль ойида эса Британия Гибралтар бўғозида Эрон нефть танкерини қўлга олди.

Собиқ президент Атамбаев ўзи устидан бошланган суд мажлисида қатнашишдан бош тортди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

11 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган коррупция айблови бўйича суд жараёни бошланди. Суд мажлисига Атамбаев келишдан бош тортди. Бунинг оқибатида суд мажлиси 14 октябрга қолдирилди.

10 октябрь куни Қирғизистон расмийлари дастлабки мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини маълум қилган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи Май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қулган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган бўлган.

Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарев мижози айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтди.

Атамбаевнинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.
Жорий йилнинг августида Атамбаев Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг, Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилди.

Атамбаев ва унинг тарафдорлари эса икки кунлик қаршиликдан сўнг, 8 август куни полицияга таслим бўлди.

Нобель-Тинчлик мукофотига Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али лойиқ топилди

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али.

Норвегия Нобель қўмитаси 2019 йил учун Нобель-Тинчлик мукофоти Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Алига Эритрея билан чегара можаросини бартараф этишдаги роли учун беришга қарор қилди.

Нобель қўмитаси раиси Берит Райсс-Андерсен Эфиопия бош вазири ҳануз чегарадаги вазиятни изга солиш билан фаол шуғулланаётганини,берилаётган мукофот эса, мазкур масалани ҳал қилишга рағбат бўлишини айтди.

Нобель-Тинчлик мукофотига бу йил 200 дан ортиқ киши ва 85 ташкилот номзоди кўрсатилган эди. Номзодлар рўйхати, анъанага кўра, махфий сақланган.

Эронда сўнгги 38 йилда биринчи марта аёлларга стадионда футбол кўришга рухсат берилди

Эрон-Камбожа ўйинини стадионда томоша қилаётган аёллар.

Эронда 1981 йилдан бери биринчи марта 10 октябрь куни футбол кўриш учун стадионга киришга рухсат берилди.

Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи доирасида Эрон-Камбожа ўйинига аёлларга ҳам билет сотилди. Теҳрондаги стадионида ўтган ўйинда Эрон 14:0 ҳисобида ғалаба қилди.

Ҳуқуқ фаоллари бу воқеага турлича баҳо бермоқда. Масалан, Human Rights Watch билетлар ҳамма аёлларга эмас, балки ҳукуматга яқин бўлган доирадаги аёлларга сотилганини, 78 минг одам сиғадиган стадионга фақат уч ярим мингта аёлнинг киришига рухсат берилганини маълум қилди. Amnesty International эса бу воқеани “сурбетларча қилинган реклама", деб баҳолади.

Эронда аёлларга эркаклар иштирокидаги футбол матчларига кириш 1979 йилдаги Ислом инқилоби ортидан тақиқланган эди. Кейинги йилларда бундай норасмий тақиқ баскетбол ва волейбол мусобақаларига ҳам жорий этилмоқда.

Эронлик аёллар бундай мусобақаларга кириш учун кўпинча эркакча кийинишга мажбур бўладилар. Аммо назоратчилар буни фош этиб қолса, аёллар қаттиқ жазоланади.

29 яшар эронлик футбол ишқибози Саҳар Худоёрий жорий йилнинг 2 сентябрида суд биноси олдида устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган эди. Унинг ҳалок бўлгани Эронда ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам кучли ижтимоий акс-садо берди.

Саҳар Худоёрийнинг ўз жонига қасд қилишига март ойида стадионда футбол мусобақасини томоша қилгани билан боғлиқ айбловлар сабаб бўлган эди.

Мазкур воқеадан сўнг Эрон ҳукумати аёлларни футбол мусобақасига киритишга ваъда берган.

Саратовда полиция самосуд қилмоқчи бўлган оломонни газ билан тарқатди (ВИДЕО)

Саратов манзараси.

Саратовда полиция тўққиз ёшли Елизавета Киселёвани ўлдиришда гумонланган шахсни самосуд қилиш учун ўзларига топширишни талаб қилган оломонга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи ғаз қўллашга мажбур бўлди.

Қизнинг жасади топилган гаражлар массивида тергов эксперименти ўтказилган. Полиция эксперимент ўтказиш учун бу ерга гумонланувчини ҳам олиб келганини таҳмин қилган маҳаллий аҳоли полиция автомашинасига ҳужум қилиб, гумонланувчини ўзларига топширишларини талаб қилганлар.

Воқеа жойига ОМОН етиб келган. Бу ерга турли воситалар билан қуролланган юзлаб одамлар йиғилгани хабар қилинди.

Тўққиз ёшли Елизавета Киселёва 9 октябрь куни мактабга кетаётганида йўқолиб қолган эди. Минглаб саратовликлар икки кун мобайнида уни қидириш ишларида қатнашдилар. Сўнгги хабарларга қараганда, унинг жасади 11 октябрга ўтар кечаси шаҳардаги гаражлар массивидан топилган.

Error rendering VK.

Эрдўғон: Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида камида 109 террорчи ўлдирилди

Сурияда ҳарбий амалиёт бўлаётган ҳудуддаги уйларини тарк этаётган одамлар.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 октябрь куни ҳукмрон АК партияси фаоллари олдида қилган чиқиши чоғида Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида “камида 109 террорчи ўлдирилди”, деб баёнот берди.

Ахборот агентликлари минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Эрдўғон партиядошларига мурожаат қилар экан, Европа Иттифоқини Туркия ҳаракатларини қораламасликка чақирди:

-Эй, Европа Иттифоқи, ўзингга кел. Мен яна бир бор такрорлайман: агар сен бизнинг Суриядаги амалиётимизни босқинчилик сифатида қоралайдиган бўлсанг, унда чегараларимизни очиб юборамиз ва 3 миллион 600 минг қочқин сен томонга қараб йўлга чиқади,- деди Эрдўғон.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркиянинг Суриядаги амалиётига баҳо берар экан: ”Вашингтон турклар ва курдлар ўртасида воситачи бўлишга тайёр” эканини билдирди.

“Биз учта йўлдан бирини танлашимиз керак. Минглаб ҳарбийларни жўнатиш ва ҳарбий жиҳатдан устунликка эришиш, Туркияга санкциялар жорий этиб, оғир молиявий зарба бериш ёки Туркия ва курдлар ўртасида воситачи бўлиш”, деб ёзди Трамп Твиттер саҳифасида.

Туркия Сурия шимолида 9 октябрь куни курд жангчиларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган эди.

Тўрт кун олдин Туркия амалиётига халақит бермаслигини айтган АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия режасини эндиликда “ёмон фикр” деб атади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.

Косовода ҳукмронликка келган янги партия Сербия билан мулоқот ўрнатилишини билдирди

«Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти.

Косовода ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловида кўпчилик овозларни олган миллатчиларнинг «Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти Сербия билан алоқаларни “мустаҳкам мулоқот” ва “ҳамкорлик” асосида қуришини билдирди.

- Мулоқот Косово мустақиллигини тан олиш ва бу борада Серб конституциясига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам қамраб олмоғи зарур, - деди Альбин Курти 10 октябрда Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Альбин Курти Косоводаги миллий озчиликлар, жумладан, Косово серблари билан ҳам мулоқот ўрнатилишини билдирди.

Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллик эълон қилган бўлиб, буни Испания ва яна тўрт Европа Иттифоқи давлати тан олмай келади.

Косовода 6 октябрь куни навбатдан ташқари парламент сайловида «Ветевендоше» партияси 12 йил ҳукмронлик қилган Косово Демократик партияси устидан ғалаба қозонган эди.

Косово парламенти 120 депутатлик ўрнидан иборат. Парламентдаги 120 та ўриндан 10 таси этник серблар ва яна 10 таси этник турклар ва лўлилар учун ажратилади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотининг янги лауреатлари эълон қилинди

Петер Хандке ва Ольга Токарчук

10 октябрь куни Швеция академияси адабиёт бўйича Нобель мукофотининг икки лауреатини эълон қилди.

1962 йилда туғилган польшалик ёзувчи Ольга Токарчукка 2018 йилги мукофот бериладиган бўлди. Токарчук мукофотга "чегарадан ўтишни энциклопедик эҳтирос билан тасвирлайдиган ҳикоянависнинг тасаввури" учун лойиқ топилди.

Ўтган йилда жинсий тажовузкорлик билан боғлиқ можаро ортидан адабиёт бўйича Нобель мукофот топширилмаган эди.

Адабиёт бўйича бу йилги Нобель мукофотига 1942 йилда туғилган австриялик ёзувчи Петер Хандке сазовор бўлди.Адибга мукофот "инсон тажрибасининг ўзига хослигини лингвистик маҳорат билан тадқиқ қилгани учун" берилди.

Бу йилги мукофот совриндори бўлиши мумкин номзодлар орасида канадалик ёзувчи ва шоира Энн Карсон, унинг ҳамюрти ёзувчи, шоира ва танқидчи Маргарет Этвуд ҳамда россиялик ёзувчи Людмила Улицкаялар ҳам бор эди.

Ўтган йили Швеция академияси Нобель қўмитасида манфаатлар тўқнашуви юз берган ҳолатлар ҳамда жинсий тажовузкорлик ҳақидаги иддаолар тарқалиши ортидан қўмита аъзолари ўзгартирилди.

Академия аъзоси Катарина Фростенсоннинг турмуш ўртоғи зўрлашда айбдор деб топилиб, 2,5 йилга қамалди. Фростенсоннинг ўзи эса академияни тарк этди.

Бугунда қадар тиббиёт, физика, кимё бўйича 2019 йилги Нобель мукофотлари совриндорлари эълон қилинди. Нобель Тинчлик мукофоти совриндори 11 октябрда эълон қилинади. Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори эса 16 октябрда маълум бўлади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти бу йил бирданига икки адибга берилади

Norway/Georgia -- Nobel Prize medals. Undated

10 октябрь куни Швеция академияси адабиёт бўйича Нобель мукофотининг икки лауреатини эълон қилади. Ўтган йилда жинсий тажовузкорлик билан боғлиқ можаро ортидан адабиёт бўйича Нобель мукофот топширилмаган эди.

Бу йилги мукофот совриндори бўлиши мумкин номзодлар орасида канадалик ёзувчи ва шоира Энн Карсон, унинг ҳамюрти ёзувчи, шоира ва танқидчи Маргарет Этвуд ҳамда россиялик ёзувчи Людмила Улицкаялар бор.

Ўтган йили Швеция академияси Нобель қўмитасида манфаатлар тўқнашуви юз берган ҳолатлар ҳамда жинсий тажовузкорлик ҳақидаги иддаолар тарқалиши ортидан қўмита аъзолари ўзгартирилди.

Академия аъзоси Катарина Фростенсоннинг турмуш ўртоғи зўрлашда айбдор деб топилиб, 2,5 йилга қамалди. Фростенсоннинг ўзи эса академияни тарк этди.

Бугунда қадар тиббиёт, физика, кимё бўйича 2019 йилги Нобель мукофотлари совриндорлари эълон қилинди. Нобель Тинчлик мукофоти совриндори 11 октябрда эълон қилинади. Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори эса 16 октябрда маълум бўлади.

Зеленский: Трамп қўнғироғидан олдин АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйганини билмаган эдим

Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар саволларига жавоб бераяпти. Киев, 2019, 10 октябрь.

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали қилган суҳбати олидан Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами тўхтатиб турилганидан хабардор бўлмаганини айтди.

Ўтган ойда телефон суҳбати давомида Трамп Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани ошкор бўлди. Шу сабабдан айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари импичмент суриштирувини олиб бормоқда.

Зеленский 10 октябрь куни ўтказган матбуот анжуманида қўнғироқ давомида товламачилик бўлмаганини айтди.

- Ҳарбий ёрдам тўхтатиб турилганидан хабарим йўқ эди. Бу ҳақда хабар топганимдан кейин, Варшавада бўлиб ўтган учрашув давомида [вице-президент Майк] Пенсдан бу ҳақда сўрадим, - деди Зеленский.

Демократлар сўзларига кўра, 25 июль куни ўтказилган телефон суҳбатида Трамп Зеленскийни Байденларни тергов қилишга ундаган ва акс ҳолда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйишини айтиб, таҳдид солган.

Трампнинг ўзи эса ҳеч қандай ножўя иш қилмаганини айтиб келади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Туркиянинг Суриядаги амалиёти бўйича йиғин ўтказади

Сурия ҳудудидаги Туркия кучлари зарбалари теккан жойлардан тутун кўкка ўрламоқда. 2019, 9 октябрь.

9 октябрь куни Туркия Сурия шимолида курд жангчиларига қарши ҳарбий амалиёт бошлади. Бошқа давлатлар етакчилари ушбу ҳолат юзасидан хавотир изҳор қилар экан, БМТ Хавфсизлик кенгаши навбатдан ташқари йиғин ўтказишни режалаштирмоқда.

Уч кун олдин Туркия амалиётига халақит бермаслигини айтган АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия режасини эндиликда “ёмон фикр” деб атади. 9 октябрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео эса Вашингтон ҳужумни маъқуллаганини бутунлай рад этди.

Трампнинг илк қарори АҚШда ва хорижда кескин танқид қилинмоқда.
9 октябрь куни АҚШ сенаторлари демократлар ва республикачилар Туркиянинг юқори лавозимли сиёсатчилари, жумладан, президент Режеп Таййип Эрдоғанга қарши санкция жорий қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилишди.

Қонун юқори лавозимли сиёсатчиларнинг мулкларини музлатиб қўйиши ва уларнинг саёҳат қилишига чеклов қўйиши кутилмоқда. Шунингдек, AFP агентлиги қонун Анқарага қурол-аслаҳа сотишни ман қилишини хабар қилди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.

Кимё бўйича Нобель мукофоти литий-ионли батарейкани кашф қилганларга берилди

Кимё бўйича 2019 йил учун Нобель мукофоти лауреатлари.

Кимё бўйича 2019 йил учун Нобель мукофоти АҚШ, Британия ва Япония олимларига берилди. Уларнинг номлари 9 октябрь куни эълон қилинди.

-Бугун Швеция Қироллик фанлар академияси 2019 йил учун кимё бўйича Нобель мукофотини Жон Гудэнаф, Стэнли Уиттингем ва Акира Йошинога литий-ионли батарейкаларни кашф қилгани учун топширади,- деб эълон қилди Швеция Қироллик фанлар академияси бош котиби Горан Ханссон.

АҚШлик Жон Гудэнаф, британиялик Стэнли Уиттингем ва япониялик Акира Йошиноларнинг кашфиёти “қазиб олинувчи ёқилғи-ёнилғи маҳсулотларини қўлламаган ҳолда узлуксиз ишлайдиган симсиз жамиятга асос солиш” сифатида баҳоланди.

“Литий-ионли батареялар ҳаётимизда инқилоб ясади ва улар бугунги кунда мобил телефонларидан бошлаб ноутбук ва электромобилларда ҳам ишлатилмоқда”, дейилади Нобель қўмитаси баёнотида.

Литий-ионли биринчи батарейкалар 1991 йилдан ишлаб чиқарила бошланган эди. Литий-ионли батарейка кашифётчиларидан бири Жон Гудэнаф 97 ёшда.

7 октябрь куни Физиология ва тиббиёт бўйича, 8 октябрда физика бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинган эди.

Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель-Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинади.

Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори исми эса 14 октябрда эълон қилинади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини Швеция академияси, физика, кимё ва иқтисод бўйича мукофотларни Швеция Қирол фанлар академияси, Нобель-Тинчлик мукофотини эса Норвегия пойтахти Ослода жойлашган Норвегия Нобель қўмитаси топширади.

Германияда синагогага қилинган ҳужум оқибатида икки одам ҳалок бўлди

Немис полициячилари.

Германия шарқидаги Халл шаҳридаги синагога олдида 9 октябрь куни содир этилган отишма оқибатида икки одам ҳалок бўлди.

Хабарда айтилишича, ҳужумчилар бу воқеани видеоўйинлар платформаси орқали жонли эфирда намойиш қилиб турган. Ўқ отишдан аввал ҳужумчилар Интернетда яҳудийларга қарши манифестни эълон қилганлар.

Немис полицияси ҳужумни уюштиришда гумонланганлардан бири қўлга олинганини, бироқ унинг икки нафар шериги ўғирланган автомашина билан қочишга улгурганини билдирди.

Ҳужум пайтида синагогада 70-80 нафар одам ибодат қилаётган бўлган. Улардан 10 нафари АҚШ фуқароси экани айтилди. Улар синагогада яҳудийлар Йом Кипур деб атайдиган тавба-тазарру кунини нишонлаётган эдилар. Отишма пайтида икки одам жиддий яралангани ҳам маълум қилинди.

Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер бу воқеа антисемитча ҳужум сифатида баҳоланаётганини айтди.

Туркия Сурия шимоли-шарқида курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётни бошлади

Ҳарбий амалиёт ўтказилаётган ҳудудни тарк этаётган сурияликлар.

Туркия Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Сурия шимоли-шарқида курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётни бошлади. Бу ҳақда 9 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон телевидение орқали маълум қилди.

-Ишонаманки, Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Туркия қуролли кучлари Сурия шимолида РПК, ЙПГ ва «Ислом давлати»га қарши катта муваффақиятларга эришади. Бизнинг мақсадимиз аниқ. Биз террорчилар йўлагини йўқ қилмоқчимиз. Биз бу ерда тинчлик йўлагини ташкил эта олишимизга умид қиламан. Хавфсизлик ҳудудини яратиш асосий мақсадимиздир, - деди Эрдўғон.

Сўнгги хабарларга қараганда, турк ҳарбий самолётлари курд жангарилари манзилларини бомбардимон қилган. Бомбардимон оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. АҚШ президенти Дональд Трамп курд жангарилари манзилларининг бомбардимон қилинишини «ёмон ғоя»деб атади.

Бир неча кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.

Навальнийнинг “Коррупцияга қарши кураш фонди” "хориж агентлари” рўйхатига киритилди

Мухолифатчи Алексей Навальний.

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг “Коррупцияга қарши кураш фонди”ни “хориж агентлари” рўйхатига киритди. Бу маълумот Адлия вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.

Россия қонунларига асосан хориж давлатларидан олинган маблағлар ҳисобига фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари “хориж агентлари” ҳисобланади.

Навальний Адлия вазирлигининг бу билдирувига раддия берди. “Россия ҳукумати фонд коррупция билан боғлиқ далил-исботларни жамоатчиликка эълон қилаётганидан чўчиб, мана шундай қарорларга келмоқда. Адлия вазирлиги мазкур фонд чет элдан бир тийин пул олгани тўғрисида бирорта фактни келтира олмайди”, деб ёзди Навальний Твиттер саҳифасида.

Август ойида Тергов қўмитаси “Коррупцияга қарши кураш фонди”ни ноқонуний йўл билан топилган пулларни машрулаштиришда айблаб, жиноят иши қўзғатган эди.

“Хориж агентлари тўғрисида”ги қонун Россияда 2012 йилда қабул қилинган. Ўтган йилнинг ноябридан хориж давлатларидан пул олган оммавий ахборот воситаларини ҳам “хориж агентлари” рўйхатига киритишга имкон берувчи қонун кучга кирган.

Бугунги кунгача “хориж агентлари” рўйхатига 150дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари киритилган. Уларнинг орасида Озодлик радиоси рус хизмати ва “Настояшее время” телеканали ҳам бор.

Эрон Туркия билан чегарадош ҳудудда ҳарбий машқларни бошлади

Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.

Эрон армияси мамлакатнинг Туркия билан чегарадош ҳудудида аввал эълон қилинмаган ҳарбий машқларни бошлади. Бу ҳақда Эрон матбуоти хабар тарқатди.

9 октябрь куни ISNA агентлиги машқларда тезкор чора кўриш бўлимлари, ҳужум бригадалари ҳамда вертолётлар қатнашаётганини хабар қилди.
Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.
Эрон нашрлари машқларда иштирок этаётган ҳарбийлар сонини очиқламади.

Эроннинг ушбу машқларидан олдин Туркия шимолий Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказишини эълон қилган эди. Сурия президенти Башар ал-Ассадни қўллаб келаётган Теҳрон Туркиянинг амалиётига қаршидир.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 9 октябрь куни Анқарани Сурияда ҳарбий чора кўришдан ўзини тийишга чорлади.

- Туркия ҳақли равишда жанубий чегарасидаги вазиятдан хавотирда. Бу хавотирларни бартараф этиш учун тўғри йўл танланиши керак, деб ишонамиз, - деди президент.

Руҳоний, шунингдек, АҚШ ҳарбийларини ҳудудни тарк этиши кераклигини, курд жангчилари эса Сурия армиясини қўллаши кераклигини таъкидлади.

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Навальнийнинг Коррупцияга қарши жамғармасини “хориж агенти” деб топди

Алексей Навальний

Россия Адлия вазирлиги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши жамғармасини (русча қисқартмаси ФБК) “хориж агенти” деб топди. Россияда 2012 йилда қабул қилинган “Хориж агенти” тўғрисидаги қонунни Ғарб давлатлари кескин қоралаб келади.

Алексей Навальний ўз фонди Россияда чуқур илдиз отган коррупцияни фош қилиб келаётгани учун расмийлар ундан қўрқишини айтиб, вазирликнинг қарорини рад этди.

Мухолифатчи Twitterда “Адлия вазирлиги ўз қарорини изоҳлаб, ФБК (Коррупцияга қарши жамғарма) хорижий манбалардан бирор тийин олганини кўрсатувчи далил келтиришини талаб қиламиз”, деб ёзди.

“Адлия вазирлигининг ҳаракатлари мутлақ ноқонуний ва, кўриниб турибдики, [президент Владимир] Путиннинг тўғридан-тўғри берган буйруқлари асосида амалга оширилди. ... Путин ФБКдан жуда қўрқади. Ахир, у ўғрилар, порахўрлар ҳамда коррупциячи расмийлар кучига таянади. Биз эса коррупцияни фош қиламиз. Нима бўлишидан қатъи назар, ишимизни тўхтатмаймиз”, дея сўзини давом эттирди Навальний.

Россияда “Хориж агенти” деб топилган ташкилотлар хориж давлатларидан молиялаштирилувчи ташкилотларга қўйилган талабларни бажариши керак бўлади. Улар орасида ташкилот қаердан маблағ олгани, уни қандай сарфлагани, ташкилот етакчилари ва мақсадлари ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб туриш каби мажбуриятлар бор.

Курдлар Туркия ҳужуми арафасида ялпи сафарбарлик бошлади

Туркия ҳарбийлари Сурия чегарасига яқин йўлда кетиб бормоқда. 2019, 8 октябрь оқшоми.

Курд етакчилари Анқара Сурия шимолида амалиёт бошлашини эълон қилиши ортидан “ялпи сафарбарлик” эълон қилди. Аввалроқ Оқ уй Туркия амалиётига тўсқинлик қилмаслигини айтиб, ҳудудда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган эди.

Шимолий Суриянинг курдлар бошқарувидаги фуқаровий маъмурияти тўқнашувлар бошланса, гуманитар ҳалокат содир бўлишини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса АҚШнинг ҳудуддаги ҳаракатлари бутун минтақага “ўт қўйиши” мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Шимолий ва Шарқий Суриянинг мухтор маъмурияти” номи билан маълум бўлган гуруҳ “Халқимизни, барча миллат вакилларини Туркия билан чегарага яқин ҳудудга келиб, ушбу тарихий пайтда қаршилик чораларини кўришга чорлаймиз”, деган чақириқ ташлади.

8 октябрь куни кеч Туркия Сурия билан чегарадош ҳудудларга қўшимча ҳарбий техника ва қўшинларни юбора бошлагани хабар қилинди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG