Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 18:07

Ўзбекистонда буханка нонлар 40 фоизга қимматлайди


Бундан олдин у узоқ йиллар давомида 600-650 сўмни ташкил қилган.

Ўзбекистонда мамлакат аҳолиси энг кўп истеъмол этувчи биринчи навли ундан тайёрланган буханка нонлари қирқ фоизга қимматлаб, 1500 сўмга кўтарилиши кутилмоқда.

Kun.uz нашрига кўра, нон қимматлаши дон ва ун нархларининг эркинлаштирилиши туфайли рўй бериши мумкин.

Ҳукумат дон ва ун нархларини эркинлаштиришга қарор қилган.

Ун нархининг либераллаштирилиши натижасида уннинг бир килограмми нархи 1400 сўмдан 2000—2500 сўмгача кўтарилиши мумкин.

Нон ишлаб чиқарувчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, нон нархи 40—45 фоизга ошади.

Бу эса буханка нон нархининг 1500 сўмгача кўтарилишига олиб келади, деб хабар қилди Kun.uz нашри.

Мавжуд вазият бозордаги нонлар нархларига ҳам таъсир этмай қолмаган.

Ўзбек бозорларида донаси 800 сўм турган ёпган нонлар нархи ҳозирдан 1000 сўмдан ошган.

Буханка нонлар эса дўконларда 1100 сўмдан сотилмоқда.

Маҳаллий иқтисодчиларга кўра, нон нархининг қимматлаши, ўз навбатида, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоларига ҳам таъсир этмай қолмайди.

"Бизда озиқ-овқат нархлари ноннинг баҳосига қараб қолган. Агар ноннинг нархи ошса, гўшт, сабзавот ва мева автоматик ошади", - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Тоҳир Собиров.

Катта сондаги аҳоли истеъмол қилувчи буханка нонлар Ўзбекистонда охирги марта 2018 йил сентябрь ойида ҳозирги 1100 сўмлик нархга кўтарилганди.

Бундан олдин у узоқ йиллар давомида 600-650 сўмни ташкил қилган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик 2 миллион сўм (210 АҚШ доллари) атрофидадир.

XS
SM
MD
LG