Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:57

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисини илк бор онлайн намойиш қилди (ВИДЕО)


Олий Мажлис Сенатининг икки кун давом этган ялпи мажлиси YouTube ва Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида илк бор жонли тарзда намойиш қилинди.

Сенат раиси Танзила Норбоева йиғилишни олиб борди. Мамлакат тарихида илк бор онлайн тарзда намойиш қилинган йиғилиш Facebook тармоғида 4 қисмга бўлиб узатилди.

Ҳозирча ҳар бир трансляцияни атиги мингга яқин ёки сал ошиқроқ киши кўрди.

Йиғилишни ёритиши учун мамлакат ва хориж ахборот воситаларининг 130 дан ортиқ мухбири аккредитация қилинди.

Сенатнинг бу йиғилиши мазмуни ҳам аввалгилардан бироз фарқли ўтди.

Наманган, Андижон ҳокимлари вилоятлари ҳудудида мактаб ёки ичимлик суви таъминоти учун ажратилган маблағлар номаълум мақсадда сарфланганига оид ҳисоботларини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоровнинг, тармоқларда қаттиқ мунозара уйғотган масала - дарахтларнинг кесилишига оид ҳисоботи тингланди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ҳисоботда 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида республика бўйича 143,560 туп дарахтни кесиш бўйича 4909 та мурожаат тушгани айтилган.

Мурожаатлардан 28 фоизи (1892таси), яъни 40,992 туп дарахтни кесишга рад жавоби берилган. 39,000 туп дарахтни қуриганги боис, 63,561 туп дарахтни эса қурилиш масалалари туфайли кесишга расмий рухсат берилган.

Мажлисда Наманган ва Хонобод шаҳарлари ҳудудини кенгайтириш, Бўз тумани номини Бўстон, деб ўзгартиришга келишилди.

Сенаторлар иккита масала юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юборишга қарор қилди.

Булардан бири ота-она қаровисиз қолган ва меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни иш билан таъминлаш, яна бири табиий газ қувурлари тизимига оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳақида парламент сўровини жўнатиш қароридир.

Юқори палата йиғилиши давомида Ўзбекистон судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунаси тасдиқланди, Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди.

Сенат йиғилишида 31 дан ортиқ масала кўриб чиқилди, 19 та янги қонун лойиҳаси маъқулланди.

XS
SM
MD
LG