Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2020, Тошкент вақти: 08:54

Халқаро хабарлар

“Трассаларда фоҳишаларга қарши рейд"ни ёритган тожик блогерлари маҳкамага тортилди

“Трассаларда фоҳишаларга қарши рейд"ларни суратга олган ва видеони Youtube видеохостингига жойлаштирган тўрт нафар тожик блогери шахсий ҳаётга қонунга зид равишда аралашганликлари учун судга тортилди.

Судда блогерлар ўзларига қўйилган айбловни тан олдилар. Аввалроқ улар жамиятга бор ҳақиқатни тақдим этганларини билдирган эдилар.

Шу йилнинг июнь ойида тармоққа “сотилган аёллар” ҳақидаги видео жойлаштирилганидан кейин аёлларни машиналарига ўтқазиб, хизматлар ҳақида келишиб олган блогерлар Рустам Ашуров, Беҳруз Шарифи, Шаҳриёр Жалилов ва Юсуфжон Давлатмурод қўлга олинганди. Тўртовига ҳам Тожикистон Жиноят кодексининг 144-моддаси (“Шахсий ҳаёт борасида қонунга зид равишда маълумот тўплаш ва тарқатиш”) бўйича айблов қўйилган. Бу моддага кўра 10 минг сомонийдан 25 минг сомонийгача ($1 минг - $2,5 минг) жарима тўлаш ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш кўзда тутилган.

Маҳкама 15 октябрь куни Душанбедаги Фирдавсий туман судида судья Аҳмад Бобозода раислигида бошланди. Блогерларга нисбатан жиноят иши бу ҳаракатлар оқибатида жабр кўрганини билдирган 6 нафар аёл аризасига биноан очилди. Улардан бири судда ўша оқшом яширин камера орқали суратга олинаётганини билмаганини айтди.

Жабрдийдага кўра, блогерлардан бири Беҳруз уни автомашина салонига таклиф қилган ва интим-хизматлар нархини сўрай бошлаган. “Мен суратга олишаётганини билмадим. Биз икки аёл эдик ва хизматларимиз 200 сомоний туришини айтдик. Шеригим соқолли блогерни кўриб, қўрқиб кетди ва бирор ерга боришни истамади. Кейин у бизга пул бериб, уйга кетишимизни айтди”, деди у.

Бошқа бир аёл эса суддаги чиқишида видеонинг тармоқда эълон қилиниши ўзи учун оилада муаммолар пайдо қилганини айтди. Унга кўра, Россиядаги куёви қўнғироқ қилиб, аёлнинг юзи қорайтилган бўлса-да, таниганини айтган. Бу аёл ёлғиз ўзи икки болани тарбия қилади ва ижара уйда яшайди.

“Ҳаёт оғир, биз нима қила олардик? Видео эълон қилинганидан сўнг бизни таниб қолишди, қўнғироқ қилишиб, бу ҳақда сўрашаяпти”, дейди аёл.

Аёллар чиқишидан сўнг блогерлар судда ўзларини айбдор деб билишларини ва хатоларини тан олишларини айтишди. Улардан бири бу билан ҳеч кимни камситмоқчи бўлмагани ва шу орқали пул ишлаб топиш мақсади йўқлигини қўшимча қилди.

Блогер Шаҳриёр Жалилов Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда мазкур видео ўзига нисбатан жиноят иши очилиши ва иш судгача боришини билмаганини урғулади. Аммо иш юзасидан бошқа изоҳ беришни истамади.

Жабрдийда аёллар ўзларининг қонуний хуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, милицияга мурожаат қилганларидан кейин ИИВ блогерлар хатти-ҳаракатини “ахлоқсизлик” дея баҳолаган ва тўрт блогерни шахсий ҳаётга тажовузда айблаган.

Видео ижтимоий тармоқда кескин баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир тижорий интим вакиллари ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар сиймосида кучли “ҳомий”га эга эканлигини таъкидлаган бўлса, бошқалари блогерларга жиноят иши очишдан аввал расмийлар мамлакатда фоҳишалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиши кераклигини қайд қилганлар.

Таҳлилчиларнинг фикрича, эндиликда тожик блогерлари эҳтиёткорроқ бўлиб, ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлишади.

Кун янгиликлари

Тожикистон Эрон билан авиақатновларни бекор қилди

Эрон Хитойдан ташқарида коронавирус тез тарқаëтган давлатлардан бирига айланди.

Эронда коронавирусга чалинганлар ва бу вирус оқибатида ўлганлар сони ошиб бораëтган бир вазиятда¸ Тожикистон ҳукумати Эрон билан авиақатновларни 24 февралдан бошлаб тўхтатиб қўйди.

Бу ҳақда мамлакат фуқаролик авиацияси агентлиги маълум қилди.

Бу қарор арафасида Тожикистон Эрон билан қуруқлик чегараларини тўлиқ ëпишга қарор қилди.

Эрондаги ярим расмий ILNA агентлиги¸ 24 февралга келиб коронавирус эпидемияси марказига айланган Қум шаҳрида 50 одамнинг вирус оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу хабарни инкор қилган Соғлиқ сақлаш вазири вирусга чалинганлар сонининг 61 та¸ ўлганларнинг эса¸ 12 та эканини билдирди.

Афғонистон ва Форз кўрфазидаги қатор давлатлар яқинда Эрондан қайтган ўз фуқароларида коронавирус аниқланганини маълум қилди.

Шу муносабат билан минтақа давлатлари Эрон билан чегараларини ëпиб¸ ҳаво ва қуруқлик орқали борди-келдини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.

Норозиликлар ортидан Хитойнинг Қирғизистондаги $275 миллионлик лойиҳаси тўхтатилди

От-Боши районида қурилиши режаланган саноат-савдо-логистика маркази лойиҳаси.

Қирғизистон ҳукумати Норин вилоятининг От-Боши районида саноат-савдо-логистика маркази қуриш лойиҳаси тўхтатилганини эълон қилди.

Мазкур лойиҳа инвестори бўлган Хитой унга 275 миллион АҚШ доллари киритиши режалаган эди.

Ҳукумат¸ район аҳолиси лойиҳага қарши норозиликлар намойишлари уюштириши ортидан уни ëпишга мажбур бўлди.

Шу муносабат билан мазкур қурилиш учун 200 гектар ер ажратиш ҳақидаги ҳукумат қарорининг бекор қилиниши ва инвесторга сарфлаган харажатини қоплаш мақсадида 45 миллион сўм қайтариши кутилмоқда.

Хитойлик бизнесмен Лю Ин ва қирғизистонлик тадбиркор Эмилбек Абдикадиров билан тузилган келишувга кўра¸ 200 гектар ер марказ қуриш учун 49 йилга ижарага берилиши¸ бу икки тадбиркор эса¸ давлат гарантияси аралашмаган 275 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя ëтқизиши керак эди.

Аммо бу лойиҳа ернинг хорижликларга ўтиб кетиши ва Қирғизистонда хитойликлар кўпайишидан чўчиган маҳаллий аҳолининг кескин қаршилигига учради.

Норозиликлар ортидан инвесторлар 17 февраль куни марказ қурилишига оид келишувни бекор қилишга мажбур бўлди.

Туркманистон собиқ президентлари парламент юқори палатасининг умрбод аъзоси бўлади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон собиқ президентлари умрининг охирига қадар мамлакат парламентининг Халқ маслаҳати деб номланадиган юқори палатаси аъзоси бўлади.

Туркман конституциясига киритилиши режаланган ўзгартишлардан бири шуни назарда тутади.

24 февраль куни давлатга қарашли матбуот агентлиги эълон қилган ўзгаришлар лойиҳасида собиқ президент ўз ихтиëри билан воз кечмаган тақдирда¸ унинг автоматик тарзда Халқ маслаҳати аъзоси бўлиши кўзда тутилган.

Мамлакатнинг амалдаги конституциясида собиқ президентлар тақдирига оид бирор аниқлама йўқ.

Жорий конституцияда оғир хасталик боис президент ўз ваколатини бажара олмай қолган тақдирда¸ бу ваколатнинг Мажлис раисига ўтиши айтилади.

Янги таҳрирдаги конституцияга кўра¸ Мажлис парламент қуйи палатасига айланади.

Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Борис Немцов номи берилди

Россия элчихонаси биноси.

Прага шаҳар кенгаши қарори билан Чехия пойтахтидаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Кремль ва Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов номи берилди.

Ҳозиргача "Под каштани" деб номланган майдон расман 27 февраль куни қайта номланади. Шу куни таниқли россиялик сиëсатчи Борис Немцовнинг ўлдириб кетилганига 5 йил тўлади.

Прага шаҳар кенгаши депутатларига кўра¸ Россия элчихонаси олдидаги майдонга Немцов номини бериш Россия мухолифати ва инсон ҳақлари ҳимоячилари билан бирдамлик ифодасидир.

Чехиянинг россияпараст президенти Милош Земан Прага шаҳар депутатларининг бу қарорини танқид қилди ва уни “очиқдан-очиқ сиëсий ҳаракат” дея баҳолади.

Ҳозирга қадар дунëнинг бир қатор шаҳарларида Борис Немцов номи берилган кўча¸ майдон ва иншоотлар пайдо бўлди.

Хусусан¸ 2018 йил февралида Вашингтонда Немцов-плаза очилган бўлса¸ Вильнюс ва Киевда Борис Немцов майдони пайдо бўлди.

Путин сиëсатининг кескин танқидчиси бўлган Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Кремль девори қаршисида отиб ўлдирилган эди. Ҳозиргача бу қотиллик ижрочилари сифатида беш киши маҳкама қарори билан жазога тортилди. Аммо тергов қотиллик буюртмачиларини ҳозиргача аниқлаган эмас.

АҚШ президенти Ҳиндистонга келди

"Намасте Трамп" учрашуви.

24 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп расмий сафар билан Ҳиндистонга келди.

Гужарат штати маркази Аҳмадободга қўнган Вашингтон раҳбарини Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кутиб олди.

Трампга сафар давомида унинг рафиқаси¸ ташқи сиëсат бўйича катта маслаҳатчи мақомига эга куëви Жаред Кушнер ва Савдо вазири Уилбур Росс ҳамроҳлик қилмоқда. Бу АҚШ президентининг кейинги 5 йил ичида Ҳиндистонга қилаëтган биринчи ташрифидир.

Трамп ва Моди аэропортдан тўғри шаҳарнинг энг йирик крикет стадионига йўл олди. Бу ерда уюштирилган «Намасте Трамп» деб аталган тадбирда ўн минглаб ҳиндистонлик иштирок этди.

2019 йил сентябрида Ҳиндистон Бош вазирининг АҚШ сафари давомида АҚШдаги ҳиндистонликлар «Намасте Моди» деб номланган учрашув ўтказган эди.

Reuters агентлигининг билдиришича¸ Трамп сафари давомида¸ асосан¸ икки давлат ўртасидаги савдо тортишувлари боис шикаст етган ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш мавзуси муҳокама этилади. Иккала давлат расмийлари¸ ҳамкорликнинг¸ айниқса¸ Хитой иқтисодий экспансияси фонида ўзаро манфаатли эканига алоҳида эътибор қаратмоқдалар¸ деб хабар қилди ўз манбаларига таянган Reuters.

Айни пайтда¸ сафар арафасида Трамп Ҳинндистондан йирик савдо шартномалари билан қайтмаслик эҳтимолини тилга олди. Трамп таъкидича¸ АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида жуда катта келишув лойиҳаси мавжуд¸ аммо бу ҳужжатнинг жорий йил ноябрь ойидаги сайловларга қадар имзоланиши ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ маъмурияти расмийларининг матбуотга билдиришича¸ Трамп сафари давомида Ҳиндистондаги диний эркинлик мавзуси ҳам тилга олинади.

Хитойда коронавирус қурбонлари сони 2600 кишига етди

Иллюстратив сурат.

Хитой Халқ Республикасида янги коронавирусдан ўлганлар сони 2592 нафарга етди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумот тарқатди.

Хабарларга кўра, бу мамлакатда касалликни юқтириб олганлар сони 77 минг нафардан ошган. Айни пайтда хасталикдан соғайганлар сони 24 минг 700 нафардан ошгани айтилмоқда.

Хитойдан ташқари янги коронавирус Эрон (8 киши), Жанубий Корея (7 киши), Япония (4 киши) ва Италия (3 киши) каби мамлакатларда ҳам одамлар умрига зомин бўлган.

Трамп Толибон билан тинчлик битимини имзолашга ҳозирлигини билдирди

Афғонистондаги АҚШ аскарлари (иллюстратив сурат).

АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Афғонистондаги сулҳ иш берадиган бўлса, толиблар билан тинчлик битими имзолашга тайёр эканини билдирди. Бу баёнотни Трамп якшанба куни Ҳиндистонга учиб кетиш олдидан журналистлар билан қилган мулоқоти чоғида берган.

Аввалроқ томонлар “зўравонлик даражасини пасайтириш” ҳафталигини эълон қилганлар. Мазкур тартиб 22 февраль тунидан кучга кирган.

Сулҳ охир-оқибат АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишига замин яратадиган тинчлик битими имзоланиши учун шарт-шароит яратиши керак.

“Сизга маълумки, зўравонликка йўл қўймаслик бўйича муайян муддат белгилаганмиз. Бунинг бир ярим куни ўтди. Бундан буёғига нима бўлади - кўрамиз”, деган Трамп 19 йиллик урушдан кейин АҚШ қўшинлари учун “уйга қайтиш” вақти келганини қўшимча қилди.

Афғонистонда ҳозирда 12 мингга яқин америкалик ҳарбий бор.

Афғонистон оммавий ахборот воситалари ўтган икки кун ичида толиблар чекка ҳудудлардаги назорат-ўтказиш масканларига бир неча кичик ҳужумларни уюштирганлари ҳақида хабар қилганлар.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 21 февраль куни Қўшма Штатлар ва Толибон ҳаракати Афғонистондаги қуролли можарони сиёсий йўл билан изга солишда кўмак кўрсатиш ҳамда минтақада АҚШ ҳозирлигини камайтириш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирганди.

Туркия коронавирус туфайли Эрон билан чегарасини ёпди

Иллюстратив сурат.

Туркия коронавирус хавфи кучаяётган Эрон билан чегарадаги назорат-ўтказиш масканларини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар қилади.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Арманистон ва Покистон ҳам Эрон билан чегараларини вақтинча ёпган. Афғонистон ва Грузия эса бу мамлакат билан авиақатновларни тўхтатишга қарор қилган.

Қайд этилишича, коронавирус туфайли Эронда шу пайтгача 8 киши нобуд бўлган, вирус юқтириб олганлар сони эса 43 кишига етган.

Қозоғистондаги митингларда юзлаб одам қўлга олинди

Олмаотадаги митингдан лавҳа, 2020 йил 22 феврали.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари 22 февраль куни мамлакатнинг турли шаҳарларида ўтган митинглар чоғида 300 дан зиёд киши тутиб кетилганини айтмоқда.

Қўлга олинганларнинг кўпи озод қилинган, айримлар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Олмаотада бўлиб ўтган митингда икки киши тан жароҳати олган.

Қозоғистон ИИВ қўлга олинганлар сони бўйича ҳали маълумот берганича йўқ.

Шанба куни бўлиб ўтган митингда биргина Олмаотада 100 дан ортиқ митингчи қўлга олинган.

Норозилик акциясига чиқишга одамларни Қозоғистон расмийлари танқидчиси, собиқ банкир Мухтор Аблязов чақирган. У тузган “Қозоғистон демократик танлови” (ҚДТ) ҳаракати мамлакатда экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти тақиқланган. Европарламентнинг ўтган йилги резолюциясида ҚДТ “тинч мухолифат ҳаракати” дея таърифланган.

Эронда коронавирусдан вафот этганлар сони 8 тага етди 

Эрон расмийлари коронавирусдан яна икки нафар киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Бу билан Эронда янги COVID-19 вирусидан ҳалок бўлганлар сони 8 тага етди.

23 февраль куни миллий телеканалда сўзлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Киануш Жаҳонпур мамлакат бўйлаб вирусни юқтирганлар сони 15 тага кўпайганини айтди. Бу билан Эронда вирусга чалинганларнинг умумий сони 43 га етди.

Эрон коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони энг юқори бўлган иккинчи давлатга айланди. 22 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат бўйлаб 785 одам вирусни юқтиришда гумонланаётганини билдирди.

Вирус янада кенг тарқалиши олдини олиш учун расмийлари чекловларни жорий қилди. Хусусан, қўшни Ироққа диний зиёратлар тўхтатилди.

Шунингдек, бир неча шаҳарда мактаб, университет ва кинотеатрлар ёпилди. Режалаштирилган профессионал спорт ўйинлари эса томошабинсиз ўтказиладиган бўлди.

21 февраль куни Соғлиқни сақлаш расмийси Мину Муҳраз вирус Қомда қуёш энергияси заводини қураётган хитойлик ишчилардан тарқалган бўлиши мумкинлигини айтди.

Ҳафта бошида Ироқ, Кувайт ва Саудия Арабистони Эронга муҳим рейсларни бекор қилди.

Вирус ўчоғи Хитойда бугунга қадар 2300 дан ошиқ одам ёстиғи қуриди.

Трамп маслаҳатчиси: Россия Трамп сайлов кампаниясига кўмаклашаётгани йўқ

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт Чарльз О’Брайен

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт Чарльз О’Брайен Россия Трампнинг сайлов кампаниясига кўмаклашаётганини кўрсатувчи далилларни кўрмаганини айтди.

Кейинги кунларда бир неча АҚШ матбуот нашри АҚШ разведка расмийлари Конгресс аъзоларига Москва Трамп ҳамда Демократик партия номзоди Берни Сандерс кампаниясини қўллаётгани тўғрисида баёнот берганини хабар қилган эди.

Трамп бу хабарларни демократларнинг навбатдаги «дезинформацияси» дея кескин қоралади.

Сандерс эса бу хабарлар ортидан Россия президенти Владимир Путинни «босқинчи» дея таърифлаб, уни АҚШ сайловларига аралашмасликка чорлади.

- Очиғи, Путин ким президент бўлишини хоҳлаши мени қизиқтирмайди. Путинга айтмоқчи бўлган гапим эса аниқ: Америка сайловларига аралашма, — деди Сандерс.

О’Брайен миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўлароқ АҚШ разведкаси маълумотларини эркин кўра олишини айтиб,
- Россия Трамп қайта сайланишига эришиш учун бирор чора кўраётганидан дарак берувчи ҳеч қандай маълумотни кўрмадим, — деди.

Болгария украиналик фаолга кислота сепганликда гумонланган шахсни экстрадиция қилаяпти

Катерина Ҳандзюк.

Болгария суди Украина ватандоши Олексий Москаленкони Украинага экстрадиция қилиш қарорини чиқарди.

Украина расмийлари Москаленкони украиналик фаол Катерина Ҳандзюкга кислота билан қилинган ҳужум тергови доирасида халқаро қидирувга берган эди.

2018 йилнинг июлида ҳужумга учраган фаол Ҳандзюк ўша йилнинг ноябрида вафот этди.

42 ёшдаги Москаленко 24 январь куни Қора денгиз бўйидаги Бургас шаҳрида қўлга олинган.

Болгария прокурорлари расмий Киев гумонланувчини Украинага экстрадиция қилиш бўйича расмий сўров жўнатганини билдирган эди.

Болгария полицияси маълумотларига кўра, Москаленко 2018 йилда Руминиядан Болгарияга пиёда ўтган.

У Болгарияда украиналик аёлдан ижарага олган квартирада яшаётган бўлган.

2018 йилнинг 31 июлида Херсон шаҳрида номаълум шахс Ҳандзюк устига кислота сепиб юборган эди.

Ҳужум ортидан фаол танасининг 30 фоизи куйган, уч ой ўтиб у олган жароҳатларидан жон берган.

Херсон мэри маслаҳатчиси ўлароқ ишлаган Ҳандзюк шаҳардаги оммавий коррупцияни фош қилишга курашиб келган.

Ўтган йилнинг августида 5 нафар шахс Ҳандзюкка қилинган ҳужумда айбдор деб топилиб, қамалган эди.

БМТ: Ўтган йили Афғонистонда 3404 нафар тинч аҳоли уруш қурбони бўлди

БМТнинг Афғонистондаги миссияси ўтган йил давомида мамлакат бўйлаб 3404 нафар оддий фуқаро зўравонликлар қурбони бўлганини, 6989 шахс эса жароҳат олганини маълум қилди.

22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонда ёрдам миссияси (UNAMA) эълон қилган ҳисоботда, 2019 йил зўравонлик туфайли 10 мингдан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлган ёки жароҳат олган 6-йил бўлгани айтилади.

Шундай бўлса-да, 2019 йилда ўлимлар ва ҳалок бўлганлар сони 2018 йилга солиштирганда 5 фоизга озайган.

UNAMA директори Тадамичи Ямомото барча тарафни зўравонликни тўхтатишга чорлади.

- Оддий фуқаролар ҳаёти ҳимояланиши ҳамда тинчлик ўрнатиш уринишлари йўлга қўйилиши керак, — деди у.

Ҳафта бошида Афғонистон кучлари ва Толибон 22 февралдан бошлаб бир ҳафта давомида зўравонликни озайтиришга келишиб олган эди.

Македонияда юк машинасига яширинган 47 муҳожир топилди

Шимолий Македония полицияси Болгария ва Греция чегарасига яқин ҳудудда ташлаб кетилган юк машинасида 47 нафар муҳожирни топди.

22 февраль куни полиция юк машинаси бир кун аввал топилганини, муҳожирлар Афғонистон, Покистон ва Ироқдан эканлигини билдирди.

Полиция етиб боргунича юк машинаси ҳайдовчиси ғойиб бўлган.

Бундан атиги бир ҳафта олдин Шимолий Македония расмийлари бошқа бир юк машинаси бортида 53 нафар муҳожир топилганини эълон қилган эди.

Машинанинг 43 ёшдаги ҳайдовчиси қўлга олинган. У одам савдосида қатнашишда гумонланмоқда.

Грециядан Ғарбий Европага элтувчи йўл 2015 йилдан бери ёпиқ бўлса-да, минглаб одам контрабандачилар кўмаги билан ушбу йўл билан манзилига етиб олишга уринмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилда жаҳон бўйлаб 71 миллион одам уруш ёки зўравонлик туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Бу 2017 йилги кўрсаткичдан 2 миллион кишига кўпдир.

«Мажбурий муҳожират»га отланганларнинг аксари Сурия (6,7 миллион) ва Афғонистон (2,7 миллион) фуқароларидир.

Кейинги пайтда Македонияда юк машиналари орқали муҳожирларни олиб ўтиш уринишлари кўпайди.

АҚШ Эрон ракета ҳужумида яраланганларга оид рақамларни янгилади

Пентагон ўтган ойда Эрон Ироқдаги ҳарбий базаларга қилган ҳужум туфайли жароҳат олган АҚШ аскарлари сонини оширди.

Хусусан, АҚШ ҳарбийлари 7-8 январь кунлари Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужумда умумий ҳисобда 110 нафар АҚШ аскари бош мияси чайқалганини маълум қилди.

Бошида президент Дональд Трамп ҳужумларда бирорта ҳам америкалик зиён кўрмади, дея таъкидлаган эди.

Эрон расмийлари «Айн ал-Асад» ҳамда «Ҳарир» ҳаво базаларига ракета билан қилинган ҳужум Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганига жавобан амалга оширилганини билдирган.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

Пентагон ҳужумда жароҳат олганларнинг барчаси енгил бош чайқалишига йўлиққанини, уларнинг 77 нафари хизматга қайтганини билдирди.

АҚШ ҳарбийлари сўзларига кўра, 35 аскар қўшимча кўриклар учун Германияга юборилган, уларнинг 25 нафари Германиядан АҚШга олиб кетилган.

Германия Ички ишлар вазири Ханаудаги ҳужумни "ирқий адоват негизида содир этилган теракт" деб атади 

Ханаудаги ҳужум жойидан топилган ўқ.

Германия Ички ишлар вазири Хорст Зеехофер 19 февраль куни Ханау шаҳрида 11 одам ўлимига сабаб бўлган ҳужумни "ирқий адоват негизида содир этилган теракт" деб атади.

Берлин шаҳридаги матбуот анжуманида Зеехофер ўнгчи радикал экстремизм ва антисемитизм таҳдидлари мамлакатда жуда юқорилигини ҳам қўшимча қилди.

Ички ишлар вазирига кўра, ирқий адоват негизидаги ҳужумларга нишон бўлиши мумкин бўлган жойлар, айниқса масжидлар атрофида кузатув кучайтирилган.

Ханаудаги ҳужум бўйича қирқдан ортиқ киши сўроқ қилинган.

19 февраль куни 43 ёшли Тобиас Р исмли шахс Ханау шаҳридаги иккита чилимхона ва букмекерлик идорасига ҳужум қилган, оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланганди.

Жиноятчи шундан сўнг уйига келиб онасини, кейин ўзини отиб ўлдирган.

Ханау шаҳридаги ҳужум оқибатида ўлганларнинг аксари муҳожирлар бўлган. Ўлганлар орасида Болгария ва Туркия ватандошлари ҳам бор.

Эронда коронавирусдан бешинчи ўлим қайд этилди

Эрон Соғлиқни сақлаш вазири Киануш Жаҳонпур 22 февраль куни телевидение орқали мамлакатда коронавирусдан бешинчи одам нобуд бўлганини маълум қилди, лекин ўлим тафсилотларига тўхталмади.

Бир кун аввал Эронда коронавирусдан икки одам, ўтган ҳафта тағин икки одам ўлгани хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирига кўра, ҳозирда касалликка чалинган икки бемор Теҳрондаги касалхонада, саккиз бемор Ком шаҳридаги шифохонада даволанмоқда.

Вазирлик расмийлари касалликни Эронга Ком шаҳрида қуёш электр станцияси қураётган хитойлик ишчилар олиб келган бўлиши мумкинлигини таҳмин қилмоқда.

Хитойни ўзида шу пайтгача коронавирусдан 2 минг 200дан зиёд одам ўлди. Касалликка чалинганлар сони 75 мингдан ошди.

Сурияда тўқнашувлар авж олиши ортидан Россия ва Туркия ўртасидаги зиддият кучаймоқда

Россия қўллаб келаётган Сурия армияси кейинги кунларда мамлакат шимолидаги исёнчи гуруҳларга қарши ҳужумларини кучайтирди.

Россия қўллаб келаётган Сурия ҳукумати кучлари ҳамда Туркия қўллаётган суриялик исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар Москва ва Анқарани Суриядаги можарога тобора чуқурроқ аралашишга мажбурламоқда.

20 февраль куни Сурия президенти Башар Асадга қарши исёнчилар бошқарувидаги сўнгги ҳудудда содир бўлган тўқнашувлар 27 нафар киши умрига зомин бўлди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳининг хабар қилишича, жангларда камида 11 нафар Сурия ҳукумати жангчиси, 14 нафар исёнчи ҳамда икки нафар турк аскари ҳалок бўлган.

Туркия расмийларининг маълум қилишича, Идлиб вилоятида содир бўлган тўқнашувлар давомида Россия ҳарбийлари «Су-24» қирувчи учоқлари билан ҳужум қилган. НАТО аъзоси Туркия эса ўз қирувчи учоқлари билан жавоб қайтарган.

Ҳар икки тараф душманни тор-мор қилганини иддао қилди. Хусусан, Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳукумати аскарларидан 50 ка яқини ҳалок бўлганини иддао қилди.

Эскалация ортидан Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар Анқара Россиядан сотиб олган «С-400» ракета тизимларини ишга солишини айтиб, таҳдид солди.

Қозоғистон ҳукумати Азаттиқ радиоси икки журналистини аккредитациядан ўтказишдан бош тортди

Қозоғистон. Полиция ҳодимлари норозилик акциясини ёритаётган Азаттиқ радиоси журналисти Пётр Трошченкони ушлаб олиб кетмоқда. 2019, 9 июнь.

Озод Европа/Озодлик Радиоси (РСЕ/РС) медиакорпорацияси Қозоғистон ҳукуматини радионинг қозоқ хизмати- Азаттиқнинг икки журналистини аккредитациядан ўтказишдан бош тортганини танқид қилди, ҳамда буни медиаресурс ишига навбатдаги аралашиш сифатида баҳолади.

Аккредитациядан мухбирлар ​ Санат Урналиев ва Мария Мельниковалар ўтказилмади..

19 февралда Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди номига ёзган мактубида РСЕ/РС президенти Жейми Флай аккредитациядан ўтказиш рад этилишини журналистларга нисбатан «ўзбошимчалик» ва «ноқонуний ҳаракатларнинг охирги намунаси» дея атади. Флайнинг таъкидлашича, аккредитация олмаган репортерлардан бири Санат Урналиев халқаро даражада тан олинган журналист ҳисобланади ва Азаттиқ таҳририятида 2014 йилдан бери ишлаб келади.

Корпорация раҳбарининг расмий мактубида таъкидланишича, мамлакат ичкарисида ишлаш учун рухсат берилмаслиги Азаттиқнинг Қозоғистон аҳолисига ўта муҳим бўлган хабарларни етказишдаги миссиясига тўсқинлик қилади.

Жейми Флайнинг фикрича, 2019 йилда Азаттиқ журналистларининг таъқиб қилиниши "ўта жиддий ва кўп сонли" бўлиб, Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тоқаев маъмурияти, Бош прокуратура ва хукуматнинг айрим аъзоларига расмий шикоят қилиш учун асос бўлди.

У шунингдек, Азаттиқ журналистларининг шикоятларига эътибор қаратмаган Қозоғистон полициясини «атайлаб ва такрорий ҳаракатсизлик»да айблади. Бу мурожаатларга корпорация жавоб олмади.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири номига йўлланган мактубда таъкидланишича, давлат ОАВ кўп ҳолда маълумот бермаган ёки беришни хоҳламаганида РСЕ/РСнинг қозоқ таҳририяти рус ва қозоқ тилларида ахборот тарқатиш ва шу билан бирга эркин фикр алмашиш минбари бўлиб хизмат қилмоқда. 2019 йилда azattyq.org сервисининг сайтига 27,8 миллион киши кирган ва 42,6 миллион киши унинг саҳифаларини кўрган. 764 мингдан ортиқ киши унинг YouTube каналига обуна бўлди, 413 минг киши эса унинг Instagram даги саҳифасига обуна бўлди.

Ўтган йили Азаттиқ журналистлари бир неча бор иғвогарларнинг ҳаракатлари билан тўқнаш келди. Юзларига ниқоб тақиб олган кишилар камералар объективларини қоғоз ва соябонлар билан тўсиб қўйишди, мухбир ва операторларни чалғитишди ва уларни калтаклашди.

РСЕ/РС — таҳририят сиёсатида мустақил медиакорпорация бўлиб, USAGM орқали АҚШ конгрессининг молиявий гранти билан таъминланади.

Якшанба куни Афғонистонда «зўравонликни озайтириш» ҳафтаси бошланади

Толибон вакиллари 2019 йилнинг 22 октябрида Москвада ўтказилган музокараларда.

21 февраль куни юқори лавозимли Афғонистон расмийси ҳамда Толибон етакчилари якшанба куни бир ҳафтага чўзилувчи «зўравонликни озайтириш» ҳафтаси бошланишини маълум қилишди.

Бу чора 2018 йилда Қатарда АҚШ ва Толибон вакиллари ўртасида бошланган тинчлик музокаралари доирасида тайёрланган тинчлик келишувини имзолаш олдидан кўрилган чора эканлиги айтилмоқда. Агар тинчлик келишуви имзоланса, АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши мумкин.

Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жавед Файсал:

- Режага биноан, Толибон ҳамда халқаро ва Афғонистон хавфсизлик кучлари ўртасида зўравонликни озайтириш бир ҳафта давом этади, — деди.

Файсалнинг сўзларига кўра, ҳафта давомида Афғонистон ҳукумати кучлари «Ислом давлати» каби бошқа жангари гуруҳларга қарши амалиётларини давом эттиради.

- Умид қиламизки, бу чора узайтирилади ҳамда Афғонистондаги тарафлар ўртасидаги музокаралар тинчлик келишуви билан якунланишига замин яратади, — дея қўшимча қилди котиб.

АҚШ расмийлари ҳали мазкур ҳолатни изоҳлагани йўқ.
Reuters агентлиги уч Толибон расмийси якшанба куни кечки соат 12:00 дан бошлаб зўравонликни озайтиришга келишиб олинганини тасдиқлаганини хабар қилди.

Эронликлар парламент сайловида консерватив руҳонийлар танловидан ўтган номзодлар учун овоз бермоқда

21 февраль куни Эронда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.
Парламентдаги 290 ўринга даъвогар барча номзодларни консерватив руҳонийлар танлаган. Ислоҳот тарафдорлари ҳамда мўътадил қарашларга эга номзодларга эса сайловда қатнашишга изн берилмади.

Инқилоб посбонлари кенгашининг консерватив аъзолари 7148 нафар номзодни маъқуллади, 9000 мингга яқин даъвогар арзини эса рад этди.

Номзодликка даъвоси қабул қилинмаганларнинг 90 нафари ҳозирги ҳукумат аъзоларидир.

Сайлов арафасида АҚШ номзодлар арзларини кўриб чиққан Инқилоб посбонлари кенгашининг беш аъзосига қарши санкция жорий қилди.

АҚШ Давлат департаментининг Эрон бўйича махсус вакили Браян Ҳук бу расмийлар «Эрон халқини очиқ ва адолатли сайловлардан маҳрум қилгани учун уларга қарши санкция жорий қилинганини» айтди.

Санкцияга йўлиққанлар орасида Инқилоб посбонлари кенгашининг котиби, ультра консерватив Аҳмад Жаннатий бор.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео «Жаннатий каби руҳонийлар Эрон халқини сўнгги 41 йилдан бери танлов ҳуқуқидан маҳрум қилиб келади», деди.

Сайлов маҳаллий вақт билан соат 8:00 да бошланди ва кечки 6:00 гача давом этади.

АҚШда президент Трампнинг собиқ маслаҳатчиси қамалди

Рожер Стоун.

АҚШ суди 20 февраль куни президент Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Рожер Стоунни 3 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Аввалроқ у Конгрессга ёлғон маълумотлар тақдим этганлик, одил судловга тўсқинлик қилганлик ва гувоҳларга босим ўтказганликда айбдор, деб топилганди.

Стоунга нисбатан айблов махсус прокурор Роберт Мюллернинг АҚШдаги сайловларга Россиянинг эҳтимолий аралашувига оид суриштируви билан боғлиқ. Бу суриштирув асосида аввалроқ Трамп штабининг бир неча собиқ ходими ҳам судланган. Аммо айбловларнинг Россия билан ҳамкорликка алоқаси йўқ.

Стоунга қўйилган асосий айблов, тергов иддаосича, Намояндалар палатасидаги тингловда ўзининг WikiLeaks сайти билан алоқаси тўғрисида ёлғон маълумот бергани билан боғлиқ. Бу сайт Демократлар партияси серверини бузиб кириш (бу иш россиялик ҳакерлар томонидан амалга оширилгани тахмин қилинади) орқали олинган материалларни ёйинлаганди. Стоун WikiLeaks таҳририятида Демократлар партияси Миллий қўмитаси серверидан ҳакерлар томонидан ўғирланган ҳужжатлар борлигини билгани аниқланган.

Прокурорлар 67 ёшли Стоунга 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоси сўраганлар. Бу тавсия Стоуннинг эски дўсти бўлган президент Трампни дарғазаб қилган. Бош прокурор Вильям Барр айблов хулосасидаги тавсияларни қайта кўриб чиқишни топширган, шундан сўнг бу ишни юритган тўрт нафар прокурор истеъфога чиққан.

Демократлар Трампни одил судлов жараёнига аралашганликда айблаганлар. Бош прокурор президентнинг твитларидан норози эканини билдирса-да, унга босим ўтказилмаганини урғулаган. Трамп эса мазкур ишни изоҳлашда давом этган. У судьяларни нохолисликда айбламоқда.

Москвада экстремизмда гумонланган олти нафар қирғизистонлик қўлга олинди

Россия пойтахти Москвада олти нафар қирғизистонлик экстремизм гумони билан қўлга олинди, дея хабар қилади ТАСС суд матбуот хизмати маълумотларига таянган ҳолда.

Москванинг Мешчанск туман суди эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинганларни 17 мартга қадар ҳибсда тутиб туриш бўйича қарор қабул қилган. Қирғизистонликлар экстремистик руҳдаги ҳамжамият ташкил этганликда гумонланмоқда.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси қўлга олинганларнинг фуқаролигига оид маълумотлар ва вазият ўрганилаётганини билдирган.

Хитой коронавирусни юқтираётганлар сони озая бошлагани тўғрисида баёнот берди

Хитой янги коронавирусга чалинганлар сони ўсиш суръати секинлай бошлаганини хабар қилди. Аммо касалликдан вафот этганлар сони ўсиб бормоқда.

20 февраль куни Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси эпидемия эпицентри Хубэй вилоятида сўнгги 24 соат ичида 628 нафар киши, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида 45 одам вирусни юқтирганини, касалликка чалинишлар сони сўнгги уч кун давомида озаяётганини билдирди.


Бу орада Эронда икки киши коронавирус туфайли ҳалок бўлгани хабар қилинди. Японияда эса Diamond Princess круиз кемасида саёҳат қилган катта ёшдаги икки киши ҳалок бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минтақавий директори Ричард Бреннан Хитой қисқа муддат ичида йирик натижаларга эришаётгани, аммо бўҳрон ўз якунига етмаганини айтди.

Хитой расмийлари вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 60 миллиондан ошиқ одам истиқомат қиладиган шаҳарларни изоляция қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, COVID-19 деб номланган коронавирусдан ўлганлар сони 2100 дан ошди, касалликни юқтириб олганлар сони эса 75 минг кишидан ошди.

АҚШ давлат котиби Саудия Арабистонига хизмат сафари билан борди

Саудия Арабистони. АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эр-Риёдга 19 февралда келди.

20 февраль куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео Саудия Арабистони етакчилари билан учрашади. Икки тараф Эрон масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари Помпео Саудия қироли Салмон, унинг ўғли валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳамда ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан билан учрашишини маълум қилди.

Эр-Риёдга ташрифи олдидан Помпео:

- Хавфсизлик масалалари, хусусан, Эрон Ислом Республикаси масаласи ҳақида узоқ сўзлашамиз, — деди.

АҚШ президенти Дональд Трамп дунёнинг етакчи давлатлари билан Эрон ўртасида унинг ядро дастури бўйича 2015 йилда эришилган битимдан АҚШни чиқариб, Эронга нисбатан санкцияларни ва босимни оширган. Шу сабаб Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги танглик кучайди.

Сунний Саудия Арабистони эса шиа Эронни минтақадаги асосий рақиби деб билади.

Помпеонинг Эр-Риёдга ташрифидан олдин АҚШ армияси Эрон Ямандаги исёнчиларни қурол билан таъминлашда давом этаётганини билдирган эди. Саудия Арабистони эса Яманнинг жорий ҳукуматини қўллаб келади.

Помпео учрашувлар давомида иқтисод ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларни ҳам муҳокама қилишини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG