Линклар

Шошилинч хабар
10 апрел 2020, Тошкент вақти: 02:26

Халқаро хабарлар

Тожикистонда террор ташкилоти собиқ раҳбарининг ўғиллари узоқ муддатга қамалди

Тожикистон Олий суди “Жамоати Ансоруллоҳ”нинг собиқ раҳбари, “Домулло Амриддин” номи билан танилган Амриддин Табаровнинг икки ўғлини узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилди.

Табаровларнинг яқинлари ва адвокатларидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Амриддин Табаровнинг икки ўғли ўтган йили Афғонистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган эди. Олий суд вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига 22 октябрь куни маълум қилишича, Домулло Амриддиннинг икки ўғлига нисбатан ҳукм 29 августда чиқарилган, аммо бу маълумот эндигина очиқланмоқда.

Манбага кўра, Абдулфаттоҳ Табаров 23 йил ва Саиджамолиддин Табаров эса 16 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Бошқа бир манбанинг айтишича эса, уларнинг ҳар иккиси жиноий тўда ташкил қилиш, конституцион ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашни очиқчасига тарғиб қилиш, қонунга зид равишда қурол сақлашда айбдор, деб топилган. “Тергов ва судда улар 2009 йилдан бери оталарини кўрмаганларини ва у ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Катта ўғил қурол яширилган махфий жойни кўрсатди”, дейди манба.

Ака-ука Табаровлар ўзларига қўйилган айбловларни тан олган-олмагани маълум эмас.

Тожик жангарилари томонидан ташкил этилган “Жамоати Ансоруллоҳ” террор ташкилоти 1990-йиллар бошларида Покистонда пайдо бўлган ва Амриддин Табаров бошчилигида аста-секин Афғонистонга ўта бошлаган.

Тожикистон Олий суди 2012 йилнинг май ойида гуруҳни террорчилик ташкилоти, деб эълон қилган. 2013 йилдан бошлаб бу гуруҳнинг ўнлаб аъзоси қамалган.

Гуруҳ лидери Амриддин Табаровнинг ўғиллари Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ америкалик ҳарбийлар томонидан 2009 йили қўлга олинган. Экстрадиция қилингунларига қадар улар Баграмдаги қамоқхонада ушлаб турилган. Кобулдан 50 километр наридаги Бағром қамоқхонаси АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқилиши тўғрисидаги шартнома доирасида 2013 йили афғон расмийлари назоратига ўтган.

2016 йили The Washington Post нашри Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ Табаровларнинг қамоқ муддати тугагани, бироқ улар Тожикистонга қайтишдан воз кечаётгани ва Бағромда қолишни афзал кўришаётганликлари борасида маълум қилган эди.

Айрим маълумотларга қараганда, ака-ука Табаровлар Тожикистондан Эронга ўтишган ва у ердаги мадрасалардан бирида диний таълим олишган ҳамда у ердан Афғонистонга қайтишган. Уларнинг Афғонистонга нима мақсадда ўтгани маълум эмас, аммо оталари Тожикистонга “жиҳод” билан қайтиши борасида таҳдид қилган эди.

ИИВ маълумотларига кўра, Амриддин Табаров 2016 йилда Афғонистонда ўтказилган махсус амалиёт вақтида ўлдирилган.

Кун янгиликлари

Россияда коронавирус юқтирганлар сони 10 мингдан ошди

Коронавирусга чалинганларнинг асосий қисми Москвада.

Росссияда 9 апрель ҳолатига қараганда, коронавирусга чалинганлар сони 10 минг 131 кишига етди. Сўнгги 24 соат ичида 13 киши ўлди, 118 киши соғайди. Бу билан жами ўлганлар сони 76 кишига, соғайганлар сони 698 киишга етди.

Расмий маълумотда айтилишича, коронавирус инфекциясига чалинганларни аниқлаш бўйича бир миллионта тест ўтказилган.

Айни пайтгача Россиянинг Чукотка, Ненец мухтор округи, Олтой ва Тива Республикаларидагина коронавирус аниқланмаган.

Коронавирусга чалинганларнинг асосий қисми Москва шаҳри, Москва вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Брянск вилояти ва Коми Республикаси турғунларидир.

Украина ва Россия қўллаб келаётган айирмачилар Пасха арафасида маҳбус алмашишга келишди

Шу йил январда Киевда ўтказилган акцияда Россияпараст айирмачилар ҳибсда сақлаётганларнинг суратларини яқинлари кўтариб турибди.

Украина ҳукумати ҳамда россияпараст айирмачилар православ Пасха байрами арафасида маҳбус алмашишга келишиб олди.

Бу ҳақда 8 апрель куни Уч томонлама мулоқот гуруҳи аъзолари бўлмиш Россия ва Украина эълон қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский сайтида эълон қилинган билдирувда ўтказилган музокаралар давомида маҳбусларни 19 апрелгача алмашишга келишиб олингани айтилади.

Россиянинг Уч томонлама мулоқот гуруҳидаги вакили Борис Гризлов Киев ва айирмачилар алмашиш режалаштирилаётган маҳбуслар рўйхатини тузганини айтди.

Тарафлар нечта маҳбусни алмашиши ҳозирча номаълум.

Киев ва Россия дастаклаб келаётган айирмачилар ўртасидаги музокаралар бугунга қадар Украина шарқида тўқнашувларни тўхтата олмай келади.
БМТ маълумотларига кўра, тўқнашувлар туфайли бугунга қадар тахминан 13200 одам нобуд бўлди.

Айрим давлатлар коронавирус туфайли жорий қилинган чекловларни бекор қилиш устида бош қотирмоқда

Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини янги вирус ҳақида огоҳлантирганидан 100 кун ўтиб, бир неча давлатда коронавирус инфекцияси туфайли ҳалок бўлаётганлар, шифохонага ётқизилганлар ҳамда вирусга чалиниш ҳолатлари озайишига карантин чоралари сабаб бўлаётгани хабар қилинди.

Шу сабабдан айрим мамлакатлар жорий қилинган чекловларни аста-секин бекор қилиш ҳақида ўйлай бошлади.

8 апрель куни Жаҳон савдо ташкилоти директори Роберту Азеведу коронавирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига таъсири йирик иқтисодий бўҳрон келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Аммо мутахассислар чекловларни муддатидан олдин бекор қилиш касаллик тарқалиш суръати секинлай бошлаган ҳудудларда инфекция қайтадан авж олишига туртки бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб янги коронавирусга чалинганлар сони 1,5 миллиондан ошди. Вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этганлар сони эса 89 мингдан ошди.

Мутахассислар аслида касалликка чалинганлар сони бундан ҳам юқори эканлигини айтмоқда.

Twitter асосчиси Жек Дорси коронавирусга қарши курашиш учун 1 миллиард доллар ажратди

1 миллиард доллар Дорси бойлигининг 28 фоизини ташкил қилади.

Twitter асосчиси ва компания бош директори Жек Дорси Square компаниясидаги улушидан коронавирусга қарши курашиш учун 1 миллиард доллар маблағ аэратишини билдирди. У бу ҳақда ўзиниг Twitter саҳифасида 8 апрель куни эълон қилди.

Хабарда айтилишича, 1 миллиард доллар Дорси бойлигининг 28 фоизини ташкил қилади. Пандемия бартараф этилганидан сўнг ошиб қолган маблағ эса қизларнинг соғлиғи ва таълим олишига сарфланади.

Дорси коронавирусга қаши кураш учун маблағ ажратган ягона миллиардер эмас. Февраль ойида Microsoft асосчиси Билл Гейтс Хитойда коронавирусга қарши курашиш учун 100 миллион доллар ажратган.

Apple раҳбари Тим Кук эса бутун дунё бўйлаб коронавирус оқибатида касалланганларни даволашга 15 миллион доллар ажратган.

1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканаллари коронавирус карантинини Тошкентда ўтказаëтган миллиардер Алишер Усмонов “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” фондига 20 миллион доллар хайрия қилганини хабар берди.

Суриядаги кимёвий ҳужум юзасидан якунланган тергов хулосаси эълон қилинди

Хама шаҳрига 2017 йилда қилинган кимёвий ҳужумда юздан ортиқ одам жабрланган.

Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот (КҚТТ) Суриянинг Хама шаҳрига 2017 йилда қилинган кимёвий ҳужум юзасидан якунланган тергов хулосасини эълон қилди.

Ташкилот терговчиларининг билдиришича, 2017 йилнинг март ойи охирида Хама шаҳрига хлорли ва заринли бомбани Сурия ҳукумат кучлари учувчилари ташлаган. Терговчилар бу ҳужумга алоқадор бўлган шахсларнинг исмлари ҳам аниқлангани, аммо уларнинг исмлари ҳисоботда қайд этилмаганини ҳам айтдилар.

Кимёвий ҳужумдан юздан ортиқ одам жабрланган эди. Ҳисоботда бомбалардан бири касалхонага ташлангани маълум қилинган.

Ташкилот мазкур кимёвий ҳужум учун масъулиятни Башар Ассад ҳукумати зиммасига юклади. Сурия ҳукумати ҳозирча бу ҳисоботга муносабат билдирмади.

Кимёвий ҳужум ортидан 2017 йилнинг апрель ойида АҚШ Франция ва Британия қўллови билан Сурия ҳарбий қисмларига жавоб ҳужуми уюштирган эди.

АҚШ ва Ғарб кимёвий ҳужумда Россиянинг қўли борлигини айтиб келишган. Москва бу айбловларни инкор қилган.

Путин ҳукумат ва губернаторларга "коронавирусга қарши кураш"га тайёр туриш топшириғини берди

Владимир Путин тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўланиши тўғрисида кўрсатма берди.

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга ва губернаторларга коронавирусга қарши жиддий курашга тайёр туришлари шартлигини айтди. Унга кўра, кейинги 2-3 ҳафта ичида Россияда коронавирус вазияти мураккаблашиши кутилмоқда.

“Айни пайтда биз ҳар бир минтақада ҳар бир одамнинг ҳаёти учун курашишга тайёр бўлишимиз шарт”, -деди Путин 8 апрелда ўтган видеоселекторда.

Россияда бугунги кунгача коронавирусга чалингалар сони расман 8670 одамни ташкил қилди. Беморлардан 63 нафари вафот этди. Бироқ экспертлар бу рақамларнинг ростлигига шубҳа билдиришмоқда. Уларга кўра, коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони расман эълон қилинаётганидан анча кўпроқдир.

Владимир Путин йиғилишда тиббиёт ходимлари ойлик маошига қўшимча ҳақ тўланиши тўғрисида кўрсатма берди. Унга кўра, уч ой мобайнида тиббиёт ходимларига 25 минг рублдан 80 минг рублгача қўшимча ҳақ тўланади.

Бундан ташқари Путин Россиянинг 80та минтақасига коронавирусга қарши кураш учун 10 миллиард рубль ( 133 миллион доллар) маблағ ажратилганини билдирди.

Лондон Олий суди Дариға Назарбоеванинг 104 миллион долларлик уйи юзасидан чиқарилган ордерни бекор қилди

Уйлардан бирида Дариға Назарбоеванинг ўғли Нурали Алиев яшайди.

Лондон Олий суди 8 апрель куни “манбаси номаълум бўлган даромадларга сотиб олинган уйлар” тўғрисидаги учта ордерни бекор қилди. Бу ордерларни пул ювишга қарши кураш кампанияси доирасида Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик киритган эди.

Ордерлар, жумладан, Қозоғистон собиқ президентининг катта набираси Нурали Алиев яшаётган уйга ҳам тегишли.

Ордерда айтилишича, баҳоси 80 миллион фунт стерлинг (104 миллион долларга яқин) бўлган уй Нурали Алиев ва унинг онаси Дариға Назарбоева эгалик қиладиган офшор ширкатлари номига расмийлаштирилган. Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу уйлар қайси маблағ ҳисобига сотиб олинганини исботлашни талаб қилиб келаётган эди.

Лондон Олий судининг билдиришича, ордерлар бекор қилинишига “судга тақдим этилган далилларнинг етарли эмаслиги” сабаб бўлди. Суд қарорида бу уйларни сотиб олиш манбаси “молиявий жиҳатдан мустақил бўлган Дариға Назарбоева” экани айтилади.

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик суд қарори устидан апелляция киритишини билдирди.

Москвадаги қариялар уйида чиққан ёнғинда камида тўрт киши ҳалок бўлди

Ёнғин 8 апрель куни соат 21:24 да бошланган.

Москвадаги қариялар уйида чиққан ёнғинда камида тўрт киши ҳалок бўлди, камида 10 одам жароҳатланди.

“Новости” агентлигининг ёзишича, Москвадаги 3- Мякинин кўчасидаги "Третий возраст" қариялар уйидаги ёнғин 8 апрель куни соат 21:24 да бошланган. Ёнғин соат 22:20 да ўчирилган. Ўт чиқишига электр симларидаги носозлик сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ёнғин бошланиши билан 50 киши қариялар уйини тарк этишга муваффақ бўлган. Яна 18 кишини ўт ўчирувчилар қутқарди.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Москва мэри ёнғинда жабрланганларга барча тегишли ёрдам кўрсатилаётганини билдирди.

COVID-19 вирусига чалинганлар сони бир ярим миллиондан ошди

АҚШда бир кунда 27 минг одамга коронавирус юқди.

Жаҳонда COVID-19 вирусига чалинганлар сони бир ярим миллиондан ошди. Вирус юқтирганлар сони бўйича жаҳонда АҚШ етакчилик қилмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда бу мамлакатда 430 минг одам коронавирусга чалинган.

Сўнгги 24 соат ичида АҚШда вирус 27 минг одамга юқди. Бир кунда 1800 одам вафот этди. Бу билан АҚШда коронавирусдан ўлганлар сони 14 минг 700 кишига етди.

COVID-19 бўйича иккинчи ўринга Испания чиқди. Бу ерда 148 мингдан кўпроқ бемор бор, 15 минг одам вафот этди.

Учинчи ўринда Италия. Мамлакатда 140 мингга яқин одамга коронавирус юқди, 17,5 мингдан кўпроқ одам ўлди. Италия жаҳонда коронавирусдан энг кўп одам ўлган мамлакат бўлиб қолмоқда.

Сенатор Берни Сандерс АҚШ президентлигига номзодини қўйишдан бош тортди

Сандерс вице-президент Жо Байден билан рақобатлашаётган эди.

АҚШ сенатори Берни Сандерс 2020 йилда ўтадиган президетлик сайловига Демократик партиядан ўз номзодини олға суриш бўйича кампанияни тўхтатди.

Сандерснинг сайловолди жараёнидан чиқиши амалдаги вице-президент Жо Байденга демократлар номидан республикачи президент Дональд Трампга қарши кучли номзод бўлиш имкониятини яратди.

Байден яқинда Иллинойс, Аризона ва Флорида штатида ўтказилган праймеризда Сандерс устидан ғалаба қилган эди.

Коронавирус эпидемияси вазиятида АҚШ сайловолди кампаниясини анъанавий тарзда ўтказа олмаяпти. Сайловчилар билан ўтказиладиган митинглар ва учрашувлар бекор қилинган.

Демократик партиядан президентликка номзод бўлиш учун июль ойида ўтадиган партия съездининг 3979 делегатидан 1991 нафарининг овозини олиш лозим. 7 апрель ҳолатига кўра, Байден 1271 овоз йиғувчининг қўллаб-қувватлашига эга бўлди. Сандер эса 914 овоз олди.

Амалдаги президент Дональд Трамп Республикачилар партиясининг Иллинойс ва Флоридада ўтган праймеризда 1301 овоз йиғувчининг қўлловига эга бўлди. Трамп Республикачилар партияси номидан президентликка номзод бўлиш учун партия съездига келадиган 2441 делегатнинг 1276 нафари овозини олиши лозим. Съезд август ойида ўтказилади.

АҚШ президентлигига сайлов 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтади.

Россияда бир кунда 1175 киши коронавирусга чалинди

Россияда шу кунгача 8672 кишига коронавирус юқди.

Россиянинг 56 минтақасида, 8 апрелдаги маълумотларда қайд этилишича, коронавирусга чалинганлар бўйича 1175 та янги ҳолат аниқланди. Россиянинг 81 минтақасига тарқалган коронавирусдан шу кунгача жами 8672 киши касалланди.

Бир сутка ичида, расмий маълумотларга қараганда, беш киши вафот этди. Бу билан Россияда коронавирусдантўлганлар сони 63 нафарга етди.

Россияда ҳозиргача фақат Чукотка, Ненец мухтор округи, Тива ва Олтой Республикасида коронавирус аниқланмади.

Коронавирус юқтирган Британия бош вазирининг аҳволи барқарор

Британия бош вазири Борис Жонсон даволанаётган касалхона. Лондон шаҳри.

COVID-19 инфекциясига чалинган Британия бош вазири Борис Жонсон касалхонанинг жонлантириш бўлимида иккинчи кунни ўтказди.

Шифокорлар вазирнинг аҳволи барқарор эканлигини айтмоқда.
Жонсоннинг матбуот котиби вазир жонлантириш бўлимида шифокорлар назорати остида эканлигини айтди.

Бугунга қадар Буюк Британияда коронавирусга чалинганлар сони 55 мингдан ошди, уларнинг 6200 нафари касаллик туфайли вафот этди.

Бу орада АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида касаллик туфайли вафот этганлар сони 4 мингдан ошди.

Аммо штат губернатори Эндрю Куомо шифохонага ётқизилаётганлар ҳамда сунъий нафас олдириш аппаратига муҳтожлар сони озая бошлаганини айтди.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда вирусга чалинганлар сони 400 мингдан, вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 13 мингдан ошди.

Президент Руҳоний Халқаро валюта жамғармасини Эронга қарз беришга чақирди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) коронавирус оқибатларини юмшатиш учун Теҳрон сўраган 5 миллиард доллар қарзни маъқуллашни сўради.

- Биз ХВЖ аъзосимиз. Қарз беришда дискриминация бўлмаслиги керак, — деди президент 8 апрель куни.

Ўтган ойда Эрон Марказий банки ХВЖнинг Тез молиялаштириш ташаббусидан 5 миллиард доллар қарз сўраган эди.
Эрон янги коронавирус пандемиясидан энг кўп азият чекаётган давлатлар сафидадир.

Бугунга қадар мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 62,500 дан ошди, уларнинг 3800 нафари касаллик туфайли вафот этди.

Аммо мутахассислар Эрон ҳукумати тарқатган бу рақамларни шубҳа остига олиб, аслида вирусга чалинганлар ва вафот этганлар сони анча юқори эканлигини тахмин қилмоқда.

COVID-9 пандемияси шусиз ҳам АҚШ санкциялари туфайли оқсоқлаб келган Эрон иқтисодини мушкул аҳволга солиб қўйди. 2018 йилда АҚШ Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши санкцияларни қайта жорий қилган.

АҚШда коронавирусдан бир суткада ўлганлар сони рекорд даражага етди

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар 1 миллион 400 мингга етди.

АҚШда сўнгги 24 соат ичида 1800 бемор коронавирусдан вафот этди. Бу АҚШда эпидемия бошланганидан бери ўлимлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Коронавирус статистикасини олиб боратган Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, шу кунгача АҚШда 398 минг одам коронавирус юқтирди. Вирусдан ўлганлар сони 13 минг кишига етди. АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича жаҳонда биринчи бўлиб турибди.

Президент Дональд Трамп Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида мамлакат коронавирусдан ўлганлар сони энг юқори кўрсаткичга етадиган даврга кириб келаётганини айтди.

Бугунги кунга келиб жаҳонда коронавирусга чалинганлар 1 миллион 400 мингга етди.

"Маҳбус алмашиш тўхтагач" Толибон ўз музокарачиларини Кобулдан чақиртириб олди

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин.

Толибон жангари гуруҳи Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича музокарачиларни тўхтатганини билдирганидан кейин кўп ўтмай ўз музокарачиларига Кобулдан ортга қайтишни буюрди.

7 апрель куни гуруҳ уч аъзодан иборат делегацияси пойтахт Кобулда Афғонистон расмийлари билан учрашганини, аммо музокараларда силжиш бўлмаганини билдирди.

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин Twitterда жангари гуруҳ вакиллари «зудлик билан» музокараларни тўхтатиши ҳақида ёзди. Шаҳин маҳбуслар аллақачон алмашилган бўлиши кераклигини, аммо Кобулдаги ҳукумат Толибон маҳбусларини озод этишга ошиқмаётганини таъкидлади.

Аввалроқ котиб жангари гуруҳ вакиллари «самарасиз музокараларда» қатнашмаслигини маълум қилган эди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани маслаҳатчиси Воҳид Умар расмий Қобул маҳбус алмашишни музокараларнинг бир бўлаги ўлароқ кўришини таъкидлади. 7 апрель куни Умар Толибон «олға қадам ташламаса», ҳукумат маҳбус алмашинишига рози бўлмаслигини айтди.

Жорий йилнинг февралида Доҳада АҚШ ва Толибон тинчлик келишувини имзолаган эди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса ҳукуматнинг 1000 нафар ходимини озод этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.

“Роскосмос” АҚШни ўзга сайёраларни агрессив тарзда босиб олмоқчи бўлаётганликда айблади

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган шартнома асосида белгиланади.

Коинотни экспроприация қилиш ва ўзга сайёраларни босиб олиш юзасидан агрессив режаларнинг борлиги Россия ва АҚШ ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда “Роскосмос” раҳбари Сергей Савельев 7 апрель куни баёнот берди.

Савельевнинг баёноти АҚШ президенти Дональд Трамп 6 апрель куни имзолаган фармонга расмий жавоб бўлди. Трамп фармонида тижорий мақсадларда Ой, Марс ва бошқа сайёраларни ўзлаштириш Қўшма Штатлар вақолатидаги ҳуқуқ экани таъкидланади.

Фармонда АҚШ коинотни умумжаҳон мулки деб билмаслиги, балки коинотни “юридик ва жисмоний жиҳатдан инсон фаолият юритиши учун ўзига хос объект” деб тан олиши белгиланган.

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси 1979 йилда қабул қилган “Давлатларнинг Ойдаги ва бошқа фазовий жисмлардаги фаолияти тўғрисида”ги шартномада қайд этилган. Ҳужжатни 18 давлат имзолаган. Россия ва АҚШ мазкур шартномага қўшилмаган.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида нарх-наво деярли 10,5 фоизга қимматлади

Қирғизистон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлагани кузатилмоқда.

Қирғизистонда коронавирус пандемияси ортидан нарҳ-наво ўтган йилнинг биринчи чорагига қараганда 10,4 фоизга қимматлади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 8 апрелда маълум қилди.

Расмий маълумотга қараганда 2020 йилнинг январь-март ойларида тирикчилик минимуми бир одамга ойига 5167 сўмни (таҳминан 61 долларни) ташкил қилган. Тирикчилик минимуми кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизмат кўрсатиш нархларининг минимал кўрсаткичи ҳисобланади.

Статистика қўмитаси Қирғизистонда бугунги кунгача ишсизлар сони 156 минг кишига етганини билдирди.

Март ойида миллий валюта сўм долларга нисбатан 12 сўмга қадрсизланди. Кўп йиллар давомида 1 доллар 69 сом даражасида сақланиб келаётганди. Март ойининг охирларида 1 доллар 85 сомгача кўтарилди.

Статистика қўмитаси нарх-навонинг кўтарилишига коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани ҳам таъсир кўрсатганини билдирди.

Қирғизистонда 8 апрель ҳолатига кўра, 270 одам коронавирусга чалинган, улардан 6 нафари ўлди, 25 нафари соғайди. Вирус юқтирганларнинг 32 нафари тиббиёт ходимларидир.

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллигидан норози аҳоли стихияли намойишларни уюштирмоқда

Туркманистонда нон олиш учун навбатда турганлар.

Туркманистонда ун тақчиллиги аҳоли орасидаги норозиликни кучайтирмоқда. Бу ҳақда 8 апрель куни Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир неча кун ичда мамлакат жанубида қатор стихияли норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Озодлик радиоси туркман хизмати 3 апрелда Марида аёллар ун талаб қилиб йўлни тўсиб қўйганлари ҳақида хабар берган. «Хроника Туркменистана» нашри эса 4 апрелда норозилар вилоят ҳокимияти олдига йиғилганини ёзди.

“4 апрель куни эрталаб, Мари вилоятидаги 30 аёл маҳаллий ҳокимият биноси олдига йиғилди. Қўриқчилар улардан уйларига кетишни талаб қилди, аммо аёллар ҳоким уларнинг арзларини тингламагунича кетмасликларини айтишди”, дейилади хабарда.

Аёллар ун билан биргаликда ўсимлик ёғи ҳам танқис бўлиб қолганидан шикоят қилишган.

Нашрнинг ёзишича, аёллар билан ҳоким ва унинг икки ўринбосари ҳамда вилоят милицияси бошлиғи учрашган. Аёллар тез орада вилоятда очлик бошланиши мумкинлигидан ташвиш билдиришган.

Туркманистонда уч йилдан бери озиқ-овқат танқислиги кузатилмоқда. Бу мамлакат бозорларида нарх-наво мунтазам кўтарилиб бормоқда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 704 нафар бўлди

Беморларнинг 222 нафари пойтахт Нур-Султонда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони бир суткада 35 нафарга кўпайди ва 704 кишини ташкил қилди.

Беморларнинг 340 нафари вилоятларда. Қарағандада 55, Жамбилда 45, Ақмўлада 42, Атирауда 36, Туркистонда 33, Шимолий Қозоғистонда 25, Актўбеда 11, Олмаота вилоятида 10, Шарқий Қозоғистонда 6, Манғистауда 5, Кўстанайда 3, Ғарбий Қозоғистонда 2 ва Павлодарда 1 одам коронавирусга чалинагни аниқланган.

Беморларнинг 222 нафари пойтахт Нур-Султонда, 119 нафари Олмаота шаҳрида. Чимкент шаҳрида 20 бемор бор. Шу кунгача касалликдан 51 одам соғайди, 6 одам ўлди.

АҚШ 75 давлатдан 45 минг америкаликни 460та авиарейс уюштириб уйига қайтарди

Помпео бу амалиётни “Америка тарихидаги энг буюк дипломатик миссия” деб атади.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 7 апрель куни журналистларга Давлат департаменти хориж давлатларидаги 45 минг америкаликнинг уйига қайтишига кўмаклашганини билдирди.

Помпео коронавирус пандемияси шароитида америкаликларнинг уйларига қайтарилишини “Америка тарихидаги энг буюк дипломатик миссия” деб атади. АҚШ фуқароларини уйларига қайтариш учун жаҳоннинг 75 давлатига 460та авиарейс уюштирилди.

Ватандошларни уйларига қайтариш амалиётига мисол келтирар экан, Помпео Непални тилга олди. Унга кўра, Непалда Эверест тоғи ва бошқа ҳудудларда юзлаб америкаликлар қийин аҳволда қолган. АҚШ элчихонаси Непал ҳукуматидан 15 кишига мўлжалланган кичик самолётлар тоғли ҳудудлардаги америкаликларни аэропортга ташиб келтириши учун махсус рухсатнома олган.

Непалдаги элчихона ходимлари юзлаб километр масофани учиб ўтиб, америкаликлар бўлиб турган ҳудудга етиб борганлар ва уларни Непал пойтахти Катмандуга олиб келганлар. У ердан 600 америкалик АҚШга жўнатилган.

Трамп: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асосан Хитойга эътибор қаратди

АҚШ матбуоти Трамп коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширган чора-тадбирларини танқид қилиб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус тарқала бошланган пайтда Жаҳон саломатлик ташкилоти асосан Хитойга эътибор қаратганини танқид қилди.

Трампнинг ёзишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асосан АҚШ томонидан молиялаштирилади.

“Ташкилот асосан Қўшма Штатлар томонидан молиялаштирилади, айни пайтда улар эътиборни асосан Хитойга қаратди. Биз бу масалани ўрганамиз. Яхши ҳамки мен уларнинг коронавирус тарқалишининг дастлабки пайтларида Хитой билан чегарани ёпмаслик тўғрисидаги тавсиясини қабул қилмадим. Нега ташкилот бизга бундай нотўғри тавсия берган?”, деб ёзди АҚШ президенти Твиттер саҳифасида 7 апрель куни.

АҚШ матбуоти Трамп коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширган чора-тадбирларини танқид қилиб келади. Матбуотнинг ёзишича, экспертлар қишдаёқ коронавирусга қарши қатъий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилган, аммо Трамп уларнинг бу талабини рад этган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШда 381 минг одам коронавирусга чалинди, беморлардан 12 мингги вафот этди. Коронавирусга чалинганларнинг 139 нафари ва ўлганларнинг деярли беш ярим мингги Нью-Йорк штатида. Нью-Йоркда бир неча ҳафта ичида ўлганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Хитой коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳрига кириш йўлини очди

Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди.

Хитой 8 апрелга ўтар кечаси COVID-19 биринчи марта аниқланган Ухань шаҳрига кириш йўлларини очди. Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди. 7 апрель куни шаҳарда коронавирусга чалинган бирорта ҳам бемор аниқланмади.

Карантин даврида ҳукумат шаҳардаги барча ўқув даргоҳларини ёпди, транспорт қатновини тўхтатди. Аҳолига шаҳарни тарк этиш тақиқланди.

СOVID-19 Хитойда 2019 йилнинг декабридан тарқала бошланган эди. Хитойда 82 минг одам коронавирусга чалинди, 3300 дан кўпроқ бемор вафот этди. Аммо айрим экспертлар Хитой беморлар ва ўлганлар сонини озайтириб кўрсатмоқда, аслида бу кўрсаткич эълон қилинганидан юқори, деб ҳисоблайдилар.

Бугунги кунда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони бир ярим миллионга яқинлашиб қолди. Бу вирусдан 81 мингдан кўпроқ одам вафот этди.

WhatsApp COVID-19 тўғрисидаги фейклар тарқалаётгани ортидан хабарни қайта жўнатиш хизматини чеклади

Сўнгги пайтларда коронавирус тўғрисида кўплаб фейк хабарлар тарқалмоқда.

WhatsApp чатларга олинган хабарни қайта жўнатиш хизматини чеклади. Бундан буён битта чатга бешта эмас, фақат битта хабарни қайта жўнатиш мумкин бўлади.

Бу чеклов COVID-19 тўғрисидаги фейк маълумотларнинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий этилди.

Бундан ташқари компания фейк хабарлар тўғрисида WhatsApp Ахборот марказига маълум қилишни тавсия этмоқда.

Туркияда аҳолига ниқоб сотиш тақиқланди

Президент ниқобларни аҳолига бепул тарқатишга кўрсатма берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ҳудудида тиббий ниқобларни сотишни тақиқлади.

Президент 6 апрелда ўтган матбуот анжуманида:

-Ниқобни пулга сотиш тақиқланади. Эпидемия якунлангунига қадар халқимизга етадиган ниқоблар бор. Уни халққа бекорга тарқатишга тайёрмиз, - деб айтди.

Эрдўғон баёнотидан сўнг Туркиянинг ҳар бир ҳудудида маҳаллий ҳокимият ҳар бир фуқарога ҳафтасига бештадан тиббий ниқобни бепул беришни бошлади.

5 апрелдан бошлаб Туркиядаги савдо шохобчалари ва бозорларга ниқобсиз кириш тақиқланган. Дўконга ниқобсиз кирган одамга савдо шохобчаси хўжайини бепул ниқоб беришга мажбур.

Туркияда коронавирус туфайли 16 мартдан бошлаб мактаблар, олий ўқув юртлари ва савдо марказлари ёпилган. Ҳукумат фуқароларни сабабсиз уйдан чиқмасликка, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормасликка чақирмоқда.

4 апрелдан бошлаб Туркияда 20 ёшгача ва 65 ёшдан катта бўлган шахсларга кўчага чиқиш тақиқланди.

6 апрелдаги маълумотларга қараганда Туркияда 649 киши коронавирусдан вафот этди. Беморлар сони 30 мингдан ошди, 1326 бемор соғайди.

Озарбайжонда коронавирус туфайли ёши 65 дан ошган маҳбуслар озодликка чиқарилади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалиши суръатини секинлатиш мақсадида ёши 65 дан катта маҳбуслар озод этилишини маълум қилди.

6 апрель куни президенти Илҳом Алиев имзолаган фармонга биноан, 176 нафар маҳбус, жумладан, бир нафар Россия фуқароси кейинги кунларда озод этилади.

Озодликка чиқариладиганлар орасида Миллий хавфсизлик вазирлигининг собиқ расмийси генерал Акиф Човдаров ҳам бор.

67 га чиққан Човдаров вазирликнинг Энергетика ва транспорт хавфсизилиги бошқармасига етакчилик қилган. Расмий 2015 йилда қўлга олиниб, 2017 йилда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва порахўрликда айбдор деб топилган эди.

6 апрель куни, шунингдек, Алиев ўтган ойда жорий қилинган карантин чораларини камида 20 апрелгача узайтирди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG