Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Ўзбекистонда одамлар кўпроқ қайси хасталикдан ўлаётгани очиқланди


Ўзбекистонда ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлган.
Ўзбекистонда ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 25 октябр куни эълон қилган маълумотга кўра, жорий йилнинг январь-сентябр ойларида мамлакатда 112 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган.

Шу ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, ўлим холатларининг 9 фоизидан кўпи онкологик хасталиклар билан боғлиқ.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда ўн мингдан ортиқ одам саратон ва ўсимталар билан боғлиқ касалликлар сабаб ҳаётдан кўз юмган.

Шунингдек, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари ҳам Ўзбекистонда кўп учрайди.

Даслат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилда қайд этилган ўлим холатларининг 5,5 фоизи шу касалликлар билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ўлим холатларининг 6,4 фоизига бахтсиз ҳодисалар, 4,2 фоизига нафас олиш аъзолари касалликлари ҳамда 1,4 фоизига юқумли касалликлар сабаб бўлган.

Давстатқўм ҳисоботига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,5 промиллини ташкил этган.

Бу ўтган йилнинг айни даврига қараганда 0,1 фоизга камдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-сентябр ойларида мамлакатда 112 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган бўлиб, шулардан бир ёшгача вафот этган чақалоқлар сони 5 мингдан кўпроқ нафарни ташкил қилган.

Болалар ўлими холатларининг ярмидан кўпи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 18,2 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 12 фоизи - туғма аномалиялардан, 2,8 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 2,1 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,7 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 5,5 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган, - дейилади Давлат статистика қўмитаси маълумотларида.

XS
SM
MD
LG