Линклар

Шошилинч хабар
01 март 2021, Тошкент вақти: 18:55

Ўзбекистон хабарлари

Доллар қимматлаб, евро арзонлади

Марказий банкнинг хабар қилишича, 29 октябрдан бошлаб 1 АҚШ доллари шу кунгача бўлган кўрсаткичдан 14,84 сўмга қимматлаб,.9463,37 сўмга тенг бўлади.

1 евро эса 29 октябрдан бошлаб 69,54 сўмга арзонлайди ва 10483,52 сўмга тенг бўлади.

Кун янгиликлари

Тошкентда беш талаба ўлгани ортидан талабаларнинг яшаш шароити текшириладиган бўлди

Талабалар ўлгани ҳақида Бош прокуратура хабар берган.

Бош вазири ўринбосари Б. Мусаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талабаларнинг яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1 мартда билдиришича, йиғилиш шошилинч тарзда ўтказилган.

Вазирлик билдирувида 27 февраль куни Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда 5 нафар талабанинг номаълум моддадан заҳарланиб ўлгани тўғрисида маълумот берилмаган. Лекин расмий билдирувдан англашинадики, йиғилиш мазкур фавқулодда ходиса юз бергани ортидан ўтказилган.

“Муҳокама жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид қилинди”, -дейилади хабарда.

Турли вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирок этган йиғилишда талабалар ижарада қаерда яшаётгани, яшаш шароити қандай экани, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлиши каби масалаларга эътибор қаратилмаётгани муҳокама қилинган.

“Талабалар томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик бўйича билимларининг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда”,-дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эди.

Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Товламачиликда айбланаётган блогер Отабек Сатторийга нисбатан тергов якунланди

Блогер Отабек Сатторий 30 январда қўлга олинганди.

Сурхондарёда блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёни якунланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 1 март куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, терговда Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида “фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб” келгани аниқланган.

Тергов департаменти баёнотида Отабек Сатторий Интернет тармоғи орқали Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан “туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир этган”.

“Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган”,-дейилади билдирувда.

Айни пайтда блогер коррупрцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши доирасида қамоқда сақланмоқда деган фикр ҳам мавжуд.

Жумладан, бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Отабек Сатторий Термиз шаҳрида 30 январь куни қўлга олинган эди. Суд уни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамалиши мумкин.

Давстатқўм: Февраль ойида инфляция даражаси 0,6 фоизга тенг бўлди

Тошкент бозори

Жорий йилнинг феврал ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,6 фоизга қимматлаган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилишича, 2021 йилнинг дастлабки икки ойи давомида нархларнинг ўсиши 1,7 фоизни, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,8 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда эса инфляциянинг ўсиш суръати 11,4 фоизга етган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган ой озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизматлар эса 0,8 фоизга ошган. Ўтган йилнинг бу даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизмат ҳақи эса 0,3 фоизга ошган эди.

Бундан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида ўсиш ўтган йил билан солиштирганда камайгани, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўсиш суръатида ўсиш бўлмагани, хизмат ҳақининг ўсиш суръати эса ортганини англаш мумкин.

Умуман олганда, ўтган бир йил ичида Ўзбекистонда озиқ-овқат маъсулотлар нархи 14,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 9,1 фоизга, хизмат ҳақи эса 8,8 фоизга ошган.

Маҳаллий туристлардан ундириладиган йиғимнинг кунлик миқдори 980 сўм қилиб белгиланди

Ўзбекистон ҳукумати жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик (меҳмонхона) йиғимнинг яшалган кун учун миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўм қилиб белгилаган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур йиғим президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 9 февралида имзолаган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан жорий қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Фармонга мувофиқ, ўзбекистонликлардан мазкур йиғим шу йил 1 мартида ундирила бошлайди. Шу пайтгача бундай йиғимни хорижлик меҳмонлар тўлаб келган, холос.

Маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши айтилган.

Мазкур ўзгариш ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлган, ҳатто айрим блогерлар бу ҳақда “барча йўллар солиққа етаклайди” дея киноя қила бошлаганди.

Оролбўйида германиялик ҳамкорлар кўмагида 8 миллион евролик лойиҳа амалга оширилади

Орол денгизининг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири

Ўзбекистонда германиялик ҳамкорлар билан биргаликда "Оролбўйида экологик йўналтирилган минтақавий тараққиёт" лойиҳаси амалга оширилади. Бунга оид битим ўтган ҳафта якунида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳалар менежери Паул Шумахер ўртасида имзоланган.

Ҳужжат билан Оролбўйи ҳудудини барқарор трансчегаравий экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга эришишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига кўмак кўрсатиш кўзда тутилган.

Вазир Ж. Хўжаевга кўра, янги лойиҳа консалтинг хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш, геоахборот тизими, масофавий зондлаш, трансчегаравий ҳамкорлик ва бошқа таркибий қисмларни ўз ичига олган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қайдича, бюджети 8 миллион еврони ташкил қилувчи тўрт йиллик мазкур лойиҳа экологик ва ижтимоий жиҳатларга салбий таъсирларни минималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ривожланишга комплекс ёндашув асосида амалга оширилади.

Минтақа сафарини якунлаган вазир Комилов Россияга йўл олди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 1-2 март кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлади.

ТИВ маълумотига кўра, Москвадаги музокаралар чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Икки давлат дипломатлари жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий ва юқори даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқадилар.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири А. Комилов 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга, 23 февраль куни Афғонистонга, 27 февраль куни эса Қирғизистонга сафар қилиб, мазкур давлатлар президентлари қабули бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Жанубий Кореяга юбориш ваъдаси билан ўзбекистонликдан 57 минг доллар олган кореялик қўлга тушди

Корея фуқароси ўзбекистонликдан 57 минг доллар олган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг 27 февралда билдиришича, Ўзбекистон фуқаросини Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, 57 минг доллар олган хорижлик қўлга олинди.

Расман маълум қилинишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Жанубий Корея фуқароси бўлган 59 ёшли Ким Еон Сун Миробод тумани Афросиёб кўчасидаги ижара уйда яшаган. У бу ерда яшаб, ўзбекистонлик 37 ёшли С.Х.,нинг ишончига кирган. Ким Еон Сун С.Х.,ни Жанубий Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилган ва 57 минг долларини олган. Аммо ваъдасини бажармаган.

Жанубий Корея фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Тошкентдаги «Шовотландия» кафесидаги ёнғинда беш киши ўлди. Кафега ўт қўйган шахс ушланди

Суратнинг Чилонзорда содир бўлган ёнғинга алоқаси йўқ.

Тошкентдаги "Шовотландия" кафесига ўт қўйилиши ортидан мазкур кафеда ишлаб, ўша ернинг ўзида яшаб келган 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Чилонзор туманида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Кафега “қасддан ўт қўйган” шахс қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, у Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф., бўлган.

“Қасддан ўт қўйган шахс «Матиз»да манзилга келиб, бино деворларига шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган. Аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлгач воқеа жойини яширинча тарк этган”,-дейилади ИИВ билдирувида.

Аввалроқ Озодлик 27 февраль куни соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин чиққан ҳақида хабар берган эди.

Ёнғин оқибатида кафенинг томи ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган. Ёнғинни ўчиришга 4 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Ўшанда ёнғин оқибатида жабрланганлар бор экани хабар қилинган, бироқ улар олган жароҳат характери тўғрисида ҳеч нарса дейилмаганди.

Тошкентда 5 нафар талаба ўлик ҳолда топилди

Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, уларнинг жасадлари 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда топилган. Улар бу уйда ижарада туришган.

Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Суд тиббиёт экспертизасининг 27 февраль кунги дастлабки хулосасига кўра, жабланувчиларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз берган. Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган”,-дейилади хабарда.

Абдулазиз Комилов Қирғизистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширди

Абдулазиз Комилов

27-февралда Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширган.

Хабар қилинишича, суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашган.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

"Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа ё‘л очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади", дейилган ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Чилонзордаги кафега ўт кетди. Жабрланганлар бор

Суратнинг Чилонзорда содир бўлган ёнғинга алоқаси йўқ.

Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги “Шовотландия-1” кафесида чиққан ёнғин оқибатида жабрланганлар бор.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Хабарда неча киши жабрлангани, улар олган жароҳат характери тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

“Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа юзасидан ваколатли органлар томонидан қўшимча маълумот берилади”, дейилган хабарда.

Воқеа 27 февраль соат 03:51да Чилонзор тумани, Гулистон кўчасидаги “Шовотландия-1” кафесида содир бўлган.

Ёнғин оқибатида кафенинг томи ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ИИББ раҳбарияти, прокуратура, Соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматлар мутахассислари, ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ҳамда тегишли хизматларнинг куч ва воситалари жалб этилган.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси ташаббускори Х. Аллақулов: уйимга Миллий Гвардия босқин уюштирди

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси sурултойини ўтказиш ташаббус гуруҳи билан мажлисни ўтказиш масласида шартнома тузган Оқсарой тўйхонаси таъмир учун тўлиқ ёпилган.

26 февралда "Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси ташаббускори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уйига Миллий гвардиянинг 30 чоғли ҳарбийлари томонидан "босқин уюштирилди".

Бу ҳақда Хидирназар Оллоқулов Facebook ва Youtube ижтимоий тармоқларида онлайн транслация орқали маълум қилди.

Лавҳадан кўринишича, бир неча миллий гвардия либосидаги ҳарбийлар хонадон эшигини тепиб, қўнғироқни тинимсиз босишмоқда. Орада бир марта эшикни очган Хидирназар Аллақуловни олиб кетишмоқчи бўлишади ва профессор куч билан ўз уйи эшигини ёпиб олишга эришгани кўринади.

Маълум бўлишича, 26 февраль куни пойтахт тўйхоналаридан бирида Ҳақиқат ва Тараққиёт социал демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши лозим эди. Бу борада барча ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилган, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус ваколатхонларига қурултой учун таклифнома тарқатилганди.

Хидирназар Аллақуловнинг таъкидича, 26 февраль куни эрталабки 9 да унга Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ терговчиси Сарвар Сиддиқов томонидан муайян жиноят ишида сўроқ қилиниши борасида чақирув қоғози берилган.

“Мен қандай қилиб бир неча соат ичида Балиқчига боришим мумкин. Ноқулай об-ҳавони қаранг. Бундан ташқари партия ташаббускорларининг Таъсис қурултойини ўтказиш учун одамларни чақириб қўйганман. Буларнинг барчаси бутунлай коррупция ва қонунсизликка асосланган ҳукуматнинг сиёсий ҳуқуқларимни камситишга қаратилган ҳаракатдир “ дейди Х. Аллақулов.

Партия ташаббускори унинг бошқа фаоллари уйлари ҳам ҳукумат аскарлари томонидан ўраб олингани, уларнинг кўчага чиқарилмаётганини иддао қилмоқда.

Ҳолбуки, профессор партия қурултойини ўтказиш даврида жамоат хавфсизлигини сақлашни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний муддатларда мурожаатлар қилган.

Баҳор бошидан алимент ундиришнинг янги усули жорий этилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартидан ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бу тартибга оид президент фармонида қайд этилишича, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади. Алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган пуллар эса ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Оиласи билан ажрашган айрим эркаклар пандемия важидан ишсиз қолгани боис алимент тўлашга пул топа олмаётганидан шикоят қилганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистон бўйлаб алимент тўловчилар сони 250 минг нафардан ошган.

Махсус комиссия Ўзбекистонда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат берди

Самарқандда 2018 йил августида ўтказилган кўргазмадан лавҳа

Жорий йилнинг 20 февралидан Ўзбекистонда санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий риоя қилган ҳолда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат этилган.

Мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилинган.

Халқаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этмоқчи бўлган ташкилотчилар олдига қуйидаги талаблар қўйилган:

  • ташкилотчи Республика ҳудудида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган тадбирларнинг барча босқичларида эпидемиологик тартибларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлаши шарт;
  • барча тадбир иштирокчиларидан ҳимоя ниқоби ёки респиратор тақишлари талаб қилинади;
  • тадбирга киришда барча иштирокчилар пирометрлар ёрдамида ҳароратни ўлчаш жараёнидан ўтиши талаб этилади, юқори ҳарорат ёки юқумли касалликлар белгилари бўлган шахсларга тадбирда қатнашишга рухсат берилмайди;
  • экспозициялар орасидаги масофа кенглиги камида 3 метр бўлиши керак;
  • тадбир ўтказиш жойларида шамоллатиш тизимлари кираётган ҳавонинг чиқаётганидан устунлигини таъминлаши керак.

Ўзбекистонда барча турдаги оммавий тадбирлар ҳукуматнинг ўтган йил 23 мартидаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида тўхтатиб қўйилганди.

Миллий маданий марказлар учун ўтган йили қарийб 1,5 млрд сўмлик грант ажратилган

Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар вакиллари мамлакатда ўтказиладиган байрамларда фаол иштирок этиб келадилар

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш учун 600 миллион сўм маблағ, шунингдек 1,45 миллиард сўмлик грант ажратилган. Бу ҳақда мазкур қўмита раиси Рустамбек Қурбонов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Мулозим ўзи раҳбарлик қилаётган қўмита шу кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 147 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этган.

Унга кўра, яратилган қулай миллатлараро муҳит туфайли тожик, турк ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари томонидан ўтган йили 4 та янги миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Мамлакатда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади.

Тошкентдаги янги туманда 400 дан зиёд икки қаватли ёғоч уй бузиб ташланади

Тошкентда икки қаватли ёғоч уйлар аввал ҳам бузиб ташланган (архив сурати)

Ўзбекистон пойтахтида янги ташкил этилган Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли 409 та ёғоч уй бузиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Мулозимга кўра, мазкур уйлардаги 4 минг 314 та хонадонда истиқомат қилаётган одамлар учун туман марказида янги уйлар қуриш режаланган.

Ҳ. Иноғомов бу ёғоч уйлар 1966 йилдаги зилзиладан сўнг тез фурсатда қурилган бинолар экани, уларнинг кўпчилиги ҳозирги пайтда авария ҳолатига келиб қолганини маълум қилган.

Туман ҳокими ҳозирда бу бўйича туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилаётгани, кўчириладиган одамларга янги уйлар қуриш учун ҳозир ер танланаётгани, танланган ерга барча шароитларга эга янги уйлар қурилиб, уларга ёғоч уйларда яшаган кишилар кўчирилишини қўшимча қилган.

Ҳарорат пасайгани ортидан газ қуйиш шохобчалари иш вақти чекланди

Hududgazta'minot АЖ Ўзбекистондаги барча автотранспорт ҳайдовчилардан ўз автоуловларига газ тўлдириш ишларини эрталабки соат 05:00 дан кечки соат 15:00 гача техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширишни сўраган.

Ширкат матбуот хизматига кўра, мазкур чора мамлакат ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиб, айрим ҳудудларда ҳарорат – 25 даражагача тушиши ортидан табиий газ истеъмоли ҳажми кескин кўпайиши мумкинлиги важидан кўрилмоқда.

Hududgazta'minot АЖ шу муносабати билан табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилишини билдириб, газ етказиб беришда айрим чекловлар киритилишини қайд этган. Айни пайтда ширкат мазкур чеклов қачонгача давом этиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ сотиш вақти чекланиши билан боғлиқ тадбирлар олдин ҳам амалга оширилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

АҚШ ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг American Councils халқаро таълим ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида эканини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати матбуот органи бўлган “Халқ сўзи” нашрининг ёзишича, Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашларининг катта вице-президенти Майкл Кертис бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан ўтган учрашув чоғида гапирган.

Хабарда таъкидланишича, учрашувда Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш сифатини оширишга American Councils’ни жалб этиш истиқболлари муҳокама қилган.

Элчи Жавлон Ваҳобов АҚШ Ўзбекистонга дарс бериш учун 27 нафар инглиз тили ўқитувчисидан иборат биринчи гуруҳни жўнатганига миннатдорчилик билдирган.

“Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ўндан ортиқ таълим дастурлари амалга ошириш босқичида турибди. Улар орасида Future Leaders Exchange, University Partnership in Central Asia, English Speaking Nation, ESN Teacher Coaches Program, U.S. Central Asia Education Fund, US-CAEF Alumni Conference 2021, American Windows Uzbekistan, Faculty Enrichment Program, Young Professional Internships, Uzbekistan Business Leaders, Afghanistan University Student Exchange Program, Open World Leadership Center Program, Uzbekistan Youth Leadership Conference 2021 кабилар бор”,-дейилади хабарда.

Маҳалланинг фаол фуқаролари- кўчабоши ва уйбошиларга коммунал тўловлар бўйича товон пули берилади

Ўзбекистондаги кўчалардан бири.

Вазирлар Маҳкамаси 23 февраль куни тасдиқлаган 99-сонли низомга асосан 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб маҳалланинг фаол фуқароларига коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича компенсация берилади.

Низомда кўчабоши ва уйбошилар фаол фуқаролар қаторида қайд этилган. Мазкур фаолларга коммунал хизматлар учун ҳар ойда БҲМнинг 50 фоизи (122 минг 500 сўм) миқдорида товон пули берилади.

Шунингдек, мазкур шахслар фаолиятини баҳолашда улар бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой давомида фаолият кўрсатганлиги инобатга олинади ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда, товон пули 70 баллдан юқори балл тўплаган тақдирда тўланади.

Компенсация пул тўловлари тўланиши кўчабоши ва уйбошилар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этмаса муддатидан олдин тўхтатилади.

Мазкур компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари орқали амалга оширилади.

Давлат корхоналари “обнал фирма”лар билан сохта битим тузган

16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига борган.

Ўзбекистондаги 120та давлат корхонаси ва 86 та давлат улуши мавжуд корхона ҳалқ тилида “обнал” деб аталувчи нақдловчи фирмалари билан сохта битилмларни тузган ва давлатга катта миқдорда зарар етказган.

Давлат солиқ қўмитасининг билдиришича, нақдловчи фирмалар билан сохта битим тузган 120та давлат корхонаси бюджетга 47,3 миллиард сўм, 86 та давлат улуши мавжуд корхона 48,1 миллиард сўм қўшимча қиймат солиғини тўламаган.

Давлат солиқ қўмитаси нақдловчи фирмалар билан ҳамкорлик қилган ва солиқ тўламаган жами 396та корхонадан иборат рўйхатни тузди.

Расман билдирилишича, бундай сохта битимларни тузган тадбиркорлик субъектлари 10 мингга яқин. Улар қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини тўламаган.

Озодлик радиоси 16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига боргани ҳақида хабар берган эди.

16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес омбудсман ҚҚС юзасидан тадбиркорлик субъектларига юборилган хабарномаларнинг қонунийлигини ўрганишни бошлагани тўғрисида баёнот берди.

Савдо марказида хотини ва яна бир эркакни пичоқлаб ўлдирган шахс 22 йилга қамалди

Судланувчи 2020 йил 20 ноябрида қўлга олинган эди.

Самарқанддаги савдо марказида харидорлар кўз ўнгида хотинини ва хотинининг жазмани сифатида гумонлаб яна бир эркакни пичоқлаб ўлдирган шахс 22 йилга қамалди.

Олий суд расмий каналининг хабар беришича, мазкур шахс Самарқанд вилоят суди томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми “а” ва “ж” бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) асосида айбдор деб топилган. У жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Озодлик 2020 йилнинг 20 ноябрь куни тахминан 18:00 да 42 ёшли эркак Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо марказида хотини ва унинг жазмани экани тахмин қилинаётган шахсни пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар берган эди. Жабрланганлар кўп қон йўқотиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Бу қотилликнинг гувоҳи бўлган вауни ведога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган уч нафар шахс 2020 йилнинг 23 ноябрида ички ишлар ходимлари томонидан аниқланиб, қўлга олинган ва уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган эди.

Чимбойда камдан-кам учрайдиган табиат ҳодисаси - мурмурация кузатилди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани аҳолиси камдан-кам учрайдиган табиат ҳодисаси – мурмурацияга гувоҳ бўлишди. Бу ҳақда “Газета уз” нашри Николай Югай тасвирга олган ва ўз Фейсбук саҳифасида эълон қилган видеога асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича: “Минглаб қушлар улкан тўда бўлиб, осмонда ғайриоддий динамик шаклни ҳосил қилиши мурмурация деб аталади”.

Қушлар кутилмаган томонга учиши, қисмларга ажралиб, яна динамик ҳаракатни давом эттириши мумкин. Ушбу улкан тўдаларда учиш тезлиги соатига 40 километргача бўлади, бироқ қушлар бир-бирига урилиб кетмайди.

Пахтачида “қанотли бузоқ” туғилгани иддао қилинди (ВИДЕО)

Мутахасисларга кўра, бузоқчанинг саломатлиги яхши.

Самарқанд вилоят Пахтачи туманида “қанотли бузоқ” туғилгани тўғрисидаги видеони “Пахтачи” туман газетаси 23 февраль куни эълон қилди.


Видеода айтилишича, “қанотли бузоқ” “Кўрпа” маҳалласидаги Ғайбулла Хайруллаев хонадонида 20 февраль куни туғилган.

Ғайбулла Хайруллаевнинг гумонича, сигирининг ҳомиласи эгизак бўлган бўлиши мумкин, аммо иккинчи ҳомила ривожланмай, унинг оёғи бузоққа ўтган.

Туман газетаси эълон қилган видеода бузоқчанинг ўнг томонида “қанотга ўхшаш оёқча” мавжудлигини кўриш мумкин. Бу бузоқчани кўриш учун Хайруллаевнинг хонадонига ҳар куни маҳаллий аҳоли келмоқда.

Маҳаллий матбуотда 2018 йилнинг мартида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 6 оёқли бузоқ, 2014 йили Жиззахда эса 5 оёқли қўзичоқ туғилгани хабар қилинган.

Тиббиётга алоқадор барча ташкилотлар ва дорихоналар мажбурий равишда ягона платформага уланади

Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар 2024 йил 1 январидан бошлаб мажбурий тартибда босқичма-босқич ягона платформага уланади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 23 февралида имзоланган “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Мазкур қарор республикадаги “соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш, аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация қилиш дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида” қабул қилинган.

Мазкур мақсаддан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Қайд этилишича, “IT-Med” МЧЖ “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қарор билан “IT-Med” МЧЖ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:

  • соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш ва автоматлаштириш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
  • “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ-реинжинирингини ривожлантириш ва ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш;
  • қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш;
  • тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ўзида қамраб олувчи соғлиқни сақлашнинг ахборот тизими ягона платформасини жорий этиш.

Ҳужжатга мувофиқ, янги ахборот тизимларини жорий қилиш, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, “IT-Med” МЧЖнинг устав жамғармасига белгиланган тартибда киритиладиган инвесторлар маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари, ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмаклар ва бошқалар), юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг хайрия маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар “IT-Med” МЧЖнинг фаолиятини асосий молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.

Тошкентдан шаҳарлараро автобус қатнови вақтинча бекор қилинди

"Тошкент" автовокзалидан қатнайдиган автобуслар

Жорий йил 25 февралида пойтахт Тошкентдан шаҳарлараро қатнайдиган барча автобус рейслари бекор қилинган.

“Тошкент” автовокзали матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор олинишига об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги сабаб бўлган.

Мазкур автовокзалдан шаҳарлараро 17 та йўналиш бўйича автобус қатнайди.

Аввалроқ “Ўзгидромет” жорий ҳафта сўнгигача мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақида маълумот тарқатган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG