Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:50

Туркманистонда давлат нашрларига мажбурий обуна бошланди


Туркманистонда давлат нашрларига мажбурий обуна бошланди. Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, бу сафар вақтли матбуотга мактаб ўқувчиларини ҳам ёзилишга мажбурланмоқда.

Давлат хизматчилари ва олий таълим даргоҳлари талабаларининг обунаси мажбурий саналади ва давлат сектори ҳамда ўқув муассасалари томонидан марказлашган тартибда, йилига икки марта ойлик маоши ва стипендияларидан пул ушлаб қолиш йўли билан амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, таълим соҳаси идоралари ходимлари обунага 40 дан 50 манатгача, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 50 дан 100 манатгача, нефть-газ тармоғи ходимлари 50 дан 60 манатгача пул топширади (Шу кунда манатнинг долларга нисбатан курси 3,5:1).

Давлат нашрларига йиллик обунадан ташқари, бюджетчилар иш ҳақидан турли эҳтиёжларга, шу жумладан, давлат байроқлари, президент портретлари, кўкаламзорлаштириш ва ободончилик, кўп сонли оммавий тадбирлар ва пахта териш кабиларга пул ушлаб қолинади.

Озодлик мухбирларига кўра, Туркманистонда газета ва журналлар сотадиган дўконлар кам, маҳаллий турғунлар давлат газеталарини аҳён-аҳёнда сотиб олади.

Ҳозирги вақтда мамлакатда ўттиз чоғли газета ва шундан сал кўпроқ журнал нашр этилади. Бу нашрларнинг асосий йўналиши давлат тарғиботи ва ютуқларни ёритишдан иборат.

XS
SM
MD
LG