Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:57

OzodDayjest: Оқсарой мажмуасида уюштирилган яланғоч қизлар томошаси кескин қораланди


Шаҳрисабздаги Оқсарой меъморий ёдгорлиги.

Экопартия бош вазирликка “Ўзкимёсаноат” раиси номзодини кўрсатгани заҳарханда ила қарши олинди. Мамлакат бўйлаб археологик ёдгорликларни вайрон қилиш авж олганидан хавотир билдирилди. Наманганда қутқарилган қиз аслида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлмагани аниқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Блогер: Сиёсий партиялар етакчилари ҳукуматни бошқара олмайдими?


Ўзбекистондаги сиёсий партиялар жорий йил декабрда ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, бош вазирликка кимнинг номзоди кўрсатилишини маълум қилди. Бу лавозимга “Адолат” партияси ҳозирда адлия вазири бўлиб ишлаётган Русланбек Давлетов, халқ демократик партияси бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, либерал-демократик партия амалдаги бош вазир Абдулла Арипов, экологик партия эса “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров номзодини кўрсатди. “Миллий тикланиш” партияси ўз номзодини эълон қилмади.

“Нега бирор партия ўз лидерини бош вазир сифатида кўрмайди? Президент сайловида қатнашган (қатнашадиган) партия лидери ҳукуматни бошқара олмайдими? Мантиқ дам олади, хуллас”, деб шарҳлади Davletov.uz канали муаллифи мазкур ҳодисани.

“Яшиллар” партияси бўлмиш экопартия томонидан ҳукумат раҳбарлигига атроф-муҳит тозалигига дахл қилувчи “Ўзкимёсаноат” раиси кўрсатилиши ҳам заҳарханда ила қарши олинди.

“Яшиллар яна ўз репертуарида. “Ўзкимёсаноат” раисини бош вазир қилмоқчи бўлган экопартиянинг мантиғига изоҳ керак эмас. Ўша рўйхатга “Ўзатом”ни киритиб қўйишса бўларди яна. Ёки “Навоийазот” раисини”, деб ёзди блогер.

Яланғоч қизлар рақс тушган зиёфатга ҳокимликнинг алоқаси йўқлиги айтилди


Қашқадарёдаги Оқсарой мажмуасида ярим яланғоч қизлар рақси уюштирилгани масаласига ойдинлик киритилди (“Даракчи”, 31 октябрь). Қайд этилишича, спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Яккабоғ шароб савдо” МЧЖ Оқсарой мажмуасидаги “Коба” ресторанини бир кунга сотиб олган ва у ерда базми жамшид уюштирган. Ушбу тадбирга на туман ҳокимлигининг, на вилоят ҳокимлигининг алоқаси бор, деб хабар берилади.

Вилоят ҳокимлиги буни “кўнгилни хира қилувчи ҳолат”, деб баҳолаган. Газета ҳам туризм ниқобида фаҳшни тарқатаётган, яланғоч қизлар рақси билан меҳмонлар кўнглини шод қилишга уринаётган шахсларни кескин қоралаган.

Миллий гвардия ходими томонидан қутқарилган қиз аслида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлмагани аниқланди


Миллий гвардия матбуот хизмати Наманган вилояти Мингбулоқ туманида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган қиз қутқариб қолингани ҳақида хабар берган эди. Daryo.uz нашрига кўра, умумтаълим мактабида ўқувчи қиз Мингбулоқ туманида яшовчи отасини кўргани кетаётиб, Сирдарё кўприги устида тўхтаган, аммо унинг нияти ўзини сувга ташлаш бўлмаган. Қизча Сирдарё кўпригида хизмат фаолиятини олиб бораётган миллий гвардия ходимларига ҳам шу ҳақда айтган. Шунга қарамай, улар қизни дастлаб ички ишлар бўлимига олиб борган, кейин у ўқийдиган мактаб директори ва ўқитувчилар жамоаси билан шу масалада йиғилиш ўтказган.

Вилоят халқ таълими бошқармасига кўра, ўқув йили давомида мактаб психологлари томонидан суицидга мойилликни аниқловчи тестлар олинганда ҳам мазкур ўқувчида ўз жонига қасд қилишга мойиллик кузатилмаган.

Миллий гвардия матбуот хизмати эса ўқувчи қиз мактабда юз бераётган айрим ҳолатлар сабаб ўзини сувга ташламоқчи бўлгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG