Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2020, Тошкент вақти: 10:40

Ўзбекистон хабарлари

Ҳужжатлар ижроси мониторинги билан Адлия вазирлиги шуғулланади

Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий этилади. Бу ҳақдаги президент қарорида қайд этилишича, мониторингни амалга ошириш вазифаси Адлия вазирлиги юклатилган.

Қарорда мазкур чора “норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, нотўғри ёки зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келадиган нормалар пайдо бўлишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида” амалга оширилаётгани урғуланган.

Ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини жорий этиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон Россия банкидан ГЭСлар қуриш учун 100 млн евро қарз олди

Иллюстратив сурат.

Россия “Внешэкономбанк”и Ўзбекистон “Туронбанк”ига ГЭСлар қурилиши ва модернизацияси учун умумий қиймати 101,3 млн еврога тенг учта кредит берди. Бунга оид шартнома 28 январь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида имзоланди, дея маълум қилади “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати.

Мазкур маблағлар Ўзбекистон президентининг “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши айтилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, яқин келажакда Ўзбекистонда 42 та янги ГЭС қуриш ва мавжуд 32 та ГЭС модернизациялаш назарда тутилган. ГЭСлар қурилиши ва модернизацияси учун тақрибан $2,6 млрд маблағ лозим бўлади, бу маблағнинг 1 млрд доллардан кўпроғини хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан қоплаш кўзланган.

Мирзиёев рақобат муҳитини яратмаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятини танқид қилди

Иллюстратив сурат.

Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда билдирди.

Мирзиёевга кўра, ўтган йили 4 та аэропортда “очиқ осмон” режими жорий этилиб, “бешинчи ҳаво эркинлиги” ўрнатилганига қарамай, ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмаган. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, президент Жаҳон банкининг тавсиялари асосида фуқаро авиацияси соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берган.

Йиғилишда Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида “очиқ осмон” режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Тожикистон бу йил Ўзбекистондан 200 млн куб метр газ сотиб олмоқчи

Иллюстратив сурат.

Тожикистон 2020 йилда Ўзбекистондан 200 миллион куб метр газ сотиб олишни режаламоқда. Бу ҳақда, “Ховар” ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Тожиктрансгаз” ОАЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода 28 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Тожикистонлик мулозим айни пайтда бу борада қўшни давлат билан музокаралар олиб борилаётгани ва бу масала ижобий ҳал этилишига умид борлигини билдирган.

Шоимзодага кўра, Тожикистон 2019 йилда Ўзбекистондан 17,7 миллион долларга 140 миллион куб метр табиий газ сотиб олган. Агар Тошкент билан музокаралар ижобий якун топса, Душанбе бу йил ўтган йилдагидан 42 фоизга кўп газ сотиб олишни кўзламоқда.

Ўзбекистон ҳар йили Тожикистонга экспорт қилинаётган газ ҳажмини ошириб бораяпти. 2018 йили ўзбек газчилари қўшни мамлакатга 54,6 миллион куб метр газ сотган бўлсалар, 2019 йилда бу миқдор 2,6 баробарга (140 млн куб метр ёки 257 фоизга) оширилган.

Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш 2018 йил баҳоридан тикланган. Унгача газ етказиб бериш 6 йил тўхтаб қолганди.

Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газдан асосан Тожикистондаги саноат корхоналари фойдаланади.

Ўзбекистон Тожикистонда ГЭС қурмоқчи. Музокаралар бошланди

Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.

28 январь куни Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида Зарафшон дарёсида биргаликда ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш бўйича музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, гидроэлектрстанцияларни қуриш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилади: даставвал ҳисоб-китоб қиймати 282 млн. долл., қуввати 140 МВт бўлган, 700-800 млн. кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилади. Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда ҳисоб-китоб қиймати 270 млн. долл., қуввати 135 МВт бўлган, 500-600 млн. кВт-соатэлектр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши имкониятини кўриб чиқади.

Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 млн. кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.

Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС ни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.

Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да акс эттирилган.

"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошланди

"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошлангани тўғрисида 28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилингани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши доирасида 11 минг 700 нафар жабрланувчига умумий ҳисобда 418 млрд 293 млн 345 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 май кунги ҳукми билан халқ орасида Аҳмадбой деб ном олган Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида хатланган хорижий ва миллий валютадаги пул, кўчмас мулк, автотранспорт ва заргарлик буюмлари сотувга қўйилган.

Тадбирда «Аҳмадбой иши» бўйича миллий валютадаги 26 млрд 708 млн 295,7 минг сўм пул, 12 млн 580 минг 622 АҚШ доллари, шунингдек, заргарлик буюмлари, 29 та кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун хатлангани маълум қилинди.

Мазкур мол мулклар суд қарорига асосан сотувга қўйилиб, сотувдан тушган пул маблағларини жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун пропорционал тарзда тақсимлаш белгиланган. Бугундан сотувдан тушган пул етказилган зарарни қоплаш учун Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда пропорционал тарзда жабрланувчиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берила бошланган.

Андижонда ИИБ ходимлари 350 та пичоқни бироз зарарсизлантирди

Андижон шаҳридаги “Жахон буюм бозори”да ўтказилган тадбирлар давомида 350 дан ортиқ пичоқнинг учи тўмтоқ ҳолатга келтирилди.

Бу ҳақда хабар қилган ИИВ матбуот хизматига кўра, пичоқлар учини тўмтоқлаш амалиётини Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари шаҳар худудида тиғли предметлар ёрдамида содир этилиши мумкин бўлган оғир турдаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказган.

"Худди шу каби профилактик тушунтирув ишлари Андижон шаҳрининг Бобур МФЙ худудида жойлашган “Эски шахар деҳкон бозори” худудида ҳам ўтказилиб, ўткир тиғли жисмлар тўмтоқ ҳолатга келтириляпти. Бундан ташқари ўтказилаётган "Тун" тадбирлари давомида бемақсад юрган шахсларнинг ёнидан 18 та тиғли предметлар олинди. Жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан олиб борилаётган бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда", дейилган хабарда.

  • Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бозорларда тиғли асбоблар савдоси назоратини кучайтиришга қаратилган рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Пахта мавсумида меҳнатга мажбурлаган 43 амалдор жаримага тортилгани хабар қилинди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун маъмурий жаримага тортилган мансабдор шахслар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда жами 43 нафар мансабдорнинг исм-фамилияси келтирилган.

Жаримага тортилганларнинг икки нафари туман ҳокими, беш нафари туман ҳокими ўринбосари, 15 нафари банкларнинг ҳудудий филиаллари бошқарувчиларидир.

43 амалдорнинг барчасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1 -қисми қўлланилган.

Кодекснинг 51-модда, 1- қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган.

8 ойлик қизини $5000 га сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Иллюстратив сурат

Андижонда 8 ойлик фарзандини 5 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл ушланди

Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро 2000 йилда туғилган оилали аёл 2019 йилда туғилган қиз фарзандини бир фуқарога 5 000 АҚШ долларига сотиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини берган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан бола сотмоқчи бўлган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинди.

Қорақалпоғистонлик тадбиркор ўзбек-қозоқ чегараси яқинидаги намозхонани сақлаб қолишни сўраяпти (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида жойлашган “Довуд ота” божхона пости яқинидаги кичик намозхонанинг ноқонуний қурилгани ва бузиб ташланиши тўғрисида суд қарори чиқди. Бинони барпо қилган тадбиркор унинг бузилмаслигини, давлат ҳисобига ўтказилишига ҳам рози эканини таъкидлаб, сайёҳлар, зиёратчилар ва ҳамюртларимиз учун асраб қолинишини сўрамоқда, дея хабар қилади kun.uz.

Намозхона қурилиши 2018 йили бошланиб, 2019 йилда тугатилган. Бироқ кейинчалик намозхона учун танланган жой Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тегишли экани маълум бўлган.

Намозхона қурилишидаги хатолик, яъни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳудудига ўтиб кетилгани маълум бўлгач, тадбиркор Давронбек Қўчқаров уни қонунийлаштириб, ҳужжатлаштириб олиш ҳаракатини қилган. Аммо Қўнғирот тумани ҳокимлигига бу ҳақда қилган мурожаатлари натижа бермаган. Пировардида иш судгача етиб борган.

2019 йил декабрида Қўнғирот туманлараро фуқаролик суди “Довуд ота” божхона пости яқинида жойлашган, қурилиш ости майдони 152,7 кв.м. бўлган иморатнинг ноқонуний қурилгани ва жавобгар Давронбек Қўчқаров томонидан бузиб ташланиши, бундан ташқари, уни 461,6 минг сўм жаримага тортилиши тўғрисида қарор чиқарган. Айни пайтда Давронбек Қўчқаров суднинг бу қарори устидан юқори инстанцияга апелляция тартибида шикоят берган.

Бино қурилишида қонунбузарлик ҳолати содир бўлганини рад этмаган қорақалпоғистонлик тадбиркор эндиликда намозхонанинг бузилмаслигини, сақлаб қолинишини сўрамоқда. У ҳатто намозхонани Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобига ёки “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфига ўтказилишига ҳам рози. Д. Қўчқаров бинодан фойдаланиш жараёнидаги келгуси харажатларни кўтаришга, унинг озодалиги ва саришталигини сақлаб туришни зиммасига олишга ҳам тайёр эканини таъкидлаган.

Мультимодал транзит йўлаги орқали илк поезд Грузияга етиб борди

Иллюстратив сурат.

Шу йилнинг 21 январ куни Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан мультимодал транзит йўлаги орқали илк юк поезди Грузиянинг Батуми шаҳрига жўнаб кетди. 49 цистернадан (мазут) иборат таркиб Ўзбекистон ҳудудидан режалаштирилган 36 соат ўрнига 33 соатда йўл босиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ахборот хизмати маълум қилади.

Аввал хабар қилганимиздек, ўтган йил 19-20 декабр кунлари Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темир йўллари раҳбарлари Тошкентда учрашиб, Кавказ ўлкаларига транзит поездлари қатновини амалга ошириш бўйича келишувга эришгандилар.

Учрашув иштирокчилари “Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа" халқаро мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича мазкур тадбирнинг аҳамияти, контейнер поездларини жадаллик билан ўтказиш ва ягона тарифларни қўллаш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш юзасидан бир фикрга келгандилар.

Айтилишича, бу Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасидагина эмас, балки Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Мирзиёев тиббиёт соҳасида кадрлар етишмовчилигини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда медицина соҳадаги кадрлар таъминоти, малакаси ва салоҳияти танқид қилди. Бу танқид 27 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасини ва илм-фан йўналишларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда янгради.

Йиғилишда қайд этилишича, ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимида 75 минг нафар врач фаолият юритмоқда. 2 минг 900 та умумамалиёт шифокори, 10 мингта тор мутахассислар етишмайди. Илмий изланиш натижаларини ҳаётга жорий этиш 5 фоиздан ҳам ошмайди.

Мирзиёев мутахассисларни давлат буюртмаси асосида манзилли тайёрлаш, мақсадли квоталарни туман, қишлоқ ва иш жойи кўрсатилган ҳолда шакллантириш зарурлигини таъкидлаган ҳамда тиббиётда илм-фанни ривожлантириш, илмий изланишларнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берган.

Тошкент ҳайвонот боғи реконструкцияси лойиҳаси билан немис ширкати шуғулланади

Иллюстратив сурат.

Тошкент ҳайвонот боғини реконструкция қилиш лойиҳаси Германиянинг dan pearlman Group томонидан ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Газета.uz нашри хабар қилади.

Боғни реконструкция қилиш ҳукуматнинг 2019 йил декабрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳайвонот боғи давлат тасарруфидан чиқарилиб, масъулияти чекланган жамиятга айлантирилаяпти, унинг ишончли бошқаруви эса Wildlife Care компаниясига топширилмоқда.

Wildlife Care бош директори Абдумалик Сиддиқовга кўра, дастлабки босқичда немис мутахассислари ҳайвонот боғининг ҳозирги ҳолатини баҳолашлари керак. 27 январь куни улар ҳайвонларни сақлаш шароитлари, жониворлар экспозицияси ва ҳайвонот боғи инфратузилмаси билан танишган.

Бир ойдан сўнг dan pearlman Group ўз тавсияларини тақдим этади, шундан сўнг уч ойда якунланиши режалаштирилган реконструкция лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланади.

Германиянинг dan pearlman Group ширкати олдин Германия, Грузия, Италия, Буюк Британия, Дания, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ҳайвонот боғларини ривожлантириш режалари ва дизайнларини ишлаб чиққан.

Human хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳинур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Пулини ололмаётганлар HUMAN агентлиги биносида. 2019 йилнинг сентябри.

Судланувчидан, шунингдек, 1080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судланувчи, Human хусусий бандлик агентлиги Шоҳинур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Шоҳинур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («фирибгарлик») 4-қисми «а» банди, 179-моддаси («сохта тадбиркорлик»), 189-моддаси («савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми, 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди («нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш»), 227-моддаси («ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш») 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси («жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган эди.

Суд ҳукмига кўра, Ш. Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («реабилитация учун асослар»)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди ҳамда унинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192−11-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 («бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш») ва 61 («жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари») моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчидан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

  • Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги томонидан Германияга деб ёлланган 200 ва Чехияга деб ёлланган 500 ишчи жўнатилмай қолгани, ишчилар агентликка банк орқали тўлаган пулларини қайтариб ололмаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш эҳтимоли юзасидан фикр билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

"Қайси шаклда, қайси қисмида Ўзбекистон мазкур интеграцион ташкилотларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлаймиз. ЕОИИ бўйича кўплаб саволлар пайдо бўляпти. Аввало, бизнинг интеграцияга муносабатимизни билдирсам. Глобаллашув даврида бу - табиий жараён. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Биз доим миллий ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, иш тутамиз".

Бу фикрни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубнинг (Тошкент шаҳри) 25 январь куни ўтказилган сессиясида сўзлаган нутқи давомида билдиргани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Нутқи давомида Комилов яна бундай деган:

"Ташқи ишлар масаласида асосийларидан бири — йирик, стратегик ҳамкорлик мавжуд давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш. Булар, аввало, буюк давлатлар — Хитой, Россия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Туркия, араб давлатлари ва Европа Иттифоқи, Осиё мамлакатлари. Россия Федерацияси билан нафақат икки томонлама алоқаларни ривожлантирамиз: Ўзбекистон жорий йилда МДҲ раислигини қабул қилган".

Президент мурожаатномасида ташқи сиёсатда интеграция масаласига алоҳида тўхталганди. Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутган ҳолда, қуйидаги фикрни билдирган:

"Бу масалани бир йилдан бери ўрганяпмиз. Бу масалани энг аввало халқимизнинг манфаатлари, уларнинг орзу-истакларига таяниб ҳал қиламиз. Депутатлар ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича ўрганиб, хулосалар беришни ўз зиммаларига олишлари лозим. Депутатлар қўлига қалам олиб масаланинг ижобий ва салбий томонларини ўргансин. Уларни айтгани бўлади. Маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади".

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик жамоасига таништирилди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Ахмадович Назарбековни бош вазир Абдулла Арипов вазирлик ходимларига таништирди.

Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлиги матбуот хизматига кўра, собиқ Мадания вазири, айни пайтда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев янги вазирни қутлаган.

"Вазир Озодбек Назарбеков барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда, устози Бахтиёр Сайфуллаевни яна бир карра қутлаб, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига таянишини билдирди. Шунингдек, вазирлик жамоасига ўз ишончларини айтиб, соҳа ривожи учун камарбаста бўлишларини тилаб қолди", - дейилган хабарда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 январь куни ўтган мажлисида депутатларнинг 138 нафари (умумий 150 нафар) Озодбек Назарбеков номзодини маданият вазири лавозимига лойиқ, деб овоз берган эди. Бунга қадар у вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

ҳукумат раҳбари А. Арипов Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмита раиси, Олий Мажлис Сенатининг сенатори Б.Сайфуллаевни бу юксак лавозимлар, шу билан бирга, Ҳурматли Президентимиз томонидан уларга билдирилган ишонч билан қутлади.
Б.Сайфуллаев ўз нутқида, Президентимиз билдирган ишончларига Ватанига, халқига, ишига ва уларга фидоий бўлиб ишлашларига ваъда берди.
Сўнг, бир қатор ташриф буюрганлар М.Ходжиматов, Ф.Абдухаликов, М.Йўлчиева, Ш.Тохтасимовлар Б.Сайфуллаев ва О. Назарбековни қутлаб, сўзга чиқдилар.
Вазир О.Назарбеков барчага миннатдорчилик билдирган ҳолда, устози Б.Сайфуллаевни яна бир карра қутлаб, уларни тажрибалари ва маслаҳатларига таянишини билдирди. Шунингдек, вазирлик жамоасига ўз ишончларини айтиб, соҳа ривожи учун камарбаста бўлишларини тилаб қолдилар.

Ўзбекистон аҳолиси салкам 34 млн. кишига етди

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди.

Бу ҳақда Давлат статистика кўмитаси хабар қилди.

Қўмитага кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сонининг 30,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,9 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталардир.

Ўзбекистон аҳолиси 2019 йил 1 октябргача 33 миллион 724 минг 500 кишини ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазири Хитойга бормай туришни тавсия қилди

Ҳонконгдаги метрода тибниқоб кийиб кетаётган йўловчилар. 2020, 23 январь.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фуқароларга «Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни» тавсия қилгани тўғрисида вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, Хитойда янги коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 80 нафардан, касалланганлар сони эса 2400 нафардан ошган. Хубэй провинцияси ва унинг маъмурий маркази Ухан шаҳрида зарарланишнинг энг кўп ҳолати қайд этилган.

«Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда», — дейди Алишер Шодмонов. Унинг қайд этишича, ушбу эпидемик вазиятга қарши мамлакатда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган.

«Аммо бу хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди, дегани эмас. Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1−14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу боис фуқароларимиздан Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қиламан», — дея вазир сўзлари келтирилган хабарда.

Алишер Шодмонов маълум қилишича, айни пайт Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги кузатилмоқда. «Хитойдан ва бошқа чет давлатлардан ушбу инфекциянинг кириб келиш ҳолатлари қайд этилмади».

Қашқадарёда 32 ёшли йигит ИИБ ходимлари сўроқ қилганидан кейин оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоятида тартиб посбонлари билан “мулоқот” ортидан ўлган 32 ёшли йигитга нисбатан мансаб ваколати доирасидан четга чиққанликда гумонланмиш ИИБ ходимлари ҳибсга олинди. Бу ҳақда "Новости Кашкадарьи" Телеграм-канали хабар қилади.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ҳодиса 23 январь куни рўй берган. Лангар қишлоғида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири чоғида Чироқчи туман ички ишлар идоралари фаолятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари қорамол ўғирлаганликда гумонланмиш 32 ёшли эркакни ушлаганлар. Қўлга олинган шахс бўлимга етказилган ва ўша ерда жон берган.

Мазкур ҳодиса юзасидан ИИБнинг камида икки нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноят иши очилган.

Жиззахда ис газидан уч бола нобуд бўлди

Иллюстратив сурат.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Зиёкор маҳалласида уч нафар ака-ука ва уларнинг онаси ис газидан заҳарланган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълумотларига таянган ҳолда хабар қилади.

Фожиа оқибатида 8, 12 ва 14 ёшдаги уч бола ҳаётдан кўз юмган, уларнинг 37 ёшли онаси эса реанимация бўлимида қолаяпти.

Бу йилги қиш мавсумида Ўзбекистонда ис газидан заҳарланишга оид ҳодисалар кўп кузатилмоқда.

Давстатқўм: Ўзбекистонда ўртача ойлик ўтган йили 2 млн 324 минг сўмга етди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Республикаси бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2019 йил январ-декабр ойларида 2324,5 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг галдаги ҳисоботида айтилган.

Мазкур сумма 2018 йилдаги ўртача маошга нисбатан 27,5 фоизга кўпдир.

Ўтган йили энг юқори маошни (ўртача 4 млн 798 минг сўм) банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик секторида ишлаганлар олганлар. Энг паст ойлик (1 млн 534 минг сўм) эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ишлайдиганларга берилган.

Ҳудудлар бўйича ўртача ойликнинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятларида кузатилган. Энг паст даража эса Сурхондарё, Наманган ва Фарғона вилоятларига оиддир.

Маҳаллий нашрлар Хитойда ўқиётган талабаларнинг бир гуруҳи Тошкентга қайтарилганини ёзмоқда

Тошкент аэропорти.

Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонга қайтарилди. Улар айни пайтда Тошкент халқаро аэропортида ҳар томонлама такомиллаштирилган тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Дарё нашри 26 январь оқшомида Telegram тармоғидаги “Platforma.uz” канали маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда Хитойдан Ўзбекистонга қайтган талабалар сонига аниқлик киритмаган. Хитойнинг коронавирус тарқалган Ухан шаҳрида бўлиб турган 30 дан зиёд ўзбекистонлик талаба ватанга қайтарилиши ҳақида аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирии Абдулазиз Комилов билдирганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ухан шаҳрида 250 га яқин ўзбекистонлик талаба яшайди. Уларнинг кўпчилиги семестр якунланганлиги учун янги йил таътилида ватанларига қайтишган.

Айни пайтда Хитой 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолган Ухандан ташқари яна 9 та шаҳарни ёпиб қўйган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирга қадар Хитой бўйлаб 2000 дан зиёд одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланган. Ўлганлар сони эса 56 нафардан ошган.

Спикернинг янги ўринбосари прописка дискриминация эканини айтди

Иллюстратив сурат.

Халқаро ҳуқуқий нуқтаи назардан прописка бу камситиш ёки дискриминациядир. Бу баёнот Қонунчилик Палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тилидан янгради.

Бу фикрни Акмал Саидов 25 январ куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси чоғида айтди.

Тадбирда иштирок этган молия вазири Жамшид Қўчқоров эса прописка тизимининг бекор қилиниши иқтисодиёт ўсишига кўмак беришини урғулади.

“Прописка тушунчаси ҳеч қаерда йўқ. Бизда ҳам йўқ бўлиши керак. Европада нега ривожланиш даражаси юқори, чунки аҳоли у ерда мобил”, деган вазир Ўзбекистонда эса неча йиллардан бери бир шаҳар ёки қишлоқдан силжимасдан яшаб келаётган кишилар борлигини қўшимча қилди.

Ўзбек амалдорлари прописка тизимининг зарарлари ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 24 январ куни парламентга йўллаган мурожаатномасида 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш хусусида сўзлаганидан кейин очиқ гапира бошладилар.

Ўзбекистон ўз фуқаролари пойтахтга келиб кетишда махсус рўйхатга туриши керак бўлган ва ва ушбу жараён мураккаблаштириб қўйилган икки давлатдан бири ҳисобланади. Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда ҳам Тошкентдаги каби прописка тизими сақланиб қолган.

Ҳуқуқ фаоллари Тошкентдаги прописка тизимининг мантиқсизлиги ҳақида айтиб келишади.

Агентлик: Россиядан депортация қилинган ўзбекистонликлар сони тахминан 300 минг нафар

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айни пайтда тахминан 300 минг нафар ўзбекистонлик Россиядан депортация қилинганини билдирди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, агентлик раҳбари Бахтиёр Турсунов, журналистларга берган интервьюсида, бу рақам тахминий экани, аниқ рақамни Ташқи ишлар вазирлиги ойдинлаштириши мумкинлигини айтиб ўтган.

"Биздаги маълумотга кўра, ҳозирги кунда Россия ҳудудидан депорт қилинганлар сони 300 минг нафарни ташкил қилади. Депорт қилинганлар сони статик, яъни ўзгарувчан маълумот бўлиб, депорт қилинганларнинг қўшилиши ёки тақиқнинг ечилиши туфайли мазкур кўрсаткич ўзгариб туради", дея иқтибос келтирди мулозимдан ушбу нашр.

Расман маълум қилинишича, шу кунда хорижда юрган ўзбекистонликлар сони салкам 2 миллионни ташкил қилади.

Буларнинг 80 фоизи Россия, 15 фоизи Қозоғистон, 5 фоизи Жанубий Корея, Туркия, БАА, АҚШ ва бошқа давлатларда ишламоқда.

Айни пайтда, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиев ҳозир Россияда бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар аниқ сони номаълум эканини ҳам таъкидлаб ўтган.

Қашқадарёга ҳоким бўлган Зойир Мирзаев илк бор "ариқ воқеаси"га изоҳ берди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллий блогерга берган интервьюсида илк бор "ариқ воқеаси"ни изоҳлади.

Мулозим воқеадан катта хулоса чиқаргани, хатолар учун жавоб бериш кераклигини тушуниб етганини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Aytingchi…» лойиҳасига интервью берди.

Суҳбатда у Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини буғдойни вақтида суғормагани учун жазо тариқаси ариққа туширгани ортидан истеъфога чиқарилгани ҳақида гапирди.

"Ҳеч ким хатодан ҳоли эмас… Келинг, бир нарсани айтай, вақт керак бўлар, балким бир йил ўтар, кўпроқ вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизи нима бўлганини бутун халқимиз билади. Мен, албатта, яна айтаман, бу — менинг хатойим бўлган. Замонни ўзгарганини ҳазм қила олмаганим. Замонга мослаша олмаганим. Сабаби, юқорида айтдимку, очиқлик… Бу нарсани ҳамма ҳам ҳазм қила олмайди", деди Зойир Мирзаев жумладан.

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлагани билан Озодлик муштарийларига яхши таниш бўлган Зойир Мирзаев ўтган йилнинг 29 октябрь куни бош вазир муовини лавозимидан бўшатилганди.

Бунга қадар - 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтида - Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлаган эди.

Президент фармонида Мирзаевнинг ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис ишдан олингани айтилди. Аммо, Бош вазир Абдулла Арипов "ариқ воқеаси"ни шармандали, деб қоралаган эди.

Ноябрда Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланди, 2019 йилнинг октябрида эса Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлди.

ТИВ: Туркиядаги зизилада нобуд бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

Қутқарувчилар зилзиладан кейин вайроналар остида қолиб кетган аёлни олиб чиқмоқда, 25 январь, 2020 йил

Ташқи ишлар вазирилиги (ТИВ) Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркиянинг шарқидаги кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, вазият Анқара шаҳридаги элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона назоратида.

24 январь куни Туркия шарқида 6,8 магнитудали зилзила рўй берди.

Шу кунга қадар нобуд бўлганлар сони 31 кишига етди, вайроналар остида қолиб кетганлар ҳисобига қурбонлар ортиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Жароҳатланганлар сони эса 800дан ортиқ.

Зилзила эпимаркази Туркия шарқидаги Элазиғ ва Малатя вилоятларида бўлди. Ерости силкинишлари қўшни Сурия ва Ироқ, шунингдек, Ливанда ҳам сезилди.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошлардан зарур вазиятда Ўзбекистоннинг Aнқара шаҳридаги элчихонаси (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишни сўрамоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG