Линклар

Шошилинч хабар
03 март 2021, Тошкент вақти: 13:24

Ўзбекистон хабарлари

Оқдарёда эр ҳомиладор хотинини ўлдирди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 33 ёшли фуқаро оилавий жанжал оқибатида 25 ёшли аёлини бўғиб ўлдирди, шундан сўнг ўзини осиб, жонига қасд қилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳодиса 12 ноябрь куни соат 00:10ларда содир бўлган. Терговнинг аниқлашича, бўғиб ўлдирилган аёл ҳомиладор бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "б" банди (Ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.

Кун янгиликлари

Аёллар байрами арафасида суд қарори билан 14 нафар маҳкума қамоқдан озод этилди

Ўзбекистон Олий судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.

ЎзА хабарига кўра, суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинган. Улар оиласи бағрига қайтган.

Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 80 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 2 март ҳолатига кўра, 80 минг 6 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда Андижон, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 45 киши коронавирус юқтириб олган.

Сешанба куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 36 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 78 минг 549 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 835 нафарни ташкил этиб, улардан 146 нафарининг аҳволи оғир, 27 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 622 нафарга етган.

Раҳбарликка тайинланаётган мулозимларни ўзбек тили бўйича синовдан ўтказиш бошланади

Ўзбекистондаги давлат тилига бағишланган стендлардан бири

Раҳбарлик лавозимига кўтарилган ҳар бир киши давлат тилини билиши юзасидан тест топширади. Бу ҳақда, Repost нашрининг ёзишича, 2 март куни Тошкентда ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири Абдуғаффор Қирғизбоев маълум қилган.

Мулозимга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда давлат тили ривожи учун 17 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улар орасида президентнинг икки фармони ва икки қарори, битта қонун ҳамда 12 та ҳукумат қарори бор.

Қирғизбоев айтган президент фармонларидан бири – “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда 2021 йил 1 апрелидан Ўзбекистонда давлат амалдорларининг ўзбек тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган.

Концепциянинг асосий йўналишларига асосан 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилгача мактабларда ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ўтган йили Ўзбекистон халқига йўллаган табригида “ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради”, деган эди.

Аввалроқ Озодлик ўзбек тилига эътибор рус тилида сўзлашувчи ўзбекистонликларнинг хавотирига сабаб бўлаётгани ҳақида мақола ёйинлаган, бу хусусда мулоҳаза билдирган ўзбек расмийлари бундай хавотирга асос йўқлигини билдирган эдилар. Хусусан, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминовнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда ҳеч бир миллат ëки элатнинг тили камситилмайди ва айни пайтда давлат тили ҳақидаги қонун талаблари пайсалга солинмай, амалга оширилаверади”.

ТММА: Ўтган икки ой ичида 4 минг чоғли ўзбекистонлик хорижга ишлаш учун юборилган

Россияга кетаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг катта қисми қурилишларда ишлаши айтилади

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 4 мингга яқин ўзбекистонлик муҳожир вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юборилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотига кўра, уларнинг 3209 нафари Россия Федерациясига, 488 нафари Қозоғистонга, 3 нафари Бирлашган Араб Амирликларига йўлланган, шунингдек, меҳнат таътилини ўтказиш учун Ўзбекистонга келган меҳнат муҳожирларидан 101 нафари ишлаш учун Жанубий Кореяга қайтиб кетган.

Агентлик хорижга кетган ўзбекистонлик муҳожирлар белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлашини билдирган.

Қурилиш вазири “Сардоба”ни тиклаш иши тендерда ютган ширкатга топширилишини билдирди

Ўтган йил баҳорида ўпирилган “Сардоба” сув омборини қайта қуриш иши тендерда ютган ширкатга топширилади. Бу ҳақда қурилиш вазири Ботир Зокиров 1 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Сув омборини қайта қуришга оид лойиҳаларимиз халқаро экспертизадан ўтказилганидан сўнг тендерга қўйилади. Тендер шаффофлик асосида ўтказилади ва унда ким ютиб чиқишини вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Қайта қуриш жараёни қачон бошланиши ҳам аниқ эмас. Чунки дамбани қайта тиклаш анча вақт олади, буёғига шошилиб бўлмайди”, дея иқтибос келтирган вазир Зокиров сўзларидан Дарё.уз нашри.

Қурилиш вазири ҳукумат қарори билан дамба етказган зарарларни таъмирлаш ва қоплаш ишларини “ТўпалангсувГЭСқурилиш” МЧЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ўз ҳисобидан амалга ошириши, бунинг учун давлат бюджетидан бир сўм ҳам ишлатилмаётганини қўшимча қилган.

Матбуот анжуманида иштирок этган сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев ҳам “Сардоба” сув омборини қайта қуриш бўйича тендер шаффофлик асосида ўтказилишини таъкидлаган.

Унда “ТўпалангсувГЭСқурилиш” МЧЖ қатнашадими, йўқми – билмаймиз. Тендер жараёни якунида қайси ташкилот қуриши маълум бўлади”, деган вазир Ҳамраев.

Ўтган йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги минглаб аҳоли уйларини сув ювиб кетган, ҳодиса чоғида 6 киши ўлган, 1 киши бедарак йўқолган эди.​ Мазкур тошқин чоғида қўшни Қозоғистонда ҳам 276 квадрат километр майдонни сув босиб, Туркистон вилояти Пахтаорол туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилингани айтилган.

“Меҳр-4”: Афғонистондан 24 нафар ўзбекистонлик олиб чиқилди

2019 йилда Суриядан қайтарилган аёллар.

Сурхондарё вилоятини Афғонистон Ислом Республикаси билан боғлаб турувчи Ҳайратон кўпригида 2 март куни “Меҳр-4” операцияси амалга оширилди.

Kun.uz нашрининг билдиришича, операция натижасида Афғонистондан 24 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган. Улардан 19 нафари балоғатга етмаган бола, жумладан, 4 нафари етим.

Билдирилишича, 2017 йилдан 2020 йилгача Афғонистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда 86 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган. Уларнинг барчаси ноқонуний қуролли гуруҳлар сафларида бўлишган.

“Афғонистондан бугунгача олиб чиқилган фуқароларнинг 23 нафари эркак, 16 нафари аёл, яна 47 нафари болалар бўлган”,-дейилади хабарда.

2020 йилнинг 8 декабрида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилганди.

2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.

Ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган.

Талабалар ҳам қизил, сариқ, яшил рангларга ажратиладиган бўлди

Андижон вилоят университети.

Ижарада турувчи талабалар яшил, сариқ ва қизил рангларга ажратилади. Бунинг учун маҳаллаларда “талабабай юриш бошланди”. Бу ҳақда 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов маълум қилди.

Вазирга кўра, ижарада турган талабалар турмуш тарзини ва шароитларини текшириш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Ишчи гуруҳ текширув натижаларидан келиб чиқиб, ижарада турувчи талабаларни яшил, сариқ ва қизил рангларга ажратади.

Озодлик радиоси 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эди.

Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шундан сўнг Бош вазири ўринбосари Б. Мусаев 1 мартда шошилинч йиғилиш ўтказган ҳамда талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш тўғрисида топшириқ берган.

Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti 3 мартдан қайта сотила бошланади

UzAuto Motors биноси.

Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиб олувчилар учун шартнома бериш жараёни 3 мартдан қайта йўлга қўйилади. UzAuto Motors бу ҳақда Асакадаги автомобил заводига 2 март куни уюштирилган пресс-турда маълум қилди.

Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини харид қилиш учун шартнома бериш UzAuto Motors дилерлари шартномалар ва автомобилларни етказиб бериш бўйича янги бошқарув тизимига ўтаётгани муносабати билан февраль ойи бошида вақтинча тўхтатилган эди.

Тошкентда талаба янги қурилаётган бинодан йиқилиб ҳалок бўлди

Тошкент юридик университети расмий Телеграм каналидан олинган сурат.

Тошкент давлат юридик университетининг талабаси Баҳодир Бозоров янги қурилаётган бинолардан бирининг лифт шахтасига йиқилиб тушиб ҳалок бўлди.

Тошкент давлат юридик университетининг расмий Telegram каналида 3-босқич талабаси бахтсиз тасодиф туфайли ўлгани билдирилган. Аммо бу “бахтсиз тасодиф” тафсилотлари айтилмаган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Баҳодир Бозоров 27 февраль тунда ҳам ишлаб, ҳам яшаётган янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг лифт учун бетондан тайёрланган шахтасига иккинчи қаватдан йиқилиб тушган.

Яқинлари “Тез ёрдам” чақирганига қарамай, шифокорлар келмаган. Шундан сўнг яқинлари кўчадан патрул машинасини тўхтатиб, ёрдам сўрашган. Тез ёрдам бўлимида Бозоровнинг вафот этгани аниқланган.

Тиббий экспертизанинг билдиришича, талабанинг олтинчи умуртқаси синган, орқа мияга қон қуйилган, шунингдек, жигари ёрилиб кетган.

Ўзбекистон майгача Россияга парвозларни қайта тикламоқчи

Uzbekistan Airways самолёти.

Ўзбекистон март-апрель ойлари оралиғида Россияга мунтазам авиапарвозларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкентда ўтган траснпорт дипломатиясига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«Ҳозир Россия томонининг жавобини кутмоқдамиз. Ўйлайманки, март-апрель ойларида ижобий натижа бўлади», - деб иқтибос келтиради вазир ўринбосари сўзларидан «Газета уз».

Жасурбек Чориев Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш бўйича Россия махсус комиссиясига мамлакатда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият юзасидан барча керакли маълумотларни тақдим этган.

«Биз барча стандартлар бўйича Россия томонидан ўрнатилган талабларга жавоб берамиз»,-деди Чориев.

Ўзбекистон барча турдаги транспорт учун 2020 йилнинг 1 октябридан ўз чегараларини очган эди. Uzbekistan Airways эса ўтган йилнинг сентябрида Беларусь, Туркия, БАА, Қозоғистон ва Қирғизистонга, 20 январдан Тожикистонга, мартдан бошлаб Германия ва Ҳиндистонга авиапарвозларни тиклаган.

Вагончелленж: Наманган ҳокими ортидан Бухоро ҳокими ҳам эл дардини вагонда тинглашга чоғланди

Наманганда вилоят ҳокими учун барпо этилган контейнер-уй

Бухоро вилоятининг Олот туманида олиб борилаётган “ишлар билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида” 1 март куни туманга борган вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Давлатбой” маҳалласидаги вагонга жойлашган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳоким Зарипов Олотда вилоят ҳокими ўринбосарлари, МФЙ раислари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитган, аҳоли вакиллари билан учрашган, мактабларни бориб кўрган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Ботир Зарипов “Давлатбой” маҳалласидаги 1 мартдан кўчма штабда ўз фаолиятини давом эттиришини билдирган.

Президент Ш. Мирзиёевнинг ўтган ой Наманган вилоятига қилган ташрифи чоғидаги танқиди ортидан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Бунёдкор” маҳалласи аҳолиси билан учрашиб, ўзига шу маҳаллада уй қурилиши, бу ердаги ҳолат ўнглангунига қадар шу ерда яшашини билдирганди.

Ҳозирда тайёр бўлган бу контейнер-уй Озодлик манбалари томонидан 7,5-8 минг долларга баҳоланган. Таҳририят суҳбатдошларига кўра, бу пулга қишлоқда ўртача уй қурса бўлади.

Eurocement “Оҳангаронцемент” акцияларини сотувга қўйди

Eurocement Holding AG “Тошкент” фонд биржасида Ўзбекистондаги ўз активи “Оҳангаронцемент” акцияларининг 84,19 фоизини сотувга қўйди.

Биржа маълумотига кўра, акциялар битта лот билан сотилади. Сотувга қўйилган 4 миллион 141 минг 108 дона акциянинг ҳар бири учун 103 минг 593 сўмдан нарх бичилган. Акциялар бу нархда сотилган тақдирда, байнинг умумий суммаси 420 миллиард сўмдан (қарийб 41 миллион доллар) ошиши мумкин.

Олтмиш йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган “Оҳангаронцемент” Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан иккинчи цемент заводи бўлиб ҳисобланиб, бу ерда республикадаги цементнинг қарийб 20 фоизи ишлаб чиқарилган.

1994 йили “Оҳангаронцемент” хусусийлаштириб, акциядорлик жамиятига айлантирилган. Заводга анча йиллар Zeromax ширкати эгалик қилиб, 2006 йилда акцияларнинг 75,5 фоизини “Евроцемент”га сотган. Кейинчалик “Евроцемент” акциялари миқдорини 84, 19 фоизга етказган.

Айрим маълумотларга кўра, “Евроцемент груп” ўтган 14 йил ичида корхона ривожи учун 150 миллион доллар сарф қилган.

Россиялик бизнесменларга тегишли бўлган “Евроцемент” қарзларини тўлай олмай қолгани ортидан тўлалигича Россия ҳукуматига қарашли Сбербанк қўлига ўтгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистоннинг икки шаҳри билан Истанбул ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилади

Uzbekistan Airways авиаширкати шу йил 28 мартидан Урганч – Истанбул – Урганч йўналишида янги мунтазам қатновни йўлга қўяди. Шу йилнинг 3 апрелидан эса авиаширкат Фарғона – Истанбул – Фарғона йўналишида мунтазам авиақатновни бошламоқчи. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Урганч билан Истанбул ўртасидаги қатнов ҳафтасига бир марта – якшанба кунлари, Фарғона билан Истанбул ўртасидаги қатнов эса ҳафтасига икки марта – чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

Авиаширкат ўз хабарномаларида мазкур парвозлар чоғидаги чекловлар ҳақида маълумот берган эмас.

Коронавирусга қарши илк вакцина рўйхатдан ўтказилди

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистонда COVID-19 га қарши илк вакцина рўйхатга олинган. Бу ҳақда ССВ қошидаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

“Бугун ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхат рақами - DV/X 08646/03/21”, дейилган агентлик хабарномасида.

Мазкур вакцина Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ширкати томонидан ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, Хитой томони коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олиб, ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилаган.

“Тадқиқот ишларида 6 ой иштирок этганимиз учун Хитой томони Ўзбекистонни “ҳаммуаллиф” деб тан олди. Айни кунларда бу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Хитой томони талабларига жавоб берадиган лабораториялар, фармацевтика компаниялари бўлиши керак. Ҳали фалон жойда ишлаб чиқарилади, деган хулоса берилгани йўқ”, деганди ўтган ҳафта Озодликка Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим.

Мулозима вакцина нархи ҳақида ҳозирча маълумот берилмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида 3 киши девор босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизматининг 1 март куни билдиришича, эски уйини бузаётган уч киши девор босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди.

Расмий маълумотда айтилишича, 28 февраль куни соат 12:30 да Хўжайли туманидаги “Маданият” маҳалласида яшовчи А.А.,нинг эски уйини бузаётган Б.Қ., С.Л., ва Ж.Т., девор қулаб тушгани ортидан воқа жойида ҳалок бўлган.

Хўжайли туман Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) асосида жиноят иши очган.

Тергов ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Тошкентда беш талаба ўлгани ортидан талабаларнинг яшаш шароити текшириладиган бўлди

Талабалар ўлгани ҳақида Бош прокуратура хабар берган.

Бош вазири ўринбосари Б. Мусаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талабаларнинг яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1 мартда билдиришича, йиғилиш шошилинч тарзда ўтказилган.

Вазирлик билдирувида 27 февраль куни Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда 5 нафар талабанинг номаълум моддадан заҳарланиб ўлгани тўғрисида маълумот берилмаган. Лекин расмий билдирувдан англашинадики, йиғилиш мазкур фавқулодда ходиса юз бергани ортидан ўтказилган.

“Муҳокама жараёнида олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, декан, шунингдек, ёшлар бўйича етакчилари томонидан талабаларнинг яшаш шароитларини таҳлил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги танқид қилинди”, -дейилади хабарда.

Турли вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирок этган йиғилишда талабалар ижарада қаерда яшаётгани, яшаш шароити қандай экани, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлиши каби масалаларга эътибор қаратилмаётгани муҳокама қилинган.

“Талабалар томонидан ижарага олинаётган хонадонларнинг ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, талабаларда бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик бўйича билимларининг етарли эмаслиги натижасида турли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда”,-дейилади хабарда.

Озодлик радиоси 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эди.

Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Товламачиликда айбланаётган блогер Отабек Сатторийга нисбатан тергов якунланди

Блогер Отабек Сатторий 30 январда қўлга олинганди.

Сурхондарёда блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёни якунланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 1 март куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, терговда Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида “фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб” келгани аниқланган.

Тергов департаменти баёнотида Отабек Сатторий Интернет тармоғи орқали Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан “туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир этган”.

“Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган”,-дейилади билдирувда.

Айни пайтда блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши доирасида қамоқда сақланмоқда деган фикр ҳам мавжуд.

Жумладан, бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Отабек Сатторий Термиз шаҳрида 30 январь куни қўлга олинган эди. Суд уни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамалиши мумкин.

Давстатқўм: Февраль ойида инфляция даражаси 0,6 фоизга тенг бўлди

Тошкент бозори

Жорий йилнинг феврал ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,6 фоизга қимматлаган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилишича, 2021 йилнинг дастлабки икки ойи давомида нархларнинг ўсиши 1,7 фоизни, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,8 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда эса инфляциянинг ўсиш суръати 11,4 фоизга етган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган ой озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизматлар эса 0,8 фоизга ошган. Ўтган йилнинг бу даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,3 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,6 фоизга, хизмат ҳақи эса 0,3 фоизга ошган эди.

Бундан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида ўсиш ўтган йил билан солиштирганда камайгани, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ўсиш суръатида ўсиш бўлмагани, хизмат ҳақининг ўсиш суръати эса ортганини англаш мумкин.

Умуман олганда, ўтган бир йил ичида Ўзбекистонда озиқ-овқат маъсулотлар нархи 14,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 9,1 фоизга, хизмат ҳақи эса 8,8 фоизга ошган.

Маҳаллий туристлардан ундириладиган йиғимнинг кунлик миқдори 980 сўм қилиб белгиланди

Ўзбекистон ҳукумати жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик (меҳмонхона) йиғимнинг яшалган кун учун миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўм қилиб белгилаган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур йиғим президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 9 февралида имзолаган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан жорий қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Фармонга мувофиқ, ўзбекистонликлардан мазкур йиғим шу йил 1 мартида ундирила бошлайди. Шу пайтгача бундай йиғимни хорижлик меҳмонлар тўлаб келган, холос.

Маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши айтилган.

Мазкур ўзгариш ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлган, ҳатто айрим блогерлар бу ҳақда “барча йўллар солиққа етаклайди” дея киноя қила бошлаганди.

Оролбўйида германиялик ҳамкорлар кўмагида 8 миллион евролик лойиҳа амалга оширилади

Орол денгизининг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири

Ўзбекистонда германиялик ҳамкорлар билан биргаликда "Оролбўйида экологик йўналтирилган минтақавий тараққиёт" лойиҳаси амалга оширилади. Бунга оид битим ўтган ҳафта якунида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳалар менежери Паул Шумахер ўртасида имзоланган.

Ҳужжат билан Оролбўйи ҳудудини барқарор трансчегаравий экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга эришишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига кўмак кўрсатиш кўзда тутилган.

Вазир Ж. Хўжаевга кўра, янги лойиҳа консалтинг хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш, геоахборот тизими, масофавий зондлаш, трансчегаравий ҳамкорлик ва бошқа таркибий қисмларни ўз ичига олган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қайдича, бюджети 8 миллион еврони ташкил қилувчи тўрт йиллик мазкур лойиҳа экологик ва ижтимоий жиҳатларга салбий таъсирларни минималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ривожланишга комплекс ёндашув асосида амалга оширилади.

Минтақа сафарини якунлаган вазир Комилов Россияга йўл олди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 1-2 март кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлади.

ТИВ маълумотига кўра, Москвадаги музокаралар чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Икки давлат дипломатлари жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий ва юқори даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини ҳам кўриб чиқадилар.

Аввалроқ ташқи ишлар вазири А. Комилов 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга, 23 февраль куни Афғонистонга, 27 февраль куни эса Қирғизистонга сафар қилиб, мазкур давлатлар президентлари қабули бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Жанубий Кореяга юбориш ваъдаси билан ўзбекистонликдан 57 минг доллар олган кореялик қўлга тушди

Корея фуқароси ўзбекистонликдан 57 минг доллар олган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг 27 февралда билдиришича, Ўзбекистон фуқаросини Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, 57 минг доллар олган хорижлик қўлга олинди.

Расман маълум қилинишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Жанубий Корея фуқароси бўлган 59 ёшли Ким Еон Сун Миробод тумани Афросиёб кўчасидаги ижара уйда яшаган. У бу ерда яшаб, ўзбекистонлик 37 ёшли С.Х.,нинг ишончига кирган. Ким Еон Сун С.Х.,ни Жанубий Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилган ва 57 минг долларини олган. Аммо ваъдасини бажармаган.

Жанубий Корея фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Тошкентдаги «Шовотландия» кафесидаги ёнғинда беш киши ўлди. Кафега ўт қўйган шахс ушланди

Суратнинг Чилонзорда содир бўлган ёнғинга алоқаси йўқ.

Тошкентдаги "Шовотландия" кафесига ўт қўйилиши ортидан мазкур кафеда ишлаб, ўша ернинг ўзида яшаб келган 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Чилонзор туманида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Кафега “қасддан ўт қўйган” шахс қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, у Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф., бўлган.

“Қасддан ўт қўйган шахс «Матиз»да манзилга келиб, бино деворларига шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган. Аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлгач воқеа жойини яширинча тарк этган”,-дейилади ИИВ билдирувида.

Аввалроқ Озодлик 27 февраль куни соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин чиққан ҳақида хабар берган эди.

Ёнғин оқибатида кафенинг томи ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган. Ёнғинни ўчиришга 4 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Ўшанда ёнғин оқибатида жабрланганлар бор экани хабар қилинган, бироқ улар олган жароҳат характери тўғрисида ҳеч нарса дейилмаганди.

Тошкентда 5 нафар талаба ўлик ҳолда топилди

Тошкент Ахборот технологиялари университети 2-босқич талабалари М.У., Р.С., Д.Ғ. ва Сингапур университети 2-босқич талабаси О.И. ҳамда “Инха” университети 1-босқич талабаси С.Х.,лар ўлик ҳолда топилди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, уларнинг жасадлари 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Инжобод кўчаси, 61-уйда топилган. Улар бу уйда ижарада туришган.

Расман билдирилишича, талабалар номаълум моддадан заҳарланиб ўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Юнусобод туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Суд тиббиёт экспертизасининг 27 февраль кунги дастлабки хулосасига кўра, жабланувчиларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз берган. Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган”,-дейилади хабарда.

Абдулазиз Комилов Қирғизистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширди

Абдулазиз Комилов

27-февралда Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширган.

Хабар қилинишича, суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашган.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

"Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа ё‘л очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади", дейилган ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG