Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:58

“Лукойл” ширкати ўзбек ишчиларни “қўй подаси” деб ҳақоратлаган ходими ҳаракатини изоҳлади


Ўзбек ишчилари ҳақоратлангани акс этган видеодан олинган кадр.

ЎзА ахборот агентлигининг 14 ноябрда хабар қилишича, “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ раҳбар ходимининг номақбул ҳаракатини компаниянинг исмини айтишни истамаган вакили изоҳлаб, бундай деган:

“Компаниямизда юз берган ушбу ҳодисадан хабардормиз. Айни дамда бу иш юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда. Текширув натижалари ўрганилгач, чора кўрилади ва бу ҳақда компаниямиз баёнот беради".

Тилга олинган компания бош энергетиги Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини "қўй подаси", деб ҳақорат қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

ЎзАнинг "Видеолавҳада ҳақоратланганлар ва ҳақоратлаётган шахс маълум бўлишига қарамай, нима учун қўшимча текширувлар олиб борилмоқда", деган саволига матбуот хизмати вакиласи қуйидаги жавобни берган:

“Видеолавҳада ҳаммаси аниқ, равшан бўлса-да, ходимимиз уни қай ҳолатда айтганини аниқлашимиз керак бўлади. Балки, бу атайин уюштирилган бўлиши мумкин”, деган матбуот хизмати ходимаси.

Яқин вақт оралиғида ушбу ҳолат юзасидан “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ нинг махсус баёноти кутилмоқда.

Партиялар норозилиги

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 13 ноябрь куни «LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY» амалдори – бош энергетик Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туман, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани юзасидан ташвиш билдирди.

Партия матбуот хизмати томонидан тарқатилган баëнотда “олий қадрият ҳисобланган инсон қадрияти топталган” бу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органлар муносабати сўралган.

Баëнотда ëзилишича¸ бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига зиддир.

“Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади” дейилаган баëнотда.

Мазкур ҳолатга ЎзЛиДеП ва ХДП партиялари ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мазкур масала юзасидан муносабат билдирар экан, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, айниқса «Лукойл» каби йирик компания вакили томонидан бундай хатти-ҳаракатларнинг амалга оширилиши жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат, деб баҳолади.

XS
SM
MD
LG