25 ноябрда ҳукумат “2019-2020 йилги қиш-баҳор мавсумида республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарор билан 2019-2020 йилги қиш-баҳор мавсумига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришнинг прогноз ҳажмлари тасдиқланди.
Унга кўра, 4 та асосий турдаги (картошка, пиёз, сабзи, гуруч) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг республика бўйича жами захира ҳажми 414 399 тонна этиб белгиланди.
Шунингдек, ушбу маҳсулотларни захирага ғамлаш учун маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, тайёрлов ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ўртасида истисно тариқасида тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузилади.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январга қадар захирага қўйилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига етказиб бериш ва савдо шохобчаларини жойлаштириш жадваллари ишлаб чиқилади.
Бунда, маҳсулотлар республиканинг барча минтақалари, шу жумладан, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудлари бўйича бир текис тақсимланади.
Бюджет ташкилотлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларини харид қилишга чекланган нархлар ўрнатилади.
5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари – Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиëева янги ремонт қилинган Ноширлик коллежи биносининг очилишида қатнашган.
Бу ҳақда агентлик директори Комил Алламжонов ўз Facebook саҳифасида хабар қилди.
“Бугун Агентлигимиз тасарруфидаги Ноширлик коллежининг капитал таъмирдан чиқарилган биносини ўқувчилар учун фойдаланишга топширдик.
Коллеж келгусида етук матбаачилар ва ноширларни тайёрлайдиган муҳим масканга айланади, деб ишонаман. Бунинг учун барча шароит ва имконият етарли”¸ деб ëзди Алламжонов.
АОКА раҳбари бу хабарига очилиш маросимига оид суратларни ҳам илова қилган.
Бу расмлардан президент тўнғич қизининг алвон гилам устида қарши олингани¸ очилиш маросимида қизил лентани олтин дастали қайчи билан қирқаëтгани кўрилади.
29 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиëевнинг Тошкентга келган Марказий Осиë раҳбарлари билан бирга қор босган боғдаги арчага тилла суви югуртирилган челакдан сув қуйгани суратлари эълон қилинган эди.
Тошкент шаҳар Ëнғин хавфсизлиги хизмати бошқармаси 5 декабрь куни тушдан кейин янги қурилаëтган Ислом цивилизация марказида ëнғин чиққанини тасдиқлади.
Бошқарма баëнотига кўра¸ “соат 16:38 да, Олмазор тумани, Зарқайнар 1-тор кўчасида жойлашган янги қурилаётган Ислом цивилизация маркази ҳудудида 150 кв.м. майдонида теплоизоляция (пенопласт) маҳсулотлари ёнган”.
Расмий баëнотдан тушунилишича¸ ëнғин оқибатида янги қурилаётган бинога зарар етмаган.
“Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 16:44да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:54да қуршаб олиниб, соат 17:06да ўчирилган”¸ дейилади бошқарма хабарида.
Тошкент ислом цивилизация маркази бош ҳомийси асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновдир.
Ўтган йил Forbes журнали мухбири билан суҳбатда Усмонов бу марказ қурилишига “аллақачон 100 миллион доллар ëтқизганини” айтган эди.
Ўзбекистон Бош вазирининг инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари Элëр Ғаниев Туркиянинг Cengiz-Kolin-Kalyon консорциуми билан музокаралар самарасиз тугаганини билдирди.
2018 йил сентябрь ойида ҳукумат бу компания билан Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли магистраль қуриш бўйича келишувга эришилганини эълон қилган эди.
2018 йил июлида эса¸ бу лойиҳани Германиянинг GP Papenburg Baugesell schaft компанияси амалга ошириши эълон қилинган эди.
Бу режанинг амалга ошмагани ҳақида ҳукумат расмий изоҳ берган эмас.
Туркия консорциуми билан музокаралар¸ Элëр Ғаниевга кўра¸ нарх борасидаги келишмовчилик сабаб самарасиз тугаган.
Тошкент¸ Ғаниев иддаосича¸ турк ширкатининг Тошкент-Самарқанд йўлига ўрнатадиган қиммат нархига кўнишни истамаган.
Музокараларнинг айнан қайси сабабга кўра муваффақиятсиз тугагани ҳақида ҳозирча Озодлик мустақил маълумотга эга эмас.
Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг аксар йирик лойиҳаларнинг хориж инвесторларига берилгани эълон қилинди.
Аммо ўтказилган журналистик суриштирувлар натижасида «хориж ширкати» деб аталган аксар компанияларнинг ўзбекистонликлар номига чет элда расмийлаштирилган¸ асл эгаси бекитилган қобиқ ширкатлар экани аниқланди.
Масалан¸ Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат лойиҳа – Tashkent Cityдаги тўртта лот қурилиши берилган “хориж инвесторлари”¸ британиялик тадқиқотчи ўтказган суриштирув натижасида¸ аслида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли ширкатлар бўлиб чиқди.
Вазирлар Маҳкамасининг 3 декабрь кунги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб, мамлакатдаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram канали 5 декабрь куни хабар тарқатди.
Бу рўйхатга Самарқанд давлат чет тиллари институти¸ Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти¸ Тошкент давлат юридик университети¸ Тошкент давлат иқтисодиёт университети¸ Тошкент молия институти¸ Тошкент давлат шарқшунослик институти¸ Тошкент фармацевтика инситути¸ Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети¸ Урганч давлат университети ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти киритилган.
Бу олийгоҳларнинг тажриба рўйхатига киритилишда¸ расмий хабарда ëзилишича¸ “уларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган".
Мазкур рўйхатга киритилган ОТМлар Ўзбекистонда энг кўп абитуриент ҳужжат топширадиган¸ коррупция даражаси ҳам баланд экани айтиладиган олийгоҳлар саналади.
Ҳукумат қарорига кўра¸ мазкур 10 олийгоҳларда “тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади”.
Бу эса¸ келаси ўқув йилидан мазкур ОТМлардаги контракт нархининг ўзгаришини назарда тутади.
Президент Шавкат Мирзиëев жорий йил 11 июль куни 2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтишини кўзда тутувчи 5763-сонли қарорга қўл қўйган эди.
Озарбайжондаги Trend News агентлигининг хабар қилишича¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банки 2018 йили Ўзбекистондаги 12 та лойиҳага 400 миллион евро маблағ ажратган.
Агентлик гаплашган ЕТТБ расмийси таъкидича¸ бу банк тарихида битта давлатга бир йил давомида қарз бериш бўйича мисли кўрилмаган рекорддир.
2017 йил охирида Ўзбекистондаги ўз фаолиятини қайта тиклаган ЕТТБ мулозими бу маблағнинг ҳам давлат¸ ҳам хусусий секторга ажратилганини таъкидлаган.
“2019 йил учун ҳозиргача эришилган келишувларимиз қиймати 475 миллион евро ва бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Бу келишувлар ҳукумат бошлаган реформалар ва бизнинг Ўзбекистондаги ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш ниятимиз маҳсулидир”¸ деган номи очиқланмаган ЕТТБ расмийси Trend News агентлиги билан суҳбатда.
ЕТТБ расмий сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ ҳозирда банк Ўзбекистонда умумий қиймати 726 миллион евролик 23 та лойиҳада фаол иштирок этмоқда; бу маблағнинг 21 фоизи хусусий секторга¸ 79 фоизи эса давлат назоратидаги инфраструктура лойиҳаларига ажратилган.
Марказий банк баëнотига кўра¸ Ўзбекистон умумий қарзи 2019 йил июлига келиб¸ 20,7 миллиард долларга етган ва бу йил бошига нисбатан 3,4 миллиард долларга кўпдир.
Молия вазирлиги расмийси 18 ноябрь куни берган баëнотга кўра¸ 2019 йил кузига келиб давлат умумий қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбатан 33,6 фоизни ташкил этган.
Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти миқдори 2018 йили 50¸5 миллиард долларни ташкил этган.
Самарқандда АҚШ ҳамда дунё киносаноати марказларидан бири бўлган Ҳолливуд типидаги кино шаҳарчаси қурилади.
“Дарё” нашри хабарига кўра, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Оқсой ҳудудида қурилиши режалаштирилган киношаҳарча лойиҳаси Vendo group компанияси томонидан амалга оширилади.
Лойиҳа муаллифи Ҳ.Мамасолиевга кўра, умумий ер майдони 160 гектар бўлган шаҳарча Cinema City Sollywood номини олади. Унда замонавий кўринишдаги 3-4 юлдузли меҳмонхоналар, ресторан ва кафелар, дам олиш ва истироҳат боғлари, аквапарк, кинотеатр, концертлар ва конференциялар ўтказиладиган заллар барпо этилади.
Шаҳарча АҚШнинг Daha USA Group ҳамда Хитойнинг Yiwu Compass Trading компаниялари билан ҳамкорликда қурилади. Биринчи босқичда лойиҳа учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағларини киритиш режалаштирилган.
Тошкентнинг айрим туманларида газ тақчиллигига метро қурилиши важидан газ қувурларининг демонтаж қилиниши сабаб бўлган. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
“Дарҳақиқат, Роҳат мавзеси томондан Қўйлиқ бозоригача бўлган Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб ер усти метро қурилиши вақтида, зарурат туфайли, 1,5 км узунликдаги газ қувури демонтаж қилинди. Шу сабабли совуқ кунларда шаҳарнинг айрим ҳудудларида табиий газ тақчиллиги кузатилди”, дейилади хабарномада.
Ширкат шу кунда газ қувурини тиклаш бўйича қурилиш ишлари олиб борилаётгани, Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидаги ҳалқа йўли ёқалаб 800 метр газ қувурлари ётқизилганини билдирган ҳамда вақтинча ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Маълумотларга кўра, шу йил 22 ноябридан Тошкентнинг Миробод, Чилонзор, Сергели, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Учтепа туманларида газ босими пасайиб кетган.
Ўзбекистон халқ артисти Миртоҳир (Тоҳир) Миралиев вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Актёр "Тилла бува" (2011), "Учар отлар" (2011), "Қовун" (2012), "Жасур" (2011), "Аросат" (2009), "Чавандоз" (2007), "Армон" (1987) каби кўплаб фильмларда роль ижро этиб, халқ кўнглидан муносиб жой олган.
Миртоҳир Миралиев узоқ йиллар давомида ёш ҳамкасбларига актёрлик маҳоратидан сабоқ берган. Актёрни таниганлар уни ўз касбига содиқ профессионал қатори ёдга оладилар.
Озодлик радиоси жамоаси марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этади.
Фарғона вилоятидаги туманлардан бирида мактабнинг 3-синф ўқувчиси шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси томонидан зўрланди. Бу ҳақда Газета.uz Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Ҳодиса сентябрь ойи бошида қурилиши битмаган ер участкасидаги вагонда содир бўлган. Жабрланувчига кўра, юқори синф ўқувчиси кимдир воқеадан хабардор бўлса, сўйиб ташлаш билан таҳдид қилган.
Ноябрь ойида ўтказилган экспертизалар тажовузкор ўқувчининг жиноятга алоқадорлигини тасдиқлаган. Ўсмир айбини бўйнига олган. Унга нисбатан 26 ноябрь куни судгача уй қамоғи шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.
Самара (Россия) аэропортида шу йил ноябрь ойида ўзбекистонлик ва тожикистонлик 147 нафар йўловчи томонидан олиб келинган ярим тонна хўл ва қуруқ мева карантин баҳонаси билан олиб қўйилган. Бу ҳақда sgpress.ru Россельхознадзорнинг Самара вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.
Қайд этилишича, олиб қўйилган маҳсулотлар ичида мева-сабзавот, қуруқ мева, қуруқ чой ва гуруч бўлган. Фитосанитария талабларига жавоб бермаганлиги сабабли олиб қўйилган бу озиқ-овқатлар аэропорт печида ёқилган.
Самарқанд вилоят бош архитектори Бобир Элмурадов давлат мулкини талон-торож қилишда гумонланиб қўлга олинган, дея хабар қилади Kun.uz нашри.
Нашр манбасига кўра, мулозим гаров эвазига озод қилинган ва ҳозирда 7 миллиард сўмлик (735 минг доллардан кўпроқ) бюджет маблағини ўзлаштирганликда айбланиб, суд қилинмоқда.
Элмурадов вилоят бош архитектори лавозимига шу йил мартида тайинланган. Унгача эса Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган. У ўша вақтда шаҳарнинг “Саид” маҳалласидаги 26 нафар ватандошга уйлари “снос”га тушган деб давлат бюджетидан 7 миллиард сўм миқдоридаги пулни асоссиз равишда беришда айбланган.
Россия бозорида Ўзбекистондаги UzAuto Motors автозаводининг Ravon савдо белгиси билан сотилаётган автомобиллари кескин арзонлаб кетди.
Ravon.ru сайтида эълон қилинган маълумотларга таяниб, Fergana.ru сайтининг хабар қилишича, Nexia R3 модели 120 минг рублга ($1850) арзонлаб кетган.
Nexia R3 670 минг рублдан ($10 300) 550 минг рублга ($8460);
Ravon R4 678 минг рублдан ($10 430) 603 минг рублга ($9280);
Ravon R2 646 минг рублдан ($9940) 586 минг рублга ($9015) пасайган.
Ишсизлик даражаси 2019 йил бошига нисбатан 0,4 фоизга камайиб, жорий йил 1 октябрь ҳолатига 8,9 фоизни ташкил этди. Расмий банд аҳоли сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ёки 308 минг кишига ошган ва 5,7 миллион кишига етди. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 200 мингга камайиб, 4,0 миллион кишини ташкил этмоқда.
Бу маълумотлар 2020 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш параметрларига тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида келтирилди
Ҳужжатда қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигача қолмоқда (мос равишда 14,9 фоиз ва 12,5 фоиз), ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши (меҳнат миграциясисиз) юқорилигича қолиб, 39,0 фоизни ташкил этмоқда.
2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси - "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.
"Бу йилги пахта теримини механизациялашга, пахта териш машиналаридан фойдаланишга фаол киришдик. Пахтани қўлда тергандан кўра машинада териш анча афзал. Қўлда терилган бир кило пахта учун 800-1000 сўм маблағ тўланган бўлса, машинада терилган пахтанинг 1 килоси 600 сўмдан тушди", деган Нодир Отажонов
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш учун 8,55 млн еврога тенг маблағ ажратди. Бу ҳақда Газета.уз нашри ЕТТБ матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.
Банк кредити шприц ва диализ фильтрлари каби бир марталик тиббиёт ашёларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Healthline қўшма корхонасига берилади.
Кредит маҳсулот ассортиментини кенгайтириш ва бир марталик тиббий қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун сарфланади.
Шу пайтгача ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётидаги 73 та лойиҳага 1,6 млрд евро миқдорида сармоя киритган.
Банк делегацияси шу йил июнида Хиванинг Нуриллабой саройида уюштирилган зиёфатда иштирок этгани учун танқидга нишон бўлган эди.
2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистондан Ўзбекистонга 119,6 миллиард тенге ёки тақрибан 309 млн АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Бу ҳақда finprom.kz нашри хабар қилади.
Айни пайтда Ўзбекистондан Қозоғистонга жорий йилнинг 10 ойи давомида 25,4 миллиард тенге ёки 65,6 млн доллар пул ўтказилган.
Ўзбекистон Қозоғистондан пул ўтказмалари бўйича Россиядан ($443,9 млн) кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ундан кейинги ўринларни Туркия ($195 млн)ва Қирғизистон ($182 млн)эгаллаган.
Саудия Арабистони чегара хизмати Умра зиёратига борган 14 нафар ўзбекистонликни ватанига депортация қилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, шу йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига юборилган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиққан.
Турфирма уларга қалбаки виза расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига йўллаган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинган.
“Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди”, дейилади қўмита хабарномасида.
Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Халқаро қиличбозлик федерациясига (FIE) харжлаган маблағи 2020 йилга бориб 80 миллион АҚШ долларига етади. Бу ҳақда Insidethegames сайти хабар қилади.
Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимини эгаллаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у мунтазам равишда федерацияга ўз маблағларини сарфлаб келган. FIE маълумотига кўра, тадбиркор иона қилган 16,4 миллион доллар туфайли федерация 2018 йилдан 2,8 миллион долларлик профицит билан чиққан.
Яқин икки йил ичида Усмонов федерацияга яна 5 миллион доллардан сарфламоқчи. Шу тариқа тадбиркорнинг ўзи президент бўлгандан бери федерацияга қилган ионаси миқдори 80 миллион долларга етади.
Forbes маълумотига кўра, сарвати 12,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Алишер Усмонов Россиядаги энг бадавлат кишилардан бири бўлиб ҳисобланади.
“Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв. метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.
2020 йил 1 январдан аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.
Қарорга кўра, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилади.
Аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.
Кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида амалга оширилади.
Қарор билан 2019-2022 йилларда республиканинг иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти - Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомалини қабул қилди.
Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Учрашувда икки қўшни мамлакат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилингани хабар қилинди.
Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг катта ўғлидир.
Эмомали Раҳмон 2017 йил, 12 январь куни Рустам Эмомалини Душанбе мэри этиб тайинлаган эди.
Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Туркманистондан ўзаро имзоланган шартномага кўра, электр энергиясини етказиб бериш бошланди ва шу куни жами 14,9 млн. кВт.с электр энергияси етказиб берилди. 2 декабрь куни эса, электр энергиясини етказиб бериш 15,4 млн. кВт.соатни ташкил этди.
Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Aхборот хизмати хабар қилди.
Корхона электр энергиясини етказиб бериш шартномада белгиланган, келишилган графиклар ва миқдорлар асосида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган.
"Жорий режимларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасаруффидаги электр тармоқлари ва подстанциялари шартномада белгиланган миқдордаги электр энергиясини ҳудудий тармоқлар чегарасигача чекланишларсиз етказиб бериш имкониятига эга эканлигини маълум қилади" дейилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” хабарида.
Корхона ўз баёнотида 2 декабрь куни Daryo.uz сайтида “Туркманистондан келган электр энергияси сабабли Самарқанддаги баъзи туманларда электр энергияси вақтинча ўчирилади” сарлавҳали материал эълон қилинганини, унда 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга “Туркманэнерго” давлат энергетика корпорацияси томонидан етказиб берилаётган электр энергиясини маҳаллий подстанциялар кўтара олмаяпти, дея хабар берилгани ва шбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ёзди.
Швециянинг TV4 телеканали Озодлик радиоси мухбири Сирожиддин Толибов билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувдан юзлаб чет элликлар Швецияда қулдек ишлатилаётгани маълум бўлди. Ҳамкорлик маҳсули – 40 дақиқалик фильм TV4 телеканалида душанба, 2 декабрь куни намойиш қилинди.
- Швецияда кўпчиликнинг назаридан четда бўлган, кўринмас бир жамият бор. Бу жамиятда меҳнат муҳожирлари эксплуатация қилинади. Кўринмас эксплуатация ҳамма жойда – қурилиш майдонларида, мактабларда, шифохоналарда, ҳашаматли меҳмонхоналар ва ресторанларда давом этмоқда, - деди фильм ҳаммуаллифи Сирожиддин Толибов. Унинг айтишича, фильм ноқонуний йўллар билан ишга жойлашган ва натижада қуллик домига тушиб қолган ўзбеклар ҳақидадир.
Фильм тез орада Озодлик сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда намойиш этилади.
Фарғона вилоят, Марғилон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари 30 ноябрда ўз уйидан осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда маҳаллий нашр Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, 3 декабрда хабар қилди.
"Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан 30 ноябрь куни соат 11:00 ларда келиб тушган хабарга кўра, шаҳардаги Мустақиллик кўчаси 174-хонадонда яшаган, 1984 йилда туғилган Т.Э. яшаш хонадони ертўласида кабелдан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиб вафот этган", дейилган маълумотномада.
Айни вақтда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Хабарда айтилишича, Т.Э. 2018 йил 20 августда Марғилон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланиб, 2019 йил 2 апрель куни ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали 3 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистон пойтахтига келди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “юксак даражали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Артикходжаев кутиб олган”.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холлнинг томи қулагани ҳақида 2 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.
“Ўтказилган текширув натижасида мазкур ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, том қисми бутун ҳолатда эканлиги аниқланди”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.
Ҳокимлик вакилининг daryo.uz нашрига билдиришича, “чироқ усталари иш олиб бораётган вақтда шифт люкларидан бири жойидан чиқиб кетган, уни шу куннинг ўзидаёқ қайта жойига ўрнатиб қўйишган, ҳеч қандай том қуламаган”.
Tashkent City ҳудудидаги Халқаро конгресс-холл шу йил октябрида қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилганди.