Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 03:29

Apple Қрим боис ўз иловаларида бахсли ҳудудларни белгилаш сиёсатини қайта кўриб чиқади


Apple ширкати ўз иловаларида бахсли ҳудудлар давлат чегараларини белгилаш бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқади.

Бу ҳақда ширкат вакили Труди Мюллер Reuters агентлигига маълум қилган.

Apple ўзининг айрим иловаларида Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатгани учун танқидга учраган эди.

Россия 27 ноябрь куни Apple ширкатининг бу ҳаракатини қўллаб қувватлади ва ширкат “аввал йўл қўйилган хато”ни тўғрилаганидан мамнун эканини билдирди.

Украина ҳукумати эса ширкатнинг бу ҳаракатларига кескин норозилигини маълум қилди.

Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси Apple ширкатига Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатмаслик талаби билан мурожаат қилганди.

Жаноб Трудига кўра, ҳозир ширкат бахсли ҳудудларни ҳариталарда қандай белгилашни кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда Apple Maps ва Weather иловаларида Қрим фақат россиялик фойдаланувчилар учунгина Россия ҳудуди сифатида кўрсатилаётгани кузатилмоқда.

Бу иловаларни АҚШ, Европа давлатлари ёки Украинадан туриб очсангиз, Қрим Украина ҳудуди сифатида кўрсатилган.

Россия 2014 йилда Қрим мухториятини босиб олган ва референдум ўтказиш орқали аннексия қилганди. Жаҳоннинг камида юзта мамлакати Россия ўтказган референдумни ноқонуний деб ҳисоблайди ва Қрим анексиясини тан олмайди.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG