Линклар

Шошилинч хабар
09 апрел 2020, Тошкент вақти: 13:56

Ўзбекистон хабарлари

Президент 92 фуқарони Конституция куни муносабати билан афв этди

“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўтган йили президент Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллиги муносабати билан 136 кишини афв қилган эди.

Кун янгиликлари

ОАВ: Ўзбекистонда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи тест тизими ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари одамда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишди.

Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Айни пайтда клиник синовлар давом этаётгани, апрель охирига қадар 50 мингта ана шундай тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилгани хабар қилинди.

«Коронавирус инфекциясини ўрганиш бўйича вазирлик томонидан қатор илмий-инновацион лойиҳаларга танловлар эълон қилинди. Бу танловлар доирасида мавжуд дори-дармонларни тезкор усулларда лаборатория шароитида коронавирусга қарши текшириш ва бу текширишда ҳамкорликларни йўлга қўйиш биринчи қадамлар сифатида белгиланди. Шунингдек, коронавирус диагностика усулларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича олимларимиз томонидан диагностика гидлари яратилди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Иккинчидан, Ўзбекистонда мавжуд қатор дори-дармонларнинг вирусларга қарши таъсири халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ўрганилмоқда ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда», - деган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканали тайёрлаган лавҳада.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон расман коронавирусдан ҳоли бўлиб қолаётган қўшнисига инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 5 апрелда 60 яшар бемор вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган.

Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Тожикистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, ёрдам мамлакат президенти топшириғига биноан жўнатилган.

Инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд 9 апрелда Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

"Яқин дўст тожик халқига юборилган инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор", дейилган хабарда.

Ўзбекистон инфекция тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.

Тожикистонда шу кунгача бирор кишига коронавирус юққанига оид расмий маълумот йўқ.

5 апрелда Тожикистон шимолидаги Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 60 яшар эркак вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган ва туман марказий касалхонаси тўла карантинга олинган эди.

Расман: Электр таъминотидаги узилишлар қалин қор ёққани билан боғлиқ

Тезкор бригадалар таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бормоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати тақдим этган сурат.

Ўзбекистонда ноқулай об-ҳаво шароити, жумладан, қор ёғиши оқибатида барча ҳудудларда электр таъминотида узилишлар юзага келди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати 9 апрель куни маълум қилди.

“Мамлакатимиз бўйлаб кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли республикамизнинг турли ҳудудларида электр қурилмаларида вужудга келган авариявий ҳолатлар ҳамда қалин қор ёғиши оқибатида дарахт шохларининг синиб, электр тармоқларига шикаст етказиши натижасида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда”, дейилади расмий билдирувда.

Хабарда айтилишича, айни вақтда республиканинг барча ҳудудларида электр таъминоти корхоналарининг тезкор бригадалари томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

-“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ электр таъминотидаги вақтинчалик узилишлар учун истеъмолчилардан узр сўраган ҳолда, ушбу ишларни якунлаш ва электр таъминотини тиклаш чоралари кўрилаётганлигини маълум қилади, - дейилади хабарда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етди

Коронавирусга чалинганларнинг 3 нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

8 апрель соат 23.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафарга етган эди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

Президент "Меҳр-шафқат ва саломатлик" фондига қанча маблағ ўтказилганини билдирди

Президент 8 апрелда коронавирусга қарши кураш масаласида видеоселектор ўтказди.

Қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқаши олдини олиш муаммоси кун тартибига тушганидан сўнг Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди деган ташкилот номи ҳам тез-тез тилга тушмоқда.

Маҳаллий матбуот кейинги пайтда “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига бир қатор давлат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан пул маблағлари ўтказиб берилгани ҳақида тез-тез хабар бериб турибди.

Жумладан, бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ҳам мазкур фондга 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ўтказиб берган.

1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканаллари коронавирус карантинини Тошкентда ўтказаëтган миллиардер Алишер Усмоновнинг айни шу фондга 20 миллион доллар хайрия қилганини хабар берди.

Айрим ўзбекистонликлар Озодлик радиосига мазкур фонддан ёрдам олиш имконияти йўқлигидан шикоят қилишган эди. 7 апрель куни Озодлик билан суҳбатда бу фонд мутасаддиларидан бири:

“Кунига ëрдам сўраб минглаб мурожаат бўляпти. Телефон рақамларимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Карантиндан кейин одамларнинг ишсиз¸ пулсиз қолганидан¸ баъзи оилалар бир литр ëғгаям зор бўлиб қолганини тушуниб турибмиз. Лекин муҳтожларга ëрдам тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Биз 30 йилча олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тузилган фондмиз. Вазирликка қараймиз. Ҳозирги шароитдаги вазифамиз фақат коронавирус билан боғлиқ. Карантинда сақланаëтганлар таъминоти¸ коронавирус юқтирганлар сақланаëтган касалхоналарга тиббий жиҳоз ва бошқа нарсалар топиб бериш¸ янги қурилаëтган мобил касалхоналарни ташкиллаштириш. Бизга ҳукумат¸ вазирлик фалон жой учун фалон нарса топ¸ деса топиб бериш билан машғулмиз. Ночорларга озиқ-овқат тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Бу билан маҳаллақўмлар¸ ҳокимликлар¸ мана энди Экспоцентрда очилган марказ шуғулланади (Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази назарда тутилмоқда -таҳр.) Илтимос¸ одамларга тушунтиринг¸ егулик сўраб бизга мурожаат қилишмасин”, деб айтган эди.

Блогер ички ишлар ходимларини масхара қилганликда айбланиб 7 суткага қамалди

Расмий хабарда айтилишича, блогер карантин талабларини ҳам менсимаган.

Ўзининг Instagram-саҳифаси орқали танилган 21 ёшли блогер Гейдар А., “ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги” учун етти суткага қамалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасиининг 8 апрелда хабар беришича: “Таниқли Instagram-саҳифаларнинг бирида муаллиф санитария-эпидемиология талабларини менсимаганлигини намойиш этганлиги акс этган бир нечта фото ва видеолар, шу билан бирга беодоблик сўзларини ишлатиб ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг назарига тушди”.

Хабарда айтилишича, блогерга нисбатан ишни Миробод тумани маъмурий суди кўриб чиққан. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топди ва 7 сутка қамоқ жазоси белгилади.

Бир неча кун олдин Тошкентнинг Амир Темур ҳиёбонида карантин пайтида видеога тушиб, ниқобсиз юрганини намойиш қилган икки йигит ва бир қиз ҳам суд томонидан 15 сутка қамоққа ҳукм қилинган эди.

Автомобилларга махсус рухсатнома бериш тўхтатилди

Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

“Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

8 апрель куни ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов: "Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС”, деб билдирган эди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилди

Коронавирус туфайли вилоятлар ўртасида блокпостлар ўрнатилган.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби янада кучайтирилади.

Тошкент вилояти ҳокимиятининг билдиришича, фавқулодда ҳолатлар ва юк машиналаридан ташқари фуқароларнинг бу шаҳарларга кириш ва чиқишлари чекланади.

“Вазиятдан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ёндош туманларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Тошкент вилоят ҳокимияти ўз билдирувида Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилаётгани сабабларини айтмаган.

Бунга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда 12 та вилоятнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар ҳам карантинга олиниб, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланган эди.

Президент томорқасига экин экмаганларни "юртга хиёнат қилганлар" деб атади

Президент томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи галдаги вазифа эканини айтди.

Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, президент “бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади”

Шунингдек, томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари дастлаб расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Президентнинг айтишича, томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш керак.

“Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти. Бироқ ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида томорқаларга экин экиш ишлари якунланмаганлиги алоҳида таъкидланди”, дейилади расмий хабарда.

Мутасаддиларга бундай хонадонлар билан бирма-бир ишлаб, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

“Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деб таъкидланади расмий хабарда.

Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Коронавирусга чалинганлар сони 545 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирусдан 3 киши, Нью-Йоркда ўзбекистонлик 3 киши вафот этди.

2020 йил 8 апрель соат 17:15 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 545 нафарни ташкил қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 8 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 534 нафарга етган эди.

Беморлар сони 7 апрель, Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, 25 кишига кўпайди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

Вазир ўринбосари Россиядаги муҳожирлар муаммолари ижобий ҳал қилинганини айтди

Карантин пайтида Россиядаги минглаб муҳожир уйига қайта олмай қолди.

«Ўзбекистон 24» телеканалида 8 март куни чиқиш қилган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар карантин даврида рўйхатда туриш муддатини узайтириш масаласида муаммога дуч келмасликларини билдирди.

«Россияда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба бор. Уларнинг ётоқхонадан чиқмай яшаш масаласи ҳал қилинди. Фуқароларимизнинг кўпчилиги Россия ва Қозоғистонда иш фаолиятини олиб боради. Уларни рўйхатга олиш масаласида жаримага солмаслик ва рўйхатни узайтириш масалалари ҳам элчихоналаримиз томонидан ҳал қилинди. Давлат расмийлари билан гаплашиб, ижобий ҳал қилинди», деб иқтибос келтирди Неъматовнинг сўзларидан Kun.uz.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари, шунингдек, 30 мартгача хориждан олиб келинган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, хориж мамлакатларидан 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик олиб келинди. Жумладан, Хитойдан 3,5 минг нафар, Россиядан 3 минг 128 нафар, Қозоғистондан 7 минг 59 нафар, Туркиядан мингдан ортиқ, Дубайдан 500 одам олиб келинган.

ТИВ: 10 апрелгача Ўзбекистонга қайтмаганларни фуқароликдан маҳрум қилиниши тўғрисидаги хабар ёлғон

Ташқи ишлар вазирлиги 8 апрель куни хорижда яшаётган ўзбекистонликларни ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Президенти 31 март куни йиғилиш ўтказгани ва барча фуқароларни 10 апрелга қадар ватанга қайтариш тўғрисида фармон имзолагани, ватанга қайтишни истамаганлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши” ҳақида тарқалган хабарларга ишонмасликка чақирди.

Вазирликнинг билдиришича, бу хабарга ишониб олган хориждаги ўзбекистонликлар Ташқи ишлар вазирлигига, чет элдаги, айниқса қўшни мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарга кўплаб мурожаатларни йўллаганлар.

“Ушбу хабарлар ҳеч бир расмий манбаларда эълон қилинмагани сабабли ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз”,- дейилади баёнотда.

Тошкент, Бухоро ва Андижон коронавирус юқтирганлар сони бўйича олдинда бормоқда

Тошкентда беморлар сони бир кунда 13 кишига кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 8 апрель, соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганларнинг даволаниш жойи бўйича статистикани Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида эълон қилди.

Маълумотда айтилишича, Тошкентда 207 нафар бемор даволанмоқда. айни пайтда пропискаси бўйича ҳисоблаганда, уларнинг 196 нафари тошкентлик. 7 апрелдаги маълумотда пойтахтда коронавирусга чалинганлар сони 194 нафар эди.

6 апрелда 19 нафар бемор Бухорода аниқланган эди. Орадан бир кун ўтиб уларнинг сони 84 нафарга етган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, улардан фақат 20 нафари Бухоро пропискасига эга.

Вазирлик тақдим этган статистика билан қуйида таниша оласиз.

Коронавирусга чалинганларнинг даволаниш жойи бўйича:

1. Тошкент шаҳри 207 та

2. Бухоро вилояти 84 та

3. Андижон вилояти 77 та

4. Фарғона вилояти 71 та

5. Наманган вилояти 51 та

6. Хоразм вилояти 18 та

7. Қорақалпоғистон Республикаси 16 та

8. Қашқадарё вилояти 6 та

9. Навоий вилояти 2 та

10. Самарқанд вилояти 1 та

11. Жиззах вилояти 1 та

ЖАМИ: 534 та

Яшаш жойи бўйича статистика:

ТИВ: Россияга меҳнат муҳожирлари масаласида нота юборилди

Россияда 2 миллиондан кўп ўзбекистонлик муҳожир борлиги айтилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Россияга меҳнат патенти тўлови муддатини узайтириш ва мажбурий ишсизлик сабабли патент тўловини амалга ошира олмаган ўзбекистонликларни маъмурий жавобгарликка тортмасликни илтимос қилиб нота жўнатди.

Бу ҳақда АОКада 7 апрелда ўтган матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиматов маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин бир неча кун аввал коронавирусга қарши кураш доирасида “ишланмайдиган кунлар” муддатини 30 апрелгача узайтирган эди. Бу муддатда фуқаролар ишламай, “ўзини яккалаш” шароитида яшашлари лозим. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги меҳнат муҳожирлари ҳам вақтинча ишсиз қолган.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу вазият сабаб Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктириш, шу вақт мобайнида меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортмасликни сўраб, расмий нота юборди. Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда”, — деди Авазбек Ҳожиматов.

Брифингда вазирлик расмийси хорижда қолган ватандошларни ватанга қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинаётганини айтган.

Унга кўра, Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган хориждаги талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, маълумотлар чартер рейсларни ташкиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, масъул вазирлик ва идораларга киритилган.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан барча халқаро авиа, авто ва темир йўл қатновларини вақтинча тўхтатилган эди.

Бухорода хориждан қайтганлар ҳисобига бир кунда беморлар сони кескин кўпайди

Жанубий Кореядан Бухорога қайтганлар орасида 66 бемор аниқланган.

Бухорога хориждан қайтган ватандошлар орасида коронавирусга чалинганлар аниқлангани ортидан мазкур вилоятда беморлар сони кескин кўпайди. Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

Бухоро вилоятида 6 апрель ҳолатига қараганда 19 нафар бемор бўлган. 7 апрелда эса вилоятда беморлар сони 84 нафарга етган.

Нурмат Отабековга кўра, Бухорога учта давлатдан чартер рейслар орқали ватандошлар олиб келинган. Жанубий Кореядан олиб келинган 239 киши Бухорога учишдан олдин Истанбул аэропортида 8 соат ҳимоя воситаларисиз қолиб кетган.

“Ўзбекистонга келганларидан сўнг текширувлар натижасида уларнинг 66 нафарида касаллик аниқланган. Бундан ташқари, Бухоро вилоятига Россия Федерациясидан ҳам 2та рейсда 530 нафар фуқаро олиб келинган. Улар орасида ҳам коронавирусга чалинганлар бор. Улар 2 кундан 5 кунгача ҳеч қанақа ҳимоя воситаларисиз битта жойда яшашган. Улар эпидемиологик нохуш ҳудудда бўлганлари ҳолда ўзларини ҳимоя қилишмаган", - деди Нурмат Отабеков.

Бош санитраия инспектори Бухорода айни пайтда ҳам вирус юққанларни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

МБ: Коронавирус туфайли эълон қилинган кредит таътилида ҳам фоиз ҳисобланаверади

Марказий банкнинг бош офиси.

Кредит таътиллари давомида кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этавериши Марказий банк баёнот берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига мувофиқ, молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддати 1 октябрга қадар кечиктирилган эди.

Марказий банкка кўра, "шунга қарамай... кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозим".

МБ келгусида қарз олувчиларда қарз суммаси ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия этган.

ЕТТБ пандемия оқибатларини юмшатиш учун Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкига 220 млн доллар ажратади.

Бу ҳақда хабар қилган Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизматига кўра, 7 апрель куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ЕТТБ президенти С. Чакрабарти билан ўтказган видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан кўмакнинг биринчи босқичи муҳокама қилинган.

ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкига умумий қиймати 220 млн доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши оқибатида қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилган. ЕТТБ ушбу йўналишга 100 млн доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Коронавирусга чалинган учинчи бемор вафот этди

Ўзбекистонда 8 апрель ҳолатига кўра 534 бемор бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8 апрелда билдиришича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Расмий хабарда айтилишича, 40 ёшли Ш., 30 март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. 31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.

40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

“Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган.Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш. Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар ҳам олинган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган”, дейилади хабарда.

Бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони 3 нафарга етди.

Туман ва қишлоқларда автомашиналар учун стикер талаб қилинмайди

Махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади.

Ўзбекистоннинг туман ва қишлоқларида автомобилда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайди. Агар ички ишлар ходимлари бундай рухсатномани талаб қилса, прокуратурага мурожаат қилиш лозим.

Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов маълум қилди.

Расмий “Чирчиқ шаҳрида яшаймиз. Кеча ўғлим автомашинада нон ва фармацевтика воситалари сотиб олиш учун кўчага чиққанди. Уни ДАН ходими тўхтатиб, карантин қоидаларини бузганликда айблади ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирди. Шу ҳолат қонунан тўғрими?” деган саволга:

"Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС. Бу масалада яшаш жойингиздаги ИИБ ёки прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин", деб жавоб берган.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Президент тиббиётга оид янги қарорни имзолади. Чет тилини биладиган талабалар рағбатлантирилади

Ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади.

Бу меъёр президент Мирзиёев 7 апрель куни имзолаган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан клиник ординатурага (резидентурага) мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари таълим босқичидан қатъи назар чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган талабаларга (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Қарорда Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities каби халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган, шунингдек, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимлари лавозим маошига қўшимчалар қўшилиши ҳам қайд этилган.

Жумладан, клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг етти бараварига тенг миқдорда, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн беш бараварига тенг миқдорда устама ҳақ тўланади.

Коронавирусга чалинганлар 14 нафарга кўпайди, беморлар сони 534 киши

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида велосипедда юриш ҳам тақиқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,8 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 534 нафарни ташкил қилмоқда.

Беморлар сони 7 апрелга нисбатан 14 кишига кўпайган. 7 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 16 кишига ошиб, 520 нафарга етгани маълум қилинганди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 30 нафари соғайди, икки нафари вафот этди.

Тиббиёт коллежлари Абу Али Ибн Сино номидаги техникумларга айлантирилади

Жами 47 тиббиёт коллежи энди техникум бўлади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 апрель куни билдирди.

Расмий билдирувда айтилишича, бу иш президентнинг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилади.

Мазкур техникумларда тиббий-санитария мутахассислари тайёрланади. Техникумларда валеология, тиббий психология, диетология, кинезиология, реабилитология каби фанлар ўқитилади.

“Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур техникумларнинг муваффақиятли битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, суҳбат орқали бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади”, дейилди хабарда.

Президент Мирзиёев Абу Даби валиаҳди билан коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Президент пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг телефон орқали мулоқоти 7 апрель куни бўлиб ўтди.

Суҳбатда “Коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик ва ушбу глобал хатарга самарали қарши курашиш борасида мамлакатларимизда амалга оширилаётган мисли кўрилмаган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади расмий хабарда.

Президент пандемия оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилаётган кўмак учун Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Коронавирус тарқалишининг икки томонлама ҳамкорлик суръатига, шу жумладан бугунги кунда БААнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга салбий таъсирини камайтириш мақсадида ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Турли даражаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол мувофиқлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларининг долзарб масалалари, шунингдек, амалий ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор соҳаларида янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тошкентда ниқобсиз юрганини видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган ёшлар 15 суткага қамалди

Икки йигит ва бир қиз видеони Амир Темур ҳиёбонида олгани аниқланди.

Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган икки йигит ва бир қиз 15 суткага қамалди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, уларга нисбатан суд 7 апрель куни Юнусобод туман маъмурий судида бўлиб ўтган.

6 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу икки йигит ва бир қиз Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юргани тўғрисидаги видео тарқалган эди. Видеони олаётган қиз Амир Темур ҳайкалидан “Коронавирус Ўзбекистондан қачон кетади?” деб сўрайди ва баланд овозда бақиради.

Видеодаги йигитлардан бири эса карантин вақтида эплаб кўчада ниқобсиз юрганини айтган.

Аниқланишича, мазкур видео 2020 йил 1 апрель куни тахминан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида олинган.

“Юнусобод туман маъмурий судида 7 апрель куни мазкур фуқаролар — 1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган К.М., 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган У.Ҳ. ва 1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) асосида маъмурий иш кўриб чиқилган.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К.М., У.Ҳ. ва О.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилади Олий суд хабарида.

Мудофаа вазирлиги шаҳарлар кўчаларида пайдо бўлган ҳарбий техника юзасидан тушунтириш берди

Ўзбекистон армияси танки.

Мудофаа вазирлиги ҳар куни Тошкент шаҳар, вилоят ва туман марказларида ҳарбий техникадан фойдаланилган ҳолда коронавирусга қарши тарғибот ишлари олиб бормоқда.

Бу ҳақда 7 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда ўтган брифингда Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров маълум қилди.

Унга кўра, аҳоли яшаш пунктларида фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилишлари, бесабаб кўчаларга чиқмасликлари бўйича ҳарбий техникалар ёрдамида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Матбуот котибининг айтишича, айрим фуқаролар мазкур техникани БТРлар билан адаштириб, турли “салбий фикрларни билдирмоқда”.

“Маълумот учун, тарғибот ишларига жалб қилинган БРДМ-2 зирҳли техника базасидаги ЗС-82 овоз узаткичли мослама айнан тарғибот ва мунозаралар ўтказишга мўлжалланган. Унинг овоз узатиш қуввати 6 км масофагача етади. Шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида ҳар бир кўчага кириб чиқиш каби ишларни енгиллаштириш мақсадида ушбу техникалар жалб қилинмоқда”, деди матбуот котиби.

Баҳром Зулфиқоров алоҳида жойларда ва блокпостларда кичик бўлинмалар ўз таркибидаги ҳарбий техникалар ва ўзларига бириктирилган шахсий ҳимоя воситалари, анжомлари ва бириктирилган қуроллари билан хизмат ўтаётганини ҳам билдирди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG