Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 11:15

Якут шомони “Путинни Кремлдан ҳайдаб чиқариш учун” юришини давом эттирмоқда


Александр Габишев март – сентябрь ойларида 2000 километрдан ошиқ йўл босиб ўтди ва йўл-йўлакай юзлаб одамлар билан суҳбатлашди.

Якут шомони Александр Габишев “Россия президенти Владимир Путинни Кремлдан ҳайдаб чиқиш учун” Узоқ Шарқдаги Якутия Республикасидан Москва сари бошлаган юришини давом эттирди.

Габишевнинг ўзини Айхал деб таништирган тарафдорларидан бири 8 декабрда Озодлик радиоси мухбирига бир кун олдин юришини қайта бошлаганини, унга икки тарафдори билан тўртта Сибирь лайкаси зотига мансуб ит ҳамроҳлик қилаётганини айтди. Якутиядаги ҳавонинг ўртача 44 даража совуқ экани ҳам уни шаштидан қайтара олмаган.

Габишевнинг яна бир тарафдори Евгений Ростокин Москвага юришини “руҳлар билан гаплашган”дан ва “Парвардигорнинг истагини билган”дан сўнг тиклаган.

Ростокинга кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маҳаллий бошқармасининг Габишевни Якутистон пойтахти Якутск шаҳридан чиқармаслик тўғрисидаги буйруғининг амал қилиш муддати октябрь ой ўрталарида тугаган.

Озодлик мухбирлари Габишевнинг ўзи билан боғлана олмади.

3 декабрда Якутия Олий суди Габишев адвокатларининг мижозига нисбатан экстремизм билан боғлиқ жиноят иши қўзғатишни бекор қилиш тўғрисидаги илтимосномасини рад этган эди.

Александр Габишев март – сентябрь ойларида 2000 километрдан ошиқ йўл босиб ўтди ва йўл-йўлакай юзлаб одамлар билан суҳбатлашди. Номи тилга тушгач, одамлар билан гаплашаётган видеолари ижтимоий тармоқларга жойлана бошлади ва миллионлаб кишилар уларни кўрди.

Июль ойида Чита шаҳрига етиб келгач, Габишев “Путинсиз Россия!” шиори билан 700 га яқин кишини тўплади. Шомон, “Парвардигор менга, Путин одам эмас, у – иблис, деб айтди ва менга уни ҳайдаб чиқаришни тайинлади”, деган эди.

Габишев Бурятияда ҳибсга олингач, ҳокимият идоралари уни Якутияга элтиб қўйди. Ўша ерда у дастлаб руҳий хасталиклар шифохонасига жойлаштирилди, аммо кейинчалик қўйиб юборилди.

Шомонга россияликлар ўртасида фитна қўзғаётгани айтилди ва Якутскдан чиқиб кетмаслик буйруғи берилди.

Октябрь бошларида Якутскдаги психиатрлар Габишев руҳан беқарор эканини айтди, лекин адвокатлари ушбу тиббий хулосани рад этиб, мустақил экспертлар тиббий кўригини ташкил қилди, чунки улар суд Габишевни мажбурий даволанишга юборишидан чўчиган эди.

17 сентябрда мухолифатдаги “Очиқ Россия” ташкилотининг ҳуқуқий масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Алексей Прянишников Озодлик мухбирига мустақил экспертлар Габишев руҳан соғлом, уни руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволашга ҳожат йўқ ва жамият учун хавфли эмас, деган хулосага келганини айтган эди.

“Очиқ Россия”нинг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Валентина Дехтяренко октябрда, гарчи Габишев жиноят иши содир этганликда гумон қилинган бўлса ҳам, унга расман ҳеч қандай айб қўйилмаганини маълум қилган эди.

Шомонлар Сибирда асрлар давомида табиб ва фолбин бўлиб хизмат қилган. Шўроларнинг “илм-фан ва ақл-идрок” даврида диний мистика билан шуғулланадиган шахслар шафқатсиз қатағон қилинган. Аммо Сибирнинг ташқи дунёдан узилиб қолган ҳудудларида улар яна обрў-эътиборини тиклаб олмоқда.

XS
SM
MD
LG