Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

Сенат прокуратура ва ДХХ ходими дахлсизлигини чеклаш, Миллий гвардияники эса сақлаб қолишни маъқуллади


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати прокурорлар ва ДХХ ҳарбий хизматчиларини "раҳбарият рухсатисиз" маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги лойиҳани маъқуллади.

Сенатнинг шанба кунги 25-ялпи йиғилишида​ қатнашган Gazeta.uz нашри мухбирининг хабар қилишича, Прокуратура, ДХХ ва Миллий гвардия фаолиятига оид айрим қонун ҳужжатлари кўриб чиқилган, баъзи тузатишлар маъқулланган.

Жумладан, "Прокуратура тўғрисида"ги қонуннинг 49-моддасида прокуратура ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик ва интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарликка тортиш ваколати юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилиши кўзда тутилган. Янги таҳрирда эса юқори бўғиндаги прокурорга берилган бу ваколат бекор қилинган.

Шунингдек, "Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 37-моддасида хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларини ДХХ раиси ва бошқарма бошлиғи розилиги билангина маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинлиги белгиланган. Янги таҳрирда бу ваколат ҳам бекор қилинган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгартишлар прокуратура ва ДХХ ходимлари масъулиятини оширади.

Айни пайтда, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Уларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурори розилигисиз жиноий жавобгарликка тортиш, қўлга олиш ва қамоққа ташлаш мумкин бўлмайди.

25-ялпи мажлисида сенаторлар "Миллий гвардия тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ҳам маъқуллади.

Бу лойиҳада Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилган ва бу тузилманинг бевосита Ўзбекистон президентига бўйсуниши ҳамда унга ҳисоб бериши қайд этилган.

XS
SM
MD
LG