Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 19:27

Тожикистонда амалдорларга норозилик сифатида давлат газетаси бўш саҳифа билан чиқди


Хатлон вилояти Кубодиён тумани ижроия ҳокимиятининг нашри бўлмиш “Тахти Кубод” ("Кубод тахти") газетаси амалдорларнинг журналистлар билан ҳамкорлик қилишдан воз кечганига норозилик сифатида биринчи саҳифасини бўш ҳолда нашр қилди.

“Тахти Кубод” бош муҳаррири Адолат Сайфуллоеванинг иккинчи саҳифада босилган мақоласида таъкидланишича, “биринчи саҳифа - бу кўзгу, бу кўзгу орқали амалдор ўз аксини кўриши керак”.

“Бу норозилик объектив маълумот йўқлиги ва амалдорларнинг маҳаллий журналистлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганига қарши қаратилган. Шуни таъкидлаш керакки, йил давомида маҳаллий амалдорлардан бирортаси ҳам туман газетасига бирорта ҳам мақола ёзмаган”, деди Адолат Сайфуллоева Озодликнинг тожик хизматига берган суҳбатида.

“Тахти Кубод” ҳафталиги саккиз саҳифадан иборат бўлиб, ҳудуддаги ягона маҳаллий оммавий ахборот воситасидир. Ҳафталикда икки нафар ўқитувчи ярим ставкадан ишлашади.

“Мен "бўш саҳифа" туман раҳбари ва бошқа амалдорларга ёқмаслигини биламан, бироқ мен журналистман, шу сабабли расмийлар бир-икки журналист тумандаги барча муаммоларни ёрита олмаслигини билишлари керак, дея ҳисоблайман. Муаммолар эса анчагина”, деди Адолат Сайфуллоева.

Халқаро ташкилотлар кўплаб мустақил оммавий ахборот воситалари босим ва цензура остида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётгани, айрим журналистлар мамлакатни тарк этгани, қолганлари эса оғир шароитда ишлашга мажбур бўлаётгани учун Тожикистонни танқид қилиб келади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Тожикистонда янгилик сайтлари мунтазам блокировка қилинади, шунингдек ҳукумат томонидан “шантаж” ва таъқибга учрайди.

Тожикистонда аввал ҳам газеталар цензура туфайли ёки эътиборга тушиш учун "оқ саҳифалар" билан нашр қилинган. Бироқ давлатга қарашли нашрнинг норозилик билан чиқиши илк бор кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG