Линклар

Шошилинч хабар
05 апрел 2020, Тошкент вақти: 19:22

Украина билан россияпараст айирмачилар маҳбусларни алмашишни бошлади


Маҳбусларни алмашиш 29 декабрда Украина шарқидаги Майорск чегара пунктида бошланди.

Украина ҳокимият идоралари билан мамлакат шарқидаги Россияга орқа қилувчи айирмачилар маҳбусларни алмашишни бошлади, деб хабар қилди Украина президенти девони 29 декабрда.

“Майорск чегара пунктида ҳибсга олинган маҳбусларни озод қилиш жараёни бошланди”, деб ёзди Украина президенти Твиттердаги аккаунтида ҳамда ўша ерга автобуслар, тез ёрдам машиналари ва қуролланган аскарлариннг бир неча суратини жойлади.

− Алмашув бошланди, ‒ деб айтган эди олдинроқ Россияга орқа қилаётган ва ўзини Донецк Халқ Республикаси деб атайдиган айирмачилар гуруҳи омбудсмени Дарья Морозова.

Украина тарафи 87 кишини бериши, айирмачилар эса 55 кишини алмаштириши кутилмоқда. Бу ҳақда Украинанинг УНИАН ахборот агентлиги айирмачилар гуруҳи вакилига таяниб маълумот берди.

Агар иш охирига етса, бу можарога аралашиб қолган украиналик маҳбусларнинг сўнгги тўрт ойдаги иккинчи йирик алмашуви бўлади.

Алмашув Донецкдан 35 км шимолда жойлашган Майорск яқинидаги Горловка қишлоғида рўй бермоқда.

“Ҳаммани – ҳаммага” алмаштириш ғояси 9 декабрда Парижда бўлиб ўтган Украина, Россия, Франция ва Германия иштирокидаги “Нормандия тўртлиги” саммити вақтида жиддий муҳокама қилинган эди.

Бундан олдинги алмашув чоғида Россия билан Украина жами 70 кишини айирбошлаган ва бу 13 мингдан ошиқ кишининг ёстиғини қуритган урушга барҳам бериш йўлидаги улкан қадам сифатида баҳоланган эди.

Айни уруш Россия Қримни босиб олгани ва Россияга орқа қилувчи қуролли кишилар Украинанинг шарқидаги вилоятларда ҳокимиятни эгаллагандан сўнг бошланиб кетган эди.

Россия можарода қатнашмаётганини иддао қилиб келади. Ваҳолонки, Москванинг айирмачилар раҳбарлари билан алоқа қилиб тургани, россияликлар қўлга олингани ва жанглар вақтида қурбон бўлганига оид кўплаб исботлар мавжуд.

Киевда ушбу тадбир келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлди.

“Франс-Пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳукумат 2014 йилги Ғарб билан алоқаларни яхшилаш тарафдорларининг исёни вақтида норозилик билдирувчиларни ўлдиришда гумон қилинаётган полиция махсус бўлинмаси зобитларини ҳам айирмачиларга топшириши кутилмоқда.

Полиция махсус бўлинмаси хатти-ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган кишиларнинг оилалари Фейсбук орқали Зеленскийга йўллаган очиқ хатида ўша кишиларни озод қилиш “норозилик” тўлқинлари”га сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

“Биз сизга шуни маълум қиламизки, ўша кишилар Украина шарқидаги можаронинг на иштирокчиси ва на жабрдийдаларидир”, деб ёзди улар.

Донбасс минтақасидаги можаро Зеленскийнинг олдида турган энг жиддий муаммолардан биридир, у президент сайлови кампанияси вақтида урушга барҳам бермоқчи эканини айтган эди.

Қўшма Штатлар билан Европа Иттифоқи Россияга қарши Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани ва Қрим ярим оролини босиб олгани учун санкциялар жорий қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG