Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 21:30

АҚШнинг Ироқдаги элчихонасига ҳужум ортидан Помпео Тошкентга сафарини қолдирди


АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига ҳужум қилган ироқликлар, 2019 йил 31 декабри.

Бағдодда юзага келган тартибсизлик ва АҚШ элчихонасига ҳужум туфайли Давлат котиби Майкл Помпеонинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларус, Украина ва Кипрга расмий ташрифлари қолдирилди. Бу ҳақда CNN хабар қилади.

Сафарлар 3 январдан 7 январгача бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Помпеонинг “Вашингтонда бўлиб, Ироқдаги вазиятни кузатиши ва Яқин Шарқдаги америкаликлар хавфсизлигини таъминлаши лозимлиги сабабли” бошқа пайтга кўчирилган, дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида. Ташриф саналари яқин кунларда очиқланади, дея қайд этди Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортагус.

Майкл Помпеонинг шу йил 5 январида Қозоғистонга, шу куннинг ўзида Ўзбекистонга сафар қилиши кутилаётган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 6 январь куни Помпео иштирокида Тошкентда ўтиши лозим бўлган “Марказий Осиё - АҚШ” (“С5+1”) форматидаги учрашув ҳам бошқа санага қолдирилган. АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистон президенти билан ҳам учрашиши кутилаётганди.

Бағдоддаги АҚШ элчихонаси олдида тартибсизликлар 31 декабрь куни бошланди. Йиғилганлар АҚШ дронларининг Сурия ва Ироқдаги “Катоиб Ҳизбуллоҳ” шиа гуруҳи мавқеларига берган зарбаси юзасидан норозилик билдирдилар. Ҳаво зарбалари Киркук яқинидаги базага ҳужумдан кейин берилган. У ерда америкалик бир ватандош ҳалок бўлган, АҚШнинг тўрт нафар ҳарбийси эса тан жароҳати олган.

Норозилар АҚШ элчихонаси биносини тошбўрон қилиб, камераларни синдириб, элчихона ҳудудига бостириб кирганлар. 2020 йилнинг 1 январь куни элчихона сайти мазкур ҳужум туфайли дипломатик миссия консулликка оид барча операцияларни тўхтатиб, барча учрашувларни бекор қилгани ҳақида маълумот тарқатган.

XS
SM
MD
LG