Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2024, Тошкент вақти: 10:04

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда Янги йилнинг илк оқшомигача 1111 нафар чақалоқ дунёга келди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

2020 йилнинг 1 январь куни соат 18.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1111 нафар чақалоқ туғилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев маълумот тарқатди.

Ўтган йилнинг 1 январида соат 19.00 га қадар 1442 нафар чақалоқ туғилганди.

Бу йил туғилган чақалоқларнинг 572 нафари ўғил бола, 539 нафари эса қиз бола экани, уларнинг энг кўпи Самарқанд вилоятида (141 нафар) дунёга келгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли сони, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 33 миллион 724 минг 500 кишини ташкил этган.

Кун янгиликлари

Бухорода наркотик савдосига аралашганликда гумонланган ИИБ офицерлари қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухорода ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ички ишлар бошқармасининг гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига аралашгани аниқланган икки офицери қўлга олинган.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур икки зобит 16 март куни “жиноят устида” ушланган.

Хабарномада айни пайтда “ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25-моддаси, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган" бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қайд этилган.

Вазирлик баёнотидан келиб чиқилса, ИИБ зобитлари уюшган гуруҳ таркибида “”гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш”да гумонланишмоқда.

Мазкур модда бўйича айблов исботини топган тақдирда, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, жиноятни содир этган кишига 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилган.

Россия расмийлари Истанбулда қотиллик содир этганликда гумонланган ўзбекистонликни Туркияга топширди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Истанбулдаги ўзи ишлаган меҳмонхонада иш берувчисини ўлдирганликда гумонланган ўзбекистонлик Ҳасанжон Аминовни Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига топширган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ИИВ расмийси Ирина Волк сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимага кўра, Интерпол йўналиши бўйича қидирувда бўлган ўзбекистонлик 15 март куни Москвадаги Внуково аэропортида турк расмийларига топширилган.

Ирина Волк қайдича, Туркиянинг салоҳиятли идоралари Ҳасанжон Аминов 2019 йил июлида Истанбулдаги меҳмонхонада ишлаб юрган чоғида шериги билан бирга меҳмонхона хўжайинини ўлдириб, Туркия ҳудудидан чиқиб кетгани ҳақида маълумот тақдим этишган.

“Айбланувчини қидирув бўйича чора-тадбирлар ўтказиш чоғида 2023 йил июлида у Россия ҳудудида - Қозон шаҳрида полициячилар томонидан қўлга олинган”, дея қўшимча қилган Россия ИИВ вакиласи.

Волкка кўра, ўтган йил декабрида Россия Бош прокуратураси Туркия томонининг қидирувдаги шахсни топширишга оид сўрови қондирилишини билдирган.

ИИБнинг собиқ ходими машинасида 13 яшар занжирбанд бола топилганига оид хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарқандда вояга етмаган болани Дамас русумли автомашинада занжир билан кишанланган ҳолда ушлаб турган шахсга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Сагдуллаевга кўра, Дамасдаги занжирланган бола тўғрисидаги маълумот вилоят ИИБга 16 март куни келиб тушган, хабар ортидан ҳудудга борган бошқарма ходимлари ҳолатни расмийлаштиришган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов қайдича, воқеа жойига етиб борган “ИИО ходимлари зўравон шахснинг собиқ ходим эканини билгач, атрофдагиларга бу ҳолатнинг зўравонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдиришган”.

Занжирбанд бола видеоси ёйинлангани ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳолатдан норозилик акс этган постлар ва айбдорни жазолашга оид чақириқлар кўпайиб кетди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Самарқанддаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини, ИИО томонидан ўтказилаётган тергов жараёни назоратга олинганини билдирган.

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот котиби эса ҳодиса ортидан жабрланувчи бола “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”га жойлаштиргани, унга “психолог ёрдамида зарурий кўмаклар бериш чоралари” кўрилаётганини қўшимча қилган.

Қирғизистон Ўзбекистондан 100 дона йўловчи автобуси сотиб олади

SamAvto заводида ишлаб чиқарилган Isuzu LE-60 автобуси (архив сурати)
SamAvto заводида ишлаб чиқарилган Isuzu LE-60 автобуси (архив сурати)

Қирғизистон Ўзбекистондан Isuzu SAZ LE-60 русумли 100 дона йўловчи автобуси сотиб олади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 13 март куни жамғарма офисида Ўш шаҳри мэрия билан лизинг шартномаси имзоланган. Жамғарма Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) томонидан ишлаб чиқарилаётган йўловчи автобусларини сотиб олиш учун маблағ тақдим этади. Бу автобуслар ҳисобига Қирғизистоннинг жанубий пойтахти жамоат транспорти автопарки кенгайтирилиб, модернизация қилинади.

Бу Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан мазкур йўналишда тузилган иккинчи шартнома бўлган. Февраль ойи охирида жамғарма SamAuto заводида ишлаб чиқарилган Isuzu русумли 10 дона юк машинасини лизинг асосида тақдим этиш бўйича “Акун” ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти билан шартнома имзоланганини эълон қилган.

2023 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Қирғизистон Туризмни ривожлатириш жамғармаси вакиллари SamAuto томонидан ишлаб чиқарилган автобуслар етказиб бериш ҳисобига Ўшдан Ўзбекистон чегарасигача қўшимча рейслар ташкил этиш масаласини муҳокама қилишган.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида қўшма тараққиёт жамғармаси тузилгани ҳақида 2021 йил ёзида маълум бўлган эди. Бунга оид келишувга 2020 йил декабрида икки давлат бош вазирлари даражасида эришилган бўлса-да, тегишли шартнома 2021 йилнинг 11 мартида Қирғизистон президент Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий сафари чоғида имзоланган.

Мазкур жамғарма кенгаш ва раёсат томонидан бошқарилади. Кенгашга Қирғизистондан икки нафар, Ўзбекистондан уч нафар, раёсатга эса Ўзбекистондан икки нафар, Қирғизистондан уч нафар вакил киритилган.

Аввалроқ жамғарма икки мамлакат тадбиркорларининг агросаноат мажмуаси, тикувчилик, тўқувчилик, қайта ишлаш, тоғ-кон ва металлургия саноати, транспорт, уй-жой қурилиши, савдо-сотиқ, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика мажмуаси, инфратуризма ва туризмни ривожлантириш каби соҳалардаги лойиҳаларини молиялаштириши айтилган.

Жамғарманинг низом капитали даставвал 50 миллион долларни ташкил этиши, бироқ кейинчалик уни 200 миллион долларга етказиш режаланаётгани таъкидланган.

Ўшда диний экстремизм айблови билан қидирувга берилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида диний-экстремистик фаолиятда гумонланиб қидирилаётган ўзбекистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда 24.kg сайти Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 51 ёшни қоралаган К. Ш. Т. тезкор-қидирув тадбирлари чоғида ушланган.

МХДҚ хабарномасида Андижон вилоятида туғилган мазкур шахс Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, қидирувга берилгани урғуланган.

Kaktus Media хабарига кўра, қўлга олинган ўзбекистонлик айни пайтда Қирғизистон Адлия вазирлиги қошидаги Жазони ўташ хизматига қарашли 5-тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Хабарларда унинг ватанига экстрадиция қилиниб-қилинмаслиги бўйича ҳеч қанақа маълумот берилган эмас.

Фарғона водийсидаги икки вилоят ҳудудида кучсиз зилзила кузатилди

Жорий йилнинг 14 март куни Тошкент вақти билан соат 09:49 да Фарғона вилоятининг Қува туманида 3,3 магнитудали зилзила содир бўлган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази қайдича, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича Тошкент шаҳридан 262 километр узоқликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Фарғона вилоятининг Қува туманида 2 баллга, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 2-3 баллга, Асака ва Шаҳрихон туманларида эса 2 баллга тенг бўлган.

Тафтиш инстанцияси ҳам блогер Олимжон Ҳайдаров иши бўйича ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Блогер Олимжон Ҳайдаров суд залида, Фарғона, 2023 йилнинг 1 декабри
Блогер Олимжон Ҳайдаров суд залида, Фарғона, 2023 йилнинг 1 декабри

Туҳмат, ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиққан Фарғона вилоят суди тафтиш инстанцияси 11 март куни биринчи инстанция судининг блогерга нисбатан чиқарган ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

2023 йилнинг 1 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Ҳайдаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Адвокатлар блогерга қўйилган айблар "мутлақо асоссиз" экани ва суд терговида биронта айб ўз исботини топмаганини айтишган.

Ўтган йил 28 декабрида Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирган.

Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишга кўра, биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин. Томонлар натижадан қониқмаса, иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин эди. Тафтиш инстанциясининг душанба кунги қарори ортидан Олимжон Ҳайдаров ва адвокатларида Олий судга мурожаат қилиш имкони қолган.

Олимжон Ҳайдаров Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддатга қамалган блогер бўлиб ҳисобланади.

Блогер ўзининг қамалишини тўғридан-тўғри касбий-профессионал фаолияти билан боғлаган. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралаган.

Ўтган йил 5 декабрида эълон қилинган баёнотда ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Риттман “суднинг Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши"ни айтган.

Сирдарёда чўкиб кетган хўжандлик қизалоқнинг жасади Ўзбекистон ҳудудидан топилди

Сирдарёда чўкиб кетган Сафияхонни бутун Сўғд аҳли бир ойдан буён қидираётган эди
Сирдарёда чўкиб кетган Сафияхонни бутун Сўғд аҳли бир ойдан буён қидираётган эди

Жорий йилнинг 7 февраль куни Сирдарёда чўкиб кетган 9 яшар хўжандлик Сафияхон Раҳматованинг жасади орадан бир ой ўтгач - Ўзбекистон ҳудудидан топилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакиллари маълум қилишган.

Жасади 12 март куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳри яқинидан топилган Сафияхонни бир ойдан буён қутқарувчилар, ғаввослар ва Сўғд вилояти аҳолиси қидираётган эди.
“Отаси жасадни олиб келиш учун Ўзбекистонга кетган. Уни кийимидан танишган. Жасад ҳовуздан топилган”, деган қизнинг бувиси.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакиллари 10 кун аввал ўзбекистонлик ҳамкасбларидан қизни Ўзбекистон ҳудудида ҳам қидириб кўришни сўраганлари ҳақида айтишган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, ўтган 2023 йили Сирдарёда 55 киши чўкиб кетган бўлиб, улардан 19 нафари болалар бўлган. Чўкканлардан тўрт нафарининг жасади ҳалигача топилган эмас.

Ўзбекистон бош дипломати Кобулда Толибон тузган ҳукумат мулозимлари билан учрашди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Толибон мулозимлари билан Кобулдаги учрашувидан лавҳа, 2024 йил 12 марти (Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотоси)
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Толибон мулозимлари билан Кобулдаги учрашувидан лавҳа, 2024 йил 12 марти (Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 12 март куни Афғонистон пойтахти Кобулга сафар қилиб, у ерда Толибон шакллантирган ҳукумат вакиллари билан учрашган.

Вазир Саидов қайдича, Кобул сафари чоғида у бош вазир вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд, бош вазир ўринбосари в. б. Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий, бош вазир ўринбосари в. б. Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири в. б. Мавлавий Амир Хон Муттақий, ички ишлар вазири в. б. Халифа Сирожиддин Ҳаққоний, савдо ва саноат вазири в. б. Нуриддин Азизий билан музокаралар олиб борган.

“Музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилдик. Иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратдик”, дейилган вазир хабарномасида.

Бу Бахтиёр Саидовнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўлароқ Афғонистонга илк сафари бўлиб ҳисобланади.

Бир йил муқаддам Кобулда Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири - ҳозирда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев Толибон вакиллари томонидан музокаралар ўтказган. Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Афғонистонда бўлган. Ўтган ой бошида эса Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Кобулда Толибоннинг муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашгани хабар қилинган эди.

Ўтмишда Толибон бошқарувини қатъиян рад этган Ислом Каримов ҳукуматидан фарқли президент Мирзиёев 2021 йил августида Кобулдаги ҳокимиятни босиб олган толиблар билан мулоқот ва ҳамкорлик йўлини танлаган.

2022 йил декабрида Мирзиёев "Ўзбекистон томонга қарата ўқ отмаган" Толибон ҳукумати билан ҳамкорликка тайёр экани"ни айтганди.

Ўзбекистон бош дипломати ва ўзбек делегацияси вакиллари билан 12 март куни Кобулда бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий масалалар учун масъул бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар сув захираларини бошқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилган.

Бош вазир ўринбосари матбуот хизмати маълумотига кўра, Толибон мулозими афғон халқи бундай каналга эга бўлишга узоқ вақтдан буён интилиб келгани, бироқ бунга мамлакатда узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган уруш ва беқарорлик халақит бериб келганини қайд этган.

Хабарномада келтирилишича, ўз навбатида вазир Саидов Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ғоясига содиқ эканини тасдиқлаб, замонавий суғориш тизимлари ҳамда Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси бўйича ўз мамлакатининг техник кўмагини таклиф этган.

Аввалроқ Озодлик расмий Тошкент олдинига Толибоннинг Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали қурилишидан хавотир изҳор қилгани, кейин эса лойиҳа юзасидан толиблар билан ҳамкорлик қилишга ҳозирлигини билдиргани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йил ёзида канал масаласи бўйича Ўзбекистон ва Афғонистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш юзасидан музокаралар бораётгани маълум қилинганди. Музокаралар натижаси ҳозиргача номаълум.

Зиддиятли канал қурилишининг биринчи босқичи якунланган, канал тўлиқ қуриб битказилганида Афғонистон Амударёдан 15 фоизгача сув олиши, бу эса Ўзбекистон ва Туркманистон учун жиддий муаммо яратиши айтилади. Ўтган йил декабрида экологлар Қўштепа каналида йирик авария юз берганини айтишган, аммо Толибон буни рад этиб чиққанди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, кечаги учрашувда Толибон бош дипломати Мавлавий Амир Хон Муттақий вазир Бахтиёр Саидов ва ўзбек делегацияси билан учрашувда савдо-сотиқ, транзит, транспорт ва бошқа масалаларнимуҳокама қилган.

Учрашувда Толибон вазири Ўзбекистондан импорт қилинаётган электр энергияси етарли бўлмаётгани, бу танқислик қишда оддий аҳоли турмушида ҳам, иқтисодиёт соҳаларида ҳам салбий акс этаётганини урғулаган.

Бунга жавобан Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Афғонистонни ҳамиша дастаклаб келгани, халқаро майдонда бу мамлакатни Марказий Осиё ва халқаро ҳамжамиятининг бир бўлаги ўлароқ кўришга чақириб келганини билдирган.

Вазир Саидов Ўзбекистоннинг Афғонистонда цемент ишлаб чиқариш, кўмир қазиб олиш ва кўмир ёқиш асосида электр энергияси ишлаб чиқариш каби жабҳаларга сармоя ётқизишга қизиқаётганини ҳам қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони 2021 йил августида Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай “Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича толиблар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўтган йил июлида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати қиймати 4,6 млрд доллардан 8,2 млрд долларгача баҳоланаётган лойиҳа бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошланганини маълум қилган эди.

Дунёдаги кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилот деб топилган Толибон ҳаракати бундан икки ярим йил муқаддам Афғонистонда ҳокимият тепасига келган эди. Ўшандан буён ўзбек расмийлари турли даражада толиблар билан мулоқот олиб боришга уриниб келади. Ўтган ой бошида Кобулдаги манбалар Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонаси “Ислом Амирлиги ихтиёрига топширилгани” хусусида хабар тарқатишган эди.

Озарбайжон қидирувда бўлган икки ўзбекистонликни Тошкентга экстрадиция қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Халқаро қидирувга берилгани ортидан Озарбайжонда қўлга олинган икки ўзбекистонлик юртига экстрадиция қилинган. Бу ҳақда 1news.az сайти Озарбайжон Бош прокуратураси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 1989 йилда туғилган Шаҳбоз Шодиев товламачилик, маблағ ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш ва сохта ҳужжатлардан қасдан фойдаланганлик, 1997 йилда туғилган Шаҳбоз Сатимбоев эса товламачилик, паспорт ва бошқа муҳим шахсий ҳужжатларни қонунга хилоф йўл билан олганликда гумонланиб қидирувга берилган эди.

Хабарга мувофиқ, 2023 йили Озарбайжонда қўлга олинган бу шахсларга нисбатан ҳибсга олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган ва бир неча ой ҳибсда тутиб турилган икковлон “қатор халқаро ҳужжатларга мувофиқ равишда” Ўзбекистонга топширилган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари икки ойда қарийб 2,4 млрд долларга камайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари жорий йилнинг январь ва февраль ойларида 2,37 миллиард долларга камайган.

Марказий банк маълумотига мувофиқ, 1 март ҳолатига кўра олтин-валюта захиралари 32 миллиард 195 миллион 800 минг долларни ташкил этган. МБ жорий йилнинг 1 январь ҳолатига мазкур кўрсаткич 34 миллиард 564 миллион 700 минг долларга, 1 февраль ҳолатига эса 33 миллиард 415 миллион долларга тенг бўлганини қайд этган.

МБ ҳисоботида келтирилишича, жорий ой бошида захирадаги олтин қиймати 24 миллиард 96 миллион 800 минг долларга тенг бўлган. Бу кўрсаткич февраль ойида 24 миллиард 925 миллион 900 минг доллар, январь ойида эса 24 миллиард 632 миллион 200 минг доллар миқдорида эди.

Аввалроқ Озодлик World Gold Council (Жаҳон олтин кенгаши) ҳисоботига таянган ҳолда Ўзбекистон 2023 йилда жаҳон бўйлаб хорижга энг кўп олтин сотган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилганди.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади

Муфтият Рамазон ойидаги фитр садақаси, фидя ва закот миқдорини очиқлади

Шаҳрисабздаги Кўкгумбаз масжиди қуббаси (иллюстратив сурат)
Шаҳрисабздаги Кўкгумбаз масжиди қуббаси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жорий йилнинг Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарорлар қабул қилган. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Рамазон ойи учун олтин қийматидан закот нисоби 40 000 000 (қирқ миллион) сўм этиб белгиланган. Зарурий эҳтиёжидан ташқари бу ёки бундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон жами маблағининг қирқдан бирини (2,5 фоизи) закот ниятида ҳақдорларга бериши айтилган.

Фитр садақаси 2 килограмм буғдой (ўн тўрт минг), 4 килограмм арпа ( йигирма минг сўм), 2 килограмм майиз (бир юз ўн минг сўм), 4 килограмм хурмо (бир юз саксон минг сўм) ҳисобида белгиланди. Қарорда ушбу маҳсулотларнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини бериши мумкин бўлиши урғуланган.

Фидя миқдори ҳам фитр садақаси миқдори билан бир хил бўлиши қайд этилган.

Ўзбекистонликлар Рамазон ойининг илк ҳафтасида ҳашарга чиқарилади

Оммавий ҳашарга жалб қилинган ўзбек ёшлари (архив сурати)
Оммавий ҳашарга жалб қилинган ўзбек ёшлари (архив сурати)

Жорий йилнинг 16 мартидан 18 мартигача “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида Ўзбекистон бўйлаб умумхалқ ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бу саналар Рамазон ойининг илк ҳафтасига (шанба, якшанба ва душанба) тўғри келади ва Наврўз байрами арафасига бўлиб ўтади.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатда Рамазон ойи 11 мартдан бошланишини эълон қилган. Шу билан бирга, президент фармонига мувофиқ, ўзбекистонликлар бу йил Наврўз байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун (21, 22, 23 ва 24 март кунлари) дам олиши кутилмоқда.

Ҳукуматнинг 2018 йил 10 майида чиқарилган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатдаги умумхалқ ҳашарлари президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлган тақдирдагина ташкил этилиши ва ҳашарларга аҳоли фақат ихтиёрий тарзда жалб қилиниши мумкинлиги қайд этилган.

Ўзгидромет олти вилоят аҳолисини кўчки хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 8 мартидан 14 мартигача кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгариши туфайли Ўзбекистоннинг олтита вилояти ҳудудида қор кўчиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзгидромет қайдича, кўчки Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин туманлари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида кутилмоқда.

Болалар омбудсмани: Қашқадарёда вояга етмаган самарқандлик қиз фоҳишаликка мажбурланган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятида 16 яшар қизни фоҳишаликка мажбурлаганликда гумонланган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Болалар омбудсмани котибиятига Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшаб келган 2008 йилда туғилган А. Д. дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда у яқинларининг тазйиқи туфайли уйидан чиқиб кетгани, шундан сўнг бир таниши қизни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги қандайдир хонадонга олиб боргани, мазкур хонадон эгаси бўлган аёл эса уни фоҳишаликка мажбур қилгани баён этилган. Вояга етмаган қиз маълум бир вақтдан кейин у ердан қочишга муваффақ бўлган ва кўмак сўраган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган.

Текширув натижасида 5 март куни Г. Н. га (аёл) нисбатан Жиноят кодекси 131-моддаси 4-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов олиб борилмоқда”, дейилган Болалар омбудсмани хабарномасида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG