Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

Маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар: Президент қарори ижроси бизни банкротлик ëқасига олиб келди!


2020 йил январидан бошлаб амалга татбиқ этила бошлаган президент қарори Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида дори ишлаб чиқарувчи завод очган хусусий тадбиркорларни ўз фаолиятини тўхтатишга мажбурлаши мумкин.

Озодликка маҳаллий фармацевтика саноати вакиллари сифатида мурожаат қилганлар шундай прогноз қилди.

Уларга кўра¸ президент қарори ижроси иддаоси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги врачларга беморга бериладиган рецептда дори савдо номи ўрнига¸ унинг таркибий қисмини ëзишни мажбурий қилиб белгилаган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги аптекалар тармоғини назорат қилувчи “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иддаосича¸ улар чиқарган маҳсулотни савдога чиқаришдан бош тортмоқда.

Бундай вазиятда¸ ўз маҳсулотини сотиш имконидан маҳрум бўлган маҳаллий дори ишлаб чиқарувчи касодга учраб¸ фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

Озодликка боғланган хусусий тадбиркорлар¸ ҳозирда ўз фаолиятини 80 фоизга қисқартириб¸ ўнлаб ишчисини бўшатишга мажбур қолганини билдирди.

Улар¸ кичик бизнесга қарши бундай “ҳужум” ортида мамлакат фармацевтика бозорини тўлиқ назоратига олишга киришган ҳокимият энг тепа қатламларига алоқадор йирик монополистлар турганини иддао қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари¸ январь ойидан рецепт беришда ўзгаришлар бошланганини тасдиқлади¸ аммо бу ҳаракатнинг кичик ишлаб чиқарувчиларни синдиришга қаратилганини рад этди.

“Президентга ишониб¸ бор-йўғимиздан ажраш арафасидамиз!”

Озодликка ўзларини Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида дори ишлаб чиқарувчи кичик заводлар эгаси деб таништирган хусусий тадбиркорлар¸ ҳокимият тизимларининг эҳтимолий таъқибидан чўчиб¸ корхона ва ўз номлари сир қолишини истади (бу корхоналар рўйхати Озодликда бор - таҳр.)

Уларнинг аксарияти¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиб¸ мамлакат фармацевтика саноати устидан Каримов даврида ўрнатилган ниҳоятда кескин монополияни қисман юмшатишга қаратилган қарорлар чиқарганидан сўнг фаолият бошлаган.

Бир йилдан кўпроқ вақт Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги ҳар хил агентликлардан тегишли лицензия ва сертификатларни олишга кетди. 2019 йилдан дори чиқаришни бошладим. Лекин Соғликни сақлаш вазирлиги айни кунларда ўрнатаëтган янгича талаб мен ва менга ўхшаган ишлаб чиқарувчилар ишини 80% тўхтатиб қўйди!”¸ дейди Озодликка боғланган дори ишлаб чиқарувчи кичик корхона эгаларидан бири.

Муаммога изоҳ берган тадбиркорларга кўра¸ 2019 йил декабрь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб врачларга 300 дан ошиқ маҳаллий фармацевтика заводи ишлаб чиқараëтган дориларни тавсия қилиш тақиқланган.

Бу тақиқ¸ Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ президентнинг фармацевтика соҳасига оид чиқарган 2019 йилги фармон ва қарорлари (хусусан ПФ5707 ва ПҚ-4438) ижроси сифатида тақдим этилмоқда.

Бундан буëғига врачлар беморга рецепт берганда¸ дорини савдо маркаси номи билан эмас¸ балки унинг таркибидаги асосий модда номи билан ëзиб бериши шарт эмиш. Содда қилиб тушунтирсам¸ таркибий қисми айни бўлган бир хил дорини ўнта ишлаб чиқарувчи ўнта ном билан бозорга чиқаради. Ҳозиргача врачлар рецептга фалон компания чиқарган¸ фалон дори¸ деб ëзиб берарди ва аптекадан айнан шуни оларди. Энди дорининг асосий компонентигина ëзилади¸ холос”.

Рецептдаги бундай ўзгариш билан дори ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорнинг банкротликка учраши ўртасидаги алоқадорликни Озодликка боғланганлар шундай изоҳлади.

Дори таркибидаги асосий модданинг номи бутун дунëда бир хил. Дорини ҳаммага маълум номда чиқариш кичик тадбиркорнинг қўлидан келмайди. Буни фақат маблағи ниҳоятда кўп йирик компанияларгина қила олади. Унинг сертификатини олиш ниҳоятда қийин ва қиммат. Масалан¸ Наманганда Merrymed farm деган дори заводи бор. Ана улар ўз препаратларини мировой названия билан чиқаради. Бу 15 гектарлик ерга жойлашган неча йиллик йирик компания. Биз у билан рақобатлаша олмаймиз. Биз ўшалар чиқараëтган айни дорини бошқа номда¸ лекин икки баравар арзонга чиқарамиз. Бундан сўнг врачлар бизнинг дориларни ëзмагандан кейин ҳамма мировой ном билан танилган дорини сотиб олади. Биз мутлақ бозордан сиқиб чиқариламиз»¸ дейди маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бири.

Озодлик бир-биридан мустақил ҳолда гаплашган маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар¸ Merrymed farm компаниясининг Ўзбекистон олий ҳокимият доираларидаги шахсларга қарашли эканини таъкидлади.

Очиқ манбалар¸ хусусан¸ Merrymed farm расмий сайтида бу корхонанинг на кимга қарашли экани ва на унинг бошқарувчиларига оид маълумот бор.

"Дори-дармон" кичик тадбиркор учун бозорни ëпиб қўйган"

«Фармацевтика бозоридан кичик ўйинчиларни сиқиб чиқариш бошланганининг иккинчи исботи¸ мамлакатдаги аксар дорихоналар тармоғи устидан назорат ўрнатган «Дори-дармон» аптекаларининг биз чиқарган маҳсулотни олишдан бош тортаëтганидир"¸ деб давом этди Озодлик суҳбатдошлари.

«Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги «Дори-дармон» филиалларига неча марта таклиф билан чиқдик¸ дориларимизга аптекаларда спрос борлигини айтдик. Лекин ҳаммаси тепадан рухсат йўқ¸ деган бир хил гапни айтиб¸ олмаяпти. Шахсан Умида опа («Дори-дармон АК бошқаруви раиси Умида Солиҳбоева назарда тутилмоқда-таҳр.) рухсат бериши керак эмиш. У эса¸ ўз ходимларининг бизга айтишича¸ местный производствога рухсат бермагин¸ деган. «Маҳаллийни ололмаймиз¸ тепадан рухсат йўқ¸ айнан маҳаллийга НДС юқори тўлаймиз¸ дейди».

"Юзлаб тадбиркор синади¸ минглаб одам ишсиз қолади"

Маҳаллий дори ишлаб чиқаришни йўлга қўйган кичик тадбиркорлар¸ ўз маҳсулотини сотиш йўллари кесилиши ортидан¸ бизнесини тўхтатиш таҳдиди остида қолганини айтади.

«Орамизда 1¸5 миллион долларлик кредит олганлар бор. Президент ўзимизда дори ишлаб чиқаришни кўпайтирайлик¸ деганидан руҳланиб тадбиркорлар заводлар қуришган. Улар нима қилади энди¸ ишни тўхтатса¸ қарзларини қаердан тўлайди? Шу қарор ижроси бошлангандан бери 40 та ишчимни бўшатдим¸ маҳсулотим сотилмаганидан кейин¸ қолганини ҳам бўшатишга мажбур бўламан. Президент бир томондан¸ битта тадбиркорнинг ишини тўхтатиши фожиа дейди¸ бошқа томондан Соғлиқни сақлаш вазирлиги юзлаб тадбиркорни синдираяпти. Биз умуман тушунмай қолдик»¸ дейди маҳаллий фармацевтика заводи эгаларидан яна бири.

"Врач ва аптекалар ўртасидаги «бизнес» алоқасини узиш ҳаракати?

Озодлик маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар берган маълумотларга изоҳ сўраб¸ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бир қатор бошқарма ва агентликлар мутасаддилари билан боғланди.

Бу расмийлар¸ президент қарорлари ижроси жараëнида декабрь ойидан бошлаб рецепт ëзиш услубида ўзгариш бошланганини тасдиқлади.

Хусусан¸ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга лицензия берган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассиси¸ жорий жараëнни шундай изоҳлади.

«Бундай талаб олдин ҳам бир эди. Аммо декабрдан бошлаб¸ унинг ижроси устидан назорат кучайди. Биласиз¸ врачлар аптекалар билан¸ дори ишлаб чиқарувчилар билан тил бириктириб¸ касалларга айнан ўзларига даромад келтирадиган дориларни ëзиб берарди¸ улардан пул ҳам оларди. Ана шу бизнесни узиш учун¸ шундай қилинаяпти. Рецептга дорининг савдо номи эмас¸ таркибий қисми ëзилади. Бемор аптекага борганда¸ айни таркибдаги бир неча хил дори унга таклиф қилинади. Улар орасида маҳаллийси ҳам¸ импортнийси ҳам бўлади. Бемор чўнтагига қараб¸ хоҳлаганини олаверади».

Вазирликнинг яна бир мутасаддиси¸ бораëтган жараëннинг бемор ва улар яқинларига танлов имкони бериш¸ айни пайтда¸ фармацевтика бозорида рақобатни кучайтиришга қаратилганини иддао қилди.

"Дори-дармон" акциядорлик корхонаси раҳбариятидан маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар билдирган иддаоларга муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик мухбири боғланган Умида Солиҳбоева ëрдамчиси саволлар билан матбуот хизмати раҳбарига мурожаат қилишни тавсия этди¸ аммо котиб кун давомида на хизмат¸ на мобил телефонига жавоб бермади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG