Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш аксар ҳолларда йиғилиш ўтказиш ва чиройли расмлар билан матбуотда эълон қилиш даражасида қолмоқда (“Даракчи”, 27 февраль).
Давлат идоралари, турли комиссия ва ҳайъатлар ҳам ўз сафидаги коррупция билан, яъни ўз-ўзи билан самарали кураша олмаяпти. Оқибатда коррупция халқни қашшоқлаштириб, давлатни емирмоқда. Мамлакатда коррупция ботқоғига ботмаган соҳа қолмаган; туғруқхонадан то қабристонгача коррупция бор – яхши пул бермасанг, тузукроқ ердан қабр ҳам ололмайсан. Журналист ва эксперт Карим Баҳриевга кўра, балиқ бошидан сасиган бўлса, бошидан тозаланиши тўғрироқдир. Акс ҳолда, коррупциянинг сабаблари билан эмас, оқибатлари билан курашилади, холос.
Қайд этилишича, коррупция ошкораликдан қўрқади. Шу боис унинг илдизига болта уриш учун давлат лойиҳаларида очиқликка йўл очиш, чорак аср ҳукм сурган коррупцияни юзага келтирган шахслар ўрнига ҳалол кадрларни амалга келтириш, парламент, матбуот, судларга ҳаққоний эркинлик бериш лозим.