Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:19

2021 бошидан биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берилади


Янги ID карта намунаси (ИИВ Ахборот хизмати)

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берила бошлайди.

ID-карталар 10 йил муддатга берилади ва фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади.

2011 йилдаги биометрик паспортлар 2030 йил 1 январдан бошлаб, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ИИВ Ахборот хизматининг маълум қилишича, 6 мартда Вазирлар Маҳкамаси 129-сонли "Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни қабул қилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб, қуйидаги тоифаларга шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилади:

- барча янги туғилган чақалоқларга,

- Ўзбекистон фуқароларига,

- фуқаролиги бўлмаган шахсларга,

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига.

Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элга чиқиш учун биометрик («загранпаспорт») паспорти берилади.

ID-карталарни бериш, тизимли равишда, 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади.

2011 йилда берилган биометрик паспортлар эса, эгаларининг илтимосига биноан, муддати тугагандан кейин ёки муддатидан олдин алмаштириб берилади.

2011 йилдаги биометрик паспортлар 2030 йил 1 январдан бошлаб, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Расмий хабарда ID-карта тизимига ўтиш сабаби шундай изоҳланган:

"ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради, фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради".

2018 йилнинг январида Ўзбекистон ИИВ хорижий паспорт ва ID-карта бўйича аҳолидан тушган таклифлар кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.​

2019 йилнинг январига келиб, ID-карталарни жорий этиш 2021 йилга қолдирилгани маълум қилинган.

Амалдаги хорижга чиқиш паспорти эса 2019 йилнинг 4 январидан берила бошлади.

Хорижга чиқиш паспорти Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни ичида берилиши керак.

Хорижга чиқиш паспортини олишни истаган шахслар қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

- икки нусхада тегишли шаклдаги ариза-анкета;

- биометрик паспорт ёки 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси ва асли.

- ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий қисм рўйхатида турганлик ҳақидаги гувоҳнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);

- иккита 3,5х4,5 расм;

- олдин тақдим этилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (агар бўлса);

- вакил идоранинг ҳукми (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олинганда);

- хорижга чиқиш учун ота-она ёки васийлик қиладиган одамнинг нотариал тасдиқланган рухсати (вояга етмаганлар учун);

- ҳамроҳ фуқаронинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (вояга етмаганлар учун);

- давлат божини тўлаганлик ҳақидаги квитанция.

Янги паспорт учун тўланадиган бож миқдори энг кам иш ҳақининг 120 фоизи миқдорида - яъни, 243 минг 276 сўмдир.

Хорижга чиқиш паспорти:

- туғилган кунидан 1 ёшгача – 2 йиллик муддатга;

- 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йиллик муддатга;

- 16 ёшдан катта бўлган шахсларга – 10 йиллик муддатга берилади.

Янги хорижга чиқиш паспортига ўтиш бошланиши билан Ўзбекистонда йиллардан буён танқидга учраб келаётган - чиқиш визаси (ОВИР) амалиёти бекор қилина бошлади.

Бу стикер ҳозир амалдаги биометрик паспортларда бор ва муддати битмаган чиқиш визаси/стикери бўлган фуқаролар, чиқиш визаси стикерининг муддати битгунича, демак, кечи билан 2030 йилнинг 1 январига хорижга чиқиши мумкин.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG