Линклар

Шошилинч хабар
10 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:28

Ўзбекистон хабарлари

АҚШ мудофаа вазири коронавирус важидан Ўзбекистонга сафарини қолдирди

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

Пентагон раҳбари Марк Эспер коронавирус туфайли Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистонга сафарини бекор қилди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Алисса Фараҳ Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

“Эҳтиёткорлик важидан мудофаа вазири Эспер Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Покистонга сафарини кейинроққа қолдиришга, АҚШда қолиб, вазирликнинг коронавирусга қарши курашига ёрдам беришга қарор қилди”, деб ёзди Фараҳ.

Хитойдан чиққан COVID-19 вируси шу кунгача дунёнинг 119 мамлакатига кириб келгани айтилмоқда. Бу мамлакатларда вирус юқтириб олганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, жами 119 минг нафардан ошган, қурбонлар сони эса 4299 нафарга етган.

Кун янгиликлари

Президент "Ўзбек тили байрами тўғрисида"ги қонунни имзолади

Мирзиёев имзолаган қонун 10 апрелдан кучга кирди.

Бундан буён ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами сифатида нишонланади. Бу борадаги қонунни президент Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни имзолади.

Қонун 2 та моддадан иборат бўлиб, унинг биринчи моддасида 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланиши, иккинчи моддасида эса қонун расман эълон қилинган кун, яъни 10 апрелдан кучга кириши қайд этилган.

Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 24 март куни маъқулланган.

1989 йилнинг 21 октябрида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгиланган.

Мазкур қонун 1995 йил 21 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган.

Расман: Коронавирусни даволашда бу касалликдан соғайганларнинг қон зардобидан фойдаланилади

ССВ баёнотида бу амалиёт қачондан бошланиши айтилмаган.

Ўзбекистонда коронавирус юқтирган беморларни даволашда бу касалликдан соғайганларнинг қон зардобидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Юртимиздаги бир қатор тажрибали олим ва шифокорлар билан келишилган ҳолда, тез кунларда мутлақо янгича усул — коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади. Амалиётнинг илмий асосига келадиган бўлсак, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади”, дейилади расмий хабарда.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотида таъкидланишича, коронавирус инфекциясидан тузалган инсонлардан зардоб олишдан олдин, улар бир нечта инфекцияларга текширилади, тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча инфекцияси ва касаллиги бўлмаган инсонлар зардобининг кичик бир қисми олинади.

“Бу миқдор донор учун ҳеч қандай салбий асоратларни намоён қилмайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Сўнгра йиғиб олинган зардоб яна қўшимча ишлов бериш жараёнларидан ўтказилгандан сўнг, касаллик оғир кечаётган беморлар розилиги ва шифокор кўрсатмалари ҳамда махсус тартибларга қатъий риоя қилинган холда қўлланилиши мумкин”, дейилади билдирувда.

Бош санитар врач: 19 оила ва 40 ташкилотда коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланди

Бош санитар врач Баҳром Алматовга кўра, 40та ташкилотда вирус юқтириш ҳолатлари ортидан оилалар ва ташкилотлар карантинга олинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов Ўзбекистонда шу кунгача 19та оилада ва 40та ташкилотда коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланганини 10 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, 19 оилада оила аъзолари, қариндош-уруғларга “коронавирус инфекциясининг ҳозиргача тарқалгани аниқланди”.

40та ташкилотда вирус юқтириш ҳолатлари ортидан оилалар ва ташкилотлар карантинга олинди.

«Ҳозиргача 40та ташкилотда коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган бўлса, улардаги барча ходимлар рўйхати шакллантирилиб, махсус карантин зоналарига 14 кун давомида сақлаш учун юборилган. Карантиндагилар орасида касаллик аниқланадиган бўлса, бемор даволаш учун махсус шифохоналарга юборилади», - деди Баҳром Алматов.

Тошкентдаги 6- туғруқхона 5 апрелдан буён карантинда

Ўзбекистон Республикаси Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков 5 апрелдан Тошкентдаги 6-сонли туғруқхона барча беморлар ва тиббиёт ходимлари билан карантинга ёпилганини тасдиқлади. Бу ҳақда у 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Чунки беморлардан бири билан мулоқотда бўлган шахсда коронавирус аниқланди, — деди у. — Шунинг учун бутун туғруқ мажмуаси 14 кунга карантинга ёпилди».

Барча беморлар, туққан аёллар, болалар ва персонал тиббий кузатувга олинади. 14 кунлик карантиндан кейин туғруқхона персонали, мижозлари, болалар орасида коронавирус инфекцияси йўқлиги аниқланса, карантин бекор қилинади.

10 апрель 10.00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 624 кишида вирус аниқланди, 38 бемор соғайди. 3 бемор вафот этди. Беморлар 8 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

Туркий тилли давлатлар видеосаммитида вирусга қарши ҳаракатлар мувофиқлаштирилади

10 апрелда президент Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказиладиган навбатдан ташқари саммитида иштирок этади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, тадбир ташкилотда раислик қилаётган Озарбайжон ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Туркий кенгашга аъзо бешта давлат – Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон Президенти ва Венгрия Бош вазири иштирок этиши кўзда тутилган.

Видеоанжуманга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг ҳам уланиши кутилмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, томонлар коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашадилар.

Ушбу хавфли юқумли касалликка қарши курашиш мақсадида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинади ҳамда мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ваколатли идоралари ўртасидаги шерикликнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилади.

Глобал эпидемиологик инқироз шароитида савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини янада илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Туркий кенгашнинг навбатдан ташқари саммити якунида Қўшма декларация қабул қилиниши режалаштирилган.

Ислом тараққиёт банки коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга $17 млн ажратди

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш мақсадида яратилаётган янги шифохоналар учун тиббий ускуналар ва буюмларни тез харид қилишни молиялаштиришга 17 млн доллар ажратди.

Бу ҳақда хабар қилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматига кўра, бу маблағ ИТБнинг Ўзбекистондаги жорий кредит портфелидан ажратилган.

Хабар қилинишича, бу ҳақдаги келишувга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан 8 апрель кунги видеоконференцияси давомида эришилган.

Видеоконференция якунларига кўра, шунингдек, томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олган

Ўзбекистонда биринчи бўлиб коронавирусга чалинган бемор соғайди

Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланган эди.

Коронавирусга чалингани 15 март куни аниқланган илк бемор — олий тоифали шифокор Н. М. соғайди ва 9 апрель куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан реабилитацияга ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Шифокорнинг айтишича, у билан бирга унинг оила аъзоларидан бўлган 14 бемор ҳам соғайган.

Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланган эди. Расмийлар олий тоифали шифокор бўлган бу бемор 11 март куни Франция пойтахти Париждан қайтгани, у Франциядан қайтгач, уйига меҳмонларни таклиф этгани ҳақида билдирган эди.

Расмий хабарларда шифокорнинг уйига меҳмонга келганлардан айримлари ва унинг оила аъзолари коронавирусга чалингани аниқлангани ҳам айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билидиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.

Шу кунгача беморларнинг 38 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

Самарқандда 14 кун карантинда бўлган 1 058 одам уйиларига жўнатилди

9 апрель куни кечки рейс билан Навоий, Хоразм ҳамда Нукус йўналиши бўйича яна 105 нафар фуқаро ўз уйларига кузатилди.

Kun.uz сайтининг Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беришича, Самарқандда карантинда бўлган 1 058 кишига уйига кетишга рухсат берилди. 14 кун давомида уларда коронавирус аломатлари аниқланмади.

“Карантинда бўлганларнинг 72 нафари самарқандлик бўлган. Қолганлар республиканинг барча вилоятларидан Самарқандга карантинга келтирилган. Уларнинг ярмига яқини водий вилоятларидан. 952 фуқаро 8 апрель куни махсус ташкиллаштирилган автобусларда уйларига жўнатилди”- дейилади хабарда.

9 апрель куни кечки рейс билан Навоий, Хоразм ҳамда Нукус йўналиши бўйича яна 105 нафар фуқаро ўз уйларига кузатилди. Самарқанд темирйўл вокзалидан улар махсус поезд билан жўнаб кетишди.

Хабарда айтилишича, 1 058 нафар ўзбекистонлик 14 кун олдин Қозоғистондан поездда Самарқандга олиб келинган ва карантинга олинган. Улар икки ҳафта давомида Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчада жойлашган Қуролли кучлар кичик мутахассислар тайёрлаш марказида карантинда бўлишди.

Коронавирусга чалинганлар сони 624 нафарга етди

Беморлар сони 46 кишига кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.

9 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 582 нафарга етган эди. Ўшандан бери беморлар сони 42 кишига кўпайди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 38 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

Қор ёғиши оқибатида Тошкентда сув, электр ва газ таъминоти узилиб қолди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари деярли барча вилоятларда қор оқибатларини бартараф этмоқда. ФВВ сайтидан олинган сурат.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва бошқа вилоятларда 9 апрелга ўтар кечаси ёққан қалин қор оқибатларини бартараф этмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, қор оқибатида кўплаб дарахтлар қулаган. Вазирликнинг маҳаллий бўлинмалари йўлаклар, автомобиллар ҳаракатланувчи кўчалар, хиёбонларда тозалаш ишларини олиб бормоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимияти дарахтлар қулаши оқибатида 44 электр тармоғи ва 20та газ қувури шикастланганини, бунинг оқибатида электр ва газ таъминотида узилишлар бўлганини билдирди.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Яшнабод, Миробод, Бектемир, Юнусобод туманларида тўлиғича, Олмазор, Учтепа ва Яккасарой туманларида қисман сув таъминоти тўхтаб қолган.

Пойтахт ҳокимияти 9 апрель соат 18 гача сув, газ ва электр таъминоти қайта тикланганини билдирди.

Тошкент вилоят ҳокимияти эса қор оқибатида Чирчиқ шаҳри аҳолисининг 80 фоизи электр таъминотида узилиб қолганини маълум қилди.

Вилоят ҳокими жонлиқ сўйиб, Қуръон ўқитганидан сўнг Шаҳрисабзга кириш-чиқиш тақиқланди

Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев иштирокида Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати билан жонлиқ сўйилди.Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган сурат.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 10 апрелдан кириш ва чиқиш тақиқланди. Бундай қарор вилоят ҳокими Зоир Мирзаев 9 апрелда Шаҳрисабзга келиб кетганидан сўнг қабул қилинган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдириишча, Зоир Мирзаев 9 апрель куни Шаҳрисабз шаҳри ва Яккабоғ туманида бўлган. Вилоят ҳокими иштирокида Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати билан жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинган.

Шундан сўнг ҳоким бу ердаги карантин қоидаларига қай даражада амал қилинаётгани билан танишган ва бир қатор камчиликларни аниқлаган. Шу муносабат билан санитария-эпедимиологик осойишталик ва санитария-эпедимиология назорати инспекцияси раҳбарларига ҳайфсан берилган.

ЕТТБ Ўзбекистонга 220 миллион доллар қарз берадиган бўлди

ЕТТБ президенти С.Чакрабарти ва Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков видеоконференция ўтказди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки тўртта ўзбек тижорат банкига кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини ҳамда савдони молиялаштириш йўналишлари учун 220 миллион доллар кредит беради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти С.Чакрабарти ва Бош вазир ўринбосари- инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўртасида бўлиб ўтган видеоконференцияда келишиб олинди.

С.Чакрабарти кредит ЕТТБ томонидан шакллантирилган 1 миллиард долларлик “Бирдамлик пакети” ҳисобидан берилишини билдириган.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши сабабли қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш учун ЕТТБ 100 млн. АҚШ доллари миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Бош санитар врач: Коронавирус туфайли тўйиб овқатланишдан бўкиб қолганлар деярли учрамай қолди

Баҳром Алматов (суратда ўртада) “коронавируснинг ижобий жиҳати сифатида” бир қатор мисолларни келтирган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Бош санитар врач Баҳром Алматов бу гапни Kun.uz мухбирига берган интервьюсида айтди.

“Оммавий равишда профилактика чораларига амал қилинаётгани натижасида грипп, гепатит, овқатдан заҳарланиш каби касалликлар кескин камайди. Тўйиб овқатланишдан бўкиб қолиш, ичкилик туфайли келиб чиққан касалликлар деярли учрамай қолган”, - деб иқтибос келтирди Алматов сўзларидан нашр.

Интервью давомида Баҳром Алматов “коронавируснинг ижобий жиҳати сифатида” бир қатор мисолларни келтирган.

“Биргина Самарқанд мисолида олайлик, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали 350 кишига мўлжалланган. Қизиғи, шу кунларда бу йирик шифохонада 100 нафарга яқин бемор даволанмоқда. Маиший можаролар, автоҳалокатлар ортидан келиб чиққан жароҳатлар, тўйиб овқатланишдан бўкиб қолиш, ичкилик туфайли келиб чиққан касалликлар деярли учрамай қолган”, - деди Бош санитар врач.

Сўнгги 16 соатда коронавирус юқтирганлар 36 кишига кўпайди, беморлар сони 582 нафар

9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 582 нафарни ташкил қилмоқда.

Вазирлик 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етганини билдирган эди.

8 апрель соат 23.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафар эди. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилинса, сўнгги 16 соат ичида коронавирусга чалинганлар сони Ўзбекистонда 36 нафарга кўпайди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

Халқ таълими вазирлиги расмийси ўқитувчилар уйма-уй юриб дарс ўтаётганини инкор қилди

"Омма учун эълон қилинган буйруқда ўқитувчиларнинг масофадан ишлашлари бўйича кўрсатма берилган", деди расмий.

Самарқанд вилоятида ўқитувчилар ўқувчиларнинг уйига бориб дарс ўтаётгани тўғрисидаги маълумотлар асоссиз. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Эрматов маълум қилди.

У “Самарқанд вилоятидаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Мактаб директори болаларнинг уйига бориб дарс ўтиб келасизлар, деб мажбурламоқда. Биз ҳар бир ўқувчини уйига бориб дарс ўтсак, вирус ташувчи бўлиб қолмаймизми?” деган саволга жавоб берар экан:

“Халқ таълими вазирлиги буйруғи билан тўртинчи чоракда ўқувчилар видеодарслар ёрдамида таълим олиши белгиланган. Омма учун эълон қилинган буйруқда ўқитувчиларнинг масофадан ишлашлари бўйича кўрсатма берилган”,- деб жавоб берди.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолатни Самарқанд Халқ таълими бошқармаси масофадан ўрганиб чиқди ва хабар АСОССИЗ эканини таъкидламоқда.

Айни пайтда Озодлик радиоси 7 апрель куни Андижоннинг Избоскан туманида ўқитувчиларга ўқувчиларнинг онлайн дарсларни қандай ўзлаштираётганини текшириш ва бу ҳақда ҳисобот тайёрлаш топширилгани тўғрисида хабар берган.

Ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, улар карантинга қарамай уйма- уй юриб, ўқувчиларнинг дарс қилаётганини суратга олишлари лозим.

Ўқитувчиларга ўқувчиларнинг онлайн дарсларни қандай ўзлаштираётгани борасида ҳисобот қилиш топширилганини Избоскандаги иккита мактаб ўқитувчилари ва раҳбарлари тасдиқлади.

Аммо Избоскан туман халқ таълими мудири Азизилло Абдукаримов бундай топшириқ берилганини инкор қилиб, Озодлик саволларига жавоб беришдан қочди.

Бош санитар инспектор: Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси йўқ

Бош санитар инспекторнинг айтишича, 555 беморнинг аниқлангани Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси мавжудлигига асос бўла олмайди.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси йўқ. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош санитар инспектор Нурмат Отабеков маълум қилди.

У “Ўзбекистонда қайд этилган беморлар сони эпидемияни эълон қилишга асос бўла оладими?” деган саволга жавоб берар экан:

“Йўқ. Ҳозирда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ҲИСОБЛАНМАЙДИ, 34 миллион аҳолига 555 ҳолат аниқланган ҳолос”, - деб билдирди.

Бош санитар инспекторга кўра, Ўзбекистонда карантин эълон қилинганига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус бўйича пандемия эълон қилгани сабаб бўлган.

Автомашиналар учун махсус рухсатнома талаб қилинмайдиган ҳолатлар эълон қилинди

Хусусий тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситаларига ҳам бундан буён махсус рухсатнома талаб қилинмайди.

Адлия вазирлиги 9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилиниши билдирилган эди.

9 апрель куни бу рўйхат маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Қуйидагилар Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатига янги киритилди:

Хусусий тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари;

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;

Қатор қўмиталар, агентликлар, АЖ, МЧЖ, ДКларга тегишли хизмат, йўловчи ташувчи (вахта автобуслари) ва махсус транспорт воситалари, ташкилотлар томонидан тегишли ички ишлар органларига тақдим қилинадиган автотранспорт воситаларнинг рўйхати ва ҳаракатланиш йўналиши кўрсатилган талабнома асосида (рўйхатнинг 12-банди);

Қишлоқ хўжалиги техникалари.

Ўзгарди:

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатдан чиқарилиб, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари қолдирилди;

Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар — газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг хизмат автомашиналари ўрнига махсус автотранспорт воситалари;

Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар хизмат автотранспорт воситаларига аниқлик киритилди (рўйхатнинг 16-банди).

Шунингдек, қуйидаги автотранспорт воситаларининг 50 фоизга қисқартирилган рўйхати шакллантирилади ва ички ишлар органларига тақдим қилинади (ушбу автотранспорт воситалари ташкилот томонидан берилган рухсатнома асосида ҳаракатланади):

йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (йўловчиларсиз фақат етказиб бериш хизматини кўрсатиш мақсадида);

Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банкларининг хизмат автотранспорт воситалари;

алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, «Ўзбекистон почтаси», «Ўзбектелеком» ва унинг ташкилотлари ҳамда «Ўзинфоком» ягона интегратори»нинг хизмат автотранспорт воситалари.

ОАВ: Ўзбекистонда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи тест тизими ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ходимлари одамда коронавирус бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам берувчи маҳаллий тест тизимини ишлаб чиқишди.

Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Айни пайтда клиник синовлар давом этаётгани, апрель охирига қадар 50 мингта ана шундай тест тизимини ишлаб чиқариш режалаштирилгани хабар қилинди.

«Коронавирус инфекциясини ўрганиш бўйича вазирлик томонидан қатор илмий-инновацион лойиҳаларга танловлар эълон қилинди. Бу танловлар доирасида мавжуд дори-дармонларни тезкор усулларда лаборатория шароитида коронавирусга қарши текшириш ва бу текширишда ҳамкорликларни йўлга қўйиш биринчи қадамлар сифатида белгиланди. Шунингдек, коронавирус диагностика усулларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича олимларимиз томонидан диагностика гидлари яратилди ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Иккинчидан, Ўзбекистонда мавжуд қатор дори-дармонларнинг вирусларга қарши таъсири халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда ўрганилмоқда ва уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда», - деган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканали тайёрлаган лавҳада.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон расман коронавирусдан ҳоли бўлиб қолаётган қўшнисига инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 5 апрелда 60 яшар бемор вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган.

Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Тожикистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, ёрдам мамлакат президенти топшириғига биноан жўнатилган.

Инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд 9 апрелда Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

"Яқин дўст тожик халқига юборилган инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор", дейилган хабарда.

Ўзбекистон инфекция тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.

Тожикистонда шу кунгача бирор кишига коронавирус юққанига оид расмий маълумот йўқ.

5 апрелда Тожикистон шимолидаги Жаббор Расулов туман марказий касалхонасида 60 яшар эркак вафот этиши ортидан уни даволаган 11 шифокорнинг тана ҳарорати кўтарилган ва туман марказий касалхонаси тўла карантинга олинган эди.

Расман: Электр таъминотидаги узилишлар қалин қор ёққани билан боғлиқ

Тезкор бригадалар таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бормоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати тақдим этган сурат.

Ўзбекистонда ноқулай об-ҳаво шароити, жумладан, қор ёғиши оқибатида барча ҳудудларда электр таъминотида узилишлар юзага келди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати 9 апрель куни маълум қилди.

“Мамлакатимиз бўйлаб кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли республикамизнинг турли ҳудудларида электр қурилмаларида вужудга келган авариявий ҳолатлар ҳамда қалин қор ёғиши оқибатида дарахт шохларининг синиб, электр тармоқларига шикаст етказиши натижасида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда”, дейилади расмий билдирувда.

Хабарда айтилишича, айни вақтда республиканинг барча ҳудудларида электр таъминоти корхоналарининг тезкор бригадалари томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

-“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ электр таъминотидаги вақтинчалик узилишлар учун истеъмолчилардан узр сўраган ҳолда, ушбу ишларни якунлаш ва электр таъминотини тиклаш чоралари кўрилаётганлигини маълум қилади, - дейилади хабарда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етди

Коронавирусга чалинганларнинг 3 нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

8 апрель соат 23.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафарга етган эди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

Президент "Меҳр-шафқат ва саломатлик" фондига қанча маблағ ўтказилганини билдирди

Президент 8 апрелда коронавирусга қарши кураш масаласида видеоселектор ўтказди.

Қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқаши олдини олиш муаммоси кун тартибига тушганидан сўнг Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди деган ташкилот номи ҳам тез-тез тилга тушмоқда.

Маҳаллий матбуот кейинги пайтда “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига бир қатор давлат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан пул маблағлари ўтказиб берилгани ҳақида тез-тез хабар бериб турибди.

Жумладан, бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ҳам мазкур фондга 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ўтказиб берган.

1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканаллари коронавирус карантинини Тошкентда ўтказаëтган миллиардер Алишер Усмоновнинг айни шу фондга 20 миллион доллар хайрия қилганини хабар берди.

Айрим ўзбекистонликлар Озодлик радиосига мазкур фонддан ёрдам олиш имконияти йўқлигидан шикоят қилишган эди. 7 апрель куни Озодлик билан суҳбатда бу фонд мутасаддиларидан бири:

“Кунига ëрдам сўраб минглаб мурожаат бўляпти. Телефон рақамларимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Карантиндан кейин одамларнинг ишсиз¸ пулсиз қолганидан¸ баъзи оилалар бир литр ëғгаям зор бўлиб қолганини тушуниб турибмиз. Лекин муҳтожларга ëрдам тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Биз 30 йилча олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тузилган фондмиз. Вазирликка қараймиз. Ҳозирги шароитдаги вазифамиз фақат коронавирус билан боғлиқ. Карантинда сақланаëтганлар таъминоти¸ коронавирус юқтирганлар сақланаëтган касалхоналарга тиббий жиҳоз ва бошқа нарсалар топиб бериш¸ янги қурилаëтган мобил касалхоналарни ташкиллаштириш. Бизга ҳукумат¸ вазирлик фалон жой учун фалон нарса топ¸ деса топиб бериш билан машғулмиз. Ночорларга озиқ-овқат тарқатиш бизнинг ишимиз эмас. Бу билан маҳаллақўмлар¸ ҳокимликлар¸ мана энди Экспоцентрда очилган марказ шуғулланади (Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази назарда тутилмоқда -таҳр.) Илтимос¸ одамларга тушунтиринг¸ егулик сўраб бизга мурожаат қилишмасин”, деб айтган эди.

Блогер ички ишлар ходимларини масхара қилганликда айбланиб 7 суткага қамалди

Расмий хабарда айтилишича, блогер карантин талабларини ҳам менсимаган.

Ўзининг Instagram-саҳифаси орқали танилган 21 ёшли блогер Гейдар А., “ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги” учун етти суткага қамалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасиининг 8 апрелда хабар беришича: “Таниқли Instagram-саҳифаларнинг бирида муаллиф санитария-эпидемиология талабларини менсимаганлигини намойиш этганлиги акс этган бир нечта фото ва видеолар, шу билан бирга беодоблик сўзларини ишлатиб ички ишлар органлари ходимларининг карантин кунларида олиб бораётган ишларини масхара қилганлиги Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг назарига тушди”.

Хабарда айтилишича, блогерга нисбатан ишни Миробод тумани маъмурий суди кўриб чиққан. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топди ва 7 сутка қамоқ жазоси белгилади.

Бир неча кун олдин Тошкентнинг Амир Темур ҳиёбонида карантин пайтида видеога тушиб, ниқобсиз юрганини намойиш қилган икки йигит ва бир қиз ҳам суд томонидан 15 сутка қамоққа ҳукм қилинган эди.

Автомобилларга махсус рухсатнома бериш тўхтатилди

Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

“Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

8 апрель куни ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов: "Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС”, деб билдирган эди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилди

Коронавирус туфайли вилоятлар ўртасида блокпостлар ўрнатилган.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби янада кучайтирилади.

Тошкент вилояти ҳокимиятининг билдиришича, фавқулодда ҳолатлар ва юк машиналаридан ташқари фуқароларнинг бу шаҳарларга кириш ва чиқишлари чекланади.

“Вазиятдан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ёндош туманларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Тошкент вилоят ҳокимияти ўз билдирувида Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилаётгани сабабларини айтмаган.

Бунга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда 12 та вилоятнинг маъмурий маркази бўлган шаҳарлар ҳам карантинга олиниб, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG