Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 17:19

Халқаро хабарлар

Толибон афғон президентининг маҳкумларни озод этиш қарорини рад этди

Толибон ва тарафдорлари АҚШ билан эришилган келишувни нишонламоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг толиб жангариларини қамоқдан озод этиш ҳақидаги қарори¸ "АҚШ билан имзоланган келишувга зид" деган иддао билан Толибон томонидан қабул қилинмади.

10 март кечқурун Афғонистон президенти ҳукумат қамоғида сақланаëтган толиб жангариларидан 1500 нафарини 15 кун ичида озод қилиш ҳақидаги қарорни имзолади.

АҚШ ва Толибон ўртасида Доҳада эришилган келишувда¸ Кобул ҳукумати билан сулҳ битими имзолаш шарти сифатида¸ 5000 толиб жангарисини¸ музокаралар билан параллел равишда қамоқдан озод қилиш айтилган.

Бу ҳаракатнинг Ғарб қўллаëтган Кобул ҳукумати ва мамлакатнинг аксар ҳудудини назорат қилаëтган Толибон ўртасида ўзаро ишончни шакллантириш мақсадида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Доҳа келишувига кўра¸ агар Кобул ҳукумати ва Толибон ўртасидаги сўзлашувларда прогресс кузатилса¸ ҳар икки ҳафтада 500 нафардан¸ жами 5000 толиб жангариси озодликка чиқарилиши керак.

Ғани қарорини рад қилган Толибон матбуот котиби¸ ҳукумат билан музокаралар бошланиши учун 5000 жангарининг бирваракайига¸ ҳеч қандай шартларсиз озод этилишини талаб қилди.

Кун янгиликлари

Толибон вакиллари 19 йилда биринчи марта музокара ўтказиш учун Кобулга келди

Кобул кўчаларидан биридаги манзара.

Толибон вакиллари пойтахт Кобулда ҳукумат расмийлари билан асирларни ўзаро алмашиш масаласини муҳокама қилди.

Мамлакат Миллий Хавфсизлик кенгаши Толибоннинг уч вакили 31 март ва 1 апрель кунлари Афғонистон ҳукумати билан юзма-юз музокара ўтказганини тасдиқлади. Бироқ бу учрашувдан қандай натижаларга эришилгани ҳозирча айтилмади.

Толибон шу кунгача Афғонистоннинг тан олинган ҳукуматини “Ғарбнинг қўғирчоғи” деб атаб, у билан музокаралар ўтказишдан бош тортиб келаётган эди. Март ойининг охирларида Афғонистон ҳукумати Толибон билан видеоконференция уюштириб, юзма-юз сўзлашишга келишиб олган.

Толибон матбуот котиби Залмай Муҳаммад афғон ҳукумати билан асирларни алмашиш ва озод қилинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида “техник сўзлашувлар” бўлганини маълум қилди. Унга кўра, биринчи босқичда Толибоннинг юз аъзосини эркинликка чиқариш назарда тутилган.

Жорий ҳафта ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг 100 нафардан маҳкумни озод қилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 29 февраль куни Толибон вакиллари билан Доҳада имзолаган келишувда¸ босқичма-босқич амалга ошириладиган бу жараëнда жами 6 минг толибнинг озод этилиши айтилган.

Келишув шартлари амалга оширилган тақдирда¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинларини келаси йил олиб чиқиш мажбуриятини олган.

Бу жараëн бошланиши арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистонда урушаëтган томонларни мамлакатдаги узоқ ва қиммат урушга барҳам бериш учун бирга ишлашга чақирди.

НАТО Ташқи ишлар вазирлари тарихда илк бор ўз мажлисини видеоконференция шаклида ўтказади

Ўтган ҳафта НАТО аъзолари сони 30 тага етди - Шимолий Македония ҳам ҳарбий иттифоққа қабул қилинди.

2 апрель куни НАТОга аъзо 30 давлат Ташқи ишлар вазирлари ўз мамлакатларининг коронавирус пандемиясига қарши олиб бораëтган кураши ва жорий вазиятнинг мамлакатлар мудофаа қудратига таъсирини муҳокама қилади.

Бу учрашув НАТОнинг 70 йиллик тарихида биринчи марта видеоконференция форматида ўтказилади. Аксар давлатлар ўз қуруқлик ва ҳаво ҳудудларини ëпиб¸ ҳар қандай кўринишдаги йиғилишларни тақиқлагани ортидан дунëдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқ ҳам ўз йиғилишини виртуал шаклга кўчиришга мажбур бўлди.

Виртуал учрашув арафасида НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг жорий пандемиянинг хавфсизлик таҳликасига айланиши олдини олиш ҳарбий иттифоқнинг бош мақсади эканини таъкидлади.

2 апрель куни НАТО вазирларининг пандемия даврида Ғарб давлатларида юзага келган вазиятга оид тарқатилаëтган сохта хабарларга қаpши кураш масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда. Йиғин арафасида Европа парламентининг бир гуруҳ депутатлари бундай дезинформация кампанияси ортида Хитой ва Россия турганини билдирди.

НАТО виртуал йиғинида шунингдек Ироқ ва Афғонистондаги сўнгги ўзгаришлар ҳам муҳокама қилинади; унда шунингдек ўтган ҳафта НАТО аъзолигига қабул қилинган 30-давлат Шимолий Македония биринчи бор иштирок этади.

Қозоғистон короновирус бўйича минтақада етакчилик қилмоқда. Беморлар сони 400дан ошди

Тиббиёт ходими Чимкент шаҳрига кираётганларнинг тана ҳароратини текширмоқда.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна 16 одамга коронавирус юққанини маълум қилди. Улардан 7 нафари пойтахтда, 6 нафари Қарағанда вилоятида, икки нафари Атирау вилоятида ва бир нафари Шимолий Қозоғистон вилоятида.

2 апрель эрталабки маълумотга қараганда коронавирусга чалинганлар сони 402 нафарни ташкил қилди. Сўнгги 24 соат ичида беморлар сони 54 нафарга кўпайди. Беморларнинг 191 нафари Нур-Султон, 90 нафари Олмаота турғунидир. Бошқа беморлар эса қолган 13 вилоятда аниқланган.

Нурсултон, Қарағанда ва Ақмўла вилоятларида бир нафардан, жами уч бемор вафот этди. 26 бемор тузалди.

Трамп Эрон ва унинг иттифоқчиларини огоҳлантирди

2020 йил 13 январда Эрон ракетаси АҚШнинг Ироқдаги Айн ал Асад базасига отилган эди.

Президент Дональд Трамп Теҳронни Эрон ёки унинг иттифоқчилари Ироқдаги АҚШ базаларига ҳужум қилса, “қатъий жавоб чоралари” кўрилишидан огоҳлантирди.

“Бизда мавжуд маълумотларга қараганда, Эрон ва у қўллаётган гуруҳлар Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда. Агар ҳужум уюштирилса, Эрон бунинг учун жуда катта тўлов тўлайди”, деб ёзди Трамп Твиттер саҳифасида 1 апрель куни.

АҚШ бир неча ойлардан бери Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган жангариларни Ироқдаги ҳарбий базаларга, шунингдек, хориж давлатларининг дипломатик миссияларига, жумладан, АҚШ элчихонасига ҳужумлар уюштирганликда айблаб келади.

Трампнинг бу баёнотидан бир неча соат олдин Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳарбий ёрдамчиси генерал Яҳё Раҳим Сафавий АҚШни Ироқда “провокацион ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиш” тўғрисида огоҳлантирган эди.

11 март куни Ироқдаги ҳарбий базалардан бирига қилинган ҳужум оқибатида АҚШнинг икки ва Британиянинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлганди. Бу воқеа минтақадаги вазиятни кескинлаштирди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига олмади. Ҳужум ортидан АҚШ Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб -қувватланаётган жангарилар гуруҳи манзилларини бомбардимон қилган.

Жаҳонда COVID-19ни юқтирганлар сони бир миллионга яқинлашди

Коронавирусга чалинганлар сони 935 840 нафарни ташкил этди.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилди. Унга кўра, коронавирусга чалинганлар ўртасида ўлим ҳолатлари сўнгги бир ҳафтада икки баробардан кўпроққа ошган.

2 апрелдаги сўнгги маълумотларга қараганда, дунёнинг 203 давлатида коронавирусга чалинганлар сони 935 840 нафарни ташкил этди. Улардан 194 286 нафари соғайган, 47 241 нафари вафот этган, 35 478 нафар бемор оғир аҳволда.

Касаллик энг кўп қайд этилган давлатлар:

АҚШ:

Касалланганлар – 215 003 (+26 473)

Соғайиб кетганлар – 8 878

Вафот этганлар – 5 102 (+1 049)

Оғир аҳволдаги беморлар – 5 005

Италия:

Касалланганлар – 110 574 (+4 782)

Соғайиб кетганлар – 16 847

Вафот этганлар – 13 155 (+727)

Оғир аҳволдаги беморлар – 4 035

Испания:

Касалланганлар – 104 118 (+8 195)

Соғайиб кетганлар – 22 647

Вафот этганлар – 9 387 (+923)

Оғир аҳволдаги беморлар – 5 872

Хитой:

Касалланганлар – 81 554 (+36)

Соғайиб кетганлар – 76 238

Вафот этганлар – 3 312 (+7)

Оғир аҳволдаги беморлар – 466

Германия:

Касалланганлар – 77 981 (+6 173)

Соғайиб кетганлар – 18 700

Вафот этганлар – 931 (+156)

Оғир аҳволдаги беморлар – 3 408

Ўзбекистонга қўшни давлатларда:

Қозоғистон:

Касалланганлар – 380 (+37)

Соғайиб кетганлар – 26

Вафот этганлар – 3 (+1)

Оғир аҳволдаги беморлар – 6

Қирғизистон:

Касалланганлар – 116 (+5)

Соғайиб кетганлар – 5

Оғир аҳволдаги беморлар – 3

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 116 нафарга етди

Шу кунгача беморларнинг 5 нафари соғайди.

Қирғизистонда 2 апрелда коронавирусга чалинган яна беш киши аниқланди. Бу билан мамлакатда COVID-19 беморлари сони 116 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги беморларнинг икки нафари Новқат туманидан, бир нафари Ўш шаҳридан, икки нафари Қизилқия шаҳридан.

Шу кунгача коронавирусга чалинган 5 одам соғайгани айтилди. Улардан 2 нафари 2 апрель куни касалхонадан чиқарилган.

Россияда карантин тартибини бузганларга жиноий жавобгарлик кучайтирилди

Қизил майдонни назорат қилаётган полиция ходимлари.

Россия президенти Владимир Путин карантин режимини бузганлик учун жазо чораларини кучайтирди. Путин 1 апрель куни имзолаган янги қонун Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик Кодексларига киритилган ўзгартишлардан иборат.

Бундан буён карантинни бузган одам айби билан бошқаларнинг касалликка чалиниш таҳдиди пайдо бўлса, айбдор 500 минг рублдан 700 минг рублгача жарима тўлайди ёки 2 йилгача қамалади.

Агар карантинни бузган одамнинг ҳаракатланиши оқибатида бир одам ўлса, жарима миқдори 2 миллион рублни ташкил қилади ёки уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси қўлланилади.

Агар икки ва ундан кўп одам ўлса, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Карантин тартибини бузган фуқаролар 15 мингдан 40 минг рублгача, юридик шахслар эса 150 минг рублгача жарима тўлайди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 2777 одам коронавирусга чалинди.

Путин: Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остида

Президент Путин айни пайтда масофавий ишлашга ўтган.

Россия президенти Владимир Путин 1 апрель куни ҳукумат аъзолари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда коронавирус бўйича вазият мураккаблашаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остидадир. Бугунги кунда 290 минг одам “ўзини яккалаш” режими остида қолмоқда.

Путин 25 март куни халққа қилган мурожаатида коронавирус таҳдидини юмшатиш мақсадида 30 мартдан бошлаб бир ҳафтани дам олиш кунлари деб эълон қилган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 2777 одам коронавирусга чалинди.

31 март куни Озодлик Россия президенти Владимир Путин билан учрашган шифокор Денис Проценконинг коронавирусга чалингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.

Москвадаги Коммунарка касалхонаси бош врачи бўлган Денис Проценко коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотни кундалик равишда эълон қилиб туриш билан танилди. У раҳбарлик қилаётган касалхонада коронавирусга чалинган беморлар даволанади.

24 март куни президент Путин касалхонага келган ва Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Проценко коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан президентни врачлар мунтазам текшириб тургани, Путиннинг саломатлиги яхши эканини билдирди.

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганларнинг жасади қариндошларига берилмайдиган бўлди

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди.

Қозоғистон ҳукумати коронавирусдан ажал топган одамларнинг жасадларини қариндошларига топширишни тақиқлади.

Мамлакат Бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова марҳумннинг яқинлари унинг жасадидан уч метр олис туришлари шартлигини, дафн маросимига фақат марҳумнинг энг яқин қариндошлари қатнашишини ва дафн маросимига фақат бир соат вақт ажратилишини айтди.

Бундан ташқари дафн маросими маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида, хавфсизлик чораларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилиши лозим. Дафннинг диний маросимини фақат бир дин хизматкори амалга оширади.

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди ва уларнинг сони 370 нафардан ошди. Беморларнинг асосий қисми Нур-Султон ва Олмаота турғунларидир. Коронавирус юқтирганларнинг уч нафари вафот этди. 24 бемор тузалгани айтилмоқда.

Испанияда коронавирусга чалинганлар сони юз мингдан ошди

Испанияда тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдириш акцияси 27 март куни бўлиб ўтган.

Испанияда COVID-19га чалинганлар сони юз мингдан ошди. Бу ҳақда Reuters мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда маълум қилди.

Сўнгги 24 соат ичида бу ерда 6 мингдан кўпроқ одам вирус юқтирган. Пандемия бошланганидан бери Испанияда 8,5 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этилган.

Испания коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёдаги учинчи давлатдир. Биринчи ўринда АҚШ. Бу ерда 190 минг одам касалланган, 4 мингдан ортиқ одам ўлган.

Иккинчи ўринда эса Италия. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 106 мингга яқинлади. 12 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Бу коронавирусдан ўлганлар бўйича дунёдаги энг катта кўрсаткичдир.

Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойда 82 минг одамга вирус юққан, уч мингдан кўп одам ўлган.

Чехия Хитойдан сотиб олган 300 минг дона тезкор тест тизимининг 80 фоизи нобоп чиқди

Хитойда ишлаб чиқарилаëтган тезкор тестлар.

Чехия санитария-эпидемиология тизими мутасаддиларига кўра¸ коронавирусни аниқловчи тезкор тест тизими сифатида Хитойдан сотиб олинган системаларнинг 80 фоизи яроқсиз бўлиб чиққан.

Чехия ҳукумати 54 миллион крона¸ ëки 2 миллион долларга Хитойдан 300 минг дона тезкор тест тизими сотиб олган. Амалиëтда бу тизимлар вирус юқтирганни юқтирмаган деб¸ аксинча¸ вируси йўқ одамни¸ юқтирган қилиб кўрсатган ва хатолик даражаси 80 фоизни ташкил этган.

Бу маълумотни Чехия шарқидаги Острава университети касалхонаси мутахассислари эълон қилди.

Оқибатда¸ бу тест тизимлари “ишонарли эмас”¸ деб топилган ва инфекцияни аниқлаш жараëнидан чиқарилган.

Соғлиқни сақлаш миллий институти Хитойдан келтирилган бу тест тизимларининг¸ вирусни аниқлаш жараëнида “иккиламчи ролда” эканини билдирди.

Айтилишича¸ тезкор тест тизимлари вирусни у юқтирилганидан 7 кунгача¸ то қонга ўтмагунча аниқлай олмайди ва шу боис “диагностик тест” бўла олмайди.

Айни пайтда¸ коронавирусга қарши курашаëтган аксар дунë тезкор тест тизимларини Хитойдан сотиб олмоқда¸ ëки Хитой гуманитар ëрдам сифатида бераëтган шундай тестлардан фойдаланмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистонга Хитойдан 20 тонна шундай тиббий анжомлар юкланган гуманитар ëрдам юборилди ва асосан тиббиëт муассасаларига тарқатилди.

Кобул ҳукумати Толибон жангариларини қамоқдан озод қилишга ҳозирланмоқда

Ҳукумат қамоғида қолаëтган 6000 нафар толибон жангарисининг озод этилиши кутилмоқда.

АҚШ ва Толибон ўртасида эришилган келишувда кўзда тутилган маҳкумлар айирбошлаш жараëни ижросини кузатиш учун Толибон ҳаракати етакчилари Кобулга келди.

Жорий ҳафта ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг 100 нафардан маҳкумни озод қилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 29 февраль куни Толибон вакиллари билан Доҳада имзолаган келишувда¸ босқичма-босқич амалга ошириладиган бу жараëнда жами 6 минг толибнинг озод этилиши айтилган.

Келишув шартлари амалга оширилган тақдирда¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинларини келаси йил олиб чиқиш мажбуриятини олган.

Бу жараëн бошланиши арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистонда урушаëтган томонларни мамлакатдаги узоқ ва қиммат урушга барҳам бериш учун бирга ишлашга чақирди.

Бу чақириқдан бир неча соат ўтиб Ҳелманд вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида 8 одам нобуд бўлди.

Туркманистон ўз ҳудуди орқали юк ўтказишни бир ойга тақиқлади

Марказий Осиëга Эрондан маҳсулот ташувчи юк машиналари Туркманистон ҳудуди орқали ўтади.

Туркманистон ҳукумати мамлакат ҳудуди орқали ҳар қандай шаклдаги юк транзитини бир ойга тўлиқ тақиқлади.

Бу ҳақдаги расмий огоҳлантирув¸ Reuters агентлигининг ëзишича¸ Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли давлатлар дипломатик идораларига юборилган.

Бу ҳужжатда¸ Туркманистон ҳудуди орқали юк ташиш¸ хусусан¸ транзит юкларининг апрель ойида тўлиқ тақиқлангани ва бу тақиқдан мустаснолар бўлмаслиги айтилган.

Агентлик гаплашган Туркманистондаги дипломатик манбалар шундай огоҳлантирув хатини олганини тасдиқлаган.

Ўтган ой Туркманистон орқали Ўзбекистонга қайтолмай қолган ўнлаб ҳайдовчи президент Мирзиëевга мурожаат қилиб¸ ëрдам сўраган эди. Ўзбекистонга Эрондан келадиган импорт маҳсулотлари асосан Туркманистон ҳудудидан ўтади.

Ҳозиргача мамлакатнинг коронавирусдан холи эканини таъкидлашига қарамай Туркманистон ўз чегараларинин мутлақ ëпиб¸ мамлакат пойтахтига кириб-чиқишни ҳам тақиқлаб қўйди.

Матбуот ва оддий туркманистонликларга коронавирус сўзини ишлатиш ҳам¸ Озодликка келган хабарларга кўра¸ тақиқлаб қўйилган.

Коронавирусга оид ахборотнинг жамоатчиликдан сир тутилаëтгани ва бу ахборот тарқалишининг тақиқлангани халқаро майдонда танқидга учрамоқда.

Саудия жаҳон мусулмонларини бу йилги ҳаж зиëратини режаламай туришга чақирди

Ҳар йили ҳаж ибодатларига 2.5 миллиондан ошиқ зиëратчи келади.

Саудия Арабистони Ҳаж вазири Муҳаммад Бантен мусулмонларни коронавирус пандемияси боис бу йилги ҳаж зиëратини режалаштиришдан сақланиб туришга чақирди.

2020 йилги ҳаж ибодатлари июль ойи охирида бошланиб¸ августда давом этади. Ҳар йили ҳажга камида 2¸5 миллион зиëратчи келади.

Саудия Ҳаж вазирлиги ҳозирги мавҳум вазиятда мусулмонларни зиëратга оид шартнома қилмай туришга даъват қилди.

Ўтган ой Саудия подшоҳлиги коронавирус пандемияси боис Умра зиëратларини тўхтатиб¸ Макка ва Мадина¸ шунингдек пойтахт Риëдга кириб-чиқишни тақиқлаган эди.

Расмий маълумотларга кўра¸ ҳозирга қадар мамлакатда 1563 одамга вирус юққани қайд этилган¸ улардан 10 нафари вафот этган.

Тожикистон ҳукумати 1 апрелгача берилган мактаб таътили узайтирмаслигини билдирди

Ўн кун ичида Тожикистондаги мактаблар икки марта дезинфекция қилинди.

Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги барча мактаблар коронавирусга қарши дезинфекция қилинганини билдирди. Таълим ва фан вазирлиги эса баҳорги таътил якунланиб, 1 апрелдан мактабларда дарслар бошланишини маълум қилди.

Тожикистонда мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътили 21 март куни бошланган. Ўн кун ичида мактаблар икки марта дезинфекция қилинган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, Тожикистондаги 3800дан ортиқ мактабда 2 миллион бола ўқийди.

Тожикистонда ва Туркманистонда ҳалигача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат расман қайд этилгани йўқ. Аммо экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарамоқда.

1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 348, Қирғизистонда 107 одам бор. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 31 март куни кечқурун 172 кишини ташкил қилди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 348 кишига етди

Қозоғистоннинг 5та йирик шаҳри карантинга олинган.

Қозоғистонда 1 апрель соат 8:00даги ҳолатга кўра, яна беш киши коронавирусга чалинди. Улардан бири Чимкент шаҳридан, қолганлари эса Туркистон вилоятида яшовчилардир.

Расмий маълумотда айтилишича, Қозоғистонда бугунги кунда коронавирусга чалинганлар сони 348 кишни ташкил қилмоқда. Беморлардан 24 нафари соғайган.

Ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланган коронавирус пандмияси дунёнинг 160 ўлкасига тарқалди. 1 апрелга ўтар кечасида эълон қилинган сўнгги маълумотда айтилишича, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 849 500га етди.

Вафот этган беморлар сони: 41 625 . Бир кунда 4516 одам вафот этди. Бу бир кун олдинги кўрсаткичдан 1300 тага кўпдир.

Президент Путин билан учрашган москвалик шифокорда коронавирус аниқланди

24 март куни президент Путин Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

Бир неча кун олдин Россия президенти Владимир Путин билан учрашган шифокор Денис Проценконинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Проценко Фейсбук саҳифасида ўзини яхши ҳис қилаётгани ва айни пайтда ўз иш кабинетида изоляцияда ўтирганини ёзди.

Москвадаги Коммунарка касалхонаси бош врачи бўлган Денис Проценко коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотни кундалик равишда эълон қилиб туриш билан танилди. У раҳбарлик қилаётган касалхонада коронавирусга чалинган беморлар даволанади.

Проценко 31 март куни эълон қилган маълумотда касалхонада 202 одам пневмония ташхиси билан даволанаётгани, уларнинг 186 нафарида COVID топилганини билдирди.

24 март куни президент Путин касалхонага келган ва Проценко билан учрашиб, суҳбатлашган эди.

Врачнинг қачон коронавирусга чалингани ҳозирча номаълум. Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Проценко коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши ортидан президентни врачлар мунтазам текшириб тургани, Путиннинг саломатлиги яхши эканини билдирди.

Аввалроқ Песков Путин билан учрашадиган ҳар бир одам дастлаб коронавирусга текширилаётганини айтган эди.

Россияда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлар сони 500 тага ошди ва 2000 кишидан кўпроқни ташкил қилди.

Оқ Уй пандемия оқибатида 100-250 минг америкалик ўлиши мумкинлигини ошкор қилди

Дональд Трамп брифинг аввалида 5 минутлик COVID-19 тестини ўтказмоқда. 30 март 2020 йил.

Коронавирус пандемияси оқибатида АҚШда 100 мингдан 250 минггача одам ўлиши мумкин. Оқ Уй 21 март куни ҳукумат экспертларининг мана шундай хулосасини эълон қилди.

Трамп маъмурияти шу кунгача ишонарли статистик маълумотлар мавжуд эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда, ошкора прогнозлардан тийилаётган эди.

Экспертлар АҚШда коронавирусга чалинганлар сони сезиларли даражада кўпайганини билдирмоқда. 31 март куни кечқурунги ҳолат бўйича, 174 минг америкалик коронавирусга чалинган 3433 одам ўлган.

Оқ Уйдаги брифинг пайтида: “Олдимизда жуда азобли икки ҳафта турибди”, деган Трамп тез кунларда “тоннел охирида нур кўриниши”дан умид билдирди.

Трамп фавқулодда вазият ҳолатини яна бир ойга узайтирганини билдирди.

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган "қирол олий жаноблари" унвонидан воз кечди. Улар хазинага 2,4 миллионни қайтаришлари шарт

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл 2,4 миллион фунт стерлинг маблағни ҳам хазинага қайтаришлари шарт.

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл 31 март куни расман қирол оиласининг катта аъзолари мақомидан воз кечдилар.

Британия қироличаси Елизавета Иккинчи билан тузилган битмга асосан улар “қирол олий жаноблари” унвонидан ҳам маҳрум қилинади. Шунингдек, улар Беркшир графлигидаги Виндзор қасри яқинидаги коттеж таъмири учун сарфланган 2,4 миллион фунт стерлинг маблағни ҳам хазинага қайтаришлари шарт.

Айни пайтда Ҳарри ва рафиқаси Меган Маркл Сассек герцоги ва герцогиняси унвонини сақлаб қолади. Бу унвон уларга 2018 йилнинг майида никох тўйлари муносабати билан тортиқ қилинган эди.

Ҳозирги кунда Ҳарри ва Меган ўғиллари Арчи билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшамоқда.

Британия қироличаси шаҳзода Ҳарри матбуотнинг мунтазам эътиборидан зериккани ва “оддий одам каби ҳаёт кечиришни исташи”ни билдирган эди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ҳаррининг Меган Маркл билан ниқоҳдан ўтиши ортидан бу истак янада кучайган. Чунки Меган ҳам ўз шахсий ҳаётига нисбатан журналистлар эътиборини ёқтирмайди. Меган ўз рухсатисиз унинг мактубларидан бирини эълон қилган Daily Mail газетасини судга ҳам берган эди.

35 ёшли шаҳзода Ҳарри Чарлз Альберт Уэльск шаҳзодаси Чарлз ва марҳума леди Диананинг кичик ўғли. У отаси, Кембриж герцоги бўлган акаси Уильям ва унинг уч ўғлидан сўнг Британия тахтига олтинчи даъвогардир.

Шаҳзода Ҳарри ва ундан уч ёш катта бўлган америкалик актриса Меган Маркл 2018 йилнинг 19 майида никоҳдан ўтганлар.

Уларнинг ўғиллари Арчи Ҳаррисон Маунтбэттен-Виндзор 2019 йилнинг 6 майида таваллуд топган.

Туркманистонда коронавирус сўзини ишлатиш тақиқланди

Расман коронавирус йўқлиги айтилаëтганига қарамай¸ Ашхободга кириб-чиқиш тақиқланган¸ шаҳар кўчалари ҳувиллаб қолган.

Ҳозирча коронавирусга чалинганлик ҳақида бирор ҳолат расман қайд этилмаган Туркманистонда матбуот ва оддий сўзлашувда коронавирус сўзини ишлатиш тақиқланди.

Озодликка боғланган ашхободликлар¸ бу сўз оғзидан чиққан одамларнинг граждан кийимидаги шахслар томонидан сўроққа олиб кетилаëтганини хабар қилди.

Айтилишича¸ кейинги кунларда туркман нашрларининг бирортасида бу сўз ишлатилмаган. Аҳоли орасида тарқатилаëтган брошюраларда эса¸ “вирусдан ҳимояланиш”¸ “ўткир нафас олиш касаллиги” деган сўзлар қўлланилмоқда.

“Туркман ҳукумати ўзининг матбуот эркинлигини ашаддий бўғиш анъанасига содиқ қолган ҳолда¸ коронавирус пандемиясига оид ҳар қандай маълумотни йўқ қилмоқда”¸ деди вазиятни шарҳлаган Чегарасиз мухбирлар ташкилотининг минтақа бўйича таҳлилчиси Jeanne Cavelier.

Туркманистонда ҳозирга қадар коронавирус юқтиришга оид бирор ҳолат йўқлиги ҳақидаги расмий баëнотлар шубҳа ва танқидларга сабаб бўлмоқда.

Туркманистонга бевосита туташ мамлакатларнинг барчаси вирусга чалинганлар сонининг кунига ошиб бораëтганини билдирмоқда.

Хусусан¸ Туркманистоннинг жанубий қўшниси Эрон¸ вирусга чалинганлар бўйича Яқин Шарқ минтақасида биринчиликда қилмоқда ва ҳозирга қадар коронавирус юқтирган эронликлар сони 45 мингга¸ ўлганлар эса¸ 3000 га етди.

Мамлакатда коронавирус борлигини тан олмаëтганига қарамай¸ ҳукумат 20 март куни пойтахтга кириб-чиқишни¸ вилоятлараро борди-келдини¸ жамоатчиликка олдиндан хабар бермай туриб¸ тақиқлаб қўйди.

Бундай тақиқлар ортидан мамлакатдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг бир неча бараварга ошгани кузатилмоқда.

Давлат думаси ҳукуматга фавқулодда ҳолат жорий қилиш ваколатини берди

Коронавирусга қарши кураш баҳонасида Россия ҳукуматига чексиз ваколатлар берилиши айрим россияликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Россия Давлат Думаси 31 март куни ҳукуматга бутун Россия ҳудуди¸ ëки унинг маълум қисмида юқори сафарбарлик ва фавқулодда ҳолат эълон қилиш ваколатини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Амалдаги қонунга жамоат саломатлигига хавф солувчи касаллик тарқалган пайтда ҳукуматга фавқулодда ҳолат эълон қилиш ваколатини беришга оид тўлдириш киритилди.

Мазкур қонун лойиҳаси 26 март куни ҳукумат томонидан Думага тақдим этилган эди. Ҳужжатда ҳукуматга¸ юқори сафарбарлик ва фавқулодда ҳолат пайтида мажбурий чекловлар ўрнатиш ҳуқуқи ҳам берилди.

Хусусан¸ бундай вазиятда ижро ҳокимияти ўзи ишлаб чиққан рўйхат асосида айрим дори-дармонларнинг чакана ва улгуржи савдосини 90 кундан ошмаган муҳлатга чеклаш¸ банкротлик бўйича иш қўзғашга мораторий эълон қилиш ваколатига эга бўлди.

Бу лойиҳа овозга қўйилиши арафасида Давлат думаси қошидаги ҳуқуқий бошқарма уни коронавирусга қарши кураш баҳонасида ҳукумат ваколатларини кескин кучайтириш уриниши сифатида танқид қилган эди.

Аммо қонун қабул қилиниши ортидан бу танқид олиб ташланиб¸ ўрнига қонунни олқишловчи муносабат қўйилди.

Қирғизистонда фавқулодда вазият тартиби кучайтирилди. Тартибни бузганлар 12,5 -170 доллар жарима тўлайди

Бишкекда жисмоний шахсларга фақат аптека, озиқ-овқат дўкони ва банкка бориш учун рухсат берилади. Қолганлар жарима тўлайди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда фавқулодда вазият талаблари кучайтирилди. Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг 31 март куни маълум қилишича, бундан буён кўчада ниқобсиз юрган жисмоний шахс 1000 сўм (12.5 доллардан кўпроқ), жисмоний шахснинг кўчада ниқоб билан юришини таъминламаган юридик шахс 3 минг сўм ( тахминан 40 доллар) жарима тўлайди.

Комендантлик соати амал қиладиган вақтга қадар кўчага чиқиш тартибини бузган жисмоний шахсга 3 минг сўм ( тахминан 40 доллар), юридик шахсларга 13 минг сўм ( тахминан 170 доллар) жарима солинади.

Бишкек коменданти буйруғи билан пойтахт аҳолиси ўз уйидан 1,5 километр масофада ҳаракатлана олади. Жисмоний шахсларга фақат аптека, озиқ-овқат дўкони ва банкка бориш учун рухсат берилади. Кўчага чиққан шахс қаерга бориши ва нима мақсадда бораётгани тўғрисида ўзи тўлдирган йўналиш варақчасига эга бўлиши шарт.

Бишкекда кечки соат 8дан эрталабки 7гача комендантлик соати амал қилади. Комендантлик соати тартибини бузганлар 3 суткага қамалади ва катта миқдорда жаримга тортилади.

Қирғизистонда 31 март куни яна 13 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Қирғизистонда бу вирусни юқтирган беморлар сони бу билан 107 нафарга етди.

Украина парламенти банк ва ер ислоҳотига оид қонунларни 12 соатлик тортишувдан сўнг ярим тунда тасдиқлади

Ерни сотувга қўйишга рухсат берувчи қонуннинг қабул қилиниши президент Зеленскийнинг сиëсий ғалабаси сифатида кўрилмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарамай¸ 30 март куни фавқулодда мажлисга тўпланган Украина парламенти депутатлари ер савдосига оид қонунни қабул қилди.

Президент Зеленский 12 соат тинимсиз давом этиб¸ ярим тунда тугаган парламент сессиясига икки марта шахсан келиб¸ депутатларни ер ислоҳотига оид қонунни қабул қилишга чақирди.

Қонун 259 овоз билан қабул қилинди¸ кўпчилик овозни президент мансуб «Халқ хизматчиси» партиясининг парламентдаги 206 аъзоси таъминлаб берди. Юлия Тимошенко етакчилигидаги мухолифат фракцияси қонун лойиҳасига қарши овоз берди.

Янги қонун 2021 йил 1 июлидан бошлаб ерни сотувга қўйишга рухсат беради. 2024 йилгача ерни фақат жисмоний шахслар одам бошига 100 гектаргача сотиб олиши мумкин. 2024 йилдан сўнг юридик шахсларнинг 10 минг гектаргача ер сотиб олишига рухсат берилади.

Айни пайтда¸ давлатга қарашли ерларни приватизация қилиш тақиқланади. Хорижликларнинг ер сотиб олишига рухсат бериш-бермаслик масаласи эса¸ умумхалқ референдуми орқали ҳал этилади. Оффшор компаниялари¸ бенефициари россиялик бўлган юридик шахсларга Украина ерини сотиш қонунан тақиқланади.

30 март кунги мажлисда депутатлар банклар фаолиятига оид қонунни ҳам қабул қилди.

Бу қонун приватизация қилинган банклар собиқ раҳбарларининг бу банкларга эгалик қилиши ëки компенсация олишини тақиқлайди.

Бу иккала муҳим қонуннинг қабул қилиниши Зеленский ҳукуматининг Украинада ер ва банк тизими ислоҳотлари ўтказишни шарт қилиб қўйган халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ Халқаро валюта жамғармасидан жорий иқтисодий инқироз пайтида 8 миллиард долларлик қарз олишига асос бўлади.

Ҳакерлар форуми орқали миллионлаб грузияликка оид шахсий маълумот сиздирилди

IT-news вебсайтининг маълум қилишича¸ ҳакерлар форумидаги аноним фойдаланувчи 28 март куни миллионлаб грузияликларга оид шахсий маълумотларни эълон қилган.

4 934 863 грузияликка оид ўғирланган шахсий маълумотлар мамлакатда парламент сайловлари ўтказилишига бир ойча вақт қолганда сиздирилди.

Ҳакерлар форумига ташланган бу маълумотлар орасида қарийб 5 миллионга яқин одамнинг исми-шарифи¸ яшаш манзили¸ ID рақамлари¸ туғилгани куни ва мобиль телефони рақамлари бор.

Грузия Ички ишлар вазирлиги воқеанинг ўрганилаëтганини билдирди.

Айтилишича¸ грузияликларга оид шахсий маълумотлар ëппасига 2011 йили ўғирланган ва форумга ташланган маълумотларнинг 9 йилдан бери янгиланмагани тахмин қилинмоқда.

Таҳлилчилар¸ ҳозирда Грузияда аҳоли сони 4 миллион атрофида бўлгани ҳолда¸ ҳакерлар форумида қарийб 5 миллион грузияликка оид маълумотнинг пайдо бўлишини¸ бу рўйхатдан ўлганларнинг чиқарилмагани билан изоҳлади.

Ҳозирча грузияликларга оид шахсий маълумотларнинг сайловлар олдидан Интернетга сиздирилгани ортида ким турганига оид тахминлар эълон қилинмади.

Россия олийгоҳларига кириш имтиҳонлари кечиктирилади

Коронавирус боис айрим Россия университетлари талабалари ялпи карантинга олинди.

Россия таълим ва фан вазирининг билдиришича¸ коронавирус пандемияси боис мамлакат олий ўқув юртларида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари кечиктирилади.

Вазир Валерий Фальков¸ ягона давлат имтиҳонлари (ЕГЭ) ўтказиш муддати орқага сурилгани боис¸ кириш имтиҳонлари ҳам икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача сурилишини айтди.

27 март куни Россия Маориф вазирлиги ягона давлат имтиҳонларининг икки ҳафтага кечиктирилганини эълон қилди. Ҳар йили 25 майда ўтказилган бу имтиҳонлар¸ коронавирус боис¸ бу йил 8 июнга кўчирилди. 9-синф ўқувчилари топширадиган асосий давлат имтиҳони (ОГЭ) эса¸ 9 июнга белгиланди.

Коронавирус пандемияси даврида Россиядаги барча мактаблар 23 мартдан 12 апрелга қадар таътил ва масофавий ўқишга ўтказилди. Олий ўқув юрти талабалари учун 28 мартдан 5 апрелгача таътил эълон қилинди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG