Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 09:46

Халқаро хабарлар

Қозоғистонда бешинчи йирик шаҳар карантинга олинди

29 март куни Қозоғистонда яна 14 одамда коронавирус аниқланган эди.

Қозоғистон коронавирус оқибатида бешинчи катта шаҳрини карантин учун ёпди. 29 март куни Қарағандада вирусга чалинган 7 одам аниқлангани ортидан шаҳарга кириш ва чиқиш чекланди.

Аввалроқ Нур-Султон, Олмаота, Чимкент ва Актау шаҳарлари ҳам карантинга олинган эди. Бугунга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 265 кишига етди, бир киши вафот этди.

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, 84 та коронавирус юқтирганлик ҳолати рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 145 кишида вирус аниқланди, 2 бемор вафот этди.

Марказий Осиёнинг 2 та мамлакати - Туркманистон ва Тожикистонда кишиларнинг вирус юқтирганлик ҳолати хабар қилингани йўқ. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда коронавирус йўқлиги тўғрисдаги маълумотларга шубҳа билдирмоқдалар.

Кун янгиликлари

БМТ: Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбаларини ҳарбий жиноят деб ҳисоблаш мумкин

Суриянинг Идлиб вилоятидаги манзара.

Россия ва Сурия ҳарбий самолётлари Идлиб вилоятида мактабларни, касалхоналарни ва бозорларни бомбардимон қилган. Бу зарбаларни ҳарбий жиноят сифатида баҳолаш мумкин. 7 июль куни БМТ халқаро комиссияси мана шундай хулосани эълон қилди.

Суриядаги урушни тергов қилган БМТ махсус комиссияси ҳисоботида таъкидланишича, бомбардимонлар оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган, миллионга яқин суриялик ўз уйини ташлаб кетган. Бу эса инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.

Ҳисобот 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг июнигача бўлган даврни қамраб олган. Ҳисобот ҳарбий самолётлар парвози тўғрисидаги маълумотлар ва гувоҳлар кўрсатмасидан иборат.

Комиссия раҳбари Пауло Пиньейрунинг фикрича, БМТ томонидан террорчи гуруҳ сифатида тан олинган Сурия ҳукуматига мойил жангари гуруҳлар уруш қонун-қоидаларига амал қилмаган ҳолда Сурия тинч аҳолисининг қатор фундаментал ҳуқуқларини бузган.

Сурия шимоли-ғарбига уюштирилган 52та ҳаво ҳужумидан 47таси Россия қўлловида амалга оширилган.

Бразилия президенти Болсонару коронавирусга чалинди

Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслигини айтганди.

Бразилия президенти Жаир Болсонару 7 июль куни берган телеинтервьюсида ўзининг коронавирусга чалинганини маълум қилди. Бир кун олдин президент истимаси кўтарилиб кетгани ва коронавирус симптомлари аниқ намоён бўла бошлагани ортидан тўртинчи марта тест топширган эди.

Болсонаруга кўра, у 5 июлдан бошлаб ўзида истима сеза бошлаган, йўтали кучайиб, саломатлиги ёмонлашган. Бундан аввал Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслиги ва уни “арзимас шамоллаш” сифатида қабул қилишини билдирганди.

У апрель ойида “Агар коронавирусга чалинсам, уни енгил тарздаги тумов сифатида қабул қиламан”, деган тарздаги баёнотни ҳам берган.

Президент бу баёнотини берган пайтда мамлакатда коронавирусдан уч минг одам ўлган ва 40 минг одам коронавирусга чалинган эди.

Айни пайтда Бразилияда 65 мингдан кўпроқ одам коронавирусдан ҳалок бўлди, 1 миллион 600 мингдан қўпроқ одамга вирус юқди.

Россияда “давлатга ҳиёнат”да айбланган собиқ журналист эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди

Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Москва шаҳар Лефортово туман суди “давлатга ҳиёнат”да айбланган “Коммерсант” ва “Ведомости” газетаси собиқ мухбири Иван Сафроновни эҳтиёт чоарси сифатида икки ойга ҳибс қилди.

Тергов версиясига кўра, Сафронов Чехия махсус хизматларига Россиянинг Яқин шарқдаги Африка давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги махфий маълумотларни етказиб турган.

Тергов Сафронов 2012 йилда Чехия махсус хизматларига ёлланганини ва маълумотларни 2017 йилда берганини иддао қилмоқда. Бу айблов асосида Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб 7 июлда қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас. Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.

Қозоғистонда COVID-19га чалинганлар сони 50 мингга яқинлашди

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган.

Қозоғистонда сўнгги бир суткада яна 1109 кишидан вирус топилди ва коронавирус юққанлар сони жами 49 683 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой коронавирусга чалинганлар сони расмий статистикадан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тан олди.

Вазир коронавирусдан ўлганлар сони 264 кишига етганини, улардан 76 нафари сўнгги бир ҳафтада вафот этганини маълум қилди. Унга кўра, яна 110 беморнинг ўлими юзасидан комиссия текширув олиб бормоқда. Комиссия улар коронавирус ёки бошқа касалликдан ўлганини аниқлаши керак.

Расмийнинг маълум қилишича, Қозоғистонда зотилжамга чалинган 28 минг бемор даволанмоқда. Улардан 300га яқинининг аҳволи оғир. Зотилжамдан бу мамлакатда 600дан кўроқ одам кўз юмди.

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган. Улардан 32 мингига касаллик июнь ойида юққан.

Қирғизистон Бош вазири ватандошларни коронавирус вазияти ўта оғир бўлган пойтахтга келмай туришликка чақирди

Қирғизистон Бош вазири Қубатбек Бўрўнов.

Қирғизистон Бош вазири Қубатбек Бўрўнов 7 июль куни пойтахт Бишкекда вазият оғир эканлигини билдирди. У ўз сўзида бошқа шаҳар ва қишлоқларда яшовчиларни Бишкекка келмай туришликка чақирди.

“Вилоятлардаги фуқароларимизга айтмоқчиманки, ўта муҳим ишингиз бўлмаса Бишкекка келманг! Бугунги кунда Бишкекда вазият бошқа ҳудудларга қараганда анча оғир. Бишкекка келиб, касал юқтириб, бу касални кейин ўз ҳудудларингизда тарқатмаслигингиз учун пойтахтга келмаслигингизни илтимос қиламан”,-деди Бош вазир.

Қирғизистонда шу кунгача 8141 кишида коронавирус аниқланган бўлса, шундан 3434 нафари Бишкекда. Мамлакат бўйича коронавирусга чалинганлардан 99 нафари вафот этди, 2916 одам соғайди.

Айни пайтда Бишкекда зотилжам касаллиги ҳам авж олмоқда. 7 июль ҳолатига кўра, биргина Бишкекда 1936 киши зотилжам ташҳиси билан касалхоналарда даволанмоқда. Улардан 604 нафарининг аҳволи оғир экани билдирилди. Зотилжамдан март ойидан бери 224 киши вафот этди.

Россияда собиқ журналист Иван Сафронов "давлатга хиёнат"да гумонланмоқда

Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

“Коммерсантъ” ва “Ведомости” газетасининг собиқ журналисти Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас.

Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир. Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.

Австрия полицияси чечен блогери сиёсий қотиллик қурбони бўлганини таҳмин қилмоқда

Анзор (Мамихан) Умаров 43 ёшда эди.

Австрия полицияси Вена яқинида чечен блогерининг ўлдирилиши сиёсий қотиллик бўлгани ёки уюшган жиноячилик билан боғлиқлигини аниқлаш мақсадида тергов ўтказмоқда.

Полиция келиб чиқиши чеченистонлик бўлган икки нафар Россия фуқаросини қотилликда гумонлаб қўлга олган эди. Гумонланувчилар 2000 йилда Австриядан бошпана олган шахслардир.

Полиция расмийлари блогернинг ўлдирилишига сиёсий мотивлар сабаб бўлган деган таҳминни билдирган эдилар.

43 ёшли блогер Анзор Умаров 4 июль куни Герасдорф шаҳрида ўқотар қурол воситасида ўлдирилган эди. У Австрияда 2007 йилдан бери Мартин Б.номига берилган паспорт асосида яшаб келган.

Блогер Чеченистон президенти Рамзан Қодировни танқид қилиб келган ва Россия махсус хизматларини Европада собиқ Чечен сепаратчиларининг ўлдирилишида айблаган.

Анзор Умаров Европада ўлдириб кетилган ягона чечен эмас. Жорий йилнинг 30 январь куни Қодировни танқид қилиб келган яна бир чечен блогер Имран Алиев Франциянинг Лилль шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Унинг танасига 135 марта ханжар санчилган. Прокурорлар Россияда туғилган шахс гумонланувчи ўлароқ кўрилаётгани, у қотиллик ортидан тезда Чеченистонга қайтиб кетганини маълум қилган.

2019 йилнинг августида эса грузиялик собиқ чечен айирмачи қўмондон Зелимхан Хангошвили Берлинда отиб ўлдирилди. Ушбу ҳолатга алоқадорликда айбланиб, Россия фуқароси қўлга олинган.

ЖССТнинг COVID-19 бўйича миссияси Туркманистонга йўл олди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 бўйича миссияси 6 июль куни Туркманистонга йўл олган. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Туркманистонда бўладиган 10 кун давомида ЖССТ вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори лавозимли амалдорлар ва экспертлар билан учрашиб, COVID-19 муаммосини ҳал қилиш учун зарур бўлган жавоб механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда хатарларни баҳолаш бўйича улар билан бирга ишлайди.

ЖССТ экспертлари республика, вилоят ва шаҳар миқёсидаги шифохоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, лабораториялар ва бошқа муассасаларга ташриф буюрадилар.

Туркманистон ўз ҳудудида COVID-19 инфекцияси йўқлигини иддао қилаётган жаҳондаги оз сонли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда. Раҳбариятнинг коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаганига оид баёнотлари қабатида мамлакатда ўткир пневмония кенг қулоч ёйиб бораётгани кузатилмоқда.

Туркманистонга ЖССТнинг COVID-19 бўйича миссияси апрель ойи охирида келиши кутилаётганди. Ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари ташриф 23 апрелга белгиланганини маълум қилган, бироқ сафар амалга ошмай қолган. ЖССТ вакиллари ўшандан бери мамлакатга сафар қилиш имкониятига эга бўлиш мақсадида Туркманистон ҳукумати билан музокаралар олиб борган. Ўтган икки ой мобайнида томонлар ташриф логистикаси билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирганлар.

Халқаро экспертлар ташрифи яқинлашгани сайин Туркманистонда профилактик тадбирлар ва дезинфекция чоралари кучайтирилган. Аҳолига уюшган ҳолда вирусга қарши ҳапдорилар тарқатилган. Тиббиёт муассасалари ходимлари зиммасига ниқоб ва қўлқоп тақиш, юқумли касалликлар бўлимларида эса ҳимоя костюмлари кийиб юриш мажбурияти юклатилган.

ЖССТ экспертларининг узоқ кутилган бу сафари Туркманистондаги ҳақиқий аҳволга аниқлик киритишига умид қилинмоқда.

Афғонистондаги қуролли ҳужумда аёл сиёсатчи яраланди

Лоғар вилоят кенгаши аъзоси Нафиса Ҳижрон.

Афғонистоннинг Лоғар вилоятида 6 июль куни уюштирилган қуролли ҳужум чоғида аёл сиёсатчи ва унинг ҳайдовчиси тан жароҳати олди.

Лоғар вилоят полицияси матбуот котиби Шоҳпур Аҳмадзайга кўра, ичида вилоят кенгаши аъзоси Нафиса Ҳижрон бўлган автомобилга ҳужумни қуролли шахслар вилоят маъмурий маркази – Пули-Олам шаҳрида содир этганлар.

Полиция матбуот котиби Нафиса Ҳижроннинг аҳволи барқарор экани ва даволаниш учун Кобулга йўлланганини қўшимча қилган. Полиция вакилларига кўра, ҳужум юзасидан суриштирув ишлари бошланган ва бир гумонланувчи қўлга олинган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Афғонистонда (айниқса вилоятларда) уйдан ташқарида ишлайдиган аёллар тез-тез жангарилар ҳужумига учраб туради.

АҚШ ўқиши онлайн тартибга ўтказилган хорижлик талабаларга виза бермайди

АҚШдаги Ҳарвард университети талабалари (иллюстратив сурат).

АҚШ куздан машғулотлари онлайн тартибга ўтказиладиган хорижлик талабаларга виза бермайди. Бу кўрсатма мамлакат миграция расмийлари томонидан 6 июль куни очиқланди.

Мазкур қарор АҚШда ўқийдиган юз минглаб талабаларга дахлдордир. Расмий баёнотда бу талабалар АҚШ ҳудудига қўйилмаслиги ҳам айтилган.

Баёнотда қайд этилишича, ҳозирда АҚШда юрган ва бу каби дастурлар бўйича таълим олаётган талабалар мамлакатни тарк этишлари ёки ўқишини дарсга шахсан қатнашиши лозим бўлган таълим муассасаларига кўчиришлари керак. Акс ҳолда, уларга иммиграцион чоралар хавф солиши мумкин.

Инструкциялар F-1 ва M-1 визаларини олган шахсларга тегишли бўлиб, бу визалар академик ёки касбий таълим олиш учун берилади. 2018-2019 ўқув йилида тақрибан 389 мингта F-1 визаси ва 9,5 мингдан зиёд M-1 визаси берилган. АҚШда жами 1,1 миллион чоғли хорижлик талаба таҳсил олади.

Мазкур баёнот ўқув муассасалари учун кутилмаган бўлди. Мамлакатдаги 1700 га яқин таълим муассасаларини бирлаштирган АҚШ таълим кенгаши янги инструкцияларни “даҳшатга солувчи” деб атади.

Ташкилот вакилларига кўра, бу инструкциялар фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради.

АҚШдаги коллеж ва университетларнинг кўпи ҳали кузга оид режаларини очиқлаганича йўқ. Улардан айримлари ўқишни тўлалигича онлайн тартибга кўчирмоқчи, бошқалари эса онлайн ва аудитория машғулотларини бирга олиб боришни кўзда тутган гибрид моделларни кўриб чиқмоқда.

6 июль куни Ҳарвард университети ўз режаларини эълон қилди. Унга мувофиқ, университет ҳудудида биринчи курс талабалари дохил 40 фоизгача талаба бўлиши мумкин, бироқ машғулотларнинг барчаси онлайн тарзда ўтилади.

Москвада ўтган кеча-кундузда коронавирус важидан 24 киши вафот этди

Коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган Москвадаги 15-клиник шифохона, 2020 йил 2 июни.

Россия пойтахти Москвада ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган ва пневмония ташхиси қўйилган 24 киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Москвада эпидемияга қарши кураш бўйича тезкор штаб Телеграм-канали маълум қилди.

Аввалги суткада COVID-19 инфекцияси юқтириб олиши ортидан вафот этганлар сони 22 нафарни ташкил этган. Эпидемия бошидан бери эса Россия пойтахтида коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 4 минг нафарга етган. Бу кўрсаткич, расмий маълумотларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб тақрибан 10 минг 300 нафарни ташкил қилмоқда.

Қайд этилишича, Россияда эпидемия бошидан бери коронавирус юқтириб олганлар сони 700 минг нафарга етиб қолган.

Москва расмийлари ҳисоб-китобига кўра, биргина май ойида коронавирусга чалингани ёки COVID-19 қабатида сурункали хасталиги зўрайиб кетгани туфайли 3,7 минг бемор вафот этган. Коммерсантъ нашрининг ёзишича, коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган яна 1,5 минг одам бошқа сабаблар туфайли оламдан ўтган.

Британия Саудия Арабистони, Россия ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий қилади

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб инсон ҳуқуқларини бузаётган мамлакатлар – Саудия Арабистони, Россия, Мьянма ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Британия ҳукумати томонидан душанба куни очиқланган чоралар орасида, жумладан, Британиядан бу мамлакатларга вакиллар боришини тақиқлаш каби чеклов ҳам бор. Шу тариқа, Лондон Брекзитдан кейин илк бор инсон ҳуқуқларини бузган шахслар ёки ташкилотларни жазолаш бўйича ўз мустақил иродасини намойиш қилмоқда, дея қайд этади The Guardian нашри.

“Британия ҳукумати дунёда ўз ролини мустаҳкамлашга мойил”, дея билдирди Рааб парламентда қилган чиқишида. Британия бош дипломатига кўра, инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузаётганлар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб берадилар.

Санкциялар яшаш ҳуқуқи ва эркинлик ҳуқуқини бузаётганлар, қийноқ қўллаётган ва қулликнинг ҳар қанақа кўринишидан фойдаланаётганларга қарши жорий қилинади. Лондон таъкидига кўра, санкциялар инсон ҳуқуқларини бевосита бузаётганларгагина йўналтирилиб қолмай, мазкур ҳуқуқбузарликлардан манфаат топаётганлар ҳам жазо чораларидан ўз насибаларини оладилар.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб инсон ҳуқуқларини бузаётган мамлакатлар – Саудия Арабистони, Россия, Мьянма ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Британия ҳукумати томонидан душанба куни очиқланган чоралар орасида, жумладан, Британиядан бу мамлакатларга вакиллар боришини тақиқлаш каби чеклов ҳам бор. Шу тариқа, Лондон Брекзитдан кейин илк бор инсон ҳуқуқларини бузган шахслар ёки ташкилотларни жазолаш бўйича ўз мустақил иродасини намойиш қилмоқда.

“Британия ҳукумати дунёда ўз ролини мустаҳкамлашга мойил”, дея билдирди Рааб парламентда қилган чиқишида. Британия бош дипломатига кўра, инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузаётганлар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб берадилар.

Санкциялар яшаш ҳуқуқи ва эркинлик ҳуқуқини бузаётганлар, қийноқ қўллаётган ва қулликнинг ҳар қанақа кўринишидан фойдаланаётганларга қарши жорий қилинади. Лондон таъкидига кўра, санкциялар инсон ҳуқуқларини бевосита бузаётганларгагина йўналтирилиб қолмай, мазкур ҳуқуқбузарликлардан манфаат топаётганлар ҳам жазо чораларидан ўз насибаларини оладилар.

Америкалик расмийлар қатор штатларда касалхоналар тўлиб кетганини айтмоқда

Хьюстонда COVID-19 инфекциясига чалинган бемор "тез ёрдам" машинасидан туширилмоқда, Техас, 2020 йил 28 июни.

АҚШ коронавирус ёйилиши марказида бўлган штатлар расмийлари касалхоналар тўлиб кетганидан баҳс этмоқдалар.

Нью-Йорк каби жойларда таранглик сусайганидан кейин АҚШ мамлакат жануби ва ғарбида COVID-19 ёйилишига қарши курашни давом эттирмоқда. Яқин кунларда бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 3 миллиондан ошиши тахмин қилиняпти. Қўшма Штатларда шу кунда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 130 мингга яқинлашган.

Карантин чекловлари сусайтирилиши ортидан мамлакатда вирус тез ёйила бошлаган. Соғлиқни сақлаш тизими хасталикка қарши курашда қийинчиликларга дуч кела бошлаганидан кейин бир неча штатда, шу жумладан, Калифорния, Техас ва Флоридада корхоналар очилиши тўхтатилди.

Феникс шаҳри мэри Кейт Гальего 5 июль куни Аризона штати чекловларни энг кейин киритгани ва биринчи бўлиб бекор қилгани учун товон тўлаётганини билдирди. Аризона штати жон бошига коронавирус юқтириб олиш бўйича АҚШда олдинги ўринда бормоқда. Гальего одамларга уйини тарк этишни тақиқлаб қўядиган янги буйруқ чиқаришни таклиф қилди.

Техасда сўнгги кеча-кундузда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 8 минг 258 та ҳолат қайд этилган, штатдаги энг йирик Остин ва Хьюстон шаҳарлари раҳбарлари губернаторни маҳаллий органларга одамларни уйда қолишга мажбурловчи қарорлар чиқариш ваколатини беришга чақирди.

Эронда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари бўйича янги рекорд кузатилди

Теҳрон кўчаларидан бирида ниқоб тақиб кетаётган одамлар, 2020 йил 5 июли.

Эронда пандемия бошланганидан бери бир кеча-кундузда коронавирусдан ўлганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич кузатилди. 5 июль куни мамлакатда 163 та ўлим ҳолати қайд этилди. Аввалги аксилрекорд 29 июнь куни ўрнатилган бўлиб, ўшанда 162 та ҳолат ҳақида хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга кўра, кеча Эронда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 2560 та янги ҳолат аниқланган. Бу мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 240 минг 438 нафарга етган, 11 минг 571 одам қурбон бўлган.

Сўнгги кунларда Эронда апрель ойида киритилган қатор чекловлар бекор қилиниши ортидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган.

Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний 4 июль куни ватандошларга давлат муассасаларига ниқобсиз кириш тақиқланиши ҳақида билдирган.

Жаҳонда танилган италиялик бастакор Морриконе вафот этди

Эннио Морриконе 2016 йилда иккинчи бор "Оскар" мукофотига сазовор бўлганди.

Бутун жаҳонга машҳур бўлган бастакор Эннио Морриконе Римдаги касалхонада оламдан ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган ANSA ахборот агентлигига кўра, 91 ёшли бастакор у ерга сон суяги сингани важидан бир неча кун муқаддам етказилганди.

Эннио Морриконе ҳаёти давомида 500 дан зиёд фильм ва сериалга мусиқа ёзган.

Бастакор ўз асарлари учун икки марта “Оскар” мукофотини олган, уч марта “Олтин глобус” мукофотига сазовор бўлган, олти марта BAFTA лауреатига айланган. Кино санъати учун мусиқа ёзиш ва аранжировка қилишга Морриконе 33 ёшидан кейин киришган.

Қозоғистонда COVID-19дан ўлганлар сони 232 нафарга етди

Олмаотадаги блок постлардан бири.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 5 июль куни матбуот анжуманида мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 232 кишига етганини билдирди. Унга кўра, шанба куни 18 одам ўлган.

Вазир бундан буён вафот этганлар сони бўйича маълумот ҳафтасига бир марта-душанба кунлари эълон қилинишини маълум қилди.

Қозоғистонда сўнгги кунларда пневмония билан касалланганлар сони ҳам кескин кўпайди. Уларда коронавирус топилмаган. Бироқ врачлар пневмония коронавирус туфайли келиб чиққан, деб тахмин қилмоқдалар.

Расман билдирилишича, йил бошидан бери Қозоғистонда пневмониядан 1 772 киши вафот этди. Улардан 628 нафари июнь ойида ўлган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 48 574 нафарни ташкил қилмоқда.

Сиёсий тутқун Искандер Еримбетов Қозоғистонни тарк этди

2019 йилда Еримбетов саломатлиги ёмонлашгани ортидан қамоқдан бўшатилганди.

“Назарбоев режимининг сиёсий тутқуни бўлган Искандер Еримбетов озодликка чиқарилди ва Швейцарияга учиб келди”, -деб ёзди Open Dialogue Foundation ташкилоти раҳбари Людмила Козловская ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Унга кўра, Еримбетовни Женева аэропортида қариндошлари ва тарафдорлари кутиб олган. Бу борадаги видео ҳам Фейсбук саҳифасида эълон қилинди.

Бизнесмен Искандер Еримбетовнинг қариндошларидан бири Асат Жаксибаев у шифокорлар кўригидан ўтганини ва 6 июлдан бошлаб даволана бошлашини билдирди.

Еримбетовнинг адвокати Жанара Балгабаеванинг Озодлик радиоси қозоқ хизматига маълум қилишича, унинг саломатлиги кескин ёмонлашган. Бунга қадар Еримбетов қамоқхонада қийноқларга солингани ҳақида баёнот берган эди.

Олмаота суди 2018 йилнинг 22 октябрида Искандер Еримбетовни “катта миқдордаги маблағни ўзлаштириб олганлик”да айблаб 7 йилга озодликдан маҳрум қилганди. 2019 йилда Еримбетов саломатлиги ёмонлашгани ортидан қамоқдан бўшатилган.. Бироқ унга хорижга чиқишга рухсат берилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Еримбетов тарафдорлари унга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини айтиб келадилар. Ҳуқуқ фаоллари уни сиёсий тутқунлар рўйхатига киритган эди.

Чеченистон президентини танқид қилган блогерни ўлдирганликда гумонланган икки шахс Австрияда қўлга олинди

Чеченистон президенти танқидчиси Вена яқинида ўлдириб кетилганди.

Австрия полицияси 5 июнь куни Вена шаҳри яқинида Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган блогерни ўлдирганликда гумонланган иккинчи шахсни қўлга олди. Ўлдирилган блогер Россия фуқароси бўлган ва Австриядан сиёсий бошпана олган.

Австрия матбуотининг хабар беришича, ўлдирилган шахс келиб чиқиши чеченистонлик бўлган Анзор (Мамихан) Умаровдир. У Рамзан Қодировни танқид қилган ва Европада собиқ Чечен сепаратчиларининг ўлдирилишида гўёки Россия махсус хизматларининг қўли борлиги ҳақида ёзган.

43 ёшли Анзор Умаров 4 июль куни Герасдорф шаҳрида ўқотар қурол воситасида ўлдирилган эди. У Австрияда 2007 йилдан бери Мартин Б.номига берилган паспорт асосида яшаб келган.

Хабарларда айтилишича, 4 июль куни Линц шаҳрида Австрия полицияси қотилликни амалга оширганликда гумонланган 47 ёшли чеченистонликни қўлга олган. 5 июлда эса иккинчи гумонланувчи ҳам ҳибс қилинган.

Иккинчи гумонланувчи қотиллик содир этилган жойда бўлган ва дастлаб гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Аммо у бир-бирига зид равишда кўратмалар бергани ортидан, полиция уни иккинчи гумонланувчи сифатида ушлади.

Анзор Умаров Европада ўлдириб кетилган ягона чечен эмас. Жорий йилнинг 30 январь куни Қодировни танқид қилиб келган яна бир чечен блогер Имран Алиев Франциянинг Лилль шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Унинг танасига 135 марта ханжар санчилган. Прокурорлар Россияда туғилган шахс гумонланувчи ўлароқ кўрилаётгани, у қотиллик ортидан тезда Чеченистонга қайтиб кетганини маълум қилган.

2019 йилнинг августида эса грузиялик собиқ чечен айирмачи қўмондон Зелимхан Хангошвили Берлинда отиб ўлдирилди. Ушбу ҳолатга алоқадорликда айбланиб, Россия фуқароси қўлга олинган.

Ўзбекистон ва Қозоғистондан Тожикистоннинг 900 фуқароси олиб чиқиб кетилди

Тожикистонликлар халқаро ташкилотлар кўмагида ватанига қайтарилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 3 июль куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида тўпланиб қолган 776 тожикистонлик автомашиналарда ўз уйларига олиб келинди.

Бундан ташқари Ўзбекистондан 140 нафар Тожикистон фуқароси олиб чиқилди.

Хабарда айтилишича, бу иш Халқаро миграция агентлиги, ЮНИСЕФ ва Норвегиянинг молиявий қўллови остида амалга оширилди.

Маълум қилинишича, 3 июль ҳолатига кўра, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 2 мингга яқин фуқароси тўпланиб қолган.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида чегаралар ёпиқлиги сабабли уйига қайтаётган юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолгани ҳақида Озодлик радиоси тожик хизмати- Радио Озоди хабар берган эди.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 1 июль куни “асосан кексалар ва болалардан иборат тахминан юзга яқин” тожикистонлик уйига жўнатилганини билдирган. Бунга қадар улар бир неча ҳафта чегара -ўтказиш пункти яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлишган.

Ўзбекистон Қирғизистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Ўзбекистон бундан аввал Қирғизистонга икки марта инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди.

Ўзбекистон Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш учун яна 8 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати 4 июлда маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, икки давлат президентлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида юборилган инсонпарварлик ёрдами таркибида 50 комплект кислороднинг мобил концентратори ва 100 дона сунъий нафас олдириш аппарати ҳам бор.

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш доирасида март ойидан бери учинчи инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Айни пайтда Қирғизистон ҳам Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун инсонпарварлик ёрдамларини жўнатган.

Қирғизистонда 6 июль ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 7691 кишига етди. Уларнинг 2843 нафари соғайган, 92 нафари вирус қурбонига айланган. Айни пайтда 2 мингдан ортиқ одам пневмониядан даволанмоқда. Март ойидан то шу кунгача пневмониядан 195 киши вафот этган. Сўнгги бир сутка ичида пневмониядан 18 киши ўлди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг таниқли журналисти Бубукан Дўсалиева вафот этди

Бубукан Дўсалиева 62 ёшда эди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқ радиосининг 6 июлга ўтар кечаси хабар беришича, Қирғизистондаги таниқли журналистлардан бири Бубукан Дўсалиева вафот этди.

“Қирғиз маданий жамоатчилиги, журналистикаси ва Азаттиқ радиоси оғир жудоликка учради. 5 июлда кутилмаган касаллик оқибатида Бубукан Дўсалиева 62 ёшида вафот этди”, дейилади хабарда.

Бубукан Дўсалиева Қирғизистондаги таниқли журналист, олима, сиёсатшунос ва педагог эди. У сиёсатшунослик фанлари номзоди, “Қирғизистон маданият арбоби” унвонига эга бўлган.

Бубукан Дўсалиева Қирғизистонда сўз ва матбуот эркинлиги ривожланиши учун улкан ҳисса қўшган журналистлардан биридир.

Бубукан Дўсалиеванинг вафот этгани муносабати билан Қирғизистон ҳукумати ва жамоатчилик вакиллари номидан таъзиянома эълон қилинди. Унда “қирғиз жамоатчилиги катта йўқотишга учрагани” айтилади.

Таъзияномада Дўсалиева “профессионал журналист, ишбилармон мутахассис, яхши устоз, кўп қиррали инсон” сифатида таърифланади.

Бубукан Дўсалиева 1958 йилнинг 1 ноябрида Иссиқкўл вилоятининг Жетиўғуз туманига қарашли Саруу қишлоғида таваллуд топган.

Бубукан Дўсалиева 1995-2010 йилларда ва 2017 йилдан умрининг сўнгги кунларигача Озодлик радиоси қирғиз хизматида мухбир, мультимедиа продюсери, радио эшиттиришлар бош муҳаррири, радио продюсери лавозимларида ишлаган.

Азаттиқ радиоси Бубукан Дўсалиеванинг оиласига ва қариндошларига чуқур қайғу билан таъзия билдирган.

Озодлик радиоси ҳам Бубукан Дўсалиеванинг оиласига ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Жаҳон бўйлаб бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди

Бишкекда беморлар сони кескин ўсаётгани боис, янги даволаш муассасалари очилмоқда, 4 июль, 2020, Қирғизистон

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 июль куни бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткич қай этилганини маълум қолди.

Ташкилотга кўра, сўнгги 24 соат ичида жаҳон бўйлаб 212 минг 326 нафар одам вирусга чалинган.

Энг кўп ҳолатлар АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонда қайд этилган. Бундан олдинги рекорд кўрсаткич 28 июнь куни қайд этилганди. Ўшанда 24 соат ичида 189 минг 077 нафар одам вирусга чалингани маълум қилинганди.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиб борар экан, мамлакат Мустақиллик кунини нишонлади. 40 штатда вирусга чалиниш ҳолатлари ошмоқда.

Аммо АҚШ президенти Дональд Трамп тестлар сони кўпайганини айтиб, тарқалиш кўламини кичрайтириб кўрсатишга уринди. Мутахассисилар мамлакатда нафақат вирусга чалинганлар, балки тест топширганлар орасида ижобий натижалар сони кўпайганини айтмоқда. Флоридада бир кунда рекорд 11 458 нафар одам вирусга чалинди.

Европада инфекция авжига чиққан пайтда ҳам бирор мамлакатда бундай кўрсаткич қайд этилмаган эди.

Ҳукумат вакили Россиянинг G7 гуруҳидаги роли АҚШ билан муҳокама қилинганини рад этди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков, 22 июнь, 2020, Австрия

4 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва Вашингтон билан кенгайтирилган G7 – «Катта еттиталик»да Россиянинг ўрни масаласида музокара олиб бормаётганини таъкидлади.

«ТАСС» агентлигига берган интервьюсида Рябков:

- Россия бундай музокара ўтказгани йўқ, ўтказмоқчи ҳам эмас, - деди.

3 июль куни АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Вашингтон Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа G7 ҳукуматлари билан «Катта еттиталик»да Россияга муносиб ўрин бор ёки йўқлигини муҳокама қилаётганини айтган эди.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп гуруҳга Россияни қайтариш масаласини тилга олган эди.

Россия G7 гуруҳининг аъзоси эди, аммо 2014 йилда Қрим минтақасини аннексия қилиб олгани учун гуруҳдан четлатилди.

Рябков кенгайтирилган G7 гуруҳига Хитой ҳам киритилиши кераклиги, чунки ҳозирги кунда айрим масалаларни Хитойсиз муҳокама қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди.

АҚШда коронавирус ва намойишлар фонида Мустақиллик куни нишонланди

АҚШ президенти Дональд Трамп Мустақиллик куни муносабати билан нутқ сўзлашга ҳозирланмоқда, 3 июль, 2020, Жанубий Дакота.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб, ирқчиликка қарши намойишлар авж оларкан, президент Дональд Трамп Оқ уйда Мустақиллик куни байрами муносабати билан тадбир ўтказди.

4 июль куни ўтказилган тадбирга таклиф қилинганлар орасида ҳарбийлар ҳамда коронавирусга қарши курашга муҳим ҳисса қўшган тиббиёт ходимлари бўлди.

Пойтахт Вашингтонда минглаб одам ҳарбий учоқлар паради ҳамда мушакбозликни томоша қилиш учун кўчага чиқди. Аммо бу йилги томошабинлар сони ҳар йилгидан анча оз бўлди.

Жорий йилда коронавирус пандемияси туфайли мамлакат бўйлаб байрам тадбирларининг 80 фоизи бекор қилингани айтилмоқда.

Коронавирус туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони 130 мингдан ошган бир пайтда Трамп мамлакатнинг коронавирусга қарши курашини олқишлади.

Трамп «ғазабнок тўдалар» ҳамда «радикал сўл қанот» Америка қадриятлари ва тарихига таҳдид солаётганини таъкидлади.

Трамп нутқ сўзлар экан, Black Lives Matter ҳаракати тарафдорлари Вашингтон кўчалари бўйлаб акция ўтказди.

25 май куни афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан ўлдирилиши АҚШ шаҳарларида норозилик намойишлари ҳамда ўғрилик ва талон-торож бошланиб кетишига туртки бўлган эди.

Намойишлар бир ойдан бери тинчимаяпти.

Афғонистон президентининг коронавирус юқтирган махсус вакили оламдан ўтди

Миллати ўзбек бўлган Ғазанфар таниқли тадбиркор эди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг иқтисодий ва савдо масалалари бўйича махсус вакили Муҳаммад Юсуф Ғазанфар коронавирус инфекцияси туфайли оламдан ўтди.

Бу ҳақда президент ёрдамчиларининг бири Фрайдун Илҳом маълум қилди.

Ғазанфар коронавирус туфайли нобуд бўлган энг юқори лавозимли афғонистонлик расмийдир.

Илҳомнинг сўзларига кўра, махсус вакил Туркия шифохоналарининг бирида қазо қилган.

Миллати ўзбек бўлган Ғазанфар таниқли тадбиркор эди.

Расмий маълумотларга кўра, 3 июлга қадар Афғонистонда 32 324 нафар одам коронавирусга чалинди, уларнинг 819 нафари нобуд бўлди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG