Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 16:16

Ўзбекистон хабарлари

Кореялик профессор коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга таклиф этилди

Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан олинди.

Корея Республикасининг Корё университети профессори Цой Чже Ук коронавирусга қарши кураш методологиясини уйғунлаштириш доирасида халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди. У 30 март кунидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигида иш бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 март куни билдиришича, Цой Чже Укдан “бугун ва эртага қандай чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан маслаҳат олинади". Бундан ташқари “ҳамкорликда ишни ташкил қилиш ҳамда дунё ва Корея Республикаси тажрибаси билан мамлакатимизда қўлланилаётган коронавирусга қарши курашиш бўйича бугунги методологияни уйғунлаштириш” назарда тутилган.

Корё университети профессори Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчисидир.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этмоқда.

Кун янгиликлари

Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғи 49 йилга хорижий ширкатга берилади

Тошкентнинг Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғини 49 йилга BMP Smart Decision Private Limited хориж компаниясига – уни модернизация қилиш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий паркни барпо қилишга оид инвестицион мажбурият билан бериш кўзда тутилган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ўз расмий сайти орқали маълумот тарқатди.

Ҳокимлик баёнотига ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан Ғафур Ғулом боғи ўрнида янги турар жойлар ва бизнес марказ қурилиши мумкинлиги юзасидан билдирилган фикрлар сабаб бўлган.

Бу хавфсирашлар асоссизлигини қайд этган Тошкент шаҳар ҳокимлиги боғ 49 йилга Сингапурда рўйхатдан ўтган хорижий ширкатга берилганини билдирган.

Модернизация лойиҳаси ўз ичига 80-йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштиришни, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда, янги дарахтлар билан тўлдиришни ўз ичига олади”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.

Пойтахт расмийлари ваъдасига кўра, реконструкциядан кейин боққа кириш аввалгидай бепуллигича қолади.

Ҳокимлик жамоатчиликни ушбу лойиҳа билан батафсилроқ таништириш учун инвестор вакили билан учрашув ташкил этилишини қайд этган, бироқ учрашув санасига аниқлик киритган эмас.

Қатор объектлар камида уч ҳафтага ёпилади

Республика махсус комиссияси қарори билан 1 августгача парклар ҳам ёпилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғирлашгани муносабати билан Республика махсус комиссияси бир қатор объектлар фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги объектлар фаолияти камида 1 августгача тўхтатилади:

  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
  • буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;
  • ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);
  • санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.

Айни пайтда Республика махсус комиссияси халқаро авиақатновлар ва юк ташувлар билан боғлиқ янги тартибларни ҳам жорий қилмоқда.

Янги тартибга кўра, халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади. Шунингдек, халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари мажбурий равишда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.

10 июлдан 1 августгача чеклов чоралари кучайтирилмоқда

uzbekistan - covid 19

Жорий йил 10 июлидан 1 августига қадар Ўзбекистонда мамлакат миқёсида карантин чекловлари қайта жорий этилади. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси қарор қабул қилган.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги чеклов чоралари киритилмоқда:

  • автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланди;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди;
  • давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланди;
  • ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно);
  • томоша, маданий-кўнгилочар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди;
  • тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланди;
  • 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланди.

Коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланган март ойи ўрталаридан Ўзбекистонда қатъий карантин чоралари киритилган, сўнгра май ойида бу чоралар бироз юмшатилганди. Сўнгги кунларда мамлакатда эпидемиологик вазият оғирлашгани ортидан расмийлар яна уч ҳафтага чеклов чораларини кучайтириш қарорига келганлар.

Мактабларда “Тарбия” фани жорий этилади

“Тарбия” фани 1–9-синфларда – 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўқитилади.

Мактабларда “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани жорий этилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борада ҳукуматнинг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан “Тарбия” фани 1–9-синфларда – 2020/2021 ўқув йилидан, 10–11-синфларда эса 2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич амалиётга киритилади. “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янги ўқув йили бошлангунга қадар чоп этилиб, жойларга етказилади.

“2020 йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар умумтаълим мактабларидаги “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” ва “Диншунослик” мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида “Тарбия” фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади”, -дейилади хабарда.

Қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун “Тарбия” фани концепцияси тасдиқланди.

41-ўлим: Тошкентда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди

Коронавирусдан энг кўп ўлим ҳолати Тошкент шаҳри ва вилоятида қайд этилган.

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 64 ёшли М.Х. ,(аёл) COVID-19дан вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, аёл 1 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига ётқизилган эди. 3 июль куни эса беморда нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган ва COVID-19 инфекциясига намуна олинган.

Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдром, постхолецистэктомик синдром, ўткир панкреатит, гастрит, сурункали камқонлик, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ташхиси қўйилган.

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирусдан вафот этганлар сони бу билан 41 кишига етди.

Коронавирусдан энг кўп ўлим ҳолати Тошкент шаҳри ва вилоятида қайд этилган. Шу кунгача бу ерда 25 одам вафот этди.

Вилоятлар кесимида Қашқадарё, Навоий , Фарғона вилоятларида бир нафардан, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида икки нафардан, Самарқанд вилоятида уч нафар, Наманган вилоятида тўрт нафар бемор коронавирусдан вафот этган.

Қашқадарё вилоятида 12 соатда 161 кишида коронавирус аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 3 986 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 8 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 10 838 нафарни ташкил этмоқда. Бу 7 июль соат 23:00даги кўрсаткичдан 168 нафарга кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги 12 соатда янги касалланиш ҳолатларининг 161 нафари Қашқадарё вилоятида аниқланган. Уларнинг 127 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ва 34 нафари аҳоли орасида топилган.

Бундан ташқари Наманган вилоятида ҳам 7 кишига коронавирус юққан.

Айни пайтда 6 811 нафар бемор соғайган, 40 бемор вафот этган.

Ҳозирда касалхоналарда 3 986 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 24 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонга хорижда ишлаб чиқарилган реанимобиллар олиб келинди

Реанимобиллар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар учун керакли бўлган барча жиҳозлар билан таъминланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 июль куни хорижда ишлаб чиқарилган 15 та махсус замонавий реанимобил Ўзбекистонга олиб келинганини маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, реанимобиллар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар учун керакли бўлган барча жиҳозлар билан таъминланган.

Айтилишича, реанимобиллар дефибриллятор, ЭКГ ва сунъий нафас бериш аппаратлари, дори-дармонлар каби воситалар билан жиҳозланган бўлиб, беморни бир манзилдан тиббиёт муассасасига етказиб боргунча унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради.

“Келтирилган янги махсус реанимобиллар эса беморларни транспортировка қилиш соҳасидаги камчиликларни тўлиқ бартараф қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади”, -дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистонда 7 июлда коронавирусдан уч киши вафот этди

7 июль куни Ўзбекистонда яна 308 кишида вирус аниқланган.

Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Навоий вилоятларида 1 нафардан, жами 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 июлга ўтар кечаси хабар берди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлган беморлар сони, расман, 40 нафарни ташкил қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 7 июль куни Ўзбекистонда яна 308 кишида вирус аниқланган. Шундан 187 нафари карантин муассасаларида, 117 нафари аҳоли орасида, 4 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Жиззах ва Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 121 нафар фуқаро соғайган.

“Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10670 нафар бемордан 6811 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда. ️Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3819 нафар бемордан 24 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда. Уй карантинида 44 713 нафар, стационар карантинда эса 25 032 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди”, - дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Навоийда коронавирусга чалинган бемор вафот этганини тасдиқлади

Ўзбекистонда коронавирусдан 40 бемор вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Навоий шаҳрида яшовчи, 38 ёшли Х.Ш., жорий йил 2 июль куни коронавирус инфекциясига намуна топширган ва касаллиги тасдиқланган.

Шу куннинг ўзидаёқ шифохонага ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилиги 1-2-даражаси ташхиси қўйилган. Бемор 2019 йилдан буён гипертония касаллиги билан назоратда турган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан доимий назоратга олинган.

“Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши оқибатида вафот этди”, -дейилади хабарда.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги банк бошқарувчиларидан бирининг ўринбосари Х.Ш., коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

7 июль эрталаб Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов бу маълумотни тасдиқлаган, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги сукут сақлаб келаётганди.

Навоий вилоятидаги банк бошқарувчиларидан бирининг ўринбосари Х.Ш., 38 ёшда эди. У Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 40- бемор бўлди.

Тошкентда яна 112 одам коронавирусга чалинди

Беморлардан 39 нафари вафот этди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 7 июль соат 17:30 ҳолатига кўра, 10 587 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 112 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 84 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 28 нафари аҳоли орасида), 11 нафари Қорақалпоғистон Республикасида (шундан 6 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида, 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида), 2 нафари Жиззах вилоятида, яна 2 нафари Қашқадарё вилоятида аҳоли орасида, қолган 1 нафари эса Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 6 690 нафар бемор соғайган. Беморлардан 39 нафари вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3 858 нафар бемор даволанмоқда.

Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 39 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 7 июлда билдиришича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 79 ёшли Х.Б., (эркак киши) “тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”.

Вазирликнинг билдиришича, 19 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал безовта қилган. Шунга қарамай, мутахассисларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган.

2 июль куни эса биринчи маротаба оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Фуқародан “COVID-19” инфекциясига намуна олинган ва хонадонида дезинфекция ишлари амалга оширилган. Унга “COVID-19”, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, паркинсонизм касаллиги ташхиси қўйилган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумотлари бўйича ҳисобланганда, 39 нафарга етди.

Аввалроқ Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов вилоятда 38 ёшли банк ходими коронавирусдан ўлгани ҳақида билдирган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади. Агар бу маълумот тасдиқланса,Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 40 нафар бўлади.

Ўзбекистонлик қизлар сексизм ва зўравонликка қарши флешмоб ўтказди

Флешмобда қатнашган қизлардан бири.

Exponautz Art Gallery онлайн-ҳамжамиятининг аъзоси бўлган бир неча ўзбекистонлик қиз сексизм ва зўравонликка қарши аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиб флешмоб уюштирди.

Ижтимоий тармоқларга флешмоб суратларини жойлаштирган қизлар бошқалардан ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашни илтимос қилган.

"Сексизм (жинсий мансубликни менсимаслик), мизогиния (аёлларга нисбатан нафрат), слатшейминг (уялтириш), харассмент (тегажоқлик), зўравонлик, виктимблейминг (қурбонни айблаш), менсплейинг (баланддан келиб гапириш), ксенофобия (ёт нарсалардан қўрқиш) – биз бу нарсалардан чарчадик. Биз жим бўлишдан ва сабр қилишдан, буларнинг барчаси НОРМАЛ ҳолат дея ўйлашдан чарчадик. Биз қўрқишдан, уялишдан, беркинишдан ва ёпинишдан қўрқишни хоҳламаймиз. Биз ўзлигимизча яшашни, хоҳлаган нарсани кийишни, қилишни, ўйлашни, гапиришни истаймиз", – дейилади флешмобчилар жойлаштирган постда.

Суратларда қизлар рус тилида “Аёллар ҳайвон эмас!”, ”Келин чўри дегани эмас”, “Мени баданим- бу менинг ишим!!!”, “Уряптими, демак қамоққа ўтиради!” каби плакатларни кўтариб олишган. Акция иштирокчилари “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ва “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида суратга тушишган.

Фарғона агентлигининг ёзишича, Exponautz Art Gallery гуруҳи флешмоби ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

“Блогер Умид Ғофуровнинг саҳифасида қизларга жавобан плакатли фотосессия берилган. Унда ўзбек тилида “Гендер тенглиги бўлса сен ҳам ғишт таши”, “Келин бўлгандан сўнг вазифангни қил”, “Туғишни хоҳламасанг эрингни уйлантириб қўй!” каби сўзлар битилган плакатларни йигит кўтариб олган”, -дейилади хабарда.

Ўзбекистонлик қизларнинг мазкур акцияси Фарғонада рўй берган воқеадан сўнг ўтказилмоқда. Фарғонадаги шаҳар ҳиёбонларидан бирида калта шорт кийиб олган қизни бир йигит урган ва бу видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганди. Аммо бу иш судгача етиб бормаган.

Навоий вилояти ҳокими вилоятда коронавирусдан илк бемор вафот этганини билдирди

Вилоят ҳокими Қобул Турсунов аҳоли билан учрашмоқда.

Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов 7 июль куни вилоят аҳолисига қилган мурожаатида коронавирусга чалинган бир киши вафот этганини билдирди.

“Энг аянчлиси шундаки, куни кеча вилоятимизда олиб борилаётган даволаш-профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, илк бор ўлим ҳолати қайд этилди”, -деди вилоят ҳокими.

Бироқ Турсуновнинг бу баёнотини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча тасдиқламади. Ҳоким бемор қачон ўлганини, унинг ёши ва жинсига оид маълумотларни очиқламади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги банк бошқарувчиларидан бирининг ўринбосари Х.Ш., коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Навоий вилоятида 295 киши коронавирусга чалинган, улардан 252 нафари соғайган.

Жиззах шаҳрида карантин талаблари кучайтирилди

Жиззахда карантин чораларини кучайтириш 4 июлдан бошланди.

Жиззах вилоят ҳокими Э. Солиевнинг Жиззах шаҳрида карантин талабларини кучайтириш тўғрисидаги қарори матни 7 июль куни ҳокимлик расмий сайтида эълон қилинди.

Хабарда айтилишича, вилоят ҳудудида сўнгги кунларда коронавирусга чалинган беморлар сони ортиб бораётгани, вилоятнинг айрим туманлари “қизил” тоифага киритилгани муносабати билан Жиззах шаҳрида 4 июль соат 00:01дан бошлаб карантин чоралари кучайтирилган.

Қарорга асосан Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишда қўшимча йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постлари ташкил этилади. Шаҳарга кираётган ва чиқаётган шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” ва “Ўрда” экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши тақиқланади.

Жиззах шаҳрида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз фақат куннинг муайян вақтида соат 07:00дан – 10:00гача ва 17:00дан – 20:00гача ҳаракатланишига рухсат этилади.

Шаҳарда жамоат жойларида соат 07:00дан 23:00га қадар уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00дан 07:00га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади.

Бундан ташқари вилоят марказида барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти тўхтатилади.

"Абу Сахий" савдо маркази ходимларида коронавирус топилгани ортидан вақтинча ёпилди

Савдо марказида профилактика тадбирлари ўтказилади.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган "Tashkent Trade Center" - халқ тилида эски номи билан “Абу Саҳий” деб аталадиган савдо маркази маъмурияти ходимларидан бир нечасида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.

Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассислари хулосасига кўра, “Tashkent Trade Center” савдо маркази профилактика тадбирларини ўтказиш учун вақтинча ёпилди.

Хабарда савдо маркази ходимлари ва бу ерда фаолият юритувчи тадбиркорлардан коронавирусга тест 6 июлда олингани қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 июнь куни ҳам "Tashkent Trade Center" “савдо маркази ходимида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берганди, аммо савдо маркази фаолияти давом эттирилаётганди.

Маҳаллий матбуот Тошкентда "11 террорчи қўлга олингани" ҳақида хабар тарқатди

Ички ишлар вазирлиги 23 июнда ҳам "Тавҳид ва жиҳод катибаси” аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Маҳаллий матбуот 7 июль куни ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” нинг 11 нафар тарафдоридан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйгани ҳақида билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” фаолиятини тақиқлаган эди.

Хабарда айтилишича, гуруҳни ташкил этган шахс “диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида қўним топган, асли қирғизистонлик лақаби “Абу Салоҳ” бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган “Абдуллоҳ Зуфар” лақабли Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” лақабли Содиқ Муҳаммадиевларнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган”.

“Сўнгра у ўз атрофидаги инсонларни ҳам бу йўлга тарғиб қила бошлаган. Жорий йилнинг март ойига келиб, у “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетишни режа қилган ва бунинг учун ўзига хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб олган”,-дейилади хабарда.

Маҳаллий матбуот тарқатган хабарларда гуруҳ аъзолари қачон ва қандай вазиятда қўлга олингани хабар қилинмаган.

Озодлик радиоси 30 июнь куни ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган амалиётда Тошкент шаҳрида “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг 11 аъзоси қўлга олинганини хабар қилган эди.

Озодлик радиоси 24 июль куни Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 25 та манзилда тинтув ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олинганини ҳам билдирганди.

38-қурбон: COVID-19 инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган ургутлик бемор вафот этди

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшаган 61 ёшли О.Н. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қайд этилишича, у жорий йил 27 июнь куни коронавирусга чалинган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлиги сабабли вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси асорати билан кечган.

Вазирлик беморнинг аввал сурункали буйрак етишмовчилиги, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўткир миокард инфарктидан ҳам азият чекиб келганини билдирган.

Врачлар томонидан ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларига қарамай, бемор ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 38 нафарга етган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 10 минг 500 нафарга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 10459 (+97) нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, янги касалланиш ҳолатларининг 35 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 59 нафари Тошкент шаҳрида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли орасида аниқланган.

Вазирлик шу пайтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 6690 нафари соғайганини, 3732 нафар бемор эса даволанишда давом этаётганини билдирган.

Қайд этилишича, мазкур беморлардан 25 нафари оғир, 11 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 37 нафарга етгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Ўзбек-афғон чегараси, 2015 йил ноябри.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 4 июль куни “Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигига тегишли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълум қилди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

  • Транспорт вазирлиги – I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар бўйича;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – кичик ҳажмли кемалар бўйича;
  • Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари – ўзига тегишли I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ҳамда кичик ҳажмли кемалар бўйича;
  • I, II ва III гуруҳларга кирувчи кемалар ва (ёки) кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият бўйича берилган лизензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилади.

Қарор билан Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.

Низомда кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шартнома асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Талабгор кема ҳайдовчиси гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар (тест синовлари, суҳбат (билет асосида), кемани бошқариш бўйича амалий имтиҳон) топшириши лозим. Имтиҳон натижаларига кўра, талабгорларга кема ҳайдовчиси гувоҳномалари берилади.

Гувоҳнома ваколатнома билан берилмайди ва бу ҳужжат берилган кунидан бошлаб 10 йил муддат ичида амалда бўлади.

Қарорга мувофиқ, аввал берилган кема ҳайдовчиси гувоҳномалари 2020 йил 31 декабрига қадар ҳақиқий ҳисобланади.

МБ: Карантин талаблари юмшатилиши нақд пул айланмасига ижобий таъсир кўрсатди

Ўзбекистонда жорий йил март ойининг иккинчи ярмидан эълон қилинган карантин талабларининг май ойига келиб бироз юмшатилиши натижасида иқтисодиёт субъектларининг фаоллашуви банклар кассалари орқали нақд пуллар айланмаси динамикасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 6 июль куни ёйинланган “Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ”ида айтилган.

МБ қайдича, 2020 йил апрель-июнь ойларида банк тизимида нақд пуллар айланмаси мамлакатда коронавирус пандемияси шароитида юзага келган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таъсирида шаклланган.

Апрель ойида банклар кассаларига нақд пул тушумининг март ойига нисбатан қарийб 41 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида апрелга нисбатан 85 фоизга кўпайиб, 14 триллион 600 миллиард сўмни ташкил этган.

Бироқ, Марказий банк таъкидича, июнь ойидаги кўрсаткич карантин шароитидан олдинги даврдаги ҳолатдан (жорий йил январида – 15 триллион 800 миллиард сўм ) камлигича қолмоқда. Айни пайтда МБ бу кўрсаткич эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ва карантин талабларининг юмшатилиши ортидан кейинги ойларда ижобий томонга ўзгаришини кутиш мумкинлигини қўшимча қилган.

Шарҳда нақд пул тушумларининг июнь ойида апрелга нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 3,5 триллион сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 1 триллион 400 миллиард сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келгани айтилган. Бу эса “яшил” ва “сариқ” ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг қайта тикланиши ҳамда автомашиналар ҳаракатига нисбатан таъқиқларнинг юмшатилиши, шунингдек, аҳоли томонидан бўш маблағларни банк омонатларига, кредитларнинг қайтарилишига ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олишга йўналтирилиши ҳисобига юзага келган.

МБга кўра, апрель ойида банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар март ойига нисбатан 35 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 53 фоизга кўпайиб, 14 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этган.

Марказий банк карантин шароитида пенсия ва нафақа тўловлари, бюджет тизими ташкилотлари, шунингдек, фаолиятини тўхтатмаган стратегик корхоналар ходимларининг иш ҳақларининг тўлаб борилиши натижасида банклардан ушбу мақсадлар учун нақд пуллар чиқими нисбатан барқарор сақланиб қолинганини урғулаган.

Шарҳда июнь ойида банк карталарига жами 15 триллион 900 миллиард сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 6 триллион 100 миллиард сўм аҳоли томонидан нақдлаштириб олингани қайд этилган.

Мирзиёев тижорат банклари фаолиятини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда банклар трансформацияси жараёнини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Ш. Мирзиёев 6 июль куни 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича ўтказган йиғилишда билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилиш чоғида ҳозирда 6 та тижорат банки – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаганини қайд этган.

“Бироқ бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти”, деган президент.

Бу камчиликни бартараф этиш учун Ш. Мирзиёев банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш, Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш ҳақида топшириқ берган.

Йиғилишда банк тизимида коррупцияга барҳам бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Президентга кўра, барча тижорат банклари раислари коррупцияга чек қўйиш, комплаенс-назорат каби таъсирчан механизмларни жорий қилиш бўйича қатъий чоралар кўришлари лозим.

Ш. Мирзиёев йиғилишда давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилигини ҳам танқид қилган.

Унга кўра, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан президент Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқишни топширган.

Ш. Мирзиёев банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилишлари зарурлигини урғулаган.

Тошкентда 86 ёшли аёл вафот этиши ортидан COVID-19 қурбонлари сони 37 нафарга етди

Тошкентнинг Чилонзор туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган 86 ёшли З.Р. оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, 19 июнь куни қон босими юқорилиги, нутқи ўзгариши, қўл ва оёқлардаги кучсизлик сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган бемор бундан ўн кун муқаддам аҳволи оғирлашганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган.

Инсульт, бош мия шиши, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган беморнинг коронавирусга чалингани ҳам тасдиқланган.

Врачлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, бемор мия шиши, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси юқтириб олгани ортидан оламдан ўтганлар сони 37 нафарга етган.

Чилонзорликлар милиция ва савдогарларнинг тунги шовқинидан шикоят қилмоқда

Чилонзордаги кўп қаватли уйлар олдида юритилаётган ноқонуний савдо-сотиқ (Facebook тармоғидан олинган сурат).

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани турғунлари тунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сиреналар ёқиб, овоз кучайтиргичлар орқали савдогарларни қувишга ҳаракат қилаётганидан безовта бўлаётганларини айтмоқдалар. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, милиция вакиллари ҳамда бозорлар ёпилгани туфайли йўллар четида ва мавзеларда савдо қилаётган савдогарлар ўртасидаги зиддият бир ҳафтадан бери давом этмоқда.

Facebook фойдаланувчиси Наталья Шашкованинг “Чилонзор” гуруҳи қолдирган ёзувига кўра, Алгоритм мавзеида рухсат этилмаган бозор шундоққина одамлар яшайдиган кўп қаватли уй тагига очиб олинган. Шашкова ёйма бозорда савдо қилаётган кишиларнинг карантин туфайли ёпилган “Бек Барака” бозоридан келганини тахмин қилади.

Қайд этилишича, ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари кийим-кечак бозорларига киришни ёпиб қўйган. Пировардида савдогарлар йўл четига манекенларини қўйиб, молларини ёйиб, савдо қилишга тушиб кетишган. Одатда, бу ҳолат тунда ёки тонгга яқин содир бўлади. Ваҳоланки, “қизил” ва “сариқ” карантин ҳудудларида (Тошкентнинг барча туманлари “сариқ” ҳудудга киритилган) кечки соат 23:00 дан эрталабки соат 07:00 гача кўчада юриш тақиқланган. Милиция сирена ва овоз кучайтиргичларни ишга солган ҳолда, савдони тўхтатишга уринмоқда, бироқ бу шовқин-сурон чор-атрофдаги уйларда яшайдиган турғунлар тинчини бузяпти. Айтилишича, бу ерда тонгги соат 4 дан 7 гача эпидемиология қоидаларига зид равишда савдо-сотиқ қилинмоқда.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ердаги стихияли савдонинг олдини олишга муваффақ бўляпти, деб бўлмайди. Юқорида исми зикр этилган Наталья Шашкова уйи яқинидаги милиция таянч пунктига борган. У ердагилар шовқиндан безовта бўлаётган турғунлардан шикоятлар кўп тушаётганини, бироқ ҳозирча аҳвол ўзгаришсиз қолаётганини эътироф этишган. Ноқонуний савдо қилаётганлар кўчалардан қувилаётгани юзасидан фикр билдираётган Facebook фойдаланувчилари ҳозирда энг мақбул йўл кийим-кечак бозорларини ҳеч бир чекловсиз очиш бўлишини ёзганлар.

Чилонзор туманида “Ипподром” ва “Бек Барака” кийим-кечак бозорлари, шунингдек, қурилиш моллари ва идиш-товоқ бозорлари фаолият кўрсатади. Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Тошкентдаги ноозиқ-овқат бозорлари муайян график асосида ишлаётгани туфайли вақти-вақти билан у ёки бу бозор дезинфекция ёпиб турилибди.

Коронавирус қурбонлари: Тошкентда 43 ёшли эркак оламдан ўтди

Ўзбекистон пойтахтининг Учтепа туманида яшаган ва коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган 43 ёшли А. вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, у бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамай, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.

Пульмонолог тавсиясига биноан 2 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган беморга “икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси” ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Вазирлик, шифокорларнинг тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этганлар сони 36 нафарга етган.

Марғилон шаҳрида Туркия университети филиали очилади

Бурса Улудағ университети сайтидан скриншот.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Туркиянинг Бурса Улудағ университети филиали очилади. Бунга оид музокаралар, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Туркия Республикасининг Бурса вилояти ҳокимлиги, Бурса Улудағ университети проректори, Бурса савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида куни кеча онлайн видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда олиб борилган.

Учрашув пайтида Марғилонда Бурса Улудағ университетининг текстиль муҳандислиги, пиллачилик саноати, ипак қурти зоти дурагайларини яратиш, тўқимачилик маркетинги, дизайнерлик ва савдоси йўналишлари бўйича филиалини очиш юзасидан электрон битим имзоланган. Айни пайтда университет филиалининг қачондан очилишига аниқлик киритилмаган.

Тадбир чоғида ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Бурса савдо-саноат палатаси ҳамда Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси билан яқин кунларда онлайн видеоконференция ташкил қилиш, вилоят раҳбарлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган видеоконференция ўтказиш режаси ҳам муҳокама қилинган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG