Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 09:14

Россиядан тиббий ëрдам “муҳаббат билан” келяптими ёки мақсад бошқами?


Россия 1 апрель куни ҳарбий учқичда АҚШга гуманитар ëрдам юборди.

Ўтган ҳафта Россиянинг 15 та ҳарбий учоғи коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш мақсадида Италияга “Россиядан муҳаббат билан” шиори остида ўта зарур тиббий жиҳозларни етказиб берди.

Италиянинг жавоби ҳам шунга яраша¸ “муҳаббатли” бўлди.

Италия Мудофаа вазири Лорензо Гуерини россиялик ҳамкасби Сергей Шойгуга расман миннатдорлик билдирди. Италиялик қўшиқчи Пупо машҳур совет қўшиғини куйлаб, видео остида “Россияни севаман. Ташаккур”, дея пост қолдирди.

Россия ахборот агентликлари яна бир итальян қўшиқчиси Ал Банодан “Италия Россиянинг ёрдамини ҳеч қачон унутмайди” деган гапларни такрор ва такрор иқтибос келтирди.

Италиянинг сокин бир мавзесида Россия мадҳияси янграётганини рус телеканаллари “италияликлар бизга миннатдорлик билдиряпти, буни АҚШ билан Европа кўриб қўйсин”, деган талқин билан кўрсатди.

Кўп ўтмай Россия гимнини баралла айтган “миннатдор италияликлар”нинг аслида Италияда яшаëтган руслар экани ҳақида хабар пайдо бўлди. Табиийки¸ бу ҳақда Россия телеканаллари лом-мим демади – давлат пропаганда машинаси фақат ўз обрўсини кўтаришга мўлжалланган хабарларни тарқатиш билан машғул.

Россия коронавирусга чалинганлар сони бўйича биринчиликка чиққан АҚШга 1 апрель куни ҳарбий учқичда тиббий жиҳозлар жўнатгандан сўнг бу пропагандачилар овози янада баландроқ янграй бошлади.

Коронавирус пандемияси пайтида бошқа давлатларга бундай ëрдам юбораëтган фақат Россия эмас. АҚШ, Германия ва Франция ҳам ўзлари коронавирус тарқалишига қарши курашаётганига қарамай, бошқаларга кўмак йўлламоқда. Коронавирусга чалинганлар сони кун сайин ошиб бораëтган Ўзбекистон ҳам Афғонистон ва Қирғизистон каби қўшниларига ëрдам юборди.

Коронавирус ўчоғи бўлган Хитой ҳам бошқа мамлакатларга тиббиёт мутахассислари ва жиҳозлар етказиб бераëтганини айтмоқда. Айни пайтда¸ юборилаëтган тиббий жиҳозларнинг носозлиги ва коронавирусга оид асл маълумот ва рақамларни сир тутиб¸ сохта хабарлар тарқатаëтгани учун Пекин кескин танқидга учрамоқда.

Ҳозирча Россиянинг “муҳаббат билан” юбораëтган ëрдам миссиялари Кремлнинг қолган дунëдаги имижини кўп ҳам яхшилаëтгани йўқ.

2014 йилда Қримни аннексия қилгани ортидан халқаро санкциялар нишонига айланган Россия ҳукуматининг коронавирус пандемияси пайтида ўзини “эзгулик тимсоли” сифатида тақдим этиш уринишларига ҳозирча жиддий “харидор” топилганича йўқ.

2014 йилда Украина шарқига Кремль жўнатган кийим-кечак ва дори-дармон ортилгани айтилган ҳарбий машиналар колоннаси давлат телевидениеси орқали қайта-қайта намойиш этилган эди. Кузатувчилар¸ гуманитар ёрдамнинг Киев қўшинларига қарши курашаётган айирмачиларга қурол-яроғ етказиб бериш учун баҳона бўлганини айтиб келади.

Рус аскарларинирг суриялик болаларга озиқ-овқат солинган халтачаларни тарқатаётгани кўрсатилаётган пайтда танқидчилар Россияни бегуноҳ аҳоли ва ҳукумат мухолифлари устига бомба ёғдиришда айблаб чиқди.

Сўнгги пайтларда Россия билан Хитой коронавирусга қарши курашга ëрдам баҳонасида бошқа мамлакатларга тиббий жиҳозлар жўнатиш билан обрў орттириш учун тарғибот машинасини ишга солмоқда.

Бундай ëрдамларнинг каттагина қисми эса¸ ҳеч нарсага яроқсиз бўлиб чиқмоқда.

Масалан, “La Stampa” газетаси 25 мартда Римдаги исмини ошкор қилмаган ҳукумат вакилига иқтибосан Россия юборган ёрдам пакетининг 80 фоизи “мутлақо яроқсиз” бўлиб чиққанини ëзди.

Чех нашрлари айни шундай¸ Хитойдан олинган тезкор тест тизимлари 80 фоизининг яроқсизлигини хабар қилди.

Москва бундай кенг тарқалган эътирозларга қандай жавоб беришини билмай, Италиядаги элчиси Сергей Разов тили билан ёрдамнинг “бепул ва беғараз” эканини айтиб¸ қутулди.

Россиядаги “Дождь” телеканалининг фейк хабарларни фош қилиш билан шуғулланаëтган мухбири Илья Шепелин¸ Россия телеканалларига Кремлни мақтаб гапирган италияликларнинг оддий аҳоли вакиллари эмас¸ балки айнан Россияда бизнес қилаëтган итальянлар бўлиб чиққанини айтади.

Биз бу ерда бориб турган сохтакорлик эмас, балки устамон манипуляцияга дуч келяпмиз. Дурагай (гибрид) ёлғон ёки дурагай ҳақиқат.

XS
SM
MD
LG