Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2020, Тошкент вақти: 07:08

Тошкент ҳокими уй ижарага берувчилардан ижара ҳақини вақтинча талаб қилмай туришни сўради


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги уйини ёки квартирасини бошқа фуқароларга ижарага берувчиларга мурожаат қилиб, ижара ҳақини талаб қилмай туришни сўради.

"Бугунги кун барчамиз учун синов. Ана шундай синовли кунларда барчамиз бир-биримизни ҳар қачонгидан-да кўпроқ қўллаб-қувватлаб, ёрдамимизга муҳтож кишиларга қўл чўзишимиз, оғирини енгил қилиб, кўмак беришимиз керак", - дейилади Ортиқхўжаев мурожаатида.

Тошкент ҳокими коронавирус карантини боис вақтинча ишлай олмаётганлар қийин ахволда қолганини таъкидлар экан: "бундай шароитда уларга осон тутиб бўлмайди. Бир томондан ижара пулини тўлаш, бир томондан оилаларини эҳтиёт қилиш, рўзғор тебратиш масъулияти елкаларида турибди. Шу боис мен ижара берувчиларга шундай синовли кунларда сабрли бўлиб, уларнинг ҳолатини тўғри баҳолашни, ижара пулини вақтинча талаб қилмай туришларини сўраган бўлардим", - деди.

Тошкентда қанча одам ижарага туриши ҳақида статистик маълумот йўқ. Турар-жойларнинг ижара нархи 1 кв.м учун тахминан 20 минг сўмдан 100 минг сўмгачани ташкил этади.

Айрим ишсизлар ёки нафақахўрлар ҳам Тошкентда уйларини ижарага бериш билан кун кўради.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG