Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 10:12

Халқаро хабарлар

Душанбе мэри Шаҳар кунига оид оммавий тадбирларни бекор қилди

Душанбе манзараси.

Душанбе мэрияси Шаҳар куни муносабати билан оммавий сайр ва тадбирлар ўтказиш тўғрисида аввал қабул қилган қарорни бекор қилди. Мазкур қарор, пойтахт мэрияси матбуот хизмати маълумотига кўра, “коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида” қабул қилган.

Аввалроқ Душанбе мэри Рустам Имомали 18 апрель куни Шаҳар кунини нишонлашга оид қарорни имзолаганди.

Душанбеда ҳар йили апрель ойининг учинчи шанбасида Шаҳар куни нишонланарди. Бу куни оммавий маданий ва спорт тадбирлари ўтказиларди. Бироқ бу йил жаҳон бўйлаб коронавирус қулоч ёйиб бораётгани туфайли кўпчилик қатнашадиган барча тадбирлар бекор қилинмоқда.

Тожикистонда ҳали биронта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати расман тасдиқланган эмас.

Кун янгиликлари

Тихановская Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди

Беларус. Норозилардан бири.

Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская 26 октябрдан мамлакатда умумиллий иш ташлаш бошланишини маълум қилди.


Тихановская Телеграм каналида якшанба куни ўтган норозлик намойишлари ҳукумат томонидан куч ишлатиш йўли билан тарқатилгани тўғрисида фикр билдирар экан: “Режим бугун беларусларга ҳукумат фақат куч ишлатишга қодир эканини исботлади. Лекин шовқинли гранатларни одамлар орасида ва туғруқхона яқинида портлатиш режим кучли эканини англатмайди. Режим ҳақ сўзни айтишга, ўз ҳаракати учун жавоб беришга ва одамлар талабини бажаришга тайёр эмас. Демак бу режим беларус халқига муносиб эмас”,-деб ёзди.


Ўтган ҳафтада Лукашенконинг август ойида бўлиб ўтган сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари президентнинг 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди. Акс ҳолда мухолифат мамлакат халқи ёппасига иш ташлашини айтган.


25 октябрда ўтган норозилик намойишларини полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталар воситасида тарқатишга ҳаракат қилди. Бир неча ўн одам қўлга олинди.


Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.


Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортиб келади. Сайлов ортидан у оиласига таҳдидлар туфайли Беларусни тарк этди.

АҚШ: Тоғли Қорабоғда душанба кунидан бошлаб оташкесим кучга киради

Тоғли Қорабоғда бомба тушган уйлардан бири.

Тоғли Қорабоғда 26 октябрь маҳаллий вақт билан соат 8дан бошлаб гуманитар оташкесим кучга киради. Бу ҳақда 25 октябрь куни эълон қилинган АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларининг қўшма баёнотида маълум қилинди.


АҚШ давлат котиби Майк Помпео 23 октябрда Вашингтонда Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари билан оташкесим масаласини муҳокама қилган.


Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатиш масаласида воситачилик қилаётган Минск гуруҳига аъзо Франция, АҚШ ва Россия ҳам қўшма баёнот қабул қилиб, Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари 29 октябрда Женевада яна бир учрашув ўтказишга келишиб олганларини билдирди.


Октябрь ойида Тоғли Қорабоғда томонлар икки марта оташкесим эълон қилган, бироқ унга амал қилинмаган эди. 25 октябрда ҳам Тоғли Қорабоғда жанглар тўхтамади.


25 октябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Губадли шаҳри озод қилинганини билдирди. Агар бу маълумот тасдиқланса, Озарбайжон 1990 йиллар бошидан бери арман кучлари назорати остида бўлган тўрттинчи туманни қайтариб олган бўлади.


Расман Озарбайжон таркибига кирувчи, аммо этник арманлар бошқариб келаётган Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни бошланган янги уруш оқибати ўлганлар сони 900 нафарга яқинлашди.

Samsung корпорацияси раҳбари Ли Гон Хи вафот этди

Ли Гон Хининг ўлими сабаблари маълум қилинмади.

Жанубий Корея пойтахти Сеулда 25 октябрь куни Samsung корпорацияси раҳбари Ли Гон Хи 78 ёшида вафот этди. У отаси асос солган кичкинагина ширкатни Жанубий Кореянинг энг йирик ширкатига ва жаҳоннинг электроника ҳамда компьютер ишлаб чиқариш лидерига айлантира олди.


Ли Гон Хининг ўлими сабаблари маълум қилинмади. У олти йил аввал юрак ҳуружига учраб ётиб қолганидан сўнг корпорация раҳбарлигини ўғлига топширган эди.

Ли Гон Хи Жанубий Кореянинг энг бой одами ҳисобланади. Forbes унинг бойлигини 21 миллиард долларга баҳолаган.


Ли Гон Хи 1987 йилдан Samsung корпорациясига раҳбарлик қила бошлаган. Қисқа вақтда унинг раҳбарлигида арзон ва сифати унча яхши бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкат жаҳондаги ишлаб чиқариш лидерларидан бирига айланди.


Ли Гон Хи бир неча марта жиноий ишларнинг ҳам фигуранти бўлган. Уни, жумладан, собиқ президент Ро Дэ Уга пора берганликда ҳам айблашган.

2008 йилда ли Гон Хи солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган ва Samsung раҳбариятидан кетишга мажбур бўлганди. Бироқ орадан икки йил ўтгач у оқланди ва ширкатга раҳбарлик қилишда давом этган.

Эрдўғон Франция президентини мусулмонлар ҳақидаги қарашлари учун танқид қилди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған (чапда) ва Франция президенти Эммануэль Макрон (ўнгда).

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция президенти Эммануэль Макронни мусулмонларга нисбатан тутган позицияси учун кескин танқид қилди.

Хусусан, Эрдўғон Макрон ўз «психикасини даволаши кераклигини» таъкидлади.

Макрон ва Эрдўғон Ўрта ер денгизининг шарқидаги ҳуқуқий масалалар, шунингдек, Ливия ва Суриядаги вазият ва кейинги пайтда Тоғли Қорабоғ минтақасидаги инқироз бўйича бир-бирига зид қарашларга эга.

«Турли хил эътиқоддаги миллионлаб диндор руҳиятини даволашга чақирадиган давлат раҳбари тўғрисида нима ҳам дейиш мумкин?», - деди Эрдўғон.

Макрон Франциянинг дунёвий қадриятларини радикал исломдан ҳимоя қилишга чорлагани Туркия ҳукуматини ғазаблантирди.

Ой бошида Макрон Исломни «глобал инқирозга» юз тутган дин сифатида таърифлаган эди.

Макроннинг сўзларига кўра, декабрь ойида Францияда мамлакат ҳукуматини черковдан ажратиб турувчи ва 1905 йилда қабул қилинган қонунни мустаҳкамловчи қонун лойиҳаси тақдим этилади.

Насронийга эрга тегмоқчи бўлган қизининг сочини қирққан мусулмон оила Франциядан бадарға қилинди

Қизи насроний сербга турмушга чиқишни истагани учун унинг сочини олиб ташлаган босниялик мусулмон ота-она ва уларнинг бошқа фарзандлари Франциядан бадарға қилинди. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Геральд Дарманин маълум қилди.

Безансон шаҳрида яшовчи 17 ёшдаги қизнинг ота-онаси билан бир қаторда уч нафар ака ва опалари ҳам Франциядан ҳайдалган.

Вазирлик билдирувида «Миллий ҳудуддан бадарға қилиш сабаби оила август ойида қўл урган номақбул ишлар, хусусан, бошқа динли серб кишини севиб қолган ўсмир қизнинг калтаклангани ҳамда сочи қириб ташланганидир», дейилади.

Билдирувга кўра, ўсмир қиз Франция ҳукумати қарамоғида бўлади.

Босния ва Герцеговина полицияси оила махсус самолётда ва полиция қуршовида пойтахт Сараевога элтиб қўйилганини тасдиқлади.

Оилага беш йил давомида Францияга кириш ман этилган. Шунингдек, ўсмир қизнинг яна икки қариндоши қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Беларус: Ультиматум муддати тугади, халқ яна намойишга чиқди

25 октябрь куни Беларусда мамлакатнинг авторитар президенти Александр Лукашенкога қарши яна йирик норозилик намойишлари бошланди.

Ўтган ҳафтада Лукашенконинг август ойида бўлиб ўтган сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари президентнинг 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди. Акс ҳолда мухолифат мамлакат халқи ёппасига иш ташлашини айтган эди.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги аҳолини рухсат берилмаган намойишларда қатнашмасликка чорлади.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.

24 октябрь куни юзлаб аёл пойтахт Минскда норозилик акциясига чиқди. Бошқа шаҳарларда ҳам ёмғирга қарамай норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортиб келади. Сайлов ортидан у оиласига таҳдидлар туфайли Беларусни тарк этди.

Бугунга қадар 12 мингдан ошиқ намойиш қатнашчиси ҳибсга олинди, юзлаб одам қийноққа тутилди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШ давлат котиби Помпео Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Ўтган ҳафтада Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари Лукашенкодан 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди.

Тихановская ўз Telegram каналида бу талаблар бажарилмаса 26 октябрь куни «барча корхоналарда иш ташлаш бошланиши, йўллар тўсиб қўйилиши ва давлат дўконларидан халқ маҳсулот сотиб олмаслиги»дан огоҳлантирди.

Суҳбат давомида Помпео Лукашенкодан Беларусь ва АҚШ фуқароси, сиёсий технолог Виталий Шкляров саёҳат қилишига қўйилган чекловни бекор қилишни талаб қилган.

Аммо БелТА хабар агентлиги суҳбат бошқача кечганни хабар қилди. Агентликка кўра, Лукашенко Помпеога «миллий диалог» олиб борилаётганини таъкидлаган.

Лукашенко мухолифатни тинчлантириш учун конституцияни ислоҳ қилишни таклиф қилган эди. Аммо мухолифат бу таклифга рози бўлмади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШда коронавирус юқтириш ҳолатлари июлдаги кўрсаткичдан ошди

Covid-19 АҚШ ва Европада тез сурат билан тарқалишда давом этмоқда.

Жорий ойда АҚШда кунига ўртача 700 одам нобуд бўлди. Мутахассислар бу кўрсаткич янада ошиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Мамлакатда коронавирусга қарши умуммиллий режа мавжуд бўлмагани учун вирус турли ҳудудларда турли суратда тарқалмоқда.

Европада эса пандемиянинг иккинчи тўлқини аллақачон бошланган.

Францияда мамлакатнинг учдан икки қисмида комендант соати жорий қилинди. Италияда ҳам ўхшаш чоралар жорий қилинди. Хусусан, мамлакатда спорт заллари, театрлар ва бассейнлар ёпилди.

Пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланган мамлакатлар қаторида Чехия, Испания ва Ирландия ҳам бор.

Оятуллоҳ Али Хоманаий: Халқ саломатлиги барча муаммолардан устун туради

Тиббий ниқоб таққан эронлик аёл.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакат расмийларини халқ саломатлигини ҳар қандай иқтисодий ва хавфсизлик муаммоларидан устун қўйишга чорлади.

Жорий ҳафтада Эронда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 32 мингдан ошди. Хоманаий ўлимлар сонини озайтириш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Коронавирусга қарши курашиш қўмитаси олдида сўзлаган олий раҳбар барча ташкилотлар вирус тарқалишини чеклаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига тўлиқ амал қилиши кераклигини айтди.

24 октябрь куни Эронда 5 814 нафар одам вирусни юқтирди. Бу билан мамлакатда бугунга қадар коронавирусга чалинганларнинг умумий сони сони 562 705 га етди.

Ҳафта бошида соғлиқни сақлаш расмийлари ўлганлар сони аслида 2,5 марта юқори бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Вирус тез суратда тарқалаётган бўлишига қарамасдан, Эрон ҳукумати тўлиқ карантин чораларини жорий қилмай турибди, чунки Теҳрон бундай чора шусиз ҳам АҚШ санкциялари туфайли оқсаётган иқтисодга оғир зарба бўлишидан хавотирда.

Навальний фонди "Россия будущего"партияси рўйхатга олинмаëтгани бўйича Европа судига арз қилди

22 август куни Германияга олиб келинган Алексей Навальний ҳозирча Берлинда даволанишни давом эттирмоқда.

Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди “Келажак Россияси” ("Россия будущего") партиясини рўйхатга олиш сўровининг Россия Адлия вазирлиги томонидан рад этилгани устидан Европа инсон ҳақлари судига мурожаат қилди.

Бу ҳақда фонд юристлари ўз Telegram каналида маълум қилди.

Хабарда айтилишича¸ Навальний ҳозиргача бу партиянинг расман регистрация қилинишини сўраб 9 марта Адлия вазирлигига мурожаат қилган ва ҳаммасига рад жавоби олган.

2019 йил май ойида берилган сўнгги раддияда вазирлик мамлакатда бундай партиянинг аллақачон борлигини иддао қилган. Жорий йил сентябрида бу номдаги партия сайловларда қатнашмагани учун Олий суд томонидан тугатилган.

"2012 йилдан бери биз тўрт марта таъсис қурултойи ўтказдик¸ аммо Адлия вазирлиги ҳар хил баҳоналар билан партияни рўйхатдан ўтказмай келмоқда. Партиямиз номи ўғирлангани муносабати билан сўнгги съезд Европа судига ариза беришга қарор қилди»¸ дейилади Коррупцияга қарши кураш фонди юристлари хабарида.

20 август куни Томскдан Москвага қайтиш арафасида заҳарланган мухолифат лидери Алексей Навальний ҳозирча Германияда даволанмоқда.

Германия¸ Франция ва Бельгия мутахассислари Навальнийнинг асабни фалаж қилувчи Новичок кимëвий қуроллар гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини билдирди. Навальний ҳужумнинг бевосита президент Путин буйруғи билан амалга оширилганини айтмоқда.

Путин режимининг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний соғлиғи тикланиши билан Россияга қайтиб¸ ўз сиëсий фаолиятини давом эттиражагини таъкидламоқда.

Қирғизистон президентлик сайлови 10 январга белгиланди

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати муддатидан олдин президент сайловларининг 10 январга белгиланганини эълон қилди

24 октябрь куни эълон қилинган баëнотда комиссиянинг шундай қарорга келгани айтилди.

Қирғизистон парламенти депутатлари 22 октябрь куни “Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартишларни қабул қилди.

Қонун лойиҳаси билан конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлингунича қонуннинг 38- ва 63-моддалари амалиётини тўхтатиб туриш таклиф қилинмоқда. Яъни сайлов ўтказиш муддатларига оид меъёрлар ҳозирча ишламай туради. Лойиҳанинг бошқа бир моддаси конституциявий ислоҳот (2021 йилнинг 10 январидан кеч бўлмаган) муддатини белгилаб берган эди.

Айни пайтда¸ Марказий сайлов комиссияси 21 октябрь куни ўтган йиғинида парламентга қайта сайловни 20 декабрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қирғизистонда навбатдаги парламент сайлови 4 октябрда ўтказилган эди. Сайловда қатнашган 16 партиядан ҳокимиятга яқин бўлган 4таси ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди.


6 октябрга ўтар кечаси норозилар президент ва парламент фаолият юритувчи Оқ Уйни эгаллаб олиши ортидан мамлакатда сиёсий инқироз юзага келган эди. Бунинг ортидан Марказий сайлов комиссияси 4 октябрда ўтган сайлов натижаларини бекор қилган эди.


Бу воқеалар ортидан Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ҳам истеъфо берди.

Байден америкаликларга коронавирусга қарши бепул вакцина ваъда қилди

Демократлар номзоди Жозеф Байден.

АҚШ президентлигига асосий даъвогарлар – республикачи Дональд Трамп ва демократлар номзоди Жозеф Байден сайловолди кампанияси доирасидаги якунловчи учрашувларни ўтказмоқда.

22 октябрь кунги теледебатни ўзи учун “ғалаба” сифатида талқин этаëтган Трамп фурсатдан фойдаланиб тарафдорларини руҳлантириш¸ улар сафини кенгайтиришга уринмоқда.

Байден эса¸ аксар штатларда коронавирусга чалинган ва ўлганлар сони ошиб бораëтган айни кезда¸ асосий эътиборни Трампнинг бу бўҳронни назорат қила олмаëтганини кескин танқид қилишга қаратмоқда.

23 октябрь куни Трамп Флоридада¸ Байден эса¸ ўзи мансуб Делавер штатида учрашув ўтказди.

Учрашувларда Байден коронавирусга қарши ишончли вакцина пайдо бўлиши билан америкаликларнинг ҳаммасини бепул эмлаш¸ унга қадар ниқоб тақишни бутун Америка бўйлаб мажбурий қилиш¸ пандемиядан азият чекаëтганларга янги молиявий ëрдам дастури ваъда қилди.

Трамп эса рақибини коронавирус таҳдидини бўрттириб кўрсатаëтганликда айблаб¸ ўз тарафдорларини пандемиянинг тез орада тугашига ишонтиришга уринди.

Боку ва Ереван вазирларининг Помпео билан учрашувидан саноқли соат ўтиб¸ Тоғли Қорабоғда яна жанглар бошланди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан.

24 октябрь тонгида Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна Озарбайжон ва Арманистон ҳарбийлари ўртасида жанглар юзага чиқди.

Жанглар қайта бошланиши арафасида 23 октябрь куни икки давлат Ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда АҚШ Дават котиби Майк Помпео билан учрашиб¸ ўн йиллардан бери давом этиб келаëтган можарога сиëсий ечим топиш масаласини муҳокама қилди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ва унинг арман ҳамкасби Зоҳраб Мнацаканян Помпео билан алоҳида учрашув ўтказди.

Давлат департаменти матбуот хизматининг билдиришича¸ Помпео томонларни ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида жиддий музокараларни бошлашга чақирган.

90-йиллар бошида Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш мақсадида тузилган Минск гуруҳига АҚШ¸ Франция ва Россия раисдошлик қилади.

Вашингтон учрашувида Арманистон Ташқи ишлар вазири Туркиянинг бу музокараларда бирор бир шаклда қатнашиш эҳтимолини мутлақ рад этди.

-Бу жараëнда Туркияга бирор роль йўқ¸ деган Ереван дипломатлари раҳбари Туркиянинг Озарбайжонни қўллаб келаëтгани муаммонинг жиддий қисми эканини таъкидлади.

Айни пайтда Зоҳраб Мнацаканян Арманистон минтақага халқаро тинчлик ўрнатиш кучлари жойлаштирилишини олқишлашини билдирди.

Помпео билан учрашувда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Тоғли Қорабоғдаги "арман оккупацияси" тугатилиши шарт"лигини таъкидлади.

- Биз можарога сиëсий ечим топиш ва зудлик билан музокара бошлашга тайëрмиз¸ деди жумладан Байрамов.

Расман Озарбайжон таркибига кирувчи, аммо этник арманлар бошқариб келаётган Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни бошланган янги уруш оқибати ўлганлар сони 900 нафарга яқинлашди.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг галдаги учрашуви 2021 йилга қолдирилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Марказий Осиё президентларининг аввал Қирғизистонда ўтказилиши режаланган учинчи маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга қолдирилган ва бу учрашув Туркманистонда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Дунё” ахборот агентлигига берган суҳбатида билдирган.

Афсуски, коронавирус билан боғлиқ вазият ва пандемияни бартараф этиш билан боғлиқ сананинг ноаниқлиги сабаб жорий йил охиригача учинчи Маслаҳат учрашувини ўтказиш учун имконият бўлмаслиги кўзга ташланиб қолди”, деган А. Комилов.

Ташқи ишлар вазири Туркманистон 2021 йилда ўтказилажак учинчи учрашувга мезбонлик қилиш истагини билдирганини қайд этган.

Биз, Маслаҳат кенгашининг ҳамраиси сифатида Туркманистоннинг ушбу таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва навбатдаги Марказий Осиё Маслаҳат учрашувини кенг ва сермазмун дастур асосида ўтказилишига умид қиламиз”, деган Абдулазиз Комилов.

Вазирга кўра, Туркманистондаги саммитдан сўнг қирғизистонлик дўстларнинг Маслаҳат учрашувини Бишкекда ташкил этиш бўйича таклифига яна қайтиш мумкин.

А. Комилов саммитнинг кейинги йилга қолдирилгани қўшни давлатлар режалаштирилган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида “секинлашди”, деганини англатмаслигини урғулаган.

Марказий Осиёнинг барча беш давлати учун кўп томонлама ҳамкорлик савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестиция оқимларини жалб қилиш, минтақа мамлакатларининг глобал таъминот занжирларига фаол қўшилиши учун янги имконият ва имтиёзларни шакллантириш омили сифатида устувор аҳамиятга эга”, деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевдан чиққани айтилади. Бу учрашувнинг биринчиси 2018 йил мартида Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда, иккинчиси эса 2019 йил ноябрида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтган.

Учинчи учрашув, режага кўра, 2020 йил августида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия важидан мазкур учрашув кузга қолдирилганди.

Бироқ Қирғизистонда октябрь ойи бошларида юз берган сиёсий воқеалар ҳамда минтақада коронавирус ёйилиш суръати яна авж ола бошлагани президентлар учрашувини кейинги йилга қолдирилишига сабаб бўлган кўринади.

Халқаро ташкилотлар Туркманистон ҳукуматини адвокат Аллабердиевни озод қилишга чақирди

Аллабердиев безориликда айбланиб олти йилга қамалган эди.

Хьюман Райтс Вотч (HRW) ва яна 10та халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Туркманиситон ҳукуматини “зудликда ва ҳеч қандай баҳоналарсиз” адвокат Пигамбергелди Аллабердиевни қамоқдан озод қилишга чақирди.


Халқаро ташкилотлар адвокатга нисбатан жиноят иши у хорижлик фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан алоқада бўлгани ортидан сохталаштирилган, деб ҳисоблайди.


HRW 22 октябрь кунги баёнотида Туркманистон ҳукуматини Пигамбергелди Аллабердиевга чиқарилган суд ҳукмини бекор қилишга чақирган.


Балканабатдаги нефть-газ қазиб олиш ширкати юристи бўлган Аллабердиев безориликда айбланиб олти йилга қамалган эди.


“Суд жараёни ва Аллабердиевга қўйилган айблов, шунингдек, бошқа омиллар мазкур иш яққол сиёсий мотивларга эга эканини кўрсатмоқда”, деб билдирди Хьюман Райтс Вотчнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рэйчел Денбер.

Германияда коронавирусга чалинганларнинг кўпайиши ортидан ҳожатхона қоғозига талаб кескин ошди

Сўнгги бир ҳафта ичида ҳожатхона қоғози аввалги кунларга қараганда 90 фоизга кўп сотилган.

Германия Статистика хизматининг билдиришича, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг кўпайиши ортидан ҳожатхона қоғози ва бошқа гигиена воситаларига бўлган талаб кескин кўпайди.


Расмий маълумотда билдирилишича, сўнгги бир ҳафта ичида ҳожатхона қоғози аввалги кунларга қараганда 90 фоизга кўп сотилган. Айни пайтда дезинфекция воситалари савдоси 72,5 фоизга, совун савдоси 62,3 фоизга ошган.


Германия Европанинг қолган давлатларига, жумладан, Британия ва Францияга нисбатан коронавирусни муваффақиятли жиловлашга эришди, аммо сўнгги ҳафталарда беморлар сони кескин ўсиб бормоқда.


22 октябрь куни Германияда 11 287 кишида коронавирус аниқланди. Бунга қадар коронавирусга чалинганлар бўйича антирекорд 16 октябрда 7830 кишида коронавирус аниқланганида қайд этилган эди.

Озарбайжон президенти Тоғли Қорабоғ арманлари учун “маданий автономия” ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини билдирди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда арманлар “маданий автономияси” ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини билдирди, деб хабар берди ТАСС Озарбайжон давлат телеканали- АзТВга таянган ҳолда.


АзТВга берган интервьюсида Алиев “Европанинг ривожланган давлатлари”ни мисол қилиб келтирган ҳолда, бу давлатларда “муниципалитетлар ва жамоалар ўз ҳудудлари доирасида муайян ҳуқуқларга эга экани”ни айтган.


Илҳом Алиев бу қайси давлатлар эканини очиқ айтмади, аммо “арманлар ҳам шунга ўхшаш имкониятларга эга бўлиши мумкинлиги”ни билдирди.


Айни пайтда Алиев Озарбайжон ҳудудида “ҳеч ким иккинчи арман давлати ташкил этилишига йўл қўймаслигини”, Озарбайжон армияси “босиб олинган ҳудудларни озод қилишда давом этаётгани”ни таъкидлади.


Аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 21 октябрь куни халққа қилган мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш имкониятини кўрмаётгани ҳақида гапирган эди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда. Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.

Чечен ММА жангчиларининг Франциядаги террорчиликни оқлагани кескин норозиликка сабаб бўлди

Ўқитувчи Самюэл Пати ўлдирилган жой.

Чеченистонлик аралаш жанглар устаси Зелим Имадаев Францияда 47 ёшли ўқитувчи Самюэль Патини сўйиб ташлаган 18 ёшли миллатдоши Абдуллоҳ Анзоровнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. У ўз инстаграмида Анзоровни “Ислом қаҳрамони”, деб атади.


ММАнинг яна бир жангчиси Альберт Дураев ҳам ижтимоий тармоқда “Францияда сўз эркинлиги ўзининг бошланиш нуқтасини йўқотиб қўйди”, деб ёзди ва пости охирига қувноқ смайликча қўйди.


Петербурглик фаол Россия тергов қўмитасига мазкур спортчиларга нисбатан “террорчиликни оқлаш” моддаси асосида текширув ўтказишни илтимос қилиб, ариза киритди.


Имадаев ва самбо бўйича Россия чемпиони Дураев ижтимоий тармоқлардаги ўз постлари резонансга сабаб бўлгани ортидан, уларни ўчириб юборди.


47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.


Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.


У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди.

Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

Коронавирус юқиши кучайгани ортидан Чехия ҳукумати карантин чоралари кучайтирди

Чехия пойтахти Прагадаги ўткинчилар.

Чехия ҳукумати коронавирусга чалиниш ҳолатлари рекорд даражага чиқиб кетгани ортидан қатор карантин чораларини маъқуллади. Мазкур чоралар 22 октябрдан кучга кирган.

Бош вазир Андрей Бабиш 21 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида иккинчи даражали савдо нуқталари фаолиятининг тўхтатилиши ва одамлар ҳаракатланишининг чекланиши бўйича чоралар (ишга бориш, оила ишлари ёки озиқ-овқат харид қилиш бўйича кўчага чиқиш бундан мустасно) камида 3 ноябргача ўз кучида қолишини билдирди.

“Энг аввало, биз фуқаролар ҳаётини ҳимоя қилишимиз зарур”, деди А. Бабиш.

Бу қарор 20 октябрь куни Чехияда коронавирусга чалиниш бўйича 11 984 та ҳолат қайд қилиниши ортидан қабул қилинган. 10,7 миллион аҳолиси бор мамлакат учун бу рекорд кўрсаткичдир.

Чехияда шу кунгача коронавирусга чалингани важидан 1739 киши вафот этган.

Касалхоналар COVID-19 га чалинганлар учун кўпроқ жой бўшатиш мақсадида режага мувофиқ бемор қабул қилишни қисқартирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула мамлакат хасталаниш чўққисига, тахминларга кўра, 11 ноябрдан кейин чиқишини билдирган.

Қирғизистонлик депутатлар парламент сайловини кўчириш ва референдум ўтказишга оид қонун лойиҳасини қабул қилишди

Қирғизистон парламенти депутатлари 22 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда муҳокама қилиб ўтирмай, бирваракайига уч ўқишда “Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартишларни қабул қилишди.

Қонун лойиҳаси билан конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлингунича қонуннинг 38- ва 63-моддалари амалиётини тўхтатиб туриш таклиф қилинмоқда. Яъни сайлов ўтказиш муддатларига оид меъёрлар ҳозирча ишламай туради. Лойиҳанинг бошқа бир моддаси конституциявий ислоҳот (2021 йилнинг 10 январидан кеч бўлмаган) муддатини белгилаб беради.

Яна бир моддада эса қайта ёки янги парламент сайлови конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлинганидан кейин Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ равишда, бироқ 2021 йилнинг 1 июнидан кеч бўлмаган муддатда ўтказилиши айтилган.

Қонун лойиҳасини депутатларга тақдим этган Ақилбек Жапаров “молиявий қийинчиликлар туфайли парламент, президент сайловлари ва референдумни 3 ой ичида ўтказишнинг имкони йўқ”лиги айтган.

Бу масалани ҳал қилиш учун депутатлар сайловларни тўхтатиб қўйиб, конституциявий ислоҳот ўтказишни таклиф қилишмоқда. Биз сайловларни конституциявий ислоҳотдан кейин ўтказишни сўраяпмиз. Амалдаги Жўғўрқу Кенеш ислоҳот ўтказиб бўлингунича фаолият юритади”, деган А. Жапаров.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини муҳокама ҳам қилиб ўтирмай, дарров овоз беришга ўтишган, пировардида мазкур ташаббусни улардан 83 нафари ёқлаган

Европарламент Сахаров номидаги мукофотни Беларусь мухолифатига беришга қарор қилди

Беларусь мухолифатининг норозилик намойиши.

Европарламент Сахаров номидаги мукофотни Беларусь мухолифатига беришга қарор қилди

Европарламент Андрей Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофотини бу йил Беларусь мухолифатига беришга қарор қилди. Уларни мамлакатдаги президент сайловидан кейин тузилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш тамсил этади.

Мукофот лауреатини таркибида спикер ва фракция лидерлари бўлган Европарламент раёсати белгилади. Мукофот эгасининг номини парламент спикери Давид Сассоли очиқлади. Мукофот Европарламентнинг Брюсселдаги қароргоҳида 16 декабрь куни топширилади.

Совет академиги, диссидент Андрей Сахаров номидаги мукофот 1988 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолият учун топшириб келинади.

Мухолифатдаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш Беларусда оммавий намойишлар бошланганидан кейин тузилган. Мазкур намойишлар бошланишига президент сайловининг расмий натижалари ва полиция зўравонлигидан норозилик сабаб бўлган. Кенгашнинг қатор вакиллари ҳибсга олинган, бошқалари эса Беларусни тарк этишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, ташкилот ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Қирғизистонда “Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев қўлга олинди

“Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев.

Қирғизистонда “Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев (Қамчибек Асанбек) уюшган жиноий гуруҳларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам бериш амалиёти доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда 22 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.


Расмий билдирувда таъкидланишича, Жиноят кодексининг 249-моддаси - “Жиноий гуруҳ тузиш ва унда иштирок этиш” бўйича 22 октябрда қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик қўмитаси Бош тергов бошқармасига олиб келинди.


16 октябрда Миллий хавфсизлик қўмитаси лавозимига тайинланган сиёсатчи Қамчибек Ташиев Қамчибек Кўлбаев тадбиркорларга босим ўтказгани аниқланса, албатта қамоққа олинишини эълон қилган эди.


“Қамчи Кўлбаев босим ўтказса ёки қонунни бузса жазога тортилади. Жазоланибгина қолмай, қамоққа олинади. Бандитлар, сизларга озгина муҳлат берилади. Сизлар ё қонунга бўйсуниб яшайсизлар, ёки қонунга асосан қамаласизлар, ёки мамлакатимизни тарк этасизлар”,-деб билдирган эди Қамчибек Ташиев.


Ички ишлар вазирлиги Қирғизистонда Қамчибек Кўлбаев, Азиз Батукаев, Алмаз Бўкушев асос солган уч жиноий гуруҳ ва 1076та субъектдан иборат турли гуруҳлар мавжудлигини билдирган.


46 ёшли Қамчибек Кўлбаев 2012 йилнинг декабрида “жиоий гуруҳ тузганликда, қурол ва наркотик савдосида, ҳокимият вакилига куч қўллаганликда, одам ўғирлашда” айбланиб уч йилга қамалган ва 2014 йилнинг 8 июнида озодликка чиқарилган эди.


2012 йилда АҚШ Қамчибек Кўлбаевни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритган эди.

Пашинян: Тоғли Қорабоғ масаласини дипломатия билан ҳал қилиб бўлмайди

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 21 октябрь куни халққа қилган мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш имкониятини кўрмаётгани ҳақида гапирди.


Пашинянга кўра, халқаро ҳамжамиятнинг конфликтни дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишлари муфаввақиятсизликка учрамоқда.


“Биз тушунишимиз лозимки, Қорабоғ масаласи айни босқичда ва яна узоқ вақт давомида ўзининг дипломатик ечимини топиши мумкин эмас”,-деди Пашинян.


Унинг айтишича: “Айни пайтда Арманистон учун мақбул бўлган дипломатик ечим бундан буён Озарбайжон учун мақбул эмас”.


Пашинян арманларни қўлига қурол олиб “ватанни ҳимоя қилиш”га чақирди.


Пашиняннинг халққа мурожаати Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг баёноти ортидан янгради.

Илҳом Алиев ўз чиқишида Озарбайжон армияси арман кучлари устидан мутлоқ устунликка эришаётганини таъкидлаб, ҳарбий юриш ғалаба билан якунланиши аниқ бўлиб қолганини айтди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда. Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.

"Грузия банки"га бостириб кирган ҳужумчи 19 кишини гаровга олди

Ҳужумчи 500 минг доллар талаб қилган.

Грузиянинг Зугдиди шаҳрида 21 октябрь куни ҳарбий кийимдаги қуролланган шахс “Грузия банки”га бостириб кириб, 19 кишини гаровга олди.


Озод Европа-Озодлик радиоси мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, ҳужумчи банк биносига кириб тўппончадан бир неча маротаба ўқ узган. Шундан сўнг у банкда бўлган бир неча қарияни озод қилган.


Полиция билан кечга қадар давом этган музокаралар ортидан ҳужумчи ўзи билан уч кишини гаровга олиб, банк биносини тарк этган. Хабарларда айтилишича, ҳужумчи 500 минг доллар ва шаҳардан чиқиб кетиш учун хавфсизлик кафолати берилишини талаб қилган.


Телеканалларнинг хабар беришича, гаровга олинганлардан бири полиция музокарачиси бўлган. Телеканаллар бир қўлида граната ушлаб олган ҳужумчи банк биносини гаровга олинганлар билан биргаликда тарк этаётганини намойиш қилди. Айни пайтда ҳужумчининг қаерда экани номаълум.

Рим папаси гейлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди

Рим папаси авваллари никоҳ фақат эркак ва аёл ўртасида тузилиши шартлигини айтиб келган.

Рим папаси Франциск Римда 21 октябрь куни премьераси бўлиб ўтган "Франциск" ҳужжатли фильмида гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.


Catholic News Agency хабарида айтилишича, Рим папаси: “Гомосексуаллар оила қуриш ҳуқуқига эга. Улар ҳам Худонинг болаларидир ва оила ҳуқуқи уларда мавжуд”,-деб айтган.


Франциск католик черкови доктринасига зид равишда гейлар ҳуқуқи ҳақида гапирган биринчи папа бўлди.


"Франциск" ҳужжатли фильми келиб чиқиши россиялик бўлган америкалик режиссёр Евгений Афинеев томонидан суратга олинган. Унда ўз партнёри билан биргаликда уч нафар болани боқиб олган Андреа Рубера деган шахс ҳақида ҳикоя қилинади. Мазкур фильмда Рим папаси ҳам суратга тушган.


Франциск 2013 йилда Рим папаси лавозимини эгаллаган эди. У авваллари никоҳ фақат эркак ва аёл ўртасида тузилиши шартлигини айтиб келган.


2003 йилда Рим католик черкови “гомосексуалларга ҳурмат гомосексуализмни рағбатлантириш ёки гомосексуал никоҳларни юридик жиҳатдан тан олинишига сабаб бўлмаслиги лозим”, деган доктринани қабул қилган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG