Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:22

АҚШ конгрессменлари Душанбени Озодлик радиоси тожик хизматига тазйиқларни тўхтатишга чақирди


АҚШ Намояндалар палатаси аъзолари Адам Шифф (демократ) ҳамда Стив Шабот (республикачи) Тожикистон расмийларини Озодлик радиоси тожик хизмати – Радио Озоди фаолияти аввалгидек давом этишига йўл очиб беришга чақирди.

Ўтган йилнинг октябрида ҳам АҚШ сенаторлари гуруҳи Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мурожаат йўллаб, ваколатли органлар Радио Озоди ходимларига аккредитация бермаётганидан ташвиш билдирган эди.

Шифф ва Шабот ўз мактубларида Радио Озоди ходимларига сабабсиз ўта қисқа муддатли рухсатнома берилаётгани ёки уларга умуман аккредитация берилмаётгани юзасидан хавотир изҳор қилишди.

Конгрессменлар сўзларига кўра, февраль ойида аккредитацияга ҳужжат топширган 18 ходимнинг фақат 10 нафари аризаси қондирилган.

Шунингдек, Шифф ва Шабот Тожикистон расмийлари Радио Озоди ходимлари, жумладан, амалдаги директор статусини «кўриб чиқаётгани» юзасидан ташвиш изҳор қилди.

«Умид қиламизки, ҳукуматингиз тезкорлик билан ушбу қарорларни қайта кўриб чиқади ва Радио Озодига ўзининг муҳим фаолиятини давом эттириш имконини беради», дейилади конгрессменлар мактубида.

Мактуб билан президент Раҳмон танишиб чиққани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Озод Европа/Озодлик радиоси фаолиятини АҚШ Конгресси молиялаштиради.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG