Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:43

“Касалхоналар тўлиб кетди”: COVID-19 Россия тиббиёт тизимини оғир аҳволга солиб қўйди


Москвада коронавирус аломатлари билан Тез ëрдамга мурожаат қилганлар касалхонага кириш учун соатлаб навбат кутмоқда.
Москвада коронавирус аломатлари билан Тез ëрдамга мурожаат қилганлар касалхонага кириш учун соатлаб навбат кутмоқда.

13 апрелда тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси Дмитрий Беляков 40 ёшлар атрофидаги аëлни коронавирус аломатлари билан шифохонага олиб кетиш учун Москва яқинидаги Железнодорожний шаҳрига борди.

Марказий навбатчилик хизмати уни шаҳардан 90 километр узоқ Воскресенскдаги COVID-19 вирусига чалинганларни даволовчи шифохонага йўналтирди. Дмитрий айтилган касалхонага боришига¸ бирваракайига 6 та тез ёрдам машинаси бемор олиб келиб қолди. Бу ерда ҳам бўш жой йўқ экан.

− Ўша ерда қайси шифохона беморимизни қабул қилишини телефон орқали суриштириб, бир соатдан ортиқ кутиб қолдик, − деди Беляков телефон орқали берган интервьюсида. – Охирида улар менга, ўзинг топ, деб айтди.

Ниҳоят, унинг бевосита бошлиғи қўнғироқ қилиб, Железнодорожнийдаги шифохонада жой бўшашини айтди. Беляков яна шаҳарга қайтди ва ярим тунда уйига етиб борди.

18 йилдан тез ёрдам хизматида ишлайдиган Беляковнинг омади бор экан. Унинг ҳамкасблари орасида учта шаҳарга бориб ёки 190 км йўл босиб, бемор учун зўрға бўш жой топганлари ҳам бор.

Дастлаб Россияда бир неча ҳафта коронавирус юқтирганлар сони Европа ёки АҚШ билан солиштирганда жуда кам бўлди. Бироқ апрель бошидан бошлаб, ҳар куни расман тасдиқланаётган кўрсаткичлар ошиб бормоқда. Оқибатда дастлабки кўрсаткичлар реал вазиятни акс эттирганига шубҳа пайдо бўлди.

Коронавирус юқтирганлар сони 42 мингдан ошган, ўлим ҳолатлари эса 361 тага етган ҳозирга келиб¸ бутун мамлакатдаги тиббиёт ходимлари вазиятни қўлга олишга интилмоқда. Касаллик юқтирганларнинг ярмидан кўпи Москва шаҳрида экани пойтахт тиббиёт тизимини максимум имконият даражасида ишлашга мажбур қилмоқда.

Бир ой олдин Путин ўз ҳукумати касалликнинг Россияга кириб келиши олдини ола билганини айтган эди. Бироқ орадан бир куни ўтиб, у гап оҳангини ўзгартириб¸ (Беляков беморни жойлаштириш учун шифохона қидириб юрган кунда) Россиянинг вирусга қарши кураши оғир бўлишини тан олган эди.

Путиннинг айтишича, ўша куни Россияда 2558 нафар янги бемор қайд этилган. 17 апрелга келиб, бир кунлик рўйхатга олинганлар сони 4000 кишидан ошиб кетди.

Москва шаҳар тиббиёт бошқармаси 14 апрелда камида 20 дан ортиқ шифохона коронавирусни даволаш марказига айлантирилганини айтиб¸ икки ёки уч ҳафтада бу макрказларда ҳам бўш жой қолмаслигидан огоҳлантирди.

14 апрелда Москва шаҳри мэри Сергей Собянин оғир кунлар ҳали олдинда экани, Россия пойтахти эпидемия авж олиши арафасида турганини билдирган эди.

Москва – Россиянинг энг бой шаҳри. Мамлакатнинг бошқа минтақалари тиббиёт муассасаларидаги вазият ниҳоятда оғир, улар кўп беморни қабул қила олмайди. Негаки, тиббиёт тизимидаги зиддиятли ислоҳотлар оқибатида сўнгги йилларда Россиядаги касалхоналар сони камайиб кетган.

2017 йилда Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Путин президентликка киришган 2000 йилдан 2015 йилга қадар мамлакатдаги касалхоналар сони икки бараварга қисқарган. Оқибатда Россиянинг аҳоли қашшоқ яшайдиган вилоятларида шифохоналарнинг “мақбуллаштириш” баҳонасида ёпиб юборилгани ҳозиргига ўхшаш эпидемиялар вақтида жуда қимматга тушиши мумкин.

Масалан, Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳридаги бир касалхонага беморлар келиши кўпайиб кетгач, шифокорларга шахсий ҳимоя воситалари етишмай қолган, шифохона раҳбарияти эса ушбу муаммога бефарқ қараган.

Шу пайтгача коронавирусга чалинганлар сони айнан Москвада кўп бўлгани учун бутун тиббиёт ходимларининг эътибори ўша ерга қаратилган.

Ижтимоий тармоқларда беморларни ортган тез ёрдам машиналари шифохоналар ҳудудидан ташқарида узундан-узоқ навбат кутиб қолаётгани суратлари тарқалиб кетди.

XS
SM
MD
LG