Тошкент шаҳар турполицияси ходимлари Юнусобод туманида яшовчи уч ёшли болани туғилган куни билан табриклаш учун унинг уйи олдидан машина сиреналарини ёқиб карвон бўлиб ўтишди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, боланинг қариндошлари "иссиқ тармоқ" телефон рақамлари орқали мурожаат қилиб, уни туғилган куни билан табриклашни илтимос қилганлар.
"Полиция машиналарини жудаям яхши кўради, агар унинг уч ёшга тўлгани билан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари табрикласа, жудаям хурсанд бўларди" — дея мурожаат қилган боланинг онаси.
"Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ушбу илтимосни рад эта олмади. Юнусобод туманининг айнан ўша мавзесида ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳам турполиция ходимларини кутаётганди", - деб билдирди Тошкент Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот хизмати.
Бундан аввал Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларда карантин шароитида туғилган кунларини нишонлаётган ёш болалар ва уруш фаҳрийларини табриклаш учун уларнинг уйлари олдидан полиция ва ўт ўчирувчилар хизмат машиналарида карвон бўлиб ўтиши акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганди.