Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 01:42

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 ни тўхтатадиган идорами?


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус пандемиясига жавоб чораларини вақтида кўра олмагани учун кескин танқидга учради. Бугунги кунгача ушбу вирусдан жаҳон бўйича 200 мингдан ошиқ одам ўлди.

ЖССТ ҳимоячилари унинг зиммасига ҳеч қачон бу соҳадаги шаффофликни ёки талаблар бажарилишини назорат қилиш юклатилмаганини айтмоқда.

Танқид қилувчилар бошида Қўшма Штатлар турибди. Жонс Ҳопкинс университети берган маълумотга кўра, АҚШдаги 26 апрелгача коронавирус юқтирганлар сони иккинчи ўриндаги Испанияникидан 4 марта (940 мингга яқин)¸ ўлганлар сони эса¸ 2 марта (54 мингга яқин) кўпдир.

Вашингтон ЖССТни соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятга жавоб чоралари кўришда кечикканлик, Хитойнинг вирус тарқалиши миқёсини камайтириш уринишига шерик бўлганликда айбламоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп ЖССТни коронавирус тарқаб кетиши учун масъул кўрилаëтган Хитой ёнини олганликда айблаб, ташкилотга Америка берадиган 500 миллион долларни тўхтатиб қўйди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео ЖССТ муфовиқлаштирувчи халқаро ташкилот сифатида аъзо мамлакатларнинг ижтимоий саломатликка дахл қилиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларда шаффофлик ва жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиш бўйича мажбуриятини бажаришини таъминлай олмаганини айтди.

Помпео таъкидича, ЖССТ “иккита асосий вазифа” – тартибга солувчилик ва маслаҳатчиликни, қўшимча равишда эса “соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича амалиётларни адо этиши” керак.

ЖССТни ҳимоя қилувчилар бунақа айбловлар адолатсиз ва асоссиз эканини айтмоқда.

АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Саманта Пауэр Озодлик билан суҳбатда ЖССТга “ тез жавоб қайтариш қўли” деб қараш нотўғри экани, унинг вазифаси бутун дунёдан маълумот йиғиб, эпидемия ёки пандемия эълон қилиш каби техник экспертизадан иборатлигини таъкидлади.

ЖССТнинг Глобал саломатлик тўғрисидаги қонунчилик бўйича маркази директори, Жоржтаун университети профессори Лоренс Гостин ташкилотни Трамп ҳужумларидан ҳимоя қилиш ва унинг вазифаси нима эканига аниқлик киритиш учун интернетда чиқиш қилди.

Гостин Хитой ҳукумати коронавирус тарқалиши ҳақида маълумотни бир неча ҳафта ёки бир ойдан кўпроқ ошкор қиламй ушлаб тургани учун танқид қиланганини тўғри деб баҳолади.

Айни пайтда¸ бунинг учун ЖССТ айбдор эмаслигини, аксинча, ушбу ташкилот қўлига тегиши билан бор маълумотни ошкор қилганини айтди.

Унинг фикрича¸ пандемия эълон қилишга ваколати йўқлигидан ЖССТ бу маълумотга ўз позициясини билдириш билан чекланган.

‒ ЖССТ Хитой ҳукумати билдирган маълумотларга шубҳа билан қараши мумкин эди, аммо у ҳукуматлар берган маълумотлардан четга чиқа олмайди, ‒ деди АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Даниэл Спейгел.

ЖССТ 1948 йили жаҳон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни вабо ва полиомиелит сингари касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Экспертлар фикрича, 194 та аъзо давлат бадаллари, шунингдек хусусий ташкилотлар ажратаётган маблағларга ҳисобига фаолият кўрсатадиган ЖССТ мустақил ваколатга эга эмас.

Гостин йиллик бюджети АҚШдаги йирик шифохонаникига тенг - 4,4 миллиард доллар бўлган ЖССТ молиявий имкони “ўз глобал масъулиятига умуман мос келмаслиги”ни таъкидлади.

Унга кўра, ЖССТга аъзо мамлакатлар маблағ ажратишини халқаро ҳуқуқ асосида мажбурий қилиб қўйиш керак.

XS
SM
MD
LG